Кимётерапиядан сўнг қон камайса…

Турли аъзолардаги саратон хасталикларида жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, одатда беморларга нур ва кимётерапия усули буюрилади. Бу муолажадан сўнг аксарият ҳолларда қон камайиши кузатилиб, зарурий чора-тадбирлар кўрилиши лозим бўлади. Республика Онкология илмий марказининг “Экстракорпорал гемоиммунокоррекция” бўлими иши худди шу муаммони ҳал этишга қаратилган. Бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Юсуповага бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

Бўлим 2012 йилдан буён фаолият юритаётган экан. Асосий вазифалар нимадан иборат?

– Қоннинг реологик ҳусусиятлари, яъни иммунокоррекция, детоксикация, гемокоррекция ва микроциркуляция ҳолатларини мувофиқлаштириш орқали беморларга амбулатор ва стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, жарроҳлик амалиёти, нур ва кимётерапиядан олдин ва кейинги даврда қон таркибида салбий ўзгаришлар кузатилганда беморга консультатив ва амалий ёрдам кўрсатилиб, динамик кузатувлар олиб борилади.

Сифатли қон компонентларини сақлаш ва ўз вақтида етказиб бериш ҳам бўлимимизда амалга оширилади.

Онкологик касалликларда қўлланиладиган кимётерапиядан сўнг қандай асоратлар кузатилади?

– Асоратлар кимёвий муолажада ишлатиладиган дори воситаларининг тури, дозаси (миқдори), беморнинг умумий ҳолати ва кўмаклашувчи даво кўламига боғлиқ ҳолда кечади.

Тўлақонли қўшимча даво жараёнида кимётерапия ўтказилса, беморларда фақат ҳолсизлик, иштаҳа пасайиши, бироз кўнгил айниш, соч тўкилиши кузатилади. Юқори миқдорли кимётерапия қўлланилганда эса кучли кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, танада оғриқлар бўлиши, қувватсизлик рўй бериши мумкин.

Тери ва шиллиқ қаватлар куйиши, аллергик реакциялар сингари маҳаллий асоратлар ҳам юзага келади. Агар кимёмуолажалар ихтисослашган онкологик муассасада, малакали мутахассис томонидан, меъёрий миқдорда ва тўлақонли ўтказилса, ножўя таъсирларнинг олди олинади.

Қон таркибидаги ўзгаришлар сабаблари нимада?

– Қон томир тизимида кузатиладиган гематологик асоратлар қон таркибий қисмлари ва шаклли элементларининг парчаланиши туфайли келиб чиқади. Анемия (камқонлик), лейкопения (иммунитетнинг сусайиши), тромбоцитопения (қон ивиш хусусиятининг сустлашиши), гипопротеинемия (қонда оқсилнинг камайиб кетиши) ёки панцитопения (барча қон элементлари сонининг камайиб кетиши) шундай асоратлардир.

Аслида кимётерапия бемор танасидаги ўсма ҳужайраларини ўсишдан тўхтатиш (цитостатик) ва уларни ҳалок этиш ҳусусиятига эга. Аммо, улар даво жараёнида соғлом ҳужайралар ва тўқималарга ҳам маълум миқдорда таъсир қилади. Шу сабабли кимётерапиядан сўнг ножўя ҳолатлар келиб чиқади.

– Беморларда қон камайиб кетишининг олдини олиш мумкинми?

– Айнан гематологик ножўя таъсирлар келиб чиқишининг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш учун бемор албатта малакали онколог – терапевт кўрсатмалари асосида даволаниши керак. Камқонликка қарши, иммунитетни стимулловчи, гепатотроп, интоксикацияга қарши, қон ўрнини босувчи воситалар ёрдамида даво ўтказиш тавсия қилинади.

Энг самарали даво усулларидан бири ультратовуш стимулятор ёрдамида талоқ фаолиятини оширишдир. Талоқ организмда барча қон элементлари тўпланадиган депо ҳисобланади ва шунинг учун, унинг стимуляция қилиниши натижасида қонда гемоглобин, лейкоцит, лимфоцит, тромбоцитлар миқдорининг ошиши кузатилади.

Мураккаб саналган ушбу вазифаларни бажаришда барча имкониятлар етарлими?

– Кимёмуолажалардан сўнг қон камайиб кетган ҳолларда зарурий чора-тадбирлар кўрилиши учун бўлимимизда барча имкониятлар яратилган. Ишимизни енгиллаштирувчи замонавий тиббий асбоблар етарли. Ультратовуш стимулятори УЗТ – 1.01Ф, қон компонентлари банки, беморларнинг электрон базаси, центрифуга, термостатлар мавжуд.

Асосий мақсад ишимизда сифат ва самарадорликни таъминлаб, беморларга соғайишларига умид бағишлаб, уларни соғлом ҳаётга қайтаришдан иборат.

Мавлуда МУҲАММАДИЕВА суҳбатлашди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x