Йўл бошида турганлар

Баъзида ўйлаб қоламан: бошқа касб эгалари ҳам ўз соҳаларининг эртаси учун худди қаламкашлар адабиётнинг келажагини деб қайғурганларидай жон чекишармикан? Ҳарқалай, ўйлашса керак, чунки, ўзи умрини бағишлаган соҳанинг кейинги тақдирига лоқайд кимсалар бу касбга муносиб эмас деса ҳам бўлади.

Мен бир ўқувчи ва қаламкаш сифатида бугун кўплаб таҳририятлар, обрўли нашрларнинг адабиёт тақдири учун куюниб, қатор мақолалар, баҳс-мунозаралар ташкил этаётганидан хурсандман. Таниқли олимлар, адабиётшунослар ва адиблар ўз фикрларини ошкора, дадил баён қилишлари ҳар жиҳатдан фойдали. Чиқишларда ўртага ташланган фикрлар, мулоҳазалар бугунги адабий жараённи бир қадар таҳлил қилиб бераётгани ҳам қувонарли, албатта. Аммо, “Нима қилмоқ керак?” деган савол ҳамон очиқ қолаётгандек, назаримда.

“Ўтиш даври” деган ибора қанча вақтни ўз ичига олади? Менимча, ҳар жойда, ҳар соҳада ҳар хил. Адабиётда бу муддат анчайин чўзилди. Нега? Чунки, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар бир-икки йилда ўз самарасини бериши мумкин, лекин, кўникилган тасаввурлар, ақидаларни синдириш, янгича фикрлаш ва шу орқали бирон нарса, Гўзал Намуна яратиш анча мушкул. Шу боис адабиётдаги ўтиш даври, қарийб чорак асрки, давом этаётгандек. Ўз даврида дастлаб жадид боболаримиз, кейинроқ эса Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев каби устозлар ҳам ўзбек адабиётининг эртанги кунидан ташвишланиб, бонг урганларини тарих ҳали унутгани йўқ. Менимча, бу огоҳлик, ҳушёрлик ҳамма замонларда керак, у ўзини СЎЗ тақдирига масъул деб билган инсонлар учун ҳамиша кун тартибида туриши лозим. Чунки, бугун давр ўрта асрлардаги каби ҳар эллик ёки юз йилда бир эврилиб тургани йўқ, энди замонанинг равиши кунда бир турланиб, тусланиб турибди, демакким, қарашлар ва мезонлар ҳам ўзгармоқда.

Бозор иқтисодида талаб кучайган сари маҳсулотнинг миқдори ва сифати ортиб боради, харидорнинг диди эса фақат ўзига маълум. Хўш, бугун адабий асарлар сони ва сифати ҳақида гапириш ўринлими? Ҳарқалай, айрим мулоҳазаларни айтса бўлади. Масалан, бугун сон ортиб, сифат камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилолмайди.

Биз ҳамиша бошимизга тушган барча шўришу ғавғоларда ёшларни айблашга ўрганиб қолганмиз: ёшлар китобдан узоқлашди, улар мумтоз мусиқани писанд қилишмайди, интернетга муккадан кетишган ва ҳоказо. “Ёшларни бағрингда сақлаш учун уларга нима бердинг, қандай чоралар кўрдинг?” дейдиган валломат қани? Тўғри, давлат даражасидаги дастурлар, қарор ва фармойишлар қабул қилиняпти, мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз ёшларнинг эртасини гўзал кўришни ўйлаб жон куйдиришяпти, буни инкор этишнинг асло иложи йўқ. Гап аслида бизда, қуйида ўтирганларда. Мактаб ўқувчиси йилига уч-тўртта “китоб” чоп эттириб турса, куни ўтмаган йигит-қиз ўзини кинога ёхуд хонандаликка урса… “Ҳой, сен кимсан ўзи, нималар қилиб юрибсан, адабиётни (кинони, қўшиқчиликни) булғашга нима ҳаққинг бор?!” деб биров ёзғирмаса… Адабиётнинг МУҲОФИЗИ ЙЎҚМИ?

Янглишмасам, 1987 йил, сентябрь ойлари эди, Дўрмонда ўтаётган ёш ижодкорларнинг тўртинчи семинар-кенгашида устоз шоирлардан бири “Уюшма абгор ҳолга келди, пахта режасини бажаргани тўғрисида туман газетасида мақола чоп эттирган бригадирни ҳам “Келинг, ака, уюшмамизга аъзо бўлиб кетинг!” деб чақириб оладиган даражага етдик” деганди. Мактаб ёшидаёқ тўрт-бешта шапалоқдай китобчаларини чоп эттирган ўша болалар эртага уюшма аъзолигини даъво қилмайди деб ким кафолат беради?

Модомики адабиётнинг эртанги куни барчамизни ташвишлантирар экан, яхши ижодкор ва дидли китобхонни тарбиялаш учун эътиборни энг аввало болалар ва ёшлар адабиётига қаратишимиз лозим кўринади. Хўш, ёшларга умид кўзини тикса бўладими? Уларнинг китобга, бадиий асарларга қизиқишлари ҳозирги даражада бўлса, келажакда яхши ёзувчи ва шоирлар сони қўлдаги бармоқлар сонига тенглашиб қолмайдими? Мана шу саволлар бугунги маънавиятга масъул барча инсонларни ташвишга солиши аниқ.

Ишни нимадан бошлаш керак? “Ёшлар китоб ўқимай қўйишди!” деб айюҳаннос солиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Уларни қизиқтириш, уларда китобга рағбат уйғотиш керак. Қандай қилиб? Бу учун, даставвал, яхши китоб, ёшлар кўнглига йўл топа оладиган асарлар яратилиши керак. Эътироф этиш лозим: Президентимиз 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишни имзолади. Жойларда китоб байрамлари бўлиб турибди, лекин… Назаримда, биз бирозгина кечиккандаймиз, интернет ва бошқа электрон воситалар уларнинг қалбларини забт этиб улгургандай. Энди айнан ана шу воситалар орқалигина курашиш, адабиёт, болалар ва ёшлар адабиётини шу воситалар орқали тарғиб этиш лозим. Хўш, болалар ва ёшлар учун қандай асарлар қизиқарли?

Одатда, аксарият кишиларнинг (барчанинг эмас), айниқса, ёш авлоднинг руҳияти замонга ҳамоҳанг бўлади. Агар замон шиддатли ва тезкор бўлса, бу ҳол уларнинг ўй-фикрлари ва турмуш тарзига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Демак, уларни саргузаштлар, бош айлантирувчи сюжетлар билан қизиқтириш мумкин. Ушбу сатрларни ўқиётганлар дилида “Муаллиф гапни арзон баҳо детективлар сари буряпти” деган фикр уйғониши мумкин. Асло! Бугун китоб бозорлари расталарини тўлдириб турган, номи ҳам, сюжети ҳам кишини сескантирувчи, “муқовасидан қон томчилаб турган” китобларнинг мен айтмоқчи бўлаётган фикрга умуман алоқаси йўқ. Камина уларни детектив деб ҳисобламайман ҳам. Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон асарларига ўхшаган, фақат замонавийроқ мавзуларда, енгилроқ, болалар қийналмай тушунадиган тилда битилган асарларга эҳтиёж туғиляпти. Энди болалар ва ёшларни “Уч оғайни ботирлар” қабилидаги китоблар билан алдаб бўлмайди. Улар интернет орқали дунё билан боғланишяпти, унча-мунча ота-онани мот қилиб қўйишлари мумкин. Ўз даврида “америкача орзу”ни амалга ошириш, болалар қалби ва руҳини забт этишни кўзлаган мафкурачиларнинг жон чекишлари орқали Супермен, Бэтмен, Ўргимчак одам ва ҳоказо персонажлар пайдо бўлди ва улар америкалик болакайлар кўнглини ром этди. Тўғри, биз – шарқликлармиз, уруш-жанжалга, ғавғою тўполонга тобимиз йўқ, жанговар шиддатдан кўра вазминлик, босиқлик халқимиз менталитетига яқинроқ. Демак, биз яратадиган қаҳрамонлар Хўжа Насриддин каби қувноқ ва ишбилармон, Алпомишдай салобатли ва жасур, Широқ сингари узоқни кўзловчи бўлиши мақсадга мувофиқдир. Болаларимиз жон-дилдан севадиган, тақлид қиладиган, тушида кўрадиган, ундан ибрат олиб, у каби бўлишни орзулайдиган адабий персонажларимиз борми? Рости, нима деб жавоб беришниям билмайман.

Бу – масаланинг биринчи босқичи. Иккинчи босқич андак мураккаброқ. Юқорида таъкидлаганимиздек, детектив ва фантастиканинг кўчасини етти маҳалла наридан айланиб ўтган, аммо ўзларини салкам Эдгар По ёхуд Конан Дойл санайдиган, кўчаки қиссахонлик (бульварная чтиво) орқали оммавий маданият тегирмонига сув қуяётган айрим муаллифларнинг фаҳш, зино, зўравонлик, ёвузликни гоҳ ошкора, гоҳ яширин тарғиб қилаётган “шедеврлари”дан ёш авлодни ҳимоя қилиш пайти келди. Ана шу каби “буюк”ларни тийиб қўядиган тизим зарур жамиятга. Худди “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси” сингари “Болалар адабиётини ривожлантириш ва уни муҳофаза қилиш” жамияти керак бугун. Унинг ўз Низоми, тартиб-қоидалари, керак бўлса, чеклов ва таъқиқлари бўлиши лозим. Агар болалар онги, руҳиятини бугун бой берсак, эртага кеч бўлади, “оломончилар” уларни ўз томонларига оғдириб олишади.

Китоблар нашри ва савдосини ҳам маълум тизимга солиш, хизматлар нархи ва китоблар баҳосини кескин камайтириш, шу орқали яхши китоблар ададини кўпайтиришни даврнинг ўзи талаб қиляпти. Тўғри, нашриёт ва босмахоналарнинг кўпчилиги хусусий, бу ёғи – бозор иқтисодиёти, аммо, уларга қандайдир имтиёзлар, енгилликлар бериш (масалан, айрим солиқлардан озод қилиш) орқали масалани ижобий ҳал этса бўлар, балки? Бу ишлар энди ўша боя таклиф этганимиз – келгусида, эҳтимол, ташкил топадиган Болалар адабиёти жамғармаси ваколатига кирса керак.

Ўн саккизинчи асрдан бу ёғига дунё тараққиёти ғоят тезлашди, тирикчилик ғамидан ортмаган ота-оналардан кўра яхши бадиий асарлар фарзандлар тарбиясига кўпроқ улуш қўшди, деб ўйлайман. Яхши китоб эзгуликка, ёмони эса ёвузликка етаклайди. “Ҳазрати инсон”ни ўқиган минглаб китобхонлар эзгулик, савоб, меҳр борасидаги ўз тушунчаларини қайта кўриб чиққанлигига ишонаман. Ёмон китобдаги ёмон фикрлар эса юқумли касаллик спорасидай киши онги ва кўнглида узоқ йиллар яшаб, пайти келганда, шунга яраша муҳит пайдо бўлганда бош кўтариши ва одам боласини жар ёқасига судраши аниқ. Бугунги оломон маданияти арбоблари айнан шунақа китоблардан озиқ олганлар, улардан бирламчи манба сифатида фойдаланган.

Оломончилар тазйиқи кучайиб бораётир. Модомики, интернет ва бошқа ахборот воситалар боис мамлакат ёшларини ёт ғоялардан асраш қийинлашаётган экан, демак, болалар адабиёти ҳақида давлат миқёсида фикр юритиш пайти етиб келибди. Бу ишни қатъий тартибга солиб, давлат сиёсати даражасига кўтармас эканмиз, болалар ва ўсмирлар тафаккурини турли мафкуравий ва бадиий(!) хуружлардан муҳофазалаш қийинлашиб бораверади. Чунки, эртага ахборот етказиб беришнинг яна қандай янги, самарали усуллари пайдо бўлишини ҳеч ким билмайди.

Маънавий иммунитети етарлича шаклланмаган ёшларга қандай асарлар тавсия этилади? Эртаклардан бошлаш керак ишни. Яхшиликнинг ёмонлик устидан муқаррар ғалабасини кўрсатиб берувчи, дилларда умид уйғотувчи эртаклар керак. Майли, бир пайтлардаги каби баҳодирлар, маликалар, девлар ва алвастилар ҳақида бўлмасин, замонавий мавзуларда, ўсмирлар кўриб-билиб юрган дунёга яқинроқ бўлсин. Содда, шарқона тил ва услуб, қизиқарли сюжет ва умидбахш хотима. Катта ёшдаги йигит-қизларга эса “Бобурнома”дан бошлаб, Қодирий ва Чўлпон, Ойбек ва Ғафур Ғулом асарларини, улар орасидан айнан миллийларини, “Шўро мафкураси анқиб турмаган” китобларни танлаб тавсия этиш, кейинги барча авлод ёзувчилари яратган сара асарларни ўқишни маслаҳат бериш лозим. Бугун яратилаётган ва эртага яратиладиган бадиий асарлар орасидан ҳам миллий қадриятларимиз талабларига жавоб берадиганларини ажратиб олиш керак. “Кўчаки қиссахонлик” авж олган даврда бу иш осон кечмаслиги аниқ, шу боис ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, болалар ва ўсмирлар адабиётини бир тизимга соладиган, ундан ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб турадиган давлат ёки нодавлат ташкилоти зарур деб ўйлайман.

Ҳар қандай инсоннинг феъл-атворида болаларча соддалик, ишонувчанлик унсурлари, оздир-кўпдир, умр бўйи муқим қолади. Айнан шу сабабли ҳам одамзот тақлидга мойилроқ бўлади. Турли фильмларнинг ёшлар дунёқарашига таъсири борасида кўп маротаба бонг урилди, аммо, таассуфки, ёмон китобларнинг вайронкор ёхуд бадбинликка чорловчи таъсири борасида ҳеч ким лол-мим демайди. Тўғри, бир неча ой олдин бир телекўрсатувда бугун китоб бозорини тўлдириб турган харидоргир асарлар ҳақида ташвишли фикрлар билдирилди. Лекин, қани самара? Турли қўрқинчли номдаги, тўрт варақ ўқисангиз, тунги уйқунгизни бузадиган китоблар ҳамон китоб савдосининг асосий товарлари. Шунақа “асар”лардан бир-иккитасини ўқиб кўрмоқчи бўлдим, бироқ, беш-олти варақдан сўнг ҳафсалам пир бўлди. Нокамтарлик бўлса-да, айтай: мен Америка ва Европанинг детектив ҳамда фантастик адабиётини хўп ўқиганман, Рекс Стаус, Жорж Сименон, Чейз, Артур Хейли, Айзек Азимов, Рэй Брэдбери, Клиффорд Саймак, Генри Картнер, Стивен Кинг ва бошқа кўплаб детектив ҳамда фантастика усталарининг битикларини, чинакам адабиёт намуналари билан бемалол беллаша оладиган, характерлар қойилмақом яратилган ва шу билан бирга мавжуд ижтимоий-сиёсий камчиликларни боплаб танқид қила олган асарларни ҳамон севиб ўқийман. Бизнинг “ёзғувчи”ларимиз халққа детектив дея тақдим этишаётган нарсалар нечоғлик ғариблигини кўриб, кулгим қистайди, шуларни ўқиётганларга ачиниб кетаман. Умидим борки, мутаржимларимиз пайти келиб жаҳоннинг энг машҳур детектив усталари битган гўзал асарларни ўзбекчага ўгирсалар, ўзбек китобхони кўп нарсага эга бўлади. Ҳозирча эса бизда чин маънодаги детектив асарлар яратилгани йўқ. Мен ҳатто “Шайтанат”ни ҳам детектив асарлар сирасига қўшолмайман.

“Хўш, бу гапларнинг болалар ва ёшлар адабиётига нечоғлик алоқаси бор?” деган савол туғилиши табиий. Алоқаси бор! Бугун расталарни тўлдириб турган, ҳар бир саҳифасидан фаҳш, зино, шафқатсизлик ва енгил ҳаёт замзамалари уфуриб турган “асар”лар айнан лоқайдлик, тушкунликнинг тегирмонига сув қуяди, улар ўқувчи ёшларда “Давринг келганда суриб қол, дунё ўтади-кетади, ҳамма нарсанинг отасию онаси пул, бир кунлик маишат бир умрга арзийди, ёмонликка қарши курашишнинг фойдаси йўқ, уни барибир йўқотиб бўлмайди” қабилидаги қарашларни тарбиялашга хизмат қилади. Ва албатта, муаллифнинг чўнтагини қаппайтиришга ҳам. Тўғри, бугун китоб ёзишу чоп этишдан кўра уни сотиш мушкулроқ муаммога айланди, аммо, бозорбоп битиклар ёшлар маънавиятини мажруҳ қилаётгани ҳам рост-ку! Бечора адабиёт шундай аҳволга тушдики, ўйласанг кўзингга ёш келади. Қаранг: электрни тушунмаган киши симёғочга чиқмайди, чунки, ток уриши аниқ. Қўлидан келмайдиган шифокор беморни операция қилмайди, чунки, унинг умрига зомин бўлишини билади. Аммо адабиётга барча бурнини тиқади! Гўёки бу –

улкан бир карвонсарой, ҳоҳлаган кириб-чиқаверади…

Аслида тушкунликни тарғиб этувчи битикларни адабий асарлар сирасига қўшмаса ҳам бўлади. Адабиёт ўз мазмун-моҳияти ва ижтимоий-тарихий мавқеига кўра, фақат умидбахш бўлиши керак. У ўқувчини эзгулик тантанасига, бундан-да нурлироқ кунлар келишига ишонтириши ва шу йўлда курашиши лозим. Унинг вазифаси – инсон кўнгли ва руҳини тарбиялаш, поклаш, уни ёмонликлардан огоҳлантириш, ватан ва дунё тақдири учун ҳушёр ҳамда сергак яшашга чорлашдир. Замонавий дунё бугун айнан шундай умидбахш адабиётга эҳтиёжманд. Экологик хавф, геноцидлар, манфаатлар ва динлар тўқнашуви, “оломон маданияти”нинг хуружи авж олаётган бугунги дунё тушкунлик ботқоқига тағин-да чуқурроқ ботмаслиги, ўз инсоний қиёфасини сақлаб қолиши, келгуси наслларга тинч ва хотиржам ҳаётни мерос қолдириши учун некбин қарашли асарлар жуда зарур.

Тарихнинг қайсидир бир бурилиш нуқтасида (эҳтимол, IX-X асрлардадир) инсониятнинг ягона тараққиёт йўли иккига айрилди. Ғарб ўз ҳаётини енгиллатиш учун техника ривожига зўр берди, Шарқ эса – қалбни поклашга. Шу тариқа “темирга сиғинувчилар” ва “кўнгилга топинувчилар” ўртасида тафовут юзага келди. Мислсиз ютуқларга эришиб, ҳатто Ойни ҳам забт этган Ғарб бугун ўз вайронкор қудрати олдида довдираб турибди, чунки, бу куч унинг ўзини ҳалокатга судраши аниқ бўлиб қолди. Энди у яна Шарққа юз буриши керак, дунёни қутқарса, Шарқ қутқаради. Унинг умидбахш адабиёти ва санъати халос этади уни.

Бугун адабиёт танлов рўпарасида турибди: “Қандай қиёфани олсам экан, қайси йўлдан кетай, миллийлик маъқулми ё замонавийликми?” Нафақат адабиёт, болалар ва ёшлар китобхонлиги ҳам гўё иккига айрилган йўл бошида тургандек. Менимча, ўзбек адабиётининг, жумладан, болалар ва ёшлар адабиётининг (мақола давомида бир неча бор такрорлаганимиз – “ёшлар адабиёти” деган ибора эриш туюлмасин, чунки йигирма ёшли йигит-қиз ва эллик ёшли инсоннинг дунёқараши, ҳаётий мезонлари турлича, ҳар бири ўз тафаккур доирасида танлаб ўқигани маъқул) ҳам ўз конкрет вазифаси, режалари бор, бу нарсалар Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида батафсил баён этиб берилган. Шошқалоқ дунё қайси йўлдан кетишидан қатъий назар, биз аждодларимиз қолдирган бой меросни асрашимиз, уларга муносиб бўлиб, фарзандларимиз кўнглида инжа туйғуларни тарбиялашга хизмат қиладиган, пойдевори миллий заминга таянадиган асарлар яратишимиз лозим.

Адабиётдаги миллийлик – энг зарур шартлардан бири. Чунки, айтайлик, Айтматовни Айтматов қилган, уни дунёга танитган ҳам адибнинг қирғиз халқи руҳини чуқур билгани ва шу заминга, асосга таяниб ижод қилганидир. (Дунёвий, ва ҳатто самовий миқёсда фикрлаш мақсадида битилган “Кассандра тамғаси”ни мен, масалан, ярмигача ҳам ўқий олмадим). Инсоннинг тўғри танлов қилишида адабиётнинг роли жуда катта, шу боис одамзот қалбию руҳиятига таъсир эта оладиган асарлар яратиш, фарзандларимизга чинакам миллий руҳдаги асарларни тавсия этиш, уларни турли ёт қарашлардан асраш ва келгусида муносиб ворисларни тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Абдунаби Ҳамро

 

“Ижод олами”, 2018/1

https://saviya.uz/hayot/nigoh/yol-boshida-turganlar/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x