Шеърда ифода этилган тиниш белгилари шеърнинг ғояси ва мазмунини очишда, таъсирчанлиги, эмоционаллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Грамматик ва мазмуний вазифа қўшилиб, учинчи вазифа – товушдаги бадиий-эстетик оҳангни таъминлайди. Товушнинг мусиқийлиги, мазмуннинг ҳажми, туйғунинг динамикаси айнан пунктуация орқали яққол намоён бўлади. Буни Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг кўп нуқтага кўпроқ мурожаат қилишида ҳам кўриш мумкин. Одатда, кўп нуқта ифодадаги фикрнинг тугамаганлигини, давом этиши мумкинлигини, сўзга сиғмаган фикрни англатишини кўрсатиши лозим. Бундан ташқари, лирик қаҳрамоннинг кечинмаларини сўзсиз ифодалаш, унга ўқувчи дунёқарашидан келиб чиқиб ҳам баҳо бериш ёки шеър мазмуни ҳақида ўқувчини ўйлашга мажбур қилувчи воситаси сифатида ҳам олиш мумкин. Чунки, сўзсиз ифода воситаси деганда, муайян шартлиликни унутмаслик керак.
Аммо, шеърий матнда кучли туйғу, фикрнинг серқирралигини, кўтаринкиликни, жўшқинликни, кечинмаларни сўз орқали ифода қила олмаслик каби ҳолатларни ҳам билдиради. Бу билан шоир кўп нуқтага ўзининг бадиий ниятини юклайди. Анвар Обиджонда тез-тез қатор ўртасига нуқта қўйилганига дуч келамиз. Шу тариқа мисранинг ритмик ва интонацион бутунлиги бўлинади. Аммо, айнан шунинг натижасида, ихчамлик ва ифодавийлик янада яхшироқ ҳис этилади. Шеър гўёки иккига ажрайди. Ҳар иккала томон ҳам ритмик қатордан ўзининг алоҳида интонацияси ва мазмуний хослиги билан кўзга ташланади.
Ерни сўкди… осмонга чиққач.
Шеър гўё иккига ажралган. Айнан кўп нуқта персонажнинг ҳаётини ҳам иккига ажратиб кўрсатмоқда. Характернинг икки қирраси юзага чиққанига урғу бериш учун ишлатилган. Бу эса, асосий ғояни ўқувчига тез ва ихчам шаклда етиб боришини таъминлаган. Тўғри, бу ерда ер, осмон сўзлари ўзаро қарши тасвир ва ҳолатни ифодалаб келган. Шеър мазмунидаги қарама-қаршилик ва персонаж нутқидаги кечинманинг янада драматик тус олишини таъминлаган. Аммо, бу хусусиятлар кўп нуқтасиз бу қадар таъсирли чиқмаган бўларди. Чунки, кўп нуқта замирига шоир ҳар бир ўқувчи дунёқараши ва тушунчаси доирасидаги воқеаларни жойлаганки, бу унинг маҳоратини кўрсатади. Кўп нуқтада кечинма табиати ва оҳангдаги ўзига хослик таъсирли чиқади. Шу ўринда, кўп нуқтанинг бошқа бир вазифаси, яъни, биринчи парчадан кейин тўхтам ва иккинчи, якуний хулосани айтишга тайёрлаш вазифасини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Шунингдек, бошқа бир ўринда кўп нуқта объектив воқеликни аниқ ҳаракатда тасвирлаш ва ҳаётий хулосаларни афористик тарзда ихчам ва таъсирли етказиш учун ишлатилган:
Кўр ҳассада ахтарар… нурни.
Дарҳақиқат, кўзи ожиз одам ҳассаси орқали ўзига йўл қидиради, унинг кўрлигини билмаган киши эса ҳассанинг ҳаракатидан ўзига хос хулоса чиқариши мумкин. Бу, аввало, ҳассанинг ҳаракатида кўринади. Чунки ҳасса, айнан кўзи очиқлар учун нур бажарган вазифани бажармоқда. Буни тушуниш учун эса фикрлар оқими ва туйғулар динамикасида бир оз тўхташ, аввалги воқеликни таҳлил қилиш имкони бўлиши керак. Кўп нуқта бу ерда дастлаб шеърни иккига ажратяпти. Пауза ва маънолар ҳаракатнинг ўзига хос оқимини ҳам таъминлаяпти. Унинг остига бир неча ҳаётга тенг мазмун сингдирилган.
Кўп нуқтани сатр ўртасида қўллаганда, шоир, авало, поэтик пауза ва унинг бадиий-эстетик функциясига таянади. Чунки, сўзсиз ифода, мантиқий пауза орқали катта поэтик ғоя, поэтик усул юзага чиқиши мумкин.
Масалан, “Кўмаклашдинг… раҳмат… кет энди” шеърида кўп нуқта айнан мантиқий пауза бўлиб, томонларнинг ўзаро муносабати ва ниятининг амалга ошишида муҳим ўрин тутган. “Кўмаклашдинг” сўзидан кейин келган кўп нуқта лирик қаҳрамоннинг ўзи мурожаат қилаётган одамга нисбатан ўта кучли, кескин туйғулари борлигини, улар бир-бирига ёрдам беради-ю, аммо бирга бўлолмаслигини англатяпти. Кейинги ўринда эса сўзловчининг иродаси кучли эканлигини кўрсатишда энг нозик нуқтани кўрсатиш, яъни, олдидаги одам кетишини хоҳламаса-да, кетиши кераклигини ифодалашга хизмат қиляпти. Бунда, иккала томоннинг кечинмаси эмас, кетиши муҳим эканлигига урғу берилган. Демак, бу ерда психологик ҳолатни тасвирлаш учун ҳам кўп нуқта ишлатилган.
Анвар Обиджон ўз шеърларида кўп нуқтани унинг анъанавий вазифаси – фикрлар давомийлигини ифодалаш учун ҳам ишлатган.
Йиртиқ пайпоқ нафақа кутар…
Бу ерда кўп нуқта киноя усули орқали айтилган фикрнинг давомини очиб бермоқда. Матн таркибида эса мажоз ҳам мавжуд. Ундаги пайпоқ, конкрет шахс образи бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Унинг йиртиқ эпитети билан сифатланганида ҳам унинг узоқ йиллар ишлаб, ўзининг бор имкониятларини ишга солгани ва охири чорасиз қолгани ва айнан шу даврда нафақа, яъни, ёрдам кутиши шарт ва табиийлиги кўрсатилган. Лекин бу оддий ҳолни англаш учун уни мажозий образ ва киноявий усулда берилишида турли маъно бор.
Тиниш белгиларининг ишлатилишидаги олима Р. Жўраеванинг: “кўп нуқта сўз санъатининг муҳим хусусияти сўзнинг янги, очилмаган маънавий қирраларини топиш ва уни муҳрлаш ҳамда бу ижодий топилма ўқувчини қамраб олишида кўринади”, деган фикрида ҳам кўзга ташланади. Олима ўз монографиясида, ижодкорларнинг тиниш белгиларини бир ёки қўшалоқ қўллаши натижасида ўзига хос маъно оттенкаларини ва турли даражадаги ҳиссий муносабатларни юзага чиқаришини таъкидлайди. Гарчи, олима ўз фикрларини рус шеърияти мисолида исботласа-да, аммо, бу ҳодиса барча халқлар, жумладан, ўзбек шеъриятига ҳам хосдир. Буни Анвар Обиджоннинг игнабарга шеърларида тире, кўп нуқта, сўроқ, ундов белгиларидан ҳамда уларнинг охирги иккитасини қўшалоқ қўллаш натижасида, шеърнинг мазмунидаги серқирраликка, янги ҳиссий таъсирга олиб чиқилганида ҳам кўришимиз мумкин.
Тўғри, шоир игнабарг шеърларида ўхшатиш, истиора, жонлантириш каби санъатлар, кўчимларнинг метафора, метонимия, эпитет, киноя, мажоз, перифраза, литота, синекдоха, қиёслаш каби турларидан инсон бадиий тафаккурининг биринчи даражали шакли, образ яратиш воситаси, ассоциатсия ҳосил қилиш, бадиий-эстетик функцияни бажарувчи сифатида фойдаланади. Айниқса, образ = метафора + символ + миф формуласининг бир оз қайта ишланган; образ = тил + метафора + метонимия + пунктуация; образ = тил + метонимия + пунктуация вариантларидан унумли фойдаланган. Шеър, қайд этилган формуласига асосан, тиниш белгиларига алоҳида ва ўзига хос поэтик вазифа ҳам юклайди. Тиниш белгиларининг характерли эканлигини ҳам исботлайди. Масалан:
– Ҳайф сенларга севгим ва ўзим!
Бу ўринда, тире шеър диалогининг бир қисми ва унда иккинчи томон борлигини билдиряпти. Иккинчидан, сўзловчининг гапи муҳим эканлигини кўрсатиш учун келтирилган. “ – Она… она… Жуда таниш ном…”; “ – Элга беринг… тўйимдан ортса” каби шеърларда ҳам тире шу маъноларда ишлатилган.
Анвар Обиджон шеърларида тире, икки нуқта каби ишоратларнинг кўплаб қўлланиши, шоирнинг”… бадиий нутқ типлари ва шаклларидан унумли фойдаланган…”лигини кўрсатади. Чунки, адабиётшунос олим Йўлдош Солижонов қайд этганидек, “…асар лексик, семантик, стилистик, фонетик ва синтактик жиҳатдан ниҳоятда ранг-баранг кўринишларга эга” бўлсагина, бадиий пухта ва мукаммаллик касб этади. Буни қуйидаги шеър мисолида кўриш мумкин. Унда шоир тирега бадиятни ифодалаш вазифасини юклаган:
Оч – йиғлар, тўқ – тинглар қилпиллаб.
Оч ва йиғлар, тўқ ва тинглар сўзлари ўзаро зидлик, кутилмаган воқеа-ҳодисани ифодалаш, образларни конкрет шароитга олиб чиқиш, бадиий-эстетик муносабатга киришиш ва эга вазифасидаги сўз ҳамда у анлатган образга эътибор бериш учун тире ишлатилган. “Қилпиллаб” сўзи эса образларнинг мажозий хусусиятларини очиб берган. Демак, тире мазмунни очишда асосий вазифани бажарган.
Анвар Обиджон игнабарг шеърларида ўттиз бир ўринда ундов, олти жойда сўроқ белгисидан фойдаланган. Бундан ташқари ундовни икки марта такрор қўллаган, сўроқ ва ундовни беш марта аралаш ишлатган. Бу эса шеърлардаги ҳиссий экспрессивликни ва лирик қаҳрамон ҳайратини ифодалаш ҳамда ўқувчига ҳам таъсир ўтказишни таъминлашда асосий восита ҳисобланади. Масалан, “Кўм-кўк дала! Сап-сариқ одам!” шеърида ғоя метонимик асосда юзага чиққан. Лекин унинг остидаги фожианинг ҳиссий таъсири ундов белгиси ва унинг оҳанги ёрдамида пайдо бўлади. “Шоир, жарнинг ёқасида юр!” шеърида эса ундов бадиий мурожаатни кучайтириб берувчи восита сифатида ишлатилган. Бу орқали, мазмундаги асосий ғояга, уни қабул қилувчига таъсир кўрсатиш мақсад қилинган. Шоир ушбу шеърда матндан ташқаридаги элементлар борлигини ҳам кўрсатяпти.
Юқоридаги кузатувлардан келиб чиққан ҳолда, шоирнинг игнабарг шеърларидаги тиниш белгиларини мазмун ва асосий ғояни очишдаги ўрнига қараб, қуйидагича турларга ажратиш мумкин:
Шеърдаги кўп нуқталар мантиқий пауза, психологик ҳолат, лирик кечинма ифодаси бўлиб, янги поэтик ғоя юклаш, бадиий ниятни ва таъсирчанликни оширишда муҳим аҳамиятга эга;
Метафорик асосда ишлатилиб, рамзийлик касб этади, ўзи ҳам характерланади ва образларни характерлаш, ҳис-туйғуни ифодалаш хусусиятига эга;
Персонаж нутқини ажратиш, бадиий мурожаатни кўрсатиш, матндан ташқаридаги элементларни ҳам кўрсатиш мақсадида ишлатилади;
Тиниш белгиларини ишлатиш шоирнинг индивидуал услуби ироник кайфиятининг юзага чиқишига ҳам ёрдам беради.
Анвар Обиджон игнабарг шеърларида тиниш белгиларининг бадиий матндаги ўрнини тўғри белгилаган, уларни ўз ижодий лабораториясидан ўтказиб қўллаган. “Санъат – ҳаётнинг тили, унинг ёрдами билан реаллик ўзи ҳақида гапиради” тамойилига амал қилган. Натижада, шоирнинг игнабарг шеърлари имкон даражада ихчам ва мазмунан теран ҳолга келган.
Қаҳҳоржон ЙЎЛЧИЕВ,
ФарДУ тадқиқотчиси
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/ignabarg-sher-va-tinish-belgilari/