Асад Дилмурод (1947)

Асад Дилмурод 1947 йил 20 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғида таваллуд топди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида сиртдан таҳсил олди.

Меҳнат фаолиятини “Ургут садоси” газетасида адабий ходим сифатида бошлади (1969), сўнгра “Зарафшон”, “Ўзбекистон овози” газеталари, “Камалак” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриёти, “Соғлом авлод учун”, “Шарқ юлдузи” журналлари, “Ўзбеккино” миллий агентлигида турли вазифаларда меҳнат фаолиятини давом эттирди.

Асад Дилмурод дастлаб публицист сифатида танилди, шеърлари ҳам матбуотда тез-тез босилиб турди. Кейинчалик бадиий насрга қизиқиб, “Осмоннинг бир парчаси” (1970) номли ҳикоялар тўпламини эълон қилди. Тарихга қизиқиб, тарихий-маърифий бадиалар ёзди, шу аснода “Шердор” тарихий ҳикояси туғилди, сўнгра мазкур ҳикоя асосида қисса яратилди (1986).

Адиб ижодида тарих билан замон руҳи ўзаро синтезлашган, бинобарин, “Нон”, “Оғир кун”, “Кошин”, “Афросиёб сукунати”, “Ҳукм”, “Хуфтон” каби ҳикоялари, “Тош бургут” ва “Сирли зина” (1983) қиссаларида шундай ҳолат кузатилади. Ана шу йўналишдаги ижодий тажрибалари самараси бўлган “Мулк”, “Гириҳ”, “Интиҳо” (1988–1991) қиссалари бадиий-эстетик мазмуни қизғин баҳслар қўзғади. У миллий қаҳрамонимиз Маҳмуд Торобий тақдири ва қўзолони тарихини ўрганиб, “Маҳмуд Торобий” номли роман яратди (1990–1998). Адабий жамоатчилик, мухлислар илиқ қаршилаган “Паҳлавон Муҳаммад” романи (2001–2006) ҳам адибнинг мозий қатларига чуқурроқ кириб бораётганининг нишонасидир.

Ҳазрат Соҳибқирон маънавиятини безаган адолатпеша, шижоаткорлик, камтарлик ва талабчанлик фазилатларини бадиий талқин қилиш “Хилват” (1996) ҳикоясида етакчи мавқеига эга. “Мезон буржи” (2008) қиссасида Туроннинг буюк ҳукмдори, улуғ саркарда Амир Темур жонкуяр ота сифатида гавдаланади. “Оқ аждар сайёраси” (1995–1996) қиссаси, “Аланқува” (2007), “Хаёл чўғланиши” (2010) ҳикоялари, “Фано даштидаги қуш” (1998–2002), “Ранг ва меҳвар” (2012) романлари ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Асад Дилмурод асарлари рус, украин, қозоқ, тожик, турк, уйғур тилларига таржима қилинган. “Девона” адабий сценарийси асосида бадиий фильм тасвирга туширилган (2003).

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/asad-dilmurod-1947/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x