Организмдаги турли тўқималар ва асосан қон-томирлар деворларини баъзан холестерин қатламлари (яъни паст зичликдаги липопротеидлар) қоплаб олади. Шу туфайли қонда холестерин даражаси ортиб одамнинг умумий аҳволига жиддий таъсир кўрсатади ва аксарият ҳолларда инсульт, миокард инфаркти, тромбоз сингари жиддий хасталикларни юзага келтиради.
Холестериннинг қондаги миқдорини камайтириш учун аввало тўғри овқатланишни йўлга қўйиб, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш лозим. Масалан, помидор таркибидаги қизил пигмент (ликопин) нинг атиги 25 миллигрмми қондаги зарарли холестериннинг ўндан бир қисмини йўқотади. Бунинг учун қиш ойларида кунига бир стакан помидор шарбати ичиб турилса ҳам бўлади.
Саримсоқ таркибидаги аллиин моддаси холестеринга қарши кучли таъсир кўрсатади. Яъни, саримсоқни кесганда, эзганда ёки чайнаганда аллиин аллицинга айланиб, томирларни тиқилмалардан тозалайди.
Икки-уч ҳафта давомида икки ошқошиқ миқдорида қайнатилган нўхат еб юрилса ҳам қондаги зарарли холестерин миқдори 20 фоизга камаяр экан.
Карамга термик ишлов берилганда, фойдалилик хусусиятлари янада кўпаяди. Айниқса, тузлаганда карам таркибидаги витамин С миқдори уч бараварга ортади. Помидордаги ликопин антиоксиданти ҳам у димлаб пиширилганда кўпроқ ажраларкан.
Хом лавлаги таркибида биологик муҳим моддалар (флавоноидлар ва бошқалар) сероб. Аммо бу моддалар лавлаги қайнатиб ейилгандагина ички аъзоларга шифобахш таъсир кўрсатади.
Фойдали маҳсулотлардан яна бири ёнғоқдир. Кунига 60 грамм ёнғоқ истеъмол қиладиган кишиларнинг қонида холестерин миқдори беш фоизга камайиши илмий тажрибаларда аниқланган. Қизиғи шундаки, ёмон холестерин миқдори қанчалик юқори бўлса, истеъмол қилинган ёнғоқ унга шунчалик кучли таъсир қилади.
Булғор қалампири томирларни холестериндан тозалашга ёрдам беради. Унда капсацин алколоиди бўлиб, веналарда тиқинлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди.
Бир дона турп организмнинг витамин С га бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Айниқса, турп таркибидаги холин моддаси қондаги зарарли холестерин миқдорини камайтириш хусусиятига эга.
Билиб қўйиш муҳимки, холестерин миқдорини камайтирувчи сабзавотларнинг айримлари хомлигидан кўра пиширилганда фойдалироқ ҳисобланаркан. Масалан, қайнатилган сабзида антиоксидантлар хомидан кўра уч баравар кўплиги аниқланган. Бу сабзавотдаги қимматбаҳо бета-каротин моддаси фақат қайнатилган сабзини истеъмол қилиш орқали организмга осон сингиши мумкин экан.
Холестериннинг қондаги миқдори баланд бўлса, албатта унинг сабабларини аниқлаш лозим. Энг аввало нотўғри овқатланиш (таомлар таркибида ёғнинг кўп бўлиши), камҳаракатлилик, тана вазнининг ортиши ва бир қанча зарарли иллатлар бунга сабаб бўлади. Бордию қонда холестерин миқдорини камайтириш лозим бўлса, киши айрим егуликлардан ўзини тийиши керак. Масалан, қаймоқ, ёғли пишлоқ, тухум сариғи, серёғ таомлар, шунингдек қандолат маҳсулотларидан воз кечиш лозим.
Соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, айниқса мева ва сабзавотларни мунтазам истеъмол қилиш холестерин миқдори ортишига қарши зарур профилактик чоралардан ҳисобланади.
Жамила КОМИЛОВА, педагог.