Халқаро валюта жамғармаси: Ким кетди-ю, ким келди?

Қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов Куба денгизи қирғоқларида учиб юрган битта чивиннинг заҳри туфайли бус-бутун империя – шўролар салтанати чок-чокидан сўкилиб кетганини ёзиб, ҳаммани ҳайратга солган эди. Бу омонат дунёда шунақа ажабтовур воқеалар ҳам бўлиб туради. Ер юзини узоқ вақт титратиб турган воқеа эътибордан четда қолади, битта очофат чивиннинг ниши эса ҳаммаёқни остин-устун қилиб юборади. Бундай воқеаларнинг сон-саноғи йўқ. Қариб қуюлмаган бир шилқимнинг бир зумлик лаззати боис, неча-неча номдор мамлакатларнинг молия тизимида танглик содир бўлгани, йирик савдо биржаларида баҳолар ўйноқилаб, сармоядорларнинг ўтакасини ёргани-чи. Мана, эшитинг.
Ғарбдаги ҳашаматли меҳмонхоналарнинг бирида ўзига тўқ, филмонанд савлатли, мансабига дунё букилиб таъзим қиладиган меҳмон… кўзлари ўйноқироқ фаррош аёлга тегажоғлик қилади. Икки ўртада, АҚШнинг Оқ уйида Билл ва Моника хоним ўртасида бўлган воқеадай бир нималар содир бўлади. Бор гап шу. Аммо орадан маълум вақт ўтиб, бу шилқимлик номдор меҳмонга ақл бовар қилмас даражада қимматга тушади. Билл Клинтон гапни айлантириб-ўргилтириб лавозимини сақлаб қолган эди, франциялик меҳмон – Париж сиёсий тадқиқотлар институти профессори Доминик Строс-Канн эса бундай қилолмади: фаррош хонимга роса бир ярим миллион доллар товон пули тўлади, дунёнинг бош хазинабони – Халқаро Валюта Жамғармаси ижрочи директорлигидан айрилди, оиласи шаънига доғ тушди. Франциядек улуғ мамлакат Президентлиги учун курашдан четлатилди. Мана сизга, кутилмаган оний лаззатнинг баҳоси.
Халқаро Валюта Жамғармаси 1944 йилнинг июль ойида Нью-Хэмпшир штатининг Бреттон-Вудс шаҳарчасида ўтказилган БМТ конференциясида 44 мамлакат вакиллари томонидан жамғарма мақомида ташкил этилган. Асосий вазифаси валюта-молия соҳасида барқарорликни сақлаш, давлатлараро савдо-сотиқни қўллаш, халқаро ҳисоб-китобларда пул айирбошлаш тизимининг мақсадга мувофиқлигига эришиш, изчил иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, қашшоқлик ва ишсизликни камайтиришдан иборат. Таъсисчилар 1930-йиллардаги буюк депрессиянинг такрорланмаслиги, пулнинг кенг кўламда қадрсизланишининг олдини олиш мақсадида шундай қарорга келишган.
Орадан кўп ўтмай, жамғарма Халқаро Валюта Жамғармаси деган масъулиятли номга эга бўлди ва у дунёда иқтисодий барқарорликни сақлаш, валюта-молия тизимида кризис (дефольт) ҳолати юз бермаслиги учун аъзо мамлакатларнинг иқтисодий-молиявий сиёсатини таҳлил қилиш, тавсия­лар бериш, одамларнинг турмуш тарзини яхшилаш чора-тадбирларини кўраётган давлатларни моддий рағбатлантиришни зиммасига олди.
Алқисса, шундай нуфузли халқаро ташкилот кутилмаган ишқий можаро туфайли раҳбарсиз қолди ва бу лавозимга яна бир франциялик молиячи Кристин Лагарддан бошқа муносиб номзод топилмади. Чунки бу тиришқоқ, аниқ мақсад йўлида изчил ҳаракат қиладиган сиёсатдон аёл аллақачон ушбу соҳанинг етакчи лидерларидан бирига айланиб улгурган эди.
Кристин Лагарднинг ҳаёт йўли ҳар жиҳатдан ибратга молик. У олий маълумотни Париж университетларида олган. Чикагодаги машҳур “Baker & McKenzie” фирмасида жами 25 йил адвокат бўлиб ишлаган. Ишчан ва изланувчанлиги боис 1999 йили ушбу фирманинг раҳбари лавозимига кўтарилган. Фирма 2004 йили 1 миллиард доллар даромад топган. 2002 йили Европанинг машҳур тадбиркор аёллари рўйхатида бешинчи ўринни эгаллаган. 1995–2002 йиллари халқаро стратегик тадқиқотлар марказида (Center for International & Strategic Studies) таниқли сиёсатдон Збигнев Бжезинский билан бирга комиссиялардан бирига раҳбарлик қилган.
2005 йили ҳукуматнинг расмий таклифига биноан Кристин Францияга қайтади ва сиёсат билан жиддий шуғуллана бошлайди. Иқтисод, молия ва саноат вазирлигини бошқаради. Эришган ютуқларига қарамай, баъзи ҳамкасблари унга беписанд муносабатда бўлишади. Ўша пайтлари ХВЖга бошчилик қилиб турган Доминик Стросс-Кан Кристинни “Лаёқатли аёл эмас, шунчаки чиройли безак, холос”, деб таъбини тирриқ қилади.
Кристин америкаликларга ўхшаб, фикрини очиқ айтиши, “шартаки”лиги, гапни чўзмаслиги билан бошқалардан ажралиб турган. Мамлакатнинг молия вазири лавозимида ишлаётганида “Бензин қимматлик қилаётган бўлса, французларга велосипедларидан фойдаланишни маслаҳат бераман”, деган. Шу гапи учун журналистлар уни бир вақтлар бошини кундага қўйиб қатл этилган қиролича Мария-Антуанеттага қиёслашган. Бу аёл ўз вақтида “Халқда егани нон қолмадими? Ундай бўлса нон ўрнига пирожний ейишсин”, деган эди.
Лагард ХВЖ раҳбари сифатида фаолият юритар экан, ёқимтой фаррош туфайли бу лавозимни тарк этишга мажбур бўлган Доминик Стросс-Каннинг ўзига нисбатан кинояли гапларини унутиб, “Стросс-Кан пайтида жамғарма фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз берди ва у оёққа туриб, яна жаҳон молия тизимига бошчилик қила бошлади”, дейишга ўзида журъат топа олди. Айни пайтда, жамғарманинг янги вазифаларини ойдинлаштирди: “Жамғарма жаҳон иқтисодиёти ва молия тизимини барқарорлаштиришда янада фаол бўлиши, адолатли ҳамда мақсадга мувофиқ йўлдан бориши керак. Бунинг учун, энг аввало, тезкор муносабат, дунё иқтисодиётида кечаётган жараёнларни чуқур ўрганиш, молиявий танглик такрорланмаслигига эришиш зарур. Давлатларга кўмаклашишда иқтисодий имкониятга асосланмоқ лозим, чунки аъзо давлатларнинг барчаси кўмак олиш ҳуқуқига эга. ХВЖ маълум бир давлатга тегишли ташкилот эмас. Мен Европа давлатлари лидерлари билан ҳар қандай ҳолатда ҳам очиқчасига гаплашиб олиш, бор гапни борлигича айтиш принципидан қайтмоқчи эмасман. Бугунги мураккаб шароитда ортиқча ҳотамтойликка ўрин йўқ”.
Лагарднинг ХВЖга раҳбарлиги мураккаб даврга тўғри келди. Ипотека сиёсатидаги кризис давлат раҳбарлари, молиячилар, банк мутасаддиларининг тинкасини қуритди. Қитъада ишсизлик, ноқонуний миграция кучайди. Бундай пайтда ҳар қандай жамғарма, Лагард хоним таъкидлаганидек, ортиқча ҳотамтойлик қилмайди, кўрпасига қараб оёқ узатади. Давосдаги анъанавий иқтисодий форумда Германия раҳбари Ангела Меркел Европа давлатларини умумий тангликнинг олдини олиш учун қатъий, мақсадга мувофиқ чоралар кўришга, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишга чорлади, аммо Европа стабиллаштириш фондини кенгайтириш ғоясини қувватламади. Унинг фикрича, Европа иттифоқига аъзо давлатлар бюджет маблағларини иложи борича кўпроқ тежашлари керак.
ХВЖ раҳбари Кристин Лагард эса ўз нутқида жамғарма заҳирасини 385 миллиард доллардан бир триллион долларга (!) етказиш таклифини ўртага қўйди. “Давосга мен, кўриб турганингиздек, пул йиғиш учун келганман”, деди у бўш сумкачасини намойиш қилиб.
Бошқа бир пайтда бундай таклифни кўпчилик бир овоздан маъқуллаши мумкин эди. Нега деганда, жамғарма заҳираси қанча мўл бўлса, мураккаб ҳолатга тушиб қолган давлатлар (бундай ҳолатга ички ёки ташқи таъсир боис тушиб қолиш ҳеч гап эмас) ундан фойдаланишлари мумкин. Аммо бу гап қулоққа унча хуш келмади, чунки рецессия давом этаётган, эрта-индин унинг янги тўлқини бақувват давлатларнинг ҳам эшигини қоқиши мумкин эди-да.
Яна шу нарса аниқки, молиявий муаммоларни қарз олиш ҳисобига ҳал қилиш мантиқсиз иш. Халқона таъбир билан айтганда, қорни оч одамга балиқ бергандан кўра, уни балиқ тутишга ўргатиш афзал. Қарз олиш осон, аммо уни қўшимчаси билан қайтариш керак бўлади. Катта ёки кичик мамлакатда, эндигина иш бошлаган оддий фермер хўжалигида, оилада – қаерда бўлмасин, даромад ва харажатларнинг мутаносиблиги сақланмаса муаммо келиб чиқади. Иккинчидан, молия-банк тизимида ўрнатилган тартиб-қоидалар жонсиз догма, қотиб қолган қуруқ организм эмас. Улар одамларнинг харид қувватига, даромад ва буромадга қараб ўзгариб туриши керак.
Берлин девори қулаганидан бери дунё бутунлай ўзгариб кетди. Наинки дунё, одамлар, уларнинг касб-кори, турмуш тарзи, фикрлаши ҳам ўзгарди. Бугун чекка бир жойда яшайдиган оддий касб эгаси мамлакатда, шу яқин-атрофда, дунёнинг олис нуқталарида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни мушоҳада қилиб, уларга муносабат билдира олади. Бундан англашиладики, мамлакат иқтисодининг оғир юкини бошқалар елкасига ортиб қўйиб, у ёки бу жамғармадан ёрдам сўраб юраверадиган замонлар ўтди. Ҳар ким ўзи эккан ҳосилни ўриши керак. Лагард хоним ХВЖга раҳбарлик қилар экан, шу талабларга имкон борича амал қилишга ҳаракат қилди.

* * *

Инсонлар каби, қитъалар, мамлакатларнинг ҳам тақдири турлича кечади. Халқ “Оққан дарё оқмай қолмас”, “Бир обод бўлган жойга омад қуши яна қайтади”, дейди. Баъзан акси ҳам бўлади. Ҳаётнинг мураккаблиги шундаки, воқеа-ҳодисалар ривожини аввалдан аниқ режалаштириш, маълум ижтимоий қолипларда ушлаб туриш мумкин эмас. Шиддат билан ўзгараётган дунёнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий талотўплари ҳар қандай пишиқ-пухта режаларни ҳам аёвсиз таҳрир қилади.
Европа неча асрлардан бери истиқомат учун қулай, иқтисодий барқарор, ҳаётнинг не-не синовларига дош берган тарихий макон сифатида одамларни, айниқса, ёшларни ўзига жалб қилиб келди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бу ерга илм олиш, иш топиш, уй-жойли бўлиш, беташвиш умргузаронлик қилиш учун келиш яқин-яқингача одатий ҳол эди. Аммо янги асрнинг дастлабки ўн йиллиги адоғига келиб қитъа ҳаётида кутилмаган воқеалар юз бера бошлади, бир неча йил узлуксиз давом этган молиявий танглик Европанинг асрлар давомида шаклланган барқарор мавқеини пасайтирди, анъаналарига путур етди. Миллатлараро муносабатларда танглик ҳолати юзага келди. Бир кун жанжал чиққан жойдан барака қирқ кунга қочади, дейдилар. Дунёнинг бугунги маънавий-ахлоқий ҳолати ўтган асрнинг сўнгги чорагидаги ҳолатдан кескин фарқ қилади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Ялпи глобаллашув жараёни қитъа ҳаётига, бу ерда яшовчиларнинг турмуш тарзи ва дунёқарашига жиддий таъсир ўтказди. Бу табиий жараён, албатта. Ҳаёт давом этар экан, ҳеч бир соҳа турғун ҳолатда узоқ вақт қолиб кетмайди, илмий-техник тафаккур ривожланади, муаммолар ҳал бўлади, аммо… ҳар бир ҳал этилган муаммо бошқа бир муаммонинг пайдо бўлишига замин ҳам яратади. Буни биргина Германия мисолида ҳам кўриш мумкин. Меркел хоним уларни аъзои бадани титроқдан қақшаса ҳам вазминлик билан ҳал қилмоқда.
Инсоният тарихида эзгу ниятда ихтиро қилинган, аммо реал ҳаётда мутлақо тескари натижа берган (динамитнинг, водород бомбасининг ихтиро қилиниши каби) янгиликлар оз эмас. Бугунги кунда оғир саноатни роботлаштириш борасидаги ютуқлар, таажжубки, бу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилиб келаётган, тажрибали ишчи-мутахассисларнинг, ихтирочи-муҳандисларнинг ишсиз, маошсиз қолишларига сабаб бўлмоқда. Йирик саноат комплекслари раҳбарлари иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитини яхшилаш ва бошқа шу каби талаблар билан чиқадиган ишчилар ўрнига маош талаб қилмайдиган, топшириқни сўзсиз бажарадиган сунъий роботлардан фойдаланишни афзал кўрмоқдалар. Ишсиз қоладиганларнинг оилалари тақдири мўмай фойдани ўйлаётган иш берувчиларни қизиқтираётгани йўқ.
Илмий-техникавий тафаккур ривожланиб борар экан, мураккаб ҳисоб-китобли замонавий қурилмалар яратишда роботлардан фойдаланиш, шубҳасиз, зарур. Бугунги жаҳоний танглик жараёнларидан хабардор киши бу фикрга қўшилади. Фақат… бу ихтиролар боис, уларни ўйлаб топган, йиллар давомида такомиллаштирган, “тили”ни чиқазган, ақл-ҳушини жойига қўйган инсон зиён кўрмаслиги керак.
Шу ўринда айтиш зарурки, олимлар фақат саноат соҳасида ишлай оладиган роботлар яратиш устидагина эмас, уйда кир ювадиган, болаларга энагалик қиладиган, эрталаб нонушта тайёрлайдиган, уй йиғиштирадиган, қоровуллайдиган, дам олмоқчи бўлсангиз, мусиқа чалиб берадиган, муқом қилиб рақсга тушадиган, қироат билан китоб ўқийдиган, қўшиқ куйлайдиган, уқалайдиган, алла айтадиган, йиғлоқи чақалоқларни овутадиган, жинингиз суймайдиган киши қўнғироқ қилса, “йўқлар, бир-икки кун бўлмайдилар” деб жавоб қайтарадиган сунъий ёрдамчилар устида ҳам бош қотиришмоқда. Бу рўйхат эртага, индинга, ундан кейин янада узаяди, роботларнинг янги-янги вазифалари пайдо бўлади: улар такомиллашишда давом этади, ораларидан лойиҳачи муҳандислар, зукко ишбилармонлар, дилкаш суҳбатдошлар, эрталабки наҳор ошга хўжайиннинг ўрнига бориб келадиган ошхўрлар етишиб чиқса-я? Олдиндан бир нима дейиш қийин. Бироқ… Инсоннинг тақдири нима бўлади, инсонгарчилик, имон-эътиқод, меҳр-оқибатга путур етмайдими? Қисқаси, одам ўз мақомида қоладими-йўқми? Наҳотки ўз уйимизда, она бешигимизда ортиқча бўлиб қолсак?
Халқимизда “Эшак семирса эгасини тепади”, деган мақол бор. Ғарб мамлакатларида яратилаётган кўплаб бадиий фильмларда сунъий роботлар ўз яратувчиларига қарши бориб, ер юзида тириклик чироғини сўндиришга бел боғлагани ва бунга эришиш остонасига яқинлашаётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу шунчаки хаёлот эмас. Эртага кеч бўлиб қолиши мумкин.
Сунъий интеллект: робот аёл, робот эркак, робот бола, сунъий чарм, сунъий қоплама, сунъий толали кийим-бош, сунъий мева-чева, сунъий тухум, гўшт, сунъий дори-дармон, сунъий урчитиш, сунъий соч, сунъий тиш, сунъий юз-кўз, демакки, сунъий табассум, сунъий садоқат… Илмий лабораторияларда оила, эр-хотинлик, ҳомиладорлик масалаларига доир сунъий яратмалар хусусида ҳам жиддий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Ҳадемай “Темир хотин” фильмидаги Аломатхоннинг кўплаб дугоналари пайдо бўлади.
Илмий тафаккур яна нималарга қодир? Беш, ўн, йигирма ёки эллик йилдан кейин айни шу йўналишда қандай ихтиролар бўлади? Буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Ўзбекистонда бугун инсон манфаатлари деб номланган янги сиёсат юзага келди, одамлар билан юзма-юз, кўзма-кўз мулоқот қилинаётгани, ҳар бир кишининг фикрига қулоқ тутилаётганида чуқур маъно бор: бугунги шароитда фақат бир мамлакатда эмас, дунё миқёсида асосий эътибор Инсонга қаратилиши, бу йўлдан ҳеч ким чалғимаслиги керак. Европани ларзага солаётган тангликдан англашиладиган маъно шу аслида.
Ушбу тангликнинг илдизлари Ғарб давлатларининг яқин шарқ мамлакатларига нисбатан нохолис, носоғлом сиёсатига бориб тақалади десак, хато қилмаган бўламиз. Тўғри, молиявий таназзул боис завод-фабрикаларда иш ўринлари қисқарди, ижтимоий норозилик кайфияти юзага келди. Кўплар уй-жойи, йиллар давомида тўплаган сармоясини ҳам йўқотди. “Катта йигирмалик”ка аъзо давлатларнинг молия вазирлари тез-тез маслаҳатга тўпланишади, Германия ва Франция раҳбарлари Европа иттифоқини талофатсиз сақлаб қолишга уринишмоқда, аммо натижа юзини кўрсатаётгани йўқ. Буюк Британиянинг бу иттифоқдан чиқиши шусиз ҳам мавҳум чорраҳага яқинлашиб келаётган ташкилотнинг обрўсига путур етказмоқда.
Давос форумларида ҳар йили муҳим бир мавзу ёки янги бир фикр ўртага ташланади. Бундан беш-олти йил аввалги йиғинда “Капитал (моддий бойлик) инсонга хизмат қилишдан узоқлашмоқда, “инсонийлик қиёфасини” йўқотиб, ваҳшийлашмоқда”, деган тезис юзага қалқиб чиқди. Бу гапга ҳеч ким эътироз билдирмади. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг фикрича, протекционизм деган иллат дунёвий тараққиётга тобора катта хавф солмоқда, тарифларнинг ўсишига, дунё мамлакатлари ўртасидаги савдо шартномаларининг тўла бажарилмаслигига, ҳамкорлик келишувлари жараёни тўхтаб қолаётганига, трансчегаравий инвестициялар ҳажмининг пасайиб бораётганига сабаб бўлмоқда. Протекционизм иқлимнинг ўзгариши, халқаро терроризм каби хавфлидир, унга беэътибор қараб бўлмайди, – деди у.
Франция Президенти Макрон “Биз бугун мамлакатимиз фуқароларига хато қилиш, янглишиш ҳуқуқини беришимиз керак, бусиз тараққиётга эришиш қийин”, деган, бир қарашда кутилмаган мақсад-муддаони айтди. Бу гап Европа учун янгилик бўлиши мумкин, аммо Ўзбекистон учун эмас: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев янгилик излаётган, янги ташаббуслар билан чиқаётган олимлар, тадбиркорларнинг шаштини қайтармаслик, адашганларни четга сурмаслик, аксинча, бундайларга ҳар жиҳатдан кўмак бериш зарурлигини такрор-такрор уқтириб келмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, бугун дунёда мавжуд касбларнинг 20 фоизи бундан атиги 30 йил аввал мутлақо бўлмаган. Бугун Евроҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳар ўндан бири шу ерда эмас, бошқа бир мамлакатда туғилган. Расмий ва норасмий миграция давом этмоқда, бу жараённи таъқиқ йўли, темир панжаралар билан тўхтатишнинг иложи йўқ. Очлик, яланғочлик тинкасини қуритган одамлар ҳар қандай тўсиқдан ўтади, ўзи, оиласи учун энг оғир ва ҳатто таҳқирли шароитларга ҳам дош беради. Ишсиз, тирикчилик манбаисиз қолган ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этмоқдалар. Жиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, бедаво дардга чалиниш, болаларнинг ўлими эса кўпайиб бораётир. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг инаугурация куни сўзлаган нутқидаги мана бу жумлалар, таажжубки, ҳеч кимни ҳайратга солгани йўқ: “Америкалик­ларга яхши мактаблар, одамлар бехавотир яшайдиган мавзелар, яхши иш жойлари керак. Ўз ҳуқуқини билган одамларнинг талаби шу. Аммо бизда реал ҳаёт бошқача. Камбағаллик мавжуд. Деярли чириб битган заводлар қабртошларни эслатади. Маориф тизимимиз ёшларимизга таълим-тарбия, билим бераётгани йўқ. Жиноятчилик, жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар жуда кўпларнинг ҳаётига зомин бўлди, мамлакатни хароб қилди…”
Европага назар ташласак, бу ерда ҳам воқеаларнинг бундай ривожи қизғин паллага кирган. Қитъанинг ички ва ташқи муаммолари ўзига етиб ортади. Йирик сармоядорлар учун (наинки улар, ноҳалол йўллар билан мўмай даромад топадиганлар учун ҳам) узоқ йиллардан бери ишонч­ли “сандиқ” бўлиб келаётган Швейцарияда ошкоралик сиёсати юзага келмоқда. Шу боис мўмай даромадга эга пулдорлар бошқа жойдан “паноҳ” излашлари аниқ. Демакки, сармоя оқимининг янги ирмоқлари пайдо бўлади. Баъзи кузатувчилар Греция иқтисодини фақат янги “Маршалл плани”гина қутқара олади, деган фикрда қатъий туришибди. Ҳукумат масъулиятни зиммасига олиб чора изламоқда. Бундай шароитда иш ташлаш, норозилик намойишлари авж олган қайси мамлакат бўлмасин, унга шунчаки ебкетарга пул берадиган ҳотамтойни топиш мушкул.
Бир неча йилдирки, Европа иттифоқига аъзо мамлакатларнинг вазирлари пул жўнатмалари, акция, облигация ва бошқа қимматли қоғозлар билан боғлиқ молиявий операциялар, олтин савдосига доир олди-сотти шартномаларни солиққа тортиш масаласини муттасил муҳокама қилишмоқда. Муаммонинг бир қисмини банклар зиммасига юклаш таклифи қўллаб-қувватланаётгани йўқ. Касални даволашдан кўра унинг олдини олиш осон. Бугун дунёнинг умумий манзара-моҳияти шундайки, йирик мамлакатлар уёқда турсин, сафарга отланган оддий пиёда, оила аъзолари ёки уч-тўртта дўст-қадрдон ҳам харажатларнинг аниқ ҳисоб-китобига эга бўлиши керак. Йўлда қандай тўсиқ ва муаммоларга дуч келиши мумкинлиги-ю, улардан беталофат ўтиб олиш тўғрисида аввалдан бош қотириш зарур…
Шу ерда аниқлик киритиб ўтайлик: АҚШ ипотекали кредитлаш тизимидаги тангликдан бошланган инқироз, аслида, кутилмаган воқеа эмас эди. У кредит бериш соҳасидаги ортиқча ҳотамтойлик, банкнинг тўлов қобилиятини ҳисобга олмасликдан келиб чиқди. Бундан бир муддат аввал ахборот агентликлари дунёнинг айрим йирик корпорациялари муомаладаги қимматли қоғозлари нархини баланд даражада ушлаб туриш учун йиллик ҳисоботларида реал даромадларини атайлаб кўпайтириб ёзганларини маълум қилишди. Ривожланган мамлакатларда сотиш учун бозорга қалбаки акциялар чиққанлиги айтилди. Шу фактларнинг ўзиёқ ғарбда даромад кетидан қувиш жараёни инсон манфаатларидан узоқлашаётганидан далолат беради. Даромад кетидан қувиш, фойда-зиённинг маънавий томонларини фарқламаслик, банклар мисолида айтадиган бўлсак, турли бонуслар ўйлаб топиш, охир-оқибат тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади.
Яқин ва узоқ ўтмишга назар ташласак, турли даврларда давлатлар ўртасида молиявий иттифоқлар, валюта бирлашмалари тузилганига гувоҳ бўламиз. Бу иш билан евроинтеграциянинг отаси ҳисобланмиш Буюк Карл ва унинг ўғли замонида ҳам, собиқ Чехословакиянинг тинч йўл билан иккига бўлиниши пайтида ҳам шуғулланишган. Яхши ниятда ҳамкор бўлишнинг зиён ери йўқ. Аммо бугунги Европанинг ижтимоий-маънавий ҳолати мисолида айтадиган бўлсак, иқтисодий салоҳияти, миллий ўзига хослиги, меҳнатга муносабати, миллий менталитети ва янада муҳими – жамият ҳаётида юзага келган ёки келиши мумкин бўлган муаммоларга нисбатан қарашлари турлича бўлган мамлакатларни ягона молия тизимида ушлаб туриш иложсиз бир иш. Бу ҳолатни турли ташхисли беморларни бир хил дори-дармон билан даволаш ҳаракатига ўхшатиш мумкин. Ижтимоий-маънавий ҳаёти бир-биридан кескин фарқ қилувчи мамлакатларни умумий бошқариш қийин. Дардга қараб даво. Бош оғриғини оёққа суриладиган малҳам билан тузатиб бўлмайди. Берлинда, Парижда ва, албатта, Лондонда буни яхши тушуниб туришибди.
Буюк Британиянинг евроҳудуддан чиқиши амалга ошганидан ке­йин ҳам, бунга энди ҳеч кимда шубҳа қолгани йўқ, Лондон бу иттифоқ билан ҳамкорлик қилади. Негаки, тарихан, жуғрофий жиҳатдан бир-бирига туташиб кетган мамлакатларнинг сиёсий принциплар боис бир-бирларидан узоқлашиши, бозор ҳудуди ва йўлларини бўлиб олишлари қийин, аниқроғи, мантиққа зид нарса. Биргина виски ичимлигини экспорт қилишнинг ўзидан йилига уч миллиард доллар даромад топадиган, миллий туйғулари уйғонаётган Шотландияда бирлашган қироллик таркибидан чиқиш иштиёқи сўнганича йўқ. Бундай ҳаракатлар қитъанинг бошқа мамлакатларида ҳам у ёки бу даражада мавжуд. Бундан кўринадики, дунёда капитал ҳукмронлиги, иқтисодий манфаатларнинг маънавиятдан, инсоний қадр-қимматдан, асрлар давомида шаклланиб келган анъаналардан устуворлиги сақланиб қолар экан, ижтимоий муаммолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек потиллаб чиқаверади.
Ечим қаерда? Давос анжуманида тилга олинган “капиталнинг маънавий қиёфаси” деган ибора бу борада наинки Европа учун, бошқа қитъалар учун ҳам нажоткор бўлиши мумкин. Фукусима фожиаси чоғида японлар ўзларини қандай тутгани, анча йиллар аввал Жанубий Корея давлати мураккаб дефольт ҳолатидан халқнинг юксак маънавияти, ҳамжиҳатлиги, миллий ғурури ва фидойилигига таяниб, оғир жароҳатларсиз чиқиб олгани фикримизга далил бўла олади. Демак, ҳар қандай оғир, мураккаб муаммонинг, жумладан, иқтисодий таназзулнинг ҳам ечими маънавиятда. Бир эл бўлиб қовушган, бир йўлни танлаган, бир мақсад сари интилган, борини асраб, йўғини яратиб, сабр-бардош билан яшашга ўрганган халқ энг оғир дамларда ҳам шошиб қолмайди, йўлини йўқотмайди. Маънавият тарғиботчилари, ижодкор зиёлилар бугунги ёш авлодга ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири – тўқсонинчи йиллари бошида халқимиз ўз бошидан қандай мураккаб ҳолатни кечиргани, истиқлолимизнинг дастлабки ютуқлари қандай ички ва ташқи хуружлар, сиёсий фитна-найрангларни енгиш, сабр ва бардош, ёруғ кунларга ишонч ҳисобига қўлга киритилгани хусусида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги халқчил йўли, янги ҳаракат стратегияси тўғрисида янада кўпроқ, таъсирчанроқ сўзлаб беришлари керак.
Инсоният янги асрга эзгу ниятлар билан қадам қўйганди. Йигирманчи асрнинг талотўплари, қирғинбарот урушлари, тинчлик, аҳил-иноқликка рахна солувчи хатти-ҳаракатлар тарихга айланаётган юз йилликда қолиб кетади, башарият ҳаётида янги саҳифа очилади, деб умид қилганди. Таассуфки бундай бўлмади, шахсий манфаатлар кураши, сиёсий, иқтисодий талотўплар, маънавий-ахлоқий бузғунчилик, қўпорувчилик, қонли можароларнинг келиб чиқиши янада кучайди. Бундай шароитда ўз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир миллат аҳил ва бирдамлигини сақлаб қолиши, миллий манфаатлари йўлида қатъият билан туриши, масъулият ва ҳушёрлигини йўқотмаслиги талаб этилади. “Миллий тикланишдан – миллий юксалишга” шиори остида қураётган янги эркин жамиятимизнинг жадал бўй чўзаётгани, давлат-жамият-шахс муносабатлари янгича шаклланаётгани, жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинлиги қонун билан таъминланаётгани, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқ ва бурч туйғусининг ўсиши, чиндан ҳам, ютуқ ҳисобланади.
Мамлакатимизда кечаётган бугунги умидбахш жараёнларни кузатаётган хорижий мутахассислар, давлат ва жамоат арбоблари уларнинг барчаси инсон манфаатлари билан уйғунлигини эътироф этмоқдалар. Ҳамма нарса инсоннинг бу ёруғ оламда ўз ҳаётидан рози, меҳнати самараларидан баҳраманд бўлиб, азиз фарзандларининг камолини кўриб яшаши, оилавий, сулолавий қадриятларга садоқати учун қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, аҳил-иноқлик, бағрикенглик, кўнгли очиқлик сиёсати ва бу янги йўлнинг дастлабки натижалари кўп масалаларда бир-бирларини тушуна олмаётган Европанинг ҳавасини келтирмоқда десак, муболаға бўлмас. Ўзбекистоннинг бу ибрати улуғ шоирларимиз ёзганларидек, дунё асли битта, аммо у иллат излаганнинг кўзига иллат, ҳадик излаганнинг кўзига ҳадик, ҳикмат излаганнинг кўзига ҳикмат бўлиб кўринади. Халқ билан мулоқот мамлакат ҳаётида ошкоралик ва ижтимоий адолат принципларига асосланган янги маънавий муҳитни юзага келтирди: биз бугун одамларни тингламоқдамиз, ён-қўшнилар билан дўстлик, ҳамкорлик, ижтимоий шериклик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Уларни эшитаяпмиз, қўшнилар ҳам бизни эшитишмоқда. Маслаҳатли тўй тарқамас деганларидек, йиллар давомида тўпланиб қолган, занг босган муаммолар ҳар икки томоннинг миллий, ижтимоий манфаатларига мос равишда, ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан ҳал этилмоқда.
Ўзбекистоннинг Халқаро Валюта Жамғармаси билан алоқалари кейинги йилларда жадал ва тизимли тус олди. Жамғарма комплекс иқтисодий ва таркибий янгиланишларни амалга оширар экан, Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатга доир,  жумладан, аҳоли турмуш даражасини изчил ва босқичма-босқич яхшилашга хизмат қиладиган аниқ чораларни қўллаб-қувватлади, мустақил таҳлиллар асосида мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш суръатлари ҳолатини ижобий баҳолади.  Ялпи ички маҳсулотининг ўсиши жорий йилда 5,5 фоиз, кейинчалик 6 фоизга етиши кутилаётгани  жамғарма экспертларининг фикрича, мамлакатимизда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилаётган ислоҳотларнинг илк босқичи муваффақиятли амалга ошгани, чунончи, валюта муомаласи либераллаштирилгани, солиқ тизими жиддий ислоҳ қилингани, давлат статистикаси тизими тубдан яхшилангани катта ютуқ ҳисобланади. Айтиш зарурки, жамғарманинг техник кўмаги туфайли мамлакатимизда янги солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги концепцияси ишлаб чиқилди, “Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисида” қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлашда жамғарма экспертларининг тавсиялари эътиборга олинди. Пул-кредит сиёсати, банк тизими, солиқ-бюджет сиёсати, тўлов балансини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш соҳаларида ҳамкорлик алоқалари давом этмоқда. Крис­тин Лагард Ўзбекистонда бўлганида мамлакатимиздаги бу ўзгаришларни юқори баҳолади.
Шу йилнинг 2 июли куни Европа иттифоқи саммити Кристин Лагард номзодини Европа Марказий банки раҳбари лавозимига кўрсатди. Унинг ХВЖдаги ўрнига Болгария фуқароси, 66 ёшли Кристалина Георгиева келди.
Кристалина Лондон иқтисодиёт мактабида таълим олган, Софиядаги миллий ва жаҳон иқтисодиёти университети профессори, болгар тилида чоп этилган микроэкономика дарслигининг муаллифи. Кўп йиллар давомида Жаҳон банкида Европа ва Марказий Осиё ҳудудида экологик муаммолар, ушбу ташкилотни корпоратив бошқаришни ислоҳ қилиш масалалари билан шуғулланган. Жозе Мануэл Баррозудан кейин Европа иттифоқининг халқаро ҳамкорлик, гуманитар ёрдам ва кризис ҳолатларининг олдини олиш комиссиясида ишлаган. Ушбу ташкилот бюджетини уч бора ошишига ҳисса қўшган.
ХВЖ раҳбарлигидан Кристин кетди, Кристалина келди. Бу ўзгариш қандай натижаларга олиб келишини вақт кўрсатади.

Аҳмаджон Мелибоев

2019/10

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x