Хафақон (гипертония)

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланишича, артериал қон босимининг 140/90 мм симоб устунидан юқори бўлиши хафақон (гипертония) касаллигининг белгиси ҳисобланади. Бу хасталик аста-секин ривожланиб, узоқ вақт давом этади. Кейинчалик беморнинг қон босими 180/100 дан 200/120 мм симоб устунига кўтарилиши, баъзида эса бу кўрсатгич янада ошиши мумкин.

Хафақон (гипертония) касаллигида қон томир деворлари турли ўзгаришларга учрайди. Кўз тубидаги қон томирлар ва артериал томирлар тораяди, вена томирлари кенгаяди.

Хафақон касаллиги клиник кечишига кўра, мия, юрак, буйракка алоқадор бўлиши мумкин ва ривожлангани сайин айнан шу аъзолар фаолиятини издан чиқаради.

Мияга алоқадор гипертония бош мия фаолияти бузилиши билан бошланади. Бош оғриши, доимий уйқусизлик, бош айланиши беморни безовта қилади. Қон босими тез-тез кўтарилиб туради.

Бош мия қон томирлари қисқариши натижасида қон айланиши издан чиқади. Дард зўрайгач, беморнинг тилдан қолиши, оёқ-қўллари ишламай қолиши кузатилади. Оқибатда инсульт келиб чиқади.

Юракка алоқадор гипертонияда бемор кўкрак соҳасидаги оғриқдан шикоят қилади. Жисмоний ёки руҳий зўриқиш, кўп чекиш, ўта тўйиб овқатланишлардан сўнг оғриқ хуружи бошланади. Хуружлар кўпайгани сари юрак тож томирларида атеросклероз ривожланади. Стенокардия, миокард инфаркти рўй беради. Оқибатда қон айланиши етишмовчилиги келиб чиқади, юрак астмаси кузатилади.

Буйракка алоқадор гипертонияда дастлаб буйрак фаолиятида ўзгариш рўй бермаса-да, лекин кейинчалик буйрак томирларида атеросклероз юзага келиши мумкин. Натижада буйракнинг сурункали етишмовчилиги ва уремия ривожланади.

Сўнгги босқич: хатардан холи эмас

Касаллик уч босқичда кечади. Қачонки беморнинг қон босими 160/95 дан 170/100 симоб устунига кўтарилганда гипертониянинг биринчи босқичига ташхис қўйилади. Бу вақтда юрак-томир тизими, буйрак фаолияти ва ички аъзолар ишида жиддий ўзгаришлар бўлмайди. (Ҳар бир бемор организми ҳолати ўзига хос эканини ёдда тутиш лозим.)

Иккинчи босқичда артериал қон босими турғун ҳолатда ва юқори бўлиб, бемор бош оғриғи, бош айланишидан безовталанади, юрак соҳасида оғриқни ҳис қилади. Бундай вақтда у шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда дори-дармон ичиб юриши, парҳез қилиш ва руҳий-ҳиссий таъсирлардан сақланиши лозим. Ушбу босқичда хафақон хуружлари тезтез такрорланиб туради.

Учинчи босқичда эса артериал қон босими узоқ вақтгача баланд бўлади, ҳатто, 200/115 дан то 230/129 мм симоб устунигача кўтарилади. Худди шу босқичда беморда стенокардия, миокард инфаркти, юрак чап қоринчасининг ўткир етишмовчилиги, инсульт, буйрак фаолиятининг бузилиши, кўз тубида ўзгаришлар кузатилади. Кўпинча гипертония туфайли кишиларда юракнинг ишемик касаллиги, стенокардия ва юракнинг ўткир миокард инфаркти ривожланади. Энг хавфли асоратларидан бири бош мияга қон қуйилишидир.

Унутмаслик керакки, гипертонияга ташхис қўйишдан аввал бемор уролог, невропатолог, офтальмолог, психоневролог шифокорларнинг кўригидан ўтиши зарур. Шунингдек, қон босими дастлаб ошгандан кейин камида 1-2 ҳафта давомида ҳар кун наҳорда ва овқатланишлардан кейин қон босимини ўлчаб туриш шарт. Баъзи ҳолларда қон босими ортиши урологик, неврологик касалликларга ёки бошқа бир неча дардларга (масалан умуртқа чурралари, ҳар хил невритлар, онкологик хасталиклар, қон-томирлар дистонияси, климактерия даври сингариларга) боғлиқ бўлади. Бунда асосий хасталик даволанганидан сўнг қон босими ошиши ўз-ўзидан йўқолади.

Тузалдим деб, муолажани тўхтатманг

Парҳез тутиб, овқатдаги туз миқдорини чеклаш батамом тузалиш дегани эмас. Муолажани фақат шифокор тайинлайди. Шунга кўра бемор шифокор буюрганларини қунт билан бажариши керак.

Беморлар қон босими ўрнига тушиши билан муолажани тўхтатиб қўймасликлари зарур, акс ҳолда касаллик бирданига қўзғаб қолиши, бунда қон босими бирданига кўтарилиб кетиши мумкин. Аҳволи бирдан ёмонлашган бемор дарҳол уйга шифокорни чақириши, у келгунча ўринда ётиб, оёқларига грелка қўйиши, иссиқ ванна қилиши лозим.

Корвалол, валокардиндан 30-35 томчи ичиши фойда беради. Агар тўш ости ёки юрак соҳасида оғриқ турса, нитроглицерин таблеткасини дарҳол тил тагига ташлаб сўриш, овқатдан ўзини тийиши керак.

Хафақонни даволашда фойдаланилаётган дорилар қон босимини пасайтириб юбормаслиги ҳам лозим. Негаки, қон босимининг ҳаддан ташқари пасайиб кетиши бош мия, юрак ва буйракнинг қон билан яхши таъминламай, бемор аҳволининг оғрилашишига олиб келиши мумкин.

Дард зўраймаслиги учун…

Хафақон хасталиги бедаво эмас. Бемор шифокор назоратида бўлиб, айтганларига амал қилса, касаллик ёмон асоратларни келтириб чиқармайди, атеросклерознинг авж олиши сусаяди.

Бемор асабларининг толиқишига йўл қўймаслиги, меҳнат ва дам олишни тўғри уюштириши лозим.

Организмни чиниқтириш, бадантарбия машқларини бажариш, тоза ҳавода сайр қилиш, шунингдек, овқатланиш тартибига риоя қилиш керак.

Чекиш ёки спиртли ичимликлар ичиш гипертонияни авж олдириб юборади, буни унутмаслик керак.

Гипертония билан оғриб ўтган беморлар иш жараёнидаги салбий таъсирлардан узоқда бўлишлари, нерв тизимини кескин қўзғатувчи нарсалар (аччиқ чой, қаҳва, ўткир дориворлар, консерваланган ва дудланган маҳсулотлар)ни, хусусан, овқатга ишлатиладиган ош тузини чеклашлари даркор.

Гипертония

Наима НАСРИДДИНОВА,
кардиолог шифокор,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x