Гипертоник криз

Гипертоник криз қон босимининг тўсатдан кўтарилиши билан кечадиган ҳолат ҳисобланади. Қон босимининг кўтарилиши туфайли мия, юрак, аорта ва бошқа аъзоларда бир қатор ўзгаришлар юзага келади.

Аслида гипертоник криз гипертония касаллигининг асоратидир.

Турли асаббузарликлар, узоқ вақт дам олмасдан меҳнат қилиш ва жисмоний зўриқишлар, туз ва сувни кўп миқдорда истеъмол қилиш, об-ҳаво ўзгаришлари (иссиқ, совуқ, намлик, шамол, магнит қуюнлари),  спиртли ичимликларни кўп ичиш, кашандалик, кучли шовқин, баланд товушларнинг таъсири, врач буюрган дориларни ичишни тўхтатиб қўйиш, турли аллергик реакциялар, простата безининг хавфсиз ўсмаси (аденома), жуда чуқур куйишлар, бош мия фаолиятининг вақтинчалик бузилиши ушбу касалликка олиб келувчи омиллардан ҳисобланади.

Гипертоник криз ҳолати эркакларга нисбатан, аёлларда кўпроқ учрайди. Криз куннинг ҳар қандай вақтида юз бериши мумкин, бироқ кўпинча кечга яқин содир бўлади. Яна  бир муҳим белги шуки, касаллик тўсатдан бошланади. Кўпинча кризнинг бошланаётганини одам ўзида сезади: бош айланиши, кўз тиниши, юрганида гандираклаши, қалтираш, қўрқув, хавотир юзага келади.

Кўпчилик беморларда гипертоник криз пайтида қон босими 200/120 мм. симоб устунигача ва ундан ҳам ошиши мумкин. Қон босими паст юрадиган одамларда гипертоник криз белгилари (юқорида айтилган ўлчов белгисигача етмаса ҳам) яққол билинади. Лекин баъзида одамда қон босими ҳаддан ортиқ кўтарилган бўлса-да, унинг белгилари билинмаслиги мумкин (кексаларда, жисмонан ва ақлий меҳнат туфайли киши толиққанда, уйқусизликда, қандли диабетга чалинган кишиларда).

Аянчли асоратлар

gipertonik-kriz

Гипертоник криз пайтида мия ва юрак тож томирларидаги босим ошиб кетади. Кўпинча мия ва юрак шикастланишига хос белгилар пайдо бўлиши мумкин. Жуда кучли бош оғриғи, бошда “шовқин” ҳисси, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўз олди қоронғилашиши, уйқучанлик, эс-ҳуш бузилишлари, кўкрак соҳасида кучли оғриқ, юрак ритмининг издан чиқиши ва ҳансираш  шундай белгилар қаторига киради.

Ўрта ёшли одамларга нисбатан кексаларда гипертоник криз тез-тез такрорланиб туришга мойил бўлади, шунингдек, юқорида айтиб ўтилгани каби тўсатдан эмас, балки аста-секинлик билан бошланади. Қарияларда бош оғриғи кучлироқ билинади, асосан энса соҳасида оғриқ кузатилади, халқ тилида бу “гардан тортиши”, деб аталади. Айрим ҳолатларда бундай белгилар кузатилмаслиги ҳам мумкин.

Гипертоник кризнинг асорати сифатида қарияларда юрак етишмовчилиги, миокард инфаркти, юракнинг нотекис  уришлари келиб чиқиши мумкин.

Гипертоник криз пайтида энг аввало, беморни қулай, салқинроқ, тинч  жойга ўтказинг. Унинг орқасига ёстиқ қўйиб, ярим ўтирган ҳолатга келтиринг. Кийимларини ечиб, эркин нафас олишига имкон беринг. Эшик, деразаларни очиб, хонани шамоллатинг. Иложи бўлса иссиқ ванна тайёрлаб, бемор оёқларини солинг. Лимон чой ёки лимон шарбати ичиринг. Бошнинг орқа қисмини енгил массаж қилинг.

Гипертоник криз пайтида уй шароитида дори берса бўлади. Агар беморнинг қон босими авваллари ошиб турган бўлса ва оила шифокори унга дори ёзган бўлса, ўша дориларни муддати ўтган ё ўтмаганлигига қараб бериш мумкин. Бироқ шуни эсда тутиш лозимки, асоратли гипертоник кризда қон босими қанчалик тез туширилса, шунча яхши. Аммо асоратлари бўлмаса секин таъсир этувчи дориларни ҳам берса бўлади.

Шифокор ёки тез ёрдам гуруҳи хонадонга ташриф буюргач, биринчи навбатда беморнинг қон босимини ўлчайди. Сўнгра керакли дори-дармонларни ичириши ёки томирга юборишлари мумкин.  Шифокор хулосасига кўра, беморнинг касалхонага ётқизилиши ёки ётқизилмаслиги ҳал қилинади.

Ҳаётга хавф солиши мумкин

gipertonik-kriz

Беморнинг аҳволи ёмон бўлса, касалхонада даволаниш учун ётқизилади. Агар унинг аҳволи оғирлашиб, асоратлар вужудга келган бўлса, беморни реанимация (жонлантириш) бўлимига ётқизиш шарт.

Гипертоник кризда беморнинг тақдири бир неча соат ичида ҳал бўлиши мумкин. Бу ҳолат асоратлари билан ҳам ҳаёт учун катта хавф солади. Шу сабабли гипертоник кризни иложи борича тезроқ аниқлаш ва даволаш муҳим аҳамиятга эга. Кучли оғриқ, кўриш ўткирлигининг пасайиши ва ҳатто кўрлик,  ҳаво етишмай қолиши, юракнинг нотекис уриши, миокард инфаркти ва бошқа кўпгина ҳолатлар  гипертоник кризнинг асосий асоратларидан саналади.

Гипертоник кризнинг  олдини олиш учун, гипертония касаллигидан сақланиш лозим. Бунинг учун:

  • гипертонияга чалинган бемор бор хонадонда албатта қон босимини ўлчагич асбоб туриши лозим;
  • ўз вазнингизни назорат қилиб туринг, семизликка йўл қўйманг;
  • қонда холецтерин миқдорини камайтиринг;
  • калий ва кальцийга бой маҳсулотлардан истеъмол қилинг;
  • уйқуни яхшилаш, асаббузарлик ҳолатларининг олдини олинг;
  • аутотренинг, психотерапия билан шуғулланиб туринг;
  • физиотерапевтик муолажалар, уқалаш, контраст душ қабул қилинг;
  • кунлик истеъмол қилинадиган ош тузи миқдорини камайтиринг;
  • жисмоний машқларни канда қилманг;
  • спиртли ичимликлар, аччиқ дамланган қора чой, қаҳва истеъмолини камайтиринг, чекишни ташланг;
  • жисмоний машқлар билан шуғулланиб туринг;
  • баҳаво жойларга саёҳатга чиқинг.

Қўшимча муолажалар наф беради

shalfey

Касалликнинг илк босқичларида доривор ўсимликлар ёрдамидан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Бу қўшимча муолажа ўрнига ўтади ва бемор аҳволини бироз енгиллаштиради. 1 стакан лавлаги ва сабзи шарбати, 1 стакан қирғичдан ўтказилган ерқалампир (хрен) ва 1 стакан асални яхшилаб аралаштирилади. Ҳар куни 3 маҳал овқатланишдан 1 соат олдин ёки овқатдан 2-3 соат кейин бир ошқошиқдан истеъмол қилинади.

Маврак (шалфей) баргларидан 1 ошқошиқ олиб, 2 стакан қайнаган сувга солинади. 2 соат давомида тиндирилади. Докадан ўтказиб, чорак стакандан кунига 4 маҳал, овқатланишдан 15 дақиқа олдин ичилади. 2 дона лимон, 50 дона ёнғоқ мағзи ва ярим килограмм майиз олинади. Лимоннинг уруға олиб ташланади. Ҳаммаси гўштқиймалагичдан ўтказилади ва яхшилаб аралаштирилади. Ҳар куни 3 маҳал овқатдан сўнг 1 ошқошиқдан истеъмол қилинади.

Беҳининг барги ва пўстлоғидан 250 граммдан олиб, бирон идишга солиниб, устига 1 литр қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйилади. Ушбу дамламани 3 маҳал 100 граммдан ичиб туриш тавсия этилади. Ҳар хил мева-сабзавотларни қирғичдан ўтказиб сувини доимий равишда ичиб турилса  мақсадга мувофиқ. Сут-қатиқ маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилиш организмни кальций тузлари ва оқсил билан бойитади. Таомларни ўсимлик ёғида тайёрлаб, оз-оздан еб туриш маслаҳат берилади.

Абдуқаҳҳор ФОЗИЛОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x