Георгий ТОВСТОНОГОВ (1915–1989) САҲНА КЎЗГУСИ

Рус тилидан
Жўра МАҲМУД
таржимаси

Сезгилар табиати

Театр, ўз табиатига кўра, ўйиндир. Драма, комедия, ҳатто трагедияни ҳам ўйнаш мумкин. Худди ёш боланинг ўйини каби бу ўйиннинг ҳам чек-чегараси йўқ. Қиз бола оддий бир латта қўғирчоқни қўлига олиб, “она ва бола” эрмагини ўйлаб топади, ўғил болалар эса ёғоч қилични бир-бирига ўқталиб, “уруш-уруш”га шўнғийди. Борди-ю ростакам қилич пайдо бўлса, ўйиннинг моҳияти йўққа чиқади. Демак, чинакам ҳаёт ўйиндан иборат эмас.
Ҳаётий воқеликни акс эттирмоқчи бўлган ёзувчи асар мавзусига сеҳрли кристалл (биллурий маъдан) орқали қарайди. Театрда эса ана шу “қараш” шаклини қидириб топсак, у ижро усулига айланади ва ҳаётий хусусиятга эга бўлади.
Бугун театр санъатига эътироз билдирувчилар кўп, шундай бўлса-да, таъкидлаш керакки, назария ҳамиша амалиётдан ортда қолиб келган. Агар барча вазифаларни назариётчилар, танқидчилар, театршунослар ҳал қилганида, режиссёр ва актёрлар учун қиладиган ишнинг ўзи қолмасди. Саҳнадаги табиий ҳаракатни топиш йўлида шу асарнинг саҳнавий ҳақиқатини излаш – режиссёр ва актёрнинг асосий мақсади бўлмоғи лозим. Назариётчиларнинг вазифаси эса бизнинг ижодий изланишларимиз, тажрибаларимизни таҳлил қилиш, уларнинг фойдали-фойдасиз жиҳатлари тўғрисида мушоҳада юритишдан иборат.
К.Станиславский учун актёр муаллиф ғояларини амалга оширувчи жўн восита эмас, аксинча, театрнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи, саҳнада инсон руҳиятига жон бағишловчи – шахсдир. Шунинг учун режиссёр ва актёр муваффақияти, одатда, бир хил кесимда ўлчанади. Азалдан буюк режиссёрлар буюк актёрлар билан ишлаган ва улкан ютуқларни қўлга киритган.
К.Станиславский бутун умрини актёрлик санъатига бағишлаган. У кашф қилган система ҳам актёр ижросининг назарий қонуниятларини ўрганади. Жисмоний ҳаракат услуби, санъатдаги ихтиёрийликдан беихтиёрийликка ўтишда зарур йўлларни излаб топиш – Станиславкий системасининг моҳиятини ташкил этади. Афсуски, мазкур система назариясини яратишга унинг умри етмади. У ишлатган “сезгилар табиати” атамаси фақатгина актёрнинг саҳнавий фаолиятига алоқадор бўлиб қолмай, ижрочининг асар дунёси билан ҳамоҳанглиги, муаллиф пьеса воқеаларига қайси нуқтадан ёндашгани, асардаги муҳит, қаҳрамонларнинг ҳис-туйғуларини англаш орқали саҳнада ифодалаш каби масалаларни ҳам назарда тутган эди.
Кўпчилик асар муаллифи режиссёр ва актёрнинг эркин фаолиятини чеклаб қўяди, уларга шахсий муносабатини кўрсатиш имконини бермайди, деб ўйлайди. Ишончим комилки, театр фойдаланадиган усуллар у қадар кўп эмас, аниқки, улар бир-бирини такрорлайди ва бу табиий ҳол. Шу боис актёрлар билан биринчи учрашувга тайёргарлик кўраётган режиссёр усуллар тўғрисида ўйламаслиги керак. Унинг ўрнига режиссёр ҳозир актёрларга тавсия этаётган пьесаси ҳақида, хусусан, ушбу пьеса шу вақтгача саҳналаштирилган асарлардан қай жиҳати билан фарқланиши, муаллиф воқеликка қайси нигоҳ билан ёндашгани, асарнинг жанри, тақдирлар тўқнашуви, саҳнавий бадиҳа тамойиллари тўғрисида ўйлаши лозим. Ҳар бир асарнинг жанри берилган шарт-шароитларни танлашга кўмаклашади.
“Сезгилар табиати” спектакль унсурларидан бири эмас. Бу тушунча бўлажак спектаклда роль ижро этувчи актёрлар, шу асарни саҳналаштирувчи режиссёр томонидан бир тизимга келтирилган ягона магнитдир. Сезгилар табиати Шекспир асарида роль ижро этаётган артистни Чехов ёки Островский асарида ўйновчи актёрдан фарқловчи мезондир.
Бундай вазиятларда фақат тажрибада синалган системадан фойдаланишнинг ўзи камлик қилади. Айрим ҳолларда системага таяниб иш кўриш саҳна ижодкорларига халақит бериши ҳам мумкин.
Кўпинча асарда кўрсатилган шарт-шароит, унсурларни танлаш ўрнига уларни жамлашга ҳаракат қиламиз. Гўё ҳамма асарлар учун бир тусдаги ифода воситаларини қўллайвериш мумкин, деб ўйлаймиз. Ҳар қандай пьеса қулфини очувчи ягона калит бўлмагани каби, ҳар бир асарнинг ўз табиати, воқеалар кечадиган замон, майдон, берилган шарт-шароити бўлади. Шунингдек, ҳар бир пьеса сюжетининг ўзига хос кузатиш бурчаги мавжуд. Токи бизни ўйлантираётган муаммони муаллиф қайси кузатув нуқтасидан туриб ечишга ҳаракат қилаётганини сезмасак, ҳис қилмасак, режалаштирилган ишни актёрлар билан амалга оширишга киришмаган маъқул.
Барча асарлар учун кўпинча ҳаётий ҳақиқат – ягона мезон, деб ўйлаймиз. Ҳар сафар янги асарни қўлга оларканмиз, асар муаллифининг тўлқинига созланишимиз, унинг ҳаётни акс эттириш йўсинини англашимиз зарур. Мисол учун, Чехов асарларида об-ҳавонинг айниши, бош оғриғи, куннинг қандай бошланиши муҳим бўлса, Шекспир комедияларида иқлим ҳамиша яхши, қаҳрамонларнинг ҳеч қаери оғримайди, ҳаво ёмон бўлса, у албатта, бўрон кўринишида бўлади. Актёр учун нима муҳиму нима муҳим эмас? Ҳамма гап шундаки, сезги табиатини қидириб топиш натижаси дарров билинадиган иш бўлиб, актёрни ана шу сезгилар, ҳис-туйғулар табиатига яқинлаштириш керак. Репетициядан кўзланган мақсад ҳам ана шунда! Станиславский ички сезгилари орқали ҳар бир асарнинг калитини топишга ҳаракат қилган. У Чехов ёки Горький бўладими, “Жўшқин юраклар”, “Мовий қушча”, “Меҳмонхона бекаси”, “Фигаронинг уйланиши” спектакллари бўладими, ҳеч бири бундан мустасно эмас.
“Уйдирмаларимдан кўзим гирён” – Пушкиннинг ушбу жумласи мазкур сезги табиати тушунчасига мисолдир. Яъни шоир уйдирмаси ва ҳаётий ҳақиқат тушунчалари “сезгилар табиати”ни ўзида мужассамлаштиради.
Режиссёрлик касбининг ўзига хослиги шундаки, биз томошабиннинг саҳнадаги ишончли вакилимиз, бинобарин, театрнинг сирли, ғаройиб оламини яратишимиз зарур. Пьесани ҳамма учун ўқишимиз лозим, китобхон эътиборсиз қолдирган сатрлар қатидаги маънони англашимиз ва уни саҳнада кўрсатишимиз керак.
Одатда, мен пьесани ўзимдан юқорироққа ўрнатилган чироқ ёруғида ўқийман. Кимдир шу алфозда ухлаб қолиши мумкин, бироқ каминанинг бундай қилишга ҳақи йўқ. Мен тонг отгунча, жилла қурса, тун ярмигача ухламаслигим шарт, боиси шу палла шууримда пьеса ҳақидаги азобли ўйлар ва саволлар мавжланиб кетади. Масалан, нега Грибоедовнинг “Ақллилик балоси” асаридаги Молчалин якунда мағлубиятга учрашига қарамай, пинагини ҳам бузмайди. Ваҳоланки, пьеса бўйича у лаганбардор, лафзи беқарор бўлса-да, Софиянинг эътиборини қозонишга улгурган. Чацкийнинг хавотир олиши нимадан? Бундай саволлар кўпинча саҳналаштирувчининг эътиборидан четда қолиб кетади. Менимча, бугун Молчалин тоифасидаги одамлар туриш-турмуши ва яшаш тарзи билан Чацкийдан устун туради. У қадр-қимматини билади, ғурури баланд…
Ҳар қандай пьесага диққат билан ёндашув унинг тагзаминида яшириниб ётган “сезгилар табиати”ни уйғотади ва режиссёрнинг вазифасини осонлаштиради.
Юксак мақсадларни кўзлаган ҳар бир труппа, ижодий жамоада ички сезгилари ўткир, ўзи ва бошқалар, энг муҳими, режиссёрга нисбатан талабчан, сардор актёр бўлиши шарт. Катта драматик театрда ана шундай етакчи актёрлардан бири  Евгений Лебедевдир. М.Горькийнинг “Мешчанлар” пьесасидаги Бессеменов роли шу актёрга ишониб топширилди. Ўз ролларининг ўқтомирини қидириш, ҳар қандай характернинг, гарчанд у салбий қаҳрамон бўлса-да, инсонийлик қиёфасини юзага чиқариш – Лебедевга хос хусусият. 1966 йилда саҳналаштирилган мазкур спектакль томошабинлар, театр танқидчилари томонидан ижобий кутиб олинди. Бунинг сабаби шундаки, театр актёрлари ўз қаҳрамонларининг сезги табиатига мос ижро усулини топишган. Айниқса, Евгений Лебедев. У яратган образ Шекспирнинг Лирини эслатиб юборади, фарзандлари томонидан хўрланган инсоннинг эҳтирослари Шекспир қаҳрамониникидан ортиқ бўлса бордир, аммо кам эмас. Бессеменов бутун умр шу болалари учун тинмай меҳнат қилди, бойлик тўплаш илинжида ўзини минг кўйга солди, бугун эса улар билан ҳатто гаплашишга ҳам ҳақи йўқ. Бессеменов қанчалик куйиб-пишса, биз унинг хатти-ҳаракатидан шунчалик куламиз. Демак, ҳар бир пьесанинг саҳнавий талқини тўғри топилса, асарнинг сезгилар табиати тўғри йўналишда фаолият кўрсатади. Актёр ҳиссиётларини мақсадли сарфласа, унинг роль қиёфасига кириши шунчалик осон ва енгил кўчади.
К.Станиславскийнинг таъкидлашича, қиёфага кириш борасида нотўғри қараш мавжуд. Қиёфага кириш – ўз дунёингдан ажралиш дегани эмас. Ролдаги хатти-ҳаракат жараёнида берилган шарт-шароитга мослашасиз, “Мен” қаерда-ю, “роль” қаердалигини унутасиз. Бу ҳолатда на кийим-кечак ва на гримм сизга ёрдам бера олади.
Янги спектакль саҳналаштираётганда, Станиславский кашф қилган қонунга бўйсуниб яшаш, ҳар сафар бошқа одам бўлиб кўриниш, ўзининг “Мен”идан янги тимсол сари интилиш, янги характер яратиш – режиссёр сифатида актёрлардан асосан шуларни талаб қиламан.
Л.Толстойнинг “Холстомер” қиссаси асосида саҳналаштирилган спектакль улуғ саҳна назариётчиси Бертольд Брехт ижрочилик мактабига хос “бегоналашув” услубига асосланади. Яъни асар талқини бўйича от босиб ўтган ҳаёт йўлини инсон тақдирига менгзаш лозим эди. Ушбу асарни саҳналаштириш кўплаб саволларга ойдинлик киритишни тақозо қиларди. Хўш, саҳнада отни қандай ўйнаш мумкин? Отга хос бўлган пластик ҳаракатлар ва жонивор характерини қандай акс эттириш мумкин? Асарнинг қайси қисмида инсоний қиёфа намоён бўлади? Актёрлар томошабин билан қандай шаклда мулоқот ўрнатади?
Актёрларга пластик ҳаракатларни ўргатиш учун балетмейстер таклиф қилдик. Аммо ҳозирги вазиятда рақснинг ифодавий шакли ишни чалкаштириб юбориши ҳеч гап эмасди. Қолаверса, рақс ижрочиларнинг импровизация топилмалари, хатти-ҳаракатларини чеклаб қўядигандек туюларди. Натижада балетмейстердан воз кечишга тўғри келди. Генерал отларини “кўрикдан ўтказиш”и ҳамда “пойга” саҳналарида ҳар бир актёр ўзи ижро этаётган отлар характерини ўзи топиши керак деган қарорга келдик. Мен учун бундай синов актёрларнинг ўз ролларига нечоғлик киришгани, пьеса таҳлилидан сўнг мустақил равишда образга тайёрлиги, ролни қанчалик ҳис қилиши каби муҳим жиҳатларни текширувчи кўрик бўлди десам, муболаға қилмайман. Эътироф этаманки, бу ишда биронта қоқилиш-янглишиш ҳолати рўй бермади.
Замонавий мавзуда спектакль саҳналаштириш учун “сезгилар табиати”ни аниқлаш энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. Хўш, “сезгилар табиати” нимани англатади? Бу алоҳида руҳий соз бўлиб, кўпинча ижодкор изланишлари орқали пайдо бўлувчи, томошабин ва саҳна ўртасидаги бўшлиқни тўлдириб, ҳар икки томон ўртасида кўприк барпо қиладиган, фақат муайян спектакль, мавжуд шарт-шароит ва муаллиф қаламига мансуб ички ва ташқи ҳис-туйғулар ҳосиласидан иборат.

1979 йил

Спектакль рамзийлиги
(“Ҳамкасблар билан суҳбат” китобидан)

Всеволод Вишневскийнинг “Ҳаётбахш ўлим”(“Оптимистическая трагедия”) асарини саҳналаштириш тўғрисидаги режиссёр ўйлари

Мен Всеволод Вишневскийнинг “Ҳаётбахш ўлим” асари каби жанри, характери, мавзуси аниқ ифодаланган бошқа бирор драматик манбани учратмадим. Ҳақиқатан ҳам барҳаёт, ҳақиқатан ҳам фожиа-трагедия.
Ҳар қандай ғалабанинг кўлами енгиб ўтилган машаққатлар миқёси билан ўлчанади. Инсоннинг қудрати баландпарвоз сўзлар, минбарлардан айтилган даъватлар, ваъзхонликлар билан эмас, амалда кўрсатган жасорати, ҳақиқий душманга қарши курашида намоён бўлади. Душман қанчалик кучли ва маккор бўлса, унинг устидан қозонилган ғалаба ҳам шунчалик тотли ва залворлидир.
Бундан тахминан чорак аср муқаддам жангчи ёзувчи Всеволод Вишневский ўзининг таркиб жиҳатдан мураккаб, ҳис-ҳаяжонга тўлиб-тошган янги асари билан майдонга чиқди. Ёзувчи мусибатли замоннинг долғали кунлари, миллионлаб одамларнинг бахтли келажак яратиш учун қўлига қурол олиб жангга кирган онлари, шу даврнинг ўткир ва мураккаб манзарасини ўз асарида акс эттиришга ҳаракат қилган.
Пьесадаги асосий воқелик нимадан иборат?
Болтиқ денгизининг кемаларидан бири инқилобнинг дастлабки кунлари ҳарбий флотни эгаллаб олган “эркин анархист-инқилобчилар” орасига комиссар аёлни сафарбар этади. Комиссар шу гуруҳдаги соғлом фикрли кучларга таяниб, аста-секин анархистлар бошлиғи ва унинг тарафдорлари қаршилигини синдиради. Аввалига уларни эзгуликка хайрихоҳ матрослар жамоасидан ажратиб, сўнг батамом йўқ қилиб ташлайди. Пировардида қолган матрослар таркиби билан доимий ҳаракатдаги жанговар армия тузилади.
Вишневский пьесасининг мухтасар мазмуни шундай.
Табиийки, саҳналаштирувчи гуруҳ олдида “Бўлажак спектакль қандай бўлиши керак?” деган савол турарди. Мазкур асарга мурожаат қилар эканмиз, асардаги ҳар бир қаҳрамон тақдирини бошқа персонажлар қисмати билан туташтириш орқали умумий фожиани кўрсатиш асосий мақсадга айланмоғи лозим эди.
Бунинг учун нима қилиш керак?
Мен “биз” деган сўзни беҳуда ишлатганим йўқ.
Ленинграддаги Пушкин номли театрнинг аҳил жамоаси, ишчи гуруҳимиз иштиёқ ва ҳамжиҳатлик билан тайёргарлик ишларини бошлади. Энг аввало, режиссёр Рубен Агамирзян, рассом Анатолий Босулаев, композитор Кара Караев билан ўртамизда ажойиб муҳит яратилди.
Рассом асар яхлитлигини таъминлаш мақсадида саҳна марказини бутунлай эгаллаган ярим доира кўринишидаги ҳаракат майдонини яратди.
Босулаев таклиф этган, пастдан юқорилаб, уфқ сари чўзилган йўл кўринишидаги қия дастгоҳ-декорация асар воқеаларининг макон, майдон ва замондаги ҳолатини ҳис қилиш имконини берди ва шунга монанд шарт-шароит яратилди. Рассом декорациясидаги йўл тасвири йўналиш – ҳаракатнинг рамзий белгиси бўлиб, дарҳақиқат, “Ҳаётбахш ўлим”даги матросларнинг ғоявий эътиқоди шиддатли ҳаракатни талаб қиларди.
Ана шу ҳаракат ва шижоатнинг рамзий ифодаси ўлароқ айланиш орқали турли манзара ва манзилларни акс эттирувчи “ЙЎЛ” кўринишидаги декорация спектаклнинг ягона тасвирий ечими қилиб олинди.
Спектаклдаги иккинчи декорация вазифасини саҳна тўридаги уфқ тасвири бажарди.
Вишневский пьесасининг кўп ўринларида “булутсиз жазирама осмон”, “ғира-шира уфқда бир тутам булут”, “эрталабки қуёш нурида чанг-тўзон ярқирайди”, “қуёш кўзни қамаштиради” каби ремаркалар учрайди. Гўё муаллиф бепоён осмоннинг ранг-баранг товланишини ҳар кўринишда таъкидлаб, спектаклнинг умумий муҳитини саҳналаштирувчилар қулоғига қуйиб тургандай эди.
Босулаев декорациясининг иккинчи унсури шу тариқа дунёга келди. Яъни саҳналар ўзгариши билан янги рангу кўринишда нур таратувчи чексиз осмон, учинчи ҳаракатланувчи (биринчиси актёр, иккинчиси айлана шаклидаги уфқ томон чўзилган йўл) восита пайдо бўлди. Спектаклнинг учинчи унсури саҳна ортидаги бўшлиққа тортилган парда бўлиб, саҳна тепасидаги кўприкка ранг бериш учун ўрнатилган ёриткич (прожектор)лар­нинг турфа ёғдуси томошанинг умумий кўриниши, муҳит-кайфиятини ўзгартириб турарди.
Энди кўп режиссёрлар ёқтирмайдиган оммавий саҳналарга бизнинг театрда қандай ёндашилгани ҳақида қисқача изоҳ: “Ҳаётбахш ўлим” спектаклидаги ҳар бир саҳна, ҳар бир кўриниш режиссёр олдига янги-янги ижодий масалаларни кўндаланг қилиб қўярди. Мазкур спектаклда ҳам саҳналаштирувчи режиссёр тўртта оммавий саҳна учун бадиий ечим топиши лозим бўлди. Булар: “Тунги жанг”, “Биринчи батальоннинг қуршовга тушиб қолиши”, “Тош девор ёнидаги жанг”, “Денгизчиларнинг озод қилиниши” саҳналари.
Театр санъатида жанг саҳнасини тўғридан-тўғри кўрсатиб бўлмайди. Гап шундаки бунда жангнинг сохталиги дарҳол сезилиб қолади. Кино санъатида табиий кўринишлардан фойдаланиш фильмнинг таъсирчанлигини таъминлайди, театрда эса бу ҳолат ясама ва сунъий бўлиб қолади. Театр ўзига хос таъсир воситаларига эга. Масалан, бизнинг спектаклимизда “Тунги жанг” саҳнаси қуйидаги манзара орқали талқин қилинди.

Биринчи оммавий саҳна
Тунги жанг

Этни жунжиктирадиган тун қоронғиси. Уфқ ғира-шира кўзга ташланади. Кўзни қамаштирадиган прожектор нури у томондан бу томонга изғийди. У гоҳ тикансимлари узилиб кетган якка устундан сирғалиб, ерда узала тушиб ётган жонсиз ёшгина аскар юзини ёритади, беозор сочларини енгил шамол ила тўзғитади. Тўсатдан душманга ҳужум қилиш учун чўлдаги тепалик устида Командир ва Комиссар кўринади. Матрослар тепаликка эмаклаб чиқмоқда. Кема командири “Тўхта!” дея буйруқ беради.
Чироқ нурида матрослар шарпаси… Булар олдиндаги тиканлисимларни бартараф этиш учун жўнатилган “илғорлар” бўлими.
Қолган денгизчилар ерга қапишиб ётипти… Юракни эзадиган сукунат…
Қоронғида кимдир гугурт чақиб, папирос тутатади.
Овоз: Нима қиляпсан аҳмоқ?
Овоз: Нима?! Ким у акиллаётган?..
Шовқин ва гувиллаган овоз тобора кучайиб боради…
Кема командири: Комиссар илтимос, секинроқ!..
Овоз: Ҳей, секинроқ…
Яна жимлик чўкади. Олдинга кетганлар томонидан ҳуштак овози эшитилади…
Командир: Олға!!!
Аскарлар олдинга ташланиш учун қаддини ростлаши билан ёнбошдан прожектор нурлари порлайди.
Командир: Ёт!!!
Матрослар яна юзтубан ерга ётадилар…
Прожектор нури саҳна бўйлаб аста ўрмалайди. Чироқ нурида гоҳ юз-кўзини чангдан тозалаётган аскар, гоҳ ялтираган милтиқ найзаси, гоҳ тумшуғи юқорига кўтарилган пулемёт “ялт” этиб ўтади. Гўё кимнидир тимирскилаб қидираётгандай бўлади. Яна қоронғилик… Матрослар яна қад ростлайдилар.
Командир: Оёққа!!! Олға!!! Ур-р-а-а-а!!!
“Ур-р-а!!!” овозига қарши ўлароқ, пулемётнинг тариллаши эшитилади. Замбарак гумбурлайди. Милтиқлар овози…
Матрослар олдинга ташланадилар… Одамлар чалғидай ўрилади. Ўқлар зарбасига чидолмаган анархистлар ортга чекинади. Улар орасида Алексей ҳам бор. Ҳужум тўхтаб қолади.
Овоз: Биродарлар орқага!.. Хоинлик!.. Орқага!…
Чап тарафдан Комиссар югуриб киради. У ортидан аскарларни эргаштириб келаётган эди.
Комиссар: Қаёққа! Тўх-та-а!
Тўппонча олинади. Икки бора осмонга ўқ узилади. Қочаётган анархистлар тўхтаб қолади.
Комиссар: Бошқа томонга югуряпсиз, денгиз жангчилари. Душман у томонда.
Командир: Илтимос, сал юмшоқроқ муомала қилинсин. Ур-р-а-а-а!!!
Хурсандчилик садолари дашт узра таралади. Уфқ бўйлаб пулемёт овозлари, замбараклар гумбурлаши қулоққа чалинади, портлашдан таралган ёруғлик, ёнғин алангаси кўринади. Қоронғилик ичра сароб каби оқ қайинлар ва қайрағочлар сояси, сўнг Украина қишлоғи манзаралари гавдаланади.

Иккинчи оммавий саҳна
Тунги “қоровул”

Тун. Бепоён Таврия биёбони ўртасидаги кичкина қўрғон, тепасида минг йиллардан бери қўққайиб турган скифларнинг ёғочдан ўйиб ишланган аёл ҳайкали. Душманларга йўл очиб бериш учун қоровулликда турган Войнонни пичоқлаб ўлдирган Сиплий мурдани тик турғазиб устунга суяб қўяди-да, ўзи қоронғилик қаърига шўнғийди.
Тун сукунатини қарғанинг совуқ қағиллаши бузади. Сиплий кетган томондан қаттиқ ингроқ эшитилади.
Эмаклаб келаётган одамлар сояси кўринади, “Олға, тезроқ, тезроқ!” деган паст овоздаги немисча сўзлар эшитилиб туради. Қўрғон атрофида тўсатдан немис аскарларининг каскаси кўринади.
Тепаликдаги аёл ҳайкали ёнида немис офицери турибди. Шу пайт Войнонни кўриб қолади, бир аскарни имлаб чақиради-да, унинг ёнига жўнатади. У қоронғида эмаклаб бориб Войноннинг бошига милтиқ билан уради, жонсиз гавда ерга қулаб бораркан, боши тошга урилади.
Немис аскари Войнонни пайпаслаб кўради.
Аскар: У ўлган..
Офицер: Олдинда ким бор?
Аскар (қоронғилик қўйнига кириб кетиб, тезда қайтиб чиқади): Йўл очиқ.
Офицер: Олға! Тезроқ! Тезроқ!
Аскарлар бирин-кетин олдинга интиладилар.

Учинчи оммавий саҳна
Тош девор ёнидаги жанг

Мазкур саҳна ҳозиргина душман ёриб ўтган ҳимоядан сўнг давом этади. Ваҳимали кўринишга эга тошдевор ёнида душман томондан қуршовга олинган биринчи батальондан қолган бир ҳовуч матрослар сўнгги ўқларини сарфлаб, ўзларини ҳимоя қилмоқда.
Барабанлар садоси кучайгандан-кучайиб бормоқда.
Қолган ўқлар ҳам отилиб бўлди… Тўсатдан тепалик устида гармон кўтарган Алексей пайдо бўлади. Гармон қатлари ёзилади, мусиқа овози янграйди.
Алексей: Бақалоқлар, бардаммисиз!.. Душманга елка кўрсатилмасин!.. Энди навбат “Варяг ва унинг ҳалокати” қўшиғига…
Секин-аста гармоннинг овозини оркестр босиб кетади. Саҳна оҳиста айланади, аввалги кўринишдаги тош деворнинг орқа томони кўринади. Тошларга ишлов бериб ялтиратилган деворлар ёнидаги зинапоя. Барабаннинг овози тобора кучайиб, ваҳимали янграмоқда. Матрослар қўл жангига тайёрланадилар, айвонсиз шапкалар юқорига итқитилади, камзуллар ечилади, енглар шимарилади. Одамлар ялтироқ ханжарларни тишлаб олишган, милтиқлар чўқморга айлантирилган. Саф-саф бўлиб тизилган денгизчилар бир-бир босиб зинадан пастга тушиб кела бошлайдилар. Уларнинг нигоҳи, шижоати душманга қаратилган. Оркестрда “Ватан мадҳи” янграйди. Қўшиқ борган сари кучлироқ жаранглайди. Яна бир неча дақиқадан сўнг ҳаёт-мамот жанги бошланади.
Парда ёпилиб, очилади. Тиканли сим ортида асир олинган бир неча матрос. Ҳолдан тойган ярадорлар ҳар ер-ҳар ерда қонга беланиб ётипти.

Тўртинчи оммавий саҳна
Асирликдаги денгизчиларнинг озод қилиниши

Саҳна ортида жанг давом этмоқда. Аммо у бизга кўринмайди. Одамларнинг узуқ-юлуқ ҳайқириқ ва ҳаракатларидан ташқарида бўлаётган жанг ва душман мағлубиятини тасаввур қиламиз…
Саҳнадагилар мумкин қадар вақтни чўзишга ҳаракат қилади. Соат миллари имиллаб 5 рақами томон судралмоқда. Душман орқасига ўтиб олган иккинчи батальон соат бешда ҳужумга ўтиши керак.
Туйқус ўқ овози эшитилади. Тепаликда турган немис солдати ағдарилади. Пулемёт тариллайди. Одамлар ерга ётади.
Қўрқувдан ранги оқариб кетган немис аскари қўл кўтариб чопиб ўтади. Ўз аскарларини жангга чорлаётган карнай овози бирдан ўчади.
Олисдан бутун чўлга ёйилган “Ур-р-а-а-а!!!” садолари янграйди.
Саҳна айланиши баробарида тикансимларни йўлдан олиб ташлаётган Командир бошлиқ аскарлар оқими кириб келади. Бир сония ўтар-ўтмас улар Комиссарни қутқариш учун югуриб чиқиб кетадилар. Саҳна бўш. Қуёндек ирғишлаб сакраб Сиплий қочиб киради. Алексей қувлаб унга етиб олади. Икки рақиб бир-бирига ташланади. Сиплийнинг қўлида пичоқ ялтирайди. Олишаётганлар бир-бирини уриб-йиқитиб, девор ортига думалаб кетадилар.
Мана, улар яна саҳнада. Бу сафар Сиплий ерда илондек тўлғанади. Ўзини ҳар томонга уриб, ўрнидан туришга интилади. Алексейнинг қўли Сиплийнинг томоғини омбурдек маҳкам сиқади.
Ўқ овозлари тинади. Душман устидан ғалаба қозонилди. Матрослар қийноққа солинган Комиссарни суяб олиб кирадилар.
Мазкур “Ҳаётбахш ўлим” спектакли 1960 йилда томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган эди.

“Ревизор” спектакли устидаги изланишлар
(“Ҳамкасблар билан суҳбат” китобидан)

Н.Гоголнинг “Ревизор” комедиясига жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бири сифатида алоҳида эҳтиром билан қарайман. Бу, шубҳасиз, буюк асар, бироқ, режиссёрлик тасаввурим бўйича, уни ўзимдан йироқдаги ҳодиса деб ўйлардим. Бундай асарни саҳналаштириш учун алоҳида бир эҳтирос кераклигини ҳис қилардим. Шу вақтгача “Ревизор”нинг турли талқинларини кўргандим ва улар мени асардан янада узоқлаштирарди. Фақат Мейерхольд саҳналаштирган “Ревизор” спектакли бундан мустасно эди.
“Ревизор”га қизиқиш Достоевский орқали қалбимга ўрнашиб қолди. Достоевский ижоди кўнглимга ниҳоятда яқин. Айниқса, “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”, “Телба” асарларини саҳналаштириш жараёнида у яратган қаҳрамонлар олами, инсон муносабатларининг нақадар чуқурлигига амин бўлганман. Ўша даврда Достоевскийнинг “Биз ҳаммамиз Гоголнинг “Шинел”идан чиққанмиз”, деган сўзлари хаёлимни ром қиларди. Шу тариқа “Ревизор” тўғрисида бош қотира бошладим.
Пушкиннинг Гоголь ижодини “фантастик реализм” (“тахайюлий реализм”) деб атагани менга ғалати туюларди. Аммо бу ташбеҳ “Ревизор”га мос келмасди.
Мен бутун пьесадаги барча қаҳрамонларни бирлаштирувчи қизил ипни топишим керак эди.
Воқеаларнинг шиддатли ривожи – шаҳар ҳокими ва унинг гумашталари кўзини кўр, ақл-идрокини шол қилиб қўйган иллатлар нимада эди?
Бу саволларга жавоб топиш осон бўлмади. Мен учун ягона жавоб – “ҚЎРҚУВ” тушунчаси бўлди. Шунчаки оддий қўрқиш эмас, одамни васвасага солиб, алаҳситиб қўядиган, жаҳоншумул аҳамиятга молик фазовий қўрқув. Назаримда, пьеса бошдан-оёқ шу руҳ билан суғорилган.
Мана шу ҚЎРҚУВ бир қарашда оддий бўлиб кўринса-да, бизни пьеса руҳиятига олиб киради, оддий тил билан тушунтириб бўлмайдиган муҳитни вужудга келтиради. “Ревизор”нинг буюклиги шундаки, асарда ҳаётийлик ва алаҳсираш ўртасидаги васваса ҳолати мавжуд. Пьесада яна қандайдир кўзга кўринмас бир куч бор, у воқеаларни бошқаради, қаҳрамонларни жиловлаб туради. Бундай куч ҳаётда ҳам мавжуд бўлиб, бунга мисол сифатида Чор Россиясининг яккаҳокимлик сиёсати ва темир исканжали миршаблар машинасини эслаш кифоя.
Оддийгина Хлестаков ҳокимнинг кўз ўнгида даҳшатли олабўжи, сирли махлуқ қиёфасида кўринади. “Қўрққанга қўш кўринар”, деганларидек, муттаҳам, гугурт чўпидек арзимас бир пандавақи қўрқувнинг зўридан “жаноби Палончиев”га айланиб қолади. Кўз ўнгимизда у амалдор, тафтишчи, порахўр тусига киради ва якунда ўз зиммасига юклатилган вазифани бажаради.
Ҳоким бошлиқ шаҳар корчалонлари ревизорнинг махфий ташрифини эшитиб, уни одатдаги текширувчилардан деб ўйлашади. Очиғи, бу галги ревизорнинг қиёфаси – ваҳиманинг маҳсулидир. Ишончим комилки, бу тасаввурдаги тимсол спектакль муқаддимасидаёқ пайдо бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан спектакль баланд нуқталардан бошланиши зарур. Бу мудҳиш “кимса”нинг келаётгани тўғрисидаги машъум хабар шаҳар аҳли орасида чинакам қўрқув кайфиятини уйғотиши даркор. Дафъатан тарқалган бу ваҳимали хабар мияни чайқатиб, қонни суюлтириб, оёқларни чалиштириб юборади. Ушбу ҳолатни кўрсатиш учун бақир-чақир, тўс-тўполон кўтаришнинг ҳожати йўқ. Аксинча, ички қўрқув ва ваҳима ташқи осойишталикка хизмат қилса мақсадли бўлади, демак, биринчи саҳна сиртдан қараганда сокинроқ ўтгани маъқул.
“Ревизор” комедиясида ҳолату характерларнинг турфа эврилишлари намоён бўлади. Пьесада кичкинагина, жинқарча Хлестаков кўз ўнгимизда улкан амалдорга айланади, шаҳар ҳокими эса сарой аъёни даражасига тушиб қолади.

1972 йил 12 январь
Пьеса муқаддимаси. Ҳоким махфий Ревизор келаётгани ҳақидаги хабарни айтгач, шаҳар амалдорлари оёқни қўлга олиб югуриб келишган.
Георгий Товстоногов: Мен айтган қўрқув мавзуси ҳолатни ўйнашга олиб келди. Қўрқув, бу – натижа. Уни намоён этиш ҳар бир иштирокчининг характеридан пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар ким ролига хос юриш-туриш, хатти-ҳаракат топиши керак.
Макарова (Анна Андреевнани ўйновчи актриса): Фақат биттамиз – Лавров (Ҳоким)гина ўз ролига масъулият билан ёндашаётганга ўхшайди.
Трофимов (Лука Лукич Хлопов): Ҳозир фақат Ҳокимнинг ўзи қўрқаётганга ўхшайди. Гўё ҳаммаси учун фақат у айбдордек, бошқаларга бало ҳам урмаган.
Кузнецов (Земляника): Ҳа, тўғри. Негадир томошамизнинг интригасини белгиловчи таранглик йўқдек.
Георгий Товстоногов: Ревизорни бир дақиқа ҳам ёддан чиқармаслик керак. Балки у сизнинг “юмалоқ хат”ингиз туфайли келаётгандир?
Шу фикрдан сўнг барча бирдан жонланади.
Трофимов: Бирдан кулгили бўлиб қолса-чи?
Георгий Товстоногов: Агар астойдил ҳаракат қилинса, бундай бўлмайди. Муҳими, асосий воқеани назардан қочирмайлик.
Актёрлар бир-бирига қарамай, жим ўтиришади. Сукунат чўзилади.
Георгий Товстоногов: Ҳозир яхши ўтирибсизлар. Шундай бошланглар. Ҳар ким ўз бошига тушадиган жазо тўғрисида ўйлаяпти. Муҳими, қўрқув ҳаммани саросимага солиб қўйганини бир-бирингиздан яширинг. Кейинроқ бостириб келаётган хавф туфайли бирлашасиз. Лекин ҳозир илк дақиқаларда ҳар ким ўз тақдири тўғрисида қайғурсин. Ҳокимга келсак, у ўзини қўлга олиш учун бор кучини сарфламоқда, шундан юраги хасталаниб қолади.
1972 йил 13 январь
Биринчи саҳна
Георгий Товстоногов: Назаримда қўрқувни ўйнаб бўлмаслигини ҳаммангиз яхши тушунасиз. Қўрқув, бу – ички ҳолат, аммо вазият шундайки, у Ревизор ваҳимаси, гап-сўзи, юриш-туриши, хатти-ҳаракатини белгилайдиган омилдир. Ҳар ким энг муҳим нарса тўғрисида лом-мим демайди, бир-биридан хавфсирайди. Саҳна жуда секин бошланиши лозим, йўқса, кейинги саҳналарда суръат тезлигини оширадиган воқеа қолмайди. Сўзларга бўёқ беришдан қочиш зарур, агар шундай ҳолатни сезиб қолсангиз, дарҳол тўхтанг.
Саҳна яна такрорланади. Ҳоким бир ўзи узоқ ўтиради. Амалдорлар битта-битта пайдо бўладилар. Олдин судья, сўнг Хлопов, кетидан Земляника. Охирида Гибнер киради. Узоқ сукунат. Ревизор келиши ҳақидаги хабарга ҳар ким ўзича муносабат билдиради. Хлопов “Қанақа Ревизор?” деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолади.
Георгий Товстоногов (Лавровга): Петербургдан махфий ревизор келяпти деган сўзни гўё шаҳарга ҳар куни ревизор келадигандай жуда жўн қилиб айтиб кўринг.
Биринчи саҳна ҳеч қандай паузасиз қайтарилади. Ҳар ким ўзига хос одимлаш, фикрлаш йўсинини излайди.

Георгий Товстоногов (Лавровга): Земляника билан Ляпкин-Тяпкиннинг бир-бирига имо-ишора қилиши ва улар ўртасида бир гап борлиги Ҳокимнинг асабини қўзғайди. Кесатиб, масхараомуз оҳангда гапириши шундан… Ивирсимаслик керак. Унинг ҳар бир сўзида тафаккур шарпаси сезилиб турсин. Барча амалдорлар тунги мажлисга орқа эшикдан киришган. Почта мудири билан Бобчинский ва Добчинский тўппа-тўғри асосий эшикдан кириб келаверишган. Улар чақирилмаган меҳмонлар.
Бобчинский ва Добчинский саҳнаси. Бошланиши шундай бўлди: Бобчинский Добчинскийни қувлаб ўтиб, биринчи бўлиб кириб келади. Ҳарсиллаганидан нафаси оғзига тиқилиб, гапиролмай қолади. Бу ҳолат қанчалик кўп давом этса, шунча яхши. Ниҳоят Добчинский ҳам етиб келади. Аммо у ҳам ҳовлиққанидан оғзига гап келмайди. Бир-бирига еб қўйгудай қарашади. Улардан бири иккинчисининг оғзини ёпади.
Георгий Товстоногов: Ўтиришингиз билан ҳаёт тўхтаб қоляпти. Саҳна бошланишида ҳолатни тўғри топдинглар, шу руҳни охиригача сақлаб қолиш керак. Агар сўзнинг кулгили томонига урғу берсак, дарҳол эски қолипга тушиб қолинади. Бобчинский билан Добчинский тахмин қилинаётган Ревизор билан тўқнаш келишган. Худди бошларида ойболта ярақлаб тургани каби ҳаётлари ҳар сония узилиши мумкин.

1972 йил 21 январь
Почта мудири саҳнаси
Георгий Товстоногов: Ҳоким почта мудири билан норасмий тарзда шаҳарга келадиган хатларни очиб, ўқиб кўриш хусусида гаплашмоқчи. Почта мудири эса бунинг сабабини тушунолмай гаранг. “Мендан нима хоҳлашяпти ўзи? Ахир, шусиз ҳам ҳамма хатларни очиб ўқийман-ку!” Почта мудири бузғунчилик қилмоқчи эмас. Бу саҳнада унинг тентаклиги туфайли махфийлик ошкор бўлади. Тентакликка урғу бермаслик керак, аксинча, уни ўта ақлли одам қилиб кўрсатиш талаб этилади. Ҳозир Ҳокимнинг тақдири Почта мудири, Судья, Земляникага боғлиқ бўлиб қолди. Ҳамманинг асл қиёфаси маълум бўлди.

1972 йил 21 январ
Бобчинский ва Добчинский саҳнаси
Георгий Товстоногов: Ҳар иккисининг ҳаракати шиддатли. “Мана ўша биз айтган амалдор” сўзига қадар барча гап бир нафасда айтилиши лозим. Энг охирги сўзни эса шошилмасдан, бамайлихотир талаффуз қилинг. Бор гап тугагач, чуқур нафас олиш мумкин. То “Эй Яратган эгам, гуноҳларимизни ўзинг кечир!” деган сўзгача саҳна такрорланади. Шу ерда сўзларни озгина монтаж қилишга тўғри келади. Хлестаковни Гоголь ёзган саҳифадан бошқа ўринда ҳам кўрсатиш мумкин деб ўйлайман. Бунинг учун меҳмонхонадаги кўринишни иккига ажратиш керак.
Хлестаковнинг “Ўлгудай қорним очди, бирам овқат егим келяпти”, деган сўзидан кейин воқеалар яна Ҳоким уйига кўчади. Шубҳасиз, Гоголь ўз даврининг эстетик қарашларини чуқур билган. Шундан келиб чиқиб, биз сўзларни қисқатирмай, Хлестаковнинг асл қиёфасини кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

1972 йил 11 февраль
Мария Антоновна билан Ҳокима хоним саҳнаси
Георгий Товстоногов: Онанинг ўз қизи билан қаҳр-ғазаб оҳангида сўзлашиши жуда қизиқ.
Тенякова (Мария Антоновна): Қизнинг ҳар битта гап қайтариши қаҳрамонлик.
Георгий Товстоногов: Қарама-қарши характер қидириб кўриш керак. Муғомбир ва қаҳри қаттиқ она билан юввош, беозор қизалоқ. Мария Антоновна чиндан ҳам Хлестаковни севиб қолган. Унинг учун Хлестаков Ревизорми, бошқами – фарқи йўқ. Спектаклда иккита ойимча эмас, икки характер тўқнашади. Онаси Хлестаковни қизига бермоқчи эмас.
Наталья Тенякова: Добужинскийнинг эскизида қизнинг костюми фақат ленталардан иборат. Ахир, булар ҳақиқий ҳиссиётларни изҳор қилишга халақит бермайдими?
Георгий Товстоногов: Онаси Хлестаков қизимни севиб қолмасин, дея, жўрттага шундай кийинтирган.

Меҳмонхона саҳнаси
Георгий Товстоногов (Юрскийга): Асосий гап хўжайинда. Ҳаммасига ўша айбдор.
Юрский (Осип): У шу яқин орада. Гапириб туриб ухлаб қолади. Бу ерда ҳам бир гап борми?
Георгий Товстоногов: Очликдан тинкаси қуриб, ҳушидан кетиб қолай деяпти. Буни унутмаслик керак.
Юрский: Майда саҳналар кўп экан. Агар ҳаммасини иккига бўлсак, зерикарли бўлиб қолмасмикан?
Георгий Товстоногов: Бу ерда асосий эътибор монологга қаратилади. Зерикарли бўлмайди. Осип “Извошда юриш мазза”, дея ширин орзуларга берилади ва шу заҳоти ҳаммасига Хлестаков сабаб, деб хўжайинини айблайди. Бу ерда кескин бурилиш бор. Ҳамма балоларнинг сабабчиси – хўжайин!
Басилашвили (Хлестаков): Мен столда бирор егулик бўлса керак деган умид билан кираман. Бироқ… ҳеч вақо йўқ. Ҳаммасига Осип айбдор.
Георгий Товстоногов: Хлестаков киришдан аввал қўлқопини ечади. Осип, аксинча, қўлқоп кияди. Бу энди ташқаридан “одоб-ахлоқ” нишонаси бўлса, ичдан “беадаблик” белгисидир. Осип расман шу талабни бажаришга мажбур.

1972 йил 19 февраль
Меҳмонхона саҳнаси
Георгий Товстоногов: Ҳоким келганини эшитиб қолишди. Биринчи келган фикр – жуфтакни ростлаш бўлади. Иккита муттаҳам жон ҳолатда буюмларини йиғиштиряпти. Аммо қаёққа қочади? Борадиган жойнинг ўзи йўқ, зина томон ҳам берк. Деразадан сакрай деса жуда баланд. Қўрқади.
Актёрлар “қочиш” саҳнасини эркин ижро этадилар. Ваҳиманинг зўридан ўзларини ҳар томонга уришади. Ҳатто хонадаги анжомлардан тўсиқ ҳам ясашади. Биринчи сафар зўр чиқди. Шу саҳна қайтарилганда қизиқ бўлмай қолди.
Георгий Товстоногов: Афсус, ҳаммаси йўқолиб қолди. Қочишнинг ўзини эмас, шу жараёнга тайёргарликнинг қизиқ кечиши ёддан чиқмаслиги керак.
Лавров (Ҳоким): Ҳоким эшикни тақиллатмасдан кирди. Ревизорни кўришга олдиндан тайёрланиб келгани учун учраган одам кўзига ревизор бўлиб кўринади. Оёғи ўз-ўзидан букилиб, тиз чўкиб қолади. Бошини кўтаради. Рўпарасида яна ўша – Хлестаков!
Георгий Товстоногов: Улар бир-бирининг гапини тингламаслиги жуда муҳимдир. Фақат узуқ-юлуқ сўзлар эшитилади. Ҳоким Хлестаков назокат билан айтган жуда муҳим, илиқ гапларни “ўз ихтиёри билан яхшиликча қамоқхонага боргани маъқул” қабилида тушунади. Ҳоким Хлестаковнинг шунча гаплари орасидан фақат “шаҳарда тартиб йўқ, мол гўшти жуда қаттиқ, шўрва маза-матрасиз, балиқ ҳидланган” деган сўзларинигина эшитади. Саҳна жуда ҳам оғир. Хлестаков Ҳокимга узоқ вақт қаролмай туради. Бир қарорга келиб, унга юзланганида, бошқача гап-сўз бошланади. Хлестаков ҳужумга ўтади: “Қандай журъат этдингиз?!” Ҳокимнинг яна боши айланиб, кўзи тиниб кетади.

1972 йил 21 февраль
Меҳмонхона саҳнаси
Ҳоким келиши билан Хлестаков чўнтакларини ағдариб, “бир тийиним йўқ”, дейди. Ҳоким эса: “Бу айёрнинг муғомбирлигини қаранг”, – дея муносабат билдиради.
Лавров: Порани қандай беради?
Георгий Товстоногов: Буни топиш керак. Ҳам таассурот қолдирадиган, ҳам тасодифий бўлиши лозим.
Ҳар турли ҳаракат қилиб кўришади. Ниҳоят топилгандай бўлади. Хлестаков жон ҳолатда девор томонга ўгирилиб олади. Беихтиёр бир қўли орқада қолиб кетади. Иложсизликдан йиғлаётгандай, иккинчи қўли билан кўз ёшини артади. Ҳоким бўлса, орқада қолган қўли билан пора талаб қиляпти, деб ўйлайди. Шоша-пиша пул қидиради. Ишонқирамай, Хлестаковга яқинлашади. “Бўлар иш бўлди”, деб Хлестаковнинг кафтига пул қўяди.
Георгий Товстоногов: Бир-бирларининг гапидан нима аён бўлади-ю, нима тушунарсиз қолади, шуни белгилаб олайлик. Мисол учун, Ҳокимнинг “хотиним, ёш болаларим”, деган сўзини эшитган Хлестаков ўзича шундай хулоса чиқаради: “Агар у ўз хоҳиши билан қамоқхонага бормаса, Ҳоким билан бирга хотини ва ёш болалари ҳам жабр кўрармиш”. Шунинг учун у тўғридан-тўғри: “Нима энди сизнинг хотин, бола-чақангиз борлиги учун мен қамоқхонага боришим керакми?” – дейди… (Басилашвилига) Қаршингизда тиз чўкиб, унтер офицернинг хотини тўғрисида гапирганда, сиз нимани эшитасиз?
Басилашвили (Хлестаков): “Мени бир саваланг”, деб ялиняпти. Нима деган гап ўзи!
Георгий Товстоногов: Пул бераётганида, ўз ҳаётини гаровга қўяётгандай бўлади. Пул бературиб чўқиниб олади, охири қандай якун топишини интизорлик билан кутади. Хайриятки, ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Пулни сезган Хлестаков бирдан ўзгариб, чеҳрасига мамнунлик югуради. Турма назоратчиси деб ўйлаган одами жуда сахий чиқиб колди-ку! Меҳмонларни ўтқазмоқчи бўлади. Айниқса, Добчинскийни зўр бериб ўтиришга таклиф қилади. Уйда эса ўтирадиган жойнинг ўзи йўқ. Ҳокимнинг ўқрайганини кўриб қўрқиб кетган Добчинский деворга суянмоқчи бўлганида, сирғаниб кетади ва чордона қуриб ўтириб қолади…

1972 йил 23 февраль
Меҳмонхона саҳнаси. Ҳоким жойида ўтирибди. Ревизорнинг келиши саҳнанинг бошидан ўртага олинади.
Георгий Товстоногов: Шундай бўлгани дуруст. Бошланишида жуда ҳам тўғридан-тўғри саҳна бўлиб қоляпти. Уларнинг бир-бирига кўзи тушиши билан оёқлари пахтага ўхшаб мадорсизланиб қолади. Ҳоким ўтиришга ўтиради-ю, ўрнидан туролмайди. Хлестаков ўтираман деб йиқилиб тушади. Агар йиғлаб юборса, яна ҳам яхши бўларди. Унга Ҳокимнинг йиғиси ҳам қўшилиб кетарди. Саҳна такрорланганида, Ҳоким пулни дарров бермайди. Бир даста пулни Хлестаковнинг қўлига теккизади-ю, яшин тезлигида қайтариб олади. Хлестаков чўчиб кетади. Шу ерда Хлестаков кескин ўзгаради, у ниманидир сезади. Ҳатто қўлини ҳидлаб ҳам кўради. Наҳотки пул бўлса ёки кўзига шундай кўриндими? Энди Ҳоким пулни шляпасига солади. Гўё пул эмас, шляпасини узатаётгандай бўлади. Хлестаков пулни олади.
Басилашвили (Хлестаков): Қарасам, курси йўқ. Шундай бўлса-да, Добчинскийга ўтиринг дейман.
Георгий Товстоногов (Лавровга): Ҳоким жуда тез гапиради, бирорта сўзига урғу берманг. (Басилашвилига) Хлестаков пулни олиб, Ҳоким билан суҳбатлашаётган вақтида димоғи чоғ, ўзи билан ўзи овора бўлсин. Нимадир деб минғирлайди, хаёли пулда, қарта ўйинида. Ҳоким Хлестаковга ўз уйига кўчиб ўтишни таклиф қилиши мазкур саҳнанинг энг муҳим қисми саналади. Ниҳоят Хлестаков меҳмонхонанинг тор каталагидан қутуладиган бўлди. Ҳоким учун Хлестаковнинг рози бўлиш ёки бўлмаслиги жуда ҳам муҳим. Агар рози бўлса, ҳаммаси жойида бўлади.

1972 йил 24 февраль
Хлестаковни энди Борисов репетиция қилади.
Георгий Товстоногов: Осипдан жаҳли чиқиши керак эмас. Бўлмаса Хлестаков баджаҳл бўлиб қолади. Аксинча, “нега энди у бу қадар безбет бўлиб қолди?” дея ўз-ўзига савол берсин. Осип ўз вазифасини бажармай қўйди. Аммо ҳаммасига ўзи айбдор. Ҳар иккалангизда ҳам бу саҳна яхши чиқяпти. Иккаласининг ҳам очликдан силласи қуриб қолган. Очлик саҳнаси ёмон эмас.
Олег Борисов (Хлестаковни ўйновчи муқобил актёр): Мен Хлестаковни бечораҳол қилиб кўрсатмоқчиман. Унинг очликдан силласи қуриган, лекин гапиришга кучи бор. Овқат олиб келишганида, Осип ҳам бўйнига сочиқ боғлайди. У ҳам тушликка тайёрланади. Хлестаков шўрвани ичиб бўлгач, косани ялаб, унга узатади: “Осип, ичида озгина шўрва қолди. Сен ҳам қорнингни тўйғизиб ол”. Осип косага тикилади. Сўнг унга обдастадан сув қуйиб ичади.
Георгий Товстоногов: Ҳокимнинг роли учта йирик парчадан иборат: қўрқув, ғалаба нашидаси ва фалокат. Энг муҳими, бир парчадан иккинчисига ўтаётганида, кучли ички қарама-қаршиликни енгиб ўтиши шарт.
“Ревизор” спектаклининг премьераси 1972 йил 8 май куни бўлиб ўтади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/08/%d0%b3%d0%b5%d0%be%d1%80%d0%b3%d0%b8%d0%b9-%d1%82%d0%be%d0%b2%d1%81%d1%82%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b3%d0%be%d0%b2-1915-1989/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x