Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ “САБЪАИ САЙЁР”ДА ТОҒ-ҒОР ХРОНОТОПИ

Ҳазрат Навоий ижоди, хусусан, “Сабъаи сайёр” достонини бугунги жаҳон назарий адабиётшунослигида фаол қўлланилаётган хронотоп тушунчаси доирасида тадқиқ этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, достондаги тоғ-ғор ва ўрмон хронотоплари Алишер Навоий “Хамса”сидаги барча достонлар таркибида учраши билан бир қаторда, сюжет тизимида муайян кетма-кетлик қонуниятини намоён этади. Бу хронотоп шакллари “Хамса” умумсюжети таркибида шундай сюжет қолиплари кўринишида намоён бўлади: 1) қаҳрамонга тоғ ҳақидаги ахборотнинг ғайриоддий йўллар билан аён бўлиши (ойна, сурат, туш, бировнинг каромати ва ҳоказо. орқали); 2) қаҳрамоннинг гоҳ якка ўзи, гоҳ ҳамроҳлар билан шу ахборотни реаллаштириш учун йўлга чиқиши; 3) қаҳрамон ўзига туш ёки бошқа воситалар билан аён бўлган ёр, салтанат, шаҳар, хазина, мўъжизавий буюмни излаш жараёнида тоғ-ғор, баъзан ўрмонга дуч келиши; 4) тоғ-ғор, ўрмон хронотопларида яширилган тилсим ва мўъжизаларнинг биргина қаҳрамон (туш, ойна, сурат каби)га тегишли бўлиши; 5) тоғ-ғор хронотопига оид тилсимлар, асосан, қаҳрамон томонидан ечилиши; 6) кўпинча, ғорларда, турли тилсимлар ортида қаҳрамонни кимдир (аксарият ҳолларда халқ ичида зарбулмасал бўлган донишманд, авлиё зотлар) кутиши; 7) тоғ-ғор ичида кечадиган оламшумул миссия қаҳрамон тақдирига битилган бўлиши ва бунинг қаҳрамонлар, баъзан муайян халқ, миллат ҳаётида кескин бурилиш ясаши; 8) ушбу хронотоп чегарасини босиб ўтган қаҳрамон миссиясининг кескин ўзгариши, шахс сифатида бошқа сифат босқичига ўтиши – қайта туғилиши; 9) мазкур хронотоп чегарасидан ўтган қаҳрамоннинг умуман ортга қайтмаслиги, баъзи ҳолатларда унинг жонсиз танасигина қайтиши ва ҳоказо.
Мазкур хронотоп шакллари умумий метафорик жадвал контекстида умумлаштирилганда ўрмон – тоққа олиб борувчи йўл, тоғ – тилсимнинг қобиғи ёки суврати, ғор эса асосий моҳият, тилсим сирларини пинҳон тутгувчи макон, ўзга дунё туйнуги, икки оламни боғлаб турувчи восита бўлиб келади. Хронотопнинг бундай шакллари “Хамса” сюжетида мотивлаштирувчи, муҳим сюжет бурилишларини ташкилловчи, учраштирувчи, ажратувчи, характерларни шакллантирувчи восита ўлароқ кенг поэтик вазифа бажаради. Шуни таъкидлаш жоизки, “Хамса” сюжетида тоғ-ғор ва ўрмон хронотоплари, асосан, метафорик вазифа бажаради. Қуюқ метафорик бўёқ берилган хронотоп шакллари орасида тоғ ва ғорчалик сербўёқ, тўла метафориклаштирилган бошқа шаклни топиш мушкул. Фақат баъзи ҳоллардагина улар (масалан, “Садди Искандарий”даги ўрмон) “бегона ўлка”га хос ярим реаллаштирилган экзотикани ишончли тасвирлаш воситаси бўлиб келади. Тоғ-ғор ва ўрмон хронотоп шаклларини универсал – қолипловчи сюжет таркибида эмас, асосан, муаллиф томонидан “ҳикоят”, “ривоят”, “афсона”, “воқеа” деб номланган киритма ёки изоҳловчи, шарҳловчи ёки тўлдирувчи кичик сюжет чизиқлари таркибида кузатамиз. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Хамса” хронотоп тизимида тоғ ва ғор хронотоплари, асосан, ёнма-ён келади. Бири иккинчисига олиб боради, бир-бирини тўлдиради, изоҳлайди. Аммо бу ўринда тоғ хронотопи, кўпинча, инерт ҳолатида учрайди. “Садди Искандарий”даги яъжуж-маъжуж тоғини истисно этганда, “Хамса” сюжетида тоғ хронотопининг фаол намунасини деярли учратмаймиз. Тоғ хронотопи, одатда, ғор билан бириккандагина ҳаракатланади, ўзининг аниқ вазифасини намоён этади (шу боис биз бу икки хронотоп шаклини “тоғ-ғор хронотопи” номи остида бирлаштирдик).
Тоғ-ғор хронотопининг ёрқин намуналарини “Сабъаи сайёр” сюжетида кузатамиз. Мисол тариқасида, учинчи иқлим мусофири тилидан ҳикоя қилинган “афсона”ни олайлик. Ушбу “афсона” (ҳикоят) туғилган мамлакат хронотопи Миср, ундаги асосий қаҳрамон – Саъд. У тақводор, бой, обрў-эътиборли хонадон вакили. Унинг отаси араб дунёсига мансуб машҳур Хотам Тойини эслатади. Навоий (ҳикоячи, ровий) тилидан у: Мисрда хожаи бор эди ғани, Эшиги ҳожат аҳлининг ватани… (“С.С.”, 203-бет), дея таърифланади. Хотамлик фазилати Саъдга отасидан ўтган. Аммо у янги авлод вакили сифатида, отасидаги хос сифатни ўзлаштириш билан чегараланмайди. Унда шундай бир хусусият борки, бу Шарқ халқ эртаклари таркибида ўта камёб учрайдиган кичик хронотоп шакли билан мустаҳкам алоқадорликда юзага чиқади. Макон кўлами мўъжазгина, замон нуқтаи назаридан кичик вақт бирлигига эга бўлса ҳам, сюжет доирасида ўта муҳим, боғловчи, ташкилловчи хронотоп бўлиб келади. Айни хронотоп шакли Пушкиннинг “Шоҳ Салтан…” эртагида меҳмонхона-карвонсарой хронотопи шаклида чуқурроқ, ёрқинроқ, фаолроқ тарзда қайта ишланган бўлиб, фитналар сабаб суюкли аёли ва ўғлидан ажралган Салтан мусофирлар, савдогарларни шу жойда кутиб олади. Дастурхон устида улардан гап сўрайди (Хўш, қайларда бўлдингиз, Айтинг нелар кўрдингиз…) Шу тарзда бўлган, бўлаётган воқеалар ҳақида билиб олади. Меҳмонхона-карвонсарой бу ўринда турли замон-маконга хос ахборотларни туташтирувчи, воқеалар тизимини ривожлантириб, хулосалар чиқарувчи ахборот маркази вазифасини бажаради. Шоҳ Салтан ушбу “ахборот маркази” воситасида йўқотган аёли ва ўғлини топади. Мурод-мақсадига етадики, мана шу меҳмонхона-карвонсаройнинг шарқлик ижодкори айнан Саъд (яъни Навоий)дир.
Худди эртакдаги каби: “Етти бир кун қазодин икки ғариб Бу тараф солибон уларни насиб…” (“С.С.”, 203-бет). Яъни Саъд меҳмонхонасига бир куни тақдир икки мусофирни етказди. Ҳикоят “бор эди” тарзидаги ўтган замон гумон феъли билан бошланса-да, замон “бир куни” мавҳум ифода шакли билан берилса-да, “Хамса” сюжетидаги бундай хронотопларни эртак, афсона, халқ қиссалари, юнон романлари, эпос хронотопи билан айни бир хилда дея олмаймиз. Сабаби, ушбу жанрлардан фарқли равишда, “Хамса” сюжет чизиқлари тасодиф воситасида боғланмайди. Бизнингча, Шарқ-ислом классик бадиий тафаккурининг ўзга тафаккур шаклларидан кескин фарқи, ҳатто устунлиги ҳам шунда. Яъни Саъд ҳаётида кескин бурилиш ясаган икки ғарибни тасодиф эмас, қазо, яъни тақдир олиб келади. Қаҳрамоннинг тоғ-ғор хронотопи томон ҳаракати меҳмонхона-карвонсаройдан, мезбон ва меҳмон ўртасидаги сўроқ-жавобдан сўнг бошланади. Бунга қадар Саъд уларга мислсиз эъзоз-эҳтиром кўрсатади, мусофирлар ўзлари билмаган ҳолда Саъднинг маънавий қарздорига айланадилар:

Меҳрибонлиқ ила сўруб они,
Айлаб улча риоят имкони.

Чун уётлиқ қилиб риоятдин,
Лутфу эҳсони бениҳоятдин.

Сўрубон билганию кўрганини,
Не билик касбида югурганини.

Чун билиб барча рози пинҳони,
Не кироманд ўрганиб они.

Чун бу ишни шиор қилмиш эди,
Кўп улуму ғариба билмиш эди… (“С.С.”, 204-бет).

Навоий бу жараённи нозик психологик босқичлари, майда икир-чикирлари билан синтез ҳолда тасвирлайди. Ҳақиқатан, мусофир халқи унча-мунча одамга ўз сирини беравермайди. Бу қадар ноёб, ҳар кимга ҳам айтилмайдиган, қалб тўрида сақланадиган воқеа ўта нозик вазиятларда, шунда ҳам фақат муносиб мезбонгагина айтилиши мумкин.
Саъд мусофирлардан сўрайди:

Ки: “Қаю мулк сизга бўлди мақар?
Недин ўлди либосингиз ахзар?” (“С.С.”, 205-бет.)

Бу ўринда байтдаги икки сўзга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Буларнинг бири “мақар” бўлиб, луғавий жиҳатдан “манзил”, “макон”, “қароргоҳ”, “тўхташ жойи” деган маъноларни билдиради. Бундан келиб чиқадики, байтнинг биринчи мисраси “Қай юрт (мулк – салтанат, мамлакат)ларда бўлдингиз?” деган сўроқ маъносини билдиради. Сўзларнинг иккинчиси “ахзар” – кўм-кўк, яшил, ям-яшил маъносида келади. Тўла маънода сидирға яшил, мутлақ яшил дегани. “Хизр” бу сўзнинг ўзаги бўлиб, ахзарнинг бирлик шакли ҳисобланади. “Хизр”нинг ўзи яшиллик, абадий ҳаёт, ўлмас куч-қудрат маъноларини англатади. Демак, иккинчи мисра “нега либосингиз яшил?” деган маънони билдиради. Ранг воситасида дастлаб янги хронотоп шакли ҳақида маълумот кириб келади. Сўнгра ўқувчи либос ва ранг туйнуги орқали тамомила янги хронотоп майдонига олиб кирилади. Умуман, бу икки калит сўз негизида таҳлил этилган байт, биринчидан, яшил қаср, яшил либос, яшил май, яшил ҳовуз сингари “Сабъаи сайёр” умумхронотопи таркибидаги душанба куни ранги билан уйғунлик ҳосил қилиб, асар умумсюжетига, еттиликлар тизимига симметриялашса, иккинчидан, Саъдни келажакда кутаётган тоғ ва ғор хронотопига ишора қилади. Шу тариқа асар сюжети Миср хронотопидан Кешга, текисликдан тоғ ва ғорга кўчади.
Тоғ-ғор хронотопида кечадиган энг муҳим эпизодлар:
а) сафарнинг бошланиши. Кеш томон йўл тасвири: умумий манзара ўзгаришлари. Биёбон манзараси. Саъднинг ўзи излаб келаётган дайрни топиши, бутхонада тунаши, ундаги қўрқинчли тун;
б) бутхонада кўрилган туш. Тушда икки яшил қуш. Бирининг маъшуқа, бошқасининг рақиб ҳақида хабар бериши, Саъднинг тушдан кейинги руҳий безовталиги: қўрқув, изтироб;
в) Саъднинг пир Файлақус ҳақида хабар топиши;
г) ғор хронотопи. Файлақус билан учрашув. Учрашувнинг Файлақус учун орзу экани. Файлақуснинг ўзи ҳақидаги ҳикояси;
д) Файлақуснинг ҳикоя ичидаги туши. Хизр (яшиллик)нинг таъбири: “Мен тушингни йўрай, вале сен ҳам, Шарт қилким, не айтсам мен ҳам. Узр демай қабул қилғасен, Йўқса ўзни малул қилғасен… (“С.С.”, 217-бет);
е) “Жомоспнома” – келажак башорати ҳақида китоб. Унда ғордаги юз йиллик узлатдан сўнг Саъд келиши, унга йўл кўрсатиш зарурлиги уқтирилади;
ё) Файлақуснинг Саъд тушини таъбирлаши: қуш айтган пари – Шаҳрисабз шоҳининг қизи эканлиги айтилади. Қиз тавсифи келтирилади;
ж) Қиз яшайдиган яшил қаср таърифи. Қўриқчилари: Қатрон (қора) дев, бир хужаста ҳаким, золи афсунгар. Уч қоровул шамолни ҳам қўймайди. Қиз эрга тегишни хоҳламайди. Кўплар унга харидор. Аммо улар уч қоровулдан ўта олмайди. Ҳар куни бир одам ўлади. Танаси итга ташланади. Боши қалъа деворига осилади;
з) қизнинг Саъднинг тақдирига битилганлиги: “Лек сен ҳеч навъ қойғурма, Ваҳм даштиға маркабинг сурма. Ким, ани Ҳақ санга насиб этмиш,  Васл топмоқға вақт етмиш… (“С.С.”, 224-бет);
и) Саъдга йўл кўрсатилиши: Файлақус унга муҳра (мунчоқ) беради. Руқъани ёдлатади. “Оғзига муҳрани солиб, руқъани ўқийсан. Тупугингни Қатрон дев юзига пуркайсан. Қуввати кетиб, ухлаб қолади. Ҳаким олдига келганда, муҳрани оғзингдан чиқариб қўлига тут. У менинг шогирдим. Сенга ёрдам беради, шогирдим афсунгарни енгади”, дея йўл кўрсатади;
й) Файлақуснинг вазифаси тугаб, Шаҳрисабз сари йўл бошланади. Икки меҳмон билан водий бўйлаб йўлга тушади;
к) Саъднинг Кешга етиб келиши. Икки меҳмоннинг шоҳга Саъдни танитиши. Саъднинг шоҳга маъқул бўлиши, уни меҳмон қилиши. Май таъсиридаги Саъднинг қаср сари ёлғиз йўлга тушиши. Қатрон дев уни асир олиб, ғорга қамаши;
л) Саъднинг Файлақус ўргатган илм (муҳра, руқъа) воситасида ғордан қутулиши, Қатрон девни халқ (оломон, омма) олдида енгиши;
м) иккинчи довондан ўтиш; Саъднинг муҳрани иккинчи қоровулга кўрсатиши ва кўмак олиши. Учинчи довон – афсунгар зол маконидаги кўзбўямага ясалган нарса, аслида, қўғирчоқ, аждаҳолар – арқон ва иплар, оловнинг эса қизил мато бўлиб чиқиши. Саъднинг ғалабаси (якунда шоҳ қизининг қасрда сақланиши, қўриқланиши, аслида, уни Саъд учун асраш, оломондан қўриқлаш эканлиги маълум бўлади);
н) Саъднинг “Равзаи хазро” (яшил боғ), “қасри ахзар” (яшил қаср) ва шоҳ қизига эга бўлиши. Мурод-мақсадига етиши. Ҳикоянависнинг Саъд авлодидан эканлиги.
Ушбу эпизодлар тизими, уларнинг таснифий ўрганилиши тоғ-ғор хронотопининг Навоий достонидаги вазифаси ва бошқа асарлар билан аналогияси ҳақида қуйидагича хулосалар чиқаришга имкон беради:
1. Тоғ-ғорнинг транзисторлик функцияси. Тоғ-ғор хронотопи қаҳрамонни ўзга олам – “бегона олам”, “ёр диёри” билан боғловчи транзистор вазифасини ўтайди. Қаҳрамон ёки ошиқ бу ерда пир билан учрашади. Улар ўртасида мулоқот бўлиб ўтади. Ёр ҳақида хабар топган қаҳрамон унга етишув ҳақида ғорда яшайдиган пир – муршиддан йўл-йўриқ олади. Пир қаҳрамонни ёр диёри билан боғловчи восита бўлиб хизмат қилади. Бу ўринда тоғ ғор қобиғи, ғорнинг суврати бўлиб, деярли инерт ҳолатида туради.
2. Ғор аккумляция воситаси сифатида. Ғор ортидаги олам сирларидан бехабар қаҳрамон пир таълимидан кейин тамомила бошқа сифат босқичига ўтади: жисмоний, руҳий-маънавий қуввати ошади, ақл ва маҳоратда тенгсиз бўлади.
3. Ғор трансформацияси. Қаҳрамон ғор воситасида ўз маконидан чиқиб, бошқа маконга кўчади.
4. Ғор дехронотопизацияси. Қаҳрамон ғор хронотопида бунгача бўлган хронотоп (ота макон, она юрт, ўз салтанати, ўз шаҳри, қишлоғи, туғилган хонадони) хусусиятларини қисман сақлайди. Ўз юртига оид хотиралари, у ерда ўзлаштирган табиий, руҳий-маънавий, ақлий хусусиятларини йўқотмай туради. Яъни маълум маънода ғорга қадар мавжуд хронотоп белгиларига эга бўлади. Ғорда эса, келажакдаги миссиясига кўра, дехронотопизация жараёнини босиб ўтади. Эндиликда қаҳрамон учун аввалги ҳаёти, шу пайтгача мансуб замон-макони бегонага айланади. У тамомила янги хронотоп майдонига киради – дехронотопизациялашади (дастлабки хронотоп майдонидан ажралади).
5. Ғор хронотопи билан боғлиқ аналогиялар. А) “Сабъаи сайёр” воқелигигача мавжуд фольклор манбалари аналогияси: эпосдаги каби, қаҳрамон бошдан кечирган саргузаштлар ҳақида унинг авлодлари ҳикоя қилиши (Деди ровики: “Эй баланд сарир, Шаҳрисабз аҳли зодасидин мен, Саъднинг хонаводасидин мен…” (“С.С.”, 236-бет.), Саъд отасининг Хотам Тойига ўхшашлиги, биёбон тасвири (“Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди”), дев, афсунгар образлари, хабарчи қуш, қаср, муҳра, руқъа деталларининг мавжудлиги, шоҳ қизи гўзаллиги, эр хоҳламаслиги, мурод-мақсадга етиш эпизодларининг халқ эртакларига уйғунлиги; б) кейинги давр адабиёти намуналари билан аналогик жиҳатлар: меҳмонхона-карвонсарой эпизодининг Пушкин асарида учраши; бутхонада тунаш воқеаси билан Гоголнинг “Вий” асари ўртасидаги ўхшашлик; воқеаларнинг биёбонда кечиши, дев, Файлақус, Симурғ образлари иштироки, қизнинг эр хоҳламаслиги мотиви Ҳ.Олимжон қаламига мансуб “Симурғ ёки Паризод ва Бунёд” асарида мавжудлиги ва ҳ.к.; в) бевосита “Хамса” контекстига оид аналогиялар: Хотам Тойи эпизодининг “Ҳайрат ул-аброр” достонида, пир иршоди (йўл кўрсатиши) эпизодининг “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Садди Искандарий” достонларида келиши; Хизр образининг “Ҳайрат ул-аброр” ва “Садди Искандарий”да учраши, Файлақус, “Жомоспнома” эпизодининг “Фарҳод ва Ширин” достонида келиши ва ҳ.к.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Сабъаи сайёр” достонида хронотоп муаммосини ўрганиш, шунингдек, бу масалани “Хамса” таркибидаги бошқа достонларга қиёсан тадқиқ этиш навоийшуносликда бир босқич бўлиб қолади ва шу каби тадқиқотларга йўл очади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/07/%d1%83%d0%b7%d0%be%d2%9b-%d0%b6%d1%9e%d1%80%d0%b0%d2%9b%d1%83%d0%bb%d0%be%d0%b2-%d1%81%d0%b0%d0%b1%d1%8a%d0%b0%d0%b8-%d1%81%d0%b0%d0%b9%d1%91%d1%80%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d0%be%d2%93/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x