Экологик маданият юқори бўлса

Дунёга танилган адиб Рауф Денкташ ўз асарида шундай ёзади: “Кундалик ташвишлардан ҳориган кезларингизда атроф гўзалликларидан баҳраманд бўлинг. Ястаниб ётган яшиллик оламига тўйиб боқсангиз, руҳингиз ором олади, ҳаётнинг завқ-шавқини ҳис этасиз…”

Дарҳақиқат, борлиқнинг фусункорлиги кишининг кўзларини яшнатиб, кўнглини яшартиради, вужудига куч-қувват ато этади. Бу эса ўз ўрнида саломатликни мустаҳкамлайди!

Лекин, биз ҳар доим пайқайвермайдиган заҳарли моддалар табиат ҳуснига “доғ” тушираётган бўлса-чи? Оқибатда сув, ҳаво, тупроқ зарарланса… Ахир табиатга етказилган озорлар кишилар саломатлигига хавф солиши ойнадек равшанку. Демак, бундай ҳолатнинг олдини олиш, яъни табиат чиройини асл ҳолича асраб қолишнинг имкони бормикин? Давра суҳбатимиз иштирокчилари шу хусусда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирадилар.

Беш йўналиш ва янги лойиҳалар аҳамияти

Комилжон ЖЎРАЕВ, ”ЭКОСАН” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди бошқарув раисининг муовини:

– Бугунги давр инсоният олдига улкан экологик муаммоларни қўймоқда. Ичимлик суви заҳираларининг озайиши, чиқиндиларнинг кўпайиши, биологик турларнинг тобора камайиб бориши, ҳаво атмосфераси таркибининг ифлосланиши ва шулар натижасида турмуш тарзимизга салбий таъсир этадиган омилларнинг юзага келиши худди шу муаммолар билан боғлиқдир.

Хўш, нима қилмоқ керак? Муаммолар ечимини излаб топиш учун етарлича саъй-ҳаракат зарур! “ЭКОСАН” фонди “Атрофмуҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлиги соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича 2014-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури” асосида беш йўналиш доирасидаги ўз фаолиятини изчил амалга ошириб келмоқда. Булар:

  • аҳолининг экологик саводхонлигини ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу борада зарур адабиётлар чоп этиш ва хайрия сифатида тарқатиш;
  • аҳолининг ижтимоий-гигиеник ва экологик шароитини, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш;
  • экологик тоза, қайта тикланувчи (муқобил энергия манбалари) ва табиий ресурсларни тежайдиган инновацион технологиялардан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш;
  • экологик носоз минтақалар аҳолисини соғломлаштириш, маслаҳат ва даволаш-профилактика ишларини амалга ошириш, хайрия ёрдамлари кўрсатиш;
  • аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкламзорлаштириш, муҳофаза қилинадиган табиий худудларни ҳимоя қилиш, экологик назоратни ўрнатиш, экотуризмни ривожлантириш бўйича фаолиятни жадаллаштириш.

Халқаро ҳамкорлик алоқаларимиз ҳам яхши йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлашим керак. 2009-2010 йилларда Туркиянинг (TIKA) ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан биргаликда “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш” лойиҳаси доирасида сув қудуғи қазиш, насосли водопровод ўрнатиш ва тоза ичимлик суви тармоғини қуришга қаратилган 8 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди ва 60 мингдан зиёд аҳолига тоза ичимлик суви таъминоти етказиб келинди, шунингдек, кенг тарғибот ишлари олиб борилди, хонадонларни сув қувурлари билан таъминлаш орқали аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг йўқотилишига, айниқса, болалар ва аёллар ўртасида хасталанишлар камайишига эришилди.

Бир неча йиллар аввал Франциянинг (ACTED) техникавий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда бир қанча мутасадди идоралар ҳамкорлигида, Европа Иттифоқи Комиссиясининг молиявий кўмагида ”Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳамжамиятларининг иштирокига асосланган Барқарор соғлиқни сақлаш” лойиҳаси амалга оширилиб, муваффақиятли якунланди. Олдинда ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўп. Атрофмуҳит орасталигига оид суҳбат-учрашувлар, тарғибот-ташвиқотлар ва янги-янги лойиҳалар ишлаб чиқилиши давом этмоқда, буларнинг бариси ҳадемай ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Биосфера ифлосланиши — хавотирли ҳолат

Татьяна ЛИ, Республика Давлат санитария эпидемиология назорати марказининг экология бўлинмаси мудири:

– Бугунги кунда экологик мувозанатнинг бузилиши турли шаклларда намоён бўлмоқда. Уларнинг асосийлари қуйидагилар:

  • қайта тикланмайдиган табиий ресурслар (хомашё ва энергия манбалари)дан оқилона фойдаланилмаётгани;
  • биосферанинг зарарли чиқиндилар билан ифлосланиши;
  • шаҳарлардаги аҳоли сонининг қишлоқ жойларидагидан кўплиги, хўжалик объектларининг зичлашуви, дам олиш ва даволаниш учун мўлжалланган эркин ҳудудлар майдонининг қисқариши.

Кўп йиллар давомида ўсимликларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида билиб-билмай заҳарли химикатлардан фойдаланиб келинган. Бунинг натижасида пестицид, бутифос сингари моддалар тупроғимизга сингиб, атроф-муҳитга, шу жумладан фойдали ҳашаротлар ва ҳайвонларга катта зиён етказди.

Мутахассислар фикрига кўра, кимёвий препаратларни қўллаш оқибатида зарарли жониворлар билан бирга фойдали ҳашаротлар ҳам камая борди ва шундан сўнг зараркунандалар янада кўпайди. Демак, препаратларни қўллашда зараркунандаларнинг кушандаси бўлмиш фойдали ҳашаротларнинг қирилиб кетмаслиги учун эҳтиётлик билан иш кўриш лозим.

Хуллас, табиатга нисбатан нотўғри муносабат, табиий бойликларни асраб-авайлашга эътиборсизлик, ҳар жойда чиқиндилар кўпайиб, биосферанинг ифлосланиши келгусида катта фалокатларга сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Кишилар онгига экологик маданият тушунчасини ҳар қачонгидан кўра чуқурроқ сингдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Атроф-муҳит тоза экан, касалликлар чекинади

Нурмамат НОРБАЕВ, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти лаборатория мудири, катта илмий ходим, тиббиёт фанлари номзоди:

– Сув, ҳаво, тупроқнинг зарарли моддалар билан ифлосланиши туфайли табиатдаги тирик организмларга доимо зарар етказилган. Оддий мисол. Европада тупроқ таркибида кобальт элементининг етишмаслиги ўтган асрдаёқ йирик шохли ҳайвонлар ва бузоқларда оғир даражадаги ўткир анемияга сабаб бўлган. Сувда фтор моддасининг меъёрдан жуда ошиб кетиши эса флюороз эндемик ўчоқларини пайдо қилган. Мисрдаги Нил дарёсининг қирғоқларидаги тупроқ таркиби магний моддасига бой эканлиги сабабли, ушбу ҳудуд аҳолиси орасида ёмон сифатли хавфли ўсма касалликлари кам учрашига сабаб бўлиши илмий текширувлардан маълум. Шу ўринда айтиш жоиз, республикамизда ўтган асрнинг 60-70-йилларида, безгак касаллигини юқтирувчи чивинлар кўпаядиган қамишзорлар ҳамда ботқоқликлар қуритилиши оқибатида ушбу касаллик бора-бора чекинди.

Экологик омилларнинг инсон организмига салбий таъсирини ўрганган олим ва мутахассисларнинг таъкидлашича, беморларни даволашда улар яшаётган ҳудуд атмосфера ҳавосининг яхшиланиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиши ёки мазкур ҳудуднинг кўкламзорлаштирилиши бевосита даволаниш жараёнининг кучайишига ҳамда тез фурсатда соғайишига сезиларли таъсир қилар экан.

Демак, юқумли хасталикларнинг олдини олиш, ҳовли жойларни озода сақлашдан бошланади. Уй атрофидан чиқинди ахлатлар ўз вақтида олиб кетилиши шарт. Акс ҳолда туриб қолган ошхона чиқиндиларида касаллик қўзғатувчи микроблар тобора кўпаяверади ва кишилар организмига катта зарар етказади. Унутмайликки, ўзимиз яшаётган ҳудудларни озода тутсак, дард кўрмай узоқ йиллар соғ-омон яшаш имконияти ортади.

«Табиат — онамиз» деса болалар…

Қаршихон ХОЛХЎЖАЕВ, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент:

– Табиатнинг тириклик манбаи эканлиги, унинг бойликларидан биздан кейинги авлодлар ҳам баҳраманд бўлиши кераклигини бу кун ёшлар онгига сингдириб боришимиз лозим.

Борлиқни асраш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканини келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизга уқтириш жуда зарур. Ўғил-қизларни экологик жиҳатдан билимли қилиб тарбиялаш ота-оналар, педагог ва тарбиячиларнинг вазифасидир.

Экологик тарбияни аввало оиладан, болаларнинг боғча ёшидан бошлаш тўғрироқ. Мактабгача тарбия муассасаларида олиб бориладиган турли тадбирлар жараёнида болалар онгида экологик маданиятни шакллантириш орқали аввало, ўзи яшаётган жойга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига тўғри муносабатни шакллантириш лозим.

Вазифамиз маърифатли, билимли, маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахсни тарбиялашдан иборат экан, экологик маданият тушунчаси ҳам бунда муҳим ўрин тутади.

ТАҲРИРИЯТДАН: Давлатимиз раҳбарининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ва “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси жойларда мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан пешма-пеш бажарилмоқда. Лекин, табиат муҳофазасига ҳар бир киши бу кун ўзини масъул деб билмоғи лозим. Кишиларимиз табиатни асраб авайлаш борасида оқилона иш тутсалар, уй ва ҳовлиларини ораста тутиб, яшаш жойларидаги йўлак ва кўчаларни кўкаламзорлаштиришга киришсалар, нур устига аъло нур бўлур эди.

Давра суҳбатини
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА
ва Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА ёзиб олишди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x