Дори тайёрлашни маҳаллийлаштириш: изланишлар самара беради

Аҳолига зарари камроқ, яъни табиий дори-дармонлар етказиб берилиши хусусида ҳукуматимиз қарорларида қайта-қайта таъкидланмоқда. Мутасадди идора ва ташкилотларда шунга оид ҳаракатлар қизғин олиб бориляпти, янгиликларга катта йўл очилмоқда. Дори тайёрлашни маҳаллийлаштириш масаласи долзарб бўлиб турган бугунги кунда Тошкент фармацевтика институтида ҳам ҳукуматимиз қарорларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича амалий ишларга киришилган. Хўш, дастлабки илмий изланишлар қандай натижалар бермоқда? Тошкент фармацевтика институтининг бир гуруҳ олимлари мухбиримиз билан бўлган суҳбатда худди шу хусусдаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шифобахш гиёҳлар ўлкамизда мўл

Рустам ТЎЛАГАНОВ, илмий ишлар бўйича проректор, биология фанлари доктори.

– Институтимизда маҳаллий табиий ўсимликлар ва минерал хом ашёлардан дори тайёрлаш, бу борада юқори технологияларга асосланиб, янгича стандартлаш усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, фармация ишини ташкил этиш ва дори-дармон маркетингини ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишга оид илмий тадқиқотлар ўтказилади.

Институтимизда шифобахш ўсимликлардан тайёрланадиган дорилар 70-80 фоизни ташкил этади. Тайёрланаётган бир қатор дорилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан ҳисобга олиниб, реестрга киритилган. Бир қатор ўсимликлар йиғмасидан, шунингдек индивидуал ўсимликлардан (масалан, мойчечак, кийикўти кабилар) эндиликда турли корхоналар томонидан антигилмент ва бошқа хил дори воситалари махсус лицензияга мувофиқ ишлаб чиқарилмоқда. Гепопротекторлар, ҳаттоки сийдик ҳайдовчи дори воситалари ҳам олимларимиз томонидан қайд қилиниб, ишлаб чиқаришга тавсия этилганлигини таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 апрелдаги “Доривор ўсимликлар асосидаги дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 32-сон қарорига асосан ЎзР ССВ, “Ўзфармсаноат” ДАК ва “Дори-Дармон” АК раҳбарлигида умумий қиймати 122,12 млн АҚШ доллари миқдорида жами 159 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу Қарор асосида эндиликда кенг кўламдаги илмий ишлар олиб бориляпти.

Доришунослар малакаси янада оширилса…

Саидамир САИДОВ, “Фармакология ва клиник фармация” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори.

– Бугунги кунда мамлакатимизда тайёрланаётган дори-дармонларнинг салмоқли ҳиссаси синтетик таркибли дори воситаларига тўғри келади. Чет элларда эса ўсимликлар асосига эга компонентлар қўлланилади. Бунинг сабаби мўътадил, лекин ишончли терапевтик таъсирга эга эканлиги ҳамда ножўя таъсирнинг минималлашганлигидир.

Институт таркибида замонавий ноёб ускуналар билан жиҳозланган Дори воситаларини стандартлаш илмий марказида дори воситаларининг сифатини назорат қилиш ва стандартлашда фармакологик изланиш лабораторияси, шунингдек, тиббий маҳсулотларни сертификациялашни ўрганиш, замонавий таҳлил услубидаги ўқув-тренинг маркази, Ахборот-патент ва илмий-услубий бўлим ишлаб турибди. Институтда Коамид, Ферамид, Кобальт-30, Купир, “Навбахтит”, тозаланган мўмиё ва бошқа дорилар амалиётга татбиқ этилган.

Мустақиллик йилларида институтимизда саноат фармацияси ҳамда фармацевтларнинг малакасини ошириш факультетлари, касбий таълим, биотехнология, клиник фармация ва косметцевтика каби янги йўналишлар очилди. Хуллас, зиммамиздаги улкан вазифаларни бекаму кўст адо этиш бевосита доришунос мутахассислар малакасини ошириш билан боғлиқ. Институтимиз кўплаб чет мамлакатларнинг дори-дармон корхоналари ва доришунос олимлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатаётган бир пайтда кадрларимиз билимдонлиги ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан бехато ишлай олиши катта аҳамиятга эга.

Қизилмия илдизи кўпайтирилади

Восилжон ҲАЙДАРОВ, “Дори воситаларининг саноат технологияси” кафедраси мудири, фармацевтика фанлари номзоди, профессор.

– Ҳукуматимизнинг меъёрий ҳужжатларига асосан, доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштириш бўйича ҳар бир вилоятда ўрмон хўжаликлари, фермер хўжаликлари, шунингдек, Тошкент фармацевтика институти профессор ўқитувчилари олдига доривор ўсимликлар хом ашё воситалари таркиби ва технологиясини ишлаб чиқиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса ана шу асосда дори ишлаб чиқаришни жорий этиш вазифалари қўйилди. Натижада ушбу йўналиш жадал суръатда ривожланмоқда.

Бугунги кунда вилоятлардаги марказий дорихоналар қошида ҳам кичик цехлар, кичик линиялар, ҳеч бўлмаганда доривор ўсимликларни фильтр пакетчаларда чой ёки йиғмалар кўринишида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда “Бальзам” (МЧЖ) ташкилоти билан шартнома тузганмиз. Шу кунгача 10 дан зиёд ўсимликлардан қуруқ экстракт олишга муваффақ бўлдик. У ерда ҳар томонлама қулай замонавий экстрактор ёрдамида 5 та босқични бир вақтнинг ўзида амалга оширяпмиз. Авваллари 7 кунда қилинган ишларни эндиликда 3-4 соатда бажаряпмиз.

Бундай иқтисодий самарадорликларга эришаётганимиз биз учун қувонарли. Масалан, пуркагичли қуритгичнинг афзаллиги ҳам ишимизда қўл келмоқда. Ушбу ускуна ёрдамида ўсимлик хом ашёсини биологик фаол модда чидамлилигига қараб керакли ҳароратда тез ва сифатли қуритиш мумкин.

Маҳаллий ўсимлик ҳисобланган қизилмия организм иммунитетини кўтаради, шунингдек, бошқа кўплаб хусусиятларга эга. Четдан келтириладиган дори препаратлари таркибида ана шу ўсимлик таркибидаги глицирризин кислотаси бор экан. Ушбу дорилар асосан гепатит С ни даволашда ва иммунитетни ошириш учун қўлланилади.

Ҳукуматимиз томонидан шифобахш қизилмия илдизларини кўпайтириб саноатда қайта ишлаш масалалари эътиборга олиниб, бу борада маҳаллий корхоналарга бир қатор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди. Жумладан, саноат плантацияларини ташкил этиш ва табиий заҳиралардан унумли фойдаланиш орқали қизилмия илдизларини тайёрлаш ҳажмини ошириб бориш, бу борада қизилмия хом ашёсидан самарали фойдаланиш, бу ўсимликни қайта ишлаш ва экспортга йўналтирилган маҳсулот сифатида ишлаб чиқариш каби муҳим юмушларга киришилади. Бу ишга чет эл инвестициялари, мутахассислари ва маслаҳатчилари жалб этилиб, 2022 йилга келиб дунё бозорида қизилмия илдизларини қайта ишлаш бўйича слайс – 5 фоиз, экстрактлар (суюқ, қуруқ, кукун ҳолда) – 60 фоиз, глицирризин кислотаси – 35 фоизга етказилиши белгиланди.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш ва қайта ишлашни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Айтиш жоиз, 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 16010 га ва Хоразм вилоятида 2500 га, жами 18510 гектар майдонда қизилмия плантацияларини ташкил этиш ҳамда жами 144878 тонна қизилмия илдизларини тайёрлаш, беш йил мобайнида 767 иш ўринларини ташкил этиш ва умумий нархи 39 787 000 АҚШ доллари бўлган жами 31 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилди. ЎзР ФА ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЎзР Молия Вазирлиги билан ҳамкорликда қизилмия илдизлари асосида янги маҳсулот турларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Ўсимликларни маданийлаштириш керак

Абдумўмин ҒАНИЕВ, “Фармация” кафедраси мудири, доцент, фармацевтика фанлари номзоди.

– Табиий дори воситаларининг энг аввало организм учун салбий ёки ножўя таъсири кам, шунингдек улар нисбатан арзонроқ бўлади. Маҳаллий ўсимлик хом ашёлари асосида аҳолининг табиий ва безарар дориларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида бу кун иккита йўналишда иш олиб бориляпти. Биринчидан, ишлаб чиқарувчи корхоналарга бир қатор имтиёзлар берилган бўлиб, агар улар ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ёки ёрдамчи моддалардан ўзлари фойдаланишса, корхона ўз-ўзидан солиқдан озод қилинади. Иккинчидан, янги ташкил этилаётган корхоналар солиқдан озод қилиниши билан бирга банклар томонидан кредитлар берилиб, иш жойи ажратилиши кўзда тутилган.

Президентимиз ташаббуси билан 7 та эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинган. Уларда маҳаллий ўсимликлар хом ашёларидан дори ишлаб чиқарилишида маҳаллий ҳукумат идоралари томонидан ёрдам кўрсатилмоқда. Бошқа давлатлар доривор ўсимликларга жуда бой бўлмаса-да, уларда ишлаб чиқариш яхши ривожланган, ҳатто улар чет элдан хом ашё сотиб олиб, керакли дори воситаларини ишлаб чиқаришлари мумкин. Бизда эса 4,5 минг турдаги ўсимликлар мавжуд, шулардан 600 турга яқини доривор ҳисобланади. Илмий тиббиётда 100 га яқин турдагиси ишлатиляпти, холос. Яна 500 турдаги шифобахш ўсимликларни амалиётга татбиқ этишимиз, қолганларини ҳам ўрганиб, керак бўлса кўпайтиришимиз лозим бўлади.

Абу Али ибн Сино, Беруний каби алломалар ўз даврида аҳолини ўсимликлардан тайёрланган дорилар ёрдамида даволашган. Ўтмишда доривор ўсимликлар йиғма ҳолда олиниб, сўнг улардан дамламалар тайёрланган. Даврлар ўтиб, кишиларимиз кимёвий дори воситаларидан фойдалана бошладилар. Ваҳоланки буларнинг салбий таъсири ҳам мавжуд. Чунки, кимёвий усулда тайёрланган дорилар таркибидаги моддалар организм учун ёт ҳисобланади. Бу кўплаб олимлар томонидан ҳам эътироф этиляпти. Демак, эндиликда биз эски усуллардан воз кечиб, дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бу ишнинг афзаллик жиҳатларига оид аҳоли ўртасида, ҳатто шифокорлар ўртасида ҳам тушунтириш ишлари олиб боришимиз зарур.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x