Дарсликлардаги хатоларга бефарқ бўлмайлик

“Иш бор жойда хато бор”. Бу гап қулоғимизга кўп чалинади. Тўғри, иш бор жойда турли хил камчиликлар учраб туриши табиий ҳолдир. Ҳар бир ишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, албатта. Лекин йўл қўйилаётган хатоларда ҳам муайян чегара бўлади.

Авваллари бадиий асарлар, синф дарсликлари қайта-қайта таҳрирдан ўтказилиб, китобнинг турли имловий, услубий ва маълумотлар билан боғлиқ хатолардан ҳар томонлама холи эканлиги текширилиб, мукаммал даражага келгандагина ўқувчилар эътиборига тақдим этилар эди. Агар китобларда турли хил имловий хатолар ёки мазмун жиҳатидан чалкашликларга йўл қўйилса, китобнинг охирги саҳифасига илова тарзида қайси саҳифада қандай хато кетгани ва ўша хатонинг адабий тил қоидаларига мувофиқ тўғриланган варианти бериб кетилар эди. Айтганимиздек, агар хатога йўл қўйилган бўлса…

Ҳозир-чи, ҳозир китобларимизнинг бадиий савияси ҳамда имловий қоидаларга мослиги қай даражада? Бир қарашда ўқувчиларга тақдим этилаётган дарсликлар умуман бенуқсондек кўринади. Аслида ҳам шундаймикан? Сўз исботи билан деганларидек, қуйидаги мисолларни келтирамиз:

2014 йилда нашр қилинган умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфлари учун дарсликни варақлаймиз. Адабиёт, қайта ишланган ва тўлдирилган учинчи нашри. Маълумки, бўғин кўчириш қоидалари умумтаълим мактабларининг бошланғич синфдаёқ ўргатилади. Бу китобда эса бўғин кўчиришда кўп бора хатоликларга йўл қўйилган. Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидан олинган парчадан кўчирма: “Йўлчи билан бир кеча-кундуз бирга яшадиги у ҳужра…” (39-саҳифа) жумласидаги “ҳужра” сўзи “ҳу-жра” тарзида хато бўғин кўчирилган. Аслида эса бўғин “ҳуж-ра” тарзида кўчирилиши керак эди.

Китобнинг 43-саҳифасидаги “Хўжайин деган хизматкорни қизиқтириш…” жумласида, “қизиқтир-иш” шаклида, 45-саҳифадаги “жиҳозларга” сўзи, “жиҳо-зларга” шаклида хато кўчирилган.

Китобда, бундай хатоликлар кўп. Бир ўйлаб кўринг, ўқувчи уйга берилган топшириқларни бажараётган вақтида, айтайлик, иншо ёзаётган бўлса, қайсидир сўзнинг бўғин кўчирилишига қийналиб қолса ёки бирор-бир сўзнинг имловий қоидаларга мувофиқ қандай ёзилишини билмоқчи бўлса, албатта, ўзининг она тили ва адабиёт дарсликларидан кўмак истайди. Ваҳоланки, китобларда шундай хатолар бўлса, ўқувчи тўғри ёзишни қаердан ўргансин?

9-синф адабиёт дарслигида ўзбек шеъриятига кўнгил дардлари сувратлари, руҳий изтироблар манзараси, армонга айланган орзулар инсон сезимларида қолдирган излар тасвирини олиб кирган машҳур шоиримиз Абдулла Ориповнинг ҳаёт ва ижод йўли, шеърлари ҳақида анчагина маълумотлар бериб ўтилган. Китобда шоирнинг “Сароб”, “Баҳор”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси…”, “Куз манзаралари” ҳамда “Генетика” шеърлари келтирилган. Шеърларнинг сўнгида эса одатдагидек, шоирнинг шеърияти таҳлили мавжуд. Ушбу бўлимдаги бир хатога кўз ташласак. А. Ориповнинг “Баҳор” шеъридан олинган: “Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ”, – Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим”…” жумласи (104-саҳифа) китобнинг 90-саҳифасидаги “Сароб” шеъри 12-куплетининг 3–ва 4–қаторларида турганлигини кўрамиз. Бинобарин, таҳрирда ушбу байтлар “Баҳор” шеъридан олинган дея келтирилган эди.

Инсонга маънавий озуқа берадиган адабиёт китобларимизни бир четга қўйиб, энди тил қоидаларини ўргатадиган “Она тили” дарсликларига юзланамиз. Умумий ўрта таълим мактабларининг 8-синфи учун “Она тили” дарслигида синтаксис бўлимининг барча турлари, ижодий матн ва иншо ёзиш қоидалари бериб ўтилган.

Бу китобда ўз-ўзини инкор қилувчи бир қатор далилий маълумотлар билан боғлиқ камчиликлар мавжуд: китобнинг 63-саҳифасидаги мураккаб от кесимларнинг тузилиши мавзуси. 1-топшириқ, 6-мисол. Улар беш кишидан иборат эди. Китобда ажратиб кўрсатилган бўлак от-кесим дейилган. Ҳақиқатан ҳам, жумлани таҳлил қилиб чиқсак, буни тўғрилигига амин бўламиз: Улар – бу ўринда эга, беш кишидан иборат эди – кесим. Чунки иборат эди сўзининг ўзи кесим бўла олмайди, иборат сўзи – дир кесимлик шаклига тенг. Агар беш сўзини от-кесим таркибига киритмасдан алоҳида олсак, “улар кишидан иборат эди” тарзида гап ўз маъносини йўқотиб қўяди. Шунинг учун аслида аниқловчи бўлган беш сўзини от-кесим таркибига киритамиз. Худди шунга ўхшаш мисол “Воситали тўлдирувчи” мавзусида 93-саҳифадаги 201-машқнинг 2-мисолида берилган: Китоб икки қисмдан иборат. Гапда ажратиб кўрсатилган бўлак – воситали тўлдирувчи (?). Юқоридаги мисолдаги кишидан сўзи эса от-кесим таркибида. Китобдаги таҳлил бўйича иборат – кесим, китоб – эга, икки – аниқловчи, қисмдан – воситали тўдирувчи (?). Агар гапда иккинчи даражали бўлакларни тушириб қолдирсак, ушбу гапдаги грамматик асослар “китоб иборат” кўринишига эга бўлади, лекин биз буни гап деб ололмаймиз. Кесим мавзусида келтирилган қоидага назар солсак: 1 кесим гапнинг асосий белгиларини кўрсатувчи энг муҳим бўлак бўлиб, гапда эга ҳам, иккинчи даражали бўлаклар (тўлдирувчи, аниқловчи, ҳол) ҳам бевосита ёки билвосита кесимга боғланади. Қоидадан келиб чиққан ҳолда гапни таҳлил қиламиз. Китоб икки қисмдан иборат. Худди “Улар беш кишидан иборат” мисолидагидек, китоб – эга, икки қисмдан иборат – от-кесим. Яна шунга ўхшаш мисол китобнинг “Аниқловчи ҳақида умимий маълумот” мавзусидаги 203-машқда берилган (94-саҳифа). Китоб муаллифлари шунчалик лоқайдликларга йўл қўйишганки, машқда матн бериб, ҳатто унинг мавзусини ҳам қўйиб, яна 1-мисол дея бутун бошли матнга тартиб рақами ҳам қўйишган. Матнда навбатдаги рақамлашлар йўқ.

Ушбу матндаги иккинчи гап: Катта тўгарак икки гуруҳдан иборат. Бу ерда ажратиб кўрсатилган бўлаклар аниқловчи ҳисобланади. Биз бу гапни таҳлил қилмадик, хулоса эса ўзингизга ҳавола.

Кўриниб турибдики, ушбу китоблардаги камчиликлар етарли даражада. Лекин бу келтирган мисолимиз денгиздан бир томчи. Бадиий асарлардаги хатоликларга юқоридаги мақолимиз қабилида иш тутиб, кечирдик ҳам дейлик. Лекин энди ўсиб-улғайиб келаётган, мустақил ва озод Ватанимизнинг келажаги бўлган ёш авлодга таълим-тарбия беришда, уларни она Ватан, она тилимизни қадрлашга ва шу она тилимизни бекаму кўст ўрганишга пойдевор вазифасини бажарувчи она тили ва адабиёт дарсликларидаги йўл қўйилаётган хатоликларга кўз юмиб кетиб бўлмайди.

Биз юқорида атиги иккита дарсликдаги нуқсонларни мисол келтирдик, агар биринчи синфдан то академик литсей ва касб-ҳунар коллежлари дарсликларигача бўлган китоблар синчиклаб ўрганиб чиқилса, талай хатолар чиқиши аниқ. Бу йўл қўйилган хатоликларга бефарқ бўлсак, тилимизни ўрганишга бўлган эътиборнинг сусайишига қайсидир маънода биз ҳам айбдор бўлиб қоламиз. Айниқса, яхши ва сифатли китобларга талаб ва эътибор кучайган бугунги даврда бундай қўпол хатоликларга тўла китобларнинг ўқувчига тақдим этилиши, китобхонга маънан зарар етказиш билан тенгдир. Шундай экан, нашр учун ҳурматли масъул мутасаддилар, миллий қадриятларимизни, ватанимизни, она тилимизни ўргатишга, севишга пойдевор бўладиган китобларимизга бефарқ қарамайлик.

 

Жасурбек ТОЖИБОЕВ,

ЎзДЖТУ талабаси

 

“Ҳуррият” газетасидан олинди.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/darsliklardagi-xatolarga-befarq-bolmaylik/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x