Чет эл болалар адабиёти

Мустақил мамлакатимизда катталар адабиётининг ажралмас бир бўлаги бўлган болалар адабиётининг ривожланиши, ҳар томонлама бойиб боришида таржима асарларининг ўрни, аҳамияти катта. Негаки, таржима асарларини ўқиган ҳар бир ёш китобхоннинг дунё ҳақидаги фикри, тасаввури бойиб, ўша халқнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, меҳнатлари, орзу-интилишлари билан ошна бўладилар.

Асрлар оша худди эртак каби элдан элга, тилдан тилга ўтиб, дилларни яшнатиб юрган “Қизил Шапкача”(Ш. Перро), “Робинзон Крузо” (Д. Дефо), “Гулливернинг саёҳатлари” (Ж. Свифт), “Дюмчахон” (Ҳ. Андерсен), “Олтин балиқ” (А. С. Пушкин), “Том Сойернинг бошидан кечирганлари”, “Шаҳзода ва гадо” (М. Твен), “Капитан Грант болалари”, “Остин-устин” (С. Ж. Верн), “Дон Кихот” (Ж. Сервантес) каби асарлар ёш қалбларнинг оламга нисбатан қизиқишларини жўш урдириб юборади.

ХХ асрда бунёд этилган “Маугли” (Р. Киплинг), “Кичкина Шаҳзода” (А. Де Сент – Экзюпери), “Катта ва кичик Карлсон” (А. Линдгрен), “Тошкент – нон шаҳри” (А. Неверов), “Винни Пух” (А. Милн), “Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак” (С. Маршак), “Уч бақалоқ” (Й. Олеша), “Қувноқ жапбақлар” (Б. Кербобоев), “Доктор Айболит” (К. Чуковский), “Темур ва унинг командаси” (А. Гайдар), “Чиполлинонинг саргузаштлари” (Ж. Родари), “Стёпа амаки” (С. Михалков), “Ким бўлсам экан?” (В. Маяковский), “Билмасвой қуёш шаҳрида” (Н. Носов) сингари олам кезиб юрган асарлар ўзбек китобхон болаларида катта таассурот қолдирмоқда.

Юқорида тилга олинган асарлар ёш китобхонни нимагадир ўргатади, нимагадир даъват этади. Бу асарларнинг кўпчилигида онаВатанга муҳаббат, унинг озодлиги ва бахти учун жон фидо қилиш (“Уч бақалоқ”), ношукур бўлмаслик, ота-она панд-насиҳатига қулоқ солиш (“Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак”), табиатга буюк меҳр (,, Маугли”), табиатни асраш, ҳайвонот оламини севиш (“Доктор Айболит”), одамлар хизматини бажариш, беминнат ёрдам кўрсатиш (“Темур ва унинг командаси”), ўзига пишиқ-пухта бўлиш, ички сирларни ўзгаларга ошкор қилмаслик (“Қизил Шапкача”), намунали ўқиш, касб-ҳунар эгаси бўлиш (“Ким бўлсам экан?”), сергак, тадбиркор бўлиш ҳамда қувноқликка интилиш (, Қувноқ жапбақлар”)дек олийжаноб ғояларнинг ётиши болаларнинг таржима асарларига нисбатан бўлган қизиқиш ва иштиёқларини ўстиради.

Бир мисол. Италиянинг бутун жаҳон болалари танийдиган Ж. Родари (1920–1980) деган ёзувчиси бор. Унинг “Чиполлинонинг саргузаштлари” деган ажойиб асарини болалар ҳузур қилиб ўқийдилар. Қаранг, Чиполлино Чиполонининг ўғли эди. Унинг еттита акалари ҳам бор эди. Чиполлотто, Чиполлоччо, Чиполлуччо ва бошқа пиёз хонадонининг Чиполотто ўғиллари шулар жумласига киради. Аёнки, қаерда пиёз бўлса, ўша ерда кўзларда нам бўлади. Чиполлинолар унча кенг бўлмаган бир яшикнинг устидаги жойда истиқомат қилар эдилар. Мабодо, буларнинг уйларининг олдиларидан олифта зодагонлар ўтиб қоладиган бўлсалар, дарҳол дастрўмоллари билан бурунларини беркитиб, кўзларидан ёш оқизиб ўтиб кетар эдилар. Негаки, улар пиёзнинг аччиқ ҳидига чидай олмас эдилар-да!

Ана шундай қувноқ куйчи Ж. Родарининг “Ҳунарнинг ҳиди қанақа?” деган бир шеъри боғчаларимиз дастуридан узоқ йиллардан бери жой олиб келади. Шеър қувноқ мисралар асосига қурилган. Ҳар қандай ўқувчини бир ўқишда, тинглашда ўзига ром этиб олади. Бошда китобхон: “Ия, ҳунарнинг ҳам ҳиди бўладими?” – дейди. Лекин шеърни ўқигач, тинглагач, Родарига ишонади, қойил қолади, хулоса чиқаради. Келинг, энг яхшиси “Ҳунарнинг ҳиди қанақа?”ни ҳаммамиз яна бир бор қайта бошдан ўқиб қўя қолайлик:

Ҳар ҳунарнинг ўзича

Бордир ҳидибелгиси.

Новвойхонадан келар

Хамиртурушнинг иси.

Устахона ёнидан

Ўтиб қолсанг-чи агар,

Янги тахта, пайраҳа

Ҳиди димоққа тегар.

Бўёқчида бўёқнинг

Ҳиди бўлади ҳар хил.

Ойна қучоғидан ҳам

Замаска ҳиди анқир.

Шофёрнинг курткасида

Бензин ҳиди бор доим.

Ишчининг кийимидан

Келар машина мойи.

Қандолатчидан эса

Мағизнинг ҳиди келар.

Докторнинг халатидан

Анқир хушбўй дорилар.

Омоч ортидан аста

Далада юрар деҳқон.

Тупроқ ва ўтлоқ ҳиди

Бўлар унда ҳар қачон.

Балиқчининг эгнидан

Денгиз ҳиди чиққандай.

Фақат бекорчиларнинг

Ҳиди бўлмас ҳеч қандай.

Ишёқмас бой қанчалик

Атир сепсин, беҳуда!

Болалар! Унинг ҳиди

Қўланса бўлар жуда!

Бундай асарларни ёш китобхон қанча кўп ўқиса, шунча кўп маънавий озиқа олади.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/chet-el-bolalar-adabiyoti/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x