Бош мияда қон айланишнинг сурункали етишмовчилиги сабабли ривожланадиган ва зўрайиб борувчи цереброваскуляр касаллик ҳисобланган миянинг сурункали ишемияси кексаларда учрайдиган асаб тизими хасталиклари ичида юқори ўринни эгаллайди. Бу хасталикка олиб келувчи омиллар қуйидагилар:
- қон томир касалликлари;
- сурункали гипоксия;
- метаболик бузилишлар;
- соматик касалликлар;
- турли интоксикациялар.
Бош мияда микроциркулятор бузилишларга олиб келувчи этиологик омиллар ичида артериал гипертензия ва атеросклерознинг ўрни катта. Бу патологик холатлар катта ёшли инсонларда кўп кузатилади.
РУҲИЙ БУЗИЛИШЛАР
Қарияларда кечадиган мияда қон айланиши бузилишига асосан амилоид ангиопатиялар сабабчи бўлади. Бу хасталик клиникаси неврологик, нейропсихологик ва психоэмоционал бузилишлардан иборат бўлиб, уларнинг қай тарзда намоён бўлиши касаллик даражаси ва ишемик ўчоқлар жойлашган соҳага боғлиқдир.
Касаллик клиникасининг даражасига қараб унинг уч босқичи (I-енгил, II-ўртача, III-оғир) фарқланади.
Жиззакилик, бош айланиши, уйқу бузилиши, тез чарчаш ва умумий ҳолсизлик касалликнинг енгил (биринчи) босқичига хосдир. Ақлий ва ҳиссий зўриқишлар ушбу белгиларни кучайтиради.
Когнитив бузилишлар аксарият ҳолларда неврологик симптомлардан анча илгари пайдо бўлади. Бунда айниқса, диққат ва хотиранинг бузилиши кўп кузатилади. Киши ақлий меҳнат билан шуғулланса тез чарчайдиган бўлиб қолади.
Диққат бузилиши сабабли беморнинг хотираси ҳам издан чиқа бошлайди. Яқиндаги нарсаларни эслаб қолиш қобилияти пасаяди, аммо болалик давридаги воқеалар эсида сақланиб қолади. Психоэмоционал бузилишлар, яъни руҳан тез чарчаш, дарров хафа бўлиш, йиғлоқилик каби белгилар билан намоён бўлади. Бемор ўта таъсирчан бўлиб қолади, унда вегетатив бузилишлар ҳам кузатилади.
Баъзида енгил ифодаланган симптомларга эътибор қилинмайди ва I босқич аниқланмай қолади. Даволаш муолажалари ўтказилмаса, касаллик II-босқичга ўтади.
Иккинчи-ўртача оғирликдаги босқичда субъектив симптомлар янада зўраяди ва унга янгилари қўшилади. Беморнинг уйқуси бузилади, кундузи уйқу босади, кечаси эса ухлай олмайди ёки тез уйғониб кетади, кўп туш кўради. Бош оғриғи доимий тус олади ва оддий аналгетиклар ёрдам бермай қўяди. Бош айланиши кучаяди ва орқага чайқалиб кетишлар сезила бошлайди. Диққат ва хотира бузилишлари кучаяди. Ақлий чарчаш билан биргаликда жисмоний толиқиш ҳам пайдо бўлади.
ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАШ ҚИЙИНЛАШАДИ
Бош мияда қон айланиши сурункали кучайгани сайин неврологик ва нейропсихологик симптомлар зўрайиб боради. Иккинчи босқичда врачга мурожаат қилувчилар сони кўпаяди. Беморларда тафаккур бузилишлари кўп кузатилади.
Когнитив бузилишлар, яъни диққатни тўплай олмаслик, хотира сусайиши ва тафаккур издан чиқиши беморнинг касбий маҳоратига салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто депрессияга олиб келиши мумкин.
Учинчи-оғир босқичида диффуз бош оғриғи, хотира сусайиши, уйқусизлик, қулоқ шангиллаши, бош айланиши, юрганда гандираклаб кетиш беморнинг асосий шикоятларига айланади.
Ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар ўз вазифасини талаб даражасида бажара олишмайди. Аксарият беморлар кундалик оилавий юмушларни ҳам эплай олмай қолишади. Жисмоний ва руҳий чарчаш зўраяди.
Беморнинг тафаккур доираси тораяди, у эзма, инжиқ, майдагап бўлиб қолади. Унинг харакатларида амиостатик синдром аломатлари ҳам пайдо бўлади.
ҚЎЗҒАЛУВЧАН СИНДРОМЛАР
Миянинг сурункали ишемиясида қарияларда бир неча хил синдромлар кузатилади.
Пешона синдромида деменция, оғир руҳий бузилишлар намоён бўлади. Пешона атаксияси рўй бериб, бемор чайқалиб юради ва юрганда йиқилиб тушиш ҳолатлари кузатилади.
Баъзида пешона синдроми кучли психомотор кўзғалишлар билан намоён бўладики, ушбу вазиятда беморни бошқариш қийинлашади. Гоҳида эса аксинча, беморнинг иродаси сўнади. Касаллик зўрайган сайин тос аъзолари функциясини назорат қилиш ҳам сустлашади.
Томир деменциясида когнитив бузилишлар (зеҳн, идрок, фикр бузилишлари) неврологик бузилишлардан устун келади ва беморда деменция ривожланади. Бора-бора бемор чап ва ўнг, юқори ва пастнинг фарқига бормай қўяди. Кўрув агнозияси ва амнестик афазия туфайли яқинларини танимайди ва уларнинг исмини унутади. Ушбу бузилишлар субкортикал атеросклеротик энцефалопатия, яъни Бинсвангер касаллиги деб ҳам аталади
Паркинсонизм ва псевдобулбар синдромлари ўзига хос тарзда кечади. Паркинсонизм синдромида беморда сийдик тутолмаслик ҳолати пайдо бўлади. Псевдобулбар синдромида эса ўз-ўзидан йиғлаш ва кулиш, дизартрия, дисфагия ва дисфония вужудга келади. Бу бузилишлар кўпинча амиостатик синдром ва пўстлоқ ости деменцияси билан биргаликда намоён бўлади.
Вертебробазиляр синдром умуртқа артериялари ва базиляр артерия зарарланиши билан боғлик бўлиб, мия устуни ва мияча симптомлари билан намоён бўлади. Доимий бош айланиши, эшитишнинг пасайиши, нистагм атаксия ва интенсион тремор каби белгилар кузатилади.
Агар ишемия узунчоқ миянинг пастки қисмида кузатилса булбар фалажлик рўй беради.
Бош миянинг сурункали ишемияси ҳолатлари кузатилганда бемор невролог шифокорга мурожаат этиб, жиддий даволаниши лозим. Кўп босқичли муолажалар ва яқин кишиларнинг меҳр-эътибори беморнинг аҳволини бирмунча енгиллаштиради.
Элбек МИРЖЎРАЕВ,
невролог, тиббиёт фанлари доктори, профессор.