Бош мия кисталари

Бош мия кисталари суюқлик билан тўлган ўзига хос пуфак бўлиб, калла ичидаги турли соҳаларда жойлашиши мумкин. Кўпинча бундай бўшлиқлар яримшарлар пустлоғини қопловчи арахноидал пардада ҳосил бўлади. Асосан ҳомиладорлик даврида қориндаги бола ривожланиши билан боғлиқ туғма нуқсонлар, туғруқ жараёни ва ундан кейин орттирилган бош мия жароҳатлари (бош мия лат ейиши, мия гематомалари, калла суягининг ботиб синишлари), шунингдек, паразитар касалликлар, энцефалит, менингит, дегенератив ва дистрофик ўзгаришлар, бош мияда қон айланишининг бузилиши ҳолатлари киста пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.

Турлари. Бош мия кисталарининг бирламчи тури ҳомиланинг она вужудида ривожланиш жараёнидаги ҳар хил ташқи ва ички салбий омиллар, масалан ҳомила асфиксияси сабабли ҳалок бўлган мия тўқимаси ўрнида вужудга келса, иккиламчи орттирилган турида эса туғилгандан кейин миядаги ҳар хил яллиғланиш жараёнлари, мияга қон қуйилиш ёки лат ейишлардан кейин пайдо бўлиб, ҳалок бўлган тўқималар майдонларида жойлашади ва касаллик баъзан клиник белгиларсиз, кўп ҳолларда беморда бош оғриғи ва бошқа нохуш сезгилар билан кечиши мумкин.

Аломатлари. Одатда киста турли хил ҳажмда бўлиши мумкин. Кичик кисталар клиник жиҳатдан намоён бўлавермайди. Каттароқ ҳажмдаги кисталар эса мия пардаларига босим ўтказилиши натижасида беморда кўриш ва эшитишнинг бузилиши, дори-дармонлар самара бермайдиган бош оғриши, уйқусизлик, қўл-оёқларнинг қисман ёки жиддий фалажликлари, руҳий ўзгаришлар, мувозанат (координация) бузилишлари, мушаклар тонусининг сусайиши, қулоқдаги шовқин, ҳушдан кетиш, тутқаноқ ҳуружлари, тери сезгисининг бузилиши, кўнгил айниши, меъёрдан ошиқ ҳаракатлар, кайфиятнинг ўзгариб туриши, бош миянинг босилиш ҳиссиёти, қўл-оёқларнинг ихтиёрсиз ҳаракатланиши, чақалоқларда лиқилдоқларнинг пульсацияси(лўқиллаши) ва қусиш кузатилади.

Ривожланиши. Таъкидлаш жоизки, кисталарнинг клиник манзараси ҳис-туйғулар ва сезги аъзолари иши билан боғлиқ бўлади. Масалан, киста миячада ёки унга яқин жойлашган бўлса мувозанат сақлаш, юриш, қўл-оёқ ҳаракатлари ва ёзувнинг бузилиши, ютиниш қийинлашувига олиб келади. Пешона соҳаларидаги кисталар руҳият бузилиши, хотира сустлашиши, эпилептик хуружларга сабаб бўлади. Тепа соҳасидаги кисталар сезги аъзолари ишини ёмонлаштиради, энса соҳасидаги кисталар эса кўриш фаолияти бузилишига олиб келиши мумкин. Бош миянинг ретроцеребелляр кисталари унинг бошқа соҳаларидаги арахноидал кисталардан фарқли равишда миянинг ташқи, уни ўраб турувчи пардаларнинг ички томонида эмас, балки мияча ички қисми, яъни кулранг модданинг нобуд бўлиши туфайли юзага келади. Бу ҳосила пайдо бўлишида инсульт, интракраниал хирургик операциялар, бош мияда қон айланишнинг бузилиши, травма, яллиғланиш жараёнлари муҳим роль ўйнаши замонавий текшириш усуллари воситасида тасдиқланган.

Айрим кисталар фақат компьютерли томография текширишлари тасодифан аниқланади. Бундай кисталарнинг ҳажми катталашмаса одамнинг меъёрий ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилмайди ва бундай беморнинг даврий тарздаги тиббий кўриклардан ўтиб туриши етарли бўлади. Бироқ, киста ҳажмининг катталашуви касалликнинг ривожланишига ва хатарли ўзгаришлар юзага келишига сабаб бўлиб, бундай вақтда бемор тезроқ даволаниши лозим.

Асоратлари. Бош мия пардалари яллиғланишларининг тўлиқ даволанмаганлиги, мия суюқлигининг некрозга учраган бош мия бўлагига босим ўтказиши, бош мия лат ейиши асоратларининг сурункали давом этавериши, мияда қон айланишининг бузилиши, янги инсульт ўчоқларининг пайдо бўлиши, инфекцион касаллик бартараф этилмаганлиги туфайли кистанинг ҳажми катталашиб боравериши мумкин. Арахноидал кистанинг ҳажми катталашиб боравериши кўнгил айниш, қусиш, тутқаноқ ҳуружи, галлюцинация ва бошқа жиддий ўзгаришлар билан ҳам намоён бўлиб, бундай хатарли белгилар кучайиши киста ичида суюқликнинг ортиши ёки яллиғланиш жараёнининг давом этаётганлиги билан боғлиқ кечади.

Бош мия кисталарининг яна бир тури – порэнцефал кисталар бош мия тўқимасининг ички, чуқур соҳалари зарарланиши, некрозга учраши, емирилиши натижасида ҳосил бўлиб мия қоринчаларининг олдинги, орқа ёки пастки шохчалари билан алоқада бўлади. Бундай кисталарни даволаш мушкул, уларнинг асоратлари ҳам кўпинча жуда жиддий тус олади.

Ташхислаш. Бош миянинг арахноидал кисталари одатда компьютер ёки магнит резонанс томография текширувларидан сўнг аниқланади. Аниқ ташхис тасдиқланганидан сўнг бемор албатта шифокор маслаҳатларига амал қилиши, зарурат туғилганда хирургик операцияга ҳам розилик бериши керак.

Кичик ёшдаги болаларда кистани аниқлаш учун нейросонография текшируви ўтказилади, бу текширув усули хавфсиз, бола соғлиғига салбий таъсир кўрсатмайди. Катта ёшдаги одамларда ультратовуш (Эхо-энцефалоскопия) текшируви ҳам киста борлиги тўғрисида маълум даражада маълумот бериши мумкин.

Даволаш. Бош мия кисталарини даволаш усуллари консерватив (дори-дармонлар билан) ёки хирургик усулда олиб борилади. Хирургик усулда даволашдан аввал беморга допплерография (мияда қон айланиш фаолиятини аниқлаш) буюрилади, шунингдек яширин инфекция, аутоиммун касалликлар бор ёки йўқлигини баҳолаш мақсадида махсус текширишлар ўтказилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Консерватив даволаш муолажалари киста суюқлигини сўрилишини таъминлайдиган, беморнинг иммун ҳолати ва бош миянинг озиқланиши ва фаолиятини яхшилашга йўналтирилган муолажаларни ўз ичига олади. Бемор ёки унинг ота-оналари ўз вақтида тегишли даволаш муассасаларида фаолият кўрсатаётган мутахассисларга мурожаат этишса касалликнинг ривожланиб кетиш хавфи ва оғир асоратлар пайдо бўлишининг олдини олишлари мумкин.

Амирқул ШОДИЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти
“Неврология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия” кафедрасининг доценти, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x