Боланинг тана ҳарорати кўтарилса

Тана ҳароратининг ошиши алоҳида хасталик эмас, балки бирорта касаллик ёки физиологик жараёнлар белгиси (симптом) ҳисобланади. Мутахассислар маълумотига кўра, 60 фоиз ҳолларда иситма кўтарилиши оқибатида уйга «тез ёрдам» чақирилади. Кўпчилик врачлар иситмани тушириш шарт эмаслигини таъкидлашса, бошқалари бола ўзини яхши хис қилиши учун иситма тушириш зарурати туғилади, деган фикрни айтадилар.

Тана хароратининг бир меъёрда ушлаб турилиши, яъни иситма гомеостази иссиқлик ишлаб чиқиш ва иссиқлик ажратиш билан биргаликда кечади. Тана ҳарорати бош мия томонидан (гипоталамус соҳасининг олд ва орқа қисмлари орқали) бошқарилади. Иссиқлик ҳосил бўлиши нейроэндокрин тизимнинг қалқонсимон ва буйрак усти бези иштирокида оксидланиш жараёни (ёғ тўқимаси, мушаклар ва жигар) қўзғалиши ҳисобига юзага келади. Тана ҳарорати доимий равишда бир хил ҳолатда ички аъзоларда сақланади. Қўлтиқ остида ҳарорат ички аъзолардан 10С камроқ бўлса, тўғри ичакда ҳарорат қўлтиқ остига нисбатан 1-0,80С га юқори туради.

Сутка давомида тана ҳарорати (эрталаб ва кечқурун) ўзгаради, аксарият болалар йиғлаганда, жисмоний меҳнат қилганда ёки овқатлаганда тана ҳарорати сал ортиши мумкин. Шунинг учун аниқ маълумот олиш учун бола тана ҳароратини у тинчлангандан ва овқатланиб бўлгандан 30 дақиқадан сўнг ўлчаш мақсадга мувофиқ.

Қандай ўлчаш керак?

Хорижда болаларнинг тана ҳарорати оғиз бўшлиғи ва тўғри ичак орқали ўлчанади. Термометр вазелин билан ёғланади ва тўғри ичакка 2 см киритилиб, камида 3 дақиқа ушлаб турилади. Бунда бола тизза билан оёқларини ёзган ҳолда туриши керак.

Шуни таъкидлаш керакки, оғиз ва тўғри ичакда тана ҳароратини ўлчаш айниқса гўдак болада кам қўлланиладиган усулдир, чунки ёш боланинг йиғлаши, ҳаракатланиши бунга халақит беради, шу билан бирга бола қалтис ҳаракатланганда термометр тана ичида синиб қолиши ҳам мумкин. Бундай кўнгилсизликлар эҳтимоли ҳисобга олингани ҳолда кўпинча ҳароратни қўлтиқ остида ўлчаш тавсия этилади. 4 ёшдан ошган болаларда эса оғиз бўшлиғида тана ҳароратини ўлчаш анча қулай.

Шиша симобли термометрлар ўрнига синмайдиган пластмасса термометрларни ишлатиш хавфсиз ҳисобланади. Ҳар қандай термометрдан фойдаланганда бола тинч ҳолатда бўлиши лозим, акс ҳолда ҳаракатланиш ва ҳаяжонланиш тана ҳароратини ўзгартириши мумкин.

Меъёрий тана харорати 370С гача бўлиши табиий ҳол. Янги туғилган чақалоқларда дастлабки 1-2 ой давомида тана ҳарорати 37,2-37,30С атрофида бўлиши ҳам мумкин, бу физиологик ҳолат («физиологик иситма») ҳисобланиб, атроф-муҳитга мослашув даврида содир бўлади, бундай ҳолларда болада касаллик аломатлари (яъни безовталик, юрак тез уриши, сувсизланиш) кузатилмайди.

Чақалоқлик даврида тана ҳароратининг бироз кўтарилиши ҳеч қандай даво ва иситма тушириш чораларини талаб қилмайди, фақат бола аҳволини бир неча кун кузатиш керак бўлади, тана ҳарорати секин-аста аслига қайтади. Врачлик амалиётидаги кузатувлар шуни кўрсатадики, ота-оналар (ҳаттоки айрим врачлар) баъзан бундай ҳолатга етарли аҳамият беришмайди, шунинг учун ҳам чақалоқларга иситма тушурувчи дорилар қўллангани ва шифохоналарга турли ташхислар билан ётқизилганлигининг гувоҳи бўлганмиз.

Пироген, эндоген, экзоген…

Тана ҳароратининг ошишига кўпинча ноинфекцион ва инфекцион омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Ноинфекцион, яъни организмнинг ички сабаблари оқибатида тана ҳароратининг кўтарилишига кўпинча иммун тизими бузилиши, аллергик касалликлар, ўсмалар, бош мия ички жароҳатлари, мияга қон қуйилиши, уколдан сўнгги йиринглаш, дори-дармонлар қабул қилиш (интерферон, амфотерицин, пирогенал), эндокрин (буқоқ) ва ирсий касалликлар етакчи омиллар саналади.

Баъзан организмда иссиқликни ажратишнинг етишмаслиги билан боғлиқ ташқи таъсиротлар (иссиқ ва қуёш уриши, ўта юқори жисмоний ҳаракат) туфайли ноинфекцион ҳарорат кўтарилиши мумкин. Ички таъсиротлар сабабли юзага келадиган юқори ноинфекцион ҳарорат ошиши эса илон чақиши, нотўғри қон ва қон препаратларини қуйиш, иссиқдан куйиш, дори препаратлари ва пестицидлардан заҳарланишлар, метаболик (модда алмашинув) бузилишларидан сўнг намоён бўлади.

Инфекцион ҳарорат кўтарилишига ҳар қандай инфекциялар (бактерияли, вирусли, микоплазмали, хламидийли, паразитли, замбуруғли ҳамда вакциналар, шунингдек кўкйўтал, грипп, тиф, дизентерия, қизамиқ) сабабчи бўлиши мумкин. Организмга ташқаридан тушиб ёки ичкаридан ҳосил бўлиб ҳароратни оширувчи моддалар пирогенлар (пироген – “олов, иссиқ”) деб номланади. Пирогенлар экзоген ва эндоген кўринишида бўлади.

Экзоген пирогенларга грамманфий бактерияларнинг эндотоксинлари, дифтерия таёқчасининг экзотоксини, дизентерия ва тиф таёқчаси оқсил моддаси киради. Шунинг баробарида вируслар эндоген пирогенлар синтезини кучайтиради.

Тана ҳароратининг 390С дан ошиб кетиши тўқималарнинг кислородга бўлган талабини оширади, бу эса юрак-томир ва нафас тизими ишини тезлатади. Натижада тўқима гипоксияси (ҳавога тўйинмаслиги) ва метаболик ўзгаришлар келиб чиқади. Ёш болада инфекцион гипертермик ҳолатлар кўпинча тутқаноқларга сабаб бўлади.

Оқ ҳарорат ва қизил ҳарорат

Бола хусусиятларига қараб, у касаллангандаги тана ҳарорати турлича кечади. «Қизил ҳарорат» (танада иссиқлиқ ҳосил бўлиши ва ажралиши ўртасидаги мувозанат) да бола териси қизарган, иссиқ, бироз ҳўл, юрак уриши ва нафас тезлашуви эса ҳарорат даражасига қараб ўзгаради. Қўл-оёқлари дастлаб совқотади, сўнгра қизиб кетади.

«Оқ ҳарорат» (гипертермик ҳолат) заҳарланиш таъсирида келиб чиқади, организмда иссиқлик ҳосил бўлиши ва ажралиши ўртасидаги мувозанат бузилади, яъни иссиқлик ҳосил бўлиши устунлик қилади ва қон айланиши бузилади, периферик қон томирлар қисқариши, қонда кислотали муҳит ошиши натижасида аъзолар фаолияти издан чиқади. Беморларда совқотиш, қалтираш аломатлари кузатилади. Териси оқимтир, мармарсимон, лаблари кўкарган, оёқлари совиган бўлади. Оқ ҳарорат, яъни гипертермик ҳолатда юрак уриши ва нафас тезлашуви, шунингдек ҳансираш кузатилиб, бола алаҳсирайди, талваса тутади, лаблари ва тирноқ учлари кўкариб, «оқ доғ» белгиси аниқланади.

«Оқ ҳарорат»да иситма туширувчи дорилар наф бермайди, яъни ҳароратнинг юқори даражада кўтарилиб туриши бола соғлиги учун ўта хавфли саналади ва турли асоратларга сабаб бўлади.

Айни вақтда организмдан кўп миқдорда энергия ва сув йўқотилади. Бу ҳол ўз навбатида қоннинг қуюқлашиб қолиши ва бошқа аъзолар кичик қон томирларида (асосан капиллярларда) қон айланишини бузади, натижада қон томирлардан қоннинг суюқ қисми чиқиб кетиб мияда шиш ҳамда томчили қон қуйилиши рўй беради.

Шунинг учун ҳам бола иситмаси юқори бўлганда ўз вақтида биринчи ёрдам бериш зарур. Акс ҳолда кучли иситма туфайли асаб, юрак-томир ва бошқа аъзоларда рўй берган чуқур ўзгаришлар бола ҳаёти учун ўта хавфли кечади. Бундай ҳолатда бола ҳаётини асраб қолиш мумкин, лекин мия фаолиятининг бузилиши натижасида бемор руҳий ногирон бўлиб қолиши мумкинлигини унутмаслик керак.

«Чой муолажаси» нинг фойдаси

Кўпчилик болаларда тана ҳарорати ошиши унчалик хавотир туғдирмайди. Шу боис инфекцион жараёнга организм табиий равишда курашишини ҳисобга олган ҳолда билан иситмани дори-дармонлар билан туширишга ошиқмаслик керак. Бундай ҳолларда болани кузатиш, парваришлаш, овқатлантириш қоидаларига риоя қилиш яхши самара беради.

Қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:

Дастлаб ваража тутиб бола совқотади ва иситма кўтарила бошлайди, бундай ҳолларда болани иссиқ тўшакка ўраб, илиқ суюқликлар (иссиқ чой, компот, мева шарбатлари) берилиши керак.

«Қизил ҳарорат» да болани ечинтиринг, кўпроқ суюқлик ичиринг. Чунки бола териси, нафас йўллари орқали кўп суюқлик йўқотади.

Ҳарорат кўтарилиши қусиш ва ич кетиш аломатлари билан бирга кечса, биз таклиф қилган «чой билан даволаш» усулини қўлланг. Бунинг учун хона ҳарорати 28-300С бўлиши керак ва уйнинг эшик-деразалари ёпилади. Ёзнинг иссиқ кунларида уй ҳароратини иситиш шарт эмас. Бола яланғоч қилиб ечинтирилади, пиёладаги чой дамламаси (кўк чой) иссиқ ҳолда бўлиши керак. Боланинг дастлаб қўл-оёқлари, сўнгра бадани, қўлтиқ ва чов соҳалари, бўйни ҳамда бош ва юз соҳалари иссиқ чой билан қайта-қайта ювилади. Бола иситмада бўлгани учун териси тез қурийди, шунинг учун сочиқ билан фақат боши артилса кифоя. Шундан сўнг болани енгил кийинтириб, илиқ чой ичирилади.

Умуман «чой муолажаси»ни иситмалаган бола учун кунига бир неча марта қўллашингиз мумкин. Чунки чой иситма туширувчи дори-дармонларнинг ўрнини босади. Хўш, кўк чойнинг иситма туширишда қандай фойдаси бор?

Чой иссиқ ҳолда терига тез сўрилади, қон томирларини кенгайтиради ва иссиқлик ажралишини таъминлайди. Чой таркибида кофеин моддаси тери орқали сўрилади ва юрак-томир тизими ишига ижобий таъсир кўрсатади. Чой билан ювинтириш ва чой ичириш боланинг суюқликка бўлган талабини қондиради ва тинчлантиради. Бола кўз олдингизда тинчланиб ухлаб қолади, бу эса тана ҳарорати меъёрлашишига олиб келади.

Кўпчилик ота-оналар иситмалаган бола баданини ароқ ёки спирт билан артишади. Спиртли эритмалар қўлланганда бола териси куяди, тери қурийди, спирт тери орқали қонга сўрилиб заҳарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Зарур бўлганда дори беринг

Иситма саломатлик учун хавф туғдирганда ҳароратни тушириш мақсадида дори-дармонлар қўлланади. Масалан: бола қайси ёшдалигидан қатъий назар, тана ҳарорати 390С дан баланд бўлса, «оқ ҳарорат» ёки гипертермик ҳолат рўй берса, нафас, юрак-томир, асаб ва бошқа аъзоларнинг оғир касалликларида ҳарорат кўтарилса, 5 ёшгача бўлган болаларда илгари тутқаноқ ҳолатлари бўлиб ўтганда, 2 ойликкача бўлган болаларда (чунки бу ёшдаги гўдаклар катта ёшдагиларга қараганда иситмани кўтара олишмайди).

Бола аҳволи ёмонлашувига олиб келадиган ҳолатлар, яъни бош ва мушакларда оғриқ, инжиқлик, овқатдан кейин қусиш, тутқаноқ хуружида иситма туширувча препаратлардан фойдаланиш мумкин. Педиатрия амалиётида анальгин препаратини иситма тушириш ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида айрим ҳолларда (яъни, бола парацетамол ва ибупрофенни кўтаролмаса) қўлланади.

Касаллик сабабини аниқламасдан туриб иситма туширувчи препаратларни узоқ муддат тавсия қилиш мумкин эмас. Антибактериал препаратлар билан биргаликда иситма туширувчи препаратларни давомли қўллаш ўз исботини топмаган. Оқ ҳарорат (гипертермия) да иситма туширувчи препаратлар билан биргаликда қон томирларни кенгайтирувчи (папаверин) ва антигистамин (пипольфен) препаратларидан фойдаланиш яхши самара беради.

Гипертермик синдромда ва 2 кун давомида иситма туширувчи препаратларни қўллашдан наф бўлмаганда болани шифохонага ётқизиш лозим. Болада узоқ муддат иситма туширувчи дорилар ичириш ва оналар ўзларича турли иситма туширувчи воситаларни қўллашлари ҳамда ўз вақтида тиббий ходимларга мурожаат қилмасликлари турли хил асоратларга олиб келишини ёдда сақлаш жоиз.

Хуллас, болаларда фақат иситма туширувчи хавфсиз препаратларни қўллаш лозим, масалан кўпинча парацетамол ва ибупрофен танланади. Соғлом болаларга иситма туширувчи препаратлар иситма жараёни асоратсиз кечган ҳолда ва тана ҳарорати 39-39,5° С дан ошганда тавсия қилинади. Иситма туширувчи препаратларни ноинфекцион иситмаларда (марказий, нейрогуморал, рефрактер типдаги, модда алмашинуви бузилиши оқибатида, дорилардан сўнг) қўллаш мумкин эмас.

Сайдулло РАСУЛОВ,
педиатр, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x