Боланинг иммунитети паст бўлса

Ёш болаларда иммун тизими ишининг издан чиққанини қуйидаги ҳолатлар орқали билиб олиш мумкин:

  • Йил давомида кичкинтой грипп, бронхит ва ўткир респиратор хасталикларга 5 маротаба, баъзан ундан ҳам кўп чалинса.
  • Болада камқонлик аниқланган бўлса (қонда гемоглобин миқдорининг камайиб кетиши иммун тизими фаолиятини сусайтиради).
  • Касалликнинг тез-тез қайталаниши ҳамда хасталаниш кунларининг чўзилиши.
  • Кўз атрофининг кўкариши, ҳолсизланиш, камқувватлилик.
  • Гижжа касаллиги ва аллергияга чалинса (шунингдек, дисбактериоз хасталигига мойил болаларда ҳам иммунитет пастлиги кузатилади).

Унутмангки, муаммони вақтида бартараф этиш бола саломатлигининг тезроқ тикланишида ёрдам беради. Аввало болани педиатр кўригидан ўтказиш лозим. Унинг умумий аҳволидан келиб чиқиб, махсус тиббий таҳлилларни топшириш талаб этилади. Қон таркибидаги турли инфекция қўзғатувчи бактериялар ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. (Иммун тизимини издан чиқарувчи зарарли вирусларни қон таҳлили орқали аниқласа бўлади.)

Маслаҳат шуки, бола таомномасини қувватли сифатли маҳсулотлар билан бойитинг, уни очиқ ҳавода тез-тез сайр қилдиринг. Уч ёшдан ошган болаларни сув ҳавзаларида чўмилтириб, баданини офтобда тобланг, махсус бадантарбия машқлари билан чиниқтиринг. Физиодаволаш усулларини қўллаб, умумий уқалаш машқларини (мутахассис шифокор билан маслаҳатлашиб) қўлланг.

Табиий усуллар ёрдамида соғломлаштириш бола организмига ижобий таъсир кўрсатади. Йилига бир марта ёз кунлари болани тоғ ён-бағирларига олиб бориб, тоза ҳавода кўпроқ дам олдириш унинг соғлиги учун фойдали. Икки ёшгача бўлган болаларга ҳаво ваннасини қўллаш мумкин. Дастлаб чақалоқ 1-2 дақиқа кийимлари ечилган ҳолда очиқ ётқизиб қўйилади. Ҳаво ҳарорати 18-20 даражадан паст бўлмаслиги лозим. Ҳаво ваннасининг муддати ҳар куни 1 дақиқадан кўпайтириб борилади. Уни қўллашдан олдин боланинг умумий аҳволи ҳисобга олиниши керак. Ҳаво ваннасининг афзаллик томони шундаки, чақалоқ организми ташқи муҳитга тез мослашади.

Болаларнинг иммунитети мустаҳкам бўлишида табиий ноз-неъматларнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Бу ҳақда билиб қўйсангиз зарар қилмайди. Масалан саримсоқ шамоллашнинг олдини олади, апельсин таркибида С витамини мўл, лимон ва асалли чой шамоллашни даволайди, асал эса иммунитетни кўтариб, қонни тозалайди. Шунингдек қизил сабзи кўриш қувватини оширади, шолғом шамоллашни бартараф этади, қизил лавлаги қон кўпайтириш хусусиятига эга. Анор организмни токсинлардан тозаласа, олма иштаҳани очади. Сут маҳсулотлари таркибидаги лакто ва бифидо бактериялар организмдаги фойдали бактерияларни фаол ҳолатга келтиради ва иммун тизимини мустаҳкамлайди.

Райҳон МУДАРИСОВА, педиатр, педагог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x