Болалардаги қорин оғриғи

Уч ёшгача бўлган болаларда қорин оғриғи билан кечадиган 200 дан ортиқ турли касалликлар мавжуд бўлиб, улар ичида қорин бўшлиғи ўткир хирургик касалликларини ажратиш жуда мураккаб ҳисобланади. Болаларда биргина ўткир аппендицитнинг ўзида 30 га яқин клиник симптомлар мавжуд. Булар муаммонинг бир жиҳати, бошқа томондан қаралганда эса болалар хирургиясида касалликнинг бошланиш ва давом этиш муддати катта аҳамиятга эга.

Ўткир аппендицит, ичакнинг тутилиши билан кечувчи касалликлар, сиқилган чов чурралари ўз вақтида аниқланиб, тегишли даво тадбирлари ўтказилса, касаллик асоратсиз тузалади, аксинча, касаллик бошланганидан кўп вақт ўтган бўлса, унинг оқибатлари анча оғир кечиб асоратланади.

«Ўткир қорин» (қорин соҳасида бирданига кучли оғриқ туриши) хирургик ташхиси 6 соат ичида қўйилган бўлса, ўлим холати камдан-кам ҳоллардагина юз беради. Бу ҳол 12 соатгача аниқланса, кўнгилсиз воқеа икки баробарга, 24 соатда аниқланса, уч баробарга ортади. Агар касаллик бошлангандан сўнт 48 соатдан кўпроқ вақтни ўтказиб шифокорга мурожаат қилинса, у ҳолда кўнгилсиз воқеа 90-100% ни ташкил этиб, бемор ҳаёти қил устида қолади.

Болаларда энг кўп учрайдиган хирургик касалликлар асосан ўткир аппендицит, ўткир ичак тутилиши, ўткир перитонит ва қорин бўшлигидаги аъзоларининг ўткир шикастланишлардан иборат. «Ўткир қорин» холати эрта ёшли болаларда ўзига хос белгилар билан кечади ва бу хирургик касалликлар катта ёшдаги кишиларда бўладиган қорин оғриғидан мутлақо фарқ қилади. Бу касалликларга хос бўлган асосий клиник белги қоринда тўсатдан пайдо бўладиган каттиқ оғриқдир.

Ўз вақтида аниқлаш муҳим

Одатда, эрта ёшдаги боланинг қорнида оғриқ пайдо бўлганида у безовталанади, йиғлайди, шу йўл билан катталар эътиборини ўзига жалб қилади. Турган гапки, бундай кезларда ота-оналар ўзларини қўярга жой тополмай қоладилар, оғриқни тезроқ қолдириш учун даво излашга тушадилар. Айримлари болани билар-билмасдан ўзлари уй шароитида даволай бошлайдилар, бола қорнига иссиқ “грелка” қўядилар, унга мойчечак (ромашка)дан ҳуқна қиладилар, сано ёки бошқа дори-дармонларни ичирадилар.

Ҳақиқатан ҳам, баъзи ҳолларда, хусусан, ясли-боғча ёшидаги болалар ичакларида ел тўпланиб қолиши ёки ичи яхши юришмаслиги туфайли қорни оғриса арпабодиён суви ичириш ёҳуд грелка қўйишдан сўнг бола тинчлангандек бўлади. Лёкин бу — ҳамиша ҳам шундай бўлади, деган гап эмас.

Амалиётимизда кўп учрайдиган ҳолатлардан келиб чиқиб куйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин. 2 ёшли Давлатбекнинг қорни тўсатдан оғриб қолади. Ота-онаси «ўғлимизнинг меъдаси бузилибди» деб ўйлаб, унга ўзларича оғриқ қолдирувчи дориларни бериб даволашади. Аммо, қориндаги оғриқ босилмагач, болани касалхонага олиб келишади.

Хирурглар текшириб кўрганда, ичак тутилиши касалига дучор бўлганлиги аниқланади ва бемор зудлик билан операция қилиниб, зарур дори-дармонлар билан даволанади. Орадан кўп ўтмай Давлатбек соғайиб уйига кетади. Аммо ҳаётда аксинча холатлар хам кўп кўзга ташланади. Бу мисолдан кўриниб турибдики, болаларнинг қорин оғриғи турли сабабларга кўра юзага келар экан.

Ангинадан паротитгача

Кўп холларда ангина, грипп, зотилжам, қулоқ йиринглаши каби касалликлар ҳам баъзан қоринда оғриқ ҳосил қилиши, қизамиқ, қизилча, сувчечак, тепки (эпидемик паротит)сингари юқумли касалликлар эса «ўткир қорин» ҳолатини юзага келтириши мумкин. Болада кўнгил айнаши, ҳароратнинг кўтарилиши, ич кетиши билан бир вақтда содир бўладиган қориндаги оғриқ, ўткир хирургик касалликдан далолат беради.

Айниқса, шамоллаш, грипп ва бошқа касалликлар билан айни бир пайтда аппендицит ёки ичак тутилиши каби хирургик касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун болалар қорин оғриғинининг кайси тури билан касалланганлигини ва сабабини тўғри топиш кийин иш ҳисобланади ва уни ҳар томонлама текшириб кўришга тўғри келади.

Баъзи ота-оналарнинг камчиликлари шундаки, улар боланинг физиологик хусусиятларини, қориндаги оғриқнинг асл сабабини билишга уринмайдилар.

Ўсиб келаётган эрта ёшдаги бола организмининг табиатан касалликка чидамсизлиги, кўпгина аъзолари ҳали яхши ривожланмаганлиги сабабли қорин бўшлигидаги касаллик асорати тез ривожланади. Катта чарви ҳали ўсмаганлиги учун йиринглаш жараёни қорин бўшлиғига дарҳол тарқалади ва кутилмаган фожиаларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзгарувчан симптомлар

Болаларда ўткир қорин синдроми билан кечувчи турли туман касалликларнинг хар хил оғриқ тарикасида кечиши, улар организмининг ўзига хос анатомо физиологик хусусиятлари ва тез ривожланиб ўсиб бораётган бола организмидаги чуқур биохимик жараёнлар ва улардаги барча нерв турларининг тўлиқ етилмаганлиги билан асосланади. Бундай хар хил клиник симптомларнинг ўзгариб туриши ёки хар хил кечиши кўп жихатдан тажрибасиз шифокорларни ҳам ноқулай вазиятга қўйиб, ташҳисда хато қилишларига олиб келади.

Юқорида келтирилган мисоллардан ва айтилган фикр-мулоҳазалардан шу нарса келиб чиқаяптики, болалар қорин аъзоларининг анатомик-физиологик хусусиятлари ва уларда учрайдиган касалликлардан хабардор бўлиш ҳар бир ота-онанинг оз бўлсада бурчидир. Ана шундагина, бола қорнида оғриқ пайдо бўлганда ва шифокор етиб келгунча дори-дармон қилиш зарурияти туғилса, ота-оналар ўз фарзандларини касаллигига тўғри муносабатда бўла оладилар.

Бемор бола ота-онасининг бепарволиги туфайли қимматли вақтни ўтказиб юбориши ва касаллик бола умрига завол бўлиши мумкин! Шунинг учун 3 ёшгача қорин оғриғи билан оғриган болаларда хирургик касалликларни аниқлаш мураккаблигини енгиллаштириш максадида уларни албатта дастлаб хирургия бўлимига ётқизиш ва текшириш лозим бўлади.

Эрта ёшгача болаларда ўткир хирургик касалликларнинг олдини олиш нохуш ҳолат рўй бермаслигида муҳим ўрин тутади. Бундай ҳолатда, шифокор хузурига зудлик билан боришнинг иложи топилмаса, унда то шифокор келгунча қоринга совутгич муз қўйиб туриш ва “тез тиббий ёрдам”ни зудлик билан чақириш тавсия этилади.

Бундан ташқари, бемор болалар оилавий, марказий ташхисий ва туман поликлиникаларида ва хирургик стационарларнинг қабул бўлимларида болалар хирурглари навбатсиз қабул қилинади.

Абдурашид ХАМРОЕВ,
Тошкент Педиатрия тиббиёт институти
“Госпитал болалар хирургияси” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали болалар жарроҳи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x