Нур терапияси нима?

Турли ўсмаларни, шунингдек баъзи яллиғланиш касалликларини даволашда бугунги кунда нур терапиясидан фойдаланилади.

Нур билан даволашда ионловчи нурлар (алфа, бета, нейтрон, электрон, протон зарралар ҳамда рентген ва гамма нурлари) қўлланилади.

Хасталикларни нур билан даволашда нур юбориладиган тўқиманинг биологик хусусиятлари ва ионловчи нурларнинг физикавий хусусиятлари ҳисобга олинади. Бунда нур таъсирида тўқималарда ионланиш ҳамда мураккаб физик-кимёвий ва биокимёвий жараёнларни юзага келтиради, сўнг тўқималарнинг ҳаётий фаолиятини издан чиқаради.

Тўлқин қанчалик узун бўлса, нурланиш таъсири шунчалик кучаяди. Ионловчи нурлар хавфли ўсма тўқималарига соғ тўқималарга қараганда кўпроқ таъсир қилади.

Ҳар бир ҳужайранинг нурга нисбатан юқори ва паст сезгирлик даври мавжуд. Агар ионловчи нур ҳужайранинг ўта сезгир пайтида таъсир этса, у қаттиқ шикастланади ва даволаш самараси юқори бўлади. Сезгирлиги суст вақтида таъсир этганда эса фаолияти унча ўзгармайди, оқибатда натижаси самарасиз кечади.

Кўпгина тадқиқотлар натижаларига кўра, ўсма ҳужайрасининг нур билан зарарланиш даражаси тўқимадаги кислород миқдорига боғлиқ. яъни ҳужайрада кислород кўп бўлса, нур таъсири кучли, кислород кам бўлса аксинча ҳолат рўй беради. Даволашда ана шу хусусиятларга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўсмаларни нур билан даволашда уларнинг тўлиқ емирилиши учун ионловчи нурларнинг катта миқдори қўлланилади. Бунда организмнинг нурга нисбатан маҳаллий ва умумий турли реакциялари кузатилиши мумкин. Реакция кучли бўлса дарҳол шифокор томонидан кўрсатмалар берилади. Нур билан даволаш натижасининг ижобий бўлиши асосан беморнинг шифокор кўрсатмаларига риоя этишига боғлиқ кечади.

Билиш муҳимки, онкологик касалликлар, масалан бачадон бўйнидаги, тўғри ичак ва ўпкадаги, тери ва кўкрак безларидаги, шунингдек бош миядаги хавфли ўсмаларни даволашда нур терапияси мустақил даво чораси сифатида тавсия этилади. Ўсмаларни нур билан даволашда асосан икки хил нур манбаларидан фойдаланилади. Яъни:

1.Зарядланган зарралар тезлатгичлари (рентген асбоблар, циклик ва чизиқли тезлатгичлар).

2.Сунъий радиоактив моддалар (гамма мосламалар, радиоактив моддалар).

Нур билан даволашнинг икки хил: ташқи (дистанцион) ва ички (контактли) йўналиши мавжуд. Амалиётда ташқи нур бериш кўпроқ қўлланилади.

Таъкидлаш жоизки, нур терапияси даволашда самара берса-да, ноҳуш асоратлар ҳам қолдириши мумкин. Масалан бачадон бўйни саратонига қарши нур терапиясидан фойдаланилганда аёлларда цистит (сийдик қопининг яллиғланиши) касаллиги келиб чиқади. Бош мия ўсмаларига қарши нур юборилганда эса мияда шиш бўлиши кузатилади. Нур давоси самарадорлигини ошириш, нохуш асоратларини камайтириш учун беморлар радиолог шифокорлар томонидан пухта текширилади ва нур давоси муолажаларига махсус тайёрланади.

Нур билан даволаш мустақил тарзда ёки бошқа махсус даволаш муолажалари билан бирга олиб борилади. Агар нур терапия жарроҳлик амалиёти билан бирга қўлланилса, беморга нур ё операциядан олдин, ёки кейин берилади. Нур терапияси ўсма касалликларининг тури, аломатлари ва қандай кечишига қараб онколог ва радиолог мутахассислар томонидан тавсия этилади. Бундай даволаш усули беморнинг аҳволига ва касалликнинг кечишига кўра уч ҳафтадан то икки ойга қадар давом эттирилади.

Улуғбек УБАЙДУЛЛАЕВ,
шифокор-радиолог, тиббиёт фанлари номзоди.

 

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x