Жорий йилнинг февраль ойида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудига 576 йил тўлиши муносабати билан Тошкент ва Навоий шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий анжуманларда жаҳоннинг нуфузли олимлари қаторида венгриялик олим, Будапешт университети профессори Бенедек Пери ҳам иштирок этди. Унинг Навоий ижодига бўлган қарашлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Фурсатдан фойдаланиб, олимни суҳбатга чорладик.
– Ҳурматли Бенедек Пери! Сизнинг ўзбек адабиёти, хусусан, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодига бўлган алоҳида қизиқишингизни юкасак қадрлаймиз. Cуҳбатимиз аввалида шоир ижодини ўрганишингизга сабаб бўлган омиллар, бугунги тадқиқот йўналишларингиз ҳақида билишни истадик.
– Алишер Навоий ижодини ўқишни талабалик давримдан бошлаганман. Эски ўзбек адабий тили Венгрия туркологик тадқиқотлар марказининг асосий ва анъанавий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳерман Вамбери айнан мана шу йўналишда кўплаб тадқиқотлар яратган. Унинг “Марказий Осиё туркий матнларининг чиғатой тили тадқиқотлари хрестоматияси”га Алишер Навоийнинг бир қанча ғазаллари киритилган. Вамберининг шогирди, венгер олими Жозеф Сури Вамбери изланишларини давом эттириб, Марказий Осиё туркий адабиёти тарихига бағишланган “Марказий Осиё туркий адабиёти” китобини нашр эттирди. ХХ аср бошларида туркий адабиёт ҳақидаги дастлабки маълумотлар асосида яратилган мазкур китоб фақат венгер тилида нашр этилгани учун у илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолиб кетди.
Чиғатой адабиёти илмининг ҳақиқий асосчиларидан яна бир венгер олими Янос Экманн ҳисобланади. Унинг тадқиқотлари ушбу соҳада тадқиқотлар олиб бораётган кўплаб олимларга таниш бўлса керак.
Мен эски ўзбек адабий тилига оид матнларни ўқишни талабалик йилларимданоқ бошлаган эдим. Эсимда, дастлабки ўқиш жараёнларида кўплаб қийинчиликларга дуч келганмиз, чунки бизда бу давр адабий тилига оид бирорта ҳам луғат йўқ эди. Афсуски, бу муаммо ҳозир ҳам ўз ечимини топгани йўқ, яъни талабаларимизга, Навоий даврида яратилган адабий асарларни аслиятда ўқиб тушунишларига мўлжалланган эски ўзбек адабий тилининг инглизча луғати ҳанузгача яратилмади. Аммо бу каби муаммолар фаолиятимизнинг тўхтаб қолишига сабаб бўла олмайди, албатта. Биз Навоий асарларини, шу жумладан, лирикасини ҳам аслиятда ўқишга ва имконимиз даражасида тушунишга ҳаракат қиляпмиз.
Дастлаб Навоий даҳоси, унинг тенгсиз ижодкор эканлиги ҳақида ёрқин тасаввурга эга эмасдим, унинг истеъдодини яхлит кўра кўра олмаганим ҳам ҳақиқат. Форс адабиёти, жумладан, Ҳофиз, Саъдий, Жомий меросини ўрганиш жараёнида Навоий ижодига тобора яқинлаша бошладим. Ўша пайтларда туркий шоирлар эски ўзбек адабий тилида ижод қилишлари осон кечмаганлигини тушундим. Навоийнинг буюклиги нафақат унинг туркий тилда муваффақиятли ижод қилгани ёхуд ушбу тилга чин маънодаги жон ато этганида, балки унинг ижодига хос, баъзан фақат ҳис қилиш мумкин бўлган сеҳр ва мўъжизада. Алишер Навоий ўша мураккаб даврда туркий тилнинг мавқеини тиклаш масаласида беқиёс жасорат кўрсатди. Туркий тил байроғини баланд кўтариб, унинг дунёдаги бирорта тилдан қолишмайдиган беқиёс нафосатини кўрсатиб берди. Навоийнинг эски ўзбек адабий тилида ёзилган шеърлари барча туркий халқлар учун адабий намуна вазифасини ўтади.
Бир ҳикоятда айтилишича, Алишер Навоий Усмонлилар султони Боязид II га ўттиз уч ғазалини юборган. Султонга Навоийнинг шеърлари шу даражада ёққан эканки, олдига Аҳмад Пошо деган шоирни чақириб, сен ҳам Навоийнинг бу ғазалларига ўхшаш усмонли туркчада ғазаллар ёзгин, деб буюрган экан. Тазкиралардан маълум бўлишича, Аҳмад Пошо Навоий ғазалларини ўрганиб, унга эргашиб кўплаб ғазаллар ёзган. Бунинг натижасида унинг маҳорати ошган ва Аҳмад Пошо шеърияти кейинги давр турк шоирлари учун намуна бўлган. Кейинги давр турк шоирлари ҳам Навоийга эргашиб ғазаллар ёза бошлаганлар. Шу тариқа XVI асрдан бошлаб усмонли туркчада ёки эски ўзбек тилида ижод қилиш ўзига хос анъанага айланди.
Худо берган истеъдоди туфайли Алишер Навоий форсий шеъриятда мавжуд бўлган поэтик анъаналарни туркий тилда давом эттириш масъулиятини зиммасига олиб, уни ҳар жиҳатдан муваффақиятли тарзда уддалади.
Кейинчалик султон Салим I (1512–1520)нинг форсий девони танқидий матни устида иш бошлаганимда, Навоийнинг форсий тилдаги ижоди билан танишдим. Айтиш керакки, унинг ҳатто форсий тилдаги асарлари ҳам туркий тилда яратилган ғазалларидан қолишмайдиган даражада гўзал.
Навоий даҳосига бўлган мана шундай муҳаббат ва эҳтиром унинг асарлари тадқиқига боғлиқ бир қанча лойиҳалар устида иш олиб боришга рағбат берди. Мана шундай лойиҳалардан бири Навоий рубоийларини инглиз тилига таржима қилиш лойиҳаси бўлди. Таржима сифатини таъминлаш мақсадида мазкур лойиҳа ўзбек олимлари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Венгрия Фанлар академияси кутубхонасидаги форс қўлёзмалари каталоглари устида ҳам иш олиб бормоқдаман.
– Кейинги йилларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига муносабат нафақат Шарқ, балки Ғарб оламида ҳам ортиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Масалан, Америкада Девин де Вис, Николас Вомсли, Францияда Александр Папас, Марк Тоутант, Японияда Казауки Кубо ва яна бир қанча олимлар номини келтириш мумкин. Бундай қизиқиш Ғарб университетлари талабалари ўртасида ҳам мавжудлигига илмий саёҳатлар давомида амин бўлдик. Бу жараёнларга, умуман, бугун хорижда олиб борилаётган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотларга муносабатингиз қандай?
– Ушбу саволингизга жавобим сизнинг кузатишларингизни инкор қилади. Яъники, бугун Ғарб Навоийни яхши билмайди, яхши билмаса, унга қандай қизиқиш ёки интилиш бўлсин?! Тўғри, бугун Навоийга муносабат, унинг ижодини ўрганишга ёндашувларда бироз ўзгариш, тараққиёт, такомил бор. Аммо бу фақат бир-икки тадқиқотчилар фаолияти билан чекланади. Ғарб ёшларига келсак, улар муайян мамлакат университетлари таркибидаги Марказий Осиёни ўрганиш бўлими талабалари, турк ёки ўзбек тилини ўрганаётган 10-15 нафар ёшлар бўлиши мумкин… Аммо бугунги реал вазият шуни кўрсатадики, Алишер Навоийнинг асарлари Ғарб тилларига етарлича ва сифатли таржима қилинмаётганлиги учун Ғарбда уни биз кутган даражада билмайдилар. Айни пайтда форс тилидаги асл манбалардан инглиз тилига қилинган илк таржималар, ёки Гётенинг Ҳофизга қизиқиши сабаб, ёки Фитцжералднинг Хайём рубоийларини инглиз тилига қилган таржималари XIX асрда форс шеъриятининг Ғарб маданиятига тез суръатларда сингишига сабаб бўлди. Таассуфки, Ғарб Навоийни форс шоирлари даражасида билади, дея олмаймиз. Демак, бизнинг вазифамиз – бу вазиятни ўзгартириш ва шоир асарларининг инглиз тилидаги сифатли таржималарини яратиш орқали уни жаҳонга олиб чиқишдан иборат. Бу, менинг назаримда, Навоий олдидаги қарзимиз, қайсидир маънода маънавий бурчимиз ҳам.
Хориждаги мутахассислар томонидан Навоий ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлардан, очиғи, қониқмайман. Бизда ҳали ҳам Навоий қўлёзмаларининг ишончли, энг муҳим танқидий нашрлари мавжуд эмас. Биз Алишер Навоий ижоди бўйича давр нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинган, замонавий, инглиз тилида ёзилган монографиялар ва шоир ғазалларининг гўзал таржималарига ҳали ҳам муҳтожмиз. Балки келажакда бу орзулар ҳам ушалар, аммо асосий муаммо шундаки – бу соҳадаги хос мутахассислар жудаям озчиликни ташкил қилади, вақт эса кутиб турмайди…
– Албатта, Навоий ижодининг замонавий талқинлари янги назарий қарашлар, жаҳон адабиётшунослигидаги илғор таҳлил усулларига асосланиши лозим. Шу нуқтаи назардан, сиз бугун шоир ижодини ўрганишда қандай замонавий таҳлил методларини таклиф қилган бўлардингиз?
– Ўйлайманки, Навоий ижоди унинг асарлари туғилган адабий анъаналар контекстида ўрганилиши керак. Мумтоз адабиётнинг моҳиятини англай олмаган шахсларгина классик адабиётни анъанавий, бир хил адабиёт деб ҳисоблайдилар. Агар сиз Навоий шеъриятининг ҳақиқий моҳиятини билишни истасангиз, мумтоз поэтиканинг яхши билимдони бўлишингиз керак. Бундан ташқари, Навоий ижодини англашда адабий таъсир масаласи, яъни Навоий даврида ижод қилган форсийзабон ижодкорлар асарларини ҳам билишингиз зарур. Мумтоз шеъриятда ягона тизим мавжуд ва бу тизим фақат форс, эски ўзбек адабий тили, усмонли ҳамда урду тилига хос. Ҳар бир тилнинг айрим хусусий жиҳатлари бўлиши мумкин, аммо асослари бир хил бўлади. Форс ёхуд турк классик шеъриятига замонавий адабий танқидчиликдаги назарияларни татбиқ қилишга интилишдан кўра, юқорида таъкидлаган системани билиш кўпроқ муҳим, деб ўйлайман. Шуни унутмаслик керакки, аввал кашф қилинган назариялар, ёки бугун пайдо бўлаётган янгича адабий қарашлар мутлоқ бошқача адабий тизим, мутлақо бошқача тафаккур асосида яратилган. Дейлик, рус ёки яна бошқа ғарб назариётчиси қарашлари, у қанчалар оригинал бўлишидан қатъи назар, Навоий асарларидаги барча масалаларни кутилган даражада очиб бера олмайди. Мана бир мисол: замонавий ва мумтоз шеърият ўзининг индивидуал хусусиятларига кўра бири иккинчисига ўхшамайди. Бизнинг асримизда, айниқса, Ғарбда, ноанъанавий йўналишда яратилган, теша тегмаган, оҳори тўкилмаган фикрлар мажмуидан иборат асарлар оригинал ҳисобланади. Мумтоз шеъриятда эса бадиий ижоднинг тан олиниш жараёни, адабий таъсир масаласи муҳим ҳисобланади. Навоийнинг Ҳофиз ижодидан илҳомланиб яратган назиралари ўзига хос ижод намуналарига туртки бўлган.
Айни пайтда Навоий ижоди тадқиқида яхши самара берадиган замонавий таҳлил методлари ҳам йўқ эмас. Масалан, мен Навоий ижоди тадқиқида аксарият ҳолларда интертекстуал таҳлил усулидан фойдаланаман. Айнан мана шу усул асосидаги ёндашув классик шоирларимизнинг амалдаги тилни ўша давр шеъриятидаги поэтик анъаналар билан қай даражада уйғунлаштира олгани, айни пайтда мана шу анъана доирасида қандайдир янги ижодий кашфиётлар яратилиши учун таъсир масаласининг қанчалик муҳим бўлганлиги, умуман, классик адабиётдаги таъсир масалаларини ҳар жиҳатдан объектив тушуна олишим учун ёрдам беради.
– Суҳбатларингизнинг бирида Навоий асарлари, хусусан, ғазалларини шеърий шаклда таржима қилиб бўлмайди, деган фикрни айтган эдингиз. Бунга сабаб нима? Икки томонлама ҳаракат, яъни тил эгаси билан соҳа мутахассиси ҳамкорлигидаги фаолият ҳам муаммога ечим бўла олмайдими?
– Навоий ғазаллари таржимасида мен ҳануз ўша фикрдаман. Яъни, шоир лирикасининг аксариятини инглиз тилига шеърий шаклда ўгириб бўлмайди. Сиз, албатта, Навоий ғазалларидаги сўзлар муқобилини топиб, ўша ғазал моҳияти акс этган янги шеър шаклини яратишингиз мумкин. Аммо Навоий даври ижодий анъаналари муҳитида яратилган ғазал у яратилган давр ёхуд тарихий муҳитдан ажратиб олинса, у ўзининг хусусиятини буткул йўқотади. Натижада Навоий ғазалларидаги поэтик потенциал мерос йўқолиб, инглиз шеъриятидаги оддий экзотик товушлардан иборат оддий шеър шакли пайдо бўлади, холос. Айнан мана шу ҳолатни Фитцжералднинг Умар Хайём рубоийлари таржимасида кўриш мумкин. Бу Навоий ғазалларида мавжуд поэтик залворни инглиз тилида, айнан шеър шаклида бериш имконсиз эканлигини тасдиқловчи биргина мисол. Мумтоз шеърият поэтикасидан яхши хабардор бўлган ҳар қандай мутахассисга маълумки, кўп фикрлилик шеъриятда жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, у китобхоннинг бадиий матн юзасидан турли хил талқинларни келтириб чиқаришига имконият яратади. На форс тилида ва на туркий тилда грамматик гендер (шахс жинсига қаратилган грамматик элемент, ёки белги) масаласи мавжуд ва учинчи шахс бирликдаги олмош эркак, айни пайтда аёлга нисбатан ҳам ишлатилади. Аслиятдаги у (яъни маъшуқ) инглиз тилида тасаввуфдаги маъшуқ эмас, балки оддий севги ҳақидаги шеърга айланиб қолади. Демоқчиманки, Навоий ғазалларидаги тасаввуфий муҳаббатни инглиз тилида айнан шеър шаклида бериш мушкул масала. Юқорида ҳам таъкидлаганимдек, Навоий ғазалларининг инглиз тилидаги таржималари насрий йўлда амалга оширилиб, унга изоҳлар илова қилиниши керак.
– Бугун навоийшунослик илмини янада ривожлантириш, уни Ғарбга танитишнинг самарали йўллари ҳақида қандай таклифларингиз бор?
– Навоийни Ғарбга янада кўпроқ тарғиб қилиш жиддий, шу билан бирга муҳим масалалардан бири, деб ўйлайман. Бунинг учун биринчидан, Навоий асарларининг мавжуд барча қўлёзмаларини бир жойга йиғиш лозим. Мана шундай лойиҳа Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си асосида амалга оширилган эди. Бу қўлёзмаларнинг маркази сизнинг университетингизда бўлиши лозим. Кейинги қадам, барча матнларнинг, шу жумладан, араб тилидаги қўлёзмаларнинг ҳам илмий ва танқидий нашрини тайёрлаш керак. Бу нашрлар орасида лотин тилидаги изоҳлари билан берилган, кенг омма учун ҳам мўлжалланган нашрлар ҳам бўлиши керак.
Мен шу кунларда “Мир Алишер Навоий шеъриятини англашга илк қадам” номли китоб яратишни режалаштиряпман. Китоб инглиз тилида бўлиб, унда Навоий ғазалларидан намуналар ҳар икки шаклда, қўлёзма шаклида ва унинг лотин ёзувидаги изоҳлари билан берилади. Бу изоҳлар Навоий даҳоси ва унинг ижодига хос поэтик маҳоратни, ижодий мўъжизани чуқур англай олишига хизмат қилади. Бугун ўзбек ҳамкорим билан амалга ошираётган Навоийнинг 50 та рубоийлари инглизча таржимасига юқоридаги лойиҳага дастлабки қадам сифатида қараш мумкин.
Зулхумор Мирзаева
суҳбатлашди.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/02/26/benedek-peri-%d0%b0lisher-navoiy-ijodi-%d0%bcojiza/