Умуртқа поғонаси ва бўғимларнинг сурункали аутоиммун яллиғланиши Бехтерев касаллиги дейилиб, унинг клиник аломатлари невролог рус олими Владимир Бехтерев томонидан илк бор батафсил баён этилган. Шу боис бу касаллик олим номи билан аталади.
Касаллик ирсий характерга эга. Асосан 15-30 ёшлилар ўртасида кузатилади ва эркакларда аёлларга нисбатан кўпроқ учрайди. Бунда умуртқа поғонасининг бел-думғаза қисми, сўнгра кўкрак ва бўйин ҳамда камроқ ҳолларда бошқа бўғимлар зарарланади.
Анкилоз — бўғим суякларининг қотиши
Бехтерев касаллиги умуртқалараро бўғим, пайлар, бойламлар, бўғимлар ва бўғимларни ўраб турувчи капсулаларнинг яллиғланиши ва суяк тўқимасининг ўзгаришлари билан кечади. Бўғим ва тўқималарнинг сурункали тарзда бир-бирига яллиғланиб ёпишиши оқибатида умуртқа поғонаси суякларининг қотиши (анкилоз) рўй беради.
Беморнинг бутун умри давомида аста-секинлик билан ривожланадиган Бехтерев касаллигида ҳаракат борган сари камайиб, беморнинг қадди-қоматида ёйсимон ўзгариш (кўпинча букчайиб юриш ҳолати) рўй беради. Узоқ йиллар давомида умуртқа поғонасининг яллиғланиши оқибатида қомат эгилган ҳолатга келади.
Организмнинг касалликка қарши кураш кучи (иммунитети) пасайиши, сурункали дардлар, ичак ва сийдик йўли инфекциялари, муртак безларининг яллиғланиши, грипп ва бошқа вируслар, совуққотиш, шикастланиш, зах ва ноқулай иш шароитларида меҳнат қилиш Бехтерев касаллиги келиб чиқишида муҳим роль ўйнайди.
Оғриқлар жисмоний ҳаракат вақтида камаяди ва тунда, туннинг иккинчи ярмида кучаяди. Эрталаблари бел-думғаза қисми қотиб туриши, ҳаракатининг чекланиши безовта қилади.
Касалликнинг бир неча турлари
Касалликнинг бошланғич даврида беморларни узоқ вақт давомида бел-думғаза соҳаси оғриқлари безовта қилади, бунда думғаза суягининг чаноқ суяги ёнбош қисмига бириккан қисмида (бўғимда) яллиғланиш рўй беради (сакроилеит).
Бемор кўп вақт тик турганда ёки ўтирганда белнинг тез толиқиб қолиши рўй беради. Меҳнат фаолияти сусайиб боради, бемор озади. Бел-думғаза соҳасидаги оғриқ думба ва сон ёнбош қисми бўйлаб пастга тарқалиши мумкин.
Марказий турида фақат умуртқа поғонаси зарарланади, қайси қисми кўпроқ зарарланишига қараб оғриқлар шу соҳани кўпроқ безовта қилади. Касаллик бел-думғаза соҳасидаги оғриқ билан бошланади.
Кўкрак умуртқаларининг зарарланишида оғриқ кўкрак қафасида, қовурғаларда, тўш соҳасида бўлади, кўкрак қафаси экскурсиясининг камайиши ҳисобига нафас олиши қийинлашади. Оғриқ ҳаракат пайтида, чуқур нафас олганда, йўталганда ҳам кучаяди.
Бўйин умуртқалари зарарланганда беморларни бўйиндаги оғриқ безовта қилади, бўйин ҳаракати чегараланади, ён-атрофга бутун гавдаси билан қайрилиб қарайди. Умуртқа поғонаси ён мушаклари таранглашган кўринишда бўлади.
Ризомиелик турида умуртқа поғонаси билан бир вақтда унга яқин бўлган бўғимлар: елка, чаноқ-сон бўғимлари зарарланади. Беморларда елка, чаноқ-сон бўғимларида оғриқ туради. Беморнинг қўл ҳаракати чекланиб, ўтириб-туриши қийинлашади, оёғини букиш ҳаракати чегараланади.
Периферик турида умуртқа поғонаси, тизза, болдир-товон бўғимлари зарарланади. Бунда умуртқа поғонасида оғриқ билан бир вақтда тизза, болдир-товон бўғимларида ҳам оғриқ, шиш кузатилади.
Скандинав турида умуртқа поғонаси билан бир вақтда ревматоид артритга ўхшаш тарзда қўл панжа бўғимлари ҳам зарарланади. Бунда умуртқа поғонасида оғриқ, қўл панжа бўғимларида ҳам оғриқ, шиш, эрталабки 30 дақиқадан – 2-3 соатгача бўғимлар қотиши кузатилади. Бундай беморлар кўпчилик ҳолларда ревматоид артрит ташҳиси асосида даволаниб юришади. Касалликка рентгенологик текширишлар ойдинлик киритади.
Умуртқа поғонасининг ўзгаришига қараб яна икки тури фарқ қилинади, биринчиси – кифотик тури бўлиб, у киши гавдасининг эгилиб бориши ва букрилик ривожланиши билан характерланади. Иккинчи ригид турида умуртқа поғонаси тик кўринишда бўлиб бемор гавдасининг кеккайган ҳолати билан намоён бўлади. Баъзи ҳолларда умуртқа поғонаси, бўғимлар билан бир вақтда кўз, аорта, буйраклар, юрак-қон томир, ошқозон-ичак, ўпка-нафас йўллари аъзолари ҳам зарарланиши мумкин.
Муолажани тўхтатмаслик керак
Текширувларда қон таҳлилида камқонлик, ЭЧТ 30-60 мм/с қадар ошиши қайд этилади. Рентгенологик текширувда икки томонлама сакроилеит 2-4 даражаси ва умуртқалараро спондилоартрит аниқланиши Бехтерев касаллиги ташҳиси қўйиш учун етарли асос бўла олади.
Бехтерев касаллигига шубҳа қилинганда одамда HLA В27 антигени мавжудлигини аниқлаш керак бўлади, ушбу антигеннинг аниқланиши бу касалликка ирсий мойиллик борлигидан далолат беради. Ушбу антиген 80-90% беморларда аниқланади.
Беморлар бутун умри давомида даволаниб юришлари лозим. Имкон топилса, ҳар 6 ойда бир маротаба стационар шароитида ётиб муолажа олишлари керак. Мунтазам равишда маҳаллий шароитда ревматолог назоратида бўлиши ва текширувлардан ўтиб туриши зарур. Ўзбилармонлик билан даволаниш тавсия этилмайди. Дори воситалари ёрдамида, жисмоний тарбия ва физиотерапевтик усуллардан фойдаланилади. Бу эса касаллик узоқ давр оралиғида ремиссия (тинч ҳолат) да бўлиши имконини яратади.
Алоҳида тавсиялар
- Оғир юк кўтаришдан сақланинг.
- Агар кун бўйи ўтириб ишлашга тўғри келса, ҳар икки соат оралиғида ўрнингиздан туриб умуртқани ҳаракатга келтирувчи енгил машқларни бажаринг.
- Ухлайдиган ўрнингиз жуда юмшоқ бўлмасин, тахта кароватда ётганингиз маъқул.
- Эрталаб ўриндан туришдан аввал обдон керишинг, гавдангизни шундай чўзингки, умуртқаларингиз тортилаётганини ўзингиз ҳам ҳис этинг.
- Қалтис ҳаракат қилишдан, елвизакда ўтиришдан ва айниқса инфекцион касалликларга чалиниб қолишдан ўзингизни асранг.
- Қишда чанғи учиш, ёзда сузиш машғулотларини бажариб туринг. Умуртқа поғонаси ва бўғимлар учун шифокор тавсия этган машқларни мунтазам бажариб юриш фойдали.
Алишер ҲАМРОЕВ,
олий тоифали травматолог-ортопед,
тиббиёт фанлари доктори.