БАШАРИЯТГА ДАХЛДОР ДАҲО

Февраль ойи юртимизда навоийхонлик, бобурхонлик кечалари илму урфон учқунларини қалбларга жо этиши билан қадрлидир. Бу йилги навоийхонлик тадбирларини мутафаккир номи билан аталадиган вилоят бошлаб берди. 6–7-февраль кунлари Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида анъанавий халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманда Россия, Туркия, Эрон, Мўғулистон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон, Украина, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатлардан ташриф буюрган навоийшунос олимлар билан бирга, мамлакатимиздаги таниқли академиклар, профессор олимлар, ижодкор зиёлилар, маънавий соҳа мутахассислари, тарғиботчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ёш олимлар иштирок этдилар.

Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев ҳам мазкур тадбирда қатнашиб, Украинада Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева иштирокида ўтказилган навоийхонлик кечаси украиналикларда катта қизиқиш уйғотганлигини алоҳида эътироф этди. Элчи билан бирга украиналик таниқли таржимон Игор Шпак Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонининг украин тилига қилинган таржима нусхасини тақдим этдилар.

Анжуман ялпи мажлиси давомида юртимиздаги ва хорижлик меҳмонлар Навоий ҳаёти ва ижоди хусусида маъруза қилдилар. Жумладан, академик Наим Каримов Ойбекнинг “Навоий” романининг яратилиши, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул мутафаккир ижодида “адам ва вужуд” фалсафаси, Халқаро Бобур фонди раҳбари Зокиржон Машрабов шоирнинг Ҳиротдаги қабри ва унинг обод қилиниши ҳақида фикр билдиришган бўлса, хорижий олимлардан Тарбияти мударрис университети профессори Иброҳим Худоёр (Эрон), профессор Фикрет Туркман (Туркия), филология фанлари номзоди Алексей Пылев (Россия), профессор Абдусалом Абдуқодиров (Тожикистон), профессор Исмоил Доган (Туркия), профессор Рамиз Аскар (Озарбайжон), доктор А.Алимаа (Мўғулистон), профессор Олмос Улви (Озарбайжон), профессор Азамат Акбар (Қозоғистон), Фейзия Аррал Ҳабиби (Афғонистон), академик Мухсун Нагисойлу (Озарбайжон) ва бошқалар мутафаккир ижоди ҳақида қизиқарли чиқишлар қилдилар.

Мазкур илмий анжуманда ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги алоҳида таъкидланди. Конференция маърузалари алоҳида тўплам ҳолда чоп этилди.

Илмий анжуманнинг бадиий қисми “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтди. Тантанали тадбир бошида вилоят миқёсида ҳар йил мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ғолибларни тақдирлаш учун саҳнага чет эллик меҳмонлар таклиф этилди. Танловнинг учинчи ўрин ғолиблари замонавий ноутбук билан, иккинчи ўрин соҳиблари компьютер жамламалари билан, танловнинг мутлақ ғолиблигини қўлга киритган Кармана туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Иброҳим Ғаффоровга эса вилоят ҳокими Қобилжон Турсунов Президентимиз совғаси – “Spark”автомобилини тақдим этди.

Шунингдек, хорижлик меҳмонларга вилоят ҳокими томонидан эсдалик совғалари ва гулдасталар топширилди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан эса улар “Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси” нишонлари билан тақдирланди.

8 февраль. Навоий ижодий меросини ўрганиш борасидаги мулоқотлар Тошкентда давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида тожикистонлик навоийшунос олимлар – академик Б.Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университети профессори Абдусалом Абдуқодиров ҳамда филология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Файзуллоевлар билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Тожикистонда, жумладан, Хўжандда ҳам ўзбек тили, адабиёти ва фольклорига оид материаллар, манбалар борлиги, уларни тадқиқ этиш лозимлигини таъкидлашди. “Илмий-адабий алоқаларнинг тикланиши, – дейди А.Абдуқодиров, – икки давлат илм-фанининг ривожига сезиларли ҳисса қўшиши тайин. Ўзбек ва тожик адабиётини боғловчи ришталар ниҳоятда кўпдир. Шахсан менинг ўзим номзодлик диссертациямни ҳам, докторлик диссертациямни ҳам айнан Тошкентда, жонажон илм даргоҳи Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ҳимоя қилганман”.

9 февраль. ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Алишер Навоий адабий ва илмий меросини ўрганиш масалаларига бағишланган анъанавий илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг турли илмий муассасалари ва қардош Туркия ҳамда Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган навоийшунос олимлар шоир ижоди тег­расидаги масалалар ҳақида маъруза қилишди.

Мазкур илмий анжуманларда Навоий ижодидаги маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлар, шоирнинг давлатчилик ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари ҳамда шоир ижодининг чет элда ўрганилиши каби муҳим масалалар академик ва профессорлар томонидан муҳокама қилинди.

Ушбу маърузаларда Навоийнинг турли миллат вакиллари қалбидаги сиймоси айнан, унинг обрўси, унга бўлган ҳурмат, эътиқод, Навоий асарларининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни, хусусан, уларда ватанпарварлик, мардлик, матонат, бағрикенглик, инсонийлик, меҳр ва муҳаббат, миллий маънавий қадриятлар ардоғи мутлақо такрорланмас қирралари билан намоён бўлиши хусусида тўхталиб ўтилди.

Мазкур илмий-амалий анжуманлар ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилган бўлиб, Навоий вилояти ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу тадбирга сидқидилдан, Ҳазрат шахси ва ижодига ўзгача ҳурмат билан тайёргарлик кўрганлари сезилиб турди.

Биз ушбу йиғинда хорижлик навоийшунослар томонидан Навоий ижодига нисбатан билдирилган айрим фикр-мулоҳаза, эътирофларни эътиборингизга ҳавола этишни жоиз деб билдик.

 

Мохсун НАГИСОЙЛУ,

академик (Озарбайжон)

 

“Қайси юрт фуқароси бўлишдан қатъи назар, ҳар бир инсон Алишер Навоий асарларини ўқиши, унга ошно тутиниши зарур деб ўйлайман. Чунки у башарият шоиридир. Бу улуғ зотнинг асарлари Озарбайжон шоирлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб келган. Чунончи, ХIХ асрда Озарбайжоннинг Шемахи, Ордубада, Дербент каби шаҳарларида яшаб ижод этган шоирлари адабий меросида Алишер Навоий шеъриятининг улкан таъсирини кузатиш мумкин”.

 

Фикрет ТУРКМАН,

 профессор (Туркия)

 

“Алишер Навоий даҳоси барча туркий халқлар орасида машҳур. У яшаган давр нафақат ўзбек адабиётининг, балки туркий халқлар адабиётининг “Олтин даври” ҳисобланади”.

 

Иброҳим ХУДОЁР,

 профессор (Эрон)

 

“Навоий, яъни Фоний “Девони Фоний”си билан форсий шоирлар орасида ҳам юксак эътибор қозона олган. Зуллисонайн шоир туркийда бўлгани каби форсийда ҳам ўзининг ширали тили ва ноёб услубига эгадир”.

 

А. АЛИМАА,

доктор (Мўғилистон)

 

“Гарчи Навоий Чиғатой туркийсининг эски даврига тегишлидек кўринса-да, у Чиғатой туркийси ва Чиғатой адабиётининг асосчиси ҳисобланади. Чиғатой туркийсининг бир ёзув шаклида юзага келиши ва ривожланишига сабаб бўлган киши фақатгина Ҳазрат Навоийдирки, бу давр адабиёти унинг хизмати билан юксалган. Шу сабабдан бу давр тили ва адабиёти “Навоий тили ва адабиёти”, ёки “Навоий туркийси” деб ҳам юритилади”.

 

Рамиз АСКАР,

профессор (Озарбайжон)

 

“Улуғ ўзбек мутафаккири ва шоири Мир Алишер Навоийнинг ёрқин ижоди Озарбайжон халқининг қалбидан чуқур жой олган. Унинг номи ҳаётлигидаёқ озарбайжонликлар орасида машҳур эди”.

 

Абдусалом АБДУҚОДИРОВ,

профессор (Тожикистон)

 

“Мен Навоий шаҳридаги бундай тадбирда биринчи марта қатнашяпман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг ташаббуси билан ташкил этилган буюк шоир ижодига бағишланган халқаро конференцияга таклиф этилганимиз бизни ниҳоятда мамнун этди. Навоий зуллисонайн шоир сифатида Тожикистонда жуда машҳур. Асарлари шу қадар қадрланадики, унинг туғилган куни бизда ҳам ҳар йил муносиб нишонланади, қатор халқаро анжуманлар, мушоиралар, учрашувлар ўтказилади, мақолалар чоп этилади. Навоийнинг ҳаёти ва ижоди юртимиздаги барча мактаб ва олий ўқув юртларида кенг ўрганилада. Булар буюк зотга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни ифодалайди”.

 

Игор ШПАК,

ношир (Украина)

 

“Алишер Навоий асарлари сеҳрли оҳанг каби миллат ва тил танламайди.Улар қанчалик миллий бўлса, шунчалик умумбашарий ва инсониятнинг бебаҳо маънавий бойлигидир”.

 

Мунисжон Ҳакимов,

ЎзРФА ўзбек тили, адабиёти, фольклори

институти илмий тадқиқотчиси

 

ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ

ОЗАРБАЙЖОНДАГИ ДЎСТИ

 

Ўзбек адабиётининг Озарбайжондаги энг фаол тарғиботчиси, таржимони Рамиз Аскар буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан юртимизга ташриф буюрди. Олим 1954 йили Арманистоннинг Амася овулида оддий ўқитувчи оиласида туғилган. 1978 йилда Москва университетини тамомлаб, мамлакатнинг қатор газета-журналларида, кейинчалик Боку давлат университетининг туркиёт кафедрасида мудир, профессор лавозимларида фаолият юритган.

Рамиз Аскар чорак асрдан буён замонавий ўзбек шоирларининг энг сара намуналарини таржима қилиб, Озарбайжон матбуотида давомли суратда чоп эттириб келмокда. Айниқса, шоҳ ва шоир Бобур ижодига бўлган қизиқиши кучайиб, улкан мақсадга айланди. Олим  2011 йилда “Бобурнома”ни озарбайжон тилига таржима қилиб, нашр этдирди.

“Аудиторияга кирганимда талабаларга доимо туркий тилда ижод қилган энг буюк шоир ким?”, деган  саволни ўртага ташлайман. Яъни, ҳамма ҳар хил жавоб беради. Мен талабаларимга туркий халқнинг буюк шоири Алишер Навоий эканлигини уқдириб, унинг ғазалларини ёд олдираман. Низомий, Фузулий, Насимийлар ўзбек халқига қанчалик қадрли бўлса, озар халқи учун Навоий, Бобур, Машраблар ҳам шунчалик азиздир”, – дейди олим ўзаро мулоқотлар чоғида.

Олим умумтуркий халқлар тили ва адабиёти, тарихи ва маданиятига оид  200 дан ортиқ илмий, 1500 га яқин публицистик мақола, 20 та монография, 45 та таржима китоб муаллифи ҳисобланади.

Рамиз Аскар ўз фаолиятини дастлаб “Озарбайжон овози” радиосида муҳаррирликдан бошлаган. Сўнгра бир қанча маҳаллий ва хориж газета- журналларида, жумладан, лотин, кирилл ва араб алифболарида нашр этиладиган “Одлар юрди” газетасида бош муҳаррир сифатида фаолият юритган. Унинг илмий ишлари, айниқса, “Девону луғотит турк” асари билан боғлиқ яхлит тадқиқотлари ва докторлик диссертацияси билан танишиб, асли касби журналист бўлган бу инсон тийнатида журналистликдан кўра олимлик устунроқ эканига амин бўламиз. Олим умр бўйи туркий халқлар адабиёти ва маданиятининг ривожи учун хизмат қилмоқда. У бу хизматлари учун  Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Татаристон  ҳамда  Ўзбекистоннинг бир қанча нуфузли мукофотларига лойиқ деб топилган.

“Мен газета-журналларда ишлаган вақтимдан буён таржима билан шуғулланаман. Айнан ўзбек адабиётидан қилган таржималарим эса университетда ишлаган давримдан бошланган. У ерда ишлаётган вақтимда туркий халқлар адабиёти, жумладан, айрим ўзбек адибларининг асарлари озарбайжон тилига жуда кам таржима қилинганлигини англадим. Шу боисдан қилиниши зарур бўлган таржималарни режалаштирдим. “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси” бу борадаги биринчи ишим эди. Сўнгра Ҳусайн Бойқаро девонини, Бобурнинг танланган асарларини таржима қилдим. Ниҳоят, кўпдан бери орзу қилган асарим  – “Бобурнома”ни озарбайжончага ўгирдим ва нашр қилдирдим. Бу хизматларимни Ўзбекистон ҳукумати муносиб тақдирлади. Ундан сўнг Халқаро Бобур мукофотининг лауреати бўлдим. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб асарларини таржима қилдим. Ҳозирда кун тартибимда Навоий асарлари таржимаси турибди”, – дейди бу ҳақда олимнинг ўзи.

Бобур асарларини шунчалар севиб, ўз тилига таржима қилган олимнинг “Бобурнома”га бўлган эътирофи жуда юксак.  У Бобурни туркий ва ислом адабиёти билимдони сифатида қадрлаб, “Бобурнома”ни  Ўрта Осиё, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Озарбайжон тарихини бир машъала янглиғ ёритувчи, уларнинг тарихида мемуар жанрида яратилган илк асар сифатида баҳолайди.

Олим Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ҳайдар Алиев номидаги озарбайжон маданият марказида бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари билан учрашди. Ушбу учрашувларда  асосий мавзу ўзбек ва озарбайжон адабий алоқаларининг муштараклиги ва давомийлиги ҳақида бўлди. Ўшанда Рамиз Аскар даврада йиғилганлар олдида кўпчиликни қувонтирадиган бир янгилик айтди, яъни, 2019 йилда бўладиган анъанавий халқаро навоийхонлик конференциясига Алишер Навоий  “Хамса”сининг илк достони “Ҳайратул аброр” таржимаси билан келишга ваъда берди.  Шунингдек, Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан олимга берилган “Навоий вилоятининг фахрий фуқароси” унвони олим зиммасига катта масъулият  юклаганлигини таъкидлади.

 

Гулноз Сатторова,

филология фанлари номзоди

 

2018/2

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/24/%d0%b1%d0%b0%d1%88%d0%b0%d1%80%d0%b8%d1%8f%d1%82%d0%b3%d0%b0-%d0%b4%d0%b0%d1%85%d0%bb%d0%b4%d0%be%d1%80-%d0%b4%d0%b0%d2%b3%d0%be/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x