Барот Бойқобилов (1937–2006)

Барот Бойқобилов 1937 йили Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилди.

Меҳнат фаолиятини 1955 йилда Самарқанд педагогика билим юртида ўқитувчиликдан бошлади. 1962 йилда Самарқанд давлат университетини тугатгач, 1973 йилгача Тошкентда турли нашриёт ва газеталарда муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир муовини вазифаларида ишлади. 1974–1990 йилларда масъул лавозимларда, 1990 йилдан эса “Мулоқот” журналининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилди.

Биринчи шеърий китоби “Самарқанд сатрлари” (1962)дан сўнг “Висол” (1965), “Сени излайман” (1968), “Самарқанд ушшоғи”, “Афросиёб” (1970), “Сонетлар” (1971), “Шарқ камалаги” (1974), “Мени кутинг юлдузлар” (1976), “Ватан тупроғи” (1982), “Шарора” (1983), “Висол ва ҳижрон” (1987), “Замон зайли” (1987), “Ким сокин яшайди Ўзбекистонда” (1990) каби қирқдан ортиқ шеърий китоблари, ўндан зиёд достонлари чоп этилди.

Барот Бойқобилов шеъриятида сонет жанри алоҳида ўрин тутади. У ўзбек шеъриятида биринчи бўлиб сонетлар гулчамбари ва юз сонетдан иборат “Мен кашф этган Ўзбекистон” достонини яратди. 1972 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади. “Адибнинг ижодий йўли”, “Ижоднинг юлдузли онлари” (П. Шермуҳамедов билан ҳамкорликда), “Шеърият бонги” (А. Абдураҳимов билан ҳамкорликда) монографиялари босилиб чиқди.

Барот Бойқобилов Мовароуннаҳр тарихи ҳақида “Афросиёб ёхуд Самарқанд шажараси” (1966) номли достон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида “Кун ва тун” (1968) шеърий қисса яратди.

Шоир ижодида Алишер Навоий мавзуси алоҳида ўрин тутади. У 1975–1990 йиллар мобайнида ҳазрат Алишер Навоий яшаган ва ижод этган даврнинг бутун мураккабликлари ва қарама-қаршиликларини қамраб олган “Навоийнома” (“Янги Хамса”) асарини яратдики, бу асар “Нотинч Хуросон”, “Шукуҳли карвон”, “Сокин Хуросон”, “Қонли Хуросон”, “Ҳайрат ул-Аҳрор” (“Эркинлар ҳайрати”) номли маснавийда ёзилган беш достондан иборат.

Барот Бойқобилов 1994 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти, 1997 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/barot-boyqobilov-1937-2006/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x