Барбара КАРТЛЕНД (1901–2000) ШАРҚОНА МУҲАББАТ

Роман    

Олтинчи боб

Шона Лайонелнинг ортидан кузатаркан, уни ўз сўзини тан олмасликка нима мажбур қилганлиги ҳақида ўйлади. Маркизнинг қандай сири бор-ки, Лайонел у ҳақда айтишга қўрқади?
Кема тўлқинда чайқалиб кетди ва Шона палуба тутқичидан аранг ушлаб қолди. Шамол кучайиб, улкан тўлқин кўтарилди, унинг юзига бир ҳовуч сув сачради. Бундан қиз ҳатто хурсанд бўлди: эҳтимол, муздай сув унинг тўғри фикр юритишига ёрдам берар.
Қиз ўша тундаги шармандали ҳолатдан сўнг маркизнинг кўзига тик қаролмаслигини ҳис этиб, кун бўйи ундан қочиб юрди.
У қиз қалбида ғалати, айни дамда рўёга ўхшаш ёқимли ҳиссиётни уйғотиб юборганди. Қиз бу туйғуларга бўйсунмаслиги лозимлигини биларди ва маркиз билан юзма-юз келишга тайёр эмасди.
Лекин ҳамиша қочиб юролмасди. Ўзини четга оларкан, Шона таажжубда эди: хаёллар барибир уни таъқиб қилар, бу ўйлар унга бир дақиқа ҳам тинчлик бермаётганди.
У бир кун келиб, маркизнинг бўсалари, эҳтиросли оғуши ҳақидаги хаёлларидан қутула олармикан?
Орзулар оғушида уни кимдир чақирганини дарҳол эшитмади.
– Аҳволингиз яхшими?
Қиз уйғонгандай бўлди ва маркизнинг у томон шошилмай юриб келаётганини кўрди.
– Аҳволингиз яхшими? – такрор сўради маркиз. У қизнинг ёнига келиб тўхтади. Унинг денгиз суви томчилари сачраган юзи ой ғира-ширасида бутунлай ўзгача тус олган эди.
– Пастга тушганингиз маъқул, – маслаҳат берди маркиз. – Бундай об-ҳавода бу ерда туриш хавфли.
– Менга эса бу ёқади, – жавоб берди Шона. – Мен ҳар доим пўртана кўтарилганда палубага чиқардим. Бундан руҳим кўтарилади.
– Турмуш ўртоғингиз бунга рухсат берганидан таажжубдаман.
Қиз маркиз нимани назарда тутганини тушунмай, бироз чимирилди ва шу онда ўзини бевадек кўрсатиши лозимлиги ёдига тушди. Ростмана ҳаёт ҳайратомуз даражада йироқда қолганди…
– Мен бунинг учун турмуш ўртоғимдан рухсат сўрамаганман, – деди у яна ролига киришиб. – Нега энди ундан рухсат сўрашим керак?
– Ахир ўз хожасига бўйсуниш хотиннинг бурчи эмасми? – сўради маркиз.
Бундай вақтда, ҳатто зарурат туғилганда ҳам, Шона ўз ҳиссиётларини тушунтириб беролмасди. Кўнглининг туб-тубида у қаҳрга ўхшаш туйғуни туйди. Ҳали бу эркакка нисбатан ҳеч қачон ҳис қилмаган туйғуларни уйғотгани учун ҳам ундан жаҳли чиқаётганди. Шона буларни билмагани яхшироқ эди.
Қиз ўзини маркизни асло севиб қолмаганига ишонтирарди. У мулоҳазакор, узоқни ўйловчи қиз бўлиб, ўзга аёлга тегишли эркакни ҳеч қачон севмаган бўларди.
– Хожамга? – қизишди Шона. – Мен ҳеч қачон уни бундай қабул қилмаганман. У менинг ҳақиқий муҳаббатим эди. Биз бир-биримизни эркин ва тенг севганмиз.
Ўртада бироз ноқулайлик туғилди. Ғазаб учқуни маркизни лолу ҳайрон этиб қўйганди.
– Сизнинг эрингизга ўхшаган одамлар жуда кам учрайди.
– Худди шундай, – кескин жавоб берди қиз. – Аниқроғи, унга ўхшаган одамни мен ҳеч қачон учратмаганман.
– У ҳолда, омадингиз бор экан.
У қизнинг бармоғидаги ой ёғдусида хира ялтираб турган никоҳ узугига назар солди. Бу узук гўё Шонанинг эркаклар оламини рад этиб, покдомон роҳиба каби яшаётганидан дарак бериб турарди. Қиз яқингинада маркиз тушига киргани ҳақида тахмин ҳам қилмаса керак.
Авжига чиққан денгиз тўлқинларининг силтаб юбориши маркизни ўзига келтирди.
– Менимча, пастга тушишимиз лозим. У ерда хавфсизроқ бўламиз, – деди у.
– Мен ҳеч қаерга бормайман, – гапини кесди Шона. – Менга шу ер яхши.
Маркиз унга эътироз билдиришга чоғланган пайт дабдурустдан қизнинг кўзларидаги чексиз завқ учқунини пайқаб қолди. Денгиздаги ҳаво айниши уни ҳаяжонга солишини тушуниб етди.
У бир неча кун аввал учратган, дидсизларча кийинган бу расмиятчи хонимда қандай ҳайратомуз ўзгариш рўй берди экан? Энди унинг қаршисида жасур, қатъиятли, дилбар қиз турарди.
– Менга шу ер яхши, – такрорлади у.
– Лекин бу хатарли.
– Демак, менга хатар ёқади, – жавоб берди Шона шамолнинг гувуллашидан баландроқ гапиришга ҳаракат қилиб. – Хатар – у ҳақиқий!
– Жуда антиқа фикр. Ҳамма нарса ҳам ҳақиқий.
– Йўқ! – деди қиз бош чайқаб. – Ҳаммаси эмас. Бизнинг дунёмизни ташкил этадиган нарсаларнинг катта қисми уйғоқлик билан изма-из юрадиган оддий бир туш, холос…
Шона денгиз кенгликлари оша узоқдаги қоронғилик томон тикилди. Маркизга қиз ҳатто унинг борлигини унутгандай туюлди.
– Сен уйқуга кетасан, – деди қиз аста. – Ва қай бири ҳақиқий, қай бири хомхаёл эканини ажратолмайсан.
– Масалан, мен ҳақиқий эмасман, – сўзини давом эттирди қиз кутилмаганда.
– Буни биламан. Менга биринчи учрашувимизда ўзингизни намоён этгандек  эмаслигингизни биламан.
– Қаердан биласиз? – ҳайрон бўлди қиз.
– Чунки сиз ички оламингизни яшира олмагансиз.
– Аммо ўзини яшираётган фақат мен эмас, – жавоб берди Шона маркизга қараб, Лайонелнинг сўзларини эсларкан.
Маркиз бир сўз демай, унга синовчан боқди.
Кема яна чайқалиб кетди ва Шона мувозанатни йўқотди. У бирор нарсани ушлаб қолиш учун жон-жаҳди билан қўлини юқорига узатди, аммо қўллари ҳавода қолди.
Маркиз унга қўл узатди, қиз унинг кўксига йиқилди. Бу бир неча оний лаҳза бўлиб бу дам ҳар иккисига охири йўқдек туюлди. Ана шу туганмас лаҳзаларда маркиз қизни қучоғида тутиб турди ва ўтган тун уларнинг қалбида янгроқ акс-садо берди…
– Илтимос, қўйворинг мени, – ногаҳон қўрқиб кетган Шона қафасдаги қушдай питирлаб, бақириб юборди.
Маркиз уни дарров қучоғидан бўшатди. Унинг бу ҳаракати довдираб қолган одамники каби тасодифий эди.
– Раҳмат, – шошиб деди Шона. – Агар сиз бўлмаганингизда, йиқилиб, яхшигина лат еган бўлардим. Менимча, сиз ҳақсиз. Юринг, бу ердан кетамиз.
– Ҳа, кетдик, – деди у Шонани кузатиб қўяркан. – Хайрли тун.
Шона уйғонганда яхта тўхтаб турганди. Иллюминатордан боқиб, Гиб­ралтарга сузиб келишганини англади.
Қизга кечаги тундан сўнг ўзига келиб олишга анча вақт керак бўлди. Бошида минг хил хаёллар узлуксиз ғужғон ўйнарди. Ва ниҳоят уйқуга кетди ва узоқ вақт ухлади.
Эффи аллақачон кийиниб олган, кўринишидан шошаётганди.
– Лайонел менга бу ернинг диққатга сазовор жойларини кўрсатмоқчи, – деди у Шонага.
– Мен унга кемадан пастга тушиш мумкин эмас, деб ўйлагандим.
– О, зоти олийлари марҳамат қилди. Чунки, агар Лайонел мен билан бирга бўлса, ҳеч нарса содир бўлмаслигини билади.
– Ростданми?
– Мен билан у ҳеч қандай ташвиш туғдирмайди, – кулди Эффи. – Имкон қадар энага ролини ўташимга тўғри келади. Менимча, бунга менда қобилият бор.
Шона унга ҳайрон бўлиб қаради:
– Лайонел сени энагадек кўрар экан-да?
– Қандай бўлганда ҳам, у менга қулоқ солади, – муғамбирона табассум қилди Эффи. – Унинг айтишича, у фақат менинг айтганларимни бажо келтириш учун дунёга келган.
Кейинги сўзларни у театр актрисалари каби дабдабали ифода этди, сўнг шундай хохолаб кулдики, охири қорнини ушлаб қолди.
– Юз-кўзидан у ҳақиқий жентльменни эслатади, – айёрона табассум ила деди Шона.
– Бу сени таҳқирлайдиган ва барча оғир гуноҳларда айблайдиган эркакдан яхшироқ, – деди Эффи.
Унинг бу сўзларидан маълум бўлдики, Жимми ҳали ҳам унинг хаёлидан кетмабди.
– Шунақа гаплар. Энди эса, у билан кетишга рухсат берасизми? – сўради у Шонадан. – Лекин аввал сизнинг кийинишингизга ёрдам бераман.
– Ўзим амаллайман, – деди Шона унга. – Боравер! Фақат кечикма. Маркиз аниқ белгиланган вақтда йўлга чиқиши мумкин.
Эффи қувониб учиб чиқиб кетди.
Шона Эффининг анави йигитни қандай атаганига эътибор қилди: Лайонел. Мистер Хилтон эмас, Лайонел. Шона ўйлаб қолди: у дугонасини оқибати яна қалбини поралаш билан якунланувчи саргузашт сари йўлламадимикан?
Кийиниб, нонуштага шошилди, аммо маркиз аллақачон овқатланиб, яхтани тарк этганди.
– Зоти олийлари дўкон айлангани кетдилар, – маълум қилди ошпаз.
Шона нонуштани тугатган вақтда маркиз қайтиб келди. Ҳар галгидек рангпар ва зўриққан, аммо ҳар ҳолда ўзини тутиб олган ва бирор ҳаракати ўша машъум тун воқеаларини эслатмасди.
У майин табассум ила Шонага салом берди ва унга ўроғлиқ буюм узатди.
– Бу сизга, – деди у. – Ёқади, деб умид қиламан.
– Нима бу? – сўради Шона.
– Очинг, ўзингиз кўрасиз, – жавоб берди маркиз.
Қиз ўрамни очди ва Гибралтарда ҳар доим сотиладиган хитой шолрўмолини кўрди.
– Раҳмат, раҳмат сизга! – деди у қувончдан яшнаб. – Мен буни жон деб ўрайман. Ишончим комилки, уни елкамда кўрган ҳар бир аёл ҳасаддан ёнади!
Маркиз кулиб қўйди.
– Умид қиламан. Мен эса ишонаманки, бу рўмолда сиз янаям очилиб кетасиз.
Шундай дея унинг сўзлари худди қизни хафа қилиб қўядигандай, маркиз ўгирилиб олди.
– Жиянингиз Эффини сайрга олиб кетди, – хабар берди Шона маркизга. – Эффига кечикмасликни тайинладим, чунки сиз йўлга кечикмасдан чиқишни исташингиз муқаррар.
– Менимча, дугонангиз вақтида қайтади, – муғомбирона жилмайиб қўйди маркиз. – Аммо Лайонелнинг қулоқсизлигини ҳисобга олсак, у кеч қайтади.
– Эй, Худойим!
– Хавотир олманг. Биз ҳам бироз кўнгил ёзиб келишимиз мумкин. Маймунларни томоша қилгани борамизми? Улар ҳар доим дўконлар атрофида ирғиб юрадилар. Жудаям ажойиб жонзотлар! Уларни кўргингиз келса керак.
– Албатта! – деди Шона қувониб.
Извош ёллаб, улар Гибралтар кўчалари бўйлаб юриб кетишди, Шона маркизнинг яхши томонга ўзгараётганини ҳис этиб, кўнгли жойига тушди. У нима сабаб бўлганини билмади-ю, аммо бир неча бор маркизнинг унга ҳайрат-ла нигоҳ ташлаётганини сезиб қолди.
Ниҳоят, улар денгизга чиқаверишдаги рестораннинг очиқ майдонида тўхтадилар. Маркиз қаҳва ва ширинлик буюртирди.
– Мен сиз билан ёлғиз қолишни истагандим, – деди у. – Иккимиз айрим нарсаларни муҳокама қилиб олишимиз керак. Аммо, ҳозир ҳеч қайсини эслолмаяпман.
– Эҳтимол, менга ўз қайдларингизни бермоқчидирсиз? – тахмин қилди Шона. – Менимча, китобингиз устида иш бошлаш пайти келди.
Маркиз ўйланиб қолди.
– Ҳа-я, китоб…
– Биз сиз билан китоб ёзишимиз керак, шундай эмасми? – сўради у.
– Ҳа-ҳа, ёзамиз, албатта…
– Сиз мен билган тиллар ва билимимдан ҳали фойдаланмадингиз, черковни айтмаганда…
– Черковга борганимизнинг китобга умуман алоқаси йўқ, – сўзини бўлди маркиз. – Биз шошаётганимиз йўқ. Мен сиз билан бошқа масалалар тўғрисида гаплашмоқчи эдим.
– Қандай масалалар? – эҳтиёткорлик билан сўради Шона.
– Масалан, сизга ўзимни ишонтиришга уринишим. Чунки, тўғрисини айтсам, ҳеч бир сўзингизга ишонмайман.
Шона сукут сақлади, маркиз эса сўзини давом эттирди:
– Мен сизни хафа қилиб қўйдим чоғи… Худо шоҳид, буни истамагандим. Лекин илк танишувимиздан бошлаб сиз ўзингизни бошқа одам қилиб кўрсатаяпсиз. Мени ёшингиз катта эканига ишонтирмоқчи бўлдингиз, аммо бу ёлғон эди. Кейин ўзингизни совуққон ва сипо кўрсатмоқчи бўлдингиз, аммо бу ҳам…
Шу лаҳзада Шона ҳамма нарсани тан олишга тайёр эди, фақат уни севиб қолаётганидан ташқари…
Бу жуда хавотирли лаҳзалар эди. Агар гапни бошласа, маркиз билмаслиги лозим бўлган нарсаларни ҳам ошкор қилиб қўядигандек.
– Нима десам экан: одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қилдим, – деди қиз. – Бу ролни ўйнамасам, шу саёҳатга чиқолмаган бўлардик.
– Одоб-ахлоқ қоидалари – фақат шуми? – чимирилди маркиз.
– Яна нима бўлиши мумкин?
– Мен буни сиздан билмоқчи эдим.
Қиз яна жим бўлиб қолгач, маркиз надомат ила чуқур нафас олди.
– Эҳтимол, сиздан жуда кўп нарсани талаб қилаётгандирман. Бу вақт ичида кўп нарса содир бўлди… Ҳаммасини ҳам тушунтириб бўлмайди…
У тутилиб қолди ва жим бўлди. Унинг сўзлари ҳақиқат эди, ахир ўша тундаги ҳодисани қандай тушунтириб бериш мумкин?
Кучли тўлқин туфайли Шона унинг қучоғига йиқилиб тушганда, қиз вужудининг яқинлашиши унга таниш туюлди. У қачондир Шонани қучоқлаганини биларди. Шундай ҳам бўлганди, фақат тушида.
Ўша васвасали тушда у Анжелани қучоқлаганди, аммо Анжела бирдан Шонага айланиб қолди.
Гавда тузилишига кўра, Шона Анжеладан буткул фарқ қиларди.
Бундан ташқари, қиз кучлироқ, бундай таъриф ўринли бўлмаса-да, ҳиссиётда жўшқинроқ эди.
Маркиз адл қоматни бағрига босгани ва лўппи, майин лаблардан бўса олганини унутолмасди. Қиз тасодифан яна унинг қучоғига тушганда, бу ўша – тушидаги аёл эканини билганди. Маркизни фақат бир нарса иккилантирарди: бундай бўлиши мумкин эмас. Негаки, маркиз ўша тунда каютасида ёлғиз ётганига ишончи комил эди.
Шу тобда бу фикрлари юзида акс этиши мумкинлигини ўйлади. Қиз ҳаммасини тушуниши ва ундан нафратланиши мумкин. Нафратландими, демак, уни ташлаб кетади. Бунга йўл қўйиб бўлмасди.
У тинчланишга ва ақл кучига суянишга ҳаракат қилди. Амалий мулоҳаза учун ҳам у маркизнинг ёнида қолиши керак эди. Қизни ишга олишдан кўзлаган мақсадининг амалга ошишига ҳали вақт бор. Асосий сабаб шу. Аммо, қизни қўйиб юбора олмаслигига яна бир сабаб борлигини маркиз тушунарди.
Маркиз кўкка ҳайқиргиси келди. Шунча йиллар давомида у муҳаббатсиз, аянчли тақдирига бўйсуниб яшади. Энди эса, барча ижобий фазилатларига нуқта қўювчи мудҳиш ишни амалга оширмоқчи бўлган бир пайтда унинг ҳаётига оловдек шиддат билан, унга қувонч ва илиқлик ваъда қилиб, унутишга беҳуда уринган туйғуларни яна ёдига солиб муҳаббат кириб келди…
Шона эса ундан кўзини узмасди. Бу нигоҳлардан таажжуб ва эҳтимол, енгил ҳаяжонни ўқиш мумкин эди.
– Нимани назарда тутяпсиз? – сўради қиз суҳбат мавзусига қайтиб. – Нимадир содир бўлдими?
– Ҳеч нарса. Келинг, мавзуга шу ерда нуқта қўямиз. Мен сизга хира пашшадай ёпишиб, сўроққа тутишни истамайман.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, – шошиб рад этди Шона. – Менимча, энди яхтага қайтишимиз керак.
– Албатта, – жавоб берди у елкасидан юк ағдарилгандай.
Яхтага қайтишганда, Эффи ва Лайонел ҳали ҳам келишмаганди. Улар сал кейинроқ, дўкон халталарини кўтарганча шод-хуррам кириб келишди. Лайонел ўз ҳамроҳига совғалар олиб берганди.
– Эффи, илтимос, эҳтиёткорроқ бўл, – ҳар иккала қиз кечки овқатга кийинаётган пайтда безовталаниб уни огоҳлантирди Шона.
– Хавотир олманг, мисс. У шунчаки ғўр бир ўйинчоқ, холос, – хотиржам жавоб берди Эффи. – Қолаверса, бу Жиммига яхши сабоқ бўлади.
– Наҳотки?
– Сизга айтиб бергандим-ку: У мени шубҳали шахсларга илакишиб юришда айблади. “Одобли қиз бундай одамлар билан алоқа қилмайди”, деди. Бу унинг гаплари. Эътироз билдирмоқчи бўлгандим, эшитишни ҳам истамади! Энди эса, мени нимада айблаган бўлса, шу ишни қиламан! Шунда ора очиқ бўлади.
– Лекин у бу ҳақда билмайди-ку, – жўяли фикр билдирди Шона. – Агар тақдир тақозоси билан яна учрашсангиз…
– Бу мени сира қизиқтирмайди, хоним! Гапимга ишонаверинг, – нафратомуз пишқирди Эффи.
Шона ён беришга мажбур эди.
Кечки овқат маҳали Лайонел ғаройиб ҳазилларни қалаштириб ташлади, овқатланиб бўлишгач, ҳаммаларининг бирга меҳмонхонага боришларини сўради. У ерда пианино чалиб, антиқа қўшиқлар хиргойи қилиб берди.
– Яна нимани ижро этишимни истайсизлар? – сўради йигит.
– Энди қўшиқ айтиш шарт эмас, – деди Эффи маркиз ва Шонанинг толиқишганига эътибор қилиб. – Яхшиси, менга юлдузларни кўрсата қол.
Эффи Лайонелнинг қўлидан тутганча палубага олиб чиқди. Меҳмонхонада қолганлар енгил нафас олишди.
– Эҳ, бу жиянгинам! – хитоб қилди маркиз. – Менимча, нега унинг биз билан кетишига қарши бўлганимни тушунгандирсиз.
Шона кулди.
– Сиз пианинода чала оласизми?
– Жуда ёмон чаламан, – тан олди маркиз. – Ва жуда баланд. Сиз-чи?
– Чаламан, гарчи илтимос қилмасангиз ҳам, мен томондан бироз мақтанчоқлик бўлса-да, сизга чалиб бермоқчиман.
– Мен сиздан сўрамаганимнинг боиси, агар пианино чалишни билмасангиз, хижолат қилиб қўйишдан қўрқдим.
– Иккимизнинг ҳам кўнглимиз ҳаддан ортиқ нозик, – деди Шона. – Очиғи, пианинода нимадир чалишни жуда ҳам истаган эдим. Агар сизга чалишим ёқмаса, илтимос, бу ҳақда тортинмай айтаверинг.
– Сизга мусиқа билан шуғулланиш ёқадими?
– Пианинони уйда доим чалиб турардим. Аммо ўгай отам мусиқани жини суймаслигини айтгач, фақат у уйда йўқлигида чаладиган бўлдим.
Оғзидан чиқиб кетган бу сўзлардан Шона қўрқиб кетди: маркиз унинг чалғиганини сезиб қолмадимикан? Ахир у танҳо умр кечираётган бева ролини адо этаётганди-ку, ҳозир эса бехос ўгай отасини эслаб қолди! Бу унинг жудаям хавфли хатоси эди.
Аммо, афтидан маркиз ҳеч нарсани сезмади.
– Жуда ажойиб фортепьяно экан, – деди у гап мавзусини буришга ҳаракат қилиб.
– Менга уни бувим совға қилган. Бу жуда эски ва қадрли. Бувим бир вақтлар унда чалиш учун кўпгина иқтидорли мусиқачиларни таклиф этган ва шу боис у билан фахрланарди.
– Демак, сизни болалигингизданоқ мусиқани севишга ўргатишган экан-да? – сўради Шона.
– Бунга бувим мажбур қилган, – жавоб берди маркиз. – Мен мусиқани қадрлайман. Ва билишимча, сиз ҳам шундайсиз.
Шона кулиб қўйди ва ҳеч нарса демади. Жавоб ўрнига у пианино ёнига ўтирди ва бармоқлари клавишлар устида суза кетди.
Шона ёшлигида ўрганган севимли ва қадимий куйлардан бирини чала бошлади. Бу куйни онаси жуда ёқтирарди.
У онасини эслади, отаси тирик эканида қандай бахтли яшашарди.
Бир куй оҳиста иккинчисига улана бошлади ва уларнинг ҳар бири унинг қалбини ота-онаси билан боғлаб турган нозик ва қайноқ меҳрни ёдга соларди.
Ниҳоят, Шона куй чалишдан тўхтаб, маркиз томон ўгирилар экан, узоқ вақт пианино чалганини англади. Қиз бир муддат маркиз борлигини ҳам унутганди.
Маркиз яна бир неча дақиқа сукут сақлади ва деди:
– Нега менга мусиқа чалишингизни айтмагансиз? Куйларингизни эшитиб, кўп вақтлардан бери ҳис этмаган ажойиб бахтни туйдим.
– Бу сўзларингизни эшитишдан жуда мамнунман, – жавоб берди Шона. – Мусиқа ҳар доим ижрочининг кайфиятини акс эттириши лозим. Мусиқа чалаётиб, мен қувончга бой болалигимни, отам ҳаёт эканида ота-онам қанчалик бахтиёр бўлишганини эсладим…
Маркиз юзига қайғу соя солди.
– Бахт тезда завол топишга маҳкум, шундай эмасми? – аста деди у. – Бу ҳақда унутмаслик керак.
– Бундай эмас! – кескин рад этди Шона. – Умуман, бахтнинг ўлиши шарт эмас.
– Сиз хато қиляпсиз, – кутилмаганда қўпол оҳангда жавоб берди маркиз. – Бу бир хомхаёл. Эртами, кечми, бир кун тўзғиб кетади. Ахир сиз буни ўз тажрибангизда синаб кўрмадингизми? Никоҳингиз неча йил давом этди?
– Мен… мен бу ҳақда ҳеч нарса деёлмайман, – довдираб қолди Шона.
– Маъзур тутинг. Сизга бу саволни бермаслигим керак эди. Аммо ишончим комилки, сиз айрилиқ нима эканини яхши тушунасиз. Буни мен ёниб кетган черковда бўлганимизда ҳис этгандим.
Ўзига виски қуйиб, маркиз хона бўйлаб қадам ташлай бошлади.
– Ахир сиз буни тушунасиз-ку, шундайми?
– Менинг назаримда, Пьер ҳикоя қилиб берган куёв сиз бўлгансиз.
– Ҳа, – қатъий тасдиқлади у. – Ўша куёв – мен. Ҳаммаси худди Пьер ҳикоя қилгандек бўлган эди: биз ёш эдик ва муҳаббатнинг ҳақиқий қудратига ишонардик. У ихтиёрига қарши ўлароқ Жорж Эктон исмли киши билан унаштирилганди. Ўша жоҳил ва паст кимса эртаклардагидек бой эди. Отаси қизи учун уни фойдали жуфт, деб ҳисоблаганди. Ўша кимса Анжеланинг сочи баробар зар сочишга ҳам тайёр эди. Отаси қизини мендан ажратиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилиб кўрди. Бир куни мени ҳатто итларига талатганди.
– Қандай даҳшат! – бош силкитди Шона. – Аммо тушунмаяпман, нима учун у сиз билан бу қадар бешафқат муносабатда бўлган? Ахир маркиз мартабали куёв унга нима учун ёқмади?
– Сиз ҳақсиз. Агар мен ўшанда маркиз бўлганимда, у менинг номзодимни сўзсиз маъқуллаган бўларди. Аммо отам у вақтда ҳаёт эди, оиламиз кирди-чиқдисини ёлғиз ўзи бошқарарди. У менинг Анжелага уйланишимни истамасди, чунки қизнинг келиб чиқиши ҳам, бойлиги ҳам мақтанадиган даражада эмасди. Ўша вақтда отам келин қилиш учун герцоглар оиласидан учта қизни танлаган эди. Аммо мен Анжелани севиб қолгандим, бу отамга ёқмади ва мени оқ қилди, сўнг менга пул беришни тўхтатиб қўйди. У эсимни йиғмагунимча бир пенс ҳам ололмаслигимни айтди. Мен эса отамни кўндиришнинг ҳеч иложини тополмадим: уни фақат пул қизиқтирарди. Ёрдамга дўстларим келишди. Улар ўз бахтим учун курашиб, мақсадимни амалга ошириш учун қарз бериб туришди ва Анжела иккимиз қочишга муваффақ бўлдик. Калегача етиб олиб, ўша ерда никоҳдан ўтдик. Аммо Эктон бизни изма-из қувиб келарди. Аввалига биз ундан қочдик, чунки унга рўбарў келишни истамадик. Аммо мен тўхташга ва рақибим билан учрашиб, юзма-юз гаплашиб олишга қарор қилдим. Ўшанда у никоҳимиз ҳақида билганидан сўнг бизни тинч қўяди, деб ўйлагандим… Нега ўшанда бунчалик гўл ва аҳмоқ бўлганим ҳақидаги савол ҳалигача мени қийнайди. Анжела Эктоннинг ўзидан воз кечишига ишонмаганди, чунки у бу одамни мендан кўра яхшироқ биларди. Аммо мен билганимдан қолмадим.
Маркиз тин олди, унинг танасига титроқ югурди.
– Эҳ, агар унга қулоқ солганимда эди… Эҳтимол у ҳозир тирик бўлармиди, – овози қалтиради маркизнинг.
У яна жимиб қолди, қалб оғриғидан ларзага келиб, бир қанча муддат бир сўз демади. Ниҳоят, Шона унинг қўлидан тутди.
– Кейин нима бўлди? – ҳамдардлик билан сўради у.
– Биз уни кутиб турдик, унинг чақириғини қабул қилдик. Мен, у энди бизга ҳеч қандай зарар етказолмайди, дедим. Унинг қаршимда юзма-юз турганини ҳалигача эслайман. Юзидаги маккорона илжайиш ҳануз ёдимда… Шунда ёнидан тўппонча чиқарди-да, ўқ узди.
– У қизни севишини айтиб, яна унга ўқ уздими? – қулоқларига ишонмай хитоб қилди Шона.
Маркиз кулди. Бу телбалик чегарасидаги аччиқ ва қаҳрли кулги эди.
– Унга эмас. Менга.
Маркиз Шонага яқинлашди. Унинг кўзларида носоғлом ва талвасали ўт ёнарди.
– У мени ўлдириб, уни ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлган. Боя айтганимдай, Анжела уни мендан кўра яхшироқ биларди. Анжела шунга тайёр турган. У Эктоннинг ҳаракатини мендан олдинроқ илғаб, ўқдан тўсиш учун мен томон ташланди.
Шона гапиролмай қолди, унинг қалбини даҳшат чулғаган эди.
– Ўқ менга эмас, унга тегди, – деди маркиз. – У қўлимда жон берди, бизнинг туғилмаган фарзандимиз ҳам… Иккиси ҳам менинг аҳмоқлигим туфайли қурбон бўлишди. Нима қилиб қўйганини англаган Эктон мени ўлдириш учун иккинчи марта ўқ узди. Афсуски, мен тирик қолдим! Ўқ юзимни ялаб ўтди, холос. Яна бир бора ўқ узиш учун унга вақт етмасди. У биз томон югуриб келишаётган хизматкорлар овозини эшитиб, қочиб қолди. Ортидан қувган бўлардим, аммо Анжела ҳали тирик эди. Уни қўлимга олиб, севгилимдан мени кечиришини ўтиндим. У кўз юмаётиб, бу дунёда ҳам, уни кутаётган нариги, яхшироқ дунёда ҳам севгимиз абадий бўлиши ҳақидаги қасамимизни такрорлади. У шу сўзларни айтди-ю, жон берди. Ўша кундан бери Эктоннинг изига тушиш учун дунё кезаман. Ва уни топмагунимча, тўхтамайман. Менинг севгилим ерда ётибди, у аблаҳ жазодан қочиб озодликда юрар экан, ҳаловат топишим мумкинми?.. Уни тутмагунимча, қувишим керак, ҳа, қувишим. Бошқача ҳаёт мен учун мантиқсиз. Агар имкони бўлганида эди…
Маркиз Шона томон ўгирилди, қиз унинг кўзларида шу чоққача кўринмаган ниманидир илғади. Унинг кўзларидаги сўнмас ва ловуллаб турган олов қизни гўёки ўзига чорлаётганди. Бу чақириқдан Шонанинг юраги гупуллаб ура бошлади, томоғи қуриб қолгандай бўлди.
– Агар бунинг имкони бўлганда эди… – секин қайтарди маркиз.
– Агар бунинг имкони бўлганда?.. – шивирлади Шона.
Ўртага узоқ ва оғир сукунат чўкди. Ниҳоят, қалбининг тубидаги оғир нафас маркизни ёриб чиқди.
– Бу ҳақда ҳатто ўйлашга ҳам ҳаққим йўқ. Мен бундай қилмаслигим керак… Бундай қилолмайман…
Маркиз вискисини охиригача ичди-да, яна шишага қўл узатди.
– Ҳа, – деди у қизнинг нигоҳини ҳис этиб. – Мен жуда кўп ичяпман, шундайми? Гоҳида бу менга ўтмиш шарпаларини ҳайдашнинг бирдан-бир имконидек туюлади. Кейинги пайтда эса бу шарпалар жуда ҳам сирли кўринмоқда.
Унинг кўзларида аллақандай учқун пайдо бўлди.
– Мен имконсиз нарсани тасаввур қилардим, – деди у.
Маркиз яна қизнинг саволомуз нигоҳини туйди.
– Сиз нима ҳақида гапираётганимни тушунмаяпсиз, чоғи?
Шона бош чайқади. Маркизга боқиб, унинг ҳам юраги эзилиб кетганди.
– Эътибор берманг. Буни билмаганингиз маъқул.
У бир томчи ҳам май қуймай, шишани жойига қўйди.
– Ажойиб. Бугунга етар.
Кейин енгил нафас олди.
– Мен айтишим мумкин бўлмаган нарсаларни сизга ҳикоя қилиб бердим.
– Менга ишонишингиз мумкин, милорд. Айтганларингизни ҳеч қаерда гапирмайман.
– Биламан. Сизга ишонаман. Аммо сизга дарду ҳасрат юкимни ортишга қандай ҳаққим бор?
Қиз маркизга юрагидаги дардини бўлишишга тамоман ҳақли эканини айтиб, унинг сўзларига эътироз билдиришга чоғланди. Унинг учун қайғураётганини айтмоқчи бўлди. Шунингдек, унинг ишончи Шонага тақдир инъом этган ажойиб туҳфа эканини билдиргиси келди.
Аммо ушалмас орзулар билан овунишнинг нима кераги бор? У ўзга аёлни севиш учун яралган. Буни ҳозиргина ўзи ҳам эътироф этди.

Еттинчи боб

Кейинги кун яхтада бутунлай ўзгача кайфият ҳукм сурди. Улар яна очиқ денгизга чиқиб олдилар. Об-ҳаво жуда ҳам зўр, уфқда ер кўринмас ва кема йўловчилари ташқи дунёдан бутунлай узилиб, хаёллар оғушида кезардилар.
Лайонел унинг мулозаматларига кулги билан жавоб бераётган Эффига тап тортмай тегишарди. Шона унинг ҳамроҳи ва дугонаси севги бобида алданиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб турганди, аммо Эффи енгил нафас олиб, деди:
– Қизиқ, ҳозир менинг Жиммим нима билан машғул экан?
Шона тушундики, Эффи алданиб қоладиганлардан эмас.
Лайонел масаласига келганда…
– Бунинг унга фойдаси бор, – кўнглидаги ғазабни яширмай, деди Эффи. – Сурбет мишиқи!
– Сиз меросхўримни назарда тутяпсизми? – сўради палубадан ўтиб кетаётган маркиз.
– У ростданам меросхўрингизми? – қизиқди Эффи. – Ўзи ҳар доим шундай деб таъкидларди, аммо гапларига унчалик ишонмагандим.
– Нега энди ишонмаяпсиз?
– У ҳар доим қизларга ёқишни яхши кўрадиган йигитлар хилидан, – деди ботиниб Эффи. Қизнинг сўзларида ғараз йўқ эди, у фақат тўғрисини айтаётганди.
– У кўнглингизни олишни уддалай олмаяпти, шундай эмасми? – сўради маркиз ошкора таажжуб билан.
– У ҳали ёш бола-ку! – жавоб берди Эффи. – Менинг сўзларимни эслаб қолинг: ўн йилдан сўнг у ҳақиқий хотинбозга айланади.
Маркиз кулди.
– Агар мен уни меросдан маҳрум қилмасам, албатта, – деди маркиз.
Маркизга Эффининг эркин гапириши, очиқкўнгиллиги ёқарди.
– Эҳ, бунинг заррача аҳамияти йўқ, – деди Эффи хаёлчан.
– Аммо унга мартабаси учун турмушга чиқмоқчи бўлган қизга аҳамияти бор. Кейин билсаки, у мартабасидан маҳрум этилган бўлади, – деди маркиз.
– Бу ўша қизга сабоқ бўларди, майли, севгисиз бир турмушга чиқиб кўрсин-чи, – жавоб берди Эффи. – Лайонел ҳам вақти келиб улғаяди. Ўн йил ичида бошидаги хаёллар шамол мисол учиб кетади, кейин қаёққа етак­ласанг юрадиган йигитга айланади. – Сўнг қиз қўшимча қилди. – Агар “меросдан маҳрум қилиш” деганда сиз ҳам мен ўйлаган нарсани назарда тутаётган бўлсангиз, унда бу ишни қанчалик тез амалга оширсангиз, шунчалик яхши.
– Демак, сизнингча, мен оила қуриб, ўғилли бўлишим ва унинг мерос ҳақидаги умидини пучга чиқаришим керакми? – деб сўради маркиз, афтидан бу масала юзасидан жиддий ўйга ботиб.
– Албатта, – деди бир он ҳам иккиланмай Эффи. – Агар у “эл қатори одам”га айланса, бир лаҳзада ҳушини йиғиб олади.
Ёшлигига қарамасдан, қиз Лайонелга нисбатан инжиқ болани овутаётган меҳрибон холадек муносабатда бўларди. Бир неча дақиқа ўтиб, йигитча палубага кўтарилди ва Эффига қўл силтади, у ҳам баланд овозда жавоб берди:
– Бўпти-бўпти, ҳозир боряпман! Ўша ерда тур.
Эффи Лайонелнинг олдига югурди, юзида акс этган қувонч унинг фик­рига мутаносиб эмас эди.
– Албатта, у кўп жиҳатдан ҳақ, – деди маркиз нигоҳлари билан ёш жуфтликни кузатар экан. – Жавобсиз муҳаббат Лайонелнинг юрагини қотиб қолишдан асраши керак.
– Аммо бу шафқатсизлик! – эътироз билдирди Шона. – Бечора болакай қулоғига қадар севиб қолган!
– Навбатдаги болаларча эрмак! – бепарволарча рад этди маркиз. – Огоҳлантириб қўяй: бу ўтиб кетмаса, шўрлик қиз унга турмушга чиқишига тўғри келади.
– О, йўқ! – деди дабдурустдан Шона. – Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас!
– Ҳа, ачинарли тақдир, – Шонанинг фикрини қувватлади маркиз. – Кўринишидан, сиз дугонангизни бу қисматдан асраб қолмоқчисиз. Бошқа тарафдан қараганда, бу ёмон танлов эмас…
– Сиз унинг устидан куляпсиз, – ўпкалади Шона. – Аммо ишонтириб айтаманки, Эффи тамоман номуносиб номзод. Унинг на унвони, на пули ва на бошқаси бор. Чилвортлар авлодининг меросхўрига эса жамиятдаги муносиб табақадан келин керак.
– Чилвортлар авлоди меросхўри – калтафаҳм одам, у ўзига шундай боадаб қиз эътибор қилганидан қувониши керак, – жавоб берди маркиз истеҳзоли жилмайиб.
– Лекин Эффи унга эътибор бермайди! – тортишди Шона. – Эффига бутунлай бошқача эркак керак. Ўзингиз эшитдингиз-ку.
Маркиз киноя билан қошларини чимирди.
– Унга айнан қанақа эркак керак экан?
Қуёш, денгиз ва маркизнинг ҳар доим ёнида бўлишидан толиққан Шона: “Ўзингиз ҳам унинг атрофида айланишиб қолдингизми, милорд?”, деб кесатишдан зўрға тийилди.
– Бу ҳақда мендан кам билмайсиз.
Маркиз индамади ва сув юзасига термулиб, узоқ хаёлга чўмди. Шона эса саволлар ичида қолди: у маркизнинг сўзларини аниқ эшитдими, агар шундай бўлса, у қандай мақсадни кўзда тутди?
Ниҳоят, маркиз яна қизга ўгирилди.
– Демак, уларнинг муносабатига монелик қилишим лозим, деб ҳисоблайсизми?
Шона ички ишонч билан деди:
– Шарт эмас. Буни Эффининг ўзи уддалайди.
Улар бир-бирларига қараб дўстона жилмайиб қўйдилар. Шона маркизда қандай ўзгариш рўй берганини тушунолмай қолди. Ўтмишнинг таъқиб қилувчи ғамнок сояси сирли тарзда тарқаб кетганди.
Шона маркизнинг қандай қараганини сезмаслиги мумкин эмасди, айниқса кўзларидаги ёрқин нур уни қаттиқ ташвишга солганди.
– У ҳолда Эффининг маслаҳатига қулоқ солишимга тўғри келади, – хулоса қилди маркиз. – Оила қуриш ва Лайонелни меросдан маҳрум этиш.
– Эҳтимол, шундай йўл тутиб, ўзингиз ҳам бахтли бўларсиз, – уни қувватлади Шона.
– Ҳа, – ўйчан эътироф этди у. – Ҳа, шундай.
– Аммо аввал айрим масалаларни ечишим керак, – давом этди маркиз. – Уларни ҳал қилмай, бу ҳақда… ўйлашга ҳам ҳаққим йўқ.
– Биламан, – деди Шона майинлик билан.
– Ҳа, сиз мени яхши тушунасиз, шундай эмасми? Шунга қарамай… Миямга ихтиёримдан ташқари хаёллар ёпирилиб келяпти.
– Бу ҳолат менга ҳам таниш, – шивирлади қиз.
Шона қийналарди. Улар ўртасида юзага келган ва кун сайин мустаҳкамланиб бораётган туйғулар ана шундай ҳаяжонли эди. Аммо, асл қиёфасини маркиздан яширган ҳолда, бу туйғулардан лаззатланишга ботинолмасди ахир!
Шона маркиз бор ҳақиқатни эшитаётиб, юзлари ишончсизлик ва наф­ратдан қанчалик ўзгариб кетишини тасаввур қилди…
Шубҳасиз, Эффининг аслида ким эканлигини билгач, жуда қаттиқ ғазабланади. Гарчи жияни Лайонел ҳақида бепарволарча ҳазил қилган бўлса-да, меросхўрининг оддий чўри билан никоҳдан ўтиши ҳақидаги фикр дунёдаги биронта ҳам маркизни қувонтирмаган бўларди.
Эҳтимол, иқрорини жиндек ортга суриб, яна бироз унинг ёнида бўлиш ҳузуридан ўзини мосуво қилмай туриш керакмикан?..
Шона ўз виждони ила муросага келиш учун ўй-хаёллар исканжасида қовурилиб ётган бир пайтда улар Лайонелнинг палубанинг нарига бурчагидан қўл силтаётганини кўриб қолишди.
– Ланч тайёр, – қичқирди у. – Тезроқ келинглар, очқаб кетдим ахир!
“Ҳақиқатни ошкор этишни сал кейинроққа суриб туришга тўғри келади”, ўйлади Шона.
Тушлик кўнгилхушлик билан ўтди. Лайонел болаларча тентаклик қила бошлади, Эффи қатъий оҳангда ундан ўзини тутиб ўтиришни сўрагачгина, одоб сақлади. Аммо, барибир у этикетнинг барча қоидаларини унутиб, мидияни очкўзлик билан ютишдан ўзини тия олмади.
Шона кулгули бу ҳолатдан завқланиш учун маркизнинг хайрихоҳлик истаб унга боқиб турган нигоҳини туйди. Юрагини адоқсиз қувонч чулғаб олди.
Лайонел идишда фақат биттагина мидия қолдирди. Шона бу тансиқ таомни ҳеч қачон емаганди, шу боис унинг таъмини тотиб кўрди, аммо таом қизга ёқмади.
Ланчдан сўнг Шона саёҳат давомида биринчи марта ўзини беҳузур сезгани учун палубага сайрга чиқди. Эҳтимол, ўйлади у, денгиз касалига қарши иммунитети пасайгандир.
Шўр денгиз ҳавоси ҳам ёрдам бермади. Шона каютасига қайтиб, ўринга ётса беҳоллиги ўтиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади. Шу дам бирдан пастдан шовқин эшитилди: Бу – эркакларнинг, маркизнинг дарғазаб бақириғи ва капитаннинг ташвишли овози эди.
Каловланганча, қанақадир тутуриқсиз тарзда тушунтириш бераётган учинчи одамни Шона танимади. Палубага Шонани излаганча Эффи югуриб чиқди.
– Эффи, нима бўлди?
– Лайонел қаттиқ бетоб бўлиб қолди! У ҳушини йўқотиб, йиқилиб тушди, уни қўлда кўтариб каютага олиб киришга тўғри келди.
– Бечора! Ҳушдан кетиш сабабини кимдир биладими?
– Ҳаммаси еган овқатимиздан! – маъюс оҳангда хитоб қилди Эффи. – У намликда кўп туриб қолган экан. Зоти олийлари шундай дарғазабки! Албатта у ошпазни бирдан ҳайдаб юборолмайди, чунки ҳозир очиқ денгиздамиз. Аммо, уни бортдан улоқтириши ҳақида пўписа қилди! Албатта, у бундай қилмайди, аммо ошпаз қўрқиб яшириниб олди.
Шу пайт уларнинг ёнига маркиз келди. Унинг юзи ғазабдан бўзариб кетганди.
– Мен капитанга Марсел томон иложи борича тезроқ сузишни буюрдим, – деди у. – У ерда дўстим яшайди. Лайонел тузалиб кетгунга қадар уникида турамиз. Бориб тўхташимиз билан унга хат йўллайман.
– Ҳа, яхши бўларди, оёқ остида яна ерни ҳис этиш жуда ёқимли, – секингина деди Шона.
Шу сўзларни айтаётиб, у дастакни маҳкам тутиб олди, чунки бу вақтда боши узра бутун борлиқ пирпирак бўлиб айлана бошлаганди. Ўзини мажбурлаб маркизга жилмайиб қаради.
– Шифокор кўргандан сўнг, унинг аҳволи яхшиланади, деб умид қиламан, – деди Шона ўзининг оғирлашиб бораётган аҳволини сездирмасликка уринаркан.
– Мен ҳам бу жиддий касаллик эмас, деб умид қиламан, аммо ҳозир бечорага жуда қийин, – деди ҳамон ғазаби босилмаган маркиз. – Худога шукрки, мидиядан фақат у еди.
– Умуман олганда… фақат у эмас, – қийналиб шивирлади Шона.
– Нима?
– Мен ҳам биттасини егандим, шунинг учун эҳтимол… эҳтимол…
Қиз чайқалиб кетди ва унинг қучоғига йиқилди.
– Эй, Худойим! – деди маркиз ҳаяжон билан. – Эй, Худо! Худойим!
Ҳушини йўқотишдан аввал қиз унинг юзи даҳшатдан қай даражада ўзгариб кетганини кўриб улгурди. Маркиз қизни қўлига оларкан, Шонага унинг аччиқ фарёди элас-элас эшитилди:
– Шона! Шона!
Кейинги сонияда унинг кўз олдида ҳамма нарса гир айланиб кетди ва ҳушини йўқотди. У каютада ўзига келди. Ёнида Эффи ўтирарди.
– Марселга етиб келдик, – хабар берди у.
Эшик тақиллади. Эффи туриб эшикни очди ва каютага маркиз кирди. У шошиб Шонанинг ёнига келди ва бир тиззасига чўкиб ўтирди.
– Мен дўстим Шарль Ривальега хабар юбордим, – деди у. – Ишончим комил, у бизни хонадонига таклиф этади. Ўша ерга етиб боришимиз билан сизни шифокор кўради.
Маркиз юзига хавотир соя солганди.
– Аслида, шошилишимиз зарур. Мен шифокорни бандаргоҳга ҳам чақиришим мумкин, ишончим комилки, дўстимнинг шифокори анча малакали… Сизга энг юқори даражада тиббий ёрдам кўрсатишларини сўрайман.
Маркиз қаттиқ хавотирланаётганди. Доимий совуққонлик ва сиполикдан асар ҳам қолмаганди.
– Майли, ўзингизга маъқул ишни қилаверинг, – ожизона шивирлади Шона. – Лайонел қандай? Менимча, унинг аҳволи меникидан ҳам оғир бўлса керак.
– Лайонелнинг аҳволи яхши, – жавоб берди маркиз енгил безовталик билан. – Аммо, иккингизни ҳам зудлик билан шифокор кўриши лозим. Шошманг! Мен нималарни ўйлаб ўтирибман-а?! Йўлини топдим!
У каютадан югуриб чиқиб кетди ва бир неча дақиқадан сўнг қайтиб келиб, ҳозироқ қирғоққа тушишларини маълум қилди.
– Сизлар тезроқ етиб боришларинг учун иккита извош ёлладим, – деди маркиз. – биз Ривальелар саройига асосий йўл бўйлаб борамиз, унинг хабарчисини йўлда учратамиз.
Маркиз Шонага қўлини узатди.
– Сизга кўмаклашишга рухсат беринг.
У қизни оҳиста оёққа турғазди.
– Юра оласизми? – сўради у меҳрибонлик билан.
– Ҳа… Ҳа, албатта…
Аммо қизнинг юролмаслигини тушуниш учун унинг жонсизлардек оқариб кетган юзига бир назар солишнинг ўзи кифоя эди.
Маркиз унинг белидан қучиб оҳиста кўтарди-да:
– Бўйнимдан қучоқлаб олинг, – деди.
У Шонани извошгача кўтариб борди ва оҳиста ўтқазди. Унинг ортидан Лайонелни қўлида кўтарганча капитан ва яна бир кема аъзоси келишди. Йигитни иккинчи извошга ўтқазишди.
Эффи маркиз ва Шона ўтирган биринчи извошга чиқди ва улар йўлга тушдилар. Шона ҳолсизланганча бошини ўриндиқ суянчиғига ташлади, аммо қулай жойлаша олмади, бу ноқулайлик уни баттар қийнаб қўйди.
Маркиз уни яна қучоғига олди ва қизнинг бошини елкасига қўйиб, секин шивирлади:
– Мана шундай, менга суяниб олинг. Сизга ўзим ғамхўрлик қиламан.
– Ҳолим бўлмаяпти, – шикоят қилди Шона.
– Биламан, азизам. Жуда афсусдаман. Ҳаммасига мен айбдорман.
– Йўқ, сиз айбдор эмассиз.
– Сизни шу аҳволга солган одамни мен ишга олганман. Ишонинг, у энди қўлимдан чиқиб кета олмайди!
– Бечора… Илтимос, унга марҳамат қилинг. Ахир фақат бир марта хато қилди.
– Мен бундай хатога йўл қўядиган кимсани ишлатишни истамайман, – деди у аччиқланиб.
Маркиз қизнинг рангпар юзи ва пешонасидаги тер томчиларини кўриб, жим бўлиб қолди.
Қиз бошини унинг елкасига ташлаб олганди, у бутун йўл бўйи Шонани бағрида ушлаб келди.
Йўлда уларга қарама-қарши йўналишда келаётган, Ривальелар насли тамғаси туширилган катта извош учради. Уни меҳмонларни олиб келиш учун саройдан юборишганди.
Отда ўтирган месье Шарль Ривалье саёҳатчилар билан самимий кўришди.
– Энди эса ортимдан юринг, – деди у. – Фақат сизлар беморларни безовта қилмаслик учун ўз извошингизда қолишингизга тўғри келади.
Ҳаммалари уларни шифокор кутиб турган сарой сари йўл олишди.
Шифокор беморларни кўргач, улар бир неча кун ором олишлари лозимлигини ва ҳаммаси ўз жойига тушишини айтди.
У Шонани кўраётган пайтда маркиз безовталанганича у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Шифокор кетгач, беморга ғамхўрлик қилиш Эффининг зиммасига тушди ва у беморни холи қолдиришларини сўради.
Қанчалик беҳол бўлмасин, Шона Эффининг сўзига бўйсуниб, секингина хонадан чиқаётган маркизнинг хайрлашган нигоҳини илғай олди.
Эффи ўз онаси каби Шонани авайлаб ечинтирди, ўрнига ётқизди ва шифокор буюрган суюқ дорини ичирди. Дори таъсири туфайли Шона ухлаб қолди.
Тушида ҳалиям извошда, маркизнинг оғушида кетаётганмиш. Бу шунчаки туш эдими? Ё бу ҳақиқатда рўй бердими? Маркиз ҳақиқатан ҳам уни шундай маҳкам қучдими?
Авваллари ҳаммадан беркитилган, энди эса маркизнинг юзида яққол акс этган ошкора меҳр ифодаси хаёлотмиди? Шонанинг қўлини бўйнига ташлагани ва қизни бағрига босгани, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ҳимоя, мадад ҳиссини ҳадя этгани-чи?
У буларнинг барини тасаввурида қайта-қайта тиклади, қандай табиий назокат билан маркизнинг йўғон бўйнидан қучганини эслади. Шона маркизнинг бағрида бир умр қолишни истарди.
Қиз уйғонганда, Эффи ҳар галгидек унинг ёнида ўтирганди. Шона ўзига келди ва ётган хонасига назар солди.
Хона катта, қимматбаҳо мебель билан жиҳозланган, баланд деразаларига жимжимадор оқ парда илинган эди. Ташқаридан, чамаси, боғ кўриниб турарди.
– Анча яхшисиз, мисс, – деди Эффи Шона кўз очганидан қувониб.
– Қаердаман?
– Ривальелар саройида, мисс.
– Ҳа-я… Энди эслаяпман…
– Бу меҳмонлар учун мўлжалланган энг яхши хона: Ривалье хоним уни атай сизга ҳозирлатди. Шифокор эса…
Эффи хуфёна шивирлашга ўтди:
– Зоти олийлари Лайонелдан олдин сизни кўришни талаб қилдилар.
– Лайонел яхшими?
– Ҳадемай тузалиб кетади, – деди Эффи.
У ўрнидан турди ва эшик олдига борди.
– Мен зоти олийлари билан гаплашишим керак. Сиз уйғонишингиз билан унга хабар беришимни сўраган эди.
У шундай дея, Шонани хаёлот дунёсига ёлғиз ташлаб, чиқиб кетди.
Қизни аллақандай безовта, ташвишли, айни дамда ҳақиқий бахт шуъласи ҳам акс этиб турган ғалати хаёллар чулғаб олган эди.
Шона ҳушдан кетаётганини кўрганда уни икки қўллаб тутиб турган маркиз юзида акс этган даҳшат ифодасини эслади. Худди шу дамда унинг ёдига мудҳиш хотиралари тушган бўлиши эҳтимол.
“У кўз юмаётиб, бу дунёда ҳам, уни кутаётган нариги дунёда ҳам севгимиз абадий бўлиши ҳақидаги қасамимизни такрорлади. У шу сўзларни айтди-ю, жон берди.”
У бу гапни қўлида жон таслим қилган аёл ҳақида айтган эди.
Маркиз шунинг учун ҳам қўрқиб кетган: ўшанда у бу мудҳиш хотирани хаёлидан кетказа олмаган. Ваҳимасига шу сабаб бўлиши мумкин. Аммо балки қиз адашаётгандир?..
Шона мулоҳазакор бўлишга уринди, аммо унинг атрофини ўраб олган хаёлот дунёси кўз олдидан кетмади. Ахир уни икки қўллаб кўтарди – бошқа аёлни эмас!
Ўша ёрқин лаҳзалардаги маркизнинг ҳиссиётлари, қўрқуви ва умиди – ҳаммаси ёлғиз унга тегишли эди деб умид қилиши мумкинми? Бемор яна мудрай бошлади…
Шона бир неча бор уйғонди ва бир марта ҳатто ёнида бегона аёлни ҳам кўрди. Шона англадики, ёши элликлар атрофида, мулойим юзида оналарча ғамхўрлик акс этиб турган бу аёл, улар меҳмон бўлиб турган мазкур сарой соҳибаси эди.
– Мен… мен… жуда афсусдаман… – деди Шона эшитилар-эшитилмас.
– Ҳеч хижолат бўлманг, – жавоб берди Ривалье хоним. – Муҳими, сиз тезроқ соғайсангиз бўлди, бечора Фредерик ўзини қўйгани жой тополмаяпти.
– Фредерик?
Шона шу дамда чўқинтириш пайтида маркизни Фредерик деб аташганини эслади. Унинг паспортида ҳам шундай ёзилган, аммо қиз уни бу ном билан аташганини ҳали эшитмаган эди.
Сўнг Ривалье хонимнинг шарпаси туманга сингиб кетгандек бўлди. Аммо бу аёл ўрнида ўша заҳоти маркиз пайдо бўлди, Шона унинг термилиб турган нигоҳини тушунадиган ҳолда эмасди…
У яна ухлаб қолди, уйғонганда эса, ёнида ҳеч ким йўқ эди. Балки буларнинг бари рўёдир?
Кўп ўтмай Эффи нонушта келтирди. Шонанинг иштаҳаси бироз очилган, вужудига куч кираётганини ҳис этди. Эффи ёрдамида ванна қабул қилгач, дераза ёнидаги креслода ўтириб, ўзи овқатланди.
Унга ўрнидан туришга рухсат берилган биринчи куниёқ тўрли, шафтоли ранг шойи кўйлагини кийди. У кийимидан кўнгли тўлса-да, аммо кўзгудаги аксини кўриб, йиғлаб юборди. Касаллик уни тамоман маҳв этган. Юзида илгариги қизилликдан асар ҳам қолмаган, кўзи чуқур ботиб кетган, у ўз аксини аранг таниди.
“Алвастига ўхшаб қолибман, – даҳшат ичра ўйлади у. – Бу дунёда биронта ҳам эркак қарамайдиган қари ва тасқара алвасти”.
Шу пайт унинг кўзи токчадаги гулдонда турган оқ атиргуллардан иборат гулдастага тушди.
– Бу ажойиб гуллар қаердан келди?
– Зоти олийларидан, – кучли ҳаяжон билан жавоб берди Эффи. – У сизга ҳар куни гул жўнатиб турди.
– Ҳар куни? Мен қачондан бери бу ердаман?
– Уч кундан буён.
– Ҳеч нарсани эслолмайман, – шивирлади Шона ҳаяжонланиб. – Вақт қандайдир туман ортида ёнимдан ўтиб кетгандай.
– Кечаги атиргуллар сариқ эди, – деди Эффи. – Ўтган кунгиси эса – пушти.
“Лекин қизил эмас”, ўйлади Шона.
– Маркиз сизни кўрмоқчи, доктор унга бир неча дақиқага рухсат берибди.
– О, Эффи, мен у билан учрашолмайман! Менга бир қарагин.
– Сизнинг бироз рангингиз қочган, холос.
– Ундан ҳам баттарроқ! Йўқ-йўқ, мен у билан кўришолмайман…
– Унга шундай деб айтайми, мисс?
– Ҳа, – жавоб берди Шона қатъий ва ишонч билан гапиришга ҳаракат қилиб. – Зоти олийларига айт, ундан жуда ҳам миннатдорман, аммо уни қабул қила олиш даражасида соғайганим йўқ.
– Яхши, мисс.
Эффи эшик томон йўналди.
– Уни излаш шарт эмас, – деди Шона. – Янаги гал келганида айтасан.
– Лекин у шу ерда, мисс. Сизнинг рухсатингизни кутяпти. У бу ерга ҳар куни эрталаб келади.
Шона уни тўхтатиб улгургунга қадар Эффи эшикни очиб, ташқарига чиқди. Шонанинг қулоғига суҳбат паст овозда эшитилди. Эффи қайтиб кирди.
– У сизни тушунишини ва безовта қилмаслигини айтди, – маълум қилди Эффи. – Қабул қилишга тайёр бўлишингизни кутаркан.
– О, Эффи, бу мен томондан жуда ҳурматсизлик бўлди-ку! Майли, уни ичкарига таклиф қил.
Эффи яшин тезлигида чиқиб кетди ва маркиз билан қайтиб кирди. Маркиз аста кириб келди.
– Сизни безор қилмоқчи эмасдим.
– Марҳамат, ўтиринг, – Шона унга катта дераза ёнида турган рўпарасидаги креслони кўрсатди.
– Мен фақат сизнинг тузалиб қолганингизга ишонч ҳосил қилмоқчи эдим. – деди маркиз секингина.
Шона ўзини кўриш учун уни бу қадар яқин масофага таклиф этгани учун энди афсус қила бошлади. Чунки бу ерда қуёш тўғри юзига тушар, шу боис унинг жуда ҳам сўлғинлиги ва аввалги жозибасининг йўқолганлигини яшириб бўлмасди.
Ўзининг ғоят иложсиз ва мушкул аҳволда қолганлигини ҳис этган Шона юзини яшириш учун қўлларини кўтарди, аммо маркиз унинг қўлини кафтлари орасига олди.
– Мендан юз ўгирма, – деди у.
Қиз гапни ҳазилга буришга ҳаракат қилди:
– Илгари мен сипо ва совуққон кўринишга ҳаракат қилардим. Энди ҳаракат қилишга ҳам ҳожат қолмади! Ҳатто кўзойнаксиз ҳам менга камида қирқ ёш берса бўлади…
– Бемаъни гапларни қўй! – жаҳли чиқди маркизнинг. – Мен умримда бундай аҳмоқона гап эшитмаганман!
Касаллик ҳолдан тойдирган Шонанинг монелик қилишга ҳам мадори йўқ эди. У ўзининг аҳволидан уялиб, йиғлаб юборди.
– Азизам, ўтинаман, йиғлама, – деди секин маркиз ва уни қучиб, бошини елкасига қўйди.
– Мени кечиринг, – ҳиқиллади қиз. – Ўзимни тутолмаяпман…
– Албатта. Ахир сен ҳали ҳам касалсан. Тезроқ ўзингга келишинг учун нима зарур бўлса, ҳаммасини қилишинг керак.
Қиз кўз ёшларини артди ва кулишга ҳаракат қилди.
– Аминманки, Лайонел йиғламаган бўларди.
– Лайонел вақтини чоғ ўтказяпти. Мен биламан, мидиянинг кўпини у еган. Аммо сен еганинг энг ёмони бўлса керак. Сенга жудаям оғир бўлди, нозиккинам менинг.
У шундай мулойим гапирдики, қиз яна йиғлашдан ўзини аранг тийиб қолди. Афтидан, маркиз уни тушунди ва аста қучганча анча вақт ёнида ўтирди.
Шу тобда Шона унинг ёнида ўтирганидан ва унга суяниш мумкин бўлганидан ўзини бағоят бахтли ҳис этди. Бу дамлар бир умрга чўзилганда эди…
– Сиз жуда ҳам меҳрибонсиз, – шивирлади у. – Мен учун шу қадар қайғуряпсиз. Мижғов бўлиб қолдим, шекилли…
– Асло, – деди назокат билан маркиз.
– Эффи сиз ҳар куни менга гул юбориб турганингизни айтди. Мен эса бу ерда шунчалик узоқ ётганимни ҳам билмабман…
– Биз ҳаммамиз ҳам сендан хавотир олдик.
Шонанинг боши айланди. “Қизиқ, – ўйлади у. – Бу фақат менинг беморлигим билан боғлиқмикан ёки бошқа нарса билан ҳамми…”
Эҳтимол бошининг бундай айланаётгани – севган инсонининг ёнида ўтиргани ва уни оғушида тутиб турганидандир?..
– Лайонелнинг ишлари қандай? – сўради Шона юрагининг гупурлаб ураётганини сездирмасликка уриниб. – Унинг аҳволи жуда ҳам ёмон эди.
– У дарддан фориғ бўлаяпти, – жавоб берди маркиз. – Жияним ўзининг мустаҳкам соғлиғи билан ҳар доим ажралиб турган. Бугун эрталаб у ҳатто кўчага чиқди. Аммо сенинг аҳволинг бизни жиддий хавотирга солди. Ўйлаганимдан кўра анча нозик экансан…
– Мен ҳар доим ўзимни кучли одам деб ҳисоблаганман, – эътироз билдирди Шона.
– Демак, адашибсан. Шундай бўлдики, мен… ҳалиги, биз сенинг ҳолатингдан жудаям хавотирландик.
– Раҳмат, мен…
Кутилмаганда ҳар иккиси ҳам тушуниб қолишдики, маркиз ҳали ҳам қизни қучоғида ушлаб турарди. Шона ўзини йўқотиб қўйди ва унинг назарида маркиз ҳам уятдан юзи қизариб кетди.
Афтидан, маркиз ҳам хижолат бўлди чоғи, қизни қўйиб юборди.
– Менимча, сизни толиқтириб қўйдим, – деди у ўрнидан тураркан. – Мен яна олдингизга келаман, сал кечроқ… Рухсат этсангиз.
– Илтимос, қайтинг, – сўради Шона.
– Сизга юк бўлмаслигимга ишончингиз комилми? – сўради у безовта оҳангида.
– О, йўқ, – уни ишонтиришга шошилди Шона.
Қиз нигоҳини кўтариб маркизга боқди ва эшитилар-эшитилмас шивирлади:
– Ўйлайманки, бу мени… жуда хушнуд этган бўларди.

Давоми бор

Рус тилидан
Шаҳло Аҳророва
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/17/%d0%b1%d0%b0%d1%80%d0%b1%d0%b0%d1%80%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d1%82%d0%bb%d0%b5%d0%bd%d0%b4-1901-2000-%d1%88%d0%b0%d1%80%d2%9b%d0%be%d0%bd%d0%b0-%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%b1%d0%b1%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x