Алло, «ТЕЗ ЁРДАМ» ми?

Ҳаётда турли тасодифлар рўй беради. Биз ҳар бирига тайёр туришимиз лозим. Қайсидир оилада эса аҳволи оғирлашаётган беморга нажот зарур. Қарабсизки, “Тез ёрдам” шифокори етиб бориши билан бемор ҳаёти сақлаб қолинади.

Қувонишимиз керак, бугунги кунда барча соҳалар сингари тез тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам тобора илгарилаб боряпмиз. Айниқса ҳукумат томонидан чиқарилган “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги (2009 йил, 21 май) қароридан сўнг “Тез ёрдам” фаолияти учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратиб берилди, иш жойлари капитал таъмирдан чиқарилди.

Илгарилари Тез тиббий ёрдам станциясида бир қанча эски русумлардаги автомашиналар хизмат қиларди. Кейинчалик Дамас автомобили базасида махсус тез ёрдам автомобили ишлаб чиқарила бошланди. Бугунги кунга келиб, станциянинг моддий техника базасини яхшилаш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган 87 та Дамас русумидаги замонавий автомашиналар ажратилган. Кореяда ишлаб чиқарилган 34 та “Хундай” русумли тез ёрдам автомашиналари ҳам шаҳар аҳолисига хизмат қилмоқда.

Асосан фавқулодда вазиятлар, табиий офатлар юз берган ҳолатда кўмак берадиган катта тез ёрдам машиналари зарур дори-дармон, асбоб-ускуналардан ташқари реанимацион ёрдам кўрсатиш учун электрокардиограф, дефибриллятор, ўпканинг сунъий вентиляцияси, ингаляцион наркоз берувчи аппарат, кислород баллони каби жамланмалар билан таъминланган бўлади.

Тез тиббий ёрдам шифокори воқеа жойига келиб, беморни кўздан кечиради, ташҳис қўяди, биринчи ёрдам кўрсатади, муолажа белгилайди. Бемор аҳволини енгиллаштириш учун зарур бўладиган 61 номдаги турли хил дори-дармонлар мавжуд. Зарурат туғилса, бемор тез ёрдам машинасида касалхонага олиб борилади. Бордию кўп миқдорда қон кетаётган бўлса, тез ёрдам шифокори қонни тўхтатиш чорасини кўради, сунъий нафас беради, юракни ЭКГ текширувидан ўтказади.

Аслида бемор ҳаётига хавф солувчи касаллик хуружларида, бахтсиз ҳодисалар пайтида шикастланишларда, шунингдек ички заҳарланишларда, бундан ташқари ҳомиладорликдаги ёки туғруқ билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда тез тиббий ёрдамга мурожаат этилади. Ўзи мустақил даволаш профилактик муолажасига бора оладиган беморларга эса тез тиббий ёрдам кўрсатилмайди. Шунингдек ўзи яшаётган ҳудуддаги оилавий поликлиника ишлаётган вақтда тана ҳарорати кўтарилган беморлар, оилавий поликлиника шифокори кўрсатмалари бўйича муолажа олаётганлар, шифокор назоратида турган ва шошилинч тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаганлар мурожаатлари қабул қилинмайди. Бундан ташқари суд тиббий акти тузиш, алькоголь ва наркотикдан мастликни экспертиза қилиш, рецепт ёки маълумотномалар бериш, ўлим акти тузиш, соғлиги тўғрисида хулоса ёки меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этиш ҳолатларида тез тиббий ёрдам кўмагидан фойдаланилмайди.

Республикамизда ҳар қандай телефондан “103” қисқа рақамига, ундан ташқари Тошкент шаҳрининг ҳамма туманларидан 236-73-32, 236-73-60 рақамларига куну-туннинг ҳар қайси пайтида навбатчи нозимга қўнғироқ қилиб тез тиббий ёрдамни чақириш мумкин. Тез тиббий ёрдам чақираётган фуқаро чақириқ қабул қилаётган навбатчи нозимнинг саволларига иложи борича аниқ ва тўғри жавоб бериши керак. Масалан чақириқ манзилини (шаҳар, туман, кўча, уй ва хонадон рақами, қавати, йўлак рақами ва эшик кодини) аниқ айтиш керак. Бемор ёки жабрланувчининг фамилияси, жинси, ёши, агар бемор ёки жабрланувчининг паспорт маълумотлари аниқ бўлмаса унинг жинси ва тахминий ёши айтилиши керак, иложи борича бемор ёки жабрланувчининг шикоятлари, шунингдек тез тиббий ёрдам чақирилаётган телефон рақами, чақирувчининг фамилияси ҳамда алоқа учун телефон рақами тўғри айтилиши керак.

Шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси марказий нозимхонасида аҳолидан тушган чақириклар ёзма равишда компьютерга ёзиб борилади ва таҳлил қилинади. 2016 йил 1-чорагида шаҳар тез тиббий хизматига 236222 чақириқ бўлган, улардан 3352 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилган, 39423 нафари шифохоналарга элтиб қўйилган. Демак, ўрта ҳисобда бир суткада тез тиббий ёрдам хизматига 2100 – 2400 мурожаат тушади. Хизматнинг сифатини ошириш мақсадида “Тез ёрдам” ходимларига “ U-Sell” компаниясининг корпоратив 200 та телефони ва 250 та сим картаси олинди.

Тез тиббий ёрдам чақирилгандан сўнг фуқароларга касаллик ёки шикастланиш ҳолатига қараб 15-30 дақиқадан то 1 соатгача вақт оралиғида етиб бориб тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилган.

Даврон Султонов,
Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x