Уч пардали драма
Рус тилидан
Муҳаммаджон ХАЙРУЛЛАЕВ
таржимаси
Александр Вампилов 1937 йилда Иркутск вилоятининг Кутилик посёлкасида ўқитувчилар оиласида таваллуд топади. Аммо у отасини кўролмайди – айни Александр туғилган кунларда Никита Вампилов туҳмат балосига учраб, “халқ душмани” сифатида қамалади ва отишга ҳукм этилади, 1957 йилда эса оқланади.
Александр ўрта мактабни тамомлагач, университетда таълим олади. Дастлаб кичик ҳикоя, очерк ва мақолалар ёзади. 1964 йилда эса илк драмтик асари “Июндаги хайрлашув”, 1967 йилда “Катта ўғил”, сўнг “Ўрдак ови” пьесалари билан рус драматургиясида ўзига хос услубга эга бўлган муаллифлардан бирига айланади. Бу асарларнинг асосий мавзуси – ижтимоий қолоқлик, ёвузлик ва разилликка қарши курашдан иборат. Унинг асарларида ҳамиша, бир қарашда, тушуниш анча мураккаб бўлган муаммолар талқин қилинади.
“Ўрдак ови”ни таржима қилиш жараёнида драматург ҳақида ўзим тугал англай олмаган мавҳум бир фикр пайдо бўлди: унинг ўз вақтида кўпгина мунозараларга сабаб бўлган “Ўрдак ови” пьесасидаги бош қаҳрамон – ўша замоннинг фожиавий образларидан бири бўлмиш Зилов қисман муаллифнинг ўзи бўлса керак, деган фикрга келдим. Унинг бевақт, фожиали ўлими ҳам бу фикримни тасдиқлаб тургандек.
А. Вампилов 1972 йилда айни навқирон чоғида – 35 ёшида Байкал кўлига чўкиб, фожиали равишда ҳалок бўлади. Марҳум тугалланмаган “Тенги йўқ Наконечников” пьесасининг давоми ва бошқа орзуларини ўзи билан олиб кетади. Аммо ундан мерос қолган пьесалар нафақат Россия, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш қилиб келинмоқда.
Иштирокчилар
Зилов
Кузаков
Саяпин
Кушак
Гагина
Вера
Валерия
Официант
Бола
Ирина
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Зиловларнинг иккита хонадан иборат янги уйи. Якка дераза рахида бўйнига тасма боғланган каттакон мовут мушук-ўйинчоқ турибди. Носаришталик.
Бир чеккадаги каравот-тахтада Зилов ухлаб ётибди. Унинг бош томонидаги пастак столга телефон аппарати қўйилган. Деразадан рўпарадаги уйнинг орқасида хира осмоннинг бир парчаси кўриниб турибди. Ёмғир ёғмоқда.
Телефон қўнғироғи жиринглайди. Зилов ҳадеганда уйғонавермайди. Телефон қайта-қайта жиринглагандан кейингина кўрпа тагидан бир қўлини чиқариб, гўшакни кўтаради.
Зилов. Лаббай?
Қисқа сукут. Қўнғироқ қилган одам гўшакни қўйиб қўйди шекилли, телефон жимиб қолади.
Қизиқ… (Гўшакни жойига қўйиб, иккинчи ёнбошига ўгирилиб ётади. Бир неча сониядан кейин эса кўрпани устидан сидириб, туриб ўтиради ва пайпоқларини ечмасдан ётиб қолганлигини кўриб ҳайрон бўлади. Кафтини пешанасига қўйиб кўради, сўнг бошини ушлар экан оғриқдан юзи бужмаяди. Бир нуқтага тикилганича хаёл суриб ўтиради, сўнг дераза олдига бориб, уни очади. Ёмғир ёғаётганини кўриб, норози қиёфада қўлини силтайди.)
Зилов – ёши ўттизга яқинлашиб қолган, бақувват гавдали, новчагина, одам. Унинг юришида, қўл ҳаракатларида, гапириш услубида жисмоний баркамоллигига ишонгани ҳолда ўзини эркин тутиши сезилиб туради. Шу билан бирга барча ҳаракатларию гапириш услубида атроф-муҳитга бефарқлик, зерикиш мавжуд бўлиб, бунинг сабабини бир қарашда аниқлаш қийин.
(Ошхонага кириб, шиша билан стакан кўтариб чиқади. Дераза олдида туриб пиво ичади, сўнг шишани қўлидан қўймаган ҳолда бадантарбия билан машғул бўлади. Телефон жиринглайди. Гўшакни кўтариб) Эшитаман?.. Гапирасизми-йўқми?…
Жавоб бўлмайди.
Шу ҳам ҳазил бўлди-ю… ( Гўшакни жойига қўйиб, пивони ичиб тамомлайди, сўнг телефон рақамларини териб, қулоқ солади. Жавоб бўлмайди.) Аҳмоқлар… (Рақамларни қайтадан теради. Об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни хабарловчиларнинг овозига таассуф қилиб) Шу кеча-кундузда об-ҳавонинг ўзгариб туриши, енгил шамол эсиши, ўн олти даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. (Ўзининг росмана овози билан) Тушундингми? Челакдан қуйгандек, ёмғир ёғяпти. Дима, салом. Қария, табриклайман. Сен ҳақ бўлиб чиқдинг… Ёмғирни айтяпман. Бутун йил давомида кутган эдик. Келиб-келиб, мана, энди шовуллатиб қуя бошлади! (Ҳайрон бўлиб) Ким гапиряпти, дейсанми?.. Зиловман… Албатта. Наҳот овозимдан танимаган бўлсанг?.. Ўлган?.. Ким ўлибди?.. Мен?! Йўқ, ўлмаганман шекилли, тирикка ўхшайман… Шунақами? (Кулади.) Йўқ, йўқ, тирикман. Ов бошланай деб турган бир пайтда ўлиш – шу етмай турган эди!. Нима-а?! Бормайман! Бу гапни қаердан топдинг?.. Ақлдан озибманми? Шошма, балки мен билан боришни хоҳламаётгандирсан?.. Бўлмаса гап нимада?.. Топган ҳазилингни қара-ю… (Бошини ушлаб) Бош-ку оғрияпти-я. Бу табиий. Лекин ҳозирча жойида… Кечами? (Энтикиб) Ҳа, эслаяпман… Йўқ, барини эслай олмайман. (Яна энтикади.) Жанжалми? Жанжални эслайман. Лекин нимага жанжал қилдим – билмайман. Нима сабаб бўлганлигини Худо билади. (Афсусланиб.) Айтма… Эслайман… Охири мутлақо эсимда йўқ… Милиция келмадими?.. Ўзимизникилар, дейсанми? Бунисига ҳам шукур… Қаттиқ хафа бўлишдими?.. Нима бало, ҳазилни тушунишмайдими?.. Бўлар иш бўлибди, на чора. Хўш, энди нима қиламиз? Қачон жўнаймиз? Кутамиз, дейсанми?.. Қачон бошланган?.. Кеча? Нима деяпсан?.. Эслай олмайман – йўқ! (Энгагини ушлаб кўради.) Шундай! Кеча муштлашиш ҳам бўлдими? Йўқ?.. Таажжуб… Ҳа, кимдир тушириб қолганни биламан. Бир марта… Ҳа, башарамга туширди… Мушти билан бўлса керак… Қизиқ, бу ким бўлди экан, сен кўрмадингми? Майли, бунинг аҳамияти йўқ… Йў-ўқ. Ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йўқ. Одатдаги мушт тушириш…
Эшик тақиллайди.
Дима, бунақа об-ҳаво бир ҳафтага чўзилса нима қиламиз? Ваҳима қилаётганим йўқ… Тушунарли… Уйда ўтирибман… Кутяпман… (Гўшакни жойига қўяди.) Кираверинг.
Эшик очилиб, қарағай шохчаларидан ясалган, йирик қоғоз гуллар билан безатилган, қора тасма ўралган, арзон нархда сотиладиган каттагина гулчамбар кўтариб ўн икки ёшлардаги бола кириб келади.
Бола. Мумкинми?
Зилов. Киравер. (Қувноқ оҳангда) Салом!
Бола. Ассалом алайкум. Зилов сизмисиз?
Зилов. Мен.
Бола (гулчамбарни деворга суяб қўйиб). Сизга бериб юборишди.
Зилов. Менга? Нима учун?
Бола жим.
Ҳой, йигитча, сен ниманидир адаштиряпсан…
Бола. Сиз Зиловмисиз?
Зилов. Ҳа, Зиловман. Хўш, нима бўпти?
Бола. Демак, бу сизга.
Зилов (бир нафас эсанкираб). Сени ким юборди? Қани, мана бу ерга ўтир-чи.
Бола. Кетишим керак.
Зилов. Ўтир.
Бола ўтиради.
(Гулчамбарга қараб туради, сўнг қора тасмани тўғрилаб қўйиб, ундаги ёзувни овоз чиқариб ўқийди) “Ишда бевақт куйиб адо бўлган Виктор Александрович Зиловга дардманд дўстларидан”… (Жим бўлиб қолади, сўнг кулиб) Гап нимадалигини англадингми? Виктор Александрович Зилов – бу мен… Аммо, кўриб турганингдек, тирик ва соғман … Бунга нима дейсан? Шу сенга маъқулми?
Бола жим.
Улар қаерда? Пасда туришибдими?
Бола. Йўқ. кетишди.
Зилов. Ҳазил қилишиб, жўнаб қолишибди-да…
Бола. Мен борай
Зилов. Ҳа. боравер… Йўқ, тўхтаб тур. Айт-чи, сенга шунақа ҳазиллар маъқулми?.. Бу қизиқми-йўқми?
Бола жим.
Йўқ, ўзинг айт-чи, ҳали кайфи тарқаб улгурмай, боши гаранг бўлиб турган бир пайтда, яна шунақа об-ҳавода ўз ўртоғига бунақа нарсани жўнатиш ўта кетган разиллик эмасми? Дўст деган шунақа бўладими? Сен нима дейсан?
Бола. Билмадим. Илтимос қилишганди олиб кирдим…
Қисқа сукут.
Зилов. Сени қара-ю. Тирик одамга марҳумларга аталган гулчамбар кўтариб юрибсан, ҳойнаҳой пионерсан. Мен сенинг ёшингда бунақа ишларни қилмаган бўлардим.
Бола. Тирик эканлигингизни билмаган бўлсам…
Зилов. Билганингда олиб кирмаган бўлармидинг?
Бола. Йўқ, албатта.
Зилов. Шунга ҳам раҳмат.
Қисқа сукут.
Бола. Мен борай.
Зилов. Тўхтаб тур. Улар сенга нима дейишди?
Бола. Бешинчи қават, йигирманчи хонадон, дейишди… Яна, эшикни қоқиб, Зиловни чақирасан-да, гулчамбарни бериб орқангга қайтасан, дейишди. Бўлгани шу.
Зилов. Қара-я, жўнгина. Лекин қанчалик кулгили эканлигини айтмайсанми. (Гулчамбарни бўйнига илади.) Кулгили, а? (Кўзгу олдига бориб, сочларини намойишкорона тарайди.) Кулгилими-йўқми?.. Нега кулмаяпсан?.. Ҳазилни тушунмайсан шекилли. (Ғолиб спортчи сифатида ўнг қўлини қисиб табриклайди.) Витя Зилов! ЭС-эС-эС-эР. Биринчи ўрин… Лекин нима учун?.. (Қўлини тушириб) Кулгили эмасми?.. Унчалик эмас, тўғрими? (Гулчамбарни ерга ташлайди ва каравотга бориб, дераза томонга қараб ўтиради.) Балки ҳар иккаламиз ҳам ҳазилни тушунмайдиган бўлиб қолгандирмиз?
Сукут.
Кетишинг керак-а?
Бола. Ҳа… Дарсимни қилишим керак…
Зилов. Тўғри… Дарс – бу жиддий иш… Айтгандек, исминг нима?
Бола (бир нафасли сукутдан сўнг). Витя.
Зилов. Шунақами? Сен ҳам Витя экансан-да… Бу сенга ғалати туюлмаяптими?
Бола. Билмадим.
Қисқа сукут.
Зилов. Ҳа. майли. Бора қол, дарсингни қил. Кириб тургин. Кирасанми?
Бола. Хўп.
Зилов. Бора қол.
Бола чиқиб кетади.
Қисқа сукут.
Демак, ҳазил қилиб кетишибди.
Зилов каравотда ўтирибди. Нигоҳи хона ўртасига қадалган. Мотам куйи эшитилиб, унинг товуши кучайиб боради. Чироқ аста-секин сўниб, бирин-кетин иккита чироқ ёнади. Улардан бири Зиловни, иккинчиси саҳна ўртасидаги доирани ёритади. Хонанинг жиҳозлари эса қоронғиликда қолади.
Прожекторнинг ёрқин нури билан ёритилган майдонда Зиловнинг хаёлий тасаввуридаги кишилар пайдо бўлади, уларнинг овозлари эшитилади. Мотам куйи енгил, қувноқ куй билан алмашади…
Саяпин билан Кузаков пайдо бўлишади.
Саяпин. Йўғ-э, нима деяпсан. Бўлиши мумкин эмас.
Кузаков. Далил бор-ку.
Саяпин. Бўлмаган гап. Ҳар қачонгидек ҳазиллашган. Унинг қанақалигини билмайсанми?
Кузаков. Афсуски, бу сафар ҳаммаси жиддий. Бундан жиддийроғи бўлмайди.
Саяпин. Кел, баҳслашамиз. Унинг ўзи шунақа овоза тарқатган. Ўзи, мени айтди, дерсан, ҳозир “Незабудка”да ўтирибди.
Кузаков билан Саяпин ғойиб бўлиб, Вера, Валерия,
сўнг Кушак пайдо бўлишади.
Валерия. Тавба-а, кечагина овга боришга ҳозирлик кўраётган, ҳазил-ҳузул қилиб ўтирган эди… Бугун эса…
Вера. Бунақа бўлишини ҳеч ҳам кутмаган эдим. Йигитмисан-йигит эди.
Кушак. Қанақа бахтсизлик бу, даҳшат! Мен ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Аммо, биласизларми, у кейинги пайтларда бошқача бўлиб қолган эди. Мен риёкор эмасман, аммо шуни айтишим керакки, аллақандай бепарво, паришонхотир бўлиб қолган эди. Бунақа кайфият эса яхшиликка олиб келмайди.
Вера, Валерия ва Кушак ғойиб бўлишади. Галина, унинг орқасидан Ирина пайдо бўлишади.
Галина. Ишонмайман, ишонмайман, ишонмайман… Нега бунақа қилди экан?
Ирина. Нима сабабдан?
Галина (Иринага). У сени яхши кўрармиди?
Ирина. Билмайман…
Галина. Мен у билан олти йил яшадим, аммо уни тушуна олмадим. (Иринага.) Биз дўст бўламиз. Розимисан?
Ирина. Ҳа.
Қучоқлашиб, ҳар иккаласи йиғлайди.
Галина. Мен бу ердан кетяпман… батамом… Менга хат ёзасанми?
Ирина (йиғи аралаш). Ҳа…
Галина ғойиб бўлади. Кушак билан официант пайдо бўлишади.
Кушак (Иринага). Ғоят, ғоят мамнунман.
Официант. Бундай ҳолатда ўзингиз якка қолмаганингиз маъқул.
Кушак. Ҳа, лекин… Тўғри, албатта… Ҳар қалай…
Официант. Соат олтида “Незабудка”да кутамиз, келишдикми?
Ирина (йиғи аралаш). Яхши…
Ирина, Кушак ва официант ғойиб бўлишади. Кузаков пайдо бўлади.
Кузаков. Ким билади… Бундоқ ўйлаб қарасанг, ҳаёт якунлангандек. (Ғойиб бўлади.)
Патнис кўтарган официант пайдо бўлади.
Официант. Хуллас, ўртоқлар, пул йиғишимизга тўғри келади. (Илжаяди.) Йўқ, мени нотўғри тушундиларингиз. Гулчамбарга пул йиғишимиз керак, деяпман.
Галина , Кузаков, Саяпин , Валерия, Вера, Кушак ва Ирина патнисга пул ташлаб, ўтиб кетишади. Қувноқ куй бирдан мотам куйи билан алмашади. Прожекторлар сўнади, мусиқа тўхтайди. Қоронғиликдан танга пулларнинг патнисга тушиб жаранглаши эшитилади. Саҳна ёришади. Зилов каравотда ўтирибди. Нигоҳи ҳамон хонанинг ўртасига қадалган. Ўрнидан туриб, ошхонага кириб кетади ва бир шиша пиво кўтариб чиқади. Дераза олдида туриб, ҳализамон хаёлига келган мотам мусиқасини ҳуштак чалиб ифода этади. Дераза раҳига ўтириб, духоба мушукка, гўё уни биринчи марта кўраётгандек, диққат билан узоқ қараб туради, сўнг телефон ёнига бориб, гўшакни қўлига олади, рақамларни теради.
Зилов. Магазинми?.. Илтимос, Верани телефонга чақириб юборинг… Ким, дейсизми?.. Зилов, денг… Ҳа, Зилов. (Кутади.) Банд экан, дейсизми?.. Тушунарли. (Гўшакни жойига қўйиб, дераза олдига боради. Пиво ичиб, ўйчан туриб қолади.)
Чироқ ўчиб-ёнади. Янги саҳна кўриниши намоён бўлади.
Зиловнинг биринчи хотираси.
“Незабудка” қаҳвахонасининг бир бурчаги. Катта бўлмаган дераза, ташқарига олиб чиқадиган эшик ва иккита-учта стол. Улардан бирида Зилов ва Саяпин ўтиришибди.
Саляпин Зилов билан тенгдош, лекин сочлари тўкила бошлаган, тўладан келган, кўриниши содда, ҳатто баъзи ҳолларда бесабаб ҳам кулаверадиган хушчақчақ йигит.
Саяпин (баланд овозда). Дима! Салом!.. Бизларга ҳам қараб қўй.
Официант (Зиловларнинг олдига келиб). Салом, йигитлар.
Официант
У Зилов билан Саяпинга тенгдош бўлиб, иш пайтларида ўзини ҳамиша бир меъёрда тутадиган, ўзига ишончи баланд, қадр-қимматини яхши биладиган, ишчан одам. Лекин ташқи қиёфаси бир мунча ғалатироқ.
Саяпин. Салом, Дима.
Зилов. Қалайсан, қария?
Официант. Раҳмат, ҳаммаси жойида. Ўзинг қалайсан?
Зилов. Ёмонмас.
Официант. Тайёргарлик кўряпсанми?
Зилов. Тайёргарлик кўриб қўйганман.
Официант (илжайиб). Тайёрмисан? Балли-э!
Зилов (аянч билан). Яна бир ярим ой-а!
Официант ( илжайиб). Ўша кунга етиб борасанми?
Зилов. Билмадим. У кунга қандай етиб боришни тасаввур қилмайман.
Официант. Яхши овчи бўламан, десанг, сабр-тоқат билан кут. Беҳуда ҳаяжонланма. Муҳими – ҳаяжонмаслик.
Саяпин. Йигитлар, сенларнинг овларинг бошланишигага бир ярим ой бор. Танаффусимизнинг тугашига эса ўттиз беш дақиқа қолди. (Зиловга) Биз нимага келдик, унутиб қўйдингми?
Зилов. Дима, ярим соат вақтимиз бор. Бирон нарса ичиб, тамадди қилиб олишга улгурамизми?
Официант. Ҳаракат қилиб кўрамиз.
Зилов. Демак, учта салат, учта шашлик ва ичкилик… ( Саяпинга). У нима ичади?
Саяпин. Менимча, ошкора ҳеч нарса ичмайди.
Зилов. Мусаллас-чи?
Саяпин. Ўзинг биласан, лекин ҳозир танафус пайти, ичкилик масаласида у…
Зилов (Официантга). Раҳбаримизни кутяпмиз.
Официант. Тушунарли.
Зилов. Менимча, у ароқ симиради. Кечаси.
Саяпин. Умуман олганда, тўғри қилади. Буни ҳам билиш керак.
Официант. Янги келган пиво бор.
Зилов. Пивонинг кераги йўқ. Бир шиша вино. Йўқ, икки шиша. Квартира олдим. Байрам қилишга ҳаққим бор.
Саяпин (Официантга). Эшитяпсанми, квартира олди. Табриклаб қўй.
Официант . Ростданми?
Зилов. Ўзим ҳам ишонмаяпман.
Официант. Қаерда?
Зилов. Кўприкнинг олдида.
Официант. Ростданми? Демак, қўшни бўлар эканмиз-да?
Зилов. Маяковский кўчаси, ўттиз етти, йигирманчи хонадон.
Официант. Зўр бўлибди. Табриклайман, қария. Қойил.
Зилов. Ҳовли тўйи: саккизу ноль-нолда Бугун. Кутаман.
Официант. Раҳмат, Витя. Лекин мен боролмайман. Бугун кечаси ўн биргача ишлашим керак.
Зилов. Биронтаси билан алмаштиргин.
Официант. Ҳозир ҳамма отпускада.
Зилов. “Касал” бўлиб қол.
Официант. Йўқ, қария, бунақа қилолмайман. Кечиргайсан.
Зилов. Аттанг.
Официант. Кечирасан-у, лекин бугун иложим йўқ. (Қоғозга ёза бошлайди.) Иккита вино, учта салат, уч марта шашлик… (Зиловга) Лекин ҳисобга олиб қўй. Бир шиша…
Зилов. Гап бўлиши мумкинмас.
Официант кетади.
Саяпин (Официант ҳақида). Унинг қанақа бўлиб кетганига эътибор бергин. Мактабда мўминтой бола эди. Ундан официант чиқади, деб ҳеч ким ўйламаган.
Зилов. Қўлига милтиқ ушлаб ов қилганини кўрсанг эди. Даҳшат!
Саяпин. Шунақа, де…
Зилов. Ҳайбат. Эллик метр нарида учиб кетаётган нарса у учун ҳеч гап эмас. Эҳ, қани эди мен ҳам шунақа мерган бўла олсам.
Саяпин. Менга қара, зиёфатингга раҳбаримиз келадими?
Зилов. Ҳа. Йўлма-йўлакай сизларни ҳам олиб келади.
Саяпин. У қандай бизлар билан овқатланишга рози бўла қолди?
Зилов. Бўлмаса қаерда овқатланиши керак?
Саяпин. Уйи бу ерга яқингина-ку. Ўтиришингга яна хотини билан бирга келса керак. Усиз қадам босмайди, шекилли.
Зилов. Йўқ. Хотинини кеча дам олгани жанубга жўнатибди.
Саяпин. Гап бу ёқда экан-да… Демак, таралла-бедод бошланар экан-да… Йўғ-е, у ўта жиддий одам… Квартира масаласини олайлик. Ваъда қилдими – бажаради. Сен квартиралик бўлдинг. Мен ҳам оламан. Юқорида суянган одами бор, дейишади. Шу тўғримикин?
Зилов (кимнидир кўриб қолиб). Тўхта! Мана бу ерга ўтир… (Унинг панасига беркинади.) Бери ўтир! Берироқ!
Саяпин (аланглаб). Нима бўлди?.. Бу Верочка-ку. Янглишмасам, ўзингни севгилинг.
Зилов. Қимирлама, шундай ўтир. У билан бугун учрашмаганимиз маъқул. Умуман жонимга теккан у.
Саяпин. Беркинмай қўя қол, бефойда. Сени кўрди.
Зилов (олдинги жойига ўтиради). Ажина! Бу магазинлардаги тартиб-қоидаларни тушуниб бўлмайди. Ҳамиша иш пайтида санқиб юрган бўлади. (Қўлини кўтариб) Салом.
Вера пайдо бўлади. Унинг ёши йигирма бешларда. Бир мунча қўполроқ бўлса-да, хушсурат, ёқимли қиз. Айни чоғда саноат моллари магазинининг сотувчиси кийимида. Лекин, аслида башанг кийинади, чиройли тарашланган кўркам сочини кўз-кўз қилиб, мағрурона қадам босади.
Вера. Салом, аликлар. Сизларни кўрмаганимга анча бўлди-я. (Ўтиради.)
Официант вино билан салатларни олиб келади.
Мени кутаётган эдингизми?.. Жуда соз.
Официант (Верага). Салом, кичкинтой.
Вера. Салом, Димка.
Официант (Зиловга). Янглишмасам, яна бир карра шашлик?
Зилов. Ҳа, оғайни.
Официант кетади.
Вера. (Зиловга). Хурсандчилик қиляпман, де? Квартира олдингми?
Зилов. Олдим.
Вера. Ғоят хурсандман. Дарагинг йўқ, қаерларда юрибсан?
Зилов. Уйда, Верочка. Уйда ва ишда.
Вера. Сени соғинган бўлсам-чи? Ҳафталаб йўқ бўлиб кетишинг нимаси?!
Зилов. Ўта зарур , қисталанг ишлар бор эди. Кечаю кундуз иш ва яна иш.
Саяпин. Идорамиздаги барча одамлар таътилга кетишган. Икковимиз бир амаллаб турибмиз.
Зилов. Шундай. Меҳнатда ярақлаб ёняпмиз.
Вера. Алик, айтиб қўяй, бошқа бировни топиб олишим мумкин!
Зилов. Ўзинг топасанми ёки ёрдам берайми?
Вера. Раҳмат, ёш эмасман.
Саяпин. Менга қара, нима учун ҳаммани шунақа деб чақирасан?
Вера. Қанақа, алик дебми?
Саяпин. Ҳа. Сен учун ҳамма Алик. Буни қандай тушуниш керак? Алкоголик, деган маънодами?
Зилов. Буни унинг ўзи ҳам билмайди.
Саяпин. Балки биринчи севгилинг Алик бўлгандир?
Вера. Тўғри топдинг. Биринчи севгилим – алик. Иккинчиси ҳам алик. Учинчиси ҳам. Ҳаммаси алик.
Зилов (Саяпинга). Бирон нарса тушундингми?
Саяпин (кимнидир кўриб). Келяпти. (Верага) Бошлиғимиз. Бизнинг ўзаро муносабатларимизни ошкор қилиб ўтирмаларинг. Ўта талабчан ўртоқ. (Ўрнидан туради.)
Зилов (унинг гапини маъқуллаб). Ҳа, унинг олдида одоб сақлаб ўтириш керак.
Вера. Хўп, хўп. Тушундим.
Саяпин. Сиз иккалангиз шунчаки дўстсизлар, холос. Тушунарлими?
Вера. Тушунарли. Бизлар синфдошмиз.
Саяпин чиқиб кетади.
Кечга кўришамизми?
Зилов. Бугунми? Йўқ, Верочка. Бугун иложи йўқ.
Вера. Нега? Очиқ айтавер.
Зилов. Яширадиган ҳеч гап йўқ. Бугун янги квартирани ювмоқчимиз.
Вера. Шунақа де… Мени ҳам таклиф қилсанг бўлмайдими?
Зилов. Сеними?.. Жон-жон деб таклиф қилардим-у, лекин хотиним қаршилик қилади, деб ўйлайман.
Вера. Нима учун? Синфдошингни меҳмонга чақирсанг нима бўпти?
Зилов. Хотинимни аҳмоқ деб ўйлайсан, шекилли.
Вера. Нима, шунақа ақллими?.. Бизни таништириб қўй.
Зилов. Бу нимага керак?
Вера. Ундан ақл-фаросат ўрганардим. Нима, мумкинмасми?
Зилов. Шу етишмай турган эди. Бўлмаган гапларни гапирма. Эртага кўришамиз. Гап тамом.
Саяпин билан Кушак киришади.
Кушак эллик ёшга бориб қолган, салобатли киши. Ўз идорасида, ишда талабчан, қаттиққўл, ишбилармон шахс. Идорадан ташқарида эса анча бўшанг, хокисор одам. Бирон ерга меҳмонга борадиган бўлса шахсий машинаси бор аксарият кишилар каби, тез-тез деразадан ташқарига қараб қўяди.
Зилов. Вадим Андреевич, мана бу ерга ўтиринг.
Кушак. Хайрли кун.
Вера. Салом алайкум.
Зилов. Исмлари – Вера.
Кушак. Танишганимдан мамнунман.
Официант шашлик олиб келиб, столга қўйиб кетади.
Зилов (шишани қўлига олиб). Шашликдан олдин озгина-озгина қилсак, нима дейсиз?
Кушак. Ҳозир тушлик танаффус пайти. (Верага) Биласизми, бизнинг идорамизда бу масалада…
Вера. Ҳечқиси йўқ. Тартибдан мустасно равишда озгина ичилса, зарар қилмас.
Кушак. Шунақа деб ўйлайсизми? Ундоқ бўлса, майли. Айтгандек, бу ароқ ҳам эмас. (Атрофга қараб қўяди.)
Саяпин. Вадим Андреевич, бунинг устига нима муносабат билан деган гап ҳам бор. Сабаб катта. Бир одам квартиралик бўлди. Бу ҳазилакам гап эмас.
Кушак. Ҳа, жиддий сабаб бор.
Зилов (ҳаммага вино қуяди). Вадим Андреевич, буни кечга бўладиган ўтиришимизнинг дебочаси, деб билгайсиз. Ёдингиздан кўтарилиб кетмадими? Сизни, келишганимиздек, соат саккизда кутамиз.
Кушак. Ростимни айтсам, борсамми-йўқми, деб ўйланиб қолдим. Биласизми, бу кунларда кайфиятим унчалик яхши эмас. Бунинг устига ёнимда хотиним йўқ, вақтинча, албатта.
Зилов. Вадим Андреевич, ваъда берган эдингиз-ку!
Вера. Агар сир бўлмаса, хотинингиз қаерда?
Кушак. У ҳозир Сухумида. Дам олгани кетган.
Зилов. Хотинингиз-ку дам олаётган экан. Сизга дам олиш мумкинмасми?
Кушак. Дарҳақиқат… аммо бир ўйлаб қарасангиз, хотиним у ерда ёлғиз ўзи, мен эса бу ерда меҳмондорчиликда ўтирибман – бу инсофданмас. (Верага) Сиз нима деб ўйлайсиз?
Вера. Сиз яхши эр экансиз. Музейга қўядиган камёб эркаклардан экансиз. Бунақа эрга ҳар қандай жойга боришга рухсат этилади. Ҳар қандай улфату гурунгда бўлса арзийди.
Зилов. Вера. Юз фоиз ҳақ. Масала ҳал бўлди – албатта келасиз.
Кушак (Верага). Демак, боришимни маслаҳат берасиз…
Вера. Ҳа, мен шунақа фикрдаман. Содиқ эрларни қаттиқ ҳурмат қиламан.
Зилов. Бунга нима дейсиз? Вадим Андреевич! Эҳтиёт бўлинг.
Вера. (Кушакка). Олинг. Билиб қўйинг, мен сизни алик дейман. Қарши эмасмисиз?
Кушак. Алик?.. Нима учун Алик?
Вера. Ёқмайдими?
Кушак. Билмадим, ҳар қалай…
Вера. Хўп, денг…
Кушак. Алик… Ғалати-ку… Лекин сиз учун… Сизга бу маъқул экан…
Вера. Ҳалитдан бери шунақа деб қўя қолмайсизми. (Бармоғини унинг бурнига теккизиб қўйиб). Алик.
Сукут. Саяпин илжаяди. Зилов Вера билан Кушакни кузатади. Кушак атрофга аланглаб қараб қўяди.
Кушак. Биласизми, бу ернинг овқатлари менга маъқул. Ростини айтсам, анчадан бери келмаган эдим…
Вера. Келиб туринг. Кечқурунлари мусиқа ҳам бўлади.
Кушак. Нима, бугун ҳам бўладими?
Вера. Нимани сўраяпсиз?
Кушак. Мусиқани айтяпман.
Вера. Албатта. Лекин сиз бугун меҳмонга бормоқчисиз-ку.
Кушак. Сиз-чи?
Вера. Мени таклиф қилишгани йўқ.
Кушак. Наҳот?
Вера. Йўқ, бари бинойидай. Ҳовли тўйига, одатда, дўстлар йиғилишади. Биз Виктор билан шунчаки… Қачонлардир бир мактабда ўқиганмиз. Бугун тасодифан учрашиб қолдик.
Кушак. Шунақами?..
Вера. Шундай экан… боргим келиб тургани ҳам йўқ.
Кушак. М-м…
Саяпин Зиловнинг биқинига туртиб қўяди.
Қисқа сукут.
Зилов (Верага). Бўлмаган гап. Ҳали сенга айтишга улгурмаган эдим. Марҳамат, жоним билан…
Вера. Фақат, эланиб қолди, деб ўйламангизлар.
Кушак. Йўғ-э! Ким бунақа деб ўйлаяпти?
Саяпин. Ҳеч ким.
Зилов. Ҳа, сенинг қатнашишинг ҳаммамизга маъқул. Қувноқ гурунг бўлади. Қисқаси, айнан сен етишмай турган эдинг. Ёзиб ол: Маяковский кўчаси…
Зиловнинг биринчи хотираси
давом этади
Зиловнинг хонадони. Зилов билан Галина меҳмонларни кутишмоқда. Галина дастурхон ёзаётган столу бир дона стул, темир каравот, чамадон – бор жиҳоз шулардан иборат.
Галина йигирма олти ёшда. Қадди-қомати келишган, ихчам, нозик табиатли, ўта одобли, диди ўткир аёл. Аммо болалигидан сингдирилган бу фазилатлар енгил табиатли эр билан яшаш жараёнию кундалик меҳнат, турмуш икир-чикирлари туфайли бир мунча сўнган. Унинг юзида доимо аллақандай ташвиш аломатлари акс этиб туради. Мактабда ўқитувчилик қилади. Ўқитувчилик эса доимий ташвишлар блан боғлиқ. Айни пайтда эгнида қора кўйлак. Унинг устидан оқ фартук боғлаб олган, оёқларида – уй шиппаги.
Зилов (стол олдида туриб) Овқатлар зўр. Уларнинг, бошлиғимиздан ўзга, биронтаси бунақа тўкин дастархонга арзимайди.
Галина. Бу-ку майли-я. Гап бунда эмас. Уларни қаерга ўтқазамиз?
Зилов. Аёлларни каравотга, мен стулда ўтираман, бошқалар полда ўтиришади.
Галина. Бошлиқ-чи?
Зилов. У ҳам ерда ўтиради. Янаги сафар жиҳозланган квартира беришадиган бўлади.
Галина. Уят-э. Каравотда уч киши, стул, чамадон – бешта ўрин. Келадиганлар неча киши? Бир, икки, уч… олти киши.
Зилов. Етти.
Галина. Етти? Нега?.. Биз иккимиз, Саяпинлар, Кузаков ва Кушак – бўлди. Кушакнинг хотини келмайди, деб ўзинг айтдинг. Жами – олти киши.
Зилов. Яна бир одам келади.
Галина. Яна ким бўлди? Наҳот ўша ярамас Дима бўлса?
Зилов. Йўқ, у бугун ишда. Унинг нимаси ёқмайди сенга?
Галина. Билмайман. Лекин… Одамга қарашининг ўзи… Мен ундан қўрқаман.
Зилов. Бўлмаган гап. Бинойидай йигит.
Галина. Хўш, еттинчи киши ким бўлди – қизиқ.
Зилов. Ёқимтой бир аёл.
Галина Шунақами?
Зилов. Сенга айтмаганмидим?
Галина Ажабки, айтмагансан.
Зилов. Ёдимдан кўтарилибди. Исми – Вера. Менинг назаримда, ёмон одаммас. Кўриниши ҳам бинойидай. Кушак унга маҳлиё бўлиб қолди.
Галина. Тушунарли. Қўшмачилик қилмоқчисан шекилли. Биринчи кечасиёқ уйимизни…
Зилов. Нима деяпсан?! Соф муҳаббат.
Галина. Уйда хотини ўтирса-ю… Соф муҳаббатмиш…
Зилов. Унинг хотини – қари ялмоғиз. Айтганча, у сен билан гаплашиб қўйишимни илтимос қилган эди. Ёдимдан кўтарилибди.
Галина. Нима тўғрисида?
Зилов. Бу ерда учрашиб туришларига рухсат беришингни илтимос қилмоқчи.
Галина. Йўқ, десам-чи?
Зилов. Энди кеч бўлди.
Галина. Рози бўла олмайман. Уйимизни бировлар учун…
Зилов. Бечора Кушак, дарвоқе, агар билмоқчи бўлсанг, бу квартирани бизга бошқа бировмас, айни шу Кушак ҳаракат қилиб олиб берди. Хўш, бу ерда бирор соат дам олиб, орзуга берилса, яхши кўрган аёлига икки оғиз ширин гап айтса, нима, уйингга бир нима бўлиб қоладими?
Галина. Бу менга ёқмаяпти.
Зилов. Гап бу уйда ҳам эмас. Сен ҳам шунақа деб ўйламасанг керак. Мен унга шунчаки раҳмим келганидан рози бўлдим. У бечоранинг аҳволини тушунсанг-чи, бунчалик тошбағир бўлма.
Галина (столга қўшимча ликопча, қошиқлар келтириб қўяр экан). Ҳа, сен дўстларинг учун ҳамма нарсага ҳозир турасан.
Зилов (уни қучиб). Бас қил. Кел, яхшиси сенга ёрдам берай.
Галина. Ҳамма нарса тайёр.
Зилов. Жуда яхши. Бўлмаса қиттак-қиттак ичиб олайлик.
Галина. Икковимизми?
Зилов. Бир қадаҳдан ичиб олсак, нима бўпти?
Галина. Йўқ, сабр қилайлик, меҳмонлар келсин
Зилов (шишаларни кўздан кечириб). Менимча, яхшиси, ароқдан бошлайлик. (Қуяди.)
Галина. Яхшимас. Меҳмонлар келганда иккаламиз қийшайиб турсак…
Зилов. Бу айбмас.
Галина. Витя, бугун ошириб юборма.
Зилов. Хўп, хўп.
Галина. Хонадошимиз қутлуғ бўлиши учун ичамизми?
Зилов. Кетдик.
Галина. Кеча бу ерга кўчиб келаётганимизда машинага ўтирар эканман, мана, ниҳоят бошпаналик бўлдик, деб ўйланиб туриб ўзимча: “Хайр сизга, Моти холалар, Пети амакилар!” деб қўйдим.
Зилов. Машъала ёқилсин!
Ичишади.
Галина. Бу ерда аҳил бўлиб яшаймиз, тўғрими?
Зилов. Албатта.
Галина. Дастлабки кунларимиздагидек. Кечалари китоб ўқиймиз, гаплашиб ўтирамиз… Шунақа бўлади-а?
Зилов. Шубҳасиз.
Галина. Энг ёмони шуки, сен кўп ҳолларда уйда бўлмайсан, қаерда юрганингни ҳам билиб бўлмайди.
Зилов. Телефон ўрнатиб оламиз.
Галина. Телефонни жиним суймайди. Биласанми, мен билан телефонда гаплашсанг ёлғон гапираётганга ўхшайсан.
Зилов. Бунинг ноўрин. Техникага ишонмай бекор қиласан. Ахир, одамзоднинг келажаги ана шу техникага боғлиқ-ку!
Сукут. Галина дераза олдига боради.
Галина (деразага қараб). Мен бугун хат олдим. Ҳеч қачон кутмаган одамимдан. Кимдан деб ўйлайсан?
Зилов. Хўш? (Стаканга ароқ қуяди.) Кимдан экан?
Галина. Тасаввур қилиб кўргин-а, болалигимдаги дўстимдан. Мени шунақа таърифлаб эслабдики…
Зилов ичади.
Ота-оналаримиз дўст эдилар. Куёв ва келинчак эдик. Ўн икки ёшга етганимизда томонга кўчиб кетдик. (Кулади.) Кулгили қизиқ бола эди. Хайрлашган чоғимизда бирдан йиғлаб юборди, сўнг, биласанми, мутлақо жиддий равишда: “Галка, мени яхшилаб тишлаб қўй”, деди.
Зилов. Нима бўпти? (Яна ароқ қуяди.) Тишладингми?
Галина. Ҳа. Бармоғини тишладим.
Зилов. Қизиқ. (Ичади.)
Галина. Оилавий турмушимиз қовушмади, деб ёзибди. Энди бир умр бўйдоқ бўлиб қолишга қарор қилдим, дебди.
Зилов. Умуман, ёмон фикр эмас.
Галина. Кимдир келди шекилли. Янглишмасам бизникига. Менимча, меҳмонларимиз. Ҳа, ўшалар. Саяпин, хотини – Валерия, учинчиси?
Зилов (дераза олдига бориб). Хўжайин. Машина шуники.
Галина. Кузаков қани?
Зилов. Келади. Қаёққа кетарди?
Галина. Сен айтган хушсурат аёл-чи? Қани у?
Зилов. Ташвишланма. У кечроқ келади. (Даҳлизга чиқиб кетади.)
Галина шиппагини ечиб, туфли кийиб олади, сўнг фартукни ечади, кейин қайтадан тутиб олади. Даҳлиздан Зиловнинг овози эшитилади.
Овоз. Марҳамат.
Кушак, Саяпин ва Валерия киришади.
Валерия ҳаракатчанлиги кўзга ташланиб турадиган, йигирма беш ёшлардаги аёл. Эркакларга хос ташаббускорлиги унинг ёқимтой қиёфасига мос келмагандек. Қисқа қилиб тарашланган сочи бўялган, ҳозирги модаларга хос башанг кийинган.
Кушак (Галинага гулдаста узатиб). Янги уйингиз муборак бўлсин! Чин қалбдан табриклайман!
Валерия (хонада у ёқдан-бу ёққа юриб). Қани, қани, кўрайлик.
Саяпин. Яхши, ярайди, маъқул.
Кушак. Зўр. Гап йўқ. Бу хонадонда яхши ҳаёт кечиришингизга тилакдошман.
Валерия ошхонага ўтиб кетади.
Валериянинг овози. Совуқ сув?.. Иссиқ сув?.. Ғаройиб!.. Газ! Гўзал!
Кушак. Уй зўр! (Дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Валерия бошқа хонага ўтиб кетади. Галина унинг ортидан юради
Саяпин (ҳавас билан). Гап йўқ, ҳаммаси кўнгилдагидек. (Қўшни хонага кириб кетади.)
Валериянинг овози. Бу ерда болахона ҳам бор экан. Бу томон жанубми, шимолми?
Кушак. Ҳа, квартира – бу катта гап. Яна бир марта табриклайман.
Зилов. Яна бир марта миннатдорчилик билдираман.
Валериянинг овози. Бари жуда ажойиб.
Кушак. Ғаройиб, ғаройиб… Хўш, ҳамма йиғилдими? (Қўшни хонага бош суқиб, қараб қўяди.)
Зилов (хонанинг эшигини ёпиб қўйиб). Ҳали келгани йўқ, лекин, ишончингиз комил бўлсин, тезда келиб қолади. У сиз билан астойдил қизиқиб қолди, чамамда.
Кушак. Шунақа деб ўйлайсанми?
Зилов. Камтаринлик қилманг. Юрагидан уриб қўйганга ўхшайсиз.
Кушак. Виктор! (Аланглаб олиб) Бу билан нима демоқчисан?
Зилов. Алангсиб қолманг, демоқчиман.
Кушак. Шошма, ўзинг айт-чи, ахир менга ноқулай-ку. Бу ерда Саяпинлар бор, хотининг бор. Одобдан бўлармикин?
Зилов. Бўлмаган гап. Дадил ҳаракат қилаверинг. Бунақа ишлар дадиллик, тезкорлик билан амалга оширилади.
Кушак. Ана холо-ос. Мен сени бунақа енгил табиат деб ўйламаган эдим. Виктор, сен мени йўлдан оздиряпсан.
Зилов. Қачондан бери сизга бирон яхшилик қилсам, деб юрардим.
Валерия, Саяпин ва Галина пайдо бўлишади.
Валерия. Мебель! Зудлик билан жиҳозлар олиш керак. (Даҳлизга ўтиб кетади.)
Кушак. Ҳа, жиҳозлар зарур… Ҳечқиси йўқ. Ҳамма нарса ҳам бирдан бўлавермайди. Аста-секин… (Дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.)
Галина. Ҳозир эса каравотда ўтиришга тўғри келади.
Ҳожотхонадан сувнинг шовуллагани, Валериянинг “Ғаройиб!” деган овози эшитилади, сўнг хонага Валериянинг ўзи кириб келади.
Валерия. Яна бир карра табриклайман. Энди хонадонингизда ҳақиқий росмана ҳаёт бошланади. (Саяпинга) Толечка, қасам ичиб айтаманки, агар ярим йилдан кейин шунақа уйга кўчиб кирмас эканмиз, сен билан ажрим қилиб кетиб юбораман!
Кушак. М-м… Ярим йилдан кейин бу масала… м-м… ҳал бўлиб қолар. Ҳар қалай, умид қиламиз…
Валерия (ишва билан). Вой, Вадим Андреевич! Мен сизни, билсангиз агар…
Зилов. Нимани?
Валерия. Сизга сиғинишга ҳозирман. Чин сўзим!
Зилов. Сиғингин, қизгинам, сиғингин…
Саяпин (шошиб). Хуллас, мана бу ерда телевизор, бу ерда диван, унинг ёнида музлаткич. Музлатгичда пиво ва бошқа нарсалар. Бари дўстлар учун.
Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.
Зилов даҳлизга чиқиб кетади. Қисқа сукут.
Зилов (даҳлиздан кириб). Вадим Андреевич! Кутиб олинг.
Кушак эшик томон юради.
Валерия (Зиловга). Ким экан?
Зилов. Вадим Андреевичнинг таниши. Дилбар бир аёл.
Валерия (ажабланиб). Қанақа таниш?
Зилов. Ёш ва хушрабо. (Даҳлизга чиқиб кетади.)
Валерия. Вой, азамат-эй.
Галина. Кимни айтяпсан?
Валерия. Вадим Андреевични айтяпман. Ёши қирқларга борган бўлса керак-а?
Саяпин. Қирқ олтида.
Зилов, Вера ва Кушаклар киришади.
Веранинг қўлида каттакон целлофан халта.
Зилов. Марҳамат.
Кушак (Верага). Марҳамат қилинг.
Зилов (барчага қарата). Танишинглар.
Вера. Менинг исмим Вера.
Валерия. Валерия.
Вера. Мамнунман.
Зилов (Галинага ишора қилиб). Хотиним.
Кушак. Шу хонадоннинг бекаси.
Галина. Галина.
Вера. Ғоят мамнунман. Янги уйларингиз билан табриклайман. Мана… (Қўлидаги халтани Зиловга узатади.)
Валерия (Зиловга). Нима экан? Нима?
Зилов. Бомба бўлса керак, деб ўйлайман.
Валерия. Қани, кўрсата қол, сабрим чидамаяпти.
Зилов халтадан каттакон духоба мушук олиб кўрсатади. Саяпин мушук бўлиб миёвлайди.
Валерия (сесканиб). Вой!
Ҳамма кулади.
Одамни қўрқитиб юбордиларинг-ку. (Мушукни қўлига олиб) Лекин мушукмисан-мушук!
Кушак. Мўйловига қаранглар! Кўзлари-чи! Тирик мушукка ўхшайди-я. (Верага) Зўр совға.
Валерия (мушукни Галинага беради). Ғоят ёқимли мушук.
Галина (Верага). Катта раҳмат.
Вера. Тасаввур қилинглар, мен унга Алик деб от қўйдим.
Зилов. Вой, худойим-эй…
Кушак (гинали оҳангда). Верочка…
Вера. Маъқул бўлса, шунақа аташларингиз мумкин.
Валерия. Алик. Ажойиб от. (Галина билан Зиловга) У сизларга бахт келтиради.
Зилов. Ҳозирдан сезилмоқда бу.
Кушак. Энди навбат бизга, шунақами?
Валерия. Толя, олиб кир.
Саяпин даҳлизга чиқиб, бир неча ўрам нарсани кўтариб киради ва уларни ечмоқчи бўлади.
Йўқ, аввал нималигини топсин.
Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.
Галина. Кузаков. (Даҳлизга чиқиб кетади)
Зилов (Валерияга). Нимани топишим керак?
Валерия. Сенга нима совға қилмоқчимиз, шуни топ.
Кузаков билан Галина киришади.
Кузаковнинг ёши ўттизга яқинлашиб қолган. Ташқи қиёфаси кўзга ташланадиганлардан эмас, пала-партиш кийинган. Кам гапиради, кўпроқ бошқаларни эшитишга мойил, Доим ўйчан ҳолатда бўлади. . Шу боис ҳам улфатчиликда одатда бир чеккада ўтиради.
Кузаков. Бу янги хонадонда барчангизни олқишлайман. (Олдинга ўтиб, столга қараб олади.) Кеч қолмабман.
Валерия. Вақтида келдинг. Совғаларимизни топширяпмиз.
Кузаков. Совғалар?… (Валерияга) Нега менга бунақа қараяпсан? Қуруқ қўл билан келди, деб ўйлаяпсанми? (Зиловга) Витя! Юр, менга кўмаклашиб юборасан.
Зилов. Шунақами?
Кузаков. Фақат шунақа.
Валерия. Қизиқ.
Кузаков билан Зилов чиқиб кетишади.
Бир ўзи кўтариб кира олмасмиш, қаранг-а.
Кушак. Верочка, ўтиринг, марҳамат.
Вера. Раҳмат, алик.
Саяпин (тугунларга ишора қилиб Валерияга). Очайми?
Кушак дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Валерия. Йўқ, йўқ. Аввал Кузаков нима олиб келганини кўрайлик.
Галина. Қўяверинглар. Яхшиси, дастурхонга ўтирайлик.
Эшик тақиллайди. Кузаков билан Зилов боққа қўйиладиган скамейка (узунчоқ курси) кўтариб киришади. Ҳамма кулади.
Кузаков. Мана, марҳамат.
Валерия. Ялангоёқ бечора.
Галина. Раҳмат, Кузя. Айни чоғда бундан яхши совға бўлмайди.
Зилов (курсига ўтириб). Модерн. (Кузаковга) Ўтир, дарбадар.
Галина. Столга яқин қўйинглар. Унга хонимлар ўтиришади.
Валерия. Мана энди – биз. Диққат! (Зиловга) Қани, топ-чи, биз сенга нима совға қилмоқчимиз.
Зилов. Билмайман. Менга, зиқна бўлмасаларинг, орол совға қилинглар.
Валерия. Йўқ, жиддий гап.
Зилов. Билмасам.
Валерия. Сенинг энг яхши кўрадиган нарсанг нима?
Зилов. Нима десам экан. Ўйлаб кўрай-чи.
Валерия. Хотинингни яхши кўришинг – бу ўз-ўзидан маълум…
Галина. Йўқ кўпдан бери яхши кўрмайди мени.
Вера. (илжайиб). Балки ўйнашини яхши кўрар?
Саяпин хохолаб кулади.
Кушак (ажабланиб). Верочка…
Валерия (Зиловга). Хўш? Топдингми?
Зилов. Каллам ишламаяпти.
Валерия…. Айта қолсанг-чи, нимани кўпроқ яхши кўрасан?
Галина. У дўстларини кўпроқ яхши кўради.
Вера. Аёлларни яхши кўради. Унга бирон аёлни совға қилинглар.
Кузаков. Бўлмаган гап. Витя ўз ишини ҳамма нарсадан аъло кўради.
Баравар кулги.
Кушак. Бунинг нимаси кулгили? Тўғри, ҳали тажриба унчалик етишмайди. Лекин, умуман олганда, қобилиятли йигит.
Валерия. Йўқ, ундан бир гап олиш қийин. Ҳа, майли. Сен билмасанг, биз биламиз нимани яхши кўришингни. ( Саяпинга.) Толя, қани, ол бу ёққа.
Саяпин тугунни ечади ва пичоқ, ўқ териладиган
камар, бир нечта ёғочдан ишланган ўрдак шакллари каби
овчилик ашёларини олиб, атрофдагиларга кўрсатади.
Зилов. Во-о!
Ҳамма кулади.
Саяпин (Зиловга). Ушла.
Зилов (совғаларни олиб). Бу бошқа гап! Мана бу чинакам совға! Мен аҳмоқ, ўзимнинг калламга келмаган экан.
Галина. Ҳа, айни унга хуш ёқадиган нарсалар.
Зилов. Рост айтасизлар. Ўрдак ови – бу ҳазилакам гапмас. (Ўқлар камарини белига боғлаб, унга ёғоч ўрдакларни осиб қўяди. Уларни кўринишнинг охирига қадар эгнидан туширмайди.)
Валерия. Сентябрда уйингга парранда гўшти егани келамиз. Шуни билиб қўй.
Зилов (тўлқинланиб). Келинглар. Лекин, олдиндан айтиб қўяй, парранда магазиндан олиб келинган бўлади.
Кушак. Бу, энди, қанақаси бўлди?
Галина. Бу одатдаги ҳол. Унинг учун муҳими: овга тайёргарлик кўриш, ов ҳақида гап сотиш.
Зилов. Унинг гапига қулоқ солманглар.
Галина. Ўзинг айтақол, Бирон марта бирон нарса отиб олганмисан? Тан олақол. Ақалли кичкинагина, (бармоғини кўрсатиб) мана бунақа қушча?
Кузаков. Сен нимани кўрсатяпсан? Бунақа кичкина нарсага бир умр ўқ теккиза олмайди.
Ҳамма кулади.
Зилов (совғалардан мамнун, шу боис ўз устидан кулишларига эътибор бермайди). Хўп, майли, кўрамиз. Бу ёғи бир гап бўлар.
Саяпин. Витя! (Унинг белида осиғлик турган ёғоч ўрдакларга ишора қилиб) Сен ҳар эҳтимолга мана буларни нишонга олавер. Булар учиб кетишмайди.
Кулги.
Зилов. Бўлди-э. Сизлар овчилик ҳақида нимани тушунардиларингиз.
Галина (кафтини кафтига уриб). Диққат. Меҳмонларни столга таклиф қиламиз. Марҳамат!
Барча стол атрофига ўтиради. Кушак дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Вера. (Кушакка). Алик, нега ҳадеб деразадан қарайверасан? У ерда нима қолдирган эдинг?
Кузаков. Автомобиль. Бор-йўғи шу.
Кушак (хижолат чекиб). Йўқ, яъни ҳа. Автомобиль!
Валерия. Вадим Андреевич, ташвишланманг. Бизлар деразанинг олдида ўтирибмиз. Қараб туриш бизга қулай. (Саяпинга). Кўз ташлаб тур.
Кузаковдан ўзга ҳамма ўтиради.
Вера. (Кузаковга) Сиз-чи? (Бир томонга сурилиб, жой беради.) Ўтиринг, Алик, тортинманг.
Кузаков. Раҳмат. (Ўтиради.) Лекин сиз янглишдингиз, менинг исмим Николай, сиз эса Алик дедингиз.
Вера. Фарқи нима.
Кушак (ажабланиб). Верочка?
Валерия. Мутлақо тўғри. У ростдан ҳам мушукка ўхшайди. (Кузаковга) Баҳслашма, ўхшайсан. Мушукни кўрсатиб юборинглар.
Галина Кузаковга духоба мушукни кўрсатади. Ҳамма кулади.
Валерия. Айнан ўзи.
Кузаков. Ҳеч қандай ўхшашлик жойи йўқ. Бу иғвогарлик.
Зилов (Кузаковга). Баҳслашиб ўтирасанми, хўп, деб қўяқол, қария.
Кузаков. Яхши. (Верага) Лекин кейинроқ сиздан аниқлик киритишингизни талаб қиламан.
Вера. Гаплашамиз.
Зилов. Шундай қилиб, дўстлар… (Қадаҳни қўлига олади.) Кетдикми?
Саяпин. Жилдик.
Валерия. Тўхтанглар! “Кеттик”, ”жилдик”! Бу нимаси! Нима, пивохонада ўтирибмизми? Янглишмасам, уй тўйида ўтирибмиз.
Зилов. Хўш, сен нима таклиф қилмоқчисан?
Валерия. Қандайдир одат, расмлар бор-ку. Кимдир билса керак.
Ҳамма жим. Зилов барчага вино қуяди.
Вера. Масалан, мен стол устида ўйнаб беришим мумкин. Истасаларингиз.
Кушак. Верочка! (Зиловга) Эътибор бердингми?… М-м… (Валерияга) Ҳазиллашишда ҳеч ким унга бас келолмаса керак.
Кузаков. Элас-элас эслайман. Тўртбурчак учун тўрт марта ичишади. Расм-одат шунақа.
Валерия (Кузаковга тегишиб). “Элас-элас эслайман”. Бечора дарбадарлар. Вадим Андреевич, бутун умидимиз сиздан.
Кушак (ўрнидан туриб). Дўстлар! Бошимизни қотириб ўтирмайлик. Ҳаммаларинг ёшсизлар…
Валерия (ажабланган бўлиб). Сиз-чи? Вадим Андреевич!
Вера. Тўғри, алик, ўзингни ерга урма, ҳали бақувватсан.
Кушак (Вера билан Валерияга). Миннатдорман, миннатдорман. Хуллас, ёш кишилар эканмиз, боболаримиздан қолган ҳар хил расм-русумларнинг нима кераги бор? Содда қилиб айтганда, дўстларимизни янги бошпана билан табриклайлик, янги квартира учун ичайлик.
ХИТОБЛАР:“Янги уй муборак бўлсин!”, “Салют!”, “Раҳмат!”
Зилов. Кетдик.
Саяпин. Жўнадик.
Салобатли куй янграмоқда. Нур сўниб, бир неча сониядан сўнг қайтадан ёнади. Куйнинг товуши пасаяди.
Биринчи хотиранинг давоми мусиқа жўрлигида давом этади. Меҳмонлар хайрлашади.
Зилов ва ёмғирпўш кийиб олган Вера туришибди.
Вера. Хотининг менга ёқиб қолди. Қандай қилиб шунақа аёлга уйлана олдинг, ҳайронман.
Зилов. Билмайман. Тўғрироғи, билмасам керак. Бунга кўп бўлган, олти йил олдин…
Вера. Сен билан қанчалик азоб чекиб келаётганини тасаввур қила оламан. Ахир сен аликларнинг алигисан-ку.
Зилов. Хўп, майли. Ишхонага телефон қил. Эртага.
Вера. Қиламан… вақтим бўлса
Зилов. Яна ўзинг биласан.
Вера. Ана у сипойи чамамда, мендан умидвор шекилли.
Зилов. Умид қилаверсин, сенга нима.
Вера. Балки у билан кетарман? Нима дейсан? Қарши эмасмисан?
Зилов. Бўлди, кўп вайсама. У қиладиган ишини қилиб бўлди. Энди аравасини тортсин.
Вера. Балки, ростдан ҳам… Ҳарқалай, бошлиқ.
Зилов. Билганингни қил. Барини бошлаган ўзинг.
Даҳлизда ширакайф Кушак пайдо бўлади.
Кушак. Ажойиб кеча. Сеҳргар кеча, деган бўлардим… Тақдирдан миннатдорман…
Вера. Сиз тақдирга эмас, меҳмондўстлик учун ва умуман барчаси учун Викторга миннатдорчилик билидиришингиз лозим.
Галина ошхонадан чиқади.
Сизга ҳам, Галина Николаевна, катта раҳмат. Мен бу кечани бир умрга эслаб қоламан.
Вера. Мен ҳам.
Галина. Ғоят хурсандман. Бизникига келиб турасиз, деган умиддаман. Хурсанд бўламан.
Вера. (Галинага). Бахтли бўлинг. (Зилов билан Кузаковга). Хайр, аликлар.
Кушак билан Вера чиқиб кетишади.
Галина. Кузатиб қўяман. (Уларнинг орқасидан чиқиб кетади.)
Зилов (Кузаковга). Ҳаммаси жойида бўлди. Ҳаммага маъқул, ҳамма хурсанд. Қувноқ кеча бўлди.
Кузаков. Ана у Вера ким ўзи, қаёқдан келиб қолди?
Зилов. Ёқиб қолди шекилли?
Кузаков. Ростини айтсам, шундай.
Зилов. Шунақа экан, кўнглини овла.
Кузаков. Бир нарсани тушунмаяпман: Кушакнинг нима алоқаси бор унга? Ё уларнинг ўртасида…
Зилов. Уларнинг ўртасида? Деярли ҳеч нарса. Маст-аласт хаёл.
Кузаков. Ўзим ҳам шунақа деб ўйлаган эдим.
Зилов. У боёқиш бекорга жонини жабборга беряпти, деяпман-ку.
Кузаков. Демак, ўзини енгилтак қилиб кўрсатиши шунчаки ўйин экан-да.
Зилов. Шунақа деб ўйлаяпсанми?
Кузаков. Нима кўрмадингми? Бунақаларни учратмаганмисан?
Зилов. Қанақаларни?
Кузаков. Ўша Верага ўхшаганларни. Биласанми, улар атайлаб ўзларини енгилтак қилиб кўрсатишади, аслида эса…
Зилов. Аслида нима?
Кузаков. Витя, у менинг назаримда, аслида батамом бошқача аёл.
Зилов (Кузаковнинг елкасига қоқиб). Қария, сен ҳар қачонгидек, янглишяпсан.
Даҳлизда Кушак пайдо бўлади.
Кушак. Виктор!.. М-м… Сен билан гаплашсам бўладими?
Кузаков. Бўлади, бўлади. Биз гаплашиб бўлдик. (Зиловга) Хайр, Витя.
Зилов. Саломат бўл, Коля.
Кузаков чиқиб кетади.
Кушак. Биласанми, у… м-м… Мен унга қойил қолдим Аммо… қандай қилиб?
Зилов (дангал). Наҳот билмасангиз? Ваъдалар беринг, эланинг, пўписа қилинг. Одатдагидек…
Кушак. Лекин… М-м… қанақа шаклда?
Зилов. О, худо! Дунёга кўмиб юбораман, уйланаман, ўлдираман – яна нима лейишингиз мумкин? Дадил бўлинг.
Кушак (эшик томон елади, сўнг орқасига қайтиб). Ишончинг комилми… м-м… Бирон ишкали чиқиб ўтирмайдими?
Зилов. Вой, худойим, ёш болага ўхшайсиз-а.
Кушак. Йўқ, сен мени тўғри тушун, мен иккиюзламачи эмасман, лекин… Ҳар қалай…
Зилов. Эркаклардек иш тутинг, бари жойида бўлади.
Кушак чиқиб кетади, Зилов ёлғиз қолади. Совғаларни кўздан кечиради. Галина киради.
Галина. Маст бўлиб қолдим шекилли.
Зилов. Бўлмасам-чи. Ғирт мастсан.
Галина. Жиддий гапиряпсанми? Меҳмонлар нима деб ўйлашади?
Зилов. Бари жонимга тегди. .
Қисқа сукут.
Галина. Биласанми, нима демоқчиман?
Зилов. Нима экан?
Галина. Болам бўлишини истайман.
Зилов. Яна бошладингми?
Галина. Аллақачон вақти келган, эшитяпсанми?
Зилов. Шунақа деб ўйлайсанми?
Галина. Фарзандимиз бўлишини ҳеч қачон бугунгидек орзу қилган эмасман. Хўш, сен нима дейсан?
Зилов. Менми? Вақти келган бўлса… шунақа экан…
Галина. Йўқ, биламан, сен истамайсан.
Зилов. Нега энди? Қаердан ўйлаб топдинг буни? Мен қарши эмасман… Нега кайфиятинг ўзгарди? Ахир бу муаммо эмас-ку. Шунга қарор қилсак – бас.
Галина. Сенга Бола керакмас.
Кушак пайдо бўлади, Галина қўшни хонага
кириб кетади.
Кушак (аламли қиёфада). У йўқ… ғойиб бўлибди!
Зилов. Нима? Ким ғойиб бўлибди? Аёлми ё машинами?
Кушак (шошиб дераза олдига боради ва машинасига қараб олиб). Вера йўқ. Қочиб кетибди… Бу нимаси? Буни қандай тушунмоқ керак?
Зилов. Динамо.
Кушак. Нима?
Зилов (жаҳли чиқиб). Динамо. Буни динамони айлантириш дейишади… У динамонгизни буриб қўйибди. Тушунмаяпсизми?
Кушак (ҳушёр тортиб). Виктор, сендан кўнглим қоладиганга ўхшайди.
Қувноқ мусиқа қайғули куйга айланади. Саҳна қоронғилашиб, биринчи кўринишдаги саҳна тикланади.
Зилов дераза раҳида ўтирган ҳолатда пиво ичар экан, тўсатдан ўрнидан туриб, духоба мушукни бир чеккага отади.
Иккинчи кўриниш
Зилов (телефон рақамларини териб). Кузаков сизлардан олисда эмасми?.. Кузаков йўқ, дейсизми?… Майли. ( Янги рақамларни теради.) Ахборот бюросими? Гўшакни Саляпинга беринг… Йўқми? Ишга келмадими? Тушунарли. (Гўшакни жойига қўяди.) Мана, сизга хизматчилар! (Хаёл суриб ўтиради.)
Нур қоронғилашиб, янги саҳна пайдо бўлади.
Чироқ ёнади
Зиловнинг иккинчи хотирлаши
Идорадаги ёлғиз деразали хоналардан бири. Иккита қўполгина жавон ва тўртта курси. Улардан бирида Саяпин ўтирибди.
Зилов пайдо бўлади.
Зилов. Хўжайиннинг кайфияти чатоқ. (Олдинга ўтиб, стуллардан бирига ўтиради.) У нима ўйлаб топибди, де? Иш услубини модернизация қилишни талаб этишяпти. Ривожланаётган навқирон корхона бўлсин экан. Зудлик билан амалга ошиши керакмиш!
Саяпин. Буни ўтган ҳафтада ўйлаб топган эди. Нима, эсингдан чиқдими?
Зилов. Шунга ўхшаш бирон корхона борми?
Саяпин. Чинни заводи бор. (Стол ғаладонидан бир даста қоғоз олади.) Бир йилдан бери ётибди.
Зилов. Бер-чи. Мен бир кўрай. (Варақлаб кўради.) Реконструкция режаси… Бизга айни кераги ҳам шу.
Саяпин. Бу лойиҳа, холос.
Зилов. Кимнинг иши? (Лойиҳани варақлаб) Смирнов. Бош инженер. Уни Танийман. Ўта жиддий шахс.
Саяпин. Лекин бизга лойиҳалар керак эмас. Бизга далиллар керак.
Зилов. Далиллар? Бу далилларни қаёқдан оламиз? Эртага-чи?.. Шошма… Шошма! Инженер ҳаммасини ҳозирги кунда деб баён қилган.
Саяпин. Нима бўпти?
Зилов. Бу нима деганинг? (Қоғозларга ишора қилиб) Бу ерда изоҳланишича, гўё ҳамма нарса тайёр. Тушунарлими?.. Хўш, бунга қанча вақтимиз кетади?.
Саяпин. Ўрта ҳисобда – бир йил.
Зилов. Жуда соз. Бу ажойиб лойиҳал бир йил ичида амалга ошди, деб ҳисоблаймиз. Орзулар амалда намоён бўлди. Имзо чекаман. ( Имзо чекади.)
Саяпин. Зўр, лекин… хавфли.
Зилов. Ваҳима қилма. Ўтиб кетади. Бунга ҳеч ким эътибор бермайди. Кимга ҳам керак бу?.. Имзо чек.
Саяпин. Жоним билан, лекин…
Зилов. Дадилроқ бўл. Бизнинг ишимиз зўр, лекин бир мунча қуруқроқ. Озгина дадиллик ва ижодий хаёллар зарар қилмайди.
Саяпин. Барибир текшириб кўришга тўғри келади. Заводга, инженерга қўнғироқ қилиш лозим бўлади.
Зилов. Инженер умидимизни пучга чиқариб қўймаса, деб қўрқаман.
Саяпин Гаплашиб кўрамиз.
Эшик тақиллайди. Зилов очади.
Овоз. Почта!
Зилов. Олиб келинг.
Овоз. Мана бу ерга қўл қўйинг.
Зилов бир даста пакетларни столга ташлайди.
Саяпин. (пакетларни титкилаб). Сенга хат.
Зилов. Аёл кишими?
Саяпин. Зиловдан. (Хатни стол устидан Зиловга қарата отади.) Хат олибди Федот набирасидан бугун…
Зилов. Отамдан. Қани, кўрамиз, кекса аҳмоқ нима дебди. (Хатни ўқийди.) Ана холо-ос… О, худо. Яна ўлаётган эмиш. (Хатни бир чеккага қўйиб туриб) Эътибор бергин, қария ҳар йили бир ё икки марта ўлгани ётиб олади. Бу қоида тусига кириб қолган. Мана, эшит. (Хатни ўқийди.) “…бу сафар энди тамом – юрагим сезяпти. Келгин, ўғлим, кўришиб қолайлик. Бир йўла онангнинг кўнглини овлаб кетасан. Ахир кўришмаганларингга ҳам тўрт йил бўляпти. “Биласанми, нима қилади? Худди шунақа хатларни турли томонларга жўнатиб, кутиб ётади. Қарабсанки, қариндошлар йиғилиб, оҳ-воҳ қилишади, у эса бундан хурсанд бўлиб ётади-ю, бир пайт, қарабсанки, бирдан оёққа туриб кетади – соппа-соғ. Ароқ ичишни бошлайди. Бунга нима дейсан?
Саяпин. Нафақачими?
Зилов. Фахрий нафақачи.
Саяпин. Ёши неччида?
Зилов. Етмишдан ошган. Етмиш икки ё етмиш беш. Шунақа.
Саяпин. Қари экан. Ростдан ҳам ўлиб қолиши мумкин.
Зилов. Уми? Йў-ўқ, отам ҳали бақувват.
Саяпин. Ҳар қалай, бориб келсанг ёмон бўлмасди.
Зилов. Қачон?
Саяпин. Масалан, отпусканг пайтида, сентябрда.
Зилов. Иложи йўқ. Сентябрь – дахлсиз ой – ов мавсуми бошланади.
Қисқа сукут.
Саяпин. Хўш, мақолани нима қиламиз?
Зилов. Келишиб олдик, шекилли. Топширамиз. Мен имзо чекдим.
Саяпин. Сенга осон, мен эса… Ҳозир квартира масаласа кўндаланг бўлиб турган бир вақтда… ўзинг биласан…
Зилов. Бўлмаса, кел қуръа ташлаймиз – вассалом – иш тамом. Пукка тушса – топширамиз, чикка тушса – бизда ҳеч қанақа мақола йўқ, деб тан оламиз.
Саяпин (чуқур нафас олиб). Бўпти…
Эшик тақиллайди.
Зилов. Марҳамат. (Тангани отади.)
Ирина киради. Танга эътиборсиз қолади. Унинг ёши ўн саккизда. Қувлиқ-шумликни билмайдиган, соддадил, ҳаётда ўзининг илк мустақил қадамини босаётган қиз.
Ирина. Салом алайкум.
Зилов. Хайрли кун.
Ирина. Бу ер редакциями?
Қисқа сукут.
Зилов. Хизмат?
Ирина. Эълон бермоқчи эдим.
Зилов. Эълон? Қанақа эълон?
Ирина. Мен битта одамни йўқотиб қўйдим. Биз учрашмоқчи эдик…
Зилов. Ўтиринг, шошмасдан гапириб беринг. (Уни ўтқазиб, Саяпинга имлаб қўяди.) Сизга ёрдам бера оламиз, деб ўйлайман.
Ирина. Ростданми?
Зилов. Ҳаракат қиламиз.
Саяпин. Ҳа, у барча имкониятларини ишга солиши мумкин.
Ирина. Ростданми? Раҳмат, катта раҳмат…
Зилов. Марҳамат. Лекин гап нимада?
Ирина. Биласизми, бир одамни топишим жуда зарур. Биз у билан бир вагонда келдик. Исми Костя, фамилиясини эса билмайман…
Зилов. Кейин нима бўлди?
Ирина. Мен уни алдадим. Лекин бунга мен айбдор эмасман, чин сўзим.
Зилов. Нима бўлди?
Ирина. Биласизми, биз у билан бугун соат ўн иккида почтамт олдида учрашишга ваъдалашган эдик. Аммо аксига олгандек, бизда бугун иншо бор экан.
Саяпин. Кириш имтиҳоними?
Ирина. Ҳа, чет тиллар институтига киряпман. Агар почтамтларингизнинг қаердалигини билганимда, иншони олдинроқ ёзиб топширган бўлардим. Қисқаси, чопқиллаб почтамтга бордим. Аммо у йўқ эди…
Саяпин. Бўлгани шуми?
Ирина. Яхши бўлмади.
Зилов. Ҳа, қулоқ эшитмаган алдақилиқ бу. Бизнинг шаҳарда бунақа қилишмайди. Қаердан келгансиз?
Ирина. Михалёвкадан.
Зилов. Михалевкангиз қаерда ўзи?
Ирина. Олисда. Шимолда.
Зилов. Исмингиз нима?
Ирина. Ирина.
Саяпин. Чиройли исм экан.
Зилов. Хўш, Ирина, энди нима қилмоқчисиз?
Ирина. Газеталарингизда эълон берсаларингиз, балки…
Зилов. Қанақа эълон?..
Ирина (шошиб). Ўйлаб қўйганман. Масалан: “Костя! Мен айтилган вақтда етиб келолмадим. Мени саккизинчи август куни соат ўн иккида почтамт олдида кут. Ирина…” Шунақа бўладими?
Саяпин. “Мени кут, мен албатта қайтаман, фақат орзиқиб кут”.
Ирина. Наҳот мумкин бўлмаса? Албатта ўқиган бўларди. У барча газеталарни ўқиб борар экан. Барча бекатларда газета олиб чиқарди. Унинг ўзи ҳам шеър ёзар экан.
Зилов. Э-э, шоир экан-да. Балки Константин Симоновдир?
Ирина. Ҳазиллашяпсиз. Симонов қари, Москвада яшайди.
Зилов. Бўлмаган гап. Илгари Москвада яшаган, ҳозир эса – шу ерда.
Ирина (ажабланиб). Ростданми?
Зилов. Бўлмасам-чи. Москвада яшаш жонимга тегди. Шовқин-сурон, ғала-ғовур, шунча яшадим – бўлади-да, Энди, рухсат берсангиз, тинчроқ бир ерда яшасам, деган эмиш.
Ирина. Йўқ, у Симонов эмас. У бор-йўғи иккита шеър ёзибди. Учинчисини вагонда ёзди.
Зилов. Ва уни сизга бағишлаган. Тўғрими?
Ирина. Қаёқдан биласиз?
Зилов. У сизга бағишлаб шеър ёзган, шунинг учун ҳам уни севиб қолгансиз. Ё шунақа эмасми?
Ирина. Севиб қолдим?.. Йўқ, нималар деяпсиз…
Зилов. Нима, сиз уни яхши кўрмайсизми?
Ирина. Йўқ, албатта.
Зилов. Ундай бўлса уни қодиришингизга нима ҳожат?
Ирина. Тушунтиришим керак. Бўлмаса, алдаб кетди, деб ўйлаши мумкин.
Зилов (Саяпинга). Бунга нима дейсан?
Саяпин. Озодлик чоғимда сев мени, қизалоқ, сев мени ҳозирча сеники эканман…
Кушак киради.
Кушак. Мақола қани? Нима билан шуғулланяпсизлар? (Иринага қараб) Сиз нима масалада келиб турибсиз?
Зилов. Исми Ирина. Шахсий масала бўйича.
Кушак. Фақат синфдошим деб айта кўрманг.
Зилов (Иринага бошдан-оёқ қараб олиб). Жимман. Лекин, шунақа десам, барибир ҳеч ким ишонмаган бўларди.
Саяпин. Дўстини қидириб юрган экан.
Кушак. Бу ерда-я? Сизларнинг ораларингиздами?
Ирина. Йўқ. Газеталарингизга эълон бермоқчиман.
Кушак. Эълон? Қанақа эълон?
Саяпин унсиз кулади.
Ирина. Ахир бу ер редакция-ку.
Кушак. Редакция?.. (Зилов билан Саяпинга муштини кўрсатади.) Синглим, адашибсиз. Бу ер редакция эмас.
Ирина. Йўғ-э?
Зилов. Редакция ёнгинамизда.
Ирина. Шунақа экан нега мени… Ҳайронман.
Кушак (жаҳли чиқиб). Ҳайрон бўладиган нимаси бор? Сизга редакция керак, бизнинг идорамиз эса – ТАМБ. Техникавий ахборотлар марказий бюроси.
Ирина (ўрнидан туриб). Кечирасизлар. (Эшик томон юради).
Кушак ( бир мунча майинлашиб). Ҳеч қиси йўқ… Сизни “ахборот” деган сўз адаштирган. Муваффақият тилайман.
Ирина (эшик олдига борганида, Зиловга). Нимага бунақа қилдингиз?
Зилов (Иринанинг орқасидан бориб). Ирина, ташвишланманг, бари жойида бўлади. (Кушак билан Саяпинга ўгирилиб) Мен ҳозир кираман. (Чиқиб кетади.)
Кушак. Мақола тўғрисида ўйлаяпсизларми?
Саяпин. Ўйлаяпмиз.
Кушак. Нима тўғрисида ўйлаётганларингизни кўриб турибман. Бу ер висол кўришадиган уйми ё идорами? Неча марта огоҳлантириш керак сизларни!
Саяпин. Менинг айбим нима? Мени биласиз-ку, аёллар билан деярли қизиқмайман.
Кушак. Бемаънилик бу. Ҳамма нарсанинг ўз жойи, вақти-соати бўлади. Охирги марта огоҳлантираман. Ишни жадаллаштиринг. Мақолани тушдан кейин редакцияга жўнатмоқчиман. (Чиқиб кетади.)
Саяпин. Унга – қизлар, менга эса – хайфисан. (Қўнғироқ қилади.) Редакция?.. Кузаков?.. Салом. Йўғ-э, жин урсин ўша шахматларингни. Зилов ёнингдами?.. Йўқ? Ҳавои!.. Йўқ. сен эмас… Шунақа экан, истасанг, сен ҳам!
Зилов киради.
Зилов. Хўш, у ҳақида нима дейсан?
Саяпин. Ўша қизинг билан бирга қўшмозор бўлмайсанми! Жўна!
Зилов. Қаёққа? Маслаҳат бер. Кинога тушсак бўлади. Бошланиши учун ёмонмас.
Саяпин. Йўқол-э! (Кушакнинг хонасига ишора қилиб). Мақолани талаб қиляпти. Нима қиламиз? Бунақа қолдирмайди… Шуни ҳисобга олиб қўйгинки, сенда қасди бор унинг. Ўша, уйингдаги ўтиришдан кейин… Нима, эсингдан чиқдими?
Зилов. Қўрқадиган жойим йўқ. (Ёмғирпўшини кияди.) Бунақа қизлар ҳамиша ҳам учрайвермайди. Ҳеч нарса тушунмабсан шекилли. Фаришта-ку… Балки, мен уни бир умрга яхши кўриб қоларман, ким билади. (Эшик томон юради.)
Саяпин. Тўхта! Тўхта, деяпман сенга!
Зилов. Нима демоқчисан? Қисқа қил. Мени кутиб турибди.
Саяпин. Улар мақолани талаб қилишяпти. Нима қиламиз?
Зилов. Яна мақола! Минг лаънат ўша мақолага. Бериб юборамиз, вассалом. Имзо чек.
Саяпин. Ўзинг биласан, бу мен учун ўта хавфли.
Зилов. Жин урсин! Биринчи марта таваккал қилаётганимиз йўқ-ку. (Эсига тушиб) Тўхта-тўхта! Қуръа нима бўлди? Танга! Қани у?
Ҳар иккаласи ҳализамон ташланган тангани қидиришади.
Қанақа эди?
Саяпин. Пукка – топширамиз, чикка – йўқ… Мана. Чикка. Ўзинг кўр.
Зилов. Юришмади. Ишим ўнгидан келмади… Тўхтаб тур, менимча, сен адашдинг, чалкаштириб юбординг. Чикка – топширамиз, пукка – йўқ… Кел, қайтадан ташлаймиз! Чикка – топширамиз, пукка – йўқ. (Тангани осмонга отади.)
Саяпин. Пукка.
Зилов (алам билан) Жин урсин!.. Начора – тақдир экан. Ўша аҳмоқона мақола билан шуғулланамиз. (Эшик томон юради.)
Саяпин. Бўлмаса, унинг олдига биргаликда кирамиз. Унинг даккиларини бир ўзим эшитишни истамайман.
Зилов. Яна бир даҳшат!… Менга қара! Худо учликни яхши кўради, дейишади… Учинчи марта ташлаб кўрамиз… Чикка – тан оламиз, пукка – йўқ. (Тангани осмонга отади.)
Саяпин. Пукка
Зилов (енгил тортиб). Худога шукур, ҳеч қурса бир ишни уддаладик. (Эшик томон юради.)
Телефон жиринглайди.
Саяпин (гўшакка). Ха… Ҳозир… (Зиловга) Тўхта! Сени сўрашяпти.
Зилов. Ким?
Саяпин. Менимча, хотининг.
Зилов. Мен йўқман.
Саяпин. Шу ерда, деб айтиб қўйдим-ку.
Зилов. Тентак! (Гўшакни қулоғига тутиб). Нима?… Нима гап? (Гўшакни кафти билан босиб , Саяпинга) Илтимос, бир дақиқа уни гапга солиб тур. Кўча эшик олдида турибди. Қўполлик қилиб юрма. Уни ҳуркитиб юбориш ҳеч гапмас. Бор…
Саяпин чиқиб кетади.
Хўш, нима бўлди? Учрашишимиз керак?.. Ҳозирми? Бунинг иложи йўқ… Қисталанг иш бор. Ҳисобот… Ҳамма таътилга кетган. Ҳамма учун икки киши терга ботиб ўтирибмиз… Йўқ. Йўқ… Шунчалик куйиб-ёниб бораётган нима экан? Сенга нима бўлди?.. Бирон нарса бўлдими?.. Нима?.. Фарзанд?.. Аниқми?.. Жуда соз. Табриклайман… Ўғил, ишончим комил… Бўлмасам-чи… Хурсандман, албатта… Ҳа, хурсандман, беҳад хурсандман… Нима қилишим керак? Қўшиқ айтайми, рақсга тушиб берайми? Кўришиш?… Бугун кўришамиз. Айни чоғда туғилмайди-ку… Нима?.. Тўхтаб тур! (Алоқа узилади. Афсусланиб) Ана, хафа бўлиб қолди. (Чиқиб кетади.)
Нур сўниб, саҳна алмашади. Чироқ қайта ёнади.
Зилов ўз хонасида телефон олдида ўтирибди. Ўрнидан туриб, у ёқдан бу ёққа юради. Гулчамбар олдида тўхтаб, бир неча сония туриб қолади.
Зилов. Шу ҳам ҳазил бўлди-ю! Лаънатилар!..
Парда тушади
(Давоми кейинги сонда)
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/15/%d0%b0%d0%bb%d0%b5%d0%ba%d1%81%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d1%80-%d0%b2%d0%b0%d0%bc%d0%bf%d0%b8%d0%bb%d0%be%d0%b2-1937-1972-%d1%9e%d1%80%d0%b4%d0%b0%d0%ba-%d0%be%d0%b2%d0%b8/