СЕН БИЛАН ГЎЗАЛДИР ЮРТИМ ДАЛАСИ

Диёримизда китобхонликка ва қолаверса адабиётга эътибор  қаратиш энг муҳим вазифалар қаторида эътироф этилмоқда. Шу ўринда ёш ижодкорларнинг Зомин семинари бундан йигирма йил илгари ўша пайтда Жиззах вилояти ҳокими, ҳозирда Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан  ўз фаолиятини бошлаганини мамнуният билан айтиш мумкин.
Сўлим Зомин тоғлари бағрида янгитдан иш бошлаган ёш ижодкорлар анжумани иқтидорли ёш қаламкашларни маҳоратини ошириш ва уларни элга танитишни ўзига мақсад қилган. Семинарда қатнашган ҳар бир ёш ижодкорнинг ижод намуналари адабиёт аҳлининг назаридан ўтказилди. Уларнинг кўпчилиги адабиётшунос ва устоз адибларнинг эътиборини қозонди.
Адабий семинарда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган 70 га яқин ёш ижодкор қатнашди. Эътиборингизга анжуман қатнашчиларининг илк қораламаларидан намуналар ҳавола этилмоқда.

Феруза  ХАЙРУЛЛАЕВА
(Самарқанд вилояти)

* * *

Уйга борсам ҳаётимнинг
Қувончлари кўринади.
Том ортига тоғлар келиб
Юрагимни тўлдиради.
Битиб кетар яраларим,
Чандиқ қолмай эслагани.
Қўшни қизча кулча тутар,
Ёқиб кетар йўқлагани.
Олислайди шаҳар мендан,
Олислайман мен шаҳардан.

* * *

Узун йўлнинг қошида дарё,
Адоғида, бошида дарё,
Шу заминнинг ёши-да, дарё –
Дарё одам, кўряпман сени.
Сени кимлар чўлга бурмади,
Лойлар отиб, булғаб тўймади,
Қирғоқ бўлиб эркка қўймади,
Дарё одам, сезяпман сени.

Аммо, ишон олдинда уфқлар,
Сен яралган макондек шонли.
Сени кутар жилғалар, боғлар –
Дарё одам, кутяпман сени!

Шоҳинур Усмонова
(Тошкент шаҳри)

СОВҒА

Бу соат
Шунчалар қадрдон менга.
Мен усиз нечундир чорасиз, ғариб.
У доим ёнимда ўз бурчин адо
Этмоққа шай турган аскар сингари.

Бу соат
Йўлдошим ҳар қадамимда.
Рўёбин истайди тилакларимнинг.
Доимо ҳадикда, маҳкам сиққанча
Ҳеч кимга ишонмас билакларимни.

Бу соат
Ҳаттоки аллалаб тунни
Оромим ҳақида ўйлар, қайғурар.
Боқсам ҳам бетоқат нигоҳлар билан
Доимо самимий жилмайиб турар.

Бу соат
Кимгадир хуфя ёрдамчи,
“Ким” десам, эшитмас сўроқларимни.
Таъкидлар: “Ўзимни кечирмам асло,
Кишанларга тутсам бармоқларингни”.

Руҳшона Ашурова
(Сирдарё  вилояти)

Чўлнинг лоласи

Дилларга хуш ёқар баҳор ҳавоси,
Сен билан гўзалдир юртим даласи,
Ўзингсан баҳорнинг сулув си,
О, чўлнинг лоласи, чўлнинг лоласи.
Майин шамолларда тебраниб турган,
Қуёш ёғдусида товланиб турган,
Сулув келинчакдай нозланиб турган,
О,чўлнинг лоласи, чўлнинг лоласи.

Майлими, мен сени эркалаб қўйсам,
Ҳусн-у, жамолингга суқланиб тўйсам,
Қанийди, ёнингда бир умр қолсам,
О, чўлнинг лоласи, чўлнинг лоласи.

Меҳринисо Икром қизи
(Фарғона вилояти)

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ…
Ўрикзор бағрида ўсган сулувлар,
Майсазор йўлларинг ажиб манзара.
Самога туташиб кетади йўллар,
Қалдирғоч тупроғинг ўпяпти, қара.
Қишлоқ….
Майсаларинг юзларин силаб,
Оҳиста куй чалиб аллалар шамол.
Бағрингга бир бора қўнмоқлик тилаб,
Кўкда таъзим айлаб эгилган ҳилол.
Қишлоқ…
Муҳаббатга кўмилган гўша,
Булоқлар бағрингдан отилган меҳр.
Чумолига донлар улашиб, ўша
Тойчоқлар ўйнидан яйраётган дил.
Қишлоқ…
Асли барча юртнинг отаси,
Гиёҳ ўстирмоқ-чун ёқар жонини.
Буғдойзорни қучиб ўсар лоласи,
Асли дунё ейди қишлоқ нонини.
Қишлоқ ..
Муҳаббатга кўмилган гўша,
Булоқлар бағрингдан отилган меҳр…

Зебо  Нур
(Хоразм вилояти)

* * *

Ҳаёт дарахтини чизиб бер менга,
Шохлари эгик ва синиқ бўлса ҳам.
Майли, куртаклари етмасин мингга,
Аммо бўронларга беролсин чидам.
Баҳор гулларини шамоллар тақсин,
Офтоб куймалансин барглари ичра.
Кузак ҳосилига таҳсинлар айтсин,
Қишнинг келбатидан қўрқмасин сира.

Ҳаёт дарахтини чизиб бер менга,
Дўстим, орзуларни қандоқ асрагум?..
Чизолсанг, раҳматлар ёғдириб сенга,
Қараганим сари келсин яшагим…

Ҳаёт дарахтини чизиб бер менга…

Ҳафиза Абдумаликова
(Тошкент вилояти)

ЯХШИЯМКИ…

Яхшиямки, тонглар отади,
Яхшиямки, кўкда қуёш бор!
Яхшиямки, юраклар сокин
Туйғуларга тўла, беғубор…

Яхшиямки, дунёнинг ранги
Оқ ва қора эмас, англадим!
Бугун қоқиб кўнгиллар чангин
Ранго- ранглик йўлин танладим…

Яхшиямки, сен бор кўнглимда!
Токи ишқинг поклагай танни.
Яхшиямки, кенг дунёсидан
Мен топганман сен ва ватанни!..

Севинч Авазова
(Тошкент вилояти)

Забт этиш

Нафис кўнгилларга ўхшайди тупроқ,
Ундан таралади яқинлик иси.
Ариқ ёқасида ўсган сингиллар —
Толлар — бахтга интиқ муҳаббат қизи.

Кеча беғуборлик келарди қордан,
Бугун оқсоч тоғдан ҳикмат таралар.
Ҳар нарса ифорга эга бу замон,
Жўшқин  иштиёқнинг куйи яралар.
Нурли манзилларга ошиқ юракка
Ватан истиқболи ишонч беради.
Эй буюк чўққилар, ахир ёшлардан
Сизни забт этишнинг иси келади…

* * *

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи
Шуҳрат Маткарим

Йиллар ва йўлларни қолдириб ортда
Ғоялар улғаяр бўйга етгандай.
Кекса тол мисоли ўйга чўмаман,
Томчилар дарёга чўкиб кетгандай.

Ва ёдимга тушар мунис онажон,
Қўллари дуода, жилмайган кўйи.
Балки онам айтган: қоровул бўлиб
Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

Алишер БОЙМУРОДОВ
(Навоий вилояти)

* * *

Қовоқ уйган ҳалигача у,
Оппоқ қорни чақирган ерга.
Таниб олинг ўша бўлади,
Олиб келган илҳомни шеърга.
Мақтанади юлдуздан ошиб,
Мақтаб дилин хушлаб қўяман.
Юзин силаб қўлларим билан,
Сочларини ушлаб қўяман.

Она қишлоқ

Устида ёғ, гуруч биқирлар,
Қора қозон, тагида олов.
Хаёл ўтмай пишиб қолади,
Онажоним дамлаган палов.
Кичик укам ўтиндан ариб,
Қўлларига олибди челак.
Юмушлардан безор укамни,
Молхонага бошлайди йўлак.
Сўнг сигирни суғоради у,
Емиш берар тагини кураб.
Кетолмайди бир зум кўчага,
Юмушлардан ижозат сўраб.
Пешонаси қора қишлоқнинг,
Меҳнат билан кутар баҳорни.
Ёзда тинмас, кузда тинмайди,
Қишда ҳориб кузатар қорни.
Ой жойида, қуёш жойида,
Гир айланар курраи замин.

Азамат ХУДОЙБЕРГАНОВ
(Хоразм вилояти)

САРИМСОҚПИЁЗ

Дўстларимдан ҳеч бири
Мос келмайди дидимга.
Чунки қочар бариси
Чидолмасдан ҳидимга.

Энди чиқмас нохуш ҳид,
Чин ҳақиқат сўзларим.
Келинг, энди бошқатдан
Дўстлашамиз, дўстларим!

ЎРМОН ТАБИБИ

Қизилиштон эшик қоқар –
Тўқ-тўқ-тўқ.
Ичкаридан жавоб келар
– Ҳеч ким йўқ!

Барча қушлар
Яхши билар читтакни.
Табиб келса
Ростлаб қолар жуфтакни.

Қизилиштон ажабланмас
Бу ҳолдан.
Ахир айтинг, ким ҳам қўрқмас
Уколдан.

Зилола ТОШЕВА
(Бухоро вилояти)

ЙЎЛОВЧИМАН

Мен бир йўловчиман дунёда, ахир,
Шашт ила отландим толеим сари.
Йиллар – елкадошим, устозим – тақдир,
Бирма-бир очилди умрим дафтари.

Қай бир саҳифага битилган инжу,
Қай бир кўчаларда талошдир тақдир.
Бирида ғам-алам, бирида кулгу,
Қайси бир кўчада яширинган сир.
Наҳотки кўчалар ўхшамас сира,
Бир-бирин заррача этмайди такрор.
Қайсидир кўчада тароват хира,
Бошқаси зулматга битади ашъор.

Гарчи тор бўлса-да умр йўллари,
Кўнгилда умидлар яшар барҳаёт.
Орзулар чўзади мадад қўлларин,
Кўчалар тор гарчи, бепоён ҳаёт.

Дадахон МУҲАММАДИЕВ
(Самарқанд вилояти)

ЎҚИТУВЧИМГА

Осмоннинг қаҳрини келтирдим,
Воз кечдим осмоннинг баҳридан.
Осмонга осмондай гапирдим,
Титради овозим зарбидан.

Қайнашим, титрашим шарт эди,
Келтирдим осмоннинг қаҳрини.
“Ҳой, йигит, йўлингдан қайт”, – деди,
Ва лекин сочмади заҳрини.

Гуноҳим юлдузлар билан тенг,
Бошимни ҳар тошга ураман.
Қаҳрини келтирдим осмоннинг –
Ерда қай юз билан юраман?!.

* * *

Мен кўнглингни ололмай сарсон,
Сен кўп нарса сўрамадинг – рост.
Асли кўнглинг тўлмаган жойдан
Фожеалар ясадинг, холос.

Кўнгил тўлмас, тўлмайди бағир,
Лаҳзаларга бердим умримни.
Кетаман деб айтдим-ку, ахир,
Узиб олай аввал кўнглимни.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/16/%d1%81%d0%b5%d0%bd-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d0%b3%d1%9e%d0%b7%d0%b0%d0%bb%d0%b4%d0%b8%d1%80-%d1%8e%d1%80%d1%82%d0%b8%d0%bc-%d0%b4%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d1%81%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x