АЛЕКСАНДР СЕРГЕЕВИЧ ПУШКИН (1799 – 1837)

                    Шоир

 

Токи у муқаддас қурбонлик учун,

Шоирни Апаллон* чорламас экан.

Беҳаловат дунё ташвишу юкин

Забтида қўрқувга ғарқдир журъат, шаън.

 

Муқаддас сози ҳам сукутга тобе,

Совуқ тушлар гўё дилига оғу.

Дунёдаги ночор инсонлар ичра,

Балки ҳаммадан ҳам ночорроқдир у.

 

Лекин фақат ёлғиз илоҳий сўзнинг

Сезгир қулоқларга етса хабари.

Тўлғониб кўз очар шоирнинг қалби,

Сесканиб уйғонган бургут сингари.

 

Зерикар у дунё эрмакларидан

Миш-мишдан ётсирар баландда ҳар он.

Халқ тобе ҳукмдор оёғларига

Мағрур бошин эгмас шоир ҳеч қачон.

 

Беҳаловат дилдан изтироб тошар,

Қуйилар бежилов нурдек тонгларга.

Югурик шамолдек соҳилга шошар…

Ҳамда шовуллаган эманзорларга…

 

Боғчасарой фаввораси

 

Эй ишқ фаввораси, мангу фаввора!

Бу икки атиргул мендан илтифот.

Қанчалар севаман шилдирашларинг

Шоирона кўз ёш – маҳзун хуш баёт.

 

Сенинг кумуш янглиғ соҳир тўзонинг

Менга совуқ шабнам пуркайди ногоҳ:

Шилдираб оқавер, қувонч чашмаси,

Айлагил, у ниҳон сирингдан огоҳ…

 

Эй ишқ фаввораси, маҳзун фаввора!

Сенинг мармарингга айладим савол:

Олис ўлка мадҳин туйдим, сукутинг…

Мария сўровин олдингми малол…

 

Наҳотки, мангуга ёдлардан ўчдинг,

Эй ҳарамнинг рангпар юлдузи, не ҳол!

Ва ёки Мария, Зарема асли,

Бахт орзуси каби тотли бир хаёл?

 

Ё фақат тасаввур уйқуси ичра

Зулмат акс эттирган хаёлий иқбол.

Яралган лаҳзалик ҳиссиётлардан,

Ё кўнгил ичра у мажҳул бир тимсол?

 

 

            Булбул

 

Булбулим, эй менинг булбулижоним,

Тинглагил, митти қуш руҳимда не ҳол.

Эй ўрмон эркаси, кичик бўлсанг ҳам,

Сенинг уч қўшиғинг ўзгармас алҳол.

Мен-чи, бир паҳлавон ўғлон эрсам-да,

Уч улуғ юк: ҳасрат, қайғу менга ёр!

Биринчи қайғум шу: – менинг ёш чоғим,

Эрта уйлантириб қўйдилар атай.

Иккинчи ҳасратим: – қора тулпорим,

Зўриқиб, толиқди, оҳ, нени айтай!

Учинчи ҳасратим: айтсам қалбимни

Ғижимлар изтироб, ғаму аламлар.

Гўзал севгилимдан жудо қилдилар

Ишқ тоти бегона ёвуз одамлар.

Энди жонсиз тан-чун қазинглар қабр,

У кенг дала ичра топмай ҳеч озор.

Бош томоним узра экингиз гуллар,

Алвон, у чечаклар мангу бўлсин ёр.

Оёқ томонимда тоза бир булоқ,

Зилол сувлари-ла шилдираб турсин.

Токи бунга келган ҳур гўзал қизлар,

Бошига гуллардан чамбарак кийсин,

Бундан ўтган чоғда қариялар ҳам

Ҳовучлаб сув ичиб хуш роҳат туйсин…

 

            Тутқун

 

Ўтирибман, панжара, зах зиндон ичра

Боқилган ёш бургут тушов забтида.

Менинг ғамгин дўстим қанотин ёзиб

Қонли емак чўқир ойна ортида.

 

Чўқир ва ташлар у қарар дарчага

Худдики мен билан бирдек нияти.

Қийқириб, қараркан чорлаб дер гўё:

“Учайлик, бизга ёр эрк муҳаббати!

 

Бизлар ҳур қушлармиз, вақт етди дўстим!

Кетайлик, оқ тоғлар чорлар бу замон.

Фақат шамол… ва мен, озод учгувчи,

Денгиз ортидаги ўлкалар томон!..”.

 

            Фаришта

 

Жаннат эшигида нозик фаришта

Бош эгиб нур ичра турар бокира.

Қайғули исёнкор иблис саргашта

Учарди дўзахий жарликлар узра.

 

У инкор руҳи ва у гумон руҳи,

Пок руҳга боққанча ҳис қилиб уни.

Ихтиёрсиз элас-элас англарди

Илк бора туйганча меҳр тафтини.

 

“Кечиргил, эй дарё, қошингга етдим,

Бежиз дуч келмадим, сендек зиёга:

Кўкдан неки келса шукр айладим,

Нафрат-ла боқмадим, буткул дунёга!”

           

            Тун

 

Сен учун меҳрли сасдекман шу тоб,

Кечиккан тун, сукут, беради азоб.

Тўшагим ёнида ғамгин шам боқар,

Оловли шеърларим жимирлаб оқар.

Оқади ишқимиз жилғаси бўлиб,

Сенинг ифор тўла исмингга тўлиб,

Қоронғида гўё сассиз сўзларинг,

Пинҳони ошкордек порлар кўзларинг:

Улар дер, мулойим, иқрор меники,

Севгилим, мен фақат, фақат сеники!..

 

            Ер ва денгиз

 

Денгизнинг у мовий тинч сатҳи узра,

Тўлқинлар еллар-ла ўйнар басма-бас.

Мағрур кемаларнинг елканлари-ю

Қайиқларни чайқар эрка, бу нафас.

 

Қалбимга ташвиш ўй ортганда юкин,

Хуш эринчоқлик-ла тарк этгум уни.

Унутгум, ул илҳом парисин куйин,

Менга ёқимлироқ денгиз шовқини.

 

Тўлқинлар, соҳиллар бўйлаб ўкириб,

Шовуллаб, мавжланиб турган кез бот-бот.

Қалдироқ ларзага солганда кўкни,

Чақмоқлар зулматда ярқ этган заҳот.

 

Узоқлашиб боргум шундан денгиздан

Меҳмондўст эманзор бағрига у чоқ.

Ер мен-чун бир содиқ дўстдай туюлар,

Аянчли балиқчи турар бадқовоқ.

 

У яшар омонат, шалоқ қайиқда

Аёвсиз кўр гирдоб эрмаги бўлиб.

Мен эса барқарор сокинлик аро

Водий дарёсининг шўх шовқинига…

Қулоқ солгум дилим мавжларга тўлиб…

 

 

            Қиш кечаси

 

Зулмат билан кўкни ёпади бўрон,

Қор қуюнларини учирар ҳар ён.

Бирда ҳайвон каби ўкирар нолон,

Бирда бола каби йиғлайди чунон.

Гоҳи у путурган кетган том узра

Похолларни титиб соларкан шовқин.

Манзилга кечиккан йўлчи мисоли

Деразамиз чертиб ўкирар бетин.

 

Бизни ўша кўҳна кулбамиз нечун,

Бунча тутқун ғамга, бунча қоронғу.

Мунис бувигинам дарча ёнида

Нечун жимсан, дилга ўй солдиму у?

Ёки увиллаган у бўрон забти,

Сени толиқтириб қўйдими бу сас.

Ё сокин ғингшиган урчуғ овози

Мудратиб қўйдими сени бир нафас?

 

Кел, шўрлик ёшлигим мунис ҳабиби

Ичайлик, кўнгилдан унутилсин ғам.

Қани у андуҳни қувгувчи қадаҳ,

Токи юрак бу кун ёзилсин бир дам.

Қўшиқ айт, мен учун денгиз ортида

Қандай тинч яшаган у читтак тиниб.

Куйла, мен чун тонгда у бўй етган қиз,

Сувга чиқар эди қандай талпиниб.

 

Зулмат билан кўкни ёпади бўрон,

Қор қуюнларини учирар ҳар ён.

Бирда ҳайвон каби ўкирар нолон,

Бирда бола каби йиғлайди чунон.

Кел, шўрлик ёшлигим мунис ҳабиби,

Ичайлик, кўнгилда унутилсин ғам.

Қани у андуҳни қувгувчи қадаҳ,

Токи бу қон юрак ёзилсин бир дам…

 

            Бўрон

 

Кўрдингми қояда тўлқинлар аро

Зулматда қутуриб турганда бўрон.

Оқ кўйлакли қизни, пок мавжлар узра

Денгиз соҳил билан ўйнашган у он.

Кўрдингми, чақмоқнинг шаффоф нурлари

Уни ёритганда алвондай ҳар чоқ.

Шамол ўзин уриб ҳар ёнга, унинг –

Ҳарир ёпинчиғин қилганда учоқ.

Бўронли у зулмат ичра мафтункор –

Мавжли тўлқинлар-ла денгизлар азал.

Осмон кўк, буёқсиз қандай жилвакор,

Лекин ишон менга қоядаги қиз,

Тўлқиндан-да гўзал, бўрондан гўзал!

 

Бахтиёр бўлардим…

 

Бахтиёр бўлардим тарк эта олсам,

Пойтахт ва саройнинг шовқинларини.

Сокин эманзору дарё бўйига

Қочиб кетолсайдим ташлаб барини.

 

О, бари шунчалар жонга тегди-ку,

Олтин балиқчадек дарё тубидан

Тезроқ чиқармикин маҳтал қилмай у?

 

Бирам орзиқтирар ойдин тун ичра

Сокин тўлқин аро бўлар намоён.

Яшил сочларига ўралиб олиб

Тик қирғоқда ажиб ўлтирар шоён.

Оппоқ мавжлар каби оёқларига

Суркалиб шовуллаб ўйнар тўлқинлар.

Кўзлари дам хира, дам ярқирайди

Худди милтираган юлдуздек улар.

 

Лабларида нафас йўқ сира, лекин

Бир зум тинмас жўшқин тўлқинлар саси.

Шунчалар аччиқдир, нафассиз кўк-кўк

О ўша лабларнинг совуқ бўсаси.

 

Азоблайди дилни бу ҳол, лек тотли,

Билолмам мен уни қандай атайин.

Англаганим шуки, ёз чилласида

Совуқ асал сувга ташна вужуднинг

Бир зум чанқоғини босолмас тайин.

 

У сирли ўйноқи бармоқлари-ла

Сочларимга теккан лаҳза-да, силаб.

Бошим узра ўша онларда совуқ

Гўё даҳшат чопиб ўтгандек бўлар

Шунда юрагим ҳам кетар гупирлаб.

 

Бу интиқ, интизор кутилган севги

Титратса-да мени шу лаҳза, шу он.

Ҳаётни тарк этсам розиман дердим,

Қалбдан туйиб фақат ул муҳаббатин.

Майли магар яна чексам-да фиғон

Вужудим-ла такрор туймоқ истайман

Унинг бўсаларин тотли лаззатин.

 

О унинг сўзлари, сўзлари эса…

Унга яқин эрур ненинг товуши.

Унга баробару тенг келар балки

Гўдакнинг илк сўзи, илк чуғурлаши…

 

Май ойининг мовий осмонларида

Ҳар лаҳза гумбурлаб ёнган ул чақин.

Ё сув жилдираши, ё Боян созин

Жарангдор куйлари шунчалар… яқин.

 

 

Унинг кўзлари

 

Шунчалар дилбар у – мен сизга айтсам,

Қанча ўктам дилга солгувчи ғавғо.

Жануб юлдузига тенг қиёс этсам,

Шеърий таърифлардан баланд хуш чирой,

Черкесча қоп-қора шу кўзларда жо.

 

Унинг қароғида сеҳрли олов,

Дилни ўртар жўшқин ёнгани сари.

Кўнгил иқрор бўлгил, тамом бошқача

Менинг Оленинам қаро кўзлари.

 

Унда жилва қилар саркаш заковат,

Болаларча софлик, ниҳон туйғулар.

Ҳар бир ишвасида соҳир ифода,

Ҳар бир қарашида тенгсиз орзулар!..

 

Лайлога хос жилва, табассум билан

Ерга боқар латиф нигоҳ-ла ана.

Кўзидан Рафаэль маъбуди боқар,

Илоҳий санамга хос бу тантана!

 

 

Қанча меҳр билан…

 

Қанча меҳр билан, қанча эъзоз-ла,

Сизни қаршиладим, дил нурга тўлди.

Қувончимга ҳайрон боқдингиз албат,

Ажаб қуролингиз совуқ ранж бўди.

 

Бахтга тўлиқ эди у оқшом уйқу

……………………………………………..

Менинг тотли, жонли тушим эди у

Сизнинг хуш чеҳрангиз этган мунаввар.

 

Шундан бериким мен, кўз ёшлар билан

Шу гўзал орзуни мудом чорлайман.

Тушимда сиз мени бахтли қилдингиз,

Ўнгимда миннатдор сизни ёдлайман.

 

 

Вақт етди дўстим…

 

Вақт етди дўстим, дил ҳаловат истар,

Умр ва вақт чопар нени тилармиз.

Иккимиз ўтяпмиз тинч ҳаёт кўзлаб

Балки фурсат етиб шундай ўлармиз.

 

Дунёда бахт йўқ, лек ором, истак бор,

Кўпдан ҳавас менга тақдир хабари.

Ҳориган қул каби қочмоқ хаёлим

Олис машаққат, пок фароғат сари..

 

 

Ўзим ҳақимда

 

Буюк иқбол эрур муродим,

О Россия, эъзозинг кўрсат.

Сенга ваъда этгум зўр шараф

Худо билар! Етарми фурсат?

 

 

Икки туйғу

 

Ажиб икки туйғу бизга яқиндир –

Юрак ундан куч ва руҳ олар, албат.

Қадрдон у уйга тенгсиз бир севги

Оталар қабрига эъзоз – муҳаббат.

 

Ҳаётбахш ифтихор – муқаддас макон!

Ўликдир замин ҳам буларсиз ҳар чоқ.

Худдики бир саҳро

Илоҳсиз меҳробдай туюлар мутлоқ.

 

Улуғ шоирлар ўз халқини тилларда достон қилиб, дунёга тараннум этади. Шунинг учун уларнинг номи миллат тимсолига айланади. Миллат, миллий адабиёт ҳақидаги ҳар қандай суҳбат аввало шу миллатга мансуб шоирлар даҳосининг эътирофи ва эҳтироми билан бошланади. Ўзбекларда Алишер Навоий, озарбайжонларда Низомий Ганжавий, тожикларда Абдураҳмон Жомий туркманларда Махтумқули, украинларда Тарас Шевченко, қозоқларда Абай ва ҳоказо.

Рус адабиётида Александр Сергеевич Пушкин сиймоси ана шундай ўрин тутади. Шуниси, аҳамиятлики, бир умр озодлик ва ҳурликни куйлаган шоир рус халқи учун қанчалар севимли бўлса, ўзбек китобхони учун ҳам шунчалар ардоқлидир. Балки, бу унинг шеъриятидаги юксак бадият, кўнгил озодлиги, ёниқ муҳаббат, покиза изтироблар, теран маънолар, шарқона руҳ, ҳикмат садоларининг сезилиб туриши билан боғлиқдир. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори туфайли мамлакатимизда нашрга тайёрланаётган 100 жилдлик рус адабиёти дурдоналарининг биринчи жилди Пушкин асарлари билан нашр этилганида ҳам катта маъно бор.

Ўзбек китобхони Пушкин шеърларини меҳр-муҳаббат билан ўқийди, ундан баҳра олади. Бу баҳрамандликнинг бардавомлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўз даврида Ҳамид Олимжон “Пушкиннинг бир асарини яхшилаб таржима қилиш шеърий жиҳатдан бир поғона ўсиш демакдир”, деган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов эса бу шеъриятнинг бетакрор жозибаси ва элимизнинг шоирга муҳаббатини шундай эътироф этган эди: “Халқимизни олийжаноб, гўзал ғоялари, эзгу ҳисларига ошино қилгани учун биз Пушкиндан миннатдормиз. Лекин буюк Пушкин ҳам ўзбек халқидан миннатдор бўлса арзийди. Уни худди ўз фарзандидай бағрига олгани¸ ардоқлани учун”.

Пушкин шеърлари ўтган давр мобайнида бир неча марта ўзбек тилига таржима қилинди. Биз аввало Пушкин шеъриятини Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир, Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Шуҳрат, Туроб Тўла, Мамарасул Бобоев, Ҳамид Ғулом, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али каби устоз шоирлар таржималари асосида ўқиганмиз, шоир даҳосини, унинг шеърий меросини англашимизда бу таржималар катта аҳамиятга эга. Ўзбек китобхони Пушкин шеъриятига ошино қилгани учун бу устозлардан ҳамиша миннатдордир.

Ҳар бир давр шеъриятининг ўз руҳи, шиддати бор. Улуғлар адабий меросининг қиммати, қадри яна шундаки, у ҳамма даврларда замон руҳи билан уйғунлашиб ўзининг янги ва янги маъно қирраларини намойиш этаверади.

Ўз даврида Пушкин асарларини она тилимизга юксак бадиий маҳорат билан ўгирган улуғ устозларимиз руҳи покларига чексиз ҳурмат ва эҳтиром билдирган ҳолда, биз ҳам шоирнинг бир қанча шеърларини таржима қилишга жазм этдик. Бу журъатимизни улуғ шоир шеъриятига меҳру муҳаббатимиз рамзи сифатида қабул қилишингиздан умидвормиз.

Таржимон

 

 

 

Минҳожиддин Мирзо

таржимаси

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x