АЙСЕДОРА ДУНКАН (1877 – 1927) САҲНАДАГИ АФРОДИТА

* * *
Ёз бошланди. Мен саёҳатга йўл олдим. Тоде ҳам Германия шаҳарлари бўйлаб маърузалар ўқигани жўнаб кетди. Биринчи тўхтаган жойим Гейдельберг бўлди. У ерда талабаларга маъруза ўқиётган Генрихни тингладим. У санъат ҳақида нутқ сўзлай туриб, бирданига менинг исмимни айтиб, камина – америкалик қиз Европага олиб келган янги эстетик шакллар ҳақида сўзлай бошлади. Унинг мақтовлари мени ҳаяжонга солди.
Тоде хоним мен учун зиёфат берди. Бу кўнгли очиқ аёл менга Генрихга унчалик мос эмасдек туюлди. У айни рўзғорбоп хотин эди. (Генрих ке­йинчалик уни ташлаб, бир скрипкачи аёл билан кетиб қолди.) Тоде хоним эрини мендан рашк қилаётганини билдирмаслик учун ўзини жуда илтифотли тутарди. Тодени рашк қилган аёл ўзини хитой қийноғига маҳкум этган бўлади. Чунки Тоде аёллар, ёш қизларни ўзига мафтун қиладиган тоифадаги эркаклардан.
Рашкнинг моҳияти ҳақида ўйлаш қизиқ нарса-да. Генрих билан кўп кечаларни бирга ўтказганимга қарамай, у менга ёмон кўз билан қарамаган. Менинг эса унга ташналигим ортиб борарди. Уни ич-ичимдан қизғанардим. Бунақа пайтда иштаҳам бутунлай йўқолиб борар, борган сари озиб, қушдай енгил бўлиб қолардим.
Саёҳатга оқсоч билан кетдим. Мен шу даражага етгандимки, тунлари уйқуда мени чақираётган Генрихнинг товушини эшитадиган бўлдим. Ундан қачон хат олишимни ҳам олдиндан билардим. Менинг озиб кетаётганим, ҳолсизлигим атрофдагиларнинг эътиборини тортди. Бора-бора кечалари ухлолмайдиган одат чиқардим. Тоде соғинчи мени тентиратиб қўяётганди. Туйғуларим шу қадар телбавор тус ола бошладики, мен уни бир соат кўриш учун шаҳарма-шаҳар изғишга тайёр эдим. Лекин бу дамлар ҳам якун топди. Ўша кунлари импресариом Россияга сафарга кетишимизни айтди. Берлиндан Санкт-Петербурггача бор-йўғи икки кунлик йўл эди. Лекин мен поездда кетар эканман, об-ҳаво туфайли охири йўқ қорли ялангликлару қоронғи ўрмонга тушиб қолгандек эдим. Изғирин ҳисларимни бироз совутгандек бўлди.
Генрих! У мендан жуда узоқда, Гейдельбергда эди. Мен эса қорли кенг­ликлар, онда-сонда ғариб қишлоқлар оралаб, ундан узоқлашиб борардим. Қулоқларимда Тоденинг товуши узоқдан келаётгандек заиф жаранг­ларди.  Вагонда ўтган ўша тунда туш кўрдим: ҳамма ёқ изғирин, ҳамма ёқни қор қоплаган, поезд эса елиб бормоқда. Бир маҳал мен яланғоч ҳолда вагон эшигини очдиму, ўзимни музлаган далага отдим…  Ғалати туш. Эй, Зигмунд Фрейд, сен бу тушим ҳақида нима деган бўлардинг?

* * *
Тасаввур қилинг, эрталабки газетани очибоқ, ўлим ҳақида ўйламаган йигирмата темир йўл ҳалокати қурбони ёки сув тошқинида бутун бошли шаҳар йўқолиб кетгани ҳақида совуқ хабарни ўқисанг, кишига қандай таъсир этади? Бу дунёда тақдир ҳар биримизни алоҳида-алоҳида бошқаради, деб ўйлаш ғирт аҳмоқлик ва худбинлик эмасми? Ҳаётимда шунча ғаройиботлар борки, тақдирга ишонмай иложим йўқ. Петербургга бораётган поезд қор туфайли йўлда ушланиб қолди ва жадвал бўйича кундузи соат тўртда етиб борадиган рейс ўн икки соатга кечикди. Биз эрталабки тўртда етиб келдик. Вокзалда мени ҳеч ким кутиб олмади. Шаҳар ўн даража совуқ эди, мен бундай совуққа шу пайтгача дуч келмагандим. Қалин кийинган рус извошчилари исиниш учун ўзларини ўзлари муштлари билан урардилар.
Оқсочни буюмларга қараб тургани қолдириб, битта от қўшилган извошни олиб “Европа” меҳмонхонасига юришни буюрдим. Бир маҳал Эдгар По ижодини эсга соладиган машъум бир ҳолат устидан чиқдим. Узоқдан тобутлар юкидан эгилган одамлар турнақатор бўлиб келардилар. Саф жуда узун ва қайғули эди. Извошчи отни бир қадам ортга олиб бош эгди ва чўқинди. Ғира-шира ёруғда қорайиб келаётган тобутлар сафига даҳшат ичида боқдим ва извошчидан нима бўлаётганини сўрадим. Рус тилини билмасам ҳам тушундим. Бу 1905 йилнинг 9 январида бўлган машъум воқеа қурбонлари эди. Қишки сарой олдида шоҳдан ёрдам сўраб келган қашшоқ ишчиларнинг бари ўлдирилган экан.
Извошчидан тўхташини сўрадим. Охири кўринмас бу карвон ёнимиздан ўтиб бўлгунича кўз ёшларимни тиёлмадим. Ҳўл ёноқларим музлаб қолганди. Нима учун уларни тонгда дафн этишаётганини биламан. Чунки кундузги дафн янги исёнларни келтириб чиқариши мумкин эди. Шунинг учун ҳали шаҳар аҳли уйқуда ётган паллада жасадларни кўмгани олиб кетишяпти.
Марҳум ишчиларни йиғлаб кузатдим. Ҳеч нарса бежиз эмас. Агар поезд ўн икки соатга кечикмаганида мен бу воқеани ҳеч қачон кўрмаган бўлардим. Буни кўрмаганимда ҳаётим бутунлай бошқа йўлларда кечарди. Мана шу фожиани кўриб, бор кучимни халққа, хўрланган бечораларга хизмат қиламан деб, ўзимга ўзим сўз бердим. О, бу даҳшат олдида менинг шахсий дардларим-у севги изтиробларим нақадар майда ва бемаъни! Бу фожиа олдида ҳатто санъатим ҳам одамларга нафи тегмас, бемаъни бир машғулотдек бўлиб туюлди. Ниҳоят, сўнгги тобутни елкалаган одамлар ўтдилар. Извошчи кўз ёшларимни кўрди. У яна чўқинди ва отни меҳмонхонага ҳайдади.
Ҳашаматли хонага киришим билан юмшоқ ўринга ўзимни отдим, то ухлаб қолгунимча тўйиб йиғладим. “Европа” меҳмонхонасининг кенг ва баланд, доимо зич ёпилган деразалари ҳеч қачон очилмасди. Мен кеч уйғондим. Импресарио келтирган гуллар ифори мени уйғотди. Икки кундан кейин Дворянлар анжумани залида Петербург зиёлилари олдида чиқиш қилдим. Дабдабали балет ишқибозлари менинг ҳарир хиторим ва оддий ҳаворанг парда фонида Шопен мусиқасига тушган рақсларимдан ажабланган бўлса керак, биринчи рақсим тугаши билан қарсаклар янгради. Мен Шопеннинг қалбини қандай англасам, шундай рақсга тушардим; бир неча кун аввал тонгда тобутдаги қашшоқ жафокашларни деб йиғлаган қалбим тантиқ зодагонларнинг қарсакларидан ҳаяжонланар эди. Қизиқ!
Эртаси куни тонгда мени сувсар кийган, бўйнига марварид мунчоқ, қулоғига гавҳар кўзли зирак таққан, кичкина жуссали мафтункор бир аёл йўқлаб келди. У машҳур балерина Кшесинская экан. Очиғи, бундан ҳайратга тушдим. У мени иззатлаб, опера театридаги кечки спектаклига таклиф қилгани келибди. Балетга нисбатан муносабатим совуқ бўлса-да, унинг илтифоти менга таъсир қилди. Мени дабдабали каретада Опера театрига олиб кетдилар ва ложага ўтқиздилар. Мен ўзимнинг оддий оқ кўйлагим ва шиппагимда Петербург зодагонларидан кескин ажралиб турардим.
Балет менга ёлғон ва одамнинг ғашини келтирадиган санъатдек туюларди. Тўғрироғи, уни санъат ҳам деб ҳисобламасдим. Лекин Кшесинс­каянинг эртакмонанд ижросига қарсак чалмасликнинг иложи йўқ эди. У саҳнада одам бўлиб эмас, гўё қуш ёки капалак каби ҳаракатланарди. Спектаклдан сўнг Кшесинскаянинг уйига кечки овқатга таклиф қилиндим, у ерда князь Михаил билан танишдим.
Бир неча кун ўтиб, олдимга нафосатли Павлова келди, мен бу мафтункор балеринани “Жизель” балетидаги ижросини кўриш учун таклиф қилиндим. Мен Павлованинг саҳнада қандай ҳаволаб учишини кўриб, олқишлашдан ўзимни тўхтатолмадим. Кшесинскаянинг саройичалик дабдабали бўлмаса ҳам, Павлованинг шинамгина уйида кечки дастурхон ёзилди. Зиёфатга Бакст ва Бенуа деган рассомлар ҳам келди.  Бакст менинг суратимни чизди, унда мен бироз жиддий қиёфада тасвирланганман. Бакст кафтимдаги чизиқларга қараб, иккита хочни кўрсатди ва “Сиз мислсиз шон-шуҳратга эришасиз, лекин дунёда ҳамма нарсадан ортиқ севадиган икки нарсангизни йўқотасиз”, деди. Ўшанда бу башорат мен учун жумбоқ эди.
Кечки овқатдан сўнг Павлова яна рақсга тушди. Биз тонгги соат бешларда тарқалдик. Павлова “Агар менинг машғулотларим сизга қизиқ бўлса, саккиз яримда яна қайтиб келинг”, деди. Жуда чарчаган бўлсам-да уч соатдан кейин яна уникига қайтиб келдим. Павлованинг ажойиб машқларини кузатиб, ҳайратландим.Унинг чиройли юзи жиддий тус олиб борди, шунга қарамай, бир дақиқа ҳам машқ қилишдан тўхтамади. Менимча, бу – тананинг қийин гимнастик ҳаракатларига фикрни зўрлаб сингдиришдек эди…
Соат ўн иккида овқатландик, лекин Павлованинг ранги оқарган, деярли ҳеч нарса емасди. Кейин мени кузатиб қўйиб, ўзи Император театрига, репетицияга кетди. Қаттиқ чарчоқ билан ўзимни каравотга ташладим ва балерина бўлмаганимга тақдиримдан миннатдор бўлиб уйқуга кетдим.
Петербургда бир ҳафта бўлиб, сўнг Москвага йўл олдим. Петербургга ташрифим таърифини буюк Станиславский шундай ёзган: “1908 ёки 1909 йилда, қачонлиги аниқ эсимда йўқ, менда улкан таассурот қолдирган ўз даврининг икки буюк истеъдоди – Айседора Дункан ва Гордон Крэг билан танишдим. Айседора Дунканнинг концертига тасодифан кириб қолдим, унгача у ҳақда эшитмаган ва гастроль афишаларини ўқимагандим. Дунканнинг чиқиши дастлаб унчалик катта таассурот қолдирмади. Раққосанинг санъатини фаҳмлашим ва тушунишим бироз қийин бўлди. Дастлабки рақси учун кучсиз қарсаклар ва журъатсизгина ҳуштак эшитилди. Лекин кейингиларини кўриб ҳаммасини тушуниб етдим ва намо­йишкорона қарсак чала бошладим. Антракт пайтида бу буюк санъаткорни табриклаш учун саҳна ортига шошилдим. Ўша кундан бошлаб Дункан гастролларининг бирортасини қолдирмадим. Ичимда санъаткорона бир куч мени у билан учрашишга ундарди. Кейинроқ унинг дўсти Крэгнинг қарашлари билан танишганимдан сўнг, бир ҳақиқатни тушундим. Ер шарининг турли бурчакларида бир-бирини танимайдиган турли кишилар битта ижод тамойилини излаши, санъатнинг турли соҳаларида қарашлари ўхшаш бўлиши мумкин экан.
Айседора билан учрашувда ҳам шундай ҳолат юз берди. Биз ҳали гап­лашмай туриб бир-биримизни тушундик. Дунканнинг Москвага биринчи марта келишида у билан танишиш бахтига сазовор бўлган бўлсам, иккинчи келишида мен уни ҳурматли меҳмон сифатида кутиб олдим.
Дункан ўз санъати ҳақида мантиқ ва тизим билан гапиришни билмайди. Унга фикрлар кундалик ҳодисаларнинг кутилмаган натижаси каби тасодифий келади. Саҳнага чиқиш олдидан унга халақит бериб пардозхонасига киришларини ёқтирмайди. “Мен бу йўсинда рақс туша олмайман. Саҳнага чиқишдан олдин мен қалбимни мотор каби юргизиб олишим керак. Мотор ишлашни бошлаганда, қўлларим, оёқларим ва бутун танам беихтиёр ҳаракатланади. Агар қалбимни ҳаракатга келтиришга улгурмасам, рақсга тушишга қийналаман”, дейди.
Мен айни ўша – санъаткор қалбини тўйинтирувчи ижодий қувватни излаш билан банд эдим. Спектакллар ва репетициялар давомида уни кузатардим ва ҳиссиётнинг қандай ривожланишини, юз ифодаси, чақноқ кўзларида бу қандай акс этаётганини кўрардим. Амин бўлдимки, биз санъатнинг турли соҳаларидан битта нарсани излар эканмиз. Дункан суҳбатларида замонавий театрнинг йирик намояндаларидан бири Гордон Крэгни кўп тилга оларди. “У фақат ўз ватани учун эмас, балки бутун дунё учун яратилган, дерди Гордон Крэг ҳақида. – Қаер унинг истеъдоди ва ижодий талабларига тўғри келса, у ўша ерда яшаши керак. Крэгнинг жойи сизнинг Бадиий театрингизда”.
Крэгни Россияга келишга кўндиришди. Балет мени қанчалар даҳшатга солган бўлса, Станиславский театри шунчалар мафтун этди. Станиславс­кий мени тез-тез кўргани келарди, рақсларим моҳиятини ўрганишга интиларди. Москвага иккинчи марта келишимда унинг труппасидаги бир неча ёш қизларнинг рақсга тушишини кўрдим, лекин улар муваффақиятсиз чиқди. Станиславский кун бўйи театрда репетиция билан банд эди, шунинг учун менинг олдимга спектаклдан кейин келарди. Совуқ ҳаво, қор, рус таоми Тоденинг маънавий муҳаббати етказган қалб оғриқларимни даволади. Бутун борлиғим энди Станиславский сиймосидаги кучли шахс билан мулоқотга ташна эди.
Бир куни кечқурун унинг келишган чиройли қомати, кенг елкалари, чаккаларига озгина оқ оралаган сочлари хаёлимни олди. Кетишга чоғланиганида қўлларим бехос бўйнига чирмашди, уни ўзимга тортиб ўпдим. У ҳам менга майин бўса қайтарди, лекин нигоҳида балққан ҳисдан маълум бўлдики, унга бўсадан бошқа ҳаракат ортиқча эди. Мен унга талпинганим сари у ўзини орқага олди ва бақириб юборди.
– Болани нима қиламиз?
– Қанақа бола? – сўрадим мен.
– Иккаламизники-да. Уни нима қиламиз? Кўряпсизми, – салмоқлаб давом этди у, – мен боламни ҳеч қачон бегона жойда тарбияланишини истамайман. Мен оилали одамман, бошқача бўлишим мумкин эмас.
Ноодатий жиддийлик билан бола ҳақида гапирганидан ўзимни тутолмай хохолаб кулиб юбордим. У менга бўзрайиб қаради-ю шарт бурилиб, меҳмонхона йўлаги бўйлаб кўздан йўқолди. Ўша гаплари эсимга тушиши билан ўзимни кулгидан тўхтатолмасдим, лекин бир тарафдан аччиғим ҳам келарди.
Баъзи маданиятли кишилар ўз номига доғ тушишидан қанчалар қўрқишини аниқ тушунганга ўхшардим. Мен аёл бўла туриб, бундан қўрқмасдим. Кечаси билан тўлғониб, асабийлашиб чиқдим. Менга унча-мунча суҳбатлар зерикарли туюла бошлади. Албатта, ҳеч қайси давра мени Чарльз Галлэ ва Генрих Тодечалик суҳбатига ром этолмасди.
Қанча ҳаракат қилсам ҳам, Станиславскийнинг ҳисларини ўз­гар­тиролмадим. У театрдан чиқиб олдимга киришга бошқа журъат қилолмади. Фақат бир марта шаҳар ташқарисидаги ресторанга чанада мен билан бирга борди. У билан фақат санъат ҳақида гаплашдик. Станиславскийни жалб этиш учун Цирцеянинг ўзи бўлиш кераклигига ишондим.
Йиллар ўтиб бу воқеани Станиславскийнинг хотинига айтиб берганимда, у қаҳ-қаҳ отиб кулди ва шундай деди: “Оҳ, у ўзи шунақа! У ҳаётга жуда жиддий қарайди”.
Берлиндаги концерт шартномаси туфайли Россияга сафарим поёнига етди. Бу мамлакатда қисқа вақт бўлганимга қарамай, зиёлиларда катта таассурот қолдирдим, баҳс-мунозараларга сабаб бўлдим. Ҳатто бир мутаассиб балет ишқибози менинг бир мухлисимни дуэлга чақирди. Менинг санъатим таъсирида рус балетига Шопен ва Шуман мусиқаси кириб келди, юнон кийимларини кия бошлади. Баъзи балериналар шунчаликка бордики, менга тақлидан пайпоқ ва туфлиларини ечиб, ялангоёқ рақс туша бошладилар.

* * *
Берлинда рақс мактабимни ташкил қилишга астойдил киришдим. Онам ва Елизавета ёрдамида режа туздик. Груневальддан вилла сотиб олиб, ҳамма зарур шарт-шароитни ҳозирладик. Мактабимизга болаларни йиғиш учун газеталарга эълон бердик. Албатта, ҳеч қандай ташкилот ёрдамисиз, сармоясиз бирданига мактаб очиш қалтис таваккал эди, бу импресариони ташвишга солди. У дунё бўйлаб сафарлар уюштиришга шошарди, мен эса сафарга кетган йилларни йўқотиш деб ҳисоблардим. Мактаб очишдек оилавий ниятимизни амалга оширишга шошилардик.
Раймонд Копаносдан тобора ташвишли хабарлар жўнатарди. Қудуқ пулларни юҳодек ютарди-ю, сувга етиб бориш умиди сўниб борарди. Ибодатхона қурилиши харажатлари шундай ошиб кетдики, охири таслим бўлишга мажбур бўлдим.
Шундай қилиб, Копаносдаги қурилишимиз чала вайрона бўлиб қолди. У ҳали ҳам келажакка умид билан юксалиб турибди.
Мен барча маблағимни бутун жаҳон ёшлари учун хизмат қилувчи рақс мактабига сарфлашга қарор қилдим ва ўша пайтда менга фалсафа ва маданият маркази бўлиб туюлган Германияни танладим.
Эълонни ўқиб кўп болалар йиғилди. Кўчамиз болаларини етаклаган ота-оналарга тўлиб кетди. Ўшанда уларни қандай қилиб танлаб олганимизни ҳамон тасаввуримга сиғдиролмайман. Мен тезроқ болаларни Груневальдга келтириб, қирқта каравотга жойлаштиришга шошилардим. Улардан раққосалар чиқадими-йўқми – буни ўйлаб ҳам ўтирмаганман. Бир куни Гамбургда олдимга фрак ва цилиндр кийган эркак қўлида халта билан келди. Халта ичида кўзлари катта-катта тўрт ёшлардаги индамас қизчани кўрдим. Қизча унсиз эди. Жаноб эса кетишга шошиларди. У мендан болани олиш-олмаслигимни сўради. Бола унга ўхшаб кетарди. Одатдаги калтабинлик билан болани олиб қолишга рози бўлдим. Жаноб тезда жўнаб қолди ва уни қайтиб кўрмадим.
Қизча қўғирчоқдек эди. Гамбургдан Берлинга боришда унинг ҳарорати баланд эканини сездим. У қаттиқ шамоллаган экан. Груневальдда уч ҳафта доктор Гофф ва икки ҳамшира қизчанинг ҳаёти учун курашдик.
Доктор Гофф менга доим “Бу мактаб, касалхона эмас. Бу болаларнинг ҳаммасида ирсий касалликлар бор, уларнинг ҳаётини сақлаш учун кучли парвариш керак бўлади. Мана кўрасиз. Уларга рақсни ўргатиш мушкул”, дерди. Доктор Гофф ғоят мурувватли ва машҳур жарроҳ эди. Мактаб очилгандан бери у бизнинг шифокоримизга айланди, болалар саломатлиги ва мактабнинг озодалигини назорат қиларди. Тўғрисини айтганда, унинг беминнат ёрдамисиз болаларни ўзим истаган натижага етказолмасдим. Бутун вақтимни мактабга сарфлай бошладим. Импресариоимнинг мендан норозиланишига, баъзан дўқ-пўписа қилишига қарамай, мен Берлиндан ҳеч қаёққа кетмасдим ва ҳар куни болаларга рақс ўргатардим. Доктор Гофф болаларни вегетарианлик тартибига ўргатди. Сабзавот ва мевалар уларнинг соғлиғи учун муҳим эди.  Болалар мен истаган муваффақиятларга эриша бошлади. Ўша вақтда Берлинда мислсиз шуҳрат қозонгандим. Мени “Илоҳий Айседора” деб аташарди. Касал болаларни театрга, менинг олдимга олиб келишса, худди тузалиб кетадигандек ишонишарди.
Бир куни кечқурун спектаклдан қайтаётганимда талабалар отларни экипаждан чиқариб, мени машҳур Зигес хиёбони томонга олиб боришди. Йўлда улар нутқ сўзлашимни талаб қилишди. Мен талабаларга қуйидаги сўзлар билан юзландим:
Ҳайкалтарошлик санъатидан буюкроқ санъат йўқ. Лекин сизлар, санъат ихлосмандлари, қандай қилиб нақ шаҳарнинг ўртасида уни таҳқирлай оласиз? Мана бу ҳайкалларга қаранг! Сиз – санъат ихлосмандларисиз, лекин чиндан уни ўрганган бўлганингизда, кечаси тош отиб, мана бу ҳайкални йўқотган бўлардингиз. Бу санъатми? Йўқ, бу бор-йўғи подшонинг тасвири-ку!
Талабалар менга қўшилдилар ва шовқин-сурон бошланди. Шу да­қиқада полиция етиб келмаганида, улар менинг истагимни бажо келтириб, Берлин ҳайкалларини парчалаб ташлаган бўларди.

* * *
1905 йили Берлиндаги кечки чиқишларимнинг бирида биринчи қаторда ўтирган одам эътиборимни тортди. Спектаклдан сўнг пардозхонамга ўша киши жаҳл билан кириб келди.
– Сиз ажойибсиз! – хитоб қилди у. – Сиз бошқаларга ўхшамагансиз! Лекин сиз менинг ғояларимни қаердан ўғирладингиз, менинг безакларимни қаердан топдингиз? – деди.
– Сизга нима бўлди? Нима ҳақда гапиряпсиз? Бу ўзимнинг ҳаворанг пардам. Мен буни беш ёшлигимда ўйлаб топганман ва ҳозиргача унинг олдида рақсга тушаман!
– Йўқ! Бу менинг безагим ва менинг ғояларим. Лекин сиз – мен улар ичида тасаввур қилган – моҳиятсиз. Сиз хаёлларимнинг тирик рўёбисиз!
Узр, сиз кимсиз?
– Мен Эллен Террининг ўғлиман.
Эллен Террининг ўғли! Эллен Терри…
Айседоранинг санъати шу қадар қизиқтираётган бўлса, сизни уйимизга кечки овқатга таклиф қиламан, – деди онам.
Крэг бизникига овқатланишга келди. У тўлиб-тошиб санъатга оид қарашларини гапириб берди. У жуда истеъдодли ва шунга яраша шуҳ­ратпараст ҳам эди. Мен унинг сўзларини қизиқиш билан тинглардим. Лекин онам ва бошқа оила аъзоларимнинг уйқуси келиб қолди ва ҳаммаси турли баҳоналар билан бирма-бир туриб, ўз хоналарига кириб кетишди. Биз иккаламиз қолдик. Крэг театр санъати ҳақида гапиришда давом этарди.
– Лекин сиз бу ерда нима қиляпсиз? Сиз буюк санъаткорсиз, шундай аҳволда яшаяпсизми? Қандай бемаънилик! Мен сизни хаёлларимда кўрганман. Сиз менинг илҳомим маҳсулисиз!
Крэгнинг юзи онасининг юзига ўхшарди. Эллен Террининг олтин сочли боласининг узоқни яхши кўрмайдиган кўзлари кўзойнак ортидан кулранг учқун сочарди. У доим ўзининг тўртбурчак бош бармоқлари ҳақида худди қотилнинг бармоқлари ҳақида гапиргандек гапирарди: “Азизам, булар билан сизни бўғиб қўйсам яхши бўларди!”
Худди сеҳрлангандек, унга эгнимга пальтомни ташлаб қўйишга изн бердим. Кейин у қўлимдан тутди, биз югуриб кўчага чиқдик. У извош­чини чақирди. Потсдамга йўл олдик. Тонгда кичик меҳмонхонага жойлашдик. У ерда қаҳва ичиб, қуёш чиққанидан кейин Берлинга қайтдик. Биз онамнинг олдига қайтолмасдик, шунинг учун дугонам Эльза де Брюгерникига бордик. У бизни хурсандчилик билан кутиб олди. Шундан кейин Крэг мени баланд уйнинг энг юқори қаватидаги ательесига олиб борди. Пол қора рангда, мум суртилган, сунъий атиргул япроқлари сепилган эди. Қаршимда ёшлик ва даҳоликнинг мужассами турарди. Ногаҳоний муҳаббатдан юрагим ловуллаб унинг қучоғига ташландим. Мен қовурғасидан яралган инсонимни топгандек эдим. Унинг оғушида эриб кетдим. Биз икки учидан ёниб бораётган бир ришта эдик.  Бошқа аёллар ўз маъшуқларини қандай эслашларини билмайман. Лекин мен унинг навқирон жисмини ҳамон эслайман.
Ательеда на бир тўшак, на ўриндиқ бор эди, овқатланишга ҳам шароит йўқ эди. Тунда полга ётдик. Крэгнинг бир тийини ҳам йўқ эди, мен эса уйга пул олиш учун боришга журъат қилолмасдим. Икки ҳафтани бирга ўтказдик. Овқат егимиз келганида у қарзга овқат буюрарди.
Онам бечора бизни ахтариб полиция ва элчихоналарга борибди. Қизини йўлдан уриб, олиб қочган “ярамас”нинг устидан шикоят қилибди. Импресарио эса менинг бирданига йўқолиб қолганимни эшитиб, даҳшатга тушибди. Албатта, қатор спектаклларни бекор қилишга тўғри келган. Газеталарга “Айседора Дункан шамоллагани сабабли спектакль қолдирилди”, деб эълонлар берган.
Икки ҳафтадан сўнг онамнинг олдига қайтдик. Онам Гордон Крэгни кўриб, “Йўқол, ярамас фирибгар!” деб бақирди. У мени Гордон Крэгдан, давримизнинг энг ажойиб истеъдодларидан бири бўлган одамдан қаттиқ қизғонарди. Тўғри, у театрнинг кундалик ҳаётида фаол иштирок этмаса ҳам, замонавий театр йўналишини жонлантирди. Усиз бизда Рейнхардт, Станиславскийлар мактаби бўлмасди. Усиз театримизда ҳанузгача эшик­лари очилиб-ёпиладиган қути уйлар акс этган реализм ҳукмрон бўларди.
Крэг мен учратган камёб одамлардан бири эди. Эрталабки бир финжон қаҳвадан унинг тасаввури чақнарди. У билан кўча кезиш қадимги Фивадаги олий коҳин билан сайр қилишга тенг эди. Йўлда учраган ҳар бир дарахт, қуш ёки боладан ҳаяжон ва илҳом ола биларди.
Вақт ўтиши билан у тез-тез менинг гапларимдан тундлашиб қоладиган бўлди. Чунки, у фақат “Менинг ишим! Менинг ишим!” деяверар, мен эса “Ҳа, албатта, ишингиз ҳайратланарли. Сиз истеъдодсиз, лекин билсангиз, менинг мактабим ҳам фаолият кўрсатади”, дердим. У столга муштини уриб, норозилик билдирарди. Ишининг муҳимлигини исбот қилмоқчи бўларди. “Сўзсиз, ишингиз муҳим. Лекин, тушунинг, сизнинг ишингиз – бу шароит, лекин биринчи ўринда тирик руҳ туради, қолган ҳамма нарса моҳиятга қараб ифодаланади. Менинг мактабим – мукаммал гўзаллик сари интилаётган инсоний моҳият, сизнинг ишингиз эса бу моҳият учун мукаммал шароит”, дердим. Бу баҳслар мудҳиш жимлик билан якунланарди. Шунда бирдан менинг санъаткор қисмим чекиниб, аёл қисмим уйғонарди: “Азизим, наҳотки сизни хафа қилган бўлсам?”
– Хафа қилдингиз…
О, йўқ! Сиз ҳам “менинг ишим”лаб жонга тегдингиз…
У эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетгач, қандай буюк фожиа юз берганини англардим. Мен унинг қайтишини кутиб, тун бўйи йиғлаб чиқардим. Фожиа шунда эдики, биз санъаткор сифатида ўз “мен”имизни устун қўярдик. Мен истеъдод ва муҳаббат уйғунлигига эришмоқчи эдим. Имконсиз уриниш! Эҳтиросга тўйишнинг биринчи ҳафталаридаёқ Гордон Крэг даҳоси ва менинг санъатим жўшқинлиги ўртасида шафқатсиз жанг бошланди.
– Нега сиз буни тўхтатмайсиз? – деди у. – Саҳнада қўлларингизни ўйнатишингиз шартми? Нима учун уйда ўтирмайсиз ва қаламларимни йўнмайсиз?
Гордон Крэг санъатимнинг баҳосини биларди, аммо унинг иззат-нафси, санъаткорлик ҳасади аёл киши ҳақиқатдан ҳам буюк бўлиши мумкинлигини тан олишга қўймасди.
Тақдирнинг ишлари қандай ғалати! Агар мен Крэгни бир неча ой олдин учратганимда, сўзсиз, вилла ҳам, мактаб ҳам бўлмас эди. Мен Крэгнинг сеҳридан сўнг, мактабга асос солишга эҳтиёж сезмай қолган бўлардим.
Орадан бироз вақт ўтиб, ҳомиладор эканимни билиб қолдим. Тушимга ялтироқ кийимдаги Эллен Терри кирди, икки томчи сувдек ўзига ўхшаган малла соч қизчани қўлидан етаклаб келди ва “Айседора. Сев. Сев…Сев..”., деб ҳайқирди. Шу ондан бошлаб ҳаётимда қандай ўзгариш содир бўлаётганини англадим. Бу бола менга қувонч ва қайғу бағишлаб келади. Қувонч қа қайғу! Туғилиш ва ўлим! Ҳаёт рақсининг мароми!
Илоҳий хабар бутун борлиғимда тантана қилди. Мен саҳнада рақс тушишда, мактабда болаларни ўқитишда давом этдим. Бечора Крэг ўзини қўярга жой тополмасди. Бетоқат ва бахтсиз эди. “Ишим, ишим, менинг ишим!”… Табиатнинг санъатга ёввойи тажовузи. Лекин мени тушларимга буюк Элленнинг қайта-қайта кириб чиқиши тинчлантирарди.
Баҳор келди. Дания, Юнонистон ва Германия гастролларига тузилган шартномаларим бор эди. Стокгольмдаги муваффақиятли мавсумдан сўнг Германияга қайтдик. Пароходда ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, вақтинча гастролларни тўхтатишим кераклигини тушундим. Мени ёлғиз қолиш истаги қийнарди, менга қизиқувчан одамлар нигоҳидан узоқроқ кетишни хоҳлардим. Июнь ойида Шимолий денгиз қирғоқларига кетдим. Қумтепалардаги “Мария” деб аталадиган кичик оқ виллани ижарага олдим. У пайтлар туғишни табиатнинг оддий ҳодисаси деб ҳисоблардим. “Мария” вилласида август ойигача қолдим. Бу вақт давомида опам Елизавета билан тинимсиз хат ёзишдим, мактаб ишларига у қараб турди. Июль ойида мактабда дарс бериш қоидаларини тузиш билан шуғулландим, рақснинг содда ҳаракатлардан мураккабларига ўтадиган ва ҳақиқий моҳиятини очиб берувчи беш юзта машқ туркумини ишлаб чиқдим.
Крэг асабийлашарди, ёнимга келар ва яна қайтиб кетарди. Бола борган сари ўзининг борлигини билдирарди. Менинг мармар каби баданим таранглашиб, ўзгарганини кўриб ғалати бўлардим. Асаблар қанча нозик, мия қанча сезгир бўлса, изтироб шунча кучли бўлади – табиатнинг даҳшатли қасоси шундай. Уйқусиз кечаларни баланд қумтепаларга боқиб ўтказдим. Мен одамлар даврасидан қочардим. Улар шундай қабиҳ сўзларни гапирардики, ҳомиладор аёлнинг муқаддас ҳолати билан кам ҳисоблашардилар. Бир куни кўчада ҳомиладор аёлни кўрдим. Ўткинчилар унга туғилажак ҳаётни кўтариб кетаётган аёл деб эмас, кулги уйғотадиган нарсадек бир-бирига истеҳзоли қараб кулардилар.
Эшикларим менга Гаагадан велосипедда китоб ва журналлар олиб келиб турадиган йигитдан бошқага ёпиқ эди. Қолган вақтимни ёруғ оламга келишни бесабрлик билан кутаётган болам билан ўтказардим. Шимолий денгизнинг совуқ тўлқинлари шовқин солганида кайфиятим тушарди, ўзимни қопқонга тушиб қолган махлуққа ўхшатардим. Енгиб бўлмас бир югуриш истаги билан ўзимни ҳар ёнга урардим. Қаёққа югураман? Бу кайфият билан олишардим, лекин ундан қочиб қутулиб бўлмасди. Бошқалар ҳам мендан қочаётгандек туюларди. Онам мендан минг миль узоқда. Ҳатто Крэг ҳам бегоналашиб, иши билан машғул бўлиб қолди. Мен у ҳақда тобора кам ўйлай бошладим ва менга аталган ҳам қўрқинчли, ҳам мўъжизавий дард билан яшадим.  Соатлар имиллаб ўтарди. Бутун ўтмишим менга узоқ ва туманли муқаддима, ҳар қандай аёл кечириши мумкин бўлган бола туғиш деган ҳодисанинг муқаддимаси бўлиб кўринарди. Жамики шуҳратпараст ўйларимнинг якуни шундай бўлди!
Нега ёнимда қадрли онам йўқ? У никоҳ шарт деган бемаъни хурофотнинг қурбони эди. Унинг ўзи никоҳ келтирган чидаб бўлмас азоблар учун ажрашган. Менга ҳам ўша сиртмоқни раво кўришга уни нима мажбур қилган? Мен бутун вужудим билан ҳамон никоҳга норозилик билдирардим. Агар кимдир сўзларимнинг адолатли эканига шубҳа қилса, санъаткорлар орасидаги ажралишлар ҳисоби ва сўнгги ўн йилликда Америкада бўлган ажрим жанжаллари билан бир қизиқиб кўрсин.

* * *
Августда олдимга ҳамшира Мария Кист келди. Мен у каби сабрли ва сахий аёлни кўрмаганман, у менга катта мадад бўлди. Иқрорман, ўша пайтда мени ҳар турли қўрқувлар қийнай бошлаганди. Ҳамма аёл бола туққан: бувимда саккизта бўлган, онамда тўртта. Лекин барибир қўрқувда эдим. Нимадан қўрқардим? Ўлимдан эмас, албатта, ҳатто изтиробдан ҳам эмас, ноаниқ нарсадан қўрқардим.
Рақс ҳақида кўп ўйлардим, шунда мени пушаймонлик, соғинч ўртарди. Шундай пайтда қорнимда бола тепинганини сезардим-у беихтиёр табассум қилар, санъат аслида бор-йўғи қувонч ва ҳаёт мўъжизаларининг заиф тасвири деб ўйлай бошлардим. Бўртиб кетган танамни ҳайрат билан кузатардим. Қоматим қаёққа кетди? Орзуларим қаерда? Шуҳратим? Оҳ, тунги интизорликлар… Чап ёнга ётиш мумкинмас, чунки юрагим қийналади, ўнг томонга қараб ётиш ноқулай, фақат осмонга қараб ёта оласан… Ширин интизорликнинг шафқатсиз соатлари, саноқсиз тунларнинг ҳаммаси шундай ўтди.  Бир куни чой ичиб ўтириб белимнинг ўртасида қаттиқ оғриқни ҳис қилдим, худди умуртқамни кимдир пармалаётгандек суякларим оғрирди. Испан қийноқларини туғруқ оғриқларига қиёслаганда, эҳтимол, бир эрмакдек туюлар. Бу азоблар тез унутилади, деб айтишади. Мен кўзимни юмишим билан ўша пайтдаги ингроқларим ва бақириқларимни ҳамон қайтадан эшитаман. Аёл зотининг шундай даҳшатли азобларини енгиллатишга замонавий тиббиёт ҳеч нарса қилгани йўқ. Шу пайтгача аёлларнинг шундай азобларга зорланмай жим чидаши ё аҳмоқлик ёки муқаддас сабр!
Ифодалаб бўлмас оғриқ икки кечаю икки кундуз давом этди. Учинчи куни аҳмоқ доктор каттакон қисқичларини чиқарди, наркоз ҳам юбормай, бу шафқатсизликни тугатди. Бошимдан ўтказган бу азобимга поезд тагида қолган одамнинг даҳшатидан бошқа ҳеч нарсани тенглолмайман. Туғиш амалиётини оғриқсиз ва енгил ўтиши учун ҳеч нарса қилмаган тиббиётга аёллар қарши чиқиши керак. Бу бепарволик ва айни жиноятнинг ўзидир. Мен бу қийноқ дастгоҳидан омон чиқдим, жони қаттиқ аёлларнинг ўлишга ҳақлари йўқ.
Болани кўриб мукофотланганимни сездим. Оҳ, бола! Худди Купидонга ўхшаган, мовий кўзли, қўнғир сочли эди менинг болам. Мўъжизаларнинг мўъжизаси! Оғизчаси билан кўкрагимни қидиради ва тишсиз милклари билан эмади.  Оҳ, аёллар, шундай мўъжиза турганда нима қиламиз юристлик, рассомлик ёки ҳайкалтарошликка ўқиб? Ва ниҳоят, эркакка бўлган муҳаббатдан минг чандон олий муҳаббат борлигини туйдим. Қонимга бўялиб ётган жойимда қанчалар ҳолсиз, абгор бўлсам, боламни кўриб шунчалик бахт ва кучни ҳис этдим. Менга ҳаёт бахш этдинг! Қани менинг санъатим? Санъат ўзи меникимиди? Не бўлса ҳам менга барибир эмасми?! Мен ўзимни ҳар қандай санъаткордан буюк, янги ҳаётни яратган худодек ҳис қилардим.
Боламнинг қўлимда ухлашини соатлаб томоша қилиб ўтирардим, баъзан мурғак нигоҳини тутиб олиб, ҳаётни англагандек бўлардим. Бу бахтни қайси сўз билан ифода этиш мумкин? Биз Груневальдга бола ва азиз дўстим Мария Кист билан қайтдик. Болалар гўдакни кўриб роса ҳаяжонландилар. Елизавета: “У бизнинг кичкина ўқувчимиз бўлади”, деди. Крэг унга ирландча ажойиб исм топди – Дердре. Дердре – “Ирландия муҳаббати” дегани.

* * *
Бизга қўшни ҳашаматли виллада Жульетта Мендельсон бой банкир эри билан яшарди. У менинг мактабимга қизиқиб қолди ва бир куни мени ўзим севган Элеонора Дузе олдида рақсга тушишга таклиф қилди. Мен Дузега Гордон Крэгни таништирдим, у ҳам Крэгнинг театр ҳақидаги қарашларига мафтун бўлди. У бизни Флоренцияга таклиф қилди, Крэг унга ўша ерда спектакль қўйиб берадиган бўлди.
Крэг Элеонора Дузе учун қўйиладиган Ибсеннинг “Росмерсхольм” асарига эскиз тайёрлади. Биз тезюрар поездда Флоренцияга жўнадик.
Йўлда бола билан бироз қийналдим. Аммо барибир хурсанд эдим. Крэг севимли иши билан машғул эди, Дузе эса ўз истеъдодига муносиб безакчини топганди.
Флоренцияга келгач, кичик меҳмонхонага жойлашдик. Крэг французчани ҳам, итальян тилини ҳам билмасди, Дузе эса инглизча битта сўзга ҳам тушунмасди. Шу ондан мен уларга таржимонлик қилар эканман, қанчалар ажабланарли бўлмасин, икки буюк санъаткор ўртасида душманлик муносабати пайдо бўлганини билиб қолдим. Уларнинг гапларини бир-бирига таржима қилишда, вазиятни юмшатиш учун бироз ёлғон ишлатишга мажбур бўлдим. Чунки, улар муқаддас иш устида баҳслашишарди. Спектакль юзага чиқишини истардим, агар Крэгнинг сўзларини Дузега, Дузенинг буйруқларини Крэгга борича етказганимда бунга эришиб бўлмасди. Дузе асар бўйича бошқа нарсани талаб қилар, Крэг ўзи тасаввур этган саҳна безагини Миср эҳромларининг ички кўриниши шаклида ифодаламоқчи бўларди. Дузе Крэгни менсимай, истаганча ҳақорат қиларди. Мен эса мулоҳаза билан гапни бошқача тушунтиришга уринардим. Бундай таржималар соатлаб давом этарди. Баъзан болани овқатлантириш керак бўларди, лекин, барибир, агар иш бузиладиган бўлса ўзимни айбдор ҳис қилишимни ўйлаб, сабр қилардим. Крэг кун бўйи театрда қамалиб олиб, безакларни ўзи чиза бошлади, чунки итальян саҳна ишчилари унинг ғоясини тушунмас эди. Мен унга овқат таширдим. Дузе мени театрга киритмай қўйди. У Крэг ишини тезроқ битиришини истарди. Мен у билан ғаройиб ҳайкалчалар қўйилган боғларда узоқ-узоқ сайр қилардим. Дузе оддий аёлга ўхшамас эди, Петрарка ёки Данте томонидан яратилган, бехосдан ерга тушиб қолган илоҳий қиёфа бўлиб туюларди. Лекин у инсониятни мен севганим каби севмасди.
Крэг ишини битирди. Белгиланган куни уни театрга олиб бордим. Шундай ҳаяжонда эдимки, театрга етгунча гапира олмадим. Уни саҳнага бос­тириб кириш фикридан тўхтатдим ва ложага етакладим. Парда ортидан Крэгнинг “Жин урсин! Нимага уни бу ёққа қўймаяпсизлар? Нима учун айтганимни қилмаяпсизлар?” деб бақираётган овози эшитилиб қоларди. Кейин яна жимлик ҳукм сурарди. Мен эса Дузенинг қайсарлигидан, Крэгнинг меҳнати унга ёқмай, бақириб кетишидан қўрқардим.
Ва ниҳоят, парда секин кўтарилди.
О, бизнинг нигоҳларимиз қаршисида қандай саҳна пайдо бўлганини тасвирлаб беролмайман. Афинадаги сарой ҳам бу қадар гўзал бўлмаган. Улкан фазо, самовий уйғунлик, кўтарилаётган чизиқлар ва бутун коинот кўриниб турган улкан деразада инсоннинг барча ўйлари, барча заминий қайғулари мужассам эди. Бу хона “Росмерсхольм”да бормиди? Ибсен нима деб ўйлаган бўлишини билмайману, лекин унинг ўзи кўрганида ҳам биз каби ҳайратдан жим қолган бўларди.
Элеонора қўлимни тутди. Кейин мени маҳкам қучоқлади, мен унинг чиройли юзида кўз ёшлари юмалаётганини кўрдим. Кейин саҳнага чиқдик. Дузе бор овози билан чақирди: “Гордон Крэг! Бу ёққа келинг!”
Крэг боладай уялиб ён тўсиқдан чиқиб келди. Дузе уни қучоқлади ва оғзидан итальянча мақтов сўзлари фавворадек отилди. Мен у сўзларни Крэгга таржима қилиб улгурмадим. Крэг бизга ўхшаб йиғламади, лекин узоқ вақт жим турди.
Кимсан Элеонора Дузе менинг буюк Крэгимнинг санъати олдида лол қолганидан ифтихорда эдим.  “Росмерсхольм” спектакли премьерасида парда кўтарилганда зал ҳаяжондан нафас олишни унутиб қўйди. Флоренциянинг санъат билимдонлари ҳозиргача “Росмерсхольм”нинг ўша намойишини эслайдилар. Спектакль топширилгандан сўнг, банкка кириб ҳисобимни текширтирсам, маблағ батамом тугаган. Бола туғилиши, Груневальд мактаби эҳтиёжлари, Флоренцияга саёҳатимизга маблағларимни сарфлаб бўлибман. Пул топиш учун яна ишлашим керак. Шу кунларда петербурглик импресариодан хабар келди, улар мени яна Россия бўйлаб сафарга таклиф қилишган эди.
Боламни Мария Кист қарамоғига, Крэгни эса Элеонора ихтиёрига топшириб Петербургга жўнадим. Бу сафар қандай қайғули бўлганини тасаввур қилолмайсиз. Менга боладан ажралиш жуда оғир эди. Ҳали уни сутдан чиқармагандим.
Бундан ташқари, охирги пайтларда Дузе ва Крэгга ўралашиб қолиб, ўз санъатим ҳақида деярли ўйламай қўйгандим. Ижодий сафарга ҳам мутлақо тайёр эмасдим. Аммо рус халқи мени аввалги ҳаяжон билан кутиб олди ва спектаклдаги нуқсонларимга эътибор ҳам бермади. Эсимда, саҳнада рақсга тушаётганимда кўкракларимдан сут оқиб, либосим ҳўл бўлиб қоларди. Бундан жуда ҳам хижолат чекардим. Аёл кишига ҳар қандай соҳада эркакларга нисбатан икки ҳисса қийин!
Хаёлим боламда бўлгани боис, сафарни имкон қадар қисқартиришга ҳаракат қилдим. Йўлим Россиядан Голландияга йўналди. Амстердамда саҳнада ўйнар эканман, ўзимда тушуниксиз бир заифликни ҳис этдим. Иситмам кўтарилиб борарди, спектакль тугаши билан саҳнага йиқилдим. Мени меҳмонхонага кўтариб олиб боришди. У ерда ҳафталаб ётдим. Доктор менинг касалимга ҳали давоси топилмаган неврит деб ташхис қўйди. Мен ҳеч нарса ея олмасдим, тез-тез ҳушимни йўқотар, жонимни азобдан афюн солинган сут билан сақлардим.
Крэг аҳволимни эшитиб, Флоренциядан етиб келди. У менга тўрт ҳафта қаради, кейин эса спектакль намойиши туфайли Элеонора Дузе уни Ниццага чақириб олди.
Мен бироз ўзимга келдим. Аммо мадорсиз эдим, Ниццага келганимда мени поезддан кўтариб туширишди. Элеонора Дузе ҳам меҳмонхонада касал бўлиб ётарди. У менга ўз шифокори Эмиль Воссонни юборди. Лекин соғайишим секин кечарди. Онам ва содиқ дўстим Мария Кист олдимга қизимни олиб келди. Биз меҳмонхонадан Мон-Боронга кўчдик. Деразамиздан денгиз кўриниб турарди, иккинчи томондан қачонлардир Зардушт илон ва бургут ҳамроҳлигида ўйга чўмган тоғ чўққилари кўриниб турарди. Мен ҳам қуёшли чўққидаги уйда аста-секин ҳаётга қайта бошладим. Лекин пулсизлик муаммоси туфайли яна Голландиядаги гастролларимга қайтдим.
Крэгни яхши кўрардим, аммо, барибир, айрилиқ муқаррарлигини ҳам билардим. Мен шундай тушуниксиз аҳволда эдимки, бир вақтнинг ўзида уни йўқотишдан қўрқсам, у билан яшай олмаслигимни ҳам сезардим. У билан яшаш санъатимдан ва ҳатто ақл-идрокдан айрилишимни билдирарди. Мен усиз яшашни танладим. Усиз яшаш рашк азобларига тутилиш деган гап. Крэгни ўзга аёллар қучоғидан қизғаниш ҳиссидан ўзимни халос этишдан бошқа чорам йўқ эди. Чунки уни тушларимда ҳам бегона аёллардан рашк қилиб, азобланиб чиқардим. Назаримда, у “Айседора, аслида тоқат қилиб бўлмайдиган аёл!” деган фикрда эди. Мен бу ўйлар, шубҳа-гумонлар билан на ишлай олардим, на рақсга тушолардим. Мен санъатимсиз ҳеч ким бўлиб қолардим. Шунинг учун ундан воз кечишга қарор қилдим.

(Тўлик вариантини. Журналда ўқийсиз)

Рус тилидан Гулбаҳор САИД ҒАНИ таржимаси

2019/6

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x