Айседора ДУНКАН (1877–1927) САҲНАДАГИ АФРОДИТА

* * *

Рақс тана ҳаракатлари орқали инсоннинг руҳиятини очиб бериши керак, мен шундай ҳаракатларни топиш учун кўп вақтимни ательеда ўтказардим. Тик ҳолатда соатлаб ўйлаб, ҳаракатсиз туриб қолишимни кўрган онам қўрқиб кетарди, аммо мен ҳеч нима қилмаётгандек карахт турсам-да, фикран изланардим. Охири барча ҳаракатларимнинг асосини топардим, ички кучим, хатти-ҳаракатларим бирлиги рақсларим учун муҳим эди. Мен ўз рақс мактабимни тинимсиз изланишлар эвазига кашф этдим. Балет мактабида ҳаракатнинг асоси умуртқада, бел ўртасида деб ўқитиларди: “Бу ўқ, яъни, бел ўртасидаги нуқта қўллар, оёқлар ва гавданинг марионеткага ўхшаб бемалол ҳаракат қилишини таъминлайди, дерди балетмейстр. – Бу билан руҳиятга монанд механик ҳаракатга эришамиз”. Мен эса, аксинча, тананинг барча ҳаракатини руҳ ифодасининг манбаи деб билардим. Узоқ машқлардан сўнг кучимни ягона марказга йиғишни ўргандим. Нур ва мусиқа тўлқинлари ботинимга таъсир этишини билдим. Мен буларни мия эмас, руҳ идроки билан рақсда ифода этардим. Санъатимнинг дастлабки бу назариясини бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилардим. Бу ҳақда Станиславский ўзининг “Санъат менинг ҳаётим” китобида тўхталиб ўтган.
Буни сўз билан тушунтириш қийин, лекин мен кичкина болаларга ҳам “Мусиқани қалбингиз билан тингланг! Эшитяпсизми? Ботинингизнинг энг чуқур ерида “мен”ингиз уйғонаётганини, мусиқа кучи билан бошингизни кўтараётганингизни, қўлларингиз ҳаракатга келаётганини ва илоҳий нурга қараб бораётганингизни сезасиз”, дердим. Улар мени тушунардилар. Менимча, бундай уйғониш – рақсга томон биринчи қадам эди.
Энг кичкина ўқувчиларимнинг ҳаракатларида ҳам инсон ақли билан яратилмаган, табиий равишда туғилган ички куч ва назокат пайдо бўларди. Шу сабабли мактабимнинг бу болалари катта саҳналарда “Трокадеро”, “Метрополитэн” каби операларда чиқиб, буюк санъаткорларга хос жозиба билан оммага таъсир кўрсата олди. Кейинчалик аксарият болалар улғайиб, моддий манфаатлар туфайли ўша буюк илҳомларидан мосуво бўлдилар.
Болалигимдаги қийин шароит ҳаётнинг ҳар хил ташқи таъсирларидан тез халос бўла олиш кучини ато этди. Заминий муҳаббатга бўлган қаттиқ интилишларимдан сўнг руҳиятимда кескин ўзгариш пайдо бўлди ва мен аста-секин дастлабки кучимга қайтдим.
Мен ғайришуурий ҳаракатлар топишни орзу қилардим. Бу ҳаракатни турли кўринишларда, масалан, қўрқув ҳиссидан кейин инсон руҳиятидаги табиий ўзгаришлар, қайғудан кейин унинг қандай ривожланиши ва бошқа ҳолатлардан излаб кўрардим. Худди очилган гулдан ифор таралганидек муҳаббатдан инсон ҳаракатлари рақс бўлиб чиқиши керак.
Бу рақслар мусиқасиз ижро этилади, мен биринчи марта Шопен дебочаларини рақсда тасвирлашга уриндим. Кейин Глюк мусиқаси менга ёрдамга келди.
У вақтда жамият қироличаси графиня Грефюль эди. Мен унинг Париж жамиятининг барча машҳурлари тўпланадиган меҳмонхонасига так­лиф этилдим. Графиня рақсларимни кўриб, “юнон санъатининг қайта туғилиши” деб баҳо берди. Графиня меҳмонхонасида атиргулларга тўла ойна фонида кичик саҳна ташкил этилганди. Бу қизил гуллар кийимимнинг соддалигига ва рақснинг руҳоний ифодасига умуман тўғри келмасди. Мен ўсмирликда Пьер Луис ва Овидийнинг “Билитис қўшиғи”, “Метаморфозалар”ини ўқиган бўлсам ҳам, менда бу асарларнинг ҳиссий аҳамияти йўқолди. Китобда ёзилган нарсаларни киши ўз бошидан кечирмагунча, унга айни ҳолат барибир тушунарсизлигича қолаверади.   Мен ҳам ҳали Америка пуританизмининг фарзанди эдим. Америка бошқа ёшлари каби менда ҳам пуритан, яъни, ҳиссий сезгирликдан кўра қаҳрамонликка кўпроқ интиладиган инсонни шакллантирди. Менга Америка санъаткорлари ҳам айни шу тупроқдан қорилганга ўхшаб туюлади. Француз ҳассос санъатига қиёслаганда, пуританлигимизнинг айби нимада: Америка мамлакати буюкми ё шафқатсизми, шамоллар ўйнайдиган очиқ маконлари кенгми ёки шунчаки бошимиз узра Авраам Линкольннинг сояси айланиб юрибдими? Ҳиссийликнинг деярли нолга тенглигини америкача тарбия тизими деб аташ мумкин. Ҳақиқий америкалик, асарларда ёзилганидек, олтин изловчи, пулни яхши кўрувчи эмас, хаёлпараст ва илоҳиётчидир. Америкаликлар, умуман, ҳиссиётдан маҳрум демоқчи эмасман. Аксинча, англо-сакслар ва кельт қони аралашган америкаликлар италияликларга нисбатан қизиққонроқ, французларга нисбатан ҳиссиётга мойилроқ, русларга нисбатан тентакона исрофга қодирдирлар.
Ўша оқшом графиня Грефюлнинг башанг кийинган, қимматбаҳо тақинчоқлар таққан хонимларга тўла меҳмонхонасида бурунлари саҳнага теккудай яқин ўтирган ёшларнинг нигоҳи менга қадалганидан бахтиёр эмас эдим. Чунки, дабдаба, қизил атиргулларнинг ҳидидан нафасим бўғилиб, буларнинг бари санъатимни барбод қилишини тушундим. Эртаси куни эрталаб графинядан менга миннатдорлик хати келди. Унда пулларимни олиб кетишим сўралган эди. Аммо менга пул олиш учун бориш ўнғайсиз эди, ательенинг ижара ҳақини тўлаш учун бу ишни қилдим…
Мен кутубхонадан бери келмай, рақс ҳақида ёзилган ҳамма китобларни ўқиб чиқишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ўқиганларим ҳақида қисқа қайдлар ёзиб бордим, лекин бу катта тажрибани якунлагач, тушундимки, менга Жан-Жак Руссо (“Эмиль”), Уольт Уитмен ва Ницшеларгина ҳақиқий устоз бўлишлари мумкин, холос.

* * *

Бир куни кечки пайт ателье эшиги тақиллади. Очсам, остонада бир аёл турарди. Аёлнинг қадди-қомати шундай улуғвор эдики, унинг қудратли шахс экани кўриниб турарди. Хонимнинг пайдо бўлиши менинг ижодимга Вагнер ғояси кириб келишидан дарак эди.
– Мен княгиня де Полиньякман, – ўзини таништирди у, – графиня Грефюлнинг дўстиман. Рақсларингизни кўриб, санъатингизга қизиқиб қолдим, айниқса, эрим кўпроқ қизиқяпти. У бастакор…
Хонимнинг эркакларга хос бақбақаси бироз ҳуснини бузиб турганини айтмаганда, юзи чиройли эди. Гапирганида овози қаттиқ жарангларди. Кейинроқ англадимки, унинг совуқлиги ва овозининг тембри князлик мавқеига қарамай, бор-йўғи тортинчоқлигини яшириш учун ниқоб экан. Мен унга санъатим ва ниятларим ҳақида гапириб бердим, княгиня шу заҳоти ўз ательесида мен учун концерт ташкил қилиш таклифини берди. У рассом, бундан ташқари, рояль ва орган чаладиган ажойиб мусиқачи экан. Княгиня бўш ва совуқ кулбамиздан моддий аҳволим қандайлигини сезди. Кетиш олдидан стол устига ийманибгина хатжилд қўйиб кетди, очиб кўрганимда ичида икки минг франк пул бор эди.
Эртасига унинг уйига бордим, у ерда ажойиб мусиқачи, жентльмен князь де Полиньяк билан танишдим. Туникамни кийиб унга рақс тушиб бердим. У тасанно айтиб, мени қутлади. Ҳаракатларнинг товушлар билан муносабати ҳақидаги назариям, рақснинг санъат сифатида қайта туғилиши ҳақидаги умидларим, идеалларим уни жуда қизиқтириб қўйди. У ўзи яхши кўрган қадимий чолғуни жуда зўр чаларди. Унинг “Айседора, қандай ёқимлисан” деган хитобидан уялиб, “Мен сиз учун рақсга тушишни ва ажойиб мусиқангиздан илҳомланиб, илоҳий рақслар яратишни истаганман”, деб жавоб бердим.
Княгиня ҳузуридаги концерт жуда муваффақиятли бўлди ва шундан сўнг хоним фақат дўстларига эмас, оммага ҳам рақсларимни кўриш учун ательеси эшикларини очиб берди. Князь ва княгиня Полиньяклар кечаларнинг барчасида иштирок этди. Бир куни князь кичкина барқут бош кийимини олиб силкитди-да қичқирди: “Яшасин Айседора!”
Афсус, ер шарида ҳамма нарса бебақо! Мен учун қадрдонга айланган инсон билан ҳамкорлик қилиш орзуларимиз ҳам унинг вафоти боис барҳам топди.

* * *

Гарчи рақсларим кўпчилик таниқли шахслар томонидан эътироф этилган бўлса-да, аммо молиявий аҳволим омонатлигича қолаверди. Бизни ижара ҳақини тўлаш, музлаб қолмаслик учун кўмир олиш, оч қолмаслик муаммолари қийнарди. Аммо камбағаллик ва муҳтожлик оғушида ҳам илҳом ахтариб яшардим. Ҳеч нарсага қарамай, руҳим юксакка кўтарилар, қалбим шиддатга тўларди.
Бир куни қимматбаҳо мўйнали пальто кийган ва бармоғига гавҳар кўзли узук таққан, юзлари қип-қизил жаноб бизни кўргани келди.
– Мен Берлинданман. Биз сизнинг оёқяланг чиқишларингиз ҳақида эшитганмиз (албатта, санъатим ҳақидаги бундай фикр нафсониятимга тегди). Мен сиз билан шартнома тузиш учун катта бир варьете театри номидан келдим, деб муддаосини айтди.
У қўлларини менга узатди, кўзлари эса улкан хушхабар келтиргандек порларди. Аммо мен озор чеккан шиллиққуртдай ўз қобиғимга яшириниб олдим ва унга совуқ жавоб бердим: “Миннатдорман. Мен ҳеч қачон ўз санъатимни бемаза саҳналарга олиб чиқишга рози бўлмайман”.
– Сиз мени тушунмаяпсиз, – бақириб юборди у, – бизнинг саҳнамизда неча-неча буюк санъаткорлар чиқиш қилиб, катта-катта пуллар оладилар. Мен сизга ойига беш юз марка таклиф қиламан. Кейинчалик яна ҳам кўпроқ оласиз. Сиз “дунёдаги биринчи яланг оёқли раққоса” бўлиб таниласиз. Рози бўлаверинг.
– Йўқ, йўқ, дедим, – тобора аччиғим чиқиб. – Асло рози эмасман.
– “Йўқ” деган сўзингизни жавоб деб ҳисоблаёлмайман. Мен аллақачон шартномани тайёрлаб қўйганман.
– Йўқ, яна қайтардим мен, – менинг санъатим қаердаги бачкана рақс эмас. Мен, албатта, қачондир Берлинга бораман ва Филармония оркестри куйи остида рақс тушаман, акробатлар ва ўргатилган ҳайвонлар қаторида эмас! Қандай даҳшат! Худойим! Йўқ-йўқ, ҳеч қанақасига… Яхши боринг. Хайр.
Немис импресариоси (шоу тадбиркори) шароитимиз ва униққан кийимимни кўриб турарди, шу сабабли жавобимга ишонмади. Тез орада у яна келиб, ҳар кунига минг маркадан олдиндан бир ойлик тўлов қилишни таклиф қилди. Яна рад жавобини эшитиб, жуда аччиқланди ва мени “аҳмоқ” деб атади. Мен унга бақириб бердим: “Мен қорни тўқ мешчанларнинг овқатдан кейинги кўнгилхушлиги учун рақс тушгани эмас, Европани илоҳий рақс билан қайта тирилтириш учун, инсоннинг гўзаллиги ва муқаддаслигини англатиш учун бу дунёга келганман!”– Кетинг, илтимос! Кетинг, – дедим.
– Сиз ҳар оқшомга минг маркадан воз кечяпсизми? – энтикди у.
– Сўзсиз! – қатъий эътироз билдирдим. –Ўн мингдан ҳам, юз мингдан ҳам воз кечган бўлардим. Мен сиз ҳеч қачон тушуна олмайдиган нарсани излаяпман. Тушундингизми?!
Кетаётганда яна қўшиб қўйдим:
– Мен қачондир Берлинга бораман, Гёте ва Вагнер ватандошларига санъатимга муносиб саҳнада рақс тушаман, балки ўшанда минг маркадан ҳам ортиқ пул оларман.
Ниятим амалга ошди, орадан уч йил ўтиб, Берлин Филармонияси оркестри жўрлигида рақсга тушдим ва ҳар битта ўрин йигирма беш минг маркадан ортиққа сотилди. Қарангки, худди шу импресарионинг ўзи мен турган пардозхонага илтифот билан гулдаста кўтариб келди. У ноҳақ бўлганини тан олди ва дўстона оҳангда қўшиб қўйди: “Сиз ҳақ экансиз, хоним. Қўлингизни ўпиб қўйишга рухсат беринг”.
Бу вақтларда на неча-неча шаҳзодаларнинг мақтовлари, на тобора ўсиб бораётган шуҳратим бизни боқа оларди.
Ательемизга Миср маликасига ўхшаб кетадиган кичкина хоним келиб турарди. У ажойиб куйлар эди. Эшигимиз тагида эрталаблари бинафша ҳиди келадиган кичкина хатлар пайдо бўлиб қоларди. Шу кунларда Раймонд ҳам сездирмай йўқолиб қоладиган бўлди. Унинг нонуштадан олдин сайр қиладиган одати йўқ эди. Бу икки ҳолатни қиёслаб, тегишли хулосага келдим…
Кунларнинг бирида Раймонд бирданига Америка бўйлаб концерт турнесида қатнашиш учун таклиф қилинганини айтиб қолди.  Онам ва мен Парижда ёлғиз қолдик. У ўзини ёмон ҳис қиларди, бошқа кичик меҳмонхонага кўчиб ўтдик. Бу ерда у ҳеч бўлмаса каравотда ухлаши, вақтида овқатланиши мумкин эди…
Бу ерда мен ҳар жойда ҳамманинг эътиборини тортадиган жуфтликни пайқадим.
Аёл – мен бирор жойда кўрганманми-йўқми, жуда нафис, жозибали, ғайритабиий кўринишга эга ўттиз ёшлардаги аёл эди. Сочлари юзини алангадай қоплаган, малла-қўнғир рангда эди, ҳар бир ҳаракатида муҳаббатга даъват уфурарди. Хаёлимга яна унинг кўзларига қараш вулқон ўчоғига қараш билан тенг деган фикр келди.
Эркак – келишган, ёшига нисбатан каттароқ кўринарди. У билан доим яна бир жаноб бирга юрар эди. Уларнинг яна бир ҳамроҳида негадир ҳаётдан ҳорғинлик сезиларди.
Бир куни аёл ёнимга келиб: “Бу менинг дўстим, Анри Батайль, бу эса сизнинг санъатингиз ҳақида ёзган Жан Лоррэн бўлади, мен эса Берта Бадиман. Агар биз учун рақсга тушишни истасангиз, бирор кун олдингизга кирардик”, деди.
Мен ҳаяжондан титрардим. Берта Бадининг товушидек жозибали товушни эшитмагандим. Унинг гўзаллигига қойил қолардим! У доим нафис нимранг, ёпишиб турадиган чиройли кийимлар киярди. У Батайль поэмалари ўқиладиган қанақадир зиёфатга борарди. Ўшанда ўйладимки, ҳеч қайси шоирда бундай гўзал илҳом бўлмаган.
Улар бизникига тез-тез келадиган бўлишди, Батайль асарларини ўқиб берди. Мен, маълумотсиз америкалик, Қадимги Юнонистоннинг гуллаган давридаги Афина каби заковатли Париж қалби ва тафаккур сирини очувчи калитни топдим. Раймонд иккимиз Париж бўйлаб сайр қиладиган одат чиқардик. Кечқурун Софоклнинг “Шоҳ Эдип”ида роль ижро этадиган Мунэ-Сюллининг чиқиши ҳақидаги афишани кўрдик. Мунэ-Сюлли номи бизга ҳали таниш эмасди, трагедияни кўришни истадик. Афишадаги нархларни кўриб, ҳамёнларимизни текширдик. Бизда роса уч франк бор эди, энг арзон жойлар бўлса, етмиш беш сантим турарди. Театрга борсак, оч қолардик, лекин барибир театрга кирдик. Парда туширилмаган, саҳнадаги ҳолат юнон санъати деб аталадиган нарсага жуда заиф тақлид эди. Юнон кийимлари ҳақида китоблардан ўзлаштирилган хароб кийимларда хор пайдо бўлди. Оркестрдан ўртамиёна мусиқа тараларди. Раймонд ва мен бир-биримизга қарадик. То галереяда номаълум гавда пайдо бўлгунча кирган томошамиз кечки овқатдан маҳрум бўлишга арзимаслигига ачиниб ўтирардик.
Унинг овозини эшитишимиз билан бизни тасвирлаб бўлмас ҳаяжон қуршаб олди. Юнонистон энг тараққий этган Дионис, Софокл даврида ҳам, Рим ёки исталган бошқа мамлакатда қачонлардир шунақа овоз бўлганига шубҳа қиламан. Мунэ-Сюллининг овози, ҳаракатлари бутун зални қамраб олди. Унинг улуғвор истеъдодини муҳташам “Трокадеро” бағрига сиғдиришга торлик қиларди. Мен ва Раймонд тамоман ҳайратда эдик. Кўзимиздан ёшлар оқарди, биринчи парда тугагандан сўнг Раймонд иккимиз бир-биримизни қандайдир завқ билан қучоқлай олдик, холос. Иккинчи парда бошланди, кўз ўнгимизда буюк фожиа намоён бўлди. Мунэ-Сюлли рақсга туша бошлади. Ва ниҳоят, мен орзу қилган нарсамни – рақсда ҳаракатланаётган буюк юнон қадди қоматини кўрдим. Яна антракт бўлди. Раймондга қарадим. Унинг ранги оқарган, кўзлари эса ёнарди. Биз тик оёқда зўрға турардик. Учинчи парда… Буни тасвирлаш имконсиз. Буюк Мунэ-Сюллини кўрган одамларгина бизни тушуниши мумкин, холос.
Ўша куни асл санъат менга юз очганини тушундим. Йўлим аниқ бўлди. Уйга завқдан маст ҳолда келдик ва бир неча ҳафта ўша куни ­театрда кўрганимиздан таъсирланиб яшадик. Ўшанда буюк Мунэ-Сюлли билан қачондир, айнан шу саҳнада ёнма-ён тураман деб ҳеч ҳам тасаввур қилмагандим!

* * *

Ўшандан кейин кўргазмада Роден ҳайкалларини кўрдим, Роденнинг буюклик сири нимада, деган фикр мени таъқиб қиларди. Бир куни унинг устахонасига бордим. Роденга ихлосим Пан Психеянинг Худони зиёрат қилишига ўхшарди, фарқи шунда эдики, мен Эросга эмас, Аполлон томонга олиб борувчи йўлни билишни истардим.
Роден унча баланд бўлмаган, бақалоқ, калта соч ва қалин соқолли киши эди. У менга асарларини кўрсатди. Ҳайкалларининг номини оҳиста талаффуз қиларди, лекин исмлар унинг учун аҳамиятга эга эмаслиги сезиларди. Менга мармар устанинг кескичи остида гўё суюқ қалайдек тую­ларди. У лой бўлагини олди-да, эзғилай бошлади. Ундан олов ёнаётган ўчоқдан келгандай илиқ ҳарорат тараларди. Унинг қўллари бир неча сонияда аёл сийнасини ясади.
У мени экипажга ўтқазиб, ательемизга олиб келди. Мен кийимимни тезда хитонга алмаштирдим ва унга Феокритнинг идиллиясига рақс тушиб бердим. Кейин унга янги рақс ҳақидаги назарияларимни баён қила бошладим, лекин у мени эшитмаётганини сезиб қолдим. У осилган қовоқлари тагидан ёниқ нигоҳлари билан менга тикилиб турди-да, яқинлашиб келди. Елкаларимни, бўйним, оёқларимни оҳиста сийпалай бошлади. Танам унинг қайноқ қўллари ҳароратидан эриб борарди. Ўша лаҳзада ягона истагим унга бор-будимни бахшида қилиш эди. Ўзимни олиб қочишга уринишим, хитон устидан кўйлагимни шоша-пиша кийиб олганим уни таажжубда қолдирди. Менинг бемаъни тарбиям бўлмаганда бу ниятим амалга ошган бўларди. Аттанг! Кейинчалик ёшлик хатоларим менга қудратли Роденни ҳис этишдек бахтга етишга халақит берганидан кўп афсусланганман. Санъатим ҳам, бутун ҳаётим ҳам бундан сўзсиз бойи­ган бўларди!
Мен Роден билан орадан икки йил ўтгач, Берлиндан Парижга қайта­ётганимда учрашдим. У билан узоқ йиллар дўст бўлиб қолдик.
Буюк санъаткор Эжен Карьер билан учрашувим эса бутунлай бошқача, ёқимли бўлди. Мени унинг ательесига ёзувчи Кейзернинг хотини олиб борди. Деворда мафтункор, аммо қайғули бир расмни кўрдим. Кейзер хоним: “Бу менинг портретим, Карьер чизган”, деди.
Кунлардан бир кун унинг Эжезипп Моро кўчасидаги уйига олиб борди. Биз Карьер оиласининг китобларга тўла уйида бўлдик. Унда мен илгари ҳеч учратмаган қудратли руҳ – Тафаккур ва Зиё бор эди. Расмларнинг бутун мўъжизавий гўзаллигида мусаввир қалби тўғридан-тўғри акс этганди. Унинг ёнида ўзимни Исо Масиҳнинг олдида тургандай ҳис қилардим. Мен иззат-икром туйғуларига тўлиқ эдим, ҳатто унинг пойида тиз чўкишни истадим.
Эжен Карьер худди ёш болани олиб бораётгандай қўлимдан ушлаб етаклади ва (бу вақтда ундан кўз узмай турардим) айтди: “Бу Айседора Дункан”. Кейин бу исмни барча англаши учун жим қолди. Доим сокин гапирадиган Карьер бирданига кучли, баланд овозда: “Бу оламга инқилобий руҳ берадиган ёш америкалик қиз!” деб эълон қилди. Ёшлигимнинг энг ёқимли хотираларидан бири – бу оиланинг менга бағрини очганидир. Бутун умр Эжен Карьер даҳоси мени юксак идеалларда қатъий бўлишга ва Санъатнинг муқаддас йўлларида мададкор эди. Ҳатто қайғу мени ақлдан озганлар уйига етаклаб келганида ҳам Карьернинг ишлари мен-ла ёнма-ён туриб, ҳаётга янги ишонч уйғотар эди.

* * *

Бир куни кечқурун олдимга Лои Фуллер келди. Унга ҳам рақс тушиб бердим ва ўз қарашларимни баён этдим. Лои Фуллер эртага Берлинга кетаётганини айтди ва ортидан боришимни таклиф қилди. Аёл нафақат яхши санъаткор, балки мен ҳурмат қиладиган буюк япон раққосаси Сада Якконинг антрепренери ҳам эди. У менга Германияда Сада Якко билан бирга саҳнага чиқишни таклиф қилди. Шундай қилиб, Лои Фуллер билан шартнома тузишга қарор қилдик.
Кетадиган куним Андрэ Бонье мен билан хайрлашгани келди, биз Биби Марям ибодатхонасида ибодат қилдик, кейин у мени вокзалга кузатиб қўйди. Хайрлашув чоғида у мени ўпди, кўзойнаги остида соғинч ёшлари балқигандай туюлди.
Берлинда мен Лои Фуллерни ёнига – “Бристоль” меҳмонхонасига бордим. Ўн чоғли ёш чиройли қизлар унинг атрофида уймалашар, навбатма-навбат уни ўпар ва қўлларини силар эди. Онамиз бизни қаттиқ севса ҳам, кам эркаларди, шунинг учун бу ердаги меҳр-муҳаббатнинг ортиқча изҳорини кўриб ҳайрон бўлдим.
Лои Фуллер сахийликда тенги йўқ одам эди. У мен учун шундай тушлик буюрдики, ҳатто унинг қанча туришиниям тасаввур қилолмасдим. Ўша оқшомда у “Винтергартен”да саҳнага чиқиши керак эди, лекин унинг бели оғриётганди. Оғриқ билан омма олдига қандай чиқаркин, деб ҳайрон эдим. Фуллернинг гумашталари муз солинган қопчаларни келтириб, унинг белига қўярдилар. “Яна бир қопча, жонгинам, – дерди у, – бу ҳақиқатдан ҳам оғриқни қолдиряпти”.
Кечқурун ҳаммамиз ложада ўтириб Лои Фуллернинг рақсини томоша қилдик. Наҳотки кўз олдимизда саҳнани тўлдириб учаётган мавжудот бир неча дақиқа олдин биз кўрган бемор бўлса? Бу ажойиб санъаткор хонимнинг шавқидан кўзим қамашиб меҳмонхонага қайтдим.
Эртасига Берлинни айлангани отландим. Берлин меъморчилиги юнон санъати ҳақидаги орзуларимни ёлқинлаштириб юборди.
Ахир, бу Юнонистон! – хитоб қилдим мен.
Яқиндан кўрганимдан кейин эса Берлин Юнонистонга ўхшамаслигини тушундим. Бу шаҳар Юнонистоннинг шимолий нусхаси эди, холос. Бу ердаги устунлар Олимпия кўкида юксалган дорида устунлари эмасди. Потсдам майдонида дорида устунлари остидан ўрдакюриш қилиб чиққан қирол гвардиясини кўрганимдан сўнг уйга қайтдим ва: “Бир стакан пиво беринглар. Мен чарчадим”, дедим.
Бир неча кундан кейин Лои Фуллер труппаси билан Лейпцигга йўл олдик. Биз юксиз кетишимиз керак эди, Париждан олиб келган камтар сандиғимни қолдирдим. Шундай обрўли театр, ҳашаматли ҳаёт, шампан виноси, тушликлар ва меҳмонхонадаги ажойиб апартаментлар… Шундай бўлиши мумкинми, дея ҳайрон қолдим. Лекин нима учун юксиз кетишга мажбур эканимиз менга қоронғу эди. Кейинчалик билдимки, бунга Сада Якконинг айби сабаб бўлган экан. Лои Фуллер унинг иш бошқарувчиси эди. Сада Якко пул йиғмаган, Лои Фуллернинг маоши эса зиённи қоплашга кетган.
Лейпцигда ҳам Лои Фуллер санъатидан завқландим ва борган сари унинг бу дунёга дахли йўқ илоҳий истеъдодига қойил қолдим. У гўё оловга айланарди, чексизликка олиб кетадиган аланга оғушида ғойиб бўларди.
Биз Венага ўтишга қарор қилдик, лекин маблағ йўқ эди. Мен Америка элчиси олдига бориб, ундан ёрдам сўрашни таклиф қилдим. Биз чипталарни олишга эришдик. У ерга боргач, Лои Фуллернинг санъатидан завқланишда давом этар эканман, ўз-ўзимга нега онамни Парижда ёлғиз қолдириб келдим, бу чиройли, тантиқ аёллар орасида нима қиляпман ўзи, деган саволларни бера бошладим. Мен аслида йўл-йўлакай юз бераётган ҳолатларнинг ҳимоясиз томошабини эдим, холос.
Венадаги “Бристоль” меҳмонхонасида мени Нянюшка деган малласоч қиз билан бир хонага жойладилар. Тонгги соат тўртларда Нянюшка ўрнидан турди, шам ёқди ва каравотим олдига келиб “Худо менга сени бўғишни буюрди!”, деди. Қўрққанимга қарамай, ўзимни қўлга олдим: “Яхши. Фақат олдин ибодат қилишимга изн бер!” дедим.
– Ибодат қил, – рози бўлди у ва шамдонни каравотим ёнидаги столга қўйди.
Мен каравотдан сакраб туриб эшикни очдим ва шайтонга йўлиққандай тунги кўйлакда, сочларим елкаларимда тўзиган бир аҳволда югуриб бориб,“У ерда хоним ақлдан озди!” дея қаттиқ бақира бошладим.
Нянюшка ортимдан учиб келарди, меҳмонхона хизматчилари уни доктор келгунича ушлаб турдилар. Бу кўнгилсизликдан сўнг онамга тез етиб келишини сўраб қўнғироқ қилдим. У етиб келди. Шундан кейин унга бошимдан ўтганларни айтиб бердим. Биз Венадан кетишга қарор қилдик.
Бир сафар Лои Фуллер билан Венадалигимда санъаткорлар оқшомида рақс тушишимга тўғри келди. Кўпчилик гулдаста кўтариб ёнимга келарди, “Вакханалия”га рақс тушиб гулларга кўмилдим. Ўша куни венгер импресариоси Александр Гросс концертда иштирок этди. У менга: “Агар порлоқ истиқболига эришишни истасангиз, Будапештга келинг”, деганди.
Жаноб Гросснинг таклифини эслаб, онам билан Будапештга йўл олдик. Гросс менга “Урания” театрида кечки пайтларда ўттиз марталик мустақил чиқиш қилишга шартнома тақдим этди.
Бу театрдаги биринчи шартномам эди, мен иккиланиб қолдим. “Менинг рақсларим хослар учун, – дедим мен, – санъаткорлар, ҳайкалтарошлар, рассомлар ва мусиқачилар учун, оломон учун эмас”. Александр Гросс “Санъаткорлар энг талабчан танқидчилар бўлади ва агар рақсларингиз уларга ёққан бўлса, кенг оммага ҳам ёқади”, дея норозилик билдирди.
Мен шартномани имзолашга кўндим, Александр Гросснинг башорати рўёбга чиқди. “Урания”даги биринчи чиқишим таърифлаб бўлмас муваффақият билан якунланди. Мен Будапештда ўттиз кеча тўла издиҳомда рақс тушдим.
Оҳ, Будапешт! Апрель ойи эди, баҳор чоғи эди. Бир куни кечки пайт Александр Гросс бизни лўлилар мусиқаси янграб турган ресторанга кечки овқатга таклиф қилди. Оҳ, лўлича мусиқа! Шу ерда яна ёшлик ҳиссиётим уйғонди. Мусиқа мудраётган ҳисларимни уйғотиб юборди.

(Боши ўтган сонда. Давоми бор)

Рус тилидан Гулбаҳор САИД ҒАНИ
таржимаси

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x