Нусрат КАРИМ     ТУРКИСТОН БИЛАН МУЛОҚОТ

Юрагим ёраман нажоткор халққа

Айтсам ўлурам,

айтмасам ўлам…

ЧЎЛПОН

 

(Чўлпоннинг “Бузилган ўлка” шеърига жавоб)

 

Чўлпон:

– Эй тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,

Нега сенинг бошинг узра қуюқ булут кўланка?

Туркистон:

– Найдек бағри дилим бўлгач тилкаю-тилка,

Рўзғорим тийраси солмиш бахтимга кўлка.

Чўлпон:

– Учмоҳларнинг кавсаридек покиза,

Садафларнинг донасидек топ-тоза.

Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,

Томчилари ёмғир каби учаркан,

Нима учун йиғлар каби инграйлар?

 Ёв борми, деб тўрт тарафин тинглайлар?

Туркистон:

– Ялдо тунлар томиримда қонлар ёнгайлар,

Жон-жигаримдан нидо – оҳлар унгайлар.

Тирик эрса ори борнинг қайнар эди зардаси,

Атрофимда кезинган бу хиёнатлар шарпаси…

Чўлпон:

– Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,

Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар.

Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида,

Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.

Бу нега? Айт, менга.

Туркистон:

– Гўё ўзинг буни билмассан,

Ё назарга илмассан?!

Ўзинг айтгил, ўжар ўғлон,

Ҳоким бўлгач риёкор замон,

Қўноқларни чорларму ҳеч сўнган чироқлар,

Сўрайвергил, борму яна сўров-қийноқлар?

Чўлпон:

– Кўм-кўк гўзал ўтлоқларинг босилғон,

Устларида на пода бор, на йилқи.

Подачилар қайси дорга осилғон?

От кишнаши, қўй маъраши ўрнига

Оҳ, йиғи… Бу нега?

Туркистон:

– Нечун яшил боғу боғчам босилмас,

Нечун чўпон, соҳибкорим осилмас?

Ёғий босқин солиб, ҳаёт ганжин тунашгач,

Масъум гўдакларинг доди кўкка туташгач,

Яшил ўтлоқларда чўпон найи тингандир,

Бол тутғувчи гул-косалар чил-чил сингандир.

Чўлпон:

– Туморчалар, ҳамойиллар тақинган,

Далаларда лола барги ёпинган,

Тоғ-тошларда уйин қилган, чопинган,

Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?

Жавоб йўқми, кўклардан-да, ердан-да,

Хароб бўлган элдан-да?..

Туркистон:

– Попук таққан попуклар,

Ялпиз терган чобуклар,

Барчин қизғалдоқлар ёшга чўмилғоч,

Келинчак – ғилмонлар ерга кўмилғоч

Гуллар юрти – ҳурлар қўноғи

Тақир бўлмиш чўлдан-да!

Чўлпон:

– От минганда қушлар каби учғувчи,

Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,

От чопганда учар қушни тутқувчи,

Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?

Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Туркистон:

– Ғирот миниб довруқ солган ўғлонлар,

Жондин айро тушғон номус ўчинда.

Чўққилар  сардори бўйсунмас шонлар –

Сор бургутлар хордир тузоқ ичинда.

Чўлпон:

– Сенинг қаттиқ сирт-бағрингни

Кўп йиллардир эзганлар,

Сен безсанг-да, қарғасанг-да

Кўкрагинда кезганлар,

Сенинг эркин тупроғингда

Ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,

Эгаси сени бир қул каби

Қизғанмасдан янчалар?

Туркистон:

– Тилим лолдир, фожеотни

Аён этсам дил ёриб,

Тоза бахтим чечаклари

Хазонланди нечалар.

Оппоқ орзум тонгларинг

Қизил қонларга қориб,

Эрк-онгимга хўжа бўлмиш

Қизил – кофур жўжилар.

Чўлпон:

– Нега тағин танларингда

                    қамчиларнинг кулиши?

Нега сенинг турмушингда

                    умидларнинг ўлиши?

Туркистон:

– Бўйла, бевақт аёз қўпса

                    бордир ғунча сўлиши,

Ахир, ўлдирмак ё тургизмак

                    ҳоким хўжа хоҳиши.

Чўлпон:

– Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?

Нега бунча умидсиздир туришинг?

Туркистон:

– Бахтим ботил қилгач қаро турмушим,

Гумон бўлди маним ҳатто тирик юрмушим.

Чўлпон:

– Нима учун кўзларингда

                    туташгувчи олов йўқ,

Нима учун тунларингда

                    бўриларнинг қорни тўқ?

Туркистон:

– Зўрни кўргач катта итлар

                    тулакланди тил ютиб,

Ўзни шер деб гердайганлар

                    тулкиланди дум қисиб.

Чўлпон:

– Нима учун ғазабингни

                    уйғотмайдир оғу – ўқ?

Туркистон:

– Очнинг ўзга ғами йўқдир

                    магар бўлса қорни тўқ.

Чўлпон:

– Нима учун борлиғингда

                    бу даража бузғунлик?

Туркистон:

– Ҳур ҳаётим оғулади

                    қонли қизил – тўзғунлик.

Чўлпон:

– Нима учун ўч булути

                    селларини ёғдирмас?

Нима учун куч тангриси

                    бор кучи-ла солдирмас?

Туркистон:

– Билки, Мардлик лофин урган

                 барча эр ҳам ботирмас…

Чўғи сўнган эътиқод ҳам

                 олий кучга қодирмас.

Чўлпон:

– Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,

Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.

Кел, кўзингни ёшларини сўриб олай,

Кел, ярали танларингни кўриб олай,

Тўйиб олай.

Туркистон:

– Менга ўқимагил юпанч достонинг,

Сирли эртакларинг энди қилмас кор.

Кўзим ёшин артиб нетарсан мутриб,

Яшил боғим қилмиш хазонлар абгор.

Чўлпон:

– Нима учун ағдарилган, йиқилган

Оғир тожнинг заҳар ўқи кўксингда?

Туркистон:

– Тирналган жонимни тирнама жондош,

Сўроқсиз отилди минглаб олтин бош.

Чўлпон:

– Нима учун ёвларингни бир замон,

Йўқ қилгудай темирли ўч йўқ сенда?

Туркистон:

– Заррача шафқатинг борму

                 ай, қайсар ўғлон,

Темурзодлар бешигинда

                 бўлғон қатағон.

Чўлпон:

– Эй, ҳар турли қулликларни

                 сиғдирмаган ҳур ўлка,

Нега сенинг бўғизингни

                 бўғиб турар кўланка?

Туркистон:

– Кесик най тилкасига

                 боқгилу мунглиғ болам,

Най фиғонидан англағил

                 оҳ ила ўғлиқ нолам.

Гарчи тўрт ёнимдир

                 зулмат қопқаси,

Залолатли турмуш –

                 жарлик ёқаси.

Нокас зотлар маскан

                 қуриб бағримга,

Ўзлик тузин қормиш

                 илон заҳрига .

Гарчи мудроқ бордир

                    сукутда ошкор,

Сукут ичра ботин

                    шиддат исён бор.

Кун келур ғафлатдан

                    Турон уйғонур.

Қўш дарё мулкида иймон қўзғолур.

Шайтанат тахтига

                    жиҳод тузилгай,

Занглаган бу асрий

                    занжир узилгай.

Қасос ўти униб

                    бегуноҳ қондан,

Тангри офат сочур

                    еру осмондан.

Ёвнинг тўрт қибласи

                    беомон ёнгай,

Анғизлар ғанимлар

                    қонига қонгай.

Тангридан ҳидоят

                    ул қутлуғ асно,

Ўғлонлар туғилгач

                    ёвқур ва танҳо.

 

* * *

 

Эрк истаб туғилган

                    шарафли бўғин,

Ватанда тиклайди

                    истиқлол туғин.

Қалбга шифо бўлиб

                    сурнай навоси,

Тангри тоғдан эсур

                    ҳурлик сабоси.

Бахт қуёшим балқиб сочар экан нур.

Шаҳидлар қонидан лола унгай ҳур…

Яшил воҳа қониб

                    севинч ёшимга,

Хумо қуши яна қўнур бошимга…

 

1987й.

 

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x