Ҳовлимизнинг орқасидаги томорқа ерда бир туп ўрик кўчати бўларди. Уни данакдан кўкартирганман. Кўчат шамолданми, остидаги тупроқнинг бўшлигиданми анча қийшайиб ўсди. Учинчи йили гулга кирди. Отам толдан йўғонлиги ўғир дастадек келадиган бир айри чопиб олиб, кўчатни тўғрилаб, унга тираб, боғлаб-чирмаб қўйдилар. Энди кўчат ҳар қандай шамолга ҳам дош бериб, қоматини тик тутганча мағрур турарди. Отам айрининг учини ерга кўмаётганларида:
— Бу қачонгача туради, ота? — деб сўрадим.
— Залдолучанг катта бўлиб, дарахтга айланса, айрининг ҳам ҳожати бўлмай қолади, — дедилар, — ҳозир беқувват-да, тепаси жон олгач, унга айри нимага керак.
— Ҳа.
— Бу йил залдолучанг довучча қилади, сарғайиб пишгач биринчи ҳосилидан Халил бобонгга обориб берасан.
— Нега, ота?
— Чунки Халил бобонг қишлоғимиздаги энг қари, табаррук одам, ният қилиб обориб берсанг, дуо қиладилар. Ўзинг ҳам, залдолучанг ҳам узоқ умр кўрасизлар.
Халил бобо асли Толибнинг бобоси. Толиб мен билан жўра. Унинг отаси Ҳамид тоға отам билан баравар, иккалаларининг ҳам йиллари маймун экан. Лекин отамнинг гапи қўрчи Ҳамид тоға билан эмас, у кишининг отаси — Халил бобо билан чиқади. Эрталабдан кечгача отамнинг дўконларида ўтиради. Мен дам босаман, Халил бобо чой қуйиб беради. Отам темирни оловга қўйган пайтларида Халил бобо бир пиёла чой қуйиб менга узатади, мен олиб отамга тутқазаман. Халил бобо отамни «Уста Карим» деб чақиради. Унинг елкалари кенг, кўкси қавариқ, оппоқ соқоли кўкрагининг туклари билан қўшилиб кетган, кўзлари қизғиш, нуқул тиш қайраб, ғалати овоз чиқариб туради. Гоҳида отам мени уларникига юбориб, бор, Халил бобонгга айт, тезда эшакларини миниб чиқсинлар, дердилар. Мен бориб айтардим. У киши, нимага, қаерга борарканмиз, деб сўраб ҳам ўтирмасдан, бирпасда пиёзи чакмонини кийиб, симобий салласини бошига қўндириб чиқарди. Остида масиққан кўк ҳанги. Халил бобо атайин эшагига хала босиб диконглатади. Мен завқланиб куламан. Отам, бу чол ҳали бизлардан бақувват, дейдилар. Улар бозорга, тўй-маъракаларга бирга боришар, эртаси дўконхонада ўша тўй ёки сафар таассуротларидан узоқ суҳбатлашиб ўтиришарди. Халил бобо намоз-ниёзни билмас, эскичадан ҳам, янгичадан ҳам саводи йўқ эди. Бир куни отам у киши билан қандайдир бир улфатчиликка боради. Улфатларнинг кўпчилиги Халил бобони танимас экан. Отам мезбонларга Халил бобони кўрсатиб, бу киши катта мулло, мадрасани хатм қилганлар, дейди. Бу мақтовлардан эриб кетган Халил бобо қизариниб тўрга чиқиб ўтиради. Об-ошдан кейин отам ёнидаги йигитлардан бирига «Эскича бир жангномами, девонми топиб келсангиз; мулло бобо бир хониш қилсалар», дея шипшийди. Ҳалиги йигит чиқиб кетади ва ҳаял ўтмай қизил духоба жилдга ўроғлик китоб келтириб:
— Мана, «Девонайи шоҳ Машраб», — дея ўпиб икки марта манглайига теккизгач Халил бобога тутқазади. — Қани, мулло бобо, бир эшитайлик.
Халил бобо отамга ўқрайиб қарайди-да, ноилож китобни олиб, тиш қайраганча варақлай бошлайди.
— Ўқирдиму кўзойнагим уйда қолган, — дейди у сир бермай.
Ҳалиги йигит яна чиқиб кетади. Бир пойига қора ип бойланган кўзойнак топиб келади.
— Мана кўзойнак.
Халил бобо отамга яна бир ўқрайиб қарайди-да, бармоғининг учи билан кўзойнакни илиб олиб, тескари томонини кўзига қўндиради. Лекин ҳадеганда кўзойнак қулоғига илинавермайди.
— Бу кичик экан, — дейди қизариб, — яна ойнаги ҳам кўзимга тушмаяпти.
Шунда кулгидан аранг тийилиб турган отам унинг жонига ора киради.
— Кечирасизлар, — дейди у мезбонларга, — мулла бобо янаги келганларида кўзойнакларини олиб келадилар. Ўшанда эшитасизлар. Ҳозир овозлари ҳам андак шамоллаган.
— Тўғри, тўғри, — дейди Халил бобо тиш қайраб туриб атайин йўталаркан, — томоқ чатоқ… томоқ чатоқ.
Шу воқеани отам ҳамқишлоқларга тез-тез айтиб берарди. «Томоқ чатоқ, томоқ чатоқ», деганда ҳамма кулар, уларга қўшилиб Халил бобо ҳам кулар ва бош чайқаб туриб: «Э, касалинг қурсин, усто Карим», деб қўярди.
Ҳовли орқасидаги ўрикчамнинг довуччалари сарғайиб пишса дастлабки ҳосилини ана шу Халил бобога обориб бераман. У киши дуо қиладилар, ўзим ҳам, дарахтим ҳам узоқ умр кўрамиз. Шунинг учун ҳар эрталаб уйқудан тура солиб, айвон томондаги тўсиқдан орқага ўтаманда ўрикчамга қарайман, унинг атрофида айланиб, айрини ушлаб оҳиста силкиб қўяман.
Бир куни эрта азонда уйғониб, қўл-бетимни ҳам ювмасдан томорқага ўтдим. Қарасам, ўрикчага тираб қўйилган айри йўқ. Кўчат мевасининг мўллигидан бир томонга эгилиб қолибди. Мол-ҳол қашланиб тушириб юборган бўлса керак, деб ўйлаб, атрофни кўздан кечирдим. Йўқ. Айрининг учи кўмилган ердаги чуқурча атрофида икки кетмонча тупроқ дўмпайиб турарди. Дарҳол изимга қайтдим. Отам ишга отланаётган эканлар. Айтдим, биргалашиб орқага ўтдик. Отам дарахтчага қараб ўйга толдилар. Мен ҳам хафа бўлиб кетдим. Қанча турганимиз эсимда йўқ, кейин дўконга йўл олдик.
Отамнинг босқончиси Ширинбой тоғам аллақачон чўконни ўт олдириб турган эди. Отам пешбандини белига боғларкан:
— Қумғонни ос, — дедилар Ширинбой тоғамга, — ҳали замон Халил бобо келиб қоладилар.
Мен дам боса бошладим. Ўтхонада тошкўмир аввал сарғиш, сўнг зангор аланга билан гуриллаб ёнди.
Чошгоҳда Халил бобо келиб одатдагидек сўрига чиқиб, оёқларини осилтириб ўтирди. Бу гал у Қобил қўрбошининг қўлга олиниши, унинг Шўрчи бозорида осиғли турган калласи ҳақида қизиқарли ҳикоя қиларди.
— Худонинг қудрати билан, — деди у ниҳоят, — калла ҳам шишиб кетаркан, бир ҳафтача вағ-вағ чибин талаб ётди…
— Кўрганда юрагингиз ачишиб кетгандир?
— Лаббай?! — деди ўзини эшитмаганга солиб Халил бобо.
— Ахир, ўзлари ҳам қўрбошига сарбоз бўлганлар-ку? — деди отам пиёлани менга узатиб.
— Сарбоз бўлиб нима қилибман,— деди Халил бобо оғир олиб,— хуни ноҳақ қилмаган бўлсам, бировнинг молини ўғирламаган бўлсам, ҳа, энди мажбур бўлиб уч-тўрт кун от минганмиз-да…
— Ассалому алайкум!
Эшикда кўринган яктакли, кўкси очиқ, чўққи соқол кишининг саломи билан Халил бобонинг ҳикояси бўлиниб қолди. Отам омбурдаги темир ҳали совиб, қораймаган бўлса-да, уни тезда ўтхонага тиқиб, келувчи киши билан кўришди.
— Келинг, Элмурод бобо! Қалай, бола-чақалар омонми, Тангрибердининг ўғли дастёр бўлиб қолгандир?
— Ҳа, шукур, — деди Элмурод бобо терларини артиб, — қўлтиғимга кириб қолди, ука. Қисмат шу эканда, жўра, отасидан хайриятам шугина тирноқ қолган экан, бўлмаса адойи-тамом бўлардим. Ҳе, уйи куйсин бу урушни, кўпларни хонавайрон қилиб кетди-да…
Халил бобо унга бир пиёла чой тутди.
— Э, барака топинг, — деди у пиёлани олиб ҳўпларкан,— бай-бай, аломат чой бўлибди-да. Ўзиям олма пўстлоғиданми, дейман. Йўқ, дедингизми? Ҳа, тузук-тузук. Бизлар бир ҳафтадан бери олма пўстлоғидан чой дамлаб ичамиз. Бу чойдан ҳеч фарқи йўқ. Дарвоқе, уста Карим, тайёр тақангиз борми, ука? Бир эшакнинг калишини янгиламоқчи эдим, — деди пиёлани қуритиб Халил бобога узатаркан, — жониворнинг туёқлари синиб
оқсаб қолди-я.
Отам болға ура-ура гапира бошлади.
— Тақа бор-у… мих йўқ… сал кутсангиз… беш-ўн мих… ясаб олсак, — деди у болға уришдан тўхтаб, — буёғи ярим соатлик иш.
Элмурод бобо рози бўлиб сўрига чиқиб ўтирди. Ширинбой тоғам молларга ўт ташлагани чиқди. Мен яқиндаги ҳовуздан қумғонни тўлдириб келдим. Эшикдан кираверсам Халил бобо чиқиб кетаётган экан. У киши «Гашти пешин келарман» деди. Отам қўлимдан қумғонни олиб ўтхона ичидаги чангакка илди. Элмурод бобо дам босиб турарди, мен болға уриб отамга кўмаклашардим. Ўн олтита мих ясадик. Тақа ва михларни темир қутига солиб ташқари чиқдик. Элмурод бобонинг эшаги ҳовузнинг қуйироғидаги толга бойланган эди. Яқин бордик. Эшакнинг тўқими ерга тушиб ётарди. Элмурод бобо эшаги ёнига бориб:
— Э, қизиқ-ку, — деди бақа бўлиб, — бунинг айили қани?
Ҳаммамиз ҳайрон қолдик.
— Айили бор эдими? — деб сўради отам.
— Қизиқ экансиз-а, усто, — деди Элмурод бобо митти кўзларини ўйнатиб, — қайси эмари эшакка тўқимни айилсиз босади? Мана, тўқими шу ерда-ку. Анови жиянчангиз олгандир.
Отамнинг буйруғи билан тезда Ширин тоғамни чақириб келдим.
— Айил қани?
— Қайси айил? — деди Ширинбой тоғам отамнинг важоҳатидан қўрқиб, — кўрганим йўқ.
Отам уни қистоққа олди. Ширинбой тоғам титраб-қақшаб, мен олганим йўқ, дерди. Отамнинг дўқ-дағдағасидан мен ҳам қуруқ қолмадим. Иккаламиз ҳам йиғлаб, кўзимизга ёш олдик. Ниҳоят, отамнинг бизларга раҳми келиб, Элмурод бобо билан келишмоқчи бўлди.
— Энди Элмурод тоға, бўлмаган иш бўлибди. Келинг, эшагингизни тақалаб берай, айилингиз топилса обориб берамиз.
— Ў, усто Карим, — деди Элмурод бобо қўлини пахса қилиб, — эшакни тақаланг-у мендан пулини олинг. Майли, бошқалардан икки-уч сўм зиёд ҳам олинг, лекин айилимни топиб беринг.
Отам Ширинбой тоғамга буюрди.
— Бор, охурдан янги олинган айилни олиб чиқ!
Ширинбой тоғам оғилхонадан яқинда олинган яп-янги айилни олиб чиқиб, отамга берди.
— Ана бу айилни олинг, — деди отам, — кеча Азиз арқончидан буюртма қилиб олганман. Боғлаб боринг, топилса, ўз айилингизни оласиз, бўлмаса шу сизники.
— Э, йўқ, усто Карим, — деди Элмурод бобо норози бўлиб, — менга ўз айилимни топиб беринг.
Отамнинг жаҳли чиқди.
— Бор, — деди менга буюриб, — айвоннинг остидан сигирни ечиб чиқ!
Мен зинғиллаб кетдим. Ҳаял ўтмай янги бузоқлаган ола говмишни етаклаб чиқдим. Отам сигирнинг ипини Элмурод бобога тутқазиб:
— Илоё барака топинг, Элмурод тоға, — деди ялинчоқ овозда, — ана шу сигирни олиб боринг, яқинда туққан. Соғиб, ичиб юринг. Айилингиз топилса, бориб сигирни олиб келаман, агар топилмаса…
— Менга сигир эмас, — деди Элмурод бобо, — айил керак, ўз айилим керак…
— Ахир…
— Ўғрилар, — ғудранди Элмурод бобо. Отамнинг ори қўзиб, титраб кетди.
— Ким ўғри? — деди қичқириб. — Ким?
Элмурод бобо ҳам чўққи соқолини олдинга чиқариб кекирдагига зўр берди.
— Шу қишлоқнинг одамларидан бошқа ҳеч ким ўғирламаган, ахир айилни Қоқиштувон ёки Қумқишловдан келиб ўғирлаб кетмайди-ку? Ноинсофлар, каззоб тўқимдўзлар!..
Отамнинг ранги бўздай оқариб, мўйловлари тиккайгандек бўлди.
— Менга қара, Элмурод енгмаш, — деди жаҳл билан унинг ўнг ёқасидан тутиб, — кўп қонимни қайнатма. Айтдим-ку, бир айилингга ана бу янги айилни, ана бу арғамчиларни, ана бу сигирни, э, бор анови ҳовли-жойни ол! Агар, воҳ десам, ҳар нима. Ёки ана бу пичоқни, — деди отам ёнида осилган ярми жезли қиндан дандон сопли пичоқни чиқариб унинг қўлига тутқазаркан, — кўкрагимга ур, лекин ўғри дема, хумса. Оҳ! — деди отам қоп- қора мўйловларини ямлаб, — афсуски, ёшинг катта-да, бўлмаса…
— Айилимни топ!
Отам унинг елкасидан оҳиста итариб юборди.
— Ҳе, айилинг билан, сени ўша…— отам қаттиқ сўкинди. — Бор, менга айил топширганинг йўқ. Кимга берган бўлсанг, ўшандан ол! Мелисага борасанми, прокурорга айтасанми, судга борасанми, уёғи сенинг ишинг.
Элмурод бобо эшаги бўйнидаги арқонни ечиб олиб, айил ўрнида тўқимни мустаҳкамлаб, жаҳл билан икки сакрашда эшагига миниб олди.
— Йўқ, — деди у чинқириб, — мен сен ўғрилар устидан райижрокўмга арз қиламан, кўрсатиб қўяман сизларга фронтовик оиласини хўрлашни… ўғрилар, қароқчилар…
Отам астағфурилло, астағфурилло дея пичирлай бошлади. Ширинбой тоғам янги айил ва арғамчиларни олиб, сигирни етаклаб оғилхона томон кетди. Бир оздан кейин отам ҳушёр тортгандек бўлди, тупроққа қоришиб ётган дандон сопли пичоғини ердан кўтарди-да, жаҳл билан толнинг танасига урди. Тиғ дарахтга бир бўғимча кириб, унинг атрофидан тизиллаб сув чиқди…
Шу воқеадан ўн беш-йигирма кунлар чамаси ўтди. Элмурод бобонинг айилини изламаган еримиз қолмади. Қани энди топилса. Ҳарқалай унинг ўзи ҳам қорасини кўрсатмай кетди. Бир куни отам ишдан қайтиб, ювиниб ўтирарди. Қуёш аллақачон ҳовли деворлари ортига пана бўлган. Мен супадаги катда китоб ўқиб ётар, отамнинг тезроқ ювинишини кутиб, у киши томон дам-бадам кўз ташлаб қўярдим. Чунки бугун отамга «Кунтуғмиш»нинг давомини ўқишим керак. Худди шу аснода дарвоза томондан «Усто Кареем!» деган овоз эшитилди. Отам, қара-чи, дедилар. Мен ҳали катдан тушмасимдан, ўша овоз яна такрорланди: «Усто Кареем!». Дарвозахонага чиқдим. Ҳайратдан довдираб қолдим. Қўлида халачўп билан Элмурод бобо турарди.
— Отанг қани?
— Уйда.
— Чоп, чақир!
Ҳафсаласиз изимга қайтдим. Отам ювиниб бўлган эдилар.
— Ким?
— Элмурод бобо!
— А! — Отамнинг ранги қум-қуйт ўчди. — Нима дейди?
— Билмасам, отангни чақир, деди.
Отам шошилиб, оёғига калишини илиб дарвозахонага йўл олди. Изидан мен ҳам.
Отам Элмурод бобога рўпара бўлиши билан у:
— Ассалому алайкум, устожон, — деди орада ҳеч гап ўтмагандек, — айил топилди, жўра. Қани, юринг тез.
Отам бир сўз ҳам демасдан унга эргашди. Одатдагидек, изларидан мен ҳам лўкилладим. Катта йўл устидан чойхона олдида бир гуруҳ одам тўпланиб, ўзаро шовқин солиб туришарди. Отамнинг қораси кўриниши билан улар жимиб қолишди. Яқин бордик. Одамлар қуршовида ўт ортмоқланган бир эшак турарди. Элмурод бобо унга яқинлашиб:
— Ана, менинг айилим, — деди ўт аралаш ола-була айилни тутиб,— ўғирланган айил ана шу.
Отам жаҳл билан одамларга бир-бир қараб чиқди. Унинг ўткир нигоҳи бир чеккада писиб, ерга қараб турган Халил бобога келиб тақалди. Халил бобонинг ўсиқ қошлари қизғиш кўзларини батамом бекитган, бўйни эгилиб, оппоқ қалин соқоли тўлқинланиб турарди. Негадир у тиш қайрамас эди. Бир пайт отам ловуллаб жунбушга келгандек бўлди. Шиддат билан эшак устидан ўтни ағдарди. Ўт билан эшак ҳам чўзилиб, шу онни ўзида потирлаб ўрнидан туриб кетди. Отам ўтни топтаб, силкитиб ундан ола айилни ажратиб олди-да, Элмурод бобога қараб ирғитди.
— Ол, айилингни, — деди хириллаб, — йўқол кўзимдан! Ўн беш кундан бери бутун оилам, иккала фарзандим қон ютади. Қани, йўқол! — деди у тишларини ғижирлатиб. — Йўқол!
Элмурод бобо пилдираб қочиб қолди.
Сукунат чўкди. Отам бир-бир босиб Халил бобога рўпара бўлди. У чойхона айвони остонасида бир ҳолатда ўтирарди.
— Қани, туринг, мулло бобо, — деди отам аччиқ кесатиб. Халил бобо ҳадиксираб ўрнидан турди. — Очилов, — деди отам ҳосилотга. — Тўравой, — деди бригада бошлиғига. — Қани, юринглар, қишлоқни номусларга ўлдирган анови беимон чолнинг ҳовлисига борамиз. Бошқаларга жавоб.
Отам, Очилов ва Тўра амаки калласи кўксига солинган Халил бобонинг изидан унинг ҳовлисига йўл олдилар. Тўра амаки менга, сен қайт, деган эди, отам: «Қўй, келаверсин!» деди. Халил бобонинг дарвозасидан кириб, ёнбошдаги каш-каш1 қурилган сайисхонага ўтдик. Эшиклар очиб ташланди. Отам сайисхона шифтига, устун ва деворларга урилган мих ва қозиқлардан анча нарсаларни олиб супага чиқариб ташлай бошлади. Мен санаб турдим. Бу нарсалар орасида 6 чилим, 3 кўза, 11 мис офтоба, 12 арғамчи, 9 айил, 22 кашкорд, 19 ўроқ, охурлардан топилган 4 эгар, 13 тўқим, куяга ем бўлган 2 хуржун, 2-3 узуқ-юлуқ юган, сон-ҳисобсиз бел ва кетмон, хуллас, кейинги 10-20 йил ичида ўз қишлоғимиз ва қўшни қишлоқлардан нимаики йўқолган бўлса, ҳаммаси шу ердан чиқди. Сайисхона деворига бешта омоч ва иккита бўйинтуруқ ҳам суяб қўйилган эди. Бир пайт отам сайисхонадан яна бир ёғочни олиб чиқиб супага ирғитди: бу менинг эгри ўсган ўрикчамга тираб қўйилган ўша айри эди…
Халил бобонинг ҳаётдан кўз юмганига, мана, ўн йилдан ошди.
Айтмоқчи, айриси ўғирланган ўша ўрик кўчати ҳозир чорак танобча ерга шох отиб, тарвақайлаб кетган, йигитнинг қучоғига сиғмайдиган танаси ерда ёнбош ётибди. Ўрик пишиғида йўлим яна она қишлоққа тушди. Тўқсон ёшли отам ўрик соясидаги сўрида қўшқават кўрпача устида… ўтирардилар. Дўст-ёрлар билан унинг атрофида давра қурдик. Отам ўтирган жойидан бемалол қўл чўзиб, зардолу териб дастурхонга қўярканлар:
— Ҳар ёмоннинг бир яхши томони бўларкан, — дедилар қиқир-қиқир кулиб. — Эсингдами, ўшанда раҳматли Халил бобонинг айрини ўғирлагани яхши бўлган экан. Акс ҳолда бу дарахт тик ўсарди, мен бечора унга чиқа олмасдан овора бўлиб юрардим.
Даврадагилардан фақат менгина жилмайиб қўйдим. Чунки бошқалар бу воқеадан хабарсиз эдилар.
Неъмат Аминов,
Ўзбек халқ ёзувчиси
https://saviya.uz/ijod/nasr/ayri/