Бундан бир йил аввал, худди шу ойда улуғ шоиримиз Абдулла Ориповни муборак 75 ёши билан қутлаган, у кишининг шеъру достонлари, таржималари, шахсияти ҳақида тўлиб-тошиб сўз айтган, мутафаккир шоиримизга узоқ умр тилаган эдик. Эвоҳки, бугун ардоқли шоир орамизда йўқ! Албатта, яқиндагина даврани тўлдириб юрган, пешма-пеш ҳикматга бой шеърларини эълон қилган, мазмунли суҳбатлари билан қалбларни қувонтирган шоир ҳақида бугун ўтган замонда гапириш шеърият мухлислари учун жуда оғир ва изтиробли. Зеро, кимдир у кишига эҳтиромини изҳор қилишга улгурмади, яна кимдир шоирнинг суҳбатидан баҳра ололмай қолди… Аммо ягона таскин-тасалли шуки, Абдулла Орипов адабиёт аҳлига бой адабий мерос қолдирди. Ўзбек шеърияти, унинг ривожи-тараққиёти ҳақида сўз айтилар экан, Абдулла Орипов номини шаксиз тилга оламиз. Қолаверса, нуктадон шоиримизнинг таржималари, хусусан, улуғ итальян шоири Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия”сидан, А.Пушкин, Л.Украинка, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар ижодидан ўгирганлари ҳам неча-неча тадқиқотларга манба бўлгулик. Қуйида Абдулла Ориповнинг шоир-таржимонлик фаолияти ҳақида сўз юритилади.
Таҳририятдан
Ўзбек шеърияти – азалдан бой ва ранг-барангдир. ХХ асрда бу шеърий хазина Абдулла Орипов ижоди билан янада бойиди, юксалди. Бир қараганда барчага таниш анъанавий шаклларда ижод қилган атоқли шоиримиз мутлақо янгича шеърий оҳангларни кашф этдики, унинг шеърий истеъдоди, маҳорати қирралари, адабий-фалсафий қарашлари моҳиятини адабиётшунослигимиз ҳали-ҳануз тўлақонли ўргангани, таҳлил қилолгани йўқ. Бу фикрни шоирнинг Пушкин ҳақидаги мулоҳазалари, жумладан, мухбирнинг: “Пушкин шеъриятининг ҳамиша тириклиги, яшовчанлиги ҳар бир китобхонни ҳайратга солиб келади. Сизнингча, бунинг “сири” нимада?” деган саволига берган жавоби билан ҳам тасдиқлашимиз мумкин: “Пушкин қўллаган шеърий шакллар ҳозир анъанавий бўлиб қолди. Лекин нега Пушкин шеърлари эскирмайди?! Пушкин давридан буён ўнлаб, балки юзлаб шеърий экспериментлар пайдо бўлди. Лекин нега “энг янги шакллар” жаҳон бадиий тафаккурида муҳим зина бўла олмаётир. Бунинг сабаби оддий ва соддадир. Яъни ўз-ўзича шакл ҳеч нарсани англатмайди. Либос нисбийдир, фақат руҳ ва маъно моҳиятни белгилайди. Адабиётдаги шаклий изланишлар ниҳоятда зарур. Лекин у нечоғлик замонавий ва илғор бўлмасин, ночор истеъдодни таназзулдан асраб қололмайди. Пушкин шеъриятининг ўлмаслигига сабаб – унинг сатрлари орасида даҳо шоирнинг юрак нафаси уфуриб туради”.
Ўз асарларида теран фалсафий маъноларни ифодалай олган шоирнинг адабий таржималарида ҳам ана шундай ёмби фикрлар, қарашлар гўзал ва бетакрор тарзда акс этади. Атоқли шоиримиз ўзбекчага ўгирган асарлар, хусусан, Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия” поэмаси (“Дўзах” қисми), Леся Украинканинг “Мағораларда” ҳамда Еньё Хельтаининг “Соқов рицар” шеърий драмалари, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Егише Чаренц, Қайсин Қулиев, Хариванш Рай Баччан, Сергей Баруздин, Крести Мерилаас, Адҳат Синўғил, Халил Ризо каби шоирларнинг шеърлари, Маҳсатий Ганжавий рубоийлари адабиётимиз хазинасига айланган. Энг муҳими, Абдулла Орипов таржимасида шеърлар ўзбекона қарашларга эш бўлиб, халқимизнинг кўнглидаги гапларга айланиб кетади. Мана, Александр Пушкиннинг “Ҳикмат” шеърига эътибор беринг:
Кулбада биттагина шам ёниб турар эди,
Равшан бўлди ёқишгач, яна битта шамчироқ.
Бежиз эмас, қадимги донолар деяр эди:
“Тўй яхши-ю ва лекин кенгашли тўй яхшироқ”.
“Кенгашли тўй тўзимас”, “Маслаҳатли ош айнимас” каби кўплаб ҳикматларни ҳаётий ақидасига айлантирган халқимиз учун кенгашиб, кўп билан бамаслаҳат бошланган тўйнинг хайрли, бекаму кўст ўтиши азалдан маълум. Содда қилиб айтганда, “кенгашли тўй” ибораси ҳам, бу ибора англатган маъно ҳам Пушкин мансуб рус халқидан кўра бизга кўпроқ таниш ва қадрдон. Шу боис бир шамнинг ёруғига бошқасининг қўшилиши билан кулбанинг янада ёруғлашиши, агар бу ташбиҳни ҳаётга менгзайдиган бўлсак, ота-онанинг жонфидолиги, фарзандларнинг меҳри, ёр-дўстларнинг оқибати, устозларнинг фидойилиги ва бошқа-бошқа кўплаб инсоний фазилатлар кишиларни бир-бирига елкадош-кўмакчи қилиши, бирининг камини бошқаси тўлдириши ана шу қисқагина ҳикматда акс этган-қўйган.
Ёсуман, қасирға, зулф, бадхў, лаим, биллоҳ, аҳволи тийра, ёбон, шоён, абгор, белутф, арш, ибтидо, пири комил, ноил, оташгоҳ, тамуқ, диловар, хайрбод, серитоб, олий хиргоҳ, бесару саман, раҳбон, бақо дунёси, хилқат, салаф… Дантенинг “Илоҳий комедия”си “Дўзах” қисмидан олинган бу сўзлар асарнинг мумтоз итальян тили руҳиятини мумтоз туркий шеърий тил орқали ифодалашнинг ғоят юксак йўли. Айни чоғда, мутаржим туркий мумтоз адабий тилни замонавий контекстга ўраб, ўқувчига матнни тўла тушунмоғи учун зўр имкон яратади. Мана бу том маънодаги бадиий таржима мўъжизасидир.
Абдулла Орипов қай мавзуга қўл урмасин, қай шаклда шеър битмасин, мудом эзгулик билан ёвузликнинг азалий кураши, оламнинг меҳвари одамийлик экани, ёмонлик қилиб ҳаргиз яхшилик топиб бўлмаслиги каби умуминсоний қадриятларни куйлайди. Шоир таржималарида ҳам шундай руҳ ва оҳанг сезилади. Бошқача айтганда, Абдулла Орипов таржима учун ўзининг қалбига яқин шеърларни танлайди ва шу боис ҳам таржималари худди ўзининг асарлари қадар таъсирчан ва бетакрор жаранглайди.
Пушкиннинг “Туморим” шеъридан олинган мана бу тўртликни қаранг:
Бегона элларда ёзиб хуморим,
Эринчак сукунат қўйнида қолсам,
Оловли жанг ҳиссин қалбимга солсам,
Ўзинг асра энди мени, туморим.
Агар синчков ўқувчи бу шеърнинг Пушкин қаламига мансуб эканини билмаса, уни худди ўзбек шоири, шоири бўлгандаям, Абдулла Ориповдек етук ижодкор ёзганидан фарқлаши қийин. Аввало, туморни эъзозлашимиз, кўксимизда олиб юришимиз, унинг сирли-сеҳрли кучига ишонишимиз – халқимизнинг кўп минг йиллик анъаналари сирасига киради. Қолаверса, ифоданинг ўзбеконалиги, сўзларнинг топиб қўллангани ҳам Абдулла Орипов маҳоратидан далолатдир. Айнан шу фикрни Пушкиннинг бундан-да маҳоратлироқ ўгирилган яна бир тўртлиги ҳақида ҳам айтиш мумкин:
Шундоқ экан бу дунё, шундоқ бўлур ҳамиша,
Кўҳна бир ҳақиқатнинг дўкони ёпилмайди.
Доно одам жуда кам, гарчи кўп илм пеша,
Бисёрдир таниш-билиш, лекин дўст топилмайди.
Бу энди нафақат моҳирона таржима, айни чоғда Абдулла аканинг Пушкиндан зиёд бўлса, зиёд, аммо сира кам бўлмаган дардининг омухталашувидир. Шу уйғунлик бу тўртликни ўзбек таржимачилигининг дурдонасига айлантирган, десак асло муболаға эмас.
Умуман, Абдулла Орипов таржималаридаги ифоданинг бетакрорлиги ва самимийлиги ўқувчини ром этади. Атоқли болқор шоири Қайсин Қулиевнинг мана бу шеърига қулоқ тутинг:
Гуллар бош эгади,
Юлдуз чарақлар.
Қор эриб, тоғлар ҳам товланар турлик,
Мен учун дунёда ҳаммадан баттар
Ҳайратни билмаган одамлар шўрлик.
Назаримизда, мана шу банддаги биргина сўз – “турлик” шеърга ўзига хос оҳанг бағишлаган.
Халқимиз орасида Абдулла Ориповнинг “Муножот”ни тинглаб” шеъри “Муножот” куйидан кам машҳур эмас. Айниқса, “Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига Қандай чидар экан одамзод?” каби сатрлардаги аччиқ ҳузун, теран мунг ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Абдулла ака таржима қилган Маҳсатий Ганжавийнинг рубоийларида ҳам шунга ўхшаш оҳанг сезилади.
Сени ёндирдилар, айт-чи, шам, нечун,
Ёндириб, унутиб кетдилар бутун?
Ўзинг айт, найласин, инсон ўзи ҳам,
Яралган бўлса гар ёнмоқлик учун?
Бундай уйғунлик замирида, назаримда, инсоннинг яралиши, унинг орзу-армонлари, қувончу ташвишлари ҳақида чуқур тафаккур қилган икки ижодкорнинг уйқаш хулосалари мужассам. Бу фикрни ҳинд шоири Хариванш Рай Баччандан қилинган таржима ҳам тасдиқлайди.
Хаёл оти мени йироққа
Олиб кетса ҳамки ногаҳон,
Тушса ҳамки бир зум фироққа
Унутмасман сени, Ҳиндистон.
Десаларки, юр, шоир, ахир,
Боғи Эрам мевалари соз,
Лекин, юртим, мен сенинг тахир
Илдизларинг этардим эъзоз.
Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” шеърини ким билмайди, дейсиз? Бу шеърда юксак маҳорат билан ифодаланган чинакам ватанпарварлик, киндик қони томган заминга садоқат туйғулари қалбимизни тарбиялайди. Асарда Ватан шунчаки кун кечириладиган маскан эмас, балки инсон бўлиб яшашимизнинг асосий шарти экани юксак пардаларда куйланган. Ва умуман ҳар бир инсон учун, у Америкада яшайдими, Австралиядами, она Ватанини таниш – одамийликнинг биринчи белгиси. Бу ҳақиқатни чуқур англаган ва ўзи ҳам худди шу руҳда асарлар битган Абдулла Ориповнинг ҳинд шоири асарини келиштириб, руҳини, оҳангини сақлаб таржима қилишининг боиси ҳам, бизнингча, шунда.
Леся Украинканинг “Мағораларда” шеърий драмаси таржимаси ҳам алоҳида эътиборга молик. Асар номи рус тилига “В катакомбах” деб ўгирилган. Бу сўз (“катакомба”) русча-ўзбекча луғатларда вайрона, чуқурлик каби маънолар билан изоҳланган. Абдулла Орипов эса уни ўзбекчада шундай жаранглатади: “Мағора”! Бу сўз сирлилиги, жозибаси билан ҳам тилимизнинг бойлигини, ҳам шоир-таржимоннинг улуғлигини кўрсатади.
Айни жиҳат шоирнинг маҳоратидан далолат бериши баробарида Абдулла Ориповнинг таржимонлик мактаби мавжудлиги ва у бошқаларга, айниқса, бугун мутаржимлик қаламини қўлига олган ёшларга жуда-жуда катта ибратдир. Абдулла ака: “Биз, энг аввало, Пушкиннинг самимиятидан ибрат олмоғимиз лозим”, деганидек ва ижодида бу аҳдига содиқ қолганидек, бугунги ўзбек ёшлари, ижодкорлари Абдулла Орипов самимиятидан, маҳоратидан ибрат олмоғи, ўрганмоғи лозим ва лобуддир.
Шуҳрат РИЗАЕВ,
Отабек САФАРОВ
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/28/abdulla-oripov-shoir-tarjimon/