Атоқли инглиз ёзувчиси, драматург, адабий танқидчи. “Крэддок хоним” (1902), “Ой ва сариқ чақа” (1919), “Театр” (1937), “Сарҳисоб” (1938) романлари, “Мактуб” (1927), “Шеппи” (1933) пьесалари, шунингдек, кўплаб адабий-публицистик руҳдаги асарлари билан танилган.
САРҲИСОБ
Рус тилидан
Олим ОТАХОН
таржимаси
I
Бу китоб – таржимаи ҳол ҳам, ёднома ҳам эмас. Ҳаётда нимаики бошимдан ўтган эса, ёзган асарларимда фойдаланганман. Бир пайтлар аллақайбир кечинмаларим туртки бериб, улардан бадиий асар яратиш учун воқеалар, иштирокчилар ўйлаб топардим, кўпинча ўзимга яқин ёки жилла қурса таниш бўлган одамларни образ қилиб олар ва шулар асосида ўша асарим қаҳрамонини яратардим. Ҳаётда рўй берган ҳодисалар билан ўзим тўқиган воқеалар шунчалар аралашиб кетганки, ортимга ўгирилиб қарар эканман, ўтмиш ҳаётимда улардан қайси бири бўлиб ўтгану қай бирини тўқиганман – айтиб беришим қийин. Уларни эслаб, ажратган тақдиримда ҳам, илгари ҳар қанча самарали фойдаланган бўлсам-да, такрор қаламга олишнинг ҳеч қизиғи йўқ. Бунинг устига улар сийқа таассурот уйғотиши мумкин. Ҳаётим бир хилда кечмаган, вақти-вақти билан қизиқ ҳолатлар ҳам бўлиб турарди, аммо саргузаштларга у қадар кўп эмас. Хотирам чатоқ. Латифаларни эшитаётганда дурустгина эслаб қолгандек бўламану битта-яримтасига айтиб беришга чоғлансам, асти эслай олмайман. Ҳаттоки ўз ҳазил-ҳузулларим ёдимда турмайди, шу сабабли уларни такроран айтиб беролмайман. Тушунаман, бу камчилигим мен билан ошначилик қилганларга ҳам малол келади.
Ҳеч қачон хотира дафтари тутганим йўқ. Энди, илк бор драматург сифатида муваффақият қозонгач, шундай қилмаганимга кўп афсусланяпман: ўша йиллар кўпдан-кўп қобилиятли, дунё билгич кишилар билан танишгандим, ўшандай дафтар тутганимда эди, хотираларим қизиқарли ёднома бўлиб қоларди. Ўша пайтлар зодагонлар ва заминдорлар, айниқса, Жанубий Африка Республикасида шарманда-ю шармисор қилган лаёқатсизликлари сабаб халқ назаридан қолганига қарамай, буни ҳали сезишмас ва ўзларига бино қўйиб юришарди.
Ўзим таниган айрим сиёсий арбобларнинг оилалари даврасида шундай суҳбатлар бўлардики, гўё ҳамон Британия империясини бошқариш улар қўлида қолгандек осмондан келишарди. Эсимда, умумий сайловлардан кейин ҳам уларнинг “Ички ишлар вазирлигини Томга берсак”, “Дик Ирландияни бошқаришга рози бўлармикан”, деган мулоҳазаларини эшитганимда, тўғриси, қулоқларимга ишонмагандим. Ҳозир Хэмфри Уорд хонимнинг романларини ўқийдиганлар анқонинг уруғи бўлса керак, бироқ бу асарлар ҳар қанча зерикарли бўлмасин, ўша давр ҳукмрон синф вакиллари ҳаёти ҳақида дурустгина тасаввур бера олади. Бу ҳаёт деярли барча ижодкорларни, айниқса, романнависларни ўзига оҳанрабодек тортар, умри давомида ақалли бир марта бўлсин лорд билан суҳбатлашиш у ёқда турсин, у билан умуман учрашиш насиб этмаган ёзувчилар ҳам киборлар жамиятининг вакиллари ҳақида ёзишни ўзларининг муқаддас бурчи дея биларди. Ўшандаги театр афишаларини кўрган киши фахрий номдаги персонажларнинг кўплигидан лол қоларди. Театр директорларининг фикрича, бунақа қаҳрамонлар томошабинлар эътиборини тортарди, актёрлар шу ролларини ижро этишга талпинарди.
Бироқ имтиёзли синф намояндаларининг сиёсий рутбаси нест-нобуд бўлгани сари томошабинларнинг уларга бўлган қизиқиш-майллари ҳам сусайиб борарди. Томошабин ўзи мансуб табақа вакилларини қийнаётган давр муаммоларини ҳал қила олишга қобил бадавлат савдогарлар, сармоядор зиёлилар образини саҳнада кўришга кўника бошладилар, зеро, агар мавзу талаб қилмаса, бадиий асарга номдор зодагонлар образи киритилмасин, деган қоида секин-секин ёзилмаган қонун кучига кира бошлади. Ўша пайтда қуйи табақа вакиллари ҳаётини тасвирлаш билан томошабинни ҳали қизиқтириб бўлмасди. Улар ҳаёти акс этган роман ва пьесаларни менсимай, калондимоғлик билан кутиб олишарди. Энди кўрайлик-чи, бу синф сиёсий кучга айлангач, узоқ замонлардан буён оқсуяк зодагонлару сармоядор аъёнлар ҳаётига ҳавас билан қараб келган омма, дунёга келган бу синф вакиллари турмуши акс этган асарларга қизиқиш билан қарармикан?!
Ўша вақтлар насл-насабининг шарофати, машҳурлиги ёки жамиятдаги мавқеи туфайли ўзларини тарихий шахс ролини бажариш қисматига ноил, дея ҳисоблашлари мумкин бўлган бирталай кишилар билан танишишга муяссар бўлдим. Улар мен кутганчалик беназир фазилатлар соҳиби эмас экан. Инглизлар – сиёсий жараёнларга қизиқувчан миллат, мени жамики нарсалардан кўра сиёсатни афзал билувчи хонадонларига тез-тез таклиф этиб туришарди. Ўша ерда учратганим таниқли давлат арбобларидан ҳавас қиларли фазилатларни – заковат, жўмардлик сифатларини излаб тополмадим. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўзимча, мамлакатни бошқариш учун одам жудаям закий бўлиши шарт эмас экан, дея хулоса чиқардим, эҳтимол, бу фикрим ноўриндир, ким билади яна. Кейинчалик юксак мансабларга эришган турли сиёсий арбоблар билан таниш-билишчилик қилдим, уларга ҳам мен кутган ақл-заковатдан юқтирмаганлигини кўриб, ёқамни ушлаб қолгандим. Улар оддийгина ҳаётий масалаларни ҳал қилолмас, умуман, уларни яхши тушунолмасдилар, камдан-кам ҳоллардагина ўткир ақл ёки бой тасаввурларидан бохабар бўлиб қолардим, холос. Бир замонлар мен, улар нотиқлик иқтидори, гапга чечанликлари сабаб жамиятда шу мавқени эгаллаганлар, шу салоҳиятларидан миннатдор бўлишлари керак, дея ўйлардим, ахир, демократик жамиятда инсон, омади гапни айтганда, агарда оммани маҳлиё қилолмаса, ҳокимиятни эгаллолмайди, сўзамоллик қобилияти эса, маълумки, одамнинг тафаккур қудратига доимам мувофиқ бўлавермайди. Лекин масала бунга боғлиқ эмас, шекилли, негаки мен ўртача ақл эгаси деб ҳисоблаган айрим арбоблар давлат ишларини муваффақиятли бажаришарди. Бундан мамлакатни идора қилиш учун одамнинг умумий қобилиятига заррача алоқаси бўлмаган ўзига хос хусусиятга эга истеъдоди бўлиши керак, деган фикр туғилади. Мен жуда катта бойлик орттириш баробарида гуллаб-яшнаётган йирик корхоналарни бошқараётган тадбиркор, ишбилармон кишилар билан яқин эдим, ана ўшалар ҳам ўзларининг касби-корларига тааллуқли бўлмаган ишларни бажариш зарурати туғилиб қолса, қўлларидан ҳемири келмайдиган, ношуд, уқувсиз кишиларга айланишарди-қўярди.
Ўшанда уларнинг гурунгларига қулоқ солиб, ҳафсалам пир бўлар, оғизларидан чиқаётган бетайин гап-сўзларга ҳанг-манг бўлиб ўтирардим. Уларнинг суҳбати, камдан-кам ҳолларни айтмаса, ақлга озуқа беролмасди. Бундай йиғилишлар гарчи кўнгилдагидек бўлмаса ҳам, доимо жуда енгил ўтар, юзаки кечарди. Жиддий мавзуларга ўтишмас – уларни улфатчиликда муҳокама қилиш одобдан эмас, дея ҳисоблашарди. Ҳолбуки, ўз соҳаларига оид масалаларни қўзғаш чоғида эҳтиёткорлик билан одоб доирасидан чиқмасликка уринишар, шу боис ўзларини ҳаддан зиёд қизиқтирган нарсалар ҳақида оғиз очишмасди. Айтишим мумкинки, суҳбат одоб доирасидан чиқмаган ҳолда беихтиёр фисқ-фужур, ғийбатга айланар, бироқ шунда ҳам бир марта бўлсин эсда қоларли ва кейинчалик такрорлашга арзийдиган, кифтини келтириб айтилган ўткир иборалар эшитишга тўғри келарди. Баъзида, санъатнинг ягона вазифаси – одамларни жиддий қиёфада бемаъни гапларни вайсаб ўтиришга ўргатишмикан, дея ўйлаб қоласан киши. Мен учратган энг дилкаш, гапларини бир кун эшитмасанг соғиниб қоладиган суҳбатдош, эҳтимол, Эдмунд Тосседир. У гарчи жиддий мутолаа қилмаган бўлса ҳам, кўп ўқиган, гап-сўзларидан бамаъни, зийрак ва фикрчан одамлиги сезилиб турарди. Нимасини айтасиз, ақли расо киши эди. Хотирасига қойил қолардингиз, ҳазилкаш, гапга чечан, қув. Суинбернни яқиндан танир ва у ҳақда завқ билан ҳикоя қилар, ҳеч қачон кўришиши мумкин бўлмаган Шелли ҳақида ҳам худди у билан қадрдон дўст бўлгандек зўр ҳаяжон-ла айтиб беришни хуш кўрарди. У узоқ йиллар турли-туман атоқли одамлар билан ошна-оғайничилик қилган. Менимча, у жуда мағрур одам бўлган, шунинг учун уларнинг ожизликлари, ғалати, куракда турмайдиган инжиқликларини кузатишдан ҳузурланган. Ишончим комилки, бу мушарраф кишилар унинг ҳикояларида ҳаётдагидан кўра мароқлироқ тасвирланган.
II
Одамларнинг машҳур кишилар билан танишишга бунчалар интилишлари мени доимо ҳайратга солади.
Машҳур одамлар билан танишчилик қилишингиз ошно-оғайниларингиз олдида сизга обрў келтиради. Сизнинг ўзингиз ҳам чакана одам эмаслигингизни тасдиқлайди, холос. Номи чиққан кишилар хом сут эмган бандалар билан муомала қилишнинг ўзига хос усулларини шакллантирадилар. Улар банибашарга, кўпинча, ишонарли ниқобларини тақдим этишади, бироқ ҳақиқий қиёфаларини зўр ҳафсала билан яширадилар. Улар ўзларини қандай кўришни истаётганларига қараб, худди шундай қиёфада намойиш этишга ҳаракат қилишади, яъни шундай ролга киришади ва аста-секин бу ролни қулинг ўргилсин қилиб ижро этишни ўрганиб олишади, лекин актёр ўзини ўзи ўйнаяпти, деб тасаввур этиш айни ҳамоқат бўлурди.
Ҳаётимда бир қанча одамлар билан, ҳаддан ташқари десам янглишмайман, яқин бўлганман, бироқ одамлар билан феъл-атворларидан келиб чиқиб эмас, балки касбим сабаб, ижодимга фойдаси тегиб қолар деган мақсадда яқинлашишга ҳаракат қиламан. Ҳар битта инсонга ёзувчи нигоҳи билан, менга асқатиб қолиши мумкин бўлган “хомашё” сифатида қарайман. Шунинг учун номаълум кишилар машҳур одамлардан кўра кўпроқ эътиборимни жалб этади. Улар камдан-кам ҳолларда ўзлигини бой беришади.
Ўзларини ҳимоя қилиш ёки дунёни лол қолдириш учун ўзларини аллаким қилиб кўрсатишлари шарт эмас. Тор, чекланган фаолиятлари давомида ҳам уларнинг ўзларига хос хусусиятлари осонгина тараққий этиши мумкин, ҳамманинг диққат марказида бўлмаганликлари боис, ниманидир яратишлари кераклиги хаёлларига ҳам келмайди. Улар жинни-санғи қилиқларини ошкора намойиш этаверадиларки, ўзларида бирон каромат борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қолаверса, алалоқибат, биз, қалам аҳли ана шундай оддий одамлар, уларнинг ҳаёти, ўй-хаёллари, интилишлари билан яшаймиз-ку! Қироллар, мустабидлар, йирик санъат магнатлари, бизнингча, нима каромат кўрсата оларди ижод аҳлига?! Қанчадан-қанча ёзувчилар неча-неча замонлар уларнинг ҳаётини қаламга олиш васвасасига йўлиққан эдилар, бироқ бундай уринишларнинг муваффақиятсиз якуни шуни кўрсатадики, бундай шахслар ҳеч кимга ўхшамасди, бинобарин, улар адабий асар қаҳрамони бўлолмасди. Уларни тирик, жонли одамлар сифатида акс эттиришнинг иложи йўқ. Бундай қарасанг, оддий одамлар ҳаёти ёзувчи учун битмас-туганмас манба: бойроқ, серқатлам ва мазмунлироқ. Уларнинг кутилмаган, бетакрор, чексиз-чегарасиз, ҳеч қандай қолипга тушмаган ранг-баранг воқеа-ҳодисаларга тўла ҳаёти бебаҳо дафинадек гап. Калонпошшоларнинг турмуши ниҳоят даражада рангсиз, ҳар хил ногаҳоний ҳодисалардан йироқ ва шу важдан – зерикарли. Кичкина одам зиддиятлар, қарама-қаршиликлар тугунидек гап. У тегирмондан бутун чиқади. У ҳар хил воқеалардан тегишлича хулосалар чиқариб олишга шошилмайди, кўнгилчан, телба-тескари одатлар манбаи, энг муҳими, яшовчан. Сиз учун асраб қўйган сюрпризларининг адоғи йўқ. Шахсан ўзим одам оёғи етмаган олис оролда Англия Бош вазиридан кўра оддий байтар билан бир ой қолишга бажонидил рози бўлардим.
IV
Мазкур китобда илгари ҳам эслаб ўтишимга тўғри келган кўпгина мулоҳазаларим, кечинмалар учраши мумкин. Шунинг учун уни “Сарҳисоб” деб номладим. Судья кўриб чиқаётган ишга якун ясаркан, у маслаҳатчилар ўрганиб чиққан воқеалар хусусида тўхталиб ўтади ҳамда қороловчи билан оқловчиларнинг нутқини изоҳлаб беради. Янги далиллар келтирмайди. Шунга ўхшаб, мен ҳам бутун ҳаётимни китобларим қатига жо қилган эканман, айтмоқчи бўлаётган гапларимнинг кўпи, табиийки, улардан жой олади. Ҳозир мен қарашларим ва мулоҳазаларимга имкон қадар озми-кўпми тартиб беришим мумкин, холос. Эҳтимол, қайсидир қисмларида, илгари наср ва драматургиянинг ёзилмаган қоидалари тақозо этган чеклашлар важидан фақатгина ишора қилиб ўтилган жойларда, у ёки бу фикрни янаям батафсилроқ, кенгроқ таҳлил қилиб беришимга тўғри келар.
Ушбу китоб табиатига кўра худбинона ёзилган бўлиши мумкин. Унда ўзим учун муҳим бўлган нарсалар хусусида, яна тағин менинг ўзим ҳақимда сўз боради, негаки мен буларни қандай қабул қилган ва уларнинг табиатини қандай тушунган бўлсам, шунга қараб талқин этаман. Аммо бу менинг таржимаи ҳолим ёки ҳаётимнинг инъикоси дегани эмас. Кўнглимни дастурхон қилиш ниятим йўқ, қолаверса, китобхон билан ҳам диллашмоқчи эмасман. Шундай нарсалар борки, уларни сир сақлашни лозим кўраман. Ҳеч қайси одам, минг қилса ҳам, ўзи, кўнгли, хаёллари, орзулари, хоҳиш-истаклари ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиб беролмайди. Руссо ўзининг “Тазарру”сида дунёдаги жамики кўнгли нозик кишиларнинг иззат-нафсини таҳқирлаган воқеалар ҳақида ёзади. Одам боласи тилга олишга уяладиган бундай ҳодисаларни шунчалик ҳам ошкора баён қиладики, ҳаётда рўй бериши даргумон, ҳаттоки айтиб бўлмайдиган бу воқеаларга китобда такрор-такрор урғу берилганига одам ажабланади. Булар ҳаётда юз берадиган минглаб воқеалар орасида унутилиб кетадиган, эслаб ўтиришга арзимайдиган лавҳалар эди. Ҳаётда шундай кишилар бўладики, ўзларининг яхши амалларига ортиқча аҳамият бермайдилар, бироқ ножўя хатти-ҳаракат қилиб қўйсалар, қийналиб юрадилар. Айнан шу тоифа одамлар ўзлари ҳақида кўпроқ ёзадилар. Улар мақтовга сазовор фазилатлари ҳақида оғиз очмайдилар, шу сабабли улар бизга ожиз, бетайин ҳамда одобсиз бўлиб туюлса ажаб эмас.
V
Миямга маҳкам ўрнашиб олган, тинчимни бузаётган баъзи бир фикрлардан халос бўлиш учун ушбу китобни ёзаяпман. Ниятим бировга ақл ўргатиш ёки битта-яримтани тарбиялаш эмас. Мураббийлик қилишга уқувим йўқ, шу важданми бирон нимага ўргансаму бошқаларга ўргатсам, улар билан билимимни бўлишсам, деган хаёлга бормайман. Ўзгалар фикримга қўшиладими-йўқми – бунга ортиқча қизиқмайман ҳам. Табиийки, мен ўзимни ҳақ деб биламан – акс ҳолда бундай фикрга келмаган бўлардим – улар ноҳақ, лекин уларнинг ноҳақлиги менга заррача таъсир қилмайди. Шахсий фикр-мулоҳазаларим кўпчиликнинг фикру мулоҳазасига зид эканини сезган тақдиримда ҳам ташвишланмайман. Мен маълум даражада ғайриихтиёрий ҳис-туйғуларимга – кўнглимга ишонаман.
Мен бамисли улуғвор, мўътабар зотдек ёзишим даркор, ростданам мен ўзим учун шундай мўътабар одамман. Ўзимга қолса, мен оламдаги энг ҳурматли ва эътиборга сазовор инсонман. Абадий Руҳ таълимоти ҳақида айтмай қўяқолай, оддийгина соғлом ақл билан баҳолаганда менинг бир заррачалик аҳамиятим йўқлигини унутмаган ҳолда айтишим мумкинки, ўзимнинг назаримда, мен дунёдаги энг шариф инсонман. Ҳолбуки, мен бўлмасам ҳам дунё қандай бўлса шундайлигича қолаверади, бор-йўқлигим ҳеч нарсани ўзгартиролмайди. Бундай ёзаётганимдан айрим асарларимни жуда ёмон деб ҳисоблашларини таклиф этаётганга ўхшайман гўё; аслида эса улар мен учун жуда қадрли, шунинг учун ҳам мулоҳазаларим орасида ўқтин-ўқтин эслатиб туришимга тўғри келади. Назаримда, вафотидан сўнг ёзган асарларининг ҳоли нима кечишига мутлақо бепарво қаровчи жиддий ёзувчилар кам топилса керак. Сен мангуликка дахлдор асарлар ёзиб қолдирганинг ҳақида эмас (адабий асарнинг боқийлиги нари борса бир неча асрлар билан ўлчанади, шунда ҳам бу, одатда, фақат мактаб программасидаги боқийликдир), балки бир қанча авлодлар ёзганларингни севиб ўқиши ва сен ўз мамлакатингнинг адабиёти тарихида лоақал камтарона из қолдирганинг ҳақида ўйлашнинг ўзи одамга ҳузур бағишлайди. Менга келсак, мен бундай имкониятга ҳам ишончсизлик билан қарайман. Ўз вақтида адабиёт оламида катта шов-шувга сабаб бўлган айрим ёзувчилар бутунлай унутилиб кетгани ҳали эсимда. Ёшлигимда Жорж Мередит билан Томас Харди китоблари узоқ даврларга қадар ўқилади, деб ишонардик. Бироқ бугунги ёшлар улар ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Вақти-вақти билан бирон-бир мунаққид қизиқарли мавзу ахтариб улар ҳақида мақола ёзар ва шунда бир қанча китобхон кутубхонадан уларнинг у ёки бу романини олиб ўқир, бироқ минг қилганда ҳам улар яратган асарлардан бирортаси “Гулливернинг саёҳатлари”, “Тристрам Шонди” ёки “Том Жонс”чалик ўқилмайди, десам хато бўлмайди.
Мазкур китоб ҳеч қандай эътирозга йўл бермайдиган қатъий оҳангда ёзилгандек туюлиши мумкин, бунинг сабаби ҳар гапнинг бирида ўринли-ўринсиз “менимча”, “бу менинг шахсий фикрим” қабилидаги изоҳлар беравериш жонимга тегиб кетганидан бўлса керак. Нимаики деган бўлсам – менинг, фақат ўзимнинг шахсий фикрим, бировники эмас. Қолаверса, ўзгалар фикрини айтиш орқали ҳурмат қозонишга ҳали ўрганмаганман. Китобхон хоҳласа мулоҳазаларимга қўшилар, хоҳламаса қўшилмас, бу унинг ихтиёрида. Башарти китобни охирига довур ўқиб чиқишга сабри етса, у фақатгина бир нарсага: бу ёруғ оламда ишонч билан қатъиян тасдиқлаш мумкин бўлган нарсаларнинг ўзи анқонинг уруғи, деган фикрни ишонч ила бот-бот тасдиқлаётганимга амин бўлади, холос.
VI
Кун чиқиб, кун ботиши қанчалар табиий бўлса, ёзиш бошиданоқ мен учун шундай эди. Ҳалигача ўзимнинг ёзувчи эканимга ажабланиб қўяман; бунинг учун енгиб бўлмас майл-рағбатдан бўлак ҳеч қанақа сабаб йўқ, лекин бунақа ҳавас қаердан пайдо бўлди – тушунмайман. Юз йилдан зиёд вақт мобайнида оиламиздаги эркаклар ҳуқуқшунослик билан шуғулланиб келишган. Агар “Биографик луғат”га ишонсам, бувам Ҳуқуқшунослар жамиятининг асосчиларидан бири бўлган. Британия музейи кутубхонаси каталогида унинг ҳуқуқшунослик асосларига бағишланган қатор илмий ишлари қайд этилган.
Қисқаси, мен мактаб кўрмаганман, яъни адабиёт соҳасида таълим олмаганман, шунга қарамай, мустақил равишда ўқиб, ўрганиб ёзувчи бўлдим. Яқинда ёшлигимда ёзган ҳикояларимни кўриб чиқдим: мақсадим, менда туғма мойиллик бормиди, бўлса қай даража эди, қўлимга қалам олганимда имкониятим қанақа эди – шуларни аниқлаб олиш эди. Ҳикояларнинг менсимаслик оҳангида ёзилгани билиниб турар, бу ёқимсиз туйғуни фақатгина ёшга йўйиш мумкин эди, яна одамни ўқишдан бездирадиган, ихлосини қайтарадиган ёмон феъл-атворли кишига хос жиззакилик сезиларди, аммо мен ҳикояда ўз фикримни ифодалай олгандим. Менимча, айтилмоқчи бўлаётган фикрнинг аниқ ифодага эгалиги, диалоглар тузишдаги маҳорат аввалбошдан менинг истеъдодимга хос хусусиятлар бўлган. Ўша пайтда яшаган донгдор драматург Генри Артур Жонс биринчи романимни ўқиб чиқиб, аллақайси танишига, йиллар ўтиб, мана кўрасиз, бу йигитча ўз даврининг машҳур драматургига айланади, деган экан. У китобимда самимий ва аниқ ифода намунасини кўрган бўлса керакки, бу саҳнани ҳис қила билишнинг асосий омилларидан бири эканлигидан шундай башорат қилгандир. Асарларимнинг тили жўн, иборалар ўрнига тушмаган, сийқаси чиққан, луғат бойлигим чекланган. Бироқ ёзмасам туролмасдим, ижод – мен учун сув билан ҳаводек зарурат эди, шунинг учун ёзаётганларим яхшими-ёмонми, бу ҳақда бош қотириб ўтирмасдим. Фақат бир неча йиллардан кейингина бу жуда нозик санъат экани, унга ёлғиз машаққатли меҳнат туфайли эришиш мумкинлигини англаб етдим. Буни хоҳлаган нарсангни сўз орқали ифодалаш осон эмаслигини танамда ҳис қилгачгина кашф этганман.
Икки киши ўртасидаги суҳбатни осонгина ифодалай олардим, бироқ тасвирлашга келганда тажрибасизлигим, тил соҳасидаги уқувсизлигим панд берарди. Иккита-учта ибора устида бир неча соатлаб қийналиб ўтирар, шунда ҳам кўнглимдагидек ёзолмасдим. Қандай бўлмасин яхши ёзишни ўрганаман деб ўзимга-ўзим сўз берардиму бироқ бунинг уддасидан чиқишнинг ўзи бўлмасди. Кўп хатоларга йўл қўярдим. Юқорида номини тилга олиб ўтганим драматург сингари мураббий ёнимда бўлганда эди, равон, образли ёзиш учун бунчалик қийналмаган бўлардим, шунчалар кўп вақт йўқотмас ҳам эдим.
Ўша кезлар жимжимадор услубда ёзиш урф бўлган йиллар эди. Аксар адиблар асарларини шундай услубда ёзар, китобхонлар ҳам мана шу йўл билан ёзилган китобларни ўқишдан баҳра олишарди. Адабий асарлар нафис, жимжимадор иборалару бежалган сифатлашлардан иборат бўлиб қолганди. Зиёли ёшлар Уолтер Патерни қўлдан қўймай ўқишарди. Кўнгил эса бу ланж адабиёт дерди, унда жўшқин ҳаёт асари сезилмас, ҳафсала билан сайқал берилган нақшинкор иборалар, нафақат иборалар, саҳифалар, ҳатто боблар ортида гўё мажолсиз, қонсиз, шалвираган одамнинг қиёфаси кўринарди. Навқирон, авжи кучга тўлган ва ҳаётни зўр бир иштиёқ билан севувчи эдим, эркинликка, фаолиятга ташна эдим, кутилмаган хавф-хатар, янгидан-янги туйғулар орзуси билан яшардим, шунинг учун бу жонсиз, диққинафас, фақатгина шивирлаб гапириш лозим бўлган хонада бўғилардим. Бироқ кўнглимга қулоқ солиш хаёлимга келмасди. Мана шу санъатнинг чўққиси, дея ишонтирмоқчи бўлишар ва мен одамлар қайнаб тошган, қийқирган ва оғзидан боди кириб-шоди чиқадиган, ўзларини жинниликка соладиган, разолатга ботган, ичкиликка ружу қўйган зоҳирий ҳаётдан юз ўгирган эдим. Мен “Кўнгилдаги хаёллар” билан “Дориан Грейнинг портрети”ни бош кўтармай ўқирдим. “Саломея” саҳифаларини чулғаган ёрқин, жилвагар сўзларнинг латофатидан маст бўлиб юрардим. Сўз бойлигимнинг қашшоқлигидан даҳшатга тушиб, қалам ва қоғоз кўтарганча Британия музейи кутубхонасига югурар, бебаҳо ноёб жавоҳирларнинг номларини, Византиянинг қадимий мой бўёқлари турларини эсимда сақлаб қолар, кейин эса шу сўзлар қатнашган жимжимадор ёки баландпарвоз иборалар тузишга ҳаракат қилардим. Бахтимга, бу ибораларни қўллашнинг мавриди келмади, улар бугун ҳам эски ёндафтарчамда сақланиб турибди, бўлмағур нарсаларни ёзишга чоғланган киши топилса, марҳамат, инъом қилиб юборишим мумкин. Ўша пайтлар энг мукаммал, гўзал намуна сифатида Библиянинг инглиз тилидаги “эркин таржимаси” кўрсатиларди. Айниқса, Сулаймон подшоҳнинг муножотларини қунт билан ўқиб чиққандим, қойил қолдирган, шу билан бирга фойдаланиш мумкин бўлган иборалар ҳамда чиройли сўзларни ўша заҳоти дафтарчамга ёзиб қўйгандим. Жереми Тэйлорнинг “Мўминнинг ўлими” асарини синчиклаб ўргандим. Унинг услубини янаям чуқурроқ ҳис қилиш учун катта-катта парчаларни кўчириб ёзар, кейин эса, худди ўшандай, фақат ёдаки тарзда хаёлан такрорлашга уринардим.
Шу меҳнатларимнинг илк самараси ўлароқ “Табаррук аёллар юрти” деб номланувчи Андалусия ҳақидаги жажжигина китобчам босилиб чиқди. Шу кунларда ўша асарнинг баъзи ўринларини қайта ўқишга тўғри келди. Эндиликда Андалусияни ўша пайтдагидан кўра яхшироқ биламан, қолаверса, нима ҳақда ёзган бўлсам, ҳозир ўшани кўпроқ биламан. Бу китобчага Америкада ҳалиям талаб бор экан, шу боис уни балки қайта кўриб чиқиш керакдир, дея ўйладим. Аммо бунинг сира иложи йўқлигига тез орада ишонч ҳосил қилдим. У мен бутунлай унутиб юборган ёзувчининг ижод намунаси эди. Боз устига китобча ҳаддан зиёд зерикарли бўлиб туюлди. Гап матннинг сифати ҳақида бораяпти, ахир, мен уни қандайдир услуб жиҳатдан машқ сифатида ёзган бўлсам. Бу – маъюс ва кўчма маъноларга тўла, зўрма-зўраки ёзилган наср эди. Унга равонлик, кенглик етишмайди. Оҳангдор сифатлашлар деярли ҳар жумлада ишлатилганди. Тили чучмал, ялтироқ. У худди Италияда тайёрланган заррин нақш солиб тўқилган кимхобни эмас, балки Берн-Жонс чизган суврат асосида Моррис тайёрлаган дағал матони эслатарди.
X
Ўзимни мажбурлабмикин, ё болалигимдан режали бўлганим учунми, хуллас, кейинчалик XVIII асрнинг мумтоз адабий намуналарига мурожаат қилдим. Свифт ижоди мени ўзига ром этди. Мана шу санъаткор менинг учун том маънода намуна бўларлик ёзувчи, деган қарорга келдим-да, бир пайтлар Жереми Тэйлор асарларини қандай ўзлаштирган бўлсам, худди шу тахлит Свифт ижодига шўнғидим.
Дастлаб “Бочка ҳақида ривоят”ни танладим. Айтишларича, Свифт кексайган чоқда шу ҳикоясини қайта ўқиб: “Ўша пайтда бунчалар даҳо бўлган эканман-а!” дея хитоб қилган экан. Фикримча, унинг даҳоси бошқа асарларида кўпроқ кўзга ташланади. “Бочка ҳақида ривоят” – зерикарли аллегория бўлиб, ундаги киноя у қадар зўр эмас. Лекин услуби беқиёс. Инглиз тилида бундан ҳам яхшироқ ёзишни тасаввуримга сиғдиролмайман. На баландпарвоз жумлалар, на буралган оғир, қават-қават баён, на дабдабали образлар бор. Бу савияси баланд, табиий вазмин ҳолда сайқал топган проза. Китобхонни ҳайратга солиш учун ғайритабиий сўзлар топишга уриниш йўқ. Гўё Свифт дуч келган сўзлар билан қаноатланиб ёзаверганга ўхшайди, бироқ у мантиқий фикр юритиш ва ўткир ақл эгаси бўлгани туфайли, ўша тасодифан ишлатилган сўз ҳамиша энг тўғри ва айни керакли, ўрнида ишлатилган сўз экани сезилиб туради. Равон ҳамда изчил баён, пишиқ иборалар муаллифнинг юксак дид эгаси эканидан дарак беради. Худди бир пайтлардагидек, йирик, таъсирчан парчаларни кўчириб олдим, кейин эса хотирамда қандай қолган бўлса, худди шундай тиклашга уриниб кўрдим.
Мен сўзларни ўзгартиришга ёки уларнинг ўрнини алмаштиришга ҳаракат қилиб кўрдим. Амин бўлдимки, бирдан-бир жоиз бўлган сўзлар ўша Свифт ишлатган сўзлар, ягона мумкин тартиб – ўша адиб топган тартиб экан. Ундан бошқачароқ қилиб ёзиш асарга путур етказарди. Бу – бенуқсон наср намунаси эди.
Ҳар тўкисда бир айб бўлади, деганларидак, бундай мукаммалликнинг битта камчилиги бор – у зериктириб қўйиши мумкин. Образли қилиб айтадиган бўлсак, Свифт насри икки қирғоғи ёқалаб тераклар экилган хушманзара ва сўлим яйловдан оқиб бораётган француз каналини эслатади. Унинг мафтункор сокинлиги ҳузур бағишлайди, аммо ҳиссиётни қўзғатмайди, тасаввурни уйғотмайди. Унинг бағрида сузиб-сузиб, ниҳоят, жонингга текканини сезиб қоласан. Свифт насрининг ҳайратангиз мусаффолиги, қисқалиги, табиийлиги, ҳеч қандай жазавага солмаслигидан завқланар экансан, барибир вақти келиб, агарда фақатгина мазмуни эътиборингни жалб қилиб турмаса, диққатинг сусаяди ёхуд чалғийди. Бошқатдан бошлаш имконим бўлганда эди, мен, эҳтимол, бунчалар синчковлик билан Свифтни эмас, Драйденни ўрганган бўлардим. Начора, унинг ижодига етиб келганимда, бунақа илмий ишларга бўлган мойилликми, ҳавасми мени тарк этганди. Драйден насри таҳсинга лойиқ. У яратган проза Свифтникичалик мукаммал, Аддисонникига ўхшаш нафис эмас, лекин ундаги алланечук баҳорий фараҳ, жонли тилга хос жўшқинлик, ҳаётбахш самимият мафтун қилади. Драйден жуда яхши шоир эди, бироқ уни лирик дея тилга оладиган мард топилмасди, таажжубланарлиси шуки, унинг ипакдек майин прозаси айнан шундан – ҳиссиётга бой, чинакам лирика эди. Насрда унинг олдига тушадигани йўқ эди, шу чоққача бунақа жозибали тилда ҳеч ким ёзмаган, кейин ҳам биронтаси шундай услубда ёзган-ёзмаганини билмайман. Драйден ижод қилиш учун қулай даврда яшаб ўтди. Ҳолбуки, у ҳали бутун жисмига сингиб бораётган Иаков I замонига хос тил руҳидаги мусиқийлик ва ҳашаматдорликдан озуқа оларди, французлардан тажриба сифатида ўзлаштирган турланувчанлик билан топқирлик бу тилни фақатгина кўтаринки мавзулар учун эмас, балки ҳар қандай онгли ва ўткинчи фикрларни ифодалашга ярайдиган воситага айлантира олди. У биринчилардан бўлиб рококо услубида ёзган ижодкорлардан эди. Агар яна тамсил қўлласак, Свифт ижодини француз каналига ўхшатиш мумкин экан, у ҳолда Драйден ижоди тепаликлараро шарқираб, сокин ва гуркираган шинамгина қишлоқларга ошиқаётган ва бирдан секинлашиб, ёйилиб оқаётган, сўнг ўрмонлар бағрига сингиб кетаётган инглиз ирмоқларини эслатарди. Унинг шеъриятида ҳаёт қулф урар, ранг-баранг олам, софлик, намчил хушбўй ҳаволар гуркирар ва бу манзумалардан инглиз табиатининг кўркам таровати уфуриб турарди.
Менинг ўрганиш ва сабоқ олиш йўлида чеккан заҳматларим, табиийки, бежиз кетмади. Оқибатда, мактабга лойиқ даражада бўлмаса-да, анча яхши ёзадиган ҳолга келдим, таъбир жоиз бўлса, қаламим чархланди. Зўриқиб, лекин тиришқоқлик билан ёзардим. Мен аниқ бир шаклда иборалар тузишга уринардиму мазмун қолиб, шакл эътиборни жалб этар ва бу сохталикни чақирарди. Сўзларни қай тартибда жойлаштириш тўғрисида қайғурардиму XVIII аср бошлари учун табиий бўлган услуб ХХ асрга келиб нотабиий туюлишини тушуниб етмасдим.
Свифт ижодидаги ҳаммасидан кўра кўпроқ мафтун этган нарсага – бенуқсон таассуротларга мен эришолмадим, шу сабабли вақтинчалик бўлса ҳам унга тақлид қила бошладим. Беш йилдан кейингина яна роман ёзишга ўтирдим. Аммо бу пайти келиб услуб жиҳатдан янгиликлар қиламан, дея вазифа қўймадим. Мен ҳеч қанақа усуллар қўлламай, имкони борича қуруқ ва бежамасдан ёзишга аҳд қилдим. Кўнглимда дардларим, китобхонларга айтадиган гапларим шунчалик кўп эдики, сўзларни беҳуда исроф этишга йўл қўёлмасдим.
Мен фақат воқеаларни акс эттирмоқни истадим. Шунга боғлиқ ҳолда, ўз олдимга ўта оғир – умуман сифат ишлатмаслик вазифасини қўйдим. Менга, агар маънони тўғри ифода этишга хизмат қиладиган аниқ сўз топилса, сифатлашларсиз ҳам ёзиш мумкиндек туюларди.
(Охири келгуси сонда)
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/06/%d1%81%d0%be%d0%bc%d0%b5%d1%80%d1%81%d0%b5%d1%82-%d0%bc%d0%be%d1%8d%d0%bc-1874-1965/