Фeдор ДОСТОЕВСКИЙ (1821–1881) АКА-УКА КАРАМАЗОВЛАР

Тўрт қисмли, эпилогли роман

Иккинчи қисм

Бешинчи китоб

VI

ҲОЗИРЧА ЖУДА НОАЁН

Иван Федорович эса Алеша билан хайрлашгач, уйга, отаси Федор Павловичникига қараб кетди. Лекин қизиқ, уни бирдан чидаб бўлмас ғашлик чулғаб олди ва ҳаммадан ҳам ортиғи, уйга яқинлашган сари, қадам сайин олдингидан бешбаттар зўрайиб борарди. Ғалати томони ғашликнинг ўзида эмасди, гап шундаки, Иван Федорович бу ғашликнинг ўзи нимадан иборатлигини сира тушуниб етолмасди. Илгари ҳам кўнглини тез-тез ғаш босиб юрарди, аммо ажабланарлиси шундаки, у эртагаёқ ўзини бу ерга боғлаб турган барча ришталарни бирваракай батамом узиб ташлаб, қайтадан яна бошқа ёққа кескин бурилиб, мутлақо янги, бутунлай номаълум йўлни тутмоқчи бўлиб турган дамда яна юрагини қоронғилик босди ва бу йўлни яна аввалги чоғлардек, нималарга суянишини ўзи ҳам билмаган ҳолда жуда кўп нарсаларга умид-илинж қилиб, ҳаётдан кўп, жуда ҳам кўп нарсаларни кутиб, аммо на орзу, на умид-илинжларини аниқ-тиниқ белгилай олмай борарди. Лекин ушбу сонияларда унинг кўксини ҳақиқатан ҳам янгилик ҳамда номаълумликнинг ғашлиги қоплаган бўлса-да, уни азоблаётган нарса бошқа эди. “Бу ота-онамнинг уйидан нафратланиш эмасмикин мабодо, – ўйланиб қолди у ўз ичида. – Шунақага ўхшайди, шу қадар жонимга тегиб кетган, мен бугун бу ярамас остонадан охирги маротаба ўтсам-да, барибир жуда ёқимсиз, бадимга уриб кетди…” Э, йўқ, бу ҳам эмас. Ё Алеша билан хайр-хўшлашиш ва ораларида бўлиб ўтган гап-сўзлардамикин боиси: “Шунча замонлардан буён ҳеч кимга ёрилмадинг, бир оғиз сўз айтишни лозим кўрмадинг ва бирдан шунча нарсаларни валдирадинг”. Ҳақиқатан, бу ғўр ёшликнинг ғўр тажрибасизлиги ва ғўр ўкинчлари эҳтимол ва ўз дилидагиларни тўла изҳор этолмаганлик ўкинчи, яна Алеша каби бир хилқат олдида-я, ахир унга қанчадан-қанча умидлар боғлаган эди-я кўнглида. Албатта, шу ғашлик ҳам ўзи йўқ эмасди, бўлмаслигининг ҳеч иложи ҳам йўқ эди, аммо барибир бу эмас, бу эмас, бу бутунлай бошқа. “Беҳузур қилиб юборди бу ғашлик, нима истаётганимни ўзим ҳам билмайман, бундан ожизман. Балки ўйлаб ўтирмасаммикин…”
Иван Федорович ўйламасликка ҳаракат қилиб кўрди, аммо уддасидан чиқолмади. Бас, бу ғашлик шуниси билан юракни сиқар ва шуниси билан алам қилардики, қандайдир тасодифий, мутлақо ташқи бир кўринишга эга эди у: бу сезилиб турарди. Мисолига, қаердадир қандайдир бир нарса ёхуд жонзот алланечук қўнқайганча турарди, баъзан нимадир кўз ўнгингда шундай қаққайиб туриб қолади, уни ишга берилиб ёки қизғин гапга тушиб кетиб пайқамай ҳам қўясан, ҳолбуки, у ғашингга тегади, кўзингни хира қилиб, асабни ўйнатади, ниҳоят, охири ортиқча нарсани олиб ташлаш мумкинлиги эсингга тушади, бу, одатда, жуда ҳам арзимаган, кулгини қистатадиган унутиб қолдирилган, ўз жойида турмаган алланарса бўлади, майли-да, ерда ётган рўмолми ё жавонга жойига қўйилмаган китобми ва ҳоказо, ҳоказо. Ниҳоят, Иван Федорович жуда диққати ошиб, куфри қўзиган ҳолда ота уйига етиб келди ва бирдан, уй эшигидан ўн беш одимча наридан дарвозага қараб туриб дарҳол ўзини бунчалар қийнаб, хавотирга солган нарсани фаҳмлаб етди.
Дарвоза ёнидаги ўриндиқда малай Смердяков ўтирар ва кечки салқинда ҳордиқ чиқарарди. Иван Федорович унга кўзи тушибоқ ўзининг юраги тубида малай Смердяков ўтирганини англади ва баайни шу одамни кўргани кўзи йўқлигини билди. Ҳаммаси бирдан ёришиб, аён бўлди қолди. Боягина Алешанинг Смердяковни кўргани ҳақидаги ҳикоясини эшитгандаёқ бирдан унинг юрагига оғир, хунук бир нарса санчилгандай бўлди ва шу заҳоти хуноби ошди. Кейин гапга тушиб кетиб чақчақлашиб ўтирганларида Смердяков вақтинча хаёлдан кўтарилди-ю, аммо юрагидан бутунлай чиқиб кетмади, Иван Федорович Алеша билан хайр-хўшлашиб, бир ўзи уйга қараб йўл оларкан, шу заҳоти вақтинча унутилган сезги яна бирдан тез юзага чиқа бошлади. “Э, наҳотки шу ярамас аблаҳ мени шу қадар ташвишга солиб қўйса!” – жиғибийрон бўлиб ўйлади у.
Гап шундаки, Иван Федорович охирги пайтлар ва айниқса, кейинги кунларда, ҳақиқатан, бу одамни жонидан ҳам ёмон кўриб қолганди. Бу кимсага нисбатан тобора кучайиб бораётган нафрати ҳатто ўзига ҳам сезила бошлади. Иван Федорович биз томонларга қадам ранжида қилган дастлабки кунларда иш бутунлай бошқача эди, балки нафратнинг ортиб бориши айни мана шундан бошлангандир. Ўшанда Иван Федорович уни кутилмаганда ўзига ўзгача бир тарзда яқин олган, ҳатто кўзига у қизиқ одам бўлиб кўринганди. Уни ўзи билан гаплашиб туришга кўниктирди-ю, бироқ доим унинг ақлу идрокининг калтафаҳмлиги, яна ҳам яхшироқ айтиладиган бўлса, бирмунча телба-тескарилигидан ажабланиб юрди ва бу “хаёлпараст”ни нималар доим бунчалар қўймай безовта қилаверишини тушунолмади. Икковлари фалсафий мавзуларда ҳам гаплашар ва ҳатто ибтидо куни – қуёш, ой ва юлдузлар фақат дунё яратилишининг тўртинчи кунигина ёқилганига қарамай – ёриб турганини қандай тушуниш керак дейишарди; бироқ Иван Федорович тез орада гап умуман қуёш, ой, юлдузларда эмаслиги, қуёш, ой, юлдузлар гарчи қизиқарли нарсалар бўлса ҳам, аммо Смердяков учун мутлақо учинчи даражали экани, унга қандайдир тамомила бошқа бир нарса кераклигига тўла ишонч ҳосил қилди. Шу-шу, шундайми ё бошқачами, ҳар ҳолда, чексиз-интиҳосиз бир иззат-нафс ўзини кўрсатиб, фош қилишга тушди, бу яна иззат-нафс бўлганда ҳам, таҳқирланган иззат-нафс эди. Иван Федорович буни жуда ҳам ёқтирмади. Ундаги нафрат мана шундан бошланди. Кейинчалик уйдан ғалвалар чиқди, Грушенька пайдо бўлди, биродар Дмитрийнинг низолари кўтарилди, уй бесаранжомликда қолди – улар буларни ҳам гаплашишар, гарчи Смердяков булар ҳақида жуда қизишиб сўйласа ҳам, барибир унинг ўзи бу ҳолда нима исташини сира билиб бўлмасди. Унинг айрим хоҳиш-истакларининг тартибсизлиги ҳамда бемаънолиги ажабланарли эди, улар доим беихтиёр ташқарига чиқиб турар ва доим бир хилда мужмал бўларди. Смердяков нуқул сўраб-суриштирар, қандайдир ўсмоқчилаб, чамаси, ўйлаб топилган саволлар ёғдирар, лекин нимагалигини айтмас ва одатда, ўзининг сўраб-суриштиришлари энг қизиқ жойига келганда, кутилмаганда бирдан жимиб қолар ёки бошқа бир ёққа ўтиб кетарди. Аммо Иван Федоровичнинг тоқатини тоқ қилиб, аччиғини бўғзига келтирган ҳамда тамом нафратини қўзитган асосий нарса – Смердяков зўр бериб унга кўрсата бошлаган қандайдир ўта расво ва бошқача бир тарздаги такаллуфбозлик эдики, кун-кундан бунинг салмоғи ортиб борарди. Бироқ у одоб чизиғидан асло ташқарига чиқмас, доимо ҳурмат-эътиборни ғоятда жойига қўйиб муомала қилар, аммо, чамаси, бу шундай бир йўлга қўйилган эдики, Смердяков, худо билади нима учундир, Иван Федорович билан бирга ўзини ҳамдаст ҳисоблар, худди ўрталарида илгаридан қандайдир шартлашилган, қандайдир махфий, аввалдан фақат икковлари томонидан ўзаро келишилган, теварак-атрофда ўралашиб, ўрмалашиб юрган бошқа кимсалар умуман билмайдиган, ақли етмайдиган бир нарсалар бордай тутар ва сўйларди. Бироқ Иван Федорович шунда ҳам узоқ вақт кундан-кунга зўрайиб бораётган нафратининг ҳақиқий сабабини тушунмай юрди ва фақат энг охирги пайтларга келиб, ниҳоят гап нимада эканлигини англаб етди. У ижирғаниб, хуноби ошиб, Смердяковга қарамай, индамасдан эшикка қараб ўтиб кетмоқчи бўлди, аммо Смердяков ўтирган жойидан турди ва шунинг ўзиданоқ Иван Федорович унинг ўзига алоҳида бир гапи борлигини дарҳол фаҳмлади. Иван Федорович унга қаради-да, юришдан тўхтади, бир дақиқа олдинроқ у тўғри тўхтамасдан ўтиб кетмоқчи бўлганди, энди эса тўхтаб унга қараганидан бошидан тутуни чиқиб кетай деди. У Смердяковнинг ичкиликдан бўртган, ахтамонанд, чакка сочлари қайрилма таралган, манглайи чўққисида сочи тож қилиб мўъжаз кўпиртирилган башарасига нафрат ёғдириб, ўқрайиб тикилди. Смердяковнинг қисиқроқ чап кўзи қисилиб-қисилиб қўяр ва худди: “Нимага ўтиб кетаяпсан, ўтиб бўпсан, сен билан менга ўхшаган ақлли одамга сўйлашгани гап топилади”, деб кулимсираётганга ўхшарди. Иван Федорович зир титради.
“Қоч, аблаҳ, мен сенинг шеригинг эмасман, тентак!” – демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, лекин тилидан тамомила бошқа сўзлар отилиб чиққанига ўзи ҳам ҳайрон қолди:
– Нима, отам ухлаяптими ё уйғондими? – деди у кутилмаганда мулойим ва секин ўзига ўзи гапиргандай, сўнг бирдан, кутилмаганда ўриндиққа ўтирди. Бир зум қўрқиб юраги қинидан чиқиб кетай деди, бу кейин эсига тушди. Смердяков унинг рўпарасида қўлини орқасига қовуштириб турар, ишонч билан кўзига дадил тикиларди.
– Ҳали уйғонганлари йўқ-а, – деди у бамайлихотир. (“Мен эмас, ўзинг биринчи бўлиб оғиз очдинг”) – Сизга ҳайрон қоламан-да, жаноблари, – деб қўшиб қўйди у бироз сукут сақлагач, кўзларини алланечук сузиб ерга қараб, у ўнг оёғини олдинга чиқариб, локланган ботинкасининг учи билан ердаги қумни ўйнарди.
– Сен нимага менга ҳайрон бўласан? – бор кучи билан ўзини тутган ҳолда ҳирқираб жиддий сўради Иван Федорович ва бирдан ғижиниб бўлса ҳам ғоят қизиқиб қолганини тушунди, бу ердан барини билиб олмагунча кетмаслигини англади.
– Нима учун жаноблари Чермашняга бориб келмаяптилар? – бирдан кўзларини ўйнатиб сўради Смердяков ва такаллуфона табассум қилди. “Агар ақлли одам бўлса ўзи тушуниб олиши керак мен нега кулганимни ахир”, – дегандай бўлди унинг қисилган чап кўзи.
– Нега энди мен Чермашняга боришим керак? – ҳайрон бўлди Иван Федорович.
Смердяков сукут сақлади.
– Федор Павловичнинг ўзлари сиздан буни илтимос қилиб эдилар-да, – ниҳоят шошилмасдан бамайлихотир тилга кирди у, худди ўзининг жавобига ўзи бовар қилмагандай: арзимаган сабабни эслатиб ўтаяпман, барибир нимадир дейишим керак-ку.
– Э, шайтон, аниқроқ қилиб гапир, сенга нима керак ўзи? – куфри қўзиб қичқирди ниҳоят Иван Федорович, мулойим бўлиб турган одам қўрсликка ўтиб.
Смердяков ўнг оёғини чап оёғи устига қўйди, қаддини андак ростлагандай бўлди, аммо у ҳамон ўша-ўша бамайлихотир ва ўша-ўша илжайиб боқарди.
– Арзийдиган бир гап ҳам йўқ ўзи… шунчаки, омади гап…
Ўртага яна сукунат чўкди. Бир дақиқалар жим бўлиб қолишди. Иван Федорович ҳозир ўрнидан туриб қаҳру ғазаб қилиши кераклигини биларди, Смердяков эса унинг қошида қўққайиб буни кутарди: “Қани кўраман, жаҳлинг чиқадими, йўқми?” дегандай. Ҳар ҳолда Иван Федоровичга шундай  туюлаётгандай эди. Ниҳоят, у ўрнидан туриш учун қимирлади. Смердяков ана шу лаҳзани пойлаётганди.
– Аҳволим жуда оғир, Иван Федорович, бундан қандоқ қутулишимни ҳам билмайман, – деди у бирдан қатъият билан дона-дона қилиб ва охирги сўзини хўрсиниб айтди. Иван Федорович дарҳол яна жойига ўтирди.
– Икковининг ҳам феъли айниган, иккови ҳам худди ёш боладай бўлиб қолган-да, – давом этди Смердяков. – Мен отангиз билан акангиз Дмитрий Федоровични айтяпман. Мана ҳозир Федор Павлович ўрнидан туради-ю, сўрайвериб қулоқ-миямни ейди: “Нима, келмадими? Нега келмади?” – ярим кечагача аҳвол шундай, ярим кеча ўтиб ҳам тугамайди. Агар Аграфена Александровна келмасалар (у кишим, чамаси, умуман, ҳеч қачон келмоқчи эмаслар), эртасига эрталаб яна менга ташланадилар: “Нега келмади? Нима учун? Қачон келади?” Худди мен у кишининг олдида келмагани учун гуноҳкордай. Бошқа томондан яна бир оҳанжама, қоронғи тушиши билан ва ҳатто ундан ҳам илгарироқ оғайнингиз қўлида қурол кўтариб қўшни тарафдан пайдо бўлади: “Кўзингга қара, масхарабоз ошпаз, уни кўздан қочириб, келди деб, менга хабарини бермасанг, ҳаммасидан бурун сени ўлдираман”. Тун ўтиб, тонг отиб, у кишим ҳам худди Федор Павловичга ўхшаб мени қийнагани-қийнаган: “Нега келмади? Қачон келади, дараги борми?” ва яна мен ойимқизнинг келмагани учун айбдор бўлиб чиқаман. Ҳар икковлари дам сайин, соат сайин баттар жаҳллари чиқаётганини кўраман-да, баъзи вақтлар қўрққанимдан ўзимни ўзим ўлдириб қўяй дейман. Мен, жаноблари, улардан тўйдим-е.
– Нега ўзинг аралашдинг? Нега Дмитрий Федоровичга чақимчилик қилдинг? –  энсаси қотиб деди Иван Федорович.
– Қандай қилиб аралашмай? Тўла аниғини билмоқчи бўлсангиз, мен умуман аралашганим йўқ. Мен бошиданоқ бир оғиз сўз қўшишга қўрқиб, аралашмадим. Улар мени бошданоқ ўзларининг Личардага ўхшаган малайлари қилиб олишди. Ўшандан бери фақат: “Агар шамғалат қилсанг, ўлдираман сен масхарабозни!” деганлари-деган. Жаноблари, ўзимча кўнглимга келтиряпманки, мени эртага узоқ тутқаноқ тутса керак.
– Узоқ тутқаноғинг нимаси?
– Шунақа узоқ тутқаноқ, кўп узоқ чўзиладиган тутқаноқ-да. Бир неча соат ёки балки, бир кун-икки кун чўзиладиган тутқаноқ. Бир марта у уч кун давом этди, ўшанда болохонадан йиқилгандим. Босилиб кетади-ю, кейин яна бошланади, ўшанда уч кун ҳушим ўзимга келмай ётдим. Бу ерда Герценштубе деган доктор бор, Федор Павлович ўшани чақиртирдилар, у энсамга муз қўйди ва яна бир дори қилди… Бўлмаса ўлиб қолардим.
– Бу ахир, айтишларича, тутқаноқни олдиндан билиб бўлмас эмиш, шундай соатда бўлади деб. Сен нимага эртага деб айтяпсан? – тажанглик билан қизиқиб сўради Иван Федорович.
– Рост, буни аниқ билиб бўлмайди.
– Бунинг устига сен ўшанда болохонадан йиқилгансан.
– Болохонага ҳар куни чиқаман, хоҳласам, эртагаёқ болохонадан йиқилиб тушаман. Болохона бўлмаса, ертўлага йиқиламан, ертўлага ҳам ҳар куни кираман, ишларим бор.
Иван Федорович унга узоқ тикилиб қолди.
– Лақиллаяпсанми дейман-а, гапларингга тушунолмай қолдим, – секин, лекин ҳиддат билан деди у, – сен эртага уч кунга ўзингни тутқаноқ тутганга солмоқчимисан, а?
Смердяков ерга қараб ўнг оёғининг учи билан қум чизиб турган эди, ўнг оёғини ўз ўрнига қўйиб, унинг ўрнига чап оёғини олдинга чиқарди, бошини кўтариб, илжайган кўйи деди:
– Мен ўзимни касал қилиб кўрсатганимда ҳам, бу тажрибали одамга қийин эмас, ўзимнинг ҳаётимни сақлаб қолиш учун шу чорани қўллашга тўла равишда ҳақлиман, зотан, мен касал бўлиб ётганимда Аграфена Александровна у кишимнинг отасининг олдига келганларида ҳам, у кишим касал одамдан: “Нега айтмадинг?” – деб сўраб ўтирмайдилар. Уялсалар керак.
– Э, шайтон! – юзи ғазабдан қийшайиб кетган Иван Федорович бирдан чирпинди. – Мунча жонинг учун қалтирайсан, лодон! Акам Дмитрийнинг барча бу сўзлари пўписалар, холос, бошқа ҳеч нарса. У сени ўлдирмайди, ўлдирса ҳам бошқани ўлдиради!
– Ҳаммадан бурун мени пашшадай ўлдиради. Мен бошқа нарсадан қўрқаман: ўз отасини бир нарса қилиб қўйса, ишқилиб, мени шерикка чиқармасалар бас.
– Нега энди сени шерикка чиқаришаркан?
– Чунки мен анов ишораларни жуда махфий равишда айтганман.
– Қанақа ишоралар? Кимга айтгансан? Жин чалсин сени, тушунтириброқ гапир!
– Тўла тан олишим керакки, – дея олифтанамо чўзилди Смердяков, – Федор Павлович билан ўртамизда битта яширин сиримиз бор. У киши агар билсангиз (билишни истасангиз), бир неча кунлардан бери, хоҳ кечда бўлсин, хоҳ тунда, дарҳол ичкаридан эшикни беркитиб оладилар. Сиз ҳар сафар кун охирида ўз хонангизга эрта қайтяпсиз, кеча эса умуман ҳеч қаёққа чиқмадингиз, шунинг учун у киши тунда эшикларни маҳкам беркитиб олишларини билмаслигингиз мумкин. Григорий Васильевичнинг ўзи мабодо келса ҳам, фақат овозидан таниб очишлари мумкин. Аммо Григорий Васильевич келолмаяпти, шунинг учун ичкаридаги юмушларини мен ўзим қилиб турибман. Аграфена Александровна борасида машмашалар бошлангандан бери ўзлари шунга қарор қилдилар. Тунда мен ўзим ҳам, у кишининг буйруқлари бўйича ҳовлидаги уйга бориб ётаман. Аммо ярим кечагача уйқуга ётмайман, навбатчилик қиламан, ўрнимдан туриб ҳовлини айланаман, Аграфена Александровна қачон келаркин деб кутаман, у кишим мана бир неча кундан бери унинг келишини эс-ҳушдан оғгудай бўлиб кутиб ётибдилар. У кишининг фикрича, ойимқиз Дмитрий Федоровичдан қўрқади (у киши уни Митька деб чақирадилар), шунинг учун кечаси орқадаги овлоқ йўллардан билинтирмай олдимга келади дейдилар; менга айтадиларки, сен уни ярим кечагача, ҳатто ундан ҳам ортиқроқ кутиб ўтир. У келиб қолса, чопиб эшигимга кел-да эшикни ёки боғ деразасини тиқирлат, биринчи марта астагина манавиндай тақ-тақ тақирлат, кейин эса уч маротаба тез-тез тақ-тақ-тақ ур. Ана шунда мен ойимқиз келганини биламан, кейин оҳиста сенга эшикни очаман. Фавқулодда бир ҳодиса бўлиб қолса, менга бошқа бир ишора билан хабар қилишни буюрганлар, аввал икки марта тез-тез чертаман: тақ-тақ, кейин яна бир сония кутиб, қаттиқроқ чертаман. Ана шунда у киши фавқулодда бир ҳодиса рўй берганини биладилар ва мен билан дарҳол кўришиш зарурлигини тушунадилар, эшикни очадилар, мен ичкарига кириб аҳволни маълум қиламан. Шуниси ҳам борки, Аграфена Александровнанинг ўзи келмаслиги ҳам мумкин, бирон хабар жўнатиши ҳам эҳтимолдан узоқмас, яна бундан ташқари, Дмитрий Федоровичнинг ўзи балки келиб қолар, у яқинлашиб қолди деб, буни ҳам билдириш керак. Хўжайин Дмитрий Федоровичдан ўлардай қўрқади, шунинг учун Аграфена Александровна келган бўлсалар, икковлари бирга яшириниб ётишган бўлса ва бу орада Дмитрий Федорович яқин ўртада пайдо бўлиб қолса, мен зудлик билан уларга уч марта чертиб хабар беришим зарур, биринчи марта беш маротаба чертиб шуни маълум қиламан: “Аграфена Александровна келдилар”; иккинчи марта уч бора тиқирлатсам – “Жуда ҳам зарур иш чиқиб қолди” деганим бўлади, хўжайиннинг ўзлари мисол кўрсатиб буни менга ўргатиб, тушунтирдилар. Бутун дунёни олиб қарасангиз ҳам, бу ишораларни ёлғиз мену ўзлари билишларини ҳисобга олганда, улар ҳеч қандай иштибога бориб ўтирмай ва жиндак ҳам овоз чиқармай (овоз чиқариб жавоб беришдан ўлгудай қўрқадилар) эшикни очадилар. Мана шу ишоралар энди Дмитрий Федоровичга маълум бўлиб қолди.
– Нега маълум бўлади? Сен айтдингми? Бунга қандай журъат қилдинг?
– Азбаройи қўрққанимдан. Мен у кишининг олдида айтмасликка қандай ҳаддим сиғади? Дмитрий Федорович ҳар куни менга зуғум қиладилар: “Сен мени лақиллатаяпсан, мендан нималарни яширяпсан? Сенинг иккала оёғингни синдираман!” Ана ўшанда мен у кишига яширин ишораларни айтиб бердим, менинг қулдай хизматимни билсинлар ва лоақал алдамаётганимга ишонсинлар, ҳаммасини ипидан-игнасигача билдириб турганимни қадрласинлар дедим.
– Мабодо бу ишоралардан фойдаланиб ичкарига кирмоқчи бўлса, уни киритма, ўйлаб кўр.
– Мен ўзим тутқаноқ тутиб ётган бўлсам, унда қандай қилиб киритмайман, унинг бу қадар ваҳшатини кўриб туриб, хоҳлаганимда ҳам қўлимдан нима келади ахир?
– Э, жин чалсин сени! Нега тутқаноғим тутади деб шунчалар ишоняпсан, эй, шайтон ургур? Менинг устимдан куляпсанми, нима бало?
– Устингиздан кулишга нима ҳаддим бор? Қўрқиб ўлай деяпман, кулгига бало борми? Сезиб турибман, тутқаноқ тутади, юрагим сезяпти, қўрққанимдан тутади ҳали.
– Э, шайтон! Сен ётиб қолсанг, Григорий қўриқлайди. Григорийга олдиндан айтиб қўй, уни яқин йўлатмайди.
– Хўжайиннинг буйруғисиз мен ишоралар ҳақида Григорий Васильевичга оғиз очолмайман. Григорий Васильевич қўриқлайди, йўл қўймайди деяпсиз, у кишим эса кечадан бери бетоб бўлиб ётиб қолдилар, Марфа Игнатьевна эртадан бошлаб уларни даволашга киришмоқчилар. Боя шуни гаплашишди. Уларнинг даволаши ҳам жуда қизиқ: Марфа Игнатьевна шунақа бир суюқ дори тайёрлайдилар ўтлардан, жуда ўткир, доим қўл остиларида бўлади, унинг сирини фақат ўзлари биладилар. Мана шу дори билан Григорий Васильевични ҳар йили уч марта даволайдилар, у кишининг бели оғрийди, тахтадай бутун қотиб қолади худди шол бўлгандай, ҳар йили уч марта такрорланади. Касал қўзиганда Марфа Игнатьевна сочиқни олиб уни ўта суюқ дорига ҳўллайдилар-да, бутун бели, елкаларини ярим соат қуригунча ишқайдилар, орқалари қизариб, шишиб кетади, кейин идишда қолганини касалга ичиради, бу пайтда дуо ҳам ўқиб туради, аммо ҳаммасини ичирмайди, бирозгинасини ўзига ҳам қолдиради ва ўзи ҳам буни ичади. Сизга айтсам, икковлари ҳам ичкилик ичмайдиган одамлар, худди маст бўлиб қолгандай тўшакка қулашади ва узоқ вақт қаттиқ уйқуга кетишади; Григорий Васильевич шундан кейин уйқудан кўзини очганда, ўзини соғайиб кетгандай сезади, Марфа Игнатьевнанинг эса уйқудан турганда боши оғрийди. Шунинг учун эртага Марфа Игнатьевна даволашни бошласа, улар Дмитрий Федорович келганини эшитишармикин ва қандай қилиб уни уйга қўймасликлари мумкин. Донг қотиб ухлаб ётган бўлишади.
– Э, нима бу бош оғриғи! Шуларнинг ҳаммаси бирданига атай қилгандай рўй беради дейсанми: сени тутқаноқ тутади, улар донг қотиб ухлашадими! – қичқириб юборди Иван Федорович, – э, сен ўзинг буларнинг ҳаммасини атай бир ерга тўпламоқчимасмисан? – Унинг оғзидан бу сўзлар бирдан отилиб чиқди ва у қошларини қаттиқ чимирди.
– Мен қандай қилиб буларни тўғри келтираман… ва нега энди тўғри келтиришим керак, бу ерда ҳаммаси ёлғиз Дмитрий Федоровичга, унинг фикрига боғлиқ… У кишим бир нима қилмоқчи бўлсалар – қилмай қўймайдилар, бўлмаса, мен уларнинг қўлларидан ушлаб оталарининг олдига киритиб қўймайман-ку.
– Нима учун у отамнинг олдига кириши керак, яна оҳистагина, бунинг устига, гапингга қараганда, Аграфена Александровнанинг ўзи ҳам келмайдиган бўлса, – давом этди Иван Федорович ғазабланганидан ранги туси ўчиб, – сен ўзинг шундай деяпсан, мен ўзим ҳам бу ерда яшаб туриб, чол ўзича  бичиб-тўқиб юрибди-да, деб ўйлардим, анов махлуқ унинг олдига ҳеч қачон келмайди дердим. Агарда ўша махлуқ келмайдиган бўлса, Дмитрий нима қилади отамнинг олдига зўрлик қилиб кириб? Гапир! Мен сенинг фикрингни билишни истайман.
– Нимага кирмоқчи эканликларини ўзингиз биласиз, менинг фикрларимнинг бу ерда нима кераги бор? Келса, аччиғи чиққани учун келади, худди, мисол учун менинг касалимга ўхшаган, шубҳаларда ўртаниб хонама-хона қидириб чиқадилар худди кечагидай қилиб, мабодо менинг кўзимни шамғалат қилиб қандайдир секингина ойимқиз кириб олмадимикин деб. У кишига яна Федор Павлович катта бир конверт тайёрлаб қўйганлиги ҳам маълум, унга уч минг рубль жойланган, уч ерига муҳр босилган, шойи ип билан боғланган ва ўз қўллари билан шу сўзлар ёзилган: “Фариштам Грушенькага, мабодо қадам ранжида қилса”. Кейин уч кун ўтиб яна қўшимча қилиб, “момиқ палапонимга” деб ёзиб қўйдилар. Ана шунақа. Худди шуниси шубҳали-даргумон-да.
– Бекор! – деб қичқирди Иван Федорович худди қутуриб кетгандай бўлиб. – Дмитрий пул ўғирлаш учун ҳеч қачон бормайди, отасини ҳам ўлдирмайди. У қутурган тентакка ўхшаб кеча балки отасини ўлдириб қўйиши мумкин эди Грушенькани деб, аммо ҳеч қачон пул учун босқинчилик қилмайди!
– У кишимга ҳозир пул жуда керак, жуда ҳам керак, Иван Федорович. Сиз ҳозир тасаввур ҳам қилолмайсиз қанчалар кераклигини, – бениҳоя хотиржамлик билан аниқ-равшан қилиб тушунтирди Смердяков. – У кишим ўша уч мингни ўзларига тегишли деб ҳисоблайдилар ва ўз оғизлари билан менга шундай дедилар: “Менга, дедилар, падар яна уч минг бериши керак”. Бунинг устига ўзингиз ҳам ўйлаб кўринг, Иван Федорович, соф бир ҳақиқат бор бу ерда: бу ўзи асли шундай бўлса керак, айтиш жоизки, Аграфена Александровна фақат ўзлари хоҳласалар, хўжайинни, яъни Федор Павловични ўзларига уйланишга мажбур қиладилар, албатта, ҳа, фақат ўзлари хоҳласаларгина, ахир хоҳлаб қолишлари ҳам мумкин-да. Мен у келмади деб, шунчаки ўзим айтяпман, унинг эса ҳаммасидан бурун бего­йим бўлгиси келиб қолар. Мен ўзим эшитганман, ойимқизнинг савдогари Самсонов у кишимга очиқдан-очиқ қилиб бу ишни маъқуллаган ва боз устига кулиб-кулиб қўйган эди. Ойимқизнинг ақли ҳам ўзига етгунча. У кишига шир яланғоч Дмитрий Федоровичга турмушга чиқиш чикора. Мана энди шуларнинг ҳаммасини ақллаб кўринг-чи, Иван Федорович, ўшандоқ бўлган тақдирда, на Дмитрий Федорович, на сиз ва на укангиз Алексей Федоровичга отангиз ўлимидан сўнг бир тийин ҳам қолмайди. Чунки Аграфена Александровна хўжайинга турмушга чиқса ҳам, ҳаммасини ўз номига ёздириш ва қанча пули бўлмасин, ўз ҳисобига ўтказиш учун чиқади. Ҳолбуки, отангиз ҳозир – ҳали буларнинг ҳеч бири рўй бермасдан туриб қазо қилсалар, ака-ука ҳар бирингизга камида қирқ мингдан шу заҳоти  тегади, ҳатто шу қадар ёмон кўрсалар ҳам. Дмитрий Федоровичга ҳам улуш тегади, чунки хўжайин ҳали васиятларини ёзган эмаслар… Буларнинг ҳаммаси Дмитрий Федоровичга жуда яхши маълум…
Иван Федоровичнинг башараси нечукдир қийшайиб, қинғайиб, титраб кетди. У бирдан қизарди.
– Унда нега сен, – деб Смердяковнинг гапини бўлди  у бирдан, – шуларнинг ҳаммасидан кейин ҳам менга Чермашняга жўнашни айтяпсан? Бу билан нима демоқчи эдинг? Мен жўнаб кетаман-у сўнг воқеалар бошланадими сизда. – Иван Федоровичнинг бўғзига нафаси тиқилди.
– Жуда ҳам тўғри, – аста мулоҳазакорлик билан деди Смердяков, бироқ у Иван Федоровични диққат билан кузатиб турарди.
– Нимаси жуда ҳам тўғри? – қайталаб сўради Иван Федорович ўзини ушлашга ҳаракат қилиб кўзлари қаҳрли чақнаган ҳолда.
– Сизга ачинганим учун гапирдим. Сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда, ҳаммасини шу заҳоти ташлаб кетардим… бунақа ишларнинг ичида ўтиргандан кўра-е… – жавоб берди Смердяков Иван Федоровичнинг ўт чақнаган кўзларига очиқчасига тикка қараб. Икковлари жим қолдилар.
– Сен, афтидан, ўлардай жиннисан, яна… ўта кетган аблаҳсан! – бирдан ўрнидан турди Иван Федорович. Кейин дарҳол эшикка қараб юрмоқчи бўлди-ю, сўнг тўхтаб, Смердяковга ўгирилиб қаради. Ғалати бир ҳол содир бўлди: кутилмаганда Иван Федорович худди ваража тутгандай лаб­ларини тишлади, муштларини тугди ва яна бир зум ичида Смердяковга ташланмоқчи бўлди. Смердяков ҳар қалай дарҳол буни фаҳмлади-да, бир силкинди-ю бутун гавдасини орқага тортди. Бироқ лаҳза Смердяков учун хайрли тугади ва Иван Федорович индамай, лекин қандайдир фаромуш ҳолда эшик томон юрди.
– Агар билгинг келса, мен эртага Масковга жўнаб кетяпман, эртан эрталаб вақтли жўнайман, ана, тамом! – у қаҳр билан дона-дона қилиб овозини баланд қўйиб сўзлади, кейинчалик буни нега ўшанда Смердяковга шу тарзда айтгани ва бу унга нима учун керак бўлганига ўзи ўзидан ҳайрон бўлиб юрди.
– Энг яхшиси шу, – деб илиб кетди Смердяков худди шуни кутиб тургандай, – фақат бирон воқеа бўлиб қолса, сизни Масковдан телеграф орқали чақириб қолишлари мумкин.
Иван Федорович яна тўхтади ва яна ялт этиб Смердяковга ўгирилиб қаради. Смердяков ҳам худди шундай ҳолга тушди. Унинг бутун такаллуфи ва беписандлиги бир зумда ғойиб бўлди; бутун қиёфасида ҳаддан ортиқ диққат-эътибор ва мунтазирлик акс этди, аммо энди бунда ийманиш ва ялтоқилик ифодаланарди: “Мабодо, яна бир нарса демайсанми”, – унинг Иван Федоровичга ўқдай қадалган нигоҳида худди шу сўзларни уқиш мумкин эди.
– Э, ахир Чермашнядан ҳам чақириб олишмасмиди… мабодо шунақа бир воқеа содир бўлиб қолса? – бўкириб юборди бирдан Иван Федорович нима учундир овозини баланд кўтариб.
– Ҳа…Чермашнядан ҳам… чақириб олишарди… – худди эсанкирагандай овози чиқар-чиқмай ғўлдиради Смердяков, аммо у ҳамон Иван Федоровичнинг кўзига диққат билан тикка қараб турарди.
– Фақат Масков узоқ, Чермашня эса яқин, сен, нима, узоқ йўлга пул кўп кетади деб ачиняпсанми, а, ё мени узоқ юриб саргардон бўлмасин дейсанми?
– Жуда ҳам тўғри, – хириллаб деди Смердяков ғўлдираб, у хунук илжайиб бир кори ҳол рўй бергудек бўлса, сапчиб ўзини орқага олишга тайёр турарди. Бироқ Иван Федорович Смердяковни ҳайрон қолдириб, кулиб юборди-да, кулишдан тўхтамай эшикдан кириб кетди. Аммо унинг афт-ангорига диққат билан қараган киши, афтидан, у хурсандчиликдан кулмаётганини пайқарди. Лекин унинг ўзи ҳам ўша дамларда бошидан нималар кечаётганини ҳеч бир тушунтириб бера олмасди. У худди ваража тутаётгандай юриб борарди.

VII

“АҚЛЛИ ОДАМ БИЛАН ГАПЛАШСАНГ, ҲУЗУР ҚИЛАСАН”

Гаплашиб ҳам кўрди. Эндигина ичкарига кириб, у залда Федор Павловични учратди ва дарҳол унга қўлларини силкитиб: “Мен тепага чиқаман, сизда эса ишим йўқ, ҳозирча хайр”, деб қичқирди-да, отасининг ёнидан  қарамасдан ўтиб кетди. Балки ушбу дақиқаларда чолни кўргиси келмагандир, аммо бунчалар такаллуфсизлик ва ёқтирмай қарашни ҳатто Федор Павлович ҳам кутмаганди. Афтидан, чол, ростдан ҳам, тезроқ ниманидир айтмоқчи бўлиб атай уни залда кутиб олишга чиққанди; бундай муомалани кўргач, индамай тўхтаб қолди ва пиллапоядан кўтарилиб бораётган ўғлини то бўлмасига кириб кетгунича илжайганча кузатиб турди.
– Унга нима бўлган? – тезгина сўради у Иван Федорович билан изма-из кириб келган Смердяковдан.
– Нимадандир жаҳли чиққанми, ким билсин, – ётиғи билан жавоб берди малай.
– Ҳай, майли, шайтон! Жаҳли чиқса чиқар! Самоварни келтир, ўзинг тезроқ жўна, тез. Янги гап йўқми?
Кейин боя Смердяков Иван Федоровичга нолиган гаплар, ойимқиз келдими, йўқми деб, сўраб-суриштиришлар бошландики, биз буни бу ерда ташлаб ўтамиз. Ярим соатдан сўнг уй тапа-тақ беркитилди, ёлғиз эс-ҳушини йўқотган қариянинг ўзи хонама-хона мунтазир бўлиб айланар, бешта шартлашилган тиқирлашни кутар, қоронғи деразаларга кўз югуртирар ва унда қоронғиликдан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди.
Вақт алламаҳал бўлган, Иван Федорович ҳамон уйқуга ётмас, тинмай ўйларди. Бу кеча у жуда кеч, соат иккиларда ётди. Аммо биз унинг бутун фикрлари оқимини келтириб ўтирмаймиз, бу юракнинг ичига киришнинг вақти ҳам  эмас: ўз вақти-соати келади бу юракнинг. Ҳаттоки бунга уриниб кўрганимизда ҳам, адо этиш у қадар осон бўлмас, чунки булар фикрлар эмас, балки қандайдир ғоят шубҳали нарсалар эди, асосийси – ичи жунбушга тўлган эди. Ўзини калавасининг учини йўқотиб қўйгандай сезарди. Уни яна ҳар турли ғалати ва бирмунча кутилмаган хоҳиш-истаклар қийнарди, мисол учун, тун ярим кечадан ўтгач, чидаб бўлмайдиган даражада пастга тушгиси келиб қолди, эшикни очиб, ҳовлидаги уйга ўтгиси ва Смердяковни калтаклагиси келди, аммо сиз ундан нима учун деб сўрасангиз, унинг ўзи лоақал биронта жўяли сабабни аниқ айтиб бера олмасди, фақатгина шуни айтиши мумкин эдики, бу малай дунёда мени ҳаммадан ҳам ёмон ҳақорат қилди, шунинг учун уни кўргани кўзим йўқ, ундан нафратланаман. Бунинг устига бу кеча унинг юраги ёмон пўкиллаб қолди, буни сира тушунтириб бўлмас, жуда аянчли эди, у сезиб турарди, шундан ҳатто бутун жисмоний кучини бирдан йўқотаётгандай беҳол бўларди. Боши оғрир ва айланарди. Худди бировдан қасд олишга отлангандай юраги ёмон бир нарсадан сиқиларди. Ўрталарида боя бўлиб ўтган гап-сўзларни эслаб у ҳатто Алешадан ҳам хафа бўлиб кетарди, шундай дақиқалар бўлардики, ўзидан ҳам куфри қўзирди. Катерина Ивановнани эса у деярли бутунлай эсидан чиқарганди ва кейинчалик бундан жуда ҳам ҳайрон бўлиб юрди, ҳолбуки, яхши эсида эдики, куни кечагина эрталаб Катерина Иванованинг уйида оғзининг таноби қочиб, эртан Масковга кетяпман деб мақтанган ҳам эди, ҳолбуки, ҳали ўшандаёқ дилининг тубида ўзига ўзи: “Ахир, бу ҳаммаси бекор, сен ҳеч қаёққа жўнаб кетмайсан, сен бу ердан осон узилиб чиқолмайсан, мунча керилмасанг, мақтанчоқ”, – деб шипшиётгандай туюларди. Кейин узоқ вақтлар ўтиб мана шу кечани кўз ўнгидан ўтказаркан, яна шуни ҳам қаттиқ ижирғаниб, нафратланиб эсларди, у бирдан дивандан оҳиста турарди-да, худди биров кўриб қоладигандай қаттиқ қўрқиб, секин эшикни очиб, зина саҳнига чиқиб, пастдаги хоналарга қулоқ тутар, у ерда Федор Павловичнинг қандай шипирлаб юрганини эшитар, қандайдир жуда ғалати қизиқиб, нафаси бўғзига тиқилиб, юраги қинидан чиққудай гурсиллаб уриб, узоқ вақтлар – беш дақиқаларча тинглаб турар, лекин нима учун бундай қилаётгани, нимага тинглаётганини ўзи ҳам билмасди. Бу “қилиғини” у кейин “разиллик” деб юрди, бутун умр юрагининг қаърлари, энг теран пучмоқларидан энг тубан, пасткаш қилиғим деб юрди. Ўша дамларда  Федор Павловичнинг ўзига нисбатан ҳеч қандай нафрати йўқ эди, лекин негадир жон-жаҳди билан билгиси келарди: пастда отаси қандай қилиб юрибди, мисол учун, у энди нима қилиши керак, отаси у ерда қоронғи деразаларга қандай қараётганини кўз ўнгига келтирар, фикрларди, ана у бирдан хона ўртасида юришдан тўхтади ва муштоқ кутаяпти, кутаяпти – кимдир тақиллатиб қолармикин. Иван Федорович мана шу машғулот учун икки бора зинага чиқди. Охири жимжитлик чўкиб, соат иккиларда Федор Павлович тўшакка ётгач, энди ётиб ухлайман деб, Иван Федорович ҳам ўрнига чўзилди, у ғоятда ҳолдан тойганди. Ва ростига, бирдан қаттиқ уйқуга кетди, туш кўрмай ухлади, у соат еттиларда эрта уйғонди, тонг оқарган эди. Кўзларини очиб, вужудидан қандайдир куч ёғилаётганини ажабланиб ҳис қилди, дик ўрнидан турди, апил-тапил кийинди, кейин чамадонини олди ва шошилиб унга нарсаларини жойлади. Кеча эрталаб кийим-бошларини хизматкор тайёрлаб берганди. Иш ўнғайидан келганидан Иван Федорович табассум қилиб қўйди, жўнаб кетишлик учун ҳеч қандай монелик қолмаганди. Жўнаш эса ҳақиқатдан кутилмаган тарзда бўляпти. Гарчи Иван Федорович (Катерина Ивановна, Алеша ва кейин Смердяковга) эртага жўнайман деган бўлса-да, кеча уйқуга ётаркан, шуни жуда ҳам яхши эслардики, ўша дамда у жўнашни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган, ҳар ҳолда эртага эрталаб ўрнимдан туриб, дарҳол чамадонни йиғиштира бошлайман деб асло ўйламаганди. Ниҳоят, чамадон ва юк халта тайёр бўлди. Марфа Игнатьевна унинг олдига кириб, одатдагича: “Чойни қаерда ичасиз? Ўз хонангиздами ё пастга тушасизми?” – деб сўраганда, соат тўққизлар бўлиб қолганди. Иван Федорович пастга тушди, у хушҳол кўринарди, аммо сўзлари ва ҳаракатлари алпонг-талпонг, шошилаётгани сезиларди. Отаси билан очиқ юз-ла ҳол-аҳвол сўрашиб, соғликларини алоҳида суриштиргач, у отасининг жавобларини ҳам охиригача кутиб ўтирмай, бир соатдан сўнг бутунлай Масковга кетяпман деб гапнинг пўст палласини айтди қўйди ва отасидан отларни қўштиришни сўради. Қария бу хабарни асло ажабланмай қабул қилди, ҳатто ўғлининг кетаётганидан таассуф билдириб қўйиш манзирати ҳам эсидан чиқди, бунинг ўрнига бирдан ўзининг бир зарур иши борлиги эсига тушиб, ғоятда питирлаб қолди.
– Вой сен-ей! Ана холос! Кеча айтмабсан-да… майли, барибир ҳали ҳам кеч эмас, ёпиштирамиз. Отагинам, сен менга каттакон бир яхшилик қил, Чермашняга бор. Сен Воловий бекатидан чапга бурилсанг бас, атиги ўн икки чақиримча келади, Чермашнядан чиқасан.
– Мени кечиринг, иложи йўқ, темир йўлгача саксон чақирим, поезд бекатдан Масковга кеч соат еттида жўнайди – учма-уч етиб бораман.
– Эртан улгурасан, бўлмаса индинига, бугун Чермашняга кириб ўт, отанг­ни кўнглини хотиржам қил! Агар бу ерда ишларим бўлмаса, аллақачон ўзим учиб бориб келардим, у ердаги иш қараб турмайди, жуда зарил, менинг бу ердаги вақтим йўл қўймаяпти… У ерда менинг икки ерда ўрмоним бор, Бегичев ва Дячкино ялангликларида. Савдогар ота-бола Масловлар ўрмонни кесиб олишни бор-йўғи саккиз мингга баҳолашяпти, ўтган йили сотиб оламан деган харидор эса ўн икки минг бераман деб чираниб турган эди, у бу ерлик эмас, фарқи мана шунда. Нега десанг бу ердагиларнинг бозори касод, ота-бола Масловларгина семиришяпти, юз мингдан ортиқ сармоялари бор: қанча берсалар, шунга рози бўласан, бу ердагиларнинг ҳеч бири улар билан беллашолмайди. Отахон Ильинский кутилмаганда ўтган ҳафта пайшанба куни бу ёққа мактуб жўнатди. Горсткин деган савдогарвачча келганмиш, унинг кимлигини биламан, авло жойи шуки, бу ерлик эмас, Погребовдан, инчунин у Масловлардан тафт тортмайди, чунки бошқа жойдан. Битта ўрмонга ўн бир минг бераман деяпти, эшитяпсанми? Отахоннинг ёзишича, у бу ерда яна бор-йўғи бир ҳафта турармиш. Шунинг учун сен борсанг, у билан келишиб келардинг…
– Сиз отахонга ёзиб юборинг-да, у шартлашиб қўяди.
– Қўлидан келмайди, гап шунда. Отахоннинг чамаси етмайди.  Тилла одам, мен ҳозир унга тилхат олмай йигирма мингни қўлига тутқазаман сақлаб туриш учун, лекин қараб туришга ярамайди, одам эмас, фаришта, чумчуққа ҳам алданади. Ҳолбуки, олим одам, ўзинг тасаввур қил. Анов Горсткин кўринишдан эркакка ўхшайди, кўк нимча кияди, аммо феъл-атвори турган-битгани аблаҳ, бу бизнинг умумий касалимиз, у ғирт ёлғончи, ол-а шайтон. Баъзан ёлғонни ҳам шундай ҳаддан ошириб юборадики, бу унга нимага керак экан деб ажабланасан. Уч йил олдин хотиним ўлди, бошқасига уйланиб олдим деб гап тарқатди, ҳолбуки, ҳеч бунақа гап йўқ экан, тасаввур қил, хотини ҳеч қачон ўлиб-нетмаган, ҳозир ҳам тирик, ҳозир ҳам уни ҳар уч кунда бир калтаклаб туради. Ана шунинг учун энди  билиш  керак, унинг гапи чинми, ёлғонми, сотиб  олмоқчими, йўқми, ўн бир минг бераман дегани ростми, йўқми?
– Менинг ҳам бунга ақлим етмайди, ҳисоб-китобини чиқаролмайман.
– Тўхта, шошмай тур, сен ҳам ярайсан, мен сенга Горсткиннинг кимлигини айтиб бераман, у билан анчадан бери ҳамкорлик қиламан. Биласанми, унинг соқолига қараб туриш керак: соқолгинаси малла-сариқ, суфта ва сийрак. Мабодо соқоли силкиниб қимирлаётган бўлса-ю ўзи жаҳл билан гапираётган бўлса демак, иш пишибди, рост сўзлаётган ва ишни битираётган бўлади; агарда соқолини чап қўли билан сийпаб, ўзи хихилаб кулса – унда, демак, чув туширмоқчи, муғомбирлик қиляпти. Ҳеч қачон унинг кўзига қарама, кўзидан ҳеч нарса уқолмайсан, лойқа сув, айёр, соқолига боқ. Унга хат ёзиб бераман, ўзига кўрсат. Ўзи Горсткин бўлгани билан Горсткин эмас, Лягавий, лекин сен  уни Лягавий деб чақирма, хафа бўлади. У билан тил топишсанг, иш пишганини кўрсанг, дарҳол менга хат билан маълум қил. Бир оғиз сўз ёзсанг, бас: “Алдамаяпти” де. Ўн бир мингда оёқ тираб тур, бир мингга ўтсанг майли, аммо ортиқ ён босма. Ўзинг ўйлаб кўр, саккиз қайда-ю ўн бир қайда – уч минг фарқи бор. Шу уч мингни мен худди кўчадан топиб олгандайман, яна қачон харидор чиқади, пулга эса зориқиб турибман. Иш жиддийлигини билдирсанг, унда ўзим учиб бораман-у охирига еткизаман, бир амаллаб вақт топарман. Мабодо бу ота­хоннинг ўйлаб топган гапи бўлса, унда ҳозир мен у ерга от чоптириб нима қилдим? Хўп, борасанми, йўқми?
– Э, вақт йўқ, қўйинг.
– Оҳ, отангга кўмаклаш, ҳеч эсимдан чиқармайман! Ҳаммаларингни юракларинг тош, ана! Бир ёки икки кун сенга нима бўлибди? Қаёққа кетяпсан, Венециягами? Икки кунда сенинг Венециянг ер юзидан кўчиб кетмас ахир. Мен Алешкани  юборсаммикин девдим, лекин Алешка бу ишларни қандай эплайди? Сен эса эсли-ҳушли, ақлли одамсан, мен ахир кўриб турибман-ку. Ўрмон сотмасанг ҳам, фаросатинг бор. Бу ерда фақат разм солиш керак: ўша одамнинг гапи жиддийми ёки йўқми. Айтяпман-ку, соқолига боқ: соқоли силкинса – демак, иш пишган.
– Мени ўзингиз шу лаънати Чермашняга гумдон қилмоқчимисиз, а? – деб чинқирди Иван Федорович ғазаб билан лабини қийшайтириб.
Федор Павлович унинг ғазабини фаҳмламади ёки фаҳмлагиси келмади, лекин лабини қийшайтирганини пайқади:
– Демак, борасан, борасан-а? Сенга ҳозир хат ёзиб бераман.
– Бораманми, йўқми, билмадим, йўлда бир қарорга келарман.
– Йўлда нима қиласан, ҳозир айт. Бўталоғим, ҳозир айт! Келишиб олсанг, менга бир оғиз ёзиб юбор, отахонга берсанг, менга хатингни бирпасда етказади. Ундан кейин сени тутиб турмайман, кетавер Венециянгга. Отахон сени кейин Воловий бекатига ташлаб қўяди ўзининг  от-аравасида…
Қария ғоятда хурсанд бўлди, хат ёзди, от-арава қўштирди, яна егуликлар, коньяк келтиришди. Қария хурсанд бўлган чоғларида жуда талтайиб кетар, аммо у бу сафар ўзини тутарди. Мисол учун, Дмитрий Федорович ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади. Ўғли кетаётганидан қайғурмасди. Ҳатто нимани гапиришни ҳам билмагандай эди, Иван Федорович бунга эътибор берди: “Унинг жуда жонига тегибман”, – деб ўйлади у ичида. Фақат ўғлини кузатиб бўсағага чиққанда у бироз типирчилаб қолди, қучоқлашиб, ўпишгани интилди. Аммо Иван Федорович, афтидан, бундан қочиб отасига шошиб қўлини чўзди. Қария буни дарров тушунди  ва дарҳол ўзини босди.
– Хўп, худонинг паноҳига, худонинг паноҳига! – такрорларди у бўсағада туриб. – Лекин ҳали ҳаётда яна келарсан ахир? Келсанг, жуда хурсанд бўламан. Хўп, худо ёринг бўлсин!
Иван Федорович тарантас арава ичига кирди.
– Хайр энди, Иван, рози бўл! – охирги маротаба қичқирди отаси.
Уйдагилар барчалари хайрлашишга чиқишди: Смердяков, Марфа ва Григорий. Иван Федорович ҳаммаларига ўн рублдан ҳадя улашди. У аравага ўтириб олгач, Смердяков югуриб келиб оёқ остидаги гиламчани тўғрилади.
– Кўрдингми… Чермашняга кетяпман…. – худди кечагидай тағин кўкрагидан чиқиб кетди Иван Федоровичнинг, яна худди бу ўз-ўзидан бўлгандай асабий кулиб қўйиб. Кейин у буни узоқ вақт эслаб юрди.
– Демак, одамлар тўғри айтишаркан-да, ақлли одам билан гаплашсанг, садағаси кетасан деб, – қатъият билан жавоб берди Смердяков Иван Федоровичга чуқур тикилиб.
Тарантас йўлга тушди ва тез учиб кетди. Сайёҳатчининг юраги бўм-бўш эди, аммо у атроф далалар, адирлар, дарахтлару баланд тиниқ осмонда ўз устидан учиб ўтаётган ғозлар галасига шодумон назар соларди. Бирдан у жуда ҳам енгил тортди. Шунда извошчи билан гаплашгиси келди, мужикнинг жавоблари ичида бир нарса уни қаттиқ қизиқтириб қўйди, аммо бир зумдан сўнг ҳаммаси қулоғидан  чиқиб кетганлигини пайқади ва ростини айтганда, мужикнинг нима жавоб берганини тушунмади. У жимиб қолди, шунда ҳам жуда соз эди: ҳаво соф, мусаффо, сарин, осмон тиниқ. Хаёлидан Алеша билан Катерина Ивановнанинг сиймолари лип этиб ўтгандай бўлди, аммо у оҳиста кулимсаб қўйди ва оҳиста яқин шарпаларга уфурди, улар пўпанак каби ғойиб бўлдилар: “Ҳали уларнинг вақти келади”, – деб ўйлади у. Бекатга тез етиб боришди, отларни алмаштиришди-ю Воловийга қараб учишди. “Нега ақлли одам билан гаплашсанг, садағаси кетасан, деб айтди, бу билан нима демоқчи бўлди? – бирдан нафаси бўғзига тиқилди. – Мен ўзим нега унга Чермашняга кетяпман дедим?” Воловий бекатига етишди. Иван Федорович тарантасдан тушди, уни ямшик аравакашлар қуршаб олишди. Чермашняга дала-туз йўллардан ўн икки чақиримга олиб боришга ёлланишарди. У от қўшишни буюрди. Бекат биноси томон қадам ташлади, атрофига назар солди, бекатдаги назоратчи аёлга кўзи тушди-ю,  бирдан орқага қайтиб бўсағага чиқди.
– Чермашняга керакмас. Оғайнилар, соат еттига темир йўлга кечикмай бораманми?
– Айни улгурамиз. Отни қўшайликми?
– Дарров қўш. Эртага кимдир шаҳарга бормайдими?
– Бўлади. Мана, Митрий боради.
– Митрий, бизга бир хизмат қилмайсанми? Сен бориб, отам Федор Павлович Карамазовнинг олдига кирасан, унга менинг Чермашняга бора олмаганимни айтасан. Бу қўлингдан келадими, йўқми?
– Нега кирмай, кираман, Федор Павловични анчадан бери биламиз.
– Манави сенга чой-чақа, ҳойнаҳой отам сенга бермаслиги ҳам мумкин… – қувноқ кулди Иван Федорович.
– Ростданам бермайдилар, – кулиб юборди Митрий ҳам. – Раҳмат, жаноблари. Албатта, бажарамиз…
Оқшом соат еттида Иван Федорович вагонга ўтирди ва Масковга қараб учди. “Ҳаммаси орқада қолсин, ўтмиш олам абадул-абад тугади, ундан энди на сас, на хабар керак, энди янги дунё, янги жойлар керак, орқага аланглашнинг хожати йўқ!” Аммо шодумонлик ўрнига унинг юрагига бирдан тундай қоронғилик чўкдики, жони-жаҳонидан шунчалар қайғу-алам оқдики, илгари ҳеч қачон, бутун умри бино бўлиб, бундайига дуч келмаганди. У тун бўйи ўйга ботди, вагон гўё учарди; фақат тонг қоронғисида Масковга кириб бораркан, кўзлари худди очилгандай бўлди.
– Э, аблаҳ! – пичирлади у ўзига ўзи.
Федор Павлович эса ўғлини йўлга кузатиб жуда мамнун бўлди. Бутун икки соат у ўзини жуда бахтли сезди, коньякдан тортиб турди, аммо уйда юракни ёмон ғаш қиладиган хунук бир воқеа содир бўлиб қолдики, бу Федор Павловични қаттиқ шошириб қўйди: Смердяков қай иш билан ертўла омборга борган экан, юқоридаги зинадан пастга йиқилиб тушибди. Яхшиямки, шу пайтда ҳовлида Марфа Игнатьевна юрган экан, дарров эшитибди. У қандай йиқилганини кўрмабди-ю, қичқирган товушни эшитибди, бу бошқача, ғалати бир бақириқ бўлиб, Марфа Игнатьевнага анчадан бери маълум эди – бу тутқаноқ тутган пайтда йиқилаётгандаги овоз эди. Смердяков омбор зиналаридан пастга тушаётганида тутқаноғи бошланиб, сўнг дарҳол пастга қараб беҳуш қуладими ёки аксинча, йиқилиб тушганидан кейин ларза натижасида тутқаноқ тутдими,  аниқлаб бўлмасди, бироқ уни омбор тагида оғзидан кўпик сочиб, қақшаб, чангак бўлиб ётган маҳалда топишди. Аввалига у қўл-оёғини синдириб қўйдимикин, деб ўйлашди, бироқ Марфа Игнатьевнанинг тили билан айтганда, “худо сақлаб”, бундай кори ҳол рўй бермаган, фақат уни омбор тагидан юқорига олиб чиқиш анча мушкул кечганди. Қўни-қўшнилардан кўмак ўтиниб, амаллаб уни юқорига кўтариб чиқишди. Федор Павловичнинг ўзи бу ишларда бош-қош бўлиб турди, ёрдам берди, чамаси, у қўрқиб кетган ва ўзини йўқотиб қўйганга ўхшарди. Аммо бемор ўзига кела қолмасди, тутқаноқ вақтинча тўхтаса ҳам, кейин яна қайталанар ва ҳамма бундан шундай хулосага келдики, у бултур бехос болохонадан йиқилганида рўй берган ҳодиса энди яна такрорланади. Ўшанда унинг энсасига муз қўйганларини эслашди. Ҳартугул муз омборда ҳали бор экан ва Марфа Игнатьевна уни дарров малҳам қилиб қўйди, Федор Павлович эса кечга томон доктор Герценштубега одам жўнатди, у ҳаялламай етиб келди. У беморни диққат билан кўриб (у музофотдаги энг синчков ва эътиборли доктор бўлиб, кексайиб қолган, ҳурмат-эътиборга сазовор зот эди), тутқаноқни фавқулодда ва “жуда хавфли” деб топди, аммо ўзи ҳали ҳаммасини охиригача тушуниб етмаганлиги, агар бугунги муолажалар фойда қилмаса, эртага эрталаб бошқа чоралар қилиб кўришини айтди. Беморни ҳовлидаги уйга, Григорий билан Марфа Игнатьевнанинг ёнидаги хонага ётқизишди. Кейин кун бўйи Федор Павловичнинг бошига бахтсизлик устига бахтсизлик ёғилиб турди: тушлик таомни Марфа Игнатьевна ҳозирлади, шўрва Смердяков пиширадиган шўрвага ўхшамади, “ювинди”дан асло фарқ қилмади, товуқ эса шу қадар қоқланган эканки, уни чайнашнинг сира иложи бўлмади. Марфа Игнатьевна хўжайиннинг аччиқ, аммо тўғри таъналарига товуқнинг ўзи жуда қари эди, мен ҳам ошпазликка ўқимаганман, деб жавоб берди. Кечга яқин яна бир ташвиш чиқди: уч кундан бери сирқовланиб юрган Григорий бутунлай тўшакка ётиб қолди, белини кўтаролмаяпти, деб Федор Павловичга хабар беришди. Федор Павлович кечки чойни апил-тапил ичди-да, бир ўзи уйни ичидан қулфлаб олди. У жуда ҳам қўрққан ҳолда хавотирга тўлиб кутарди. Гап шундаки, у худди мана шу оқшом Грушеньканинг келиб қолишидан умидвор эди, ҳар қалай, уни тонг саҳарлаб Смердяков “ойимқиз бугун, албатта, келаман деб ваъда берганлар”, деб ишонтирганди. Тийиқсиз қариянинг юраги хавотир ичида гурсиллаб урар, у бўм-бўш хоналарда у ёқдан-бу ёққа бориб келар, қулоғи динг тингларди. Ҳозир-нозир турмоқ керак эди: ойимқизни бирон ерда Дмитрий Федорович биқиниб пойлаб турган бўлса, эҳтимол, ойимқиз деразани тиқиллатса (Смердяков бундан уч кун бурун қизга қаерни қандай тақиллатишни тушунтириб айтганман, деб Федор Павловични ҳотиржам қилганди), унда эшикни зудлик билан очиш, бўсағада уни бир зум ҳам кутдириб қўймаслик керак эди, худо кўрсатмасин, қиз бирон нарсадан ногаҳон қўрқиб, қочиб кетмагай. Федор Павлович жуда безовта эди, аммо унинг юраги ҳеч қачон бундай ширин умид ичида чўмилмаганди, мана энди шу сафар дадил айтса бўларди: бугун у, албатта, келади!..

Рус тилидан Иброҳим Ғафуров
таржимаси

(Давоми бор)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/05/14/%d1%84e%d0%b4%d0%be%d1%80-%d0%b4%d0%be%d1%81%d1%82%d0%be%d0%b5%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1821-1881-%d0%b0%d0%ba%d0%b0-%d1%83%d0%ba%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%b0%d0%b7/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x