Неъмат Арслонов Ёзувчи учун атир

Новелла

Чекка сочлари оқариб қолган Григоровичнинг қандай атир суртиб юрганлигини билмайман (қадимда атир суртиларди, ҳозирда тизиллатиб сепилади), аммо Бунин тасвирлаган шу ёзувчининг, яъни Григоровичнинг  олдидан ўтгим келади, ва ундан анқиб турган ифорнинг қанақалигини билгим келади. Афсуски, энди Бунин ҳам, Григорович ҳам ва Жемчужников ҳам йўқ. Шунга қарамай, ўша даврга хос айрим ҳолатлару манзараларни тафаккур ёрдамида тасаввур қилиш мумкин.

Бизнинг болалигимиз ва ўсмирлик пайтимизда “Сирень”, “Ландиш” “Кармен”деган атирлар бўларди, ўсмирлик пайтимда биринчи марта “Қори наво” деган атирдан суртиб кўрганман. Австралияда чайлачи деган бир қуш бор. Қанотли бу жонивор урғочисини жалб қилиш учун қарийб одам бўйи келадиган чайла қуради ва ўзи бунёд этган иншоотни турли туман ялтироқ нарсалар билан безайди-да, чайла атрофида айланиб қўшиқ куйлайди. Инсонга ҳам хос бундай бачкана ҳолат. Ясан-тусан қилсам унга яхши кўринаман, деб ўйлайди севган қизининг олдига бораётган йигит. Садафни узоқдан бўлса ҳам бир кўриш ниятида йўлга тушарканман, икки кун аввал қишлоқ дўконидан сотиб олган атиримдан сепиб олдим. Китоб жавонимнинг орқасида яширин сақлардим уни.  Жуда ўткир эди “Қори наво”нинг ҳиди. Атир бўйини шамол олиб кетмасин деб пана-пастқам йўлдан борардим. Кистамда носкашларнинг носқовоғидай дўмпайиб турибди дағал шиша идиш. Унинг сиртида рақс тушаётган аёл сурати бор. Ярим йўлга етгач, яна бироз сепиб олсаммикин деган хаёлга бордим. Чўнтакдан учбурчак шаклидаги шишани оларканман, унга ёпиштирилган расмга яна бир карра қарадим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам рақс тушаётган аёл суврати… Аёлларники эмасмикин бу одекалон деган шубҳа оралади кўнглимга. Йўл бўйида кимдир кўринди ва катта ёшли бир киши мен томон келаверди. Девор тагига тиқилиб бордим.  Ёнимдан ўтаётиб бурнини жийирди ҳалиги одам ва “такадай сасибсан” деди, мендан ҳазар қилгандай ўзини нарироқ олиб. Уялиб кетдим. Аммо атир ҳидига бўлган ўчлигим босилмади. Бирор нарса ёзишга ўтирсам, ҳозир ҳам албатта юзимга атир пуркайман.

Жонзотларга ҳид билиш хусусиятини ато этаркан, бу ноёб ҳиссиётнинг  бошқа барча сезгилардан ва ҳаттоки кўришдан, таъм билишдан ва эшитишдан ҳам аъло даражада бўлишини таъминлаган табиат. Бошқа ҳар қандай сезги миядаги: таламус, ҳипоталамус, стреатум каби марказлардан ўтади, аксонлар ва дендритларнинг қўлига тушиб, турли ўзгаришларга учрайди, буйруқлар макони бўлган бош мия пўстига етиб боргунга қадар неча марта ўлиб тирилади. Тадқиқотчи олимларнинг айтишича, биз кўз билан кўриб турган нарсалар аслида кўринганидай эмас, бутунлай бошқача эмиш, фақат ҳид билишгина бундан мустасно, мия пўстлоғига тўғридан тўғри, яъни бевосита, ҳеч қандай ўзгаришга учрамасдан етиб боради.

Атирга ўчлик  менинг жиддий нуқсоним. Шундайлигини биламан ва имкони борича атир харид қилмасликка интиламан. Атирга бўлган тийиқсиз интилишни жиловлаш учун шундай қиламан. Бахтга қарши йўлда бир қанча атир-упа дўконлари бор, Чилонзордан Фарҳод бозоригача ва бозордан метрогача пиёда бораман. Йўлда бир аёл атир сотиб ўтиради. Яхши хушбўй атирлари бор унинг. “Смокинг”, “Шанель” “Матфикс ман” ва ҳоказо. Ҳар доим унинг ёнидан ўтарканман, кўк, яшил ёки заъфарон рангли  суюқлик тўлдирилган турли шаклдаги шишачаларга қарайман, сўнгра улардан бирини қўлга олиб қопқоқчасидан сал қуйироққа, шишачанинг бўйнига  бурнимни маҳкам босиб ҳидлайман. Менинг ҳаракатларимни кузатиб туради албатта сотувчи аёл. “Олинг” дейди. Атир нархи қиммат, ҳиди менга ёқса-да, пулни ўйлайман. Сирасини айтганда, дўконлардагидан арзон унинг атирлари, йигирма беш мингдан зиёд эмас, худди шундай атир дўконларда анчагина қиммат туради. Ҳатто юз минг сўмлик, икки юз ва ҳатто уч юз минг сўмлик атирлар ҳам бор. Бир дўстимнинг айтишича, “Клив Христиан № 1” деган атир 2.350 доллар турармиш.  Менга “Suave” ҳам бўлаверади. Кўкимтир шишачали, қопқоғи савсани бу атирнинг ҳиди менга жуда ёқади. Албатта, масалан, “Смокинг” даражасида эмас, шундай бўлса ҳам жуда олгим келарди уни … Гўё “Қишлоқ”романининг муаллифи Григорович ана шу атирдан суртиб юрадигандай.  Дарвоқе, ўз даврида анчайин ном қозонган ва ҳатто ана шу  романи билан Белинскийнинг назарига тушган  эди бу ёзувчи. Унинг олдига бориш, унга яқинроқдан қараш ва ундан таралаётган ифордан ҳидлаш… узун бўйли, жуда тоза ва ёқимли кийинган кишига хадиксираганча қараб турар ва мириқиб атир ҳидларди. Аммо Бунин нафас олаётганини, ҳаводан атир ҳидини ўғирлаётганини Григоровичдан, яъни атир эгасидан пинҳон тутарди. Адабиёт майдонида ҳали ном қозониб улгурмаган, образли қилиб айтганда,  эндигина тетапоя бўла бошлаган  журъатсиз ва ҳуркак ёзувчи учун табиий ҳол эди албатта бу. Французча тарбия кўрган Григорович эса парфюмерияга эътиборсиз эмасди. Ва Никольский кўчасида очилган номдор атир-упа магазини олдида вақт- бевақт учратиб қолиш мумкин эди уни.  Нафақат Григорович ёки Жемчужников, балки  ўзига қараб юрадиган барча эркакларнинг диққатини тортарди бу дўкон. Хусусан, “Шанель №5” одекалонидан суртиб хонимларнинг ёнидан ўтиш олифта эркакларнинг орзуси эди.  Брокар кашф этган “Цветочний” деган афсонавий атир ҳам сотиларди бу ерда.

…Ўзимни чалғитишга ва Григорович билан Буниннинг учрашувини бирон бир машҳур ёзувчининг хонадонида ташкил этишга қай даражада уринмай, кўз олдимда энг қимматбаҳо ифорли атирлар билан савдо қиладиган ўша магазин ва унинг пештахтаси олдида турган Григорович ва узоқроқдан уни кузатиб турган Бунин кўринаверарди. Афсуски, мутлақо хато эди менинг бу тасаввурим: биринчидан,турли ҳидлар анқиб турган атир-упа дўконининг ичида Григоровичдан таралаётган ифорни пайқамасди, иккинчидан, қўл учида кун кўраётган Бунин қимматбаҳо атирлар билан савдо қиладиган бундай дўконларга беҳудага кирмасди деб ўйлайман. Уларнинг учрашуви ҳақиқатан ҳам Бунин хотини Варвара Пашенкодан ажрашгандан кейин, Москвада рўй берган экан. Аммо Бунин атир билан боғлиқ ҳолатни анча кейинга сурган. “Ой чиқди ложувард ой ёнидан” деган мақоласида Григоровичнинг ўлимидан бироз олдинги ҳолатни беради. Демак, 1899 йил куз фаслида бўлган эди бу учрашув. Орадан кўп ўтмай, ўша йилнинг 22 декабрида Григорович вафот этди.

…  Ана шу манзара бор тиниқлиги ва тафсилотлари билан кўз ўнгимни қоплаб оларкан, атир шишасини эҳтиёткорлик билан ушлаб турган ҳолатда, юзимга ёқимли тус бериб сотувчи аёлдан  сўрадим:

– Қанча дейсиз?

– Йигирма беш.

– Йигирма бераман.

– Нималар деяпсиз, ахир бу “Suave!”

Яна шишача бўғзини бурнимга тақаб ҳидлайман.  Ва қайтариб жойига қўяман.

– Ёқмадими?

– Менга Григорович суртадиганидан топиб беринг, оламан, – дейман атайлаб, сотувчини гангитиб ташлаш ва шу йўл билан ўзимни бу соҳада саводсиз эмаслигимни кўрсатиш, ҳам хасислик қилаётганимни хаспўшлаш мақсадида.

Юзини тескари ўгиради сотувчи ва мен узоқлашаман унинг олдидан. Кистамдаги пул атир олишга етади албатта, аммо ўйловим кўп, рўзғор, дори-дармон ва кутилмаган бошқа харажатлар. Ҳаммасидан кўпроқ ўйловга соладигани коммунал тўловлар, кам эмас, ўн икки хил тўлов…

Қандайдир тетиклик бағишлайди менга хушбўй атир. Кейинги йилларда сотилаётган фаранг одекалонларида атиргул ҳидидан тортиб каппарис спиноза гулининг ҳидигача бор ва улар ниҳоятда дилтортар. Каппарис спиноза оқ гуллайди, лотинча номдаги бу ўсимликни биз оддийгина қилиб ковул деймиз. Бу антиқа ўсимликнинг гули бутун бошли мўъжиза ва унда танноз аёлларга хос нимадир бор. Гулининг ҳиди жуда нафис, жуда ёқимли… қандайдир хаёлчан ва романтик ифор. Албатта, масалан илиқликни эслатувчи ҳидларни ёки карамель ҳидига монанд одекалонларни ёқтирадиган кишиларга ковул гули таратадиган ҳид ёқмаслиги мумкин. Буниннинг ёзишига қараганда, Григоровичдан анқиб турадиган атир жуда хушбўй бўлишига шубҳам йўқ. Нега Григорович ёки Жемчужников деган рус ёзувчилари шундай атирлар сепиб юришади-ю, мен бундай қилолмайман, ахир мен ҳам ёзувчиман. “Мавҳумот” деб номланган романимнинг ўзи агар чет тилларга таржима қилинса, долларнинг тагида қолиб кетишимга шубҳам йўқ. Чунки унда эфтоназия тасвирланган. Романнинг учинчи китоби шу ном билан аталади. Агар янглишмасам, ўлим салтанатига хизмат қилувчилар тўғрисида ёзилган биринчи роман бу.  Эфтоназия, яъни ҳузурбахш ўлим деб номланган корхона ҳозирча фақат Недрландияда, Австралиянинг қайсидир бир шимолий минтақасида ва яна бир-иккитагина давлатда мавжуд.  “Адам водийси” ҳам ундан қолишмайди. Аммо мени юксакликка кўтарадигани – новеллаларим. Майли, бу тўғрида гапирадиган бўлсам, мени нотўғри тушунишлари ва мақтанчоққа чиқариб қўйишлари турган гап. Лекин Бунин мени тушуниши мумкин эди, чунки иккаламиз ҳам Григоровичнинг ва Жемчужниковнинг атирига мафтунмиз. Мени безовта қилаётган ва атир олишга ундаётган куч Буниннинг бир мақоласи бўлди.

Ёзнинг жазирама кунларидан бирида айвончада ўтириб олиб қайноқ чой ҳўплардим ва “Китоб дунёси” газетасини варақлардим. Ногоҳ  атирга ишқибоз Буниннинг  “Ой чиқди ложувард ой ёнидан” деган мақоласига кўзим тушди, (юқорида айтиб ўтгандим). Азбаройи Нобель совриндори бўлганлигини ҳисобга олиб мақолага кўз югуртирдим ва мана бу сатрлар эътиборимни тортди:  “Бир маҳал шундоққина ёнимдан бурнимга ёқимли одеколон ифори урилди, бошимни кўтарсам, не кўз билан кўрайки, Григорович! Бу учрашув унинг ўлимидан бироз олдинроқ содир бўлганди, анчагина қартайиб қолганди. Лекин худди ўзидан келиб турган ифор каби тоза ва тетик эди”. Атир ҳидидаги тозалик ва тетиклик… албатта жуда қизиқ бу, “ифор” ҳам оддий таъриф эмас. Шу сўзларни ўқидиму дарҳол ўрнимдан туриб Фарҳод бозори сари йўл олдим. Энди атирга икки баробар қиммат баҳо қўйса  ҳам оламан деган қарор дилимда қатъий. “Олурман икки жаҳон мулкига баҳо қўйсанг” деган мисра майин куйга қоришиб бош чаноғим ичида қовоқ аридай ғунғиллаб айланади. Хаёлимнинг чуқур бир жойида эса “Қари наво”дан сепиб, Садафнинг олдига борган ҳолатим.

… Биз учрашдик. Бадавлат оиладан эди қиз. Қайрағоч дарахти тагига қўйилган ёғоч скамейка олдига борарканмиз, атайлаб шамол эсаётган тарафда ўтирдим. Енгилгина шабада “Қари наво”ни менинг  қизил алвон кўйлагимдан супуриб олиб қизнинг нозиккина бурунчасига урарди. Бир пайт қарасам, оғзидан нафас оляпти Садаф. Баъзан йўл бўйида ўлиб қолган мушук ёки бошқа бир жонивор олдидан ўтаётиб мен ҳам анча жойгача оғзимдан нафас олганча, қадамларимни тезлатиб бадбўй ҳидни шу йўл билан бартараф этардим. Садафга қараб ҳаммасини тушундим. Аммо қиз ҳолатини ошкор этмади, кўп андишали эдилар-да, бизнинг ёшлик давримизнинг қизлари. Хуллас, шундан кейин биз узоқ вақт учрашмадик. Уялиб юрдим. Ўта ноқулай-да бундай ҳолатлар. “Дид тўғрисида баҳслашмайдилар” дейишади руслар, шундай бўлса ҳам… Тўғрироғи, бу бир тарафлама фикр. Ҳар қандай таёқнинг икки учи бор. Григорович билан Жемчужниковнинг  тоза ва тетик атири Бунинга ёқди, балки бошқа бировга ёқмаслиги ҳам мумкин эди, аммо бу ерда бошқа бир жиҳат ҳам бор. Бунин ёзувчи бўлишни орзу қилиб юрган даврларда Григорович ёки Жемчужников каби  улуғлар билан учрашиш катта бахт эди ва бундай бахтга мушарраф бўлган тетапоя ёзувчи учун улардан уфуриб турган ифор ҳам улуғ эди ва кўп нарсани белгиларди.

… Хуллас, шошқин қадамлар билан Фарҳод бозори томон йўл олдим. “Э худо, атир сотувчи бугун ҳам савдога чиққан бўлсин,  ўша атирни сотиб юбормаган бўлсин” деган “дуо”ларни такрорлаганча борардим. Ўз жойида эди сотувчи аёл, мени кўрди, таниди ва юзини четга бурди. Атирни олдим-да, йигирма беш минг сўм узатдим. Қошларини кериб қаради аёл ва  “Suave”нинг нархи юз минг сўм” деди жиддий қиёфада. Иккиланмадим, чўнтагимдан бор пулимни олдим ва санаб юз минг узатдим. Узун бўйли, тоза кийинган ва хушбўй ифор анқиб турган Григоровичга ёки тозалигу тетикликда ундан қолишмайдиган шоир Жемчужниковга ўхшашни жуда истардим шу лаҳзада. Жуда кўп манзаралар, ҳолатлару орзу умидлар, ўтмиш салафларимизнинг ҳаёт тарзини қўмсаш ва яна нималардир мужассам эди бу истакда. Ажабланиб қаради аёл ва йигирма беш минг олиб қолганини қайтарди.

Уйга келишим билан ёзув столига ўтирдим. Шишачани қўлга олдим. Нақ бурнимга қаратиб унинг қорагина қалпоқчасини босдим. Тизиллаган товуш ва зарраларга тўйинган салқин ҳаводан энтикиб-энтикиб нафас олдим, “Suave”нинг дилрабо ифори! Бунин таърифлаганидай тоза ва тетик ифор! Кўзларимни юмиб чуқур нафас олдиму яна “пижиллатдим” ва ушбу новеллани  ёзишга журъат этдим. Ёзувчи учун атир қанчалар катта куч эканлигини ҳис этиб турардим. Балки “катта куч” демай бошқачароқ ифодалашим керакдир… Айтмоқчиманки,  кишининг тетик юриши ва ўзини яхши ҳис этиши учун ва ҳаттоки ана шундай кайфият таъсирида бадиий асарнинг дунёга келиши учун  нафақат хушбўй ифор, баъзан оддийгина нарсалар ҳам, айтайлик, ботинкангизнинг ечилиб кетган боғичи ҳам, ёки чўнтагингизда дастрўмолчангизнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бас, шундай экан,  Григорович билан Жемчужниковнинг  тетиклиги  яхши одекалоннинг хизмати эди, десам мени маломат қилманг, бу бир лаҳзалик онг остида яшириниб қолган ўйнинг ёки фикр моддасининг хизмати, албатта. Ана шу хизмат, яъни онг остидаги фикр моддаси қутқуси билан ўз-ўзимдан сўрайман:  Григорович ва Жемчужниковдан таралган ифорни ҳидлаган Буниннинг улуғ ёзувчи бўлиб шаклланиши ва ҳаттоки Нобель мукофотини олишига ўша ифор сабабчи бўлмадимикин? (Ҳеч кимдан жавоб талаб қилмайди бу риторик савол). Барибир мен ўз фикримга ён босаман. Ҳамма нарса, барча разиллик ва барча буюклик, дунёдаги бор кашфиёт миянинг иши. Неки қилсак, ҳиссиётлар таъсирида, уларнинг қутқуси билан қиламиз. Ҳид билиш эса табиат ардоқлаган энг ноёб ҳиссиёт. Григорович тўғрисида гапираркан: “Димоғимга ёқимли атир ифори урилди” дейди Бунин. Энг аввало шунга урғу беради. Модомики, шундай экан, мендан таралаётган “Suave” ифорини ким пайқаркин, ким бош кўтариб кўраркин мени, балки бош кўтариб эмас, юқоридан пастга томон қараб кўришар ва  ниҳоят, қаерларгача олиб бораркин мени бу ифор?..

2018/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/05/14/%d0%bd%d0%b5%d1%8a%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d0%b0%d1%80%d1%81%d0%bb%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b2-%d1%91%d0%b7%d1%83%d0%b2%d1%87%d0%b8-%d1%83%d1%87%d1%83%d0%bd-%d0%b0%d1%82%d0%b8%d1%80/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x