Бернард Шоу ҳангомалари

Муаммонинг ечими

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Нью-Йоркдаги “Гилд” театрида Бернард Шоунинг “Муқаддас Иоанна” спектакли зўр муваффақият билан намойиш этила бошланади. Аммо… орадан бироз вақт ўтгач, спектаклга жуда ҳам оз томошабин келадиган бўлиб қолади. Бунинг сабаби спектакль метро ёпилишидан ўн дақиқа кейин тугайди. Театр маъмурияти бирор чора кўриш учун Шоуга телеграмма жўнатади. Жавоб ўша куниёқ етиб келади: “Муаммонинг ечими осон: спектаклни ўн дақиқа олдин бошлаш керак ёки метронинг ёпилишини ўн дақиқага кечиктириш зарур”.

“Ўзингизни тўхтатиб бўпсиз…”

Бернард Шоу Шекспирдан кўра ҳам кўп пьеса ёзган. У бу ишга шу қадар берилиб кетганки, умрининг сўнгги дақиқаларигача пьеса ёзишдан тўхтамаган. Ундан бунинг сирини сўрашганида, шундай жавоб берган: “Сиз ҳам бир-иккита пьеса ёзиб кўринг-а, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, ўзингизни тўхтатиб бўпсиз…”

“Кечиришим қийин…”

1925 йили Бернард Шоу Нобель мукофотига сазовор бўлади. Журналистлар уни бу қарордан огоҳ қилишганида, Шоу бошини сарак-сарак қилиб, “Хато иш бўлибди-да”, дейди. Шундай деса-да, лауреатлик медалини қабул қилади, аммо мукофот пулини олишдан бош тортади. Бу ҳақда Швеция қироллик академиясининг котибига мактуб йўллаб, “Бу пуллар чўкаётган сузувчи амал-тақал қилиб қирғоққа етиб олгач, унга узатилган қутқарув мосламасига ўхшайди, яхшиси, уларни Швеция ва Британия ороллари ўртасида адабиёт ва санъат соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга ишлатган маъқул”, дейди. Шундай бўлади ҳам. Бернард Шоу рад этган пуллар Стринбергнинг бир неча пьесаларини ҳамда уч-тўрт швед муаллифининг романларини инглиз тилига ўгиришга ишлатилади. Бундан хабар топган ижодкорлар драматургдан ёрдам сўраб, унга тинимсиз хат ёзишади. Шоунинг жаҳли чиқиб кетади: “Динамитни ўйлаб топган Алфредни кечиришим мумкин, аммо бундай мукофотни ўйлаб топган шайтонларни кечиришим қийин…”

Пул тўлашнинг сабаби

Эдис Лейден исмли аёл Бернард Шоунинг уйида узоқ йиллар хизматкор бўлиб ишлаган. Шоу тўғрисидаги кўп латифаларда ана шу аёлнинг топқир ва сўзамоллиги ўз ифодасини топган.
Кунларнинг бирида нотаниш журналист Шоунинг эшигини тақиллатиб, машҳур драматург билан учрашиш ниятида эканини айтади. Эдис Лейден “Бунинг иложи йўқ”, дейди. Журналист тихирлик қилиб, “Майли, қабул қилмаса хафа бўлмайман, аммо буни Шоу жанобларининг ўзидан эшитишим керак”, деб эшик олдида туриб олади. Эдис хоним унга шундай жавоб беради: “Бунинг ҳам иложи йўқ. Жаноб Шоу менга бу сўзларни айнан мен айтишим учун пул тўлайди”.

Ўн икки йиллик концерт

Шоунинг яқин танишларидан бири уни симфоник оркестр ижросидаги концертга боришга аранг кўндиради. Концерт бошланади ва жуда узоқ давом этади. Машҳур драматургнинг безовталана бошлаганини сезган бастакор Шоу томонга аста энгашиб: “Бу йигитлар ушбу асарни ўн икки йилдан бери ижро этишади”, дейди ундан мақтов сўзлари эшитиш умидида.
Шоу дарҳол жавоб қайтаради:
– Ўн икки йил денг? Менинг назаримда, биз бу ерда бундан-да кўп вақтдан бери ўтиргандаймиз…

Мен ҳамми?

Нуфузли йиғинда Бернард Шоу кутилмаганда: “Ҳамма аёллар пулга сотилади”, деб юборади. Шу ерда ҳозир бўлган қиролича ажабланиб: “Мен ҳамми?” деб сўрайди.
– Ҳа, Сиз ҳам, – бамайлихотир жавоб беради Шоу.
– Хўш, мен қанчага сотилишим мумкин?
– Тахминан бир ярим минг фунт стерлингга.
– Менинг баҳойим шунақа арзон деб ўйлайсизми? – дейди қиролича норози оҳангда.
– Ана, сиз ҳам савдони бошлаб юбордингиз, – дейди Шоу.

Ё ҳамён, ё интервью

Бернард Шоу ўта машҳур бўлишига қарамай, журналистларга интервью беришдан доимо қочиб юрган. Бунинг сабаби, ўзи ҳам журналистика билан бевосита шуғуллангани учун, касбдошларининг бемаъни саволлари-ю, қўшиб-чатишларидан безор бўлган. Мухбирлар эса у билан мулоқот қилиш учун турли ҳийла-найранглар ўйлаб топишган.
Бир куни қароқчилар кийимидаги икки мухбир кечки спектаклдан чиқиб келаётган Шоунинг йўлини тўсиб, унга дўқ қилишади:
– Қани, жонингдан умидинг бўлса, ҳамённи чиқар!
Шоу ёнида бир мири ҳам пули йўқлигини айтади.
– Ундай бўлса, марҳамат қилиб, интервью берасан, – дейди “қароқчи”лар.
Кўйлакнинг ичида нима гап?

Шоу ёзаётган навбатдаги пьесасининг сўнгги саҳифаларини қоғозга тушираётганида, унинг олдига чиройли кийинган бир аёл сўроқсиз кириб келади-да, тўхтамай гапира бошлайди. “Пьесаларингиз қаҳрамонларига ҳавасим келади, уларга ўхшаб кийинишга ҳаракат қиламан, мана шу устимдаги кўйлакни кеча сотиб олдим. Қани, топинг-чи, у қайси қаҳрамонингизники бўлиши мумкин?” дейди. Тоқати тоқ бўлиб турган Шоу аёлга шундай жавоб беради:
– Мени кўйлаклар эмас, уларнинг ичидаги нарсалар кўпроқ қизиқтиради.

Бош ролни ўзингиз ўйнайсиз

Театр санъатига қизиқадиган бир бадавлат киши Шоуга мактуб ёзади: “Муҳтарам дўстим! Яхши биласизки, мен ижодингизнинг ашаддий мухлисиман. Пьесаларингизнинг деярли барчасини кўрганман. Сизни кўп бор қутлаганман. Шунга қарамай, мен ҳақимда ҳозиргача ҳеч нарса ёзмадингиз. Бизнесдаги ютуқларимни кўролмайдиган ҳасадгўйларимнинг боплаб таъзирини беришим ҳақида наҳотки ёзиш мумкин бўлмаса?”
Шоу унга жавоб ёзади: “Муҳтарам дўстим. Мактубингизни ўқишим биланоқ, ишга киришдим. Пьеса тайёр. Аммо… бош ролни ўзингиз ўйнашингизга тўғри келади. Негаки, бу ишни сиздан бошқа ҳеч ким уддалай олмайди…”
Тўпловчи М.Аҳмедов

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/22/%d0%b1%d0%b5%d1%80%d0%bd%d0%b0%d1%80%d0%b4-%d1%88%d0%be%d1%83-%d2%b3%d0%b0%d0%bd%d0%b3%d0%be%d0%bc%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x