МУАЛЛИФ СЎЗБОШИСИ
1989 йил. Ўшанда Арзирумдаги Отатурк университети адабиёт факультетининг тарих бўлимида биринчи босқич талабаси эдим. Салжуқийлар тарихининг таниқли билимдонларидан М.Олтой Кўйман Анқарадан келиб бизга дарс ўтар, бир ойлик сабоқни бир ҳафтада бериб, бошкентга қайтиб кетарди. Биринчи дарсида сўзлаганлари, айниқса, “Оллоҳдан биргина тилак тила десалар, Темур жаннат юзини кўрмасин, дея сўрардим”, дегани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.
Қаранг, бу қандай тилак, қандай хусумат-а? Тушуниш қийин. Ўша даврда мактаблар, бошқа ўқув юртларида “Тўпол Темур”, “Темурланг”, “Оқсоқ Темур” иборалари нима учун оммалашганини кейинроқ англаб етдим.
Ҳа, усмонлилар хоқони Йилдирим Боязид билан Анқара урушида жанг қилган ва ғолиб келган Темурни усмонли тарихчилари мудом қоралади ва ноҳақ танқид қилди. Яхшиямки, Саъдиддин афанди[2] каби кейинги давр тарихчилари Амир Темурга ҳаққоният билан ёндаша бошлади ва талай ҳақиқатларни юзага чиқарди.
Шунга қарамай, Темур нега бизга асрлар мобайнида нотўғри таништирилди? Аслида-ку, бизнинг наслларга нотўғри англатилган фақат Темургина эмасди. Усмонлилар тўғри тушунтирилдими? Фотиҳ, Ёвуз, Қонуний ва Абдулҳамидхон Иккинчи ҳам туҳматлар дўлидан қутула олмади-ку!
Афсуски, Амир Темурга душманлик, унинг шахсига ёвларча қараш фақат Туркиядагина эмас, бутун туркий мамлакатларда, ҳатто бутун дунёда кенг ёйилган эди.
Масалан, Амир Темур золим советлар даврида барча туркий жумҳуриятларда нуқул ваҳший, қонхўр шахс сифатида қораланарди. Рус ва совет тарихчилари ҳамда ёзувчилари китобларида Амир Темур шафқатсиз ва ғаддор дея гавдалантирилар, рассомлар асарларида ҳам унинг сиймоси ана шундай қора бўёқларда тасвирланиб, оммавий онгни заҳарлашга ҳаракат қилинарди.
1941 йилда Сталин амри билан Темурга нисбатан яна бир ҳурматсизлик қилинди. Ўзбекларнинг ёлвориши ва кўзёшларига қарамай, унинг мозори очилиб, илмий ўрганилиш учун суяклари Москвага олиб кетилди. Бир томонда антропологлар бош чаноғини текширар экан, бошқа томонда унинг тимсоли яратилди. Бу тимсолий ҳайкалда Амир Темур қўрқинчли, ваҳший ва ёввойи тарзда кўрсатилди. Афсуски, Туркияда босилган бир қатор китоблар, романлар ва қомусларда ҳам ана шу расмдан фойдаланилди. Ўша йилларда турк меъморларининг улуғи Меъмор Синон арвоҳига нисбатан ҳам шунга ўхшаш ҳурматсизлик қилинганини ва унинг бош чаноғи йўқолганини унутмаслик керак.
Мустабид шўро давридаги зулм зарбалари фақат жисмлар эмас, руҳларга ҳам қаратилган бўлиб, Амир Темур ўз ватанида ҳам муносиб даражада танитилмас эди. Шу тариқа, ўзбекларни тарихи, маданияти ва анъаналаридан узоқлаштиришга уриниларди. 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги эълон этилганидан кейингина Амир Темур номи, шони ва бой мероси, хотираси ва шахсига янгича, ҳақиқий муносабат пайдо бўлди.
Албатта, туркларнинг улуғ зотларига нисбатан бундай душманликларнинг очиқ ва яширин сабаблари бор. Биз бу ўринда ўша сабаблар хусусида сўзламоқчи эмасмиз. Зеро, бу китобни ўқиганингизда, Темурга қарши бутун кину адоватлар қаердан пайдо бўлганини осонгина тушуниб оласиз.
Тарихий ҳақиқат шуки, Амир Темур бугун дунёнинг тўрт буюк жаҳонгиридан бири сифатида тан олинмоқда.
У ўзи олиб борган бирор урушда енгилмаган буюк маршалдир.
Амир Темур мўғуллар маҳв этган Туркистон оламини янгидан кучли ва бой ўлкага айлантирди. Ёқилган, йиқитилган Ўрта Осиё шаҳарларини Кешдан Самарқандгача, Бухородан Термизгача тиклаб, янгидан жонлантирди, мадраса, масжид, кўприк, карвонсарой, анҳорлар билан Ер юзини безади.
Соҳибқирон ҳар бир ўлка ва миллат фақат илм аҳли, кучли насллар билан ҳаётини давом эттира олишини яхши биларди. Шу боис сайидлар, шайхлар, дарвишлар, олим ва шоирларга доим алоҳида эътибор берарди.У яшаган даврда Темурнинг ватани “Илм ва ҳикмат аҳли юрти”, дея улуғланарди.
Амир Кулол, Шамсиддин Кулол, Абубакр Тайободий, Мирсаид Барака каби шайхлар, шунингдек, Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Қозизода Румий каби олимлар кучли насл яратилишига улуш қўшганлар.
Темур даврида ҳарбий соҳада жуда кўп машҳур қўмондонлар етишиб чиққан.
Темурдан яхши авлодлар қолди. Ўғли Шоҳруҳнинг исломиятга қилган хизматлари буюкдир. У Ҳиротни бош шаҳарга, дунё марказларининг бирига айлантирди. Невараси Улуғбек эса мингдан ортиқ юлдузлар ҳаракатини ўлчаган олим-султон сифатида жаҳонда донг қозонди.
Шунингдек, Темурнинг олтин насли ва салтанати давом этар экан, Али Қушчи, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби исломият юксалишига, ақлий ва нақлий билимлар тараққийсига ва турк тилининг янгидан яшаришига сабаб бўлган давлат арбоблари, олим, шоир, адиблар ҳам етишиб чиқди.
Темурнинг ўзига хос ҳаёт дастури бармоғидаги узукка ёзиқлик эди: “Рости русти” (Куч адолатдадир). Бу ифода буюк турк жаҳонгирининг ҳар ишида одил бўлишни шиор этганини ва бунга мос ҳаракат қилганини, дунёни ҳовучлари орасида тута билганини кўрсатувчи бир васиқадир. У ўғилларига ҳам ҳар доим “Одил бўлинг!” дерди.
Туркларнинг жаҳон ҳокимияти мафкураси Ўғуз қоғонда бўлгани каби, Темур ҳам “Оллоҳ кўкда биттадир, султон ҳам ерда битта бўлиши керак, дунё икки ҳукмдор сиғадиган даражада кенг эмас”, дея бутун туркий оламни ҳокимияти байроғи остида бирлаштирган, турклар бирлигини яратган хоқондир.
Ниҳоят, шунга ҳам урғу беришимиз керакки, Темур ўлкасини энг қоронғи бир даврдан, зулмнинг аччиқ гирдобидан ёруғликка чиқарган қаҳрамондир. У бўлиниш, парчаланиш ўлкани қандай фалокатларга олиб боришини яхши англарди. Бу зот ҳукмронлик тажрибасини ўзи битган “Темур тузуклари”да абадийлаштирди. Шу битик орқали у барча давлат арбоблари, келажак наслларга ўлмас мерос қолдирди. Бу асар халқаро алоқалар ва сиёсатшунослик йўналишидаги талабаларга дарслик сифатида ўқитилиши керак. Тузукларнинг баъзи саҳифалари, бўлимлари мактаб ўқувчилари ва талабалар ёд олса арзийдиган олтинга тенг ҳикмату ўгитларга тўла.
Юртимиздаги турк миллиатчиларининг бош қўмондони, раҳматли Алпарслон Туркаш 1996 йилда Турк давлатлари ва ўлкаларининг дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик вақфи томонидан ташкил қилинган “Туркистон амири Темурнинг турк ва дунё тарихидаги ўрни” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида Темурнинг ўзига хос арбоблик ва хоқонлик сифатларини таъкидлар экан, бундай деган эди: “Темурдек буюк жаҳонгирни етиштирган миллатга мансублигимиздан фахрланишимиз керак. Унинг асарларини, меросини ўрганишимиз, тажрибаларидан фойдаланишимиз даркор. Барча турк зиёлиларига унинг “Тузукот”ини ўқишни тавсия қиламан. Турк зиёлилари Амир Темурнинг тарихий ҳаётини, шахсиятини ўрганар экан, “Тузукот”ини ҳам ўқиши, сабоқ олиши лозим”.
Туркия Республикаси президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон ҳам 2016 йил 18 ноябрда Амир Темур мақбарасини зиёрат қилар экан, ўз туйғуларини бундай ифодалаган эди: “Бугун турк ва ислом дунёси чекаётган дардларни кўраётганлар Амир Темур ўз даврида қилган буюк ишлар ва кураш маъносини янада яхшироқ англайди. У турклар ва мусулмонлар бирлиги, тенглиги учун кўзига уйқу келмаган, бу йўлда ҳар қанақа машаққатни тортган, жиҳодда жонфидо буюк соҳибқирон эди. Амир Темур ўгитларига, дастурларига амал қилишга ҳар замондагидан кўра ҳам бугун жуда катта эҳтиёжимиз бор”.
Иншооллоҳ, қўлингиздаги асар соҳибқирон Амир Темурнинг энг тўғри бир тарзда англанишига хизмат қилажак.
Бу китобни тайёрлашда ўзбек, араб ва усмонли тилларидаги манбалардан фойдаланилди. Хусусан, Туркиядан Ўзбекистонга бориб, у ерда ойларча кезиб, ўзбекча манбаларни менга олиб келган ва уларни таржима қилишда ёрдамлашган қимматли дўстим, ҳуқуқчи Ирфон Хаттотўғлига барча кўмаклари учун ташаккур билдирмоқчиман.
Тарихидан хабарсиз миллатлар бўйин эгишга, этак ўпишга маҳкумдирлар. Бу маҳкумият ўша халқни ўз аждодининг эмас, балки ётларнинг хизматчисига айлантирувчи қуллик жараёнидир.
Темурнинг ҳаётидан олинадиган шунчалар ибратлар борки…
Проф. Аҳмад ШИМШИРГИЛ
Учинчи бўлим
ДУНЁ КУЧИ
Дунёда икки ҳукмдор бўлган бирор ер йўқдир. Дунёни яратган Парвардигор ҳам ягонадир. Шундай экан, жаҳонда подшоҳ ҳам битта бўлиши керак.
Шарафиддин Али ЯЗДИЙ
УСМОНЛИЛАР БИЛАН УРУШ АРАФАСИДА
Амир Темур Усмонли давлати билан урушга қарор бергач, ҳукми остидаги барча мамлакатларга чопарлар юбориб, бутун аскарларга кўкламда Қорабоғда ҳозир бўлишни буюрди. Ойма-ой, кунма-кун буюк жангга яқинлашиб борилмоқда эди.
Темурнинг вазиятини тўғри тушунган баъзи беклари ва олимлари Рум диёрига босқин қилиш тарафдори эмас эди. Чунки улар Рум элида, яъни Анадўлунинг Оврупо томонида доимо ғазот ва жиҳод йўлбошчиси бўлган подшоҳга қарши қилич кўтаришни хоҳлашмас эди. Фақат ҳукмдоридан андиша қилиб, бу ниятини Темурга айта олмасди.
Ниҳоят, улар ўзаро кенгашиб, Темур наздида обрў-нуфузи юксак, сўз айтмоқда тенгсиз, фасоҳатли суҳанга уста Шамсиддин ал-Маликийни вакил этишди. У Темур билан мулоқот чоғи сўзни шу мавзуга бурди-да, тилакларини ифодалаб, бундай деди: “Уруш ҳақида гап кетар экан, бунда шошилмаган яхшидир, бу – донолик ва улуғлик нуқтаи назаридан, янглиш саналмайдир. Эҳтимол, фитна оташи оловланар ва уни сўндириш мушкуллашар, ўртага чиқадиган зарар ҳам зиёда бўлур. Йилдиримхон ҳам бошдан-оёқ ғайрат кийимига бурканган бир подшоҳ, борлиқ ва мол-мулк эгаси, зафарли ўрдуси бор ҳукмдордир. Унинг ўткир қиличи фаранглар учун бир балою офат, дурру гавҳар сочган қўллари эса бир хазинадир. Ғазот ва жиҳод йўлида ғайрат тизгинини тутган, исломият чегараларини қўриқлашга бошини қўйган подшоҳдир. Шундай шоҳаншоҳ билан савашмоқ – динни дунёга тарқатаётган, пайғамбаримиз ҳукмини амалга ошираётган давлат соҳиби билан жанг қилмоқдир. Бу на сизнинг салтанатингизга лойиқ ва на қудратли бек ва баҳодирларингиз кўнглидаги туйғуларга уйғун. Зафар еллари биз ёққа эсганда ҳам бу иш, аслида, душманларимизнинг севинишига йўл очажакдир. Шу сабаб замон ичра бу давлат йиқилар, балки охири йўқ бўлиб кетар…”
Устод Шамсиддиннинг хайрли йўлга бошловчи бундай насиҳатлари ва очиқ гаплари Темурнинг юриш қарорини тўхтатиб, қалбидаги иштиёқ ва қаҳр оташини бостиргандай бўлди.
Шу орада Соҳибқирон Боязидхонга йўллаган элчилар ҳам қайтди ва усмонлилар подшоҳи унинг таклифини рад этганини билдирди. Бу хабар Темурнинг сўнаётган иштиёқини яна оловлантирди. Барча қўшинларни тўплатиб, олий ўрду кўригини ўтказди, Боязидхон элчиларига томоша қилдирди. Бу тарзда ўз қудратини кўрсатиб, рақиблар қалбига қўрқув солишни истаганди.
Амир Темур Йилдиримхонга яна бир мактуб йўллаб, юмшоқлик билан иш юритмоқчилиги, орзуси сулҳ эканлиги, фақат бунга терс жавоблар олаётганини билдириб, бундай деди: “Агар раҳмдил ўғилларингдан бирини биз тарафга узрингни англатиш, ярали кўнглимизни душманлик шубҳаларидан қутқариш учун юборсайдинг, бу фитна ўтини ўчиришга кифоят этарди, юрагимизни чекилган аламлар ғуборидан аритарди. Йўлланажак шаҳзодангга ўз фарзандимиздан ортиқ муносабат кўрсатиларди. Шу тариқа, дўстлик, бирдамлик юзага чиқарди, айрилиқ қайғуси учрашув севинчига айланарди, диллардан хафалик кетиб, ҳар иш равон бўларди”.
Айни чоғда усмонлилар саройида ҳам амир ва айрим олимлар Темур билан урушмаслик тарафдори эди. Хусусан, ўз даврининг улуғ уламоси ва валийси бўлган Боязиднинг қайнотаси амир Султон урушнинг олдини олиш учун жуда кўп ҳаракат қилди. Икки мусулмон турк ўрдусининг урушмоғини истамаган амир Султон Боязидга ўгит бериб, Темурга мулойимлик кўрсатиш, ўзини унинг талаб ва истакларини қабул қилгандек тутиш, энг муҳими, урушдан узоқ туришни уқтирди.
Бироқ бу насиҳатлар унга кор қилмади. Наҳотки, амир Султон Анадўлу турклиги учун яқинлашаётган муқаддар оқибатни олдиндан сезган бўлса?
Йилдирим Боязид учун бу муаммонинг энг мушкул тарафи доим бир истак қаршисида тараддудда қолаётгани эди. Темур ҳар бир мактубида Йилдирим қабул қила олмайдиган орзу-тилакларни ўртага қўймоқда ва улар адо этилишини талаб этмоқда, акс ҳолда зарур чоралар кўрилишини таъкидламоқда эди. Аслида, Темурга тобелик ва унинг ҳокимияти остига кирмоқ Усмонли султони қабул эта оладиган таклиф эмасди. Шу сабабдан ор ва номус туйғуси юксак, ғайратли, виқорли бир подшоҳга уруш йўлини танлашдан бошқа табиий ҳол бўлмаса керак.
ЙИЛДИРИМНИНГ ИСТАКЛАРИ
Темурдан келган мактубларда унинг талаб ва истаклари баён этилгани каби, Йилдиримнинг жавобларида ҳам унинг талаб ва истаклари очиқ айтилган. Темур ўз мактубларида бу кунгача қилган урушлари, қозонган зафарлари борасида ёзар экан, Рум ислом юрти экани, шу сабаб бу ўлкага юришни хоҳламаслигини алоҳида таъкидларди. Румнинг вайрон бўлишидан исломият душманларигина қувонишини уқтирган Темур ўз истаклари қабул этилса, икки орадаги совуқлик йўқолишини билдирар, шунингдек, Қора Юсуф ва Аҳмад жалойирлар ашаддий қароқчи, каллакесар талончи эканини ҳам писанда этарди. Бунинг устига, Темур Сивас, Арзинжон ва Камаҳ ҳам ўзига берилишини истарди.
Давлат устунлари ва улуғлари Темурнинг селдай бостириб келувчи отлиқ қўшинию филларидан, жаҳон мамлакатларида эришган зафар ва муваффақиятларидан сўйлаб, Йилдиримга у билан келишув йўлини тутишни ташвиқ этса ҳам, бундан ҳеч бир фойда чиқмади.
Шоир айтганидек:
Маслаҳат-ла ҳосил ўлғай ҳар умид,
Маслаҳатсиз боғлидир қўл ҳам калит.
Жасур ва ғайратли Йилдиримхонга бу талаб ва истакларни қабул этмоқ жуда оғир эди. Шунинг учун Темурга жўнатган жавоб хатида энди қиличлар тилга киришига ишора қилгандек, бундай деди: “Бу қўноққа қўнган мусофирга қилич ўқталинмас ва бу даргоҳга сиғинган тилак аҳлига тегилмас. Агар ўринсиз сўзлар ғавғога сабаб бўлишини кўзда тутсак, шиддатга тўла жумлалар илк бор сизнинг мактубингизда кўринди. Йўқ, биздан таъма ва ялтоқилик кутилмас. Хонадонимиз, сулоламиз Оллоҳдан бошқага ёлвормаган. Ғалаба ва мағлубиятнинг иккови ҳам сунани авлиёдандир. Ортиқ сўз узайди. Урушга баҳона қидирганнинг баҳоналарини тўхтатиб бўлмас. Икки тарафдан ким фитна чиқарса, гуноҳи ўзига. Ҳасбуналлоҳу ва неъматул вакил”.
Темур бу мактубга ўз ҳарбий истеъдодини Йилдиримникига муқояса қилган ҳолда жавоб битди. Унда, жумладан, бундай деди: “Бу кунга қадар қайси тарафга юриш қилмай, қисқа вақтда у ерни қўлга олдим. Сивасни ҳам оз муддатда эгалладим. Сен Малатйани қамал қилдинг, тўрт ой тиришиб, эплай олмай, мажбуран ортга қайтдинг. Синоп қалъасини ҳам аллақачондан бери забт этолмадинг…”
Темур бу каби сўзлар билан ислом дунёсининг ягона ҳукмдор раҳнамоси ўзи эканини таъкидлагани ҳолда, агар Боязид узр ва омон тиласа, авф этишини маълум қилди.
Боязид ҳам жавоб хатида Темурдан ортдан қолмай, ўз ҳарбий даҳосини баён этиб, шунча йиллар давомида кофирлар билан урушганини таъкидлаб, Сивасдаги қатлиоми сабаб Темурни мусулмонларга тажовузда айблади.
Соҳибқирон Қорабоғдаги қароргоҳида, қўмондонлари ва беклари иштирокида усмонлилар билан жанг қилиш мавзусини муҳокамага қўйди. Амир Темурнинг ўзи ҳам бу борада бир оз тараддудда эди, ҳали тўла бир қарорга келмаганди. Зеро, Боязиднинг Можористонга қадар кофирларга омон бермасдан юриш қилгани ва зафарлар қозонганини у ҳам яхши биларди.
Ўша кунлари кўкда ғарбдан шарққа учган бир қуйруқли юлдуз кўриндики, мунажжимлар буни ғарбга юриш муҳаққақ ғалаба келтиришига ишорат, деб англади. Шундан кейин Темур дарҳол сафарга чиқишга қарор берди.
У Қорабоғдаги қишлов маконига 1402 йил 12 мартда етиб келди-да, ундан ғарбдаги Мингкўл сари илгарилади. Шу ерда навбатдаги мактубини қаламга олиб, Йилдирим кофирлар билан урушганидан хабардорлигини таъкидлаб, ўзи ҳам гуржи кофирлар билан жанг қилганини баён этди. Сўнг шу фикрларга, агар Боязид Миср билан иттифоқ тузса, бу маъқул эмаслигини қўшиб қўйди. Талабларини бирма-бир санади ва элчилари чегарада кутаётганини писанда этди.
Дарҳақиқат, ўша чоғда Рум элчилари Мисрда музокара олиб бораётган эди. Темур шундан икки ой ўтиб, Йилдирим элчиларини қабул қилди. Боязид Темурга йўллаган мактубида Аҳмад жалойир ва Қора Юсуфни қай сабабдан унга топширмаслигини, Хулакухондан мисоллар келтириб, қисқача баён этган ва агар Темур Сивасдан чекинса, буни яхшиликка деб билиши, агар чекинмаса, урушга шай экани ва ҳеч кимсадан қўрқмаслигини уқтирган эди.
Бу хатни ўқиб, Темур яна бир мактуб йўллади, сўнг Камах қалъаси қаршисига келиб тўхтади. Ўн кун қамал қилиб, қалъани истило этди. Мутаҳҳартанни янгидан ҳокимиятга қўйиб, Сивасга қараб йўлга тушди. Ниҳоят, 2 июлда бу кентга етиб борди.
Темур сўнгги мактубида, жумладан, бундай деган эди: “…Ҳозирга қадар сулҳ тузишга уриндим ва ниҳоят Сивасга келдим. Кофирга фурсат яратмакдан, ислом диёрларини хароб этмакдан андиша айлаб, Шом тарафга юриб, Миср азизидан интиқомимизни олдик… Фақат сиз бизнинг йўқлигимизни фурсат санаб, бизга боғлиқ Арзинжонга кириб, волиймизни ранжида этдингиз. Одамимиз Мутаҳҳартан сулҳни сақлаш ниятида сизнинг пушмаймон эканингизни бизга ёзганди. Биз ҳам ишондик ва сулҳ учун аҳд айлаш умидида бир неча бор мактублар йўлладик. Аммо сиз тобора қатъийлашиб борган бир тутумда бўлдингиз. Ҳаттоки, биз ва аскарларимиз ҳақида кофир ва кофирдан баттар деб айтган сўзларингиз ҳар ерга тарқалди. Элчиларингиз Сунгур ва Аҳмад анча замондир ёнимиздадирлар. Мусулмонлигимизни ва эътиқодимизни кўриб-билиб юрибдирлар. Истагимиз Арзинжонга бормасимиздан ва лашкаримиз шаҳарларингизга кирмасидан аввал Сивас, Малатйа, Албистон, Арзинжон ва Камах бизга берилганини соғлом бир аҳднома ила билдирмагингиздир. Сулҳга қарши эмасман, аксинча, тарафдорман. Бу сулҳнинг бир нусхаси Маккаи мукаррамада, Бобулҳарамда яширин ҳолда муҳофаза қилинсинки, кимнинг сулҳ шартларини бажаргани ёки бажармагани холис ўртага чиқсин”.
Боязид бу мактубга мўътадил жавоб йўллаб, ўзи ҳам сулҳ тарафдори экани, фақат Қараманли фитначилар сулҳни бузиш мақсадида сохта мактублар ёзгани, буни ялтоқланиш дея ўйламаслик кераклигини таъкидлаб, урушдан ҳеч қачон қочмаганини уқтирди.
Темур бу мактубни ўқир экан, Боязид бўйин эгмаслигини тушунди. Ўша чоғдаёқ Сивас ташқарисида, Йилдирим элчилари кўз ўнгида ўрдусининг ҳарбий кўригини ўтказди. Бундай тантаналар қўшин учун жуда муҳим ҳисобланарди. Бу расмий анъана тинчлик замонида аскарий тартиб-интизомни назорат қилишга хизмат қилса, уруш пайтида душман кўнглига қўрқув солиш, ваҳима тарқатиш мақсадида амалга ошириларди. Кўрик, одатда, икки кун давом этарди, бу гал ҳам шундай бўлди.
ЙИЛДИРИМ БОЯЗИДХОН
Йилдирим 1360 йил Бурсада туғилди. Отаси Мурод Худовандигар, онаси Гулчечак хотундир. Ёшлигидан бошлаб ўша даврнинг энг етук олимларидан бўлмиш Бурса қозиси хўжа Маҳмуддан, қозиаскар Халил жондорлидан, мулла Рустам қараманлидан илм олди. Ҳукмдор отасининг атоқли қўмондонларидан ҳарбий таълим кўрди, қўшин тузиш ва уни бошқариш сирини ўрганди.
У ёшлигидан урушларда ҳам қатнашди. Шаҳзода бўлгани боисми, туғма қўмондонлик фазилатига эга эди. Қаҳрамонлиги ва жасорати туфайли донг қозонди. Барчадан жасурлиги билан ажралиб турарди. Отаси Мурод Худовандигар уни дини исломни дунёга тарқатувчи ва Усмонли салтанати байроғини юксалтирувчи баҳодир қилиб тарбиялади. Қисқаси, унинг болалиги ва ёшлиги жасур ва доно турк қўмондонлари ёнида ўтди. Йигирма бир ёшида у Кутаҳйа вилоятига волий этиб тайинланди.
Қараманлилар билан урушда у ўзини кўрсатди. Урушнинг энг таҳликали чоғида отасининг, шонли ҳукмдор Мурод Худовандигарнинг ҳузурига келиб, “Султоним! Менга йўл кўрсатинг, сабрим қолмади. Қараманлиларнинг қонини, Оллоҳ буюрса, тупроққа қорайин!” деди. Қисқаси, Қараман урушида шундай жасорат ва мардлик кўрсатдики, жангларда чақмоқдек тез ҳаракат қилиб, ёвни қириб ташлагани учун Йилдирим номини олди.
Овруподаги, Кўсўвадаги уруш пайтида, ҳарбий кенгаш асносида, туяларни илгарига ҳайдаб, ёғийни чалғитиш таклифи муҳокама этилар экан, отаси унга сўз навбатини берганда йигитчасига бундай деган эди: “Жаноби Ҳақ жиҳод йўлида сермалган қиличларни ва эгаларини ҳар доим қўриқлаган. Туя-муя дегандай жўн ишларга бош уриш Оллоҳ Таоло ҳузурида қалб чуруклигини кўрсатур. Душман қанча кўп бўлса бўлсин, у билан юзма-юз курашмоқ миллатимизга шараф берур!”
Ғайратли ва қўрқмас шаҳзода Кўсўва урушида ҳам ёғий устига тушган чақмоқдай жадал жанглар қилиб, душманга омонсиз зарбалар берди. Ана шундай қаҳрамонликлари сабаб, 1389 йили Усмонли салтанати тахтига ўтириб, қисқа муддатда Анадўлу бекликларини ўз ҳокимияти остига киритди. Бир ҳамлада Афлокни турк юртига айлантирди. Турк ғозийлари Оврупони кесиб ўтган Туна дарёси сувларини ичиб, таҳорат ола бошлади.
Боязидхон фавқулодда тез ҳаракат қилиши билан донг қозонган эди. Қўшинини ҳам истаган ерига жуда жадал етказар, ҳеч кутилмаганда душман қаршисидан чиқарди. Йилдирим унвонига мос иш тутарди. Аммо феълан, табиатан асабий эди.
Ниғбўлуда Оврупо насронийларининг хочли ўрдусини тор-мор этган Йилдирим Боязид энди Анадўлуга қайтиб, бу минтақада ҳам атрофни фатҳ этишга киришди. 1389–1392 йиллар орасида, уч йил ичида Сарухон, Ойдин, Така, Манташа, Гармиён элларини, 1392 йилда Жондор юртини, 1397 йилда Қараман ва Қайсари бекликларини, 1398 йилда қози Бурҳониддин давлатини, 1399 йилда Тулқодирўғли беклигини кетма-кет мағлуб этиб, бу ўлкаларни ўз салтанатига қўшиб, Анадўлуда сиёсий бирлик яратди. Шу туфайли Боязидхонни ҳазрат халифа султони иқлими Рум (аввалги Рим салатанати ерларининг подшоҳи) унвони билан улуғлади ва у шундай қилиб салжуқийлар меросига эга чиқди.
Боязидхон тасодифлар қаршисида ўзини йўқотмас, совуққонлигини сақлар, дарҳол қарор бериб, керакли ишни жадал бажара оларди. У қатъий ҳужумлар уюштириб, Анадўлудаги майда ҳокимиятларга барҳам берди, ғарбда Эгей денгизи соҳилларига, бу ёқда эса Самсунни забт айлаб, Қораденгиз қирғоқларига чиқди. Анадўлуда “турк бирлиги” тушунчасига мос ҳокимият ярата олди.
Айниқса, унинг Оврупода, Ниғбўлуда қозонган зафари машҳурдир. 1396 йилда Оврупо давлатларининг юз ўттиз минг кишилик бирлашган насроний ўрдуси хочли сафарига чиққанда, Боязидхон улар устидан Ниғбўлуда қозонган порлоқ ғалабаси билан тарихга кирди. Ўша муҳорабада қўшинни жангга ташлаб, уни идора этиши, душманни енгишдаги маҳорати Боязидхон забардаст қўмондон эканини кўрсатди. Шунингдек, Кўсўвадаги ғалабаси билан ҳам у Болқонларга жойлашган турк нуфуси эътиборини юксалтирди.
Боязидхон юришлари акс этган тарихларда қўшинга ҳам, халққа ҳам ниҳоятда адолатли муносабатда бўлгани таъкидланади. Қўнё қамалида, Сивас олинганида, Румэли фатҳида унинг доим адолатли иш тутгани ибрат қилиб кўрсатилади. У ҳар куни маълум бир пайтда белгиланган ерга, тўрт ёндан бир хилда кўзга ташлануви тепаликка чиқар, ҳар қандай одам тўрт томондан келиб, бемалол шикоят ва арзини изҳор қила оларди. Ҳақсизликка учраганларга дарҳол ҳақини қайтариб бердирар эди. Аммо қозилар ҳукмига асло аралашмас, бошқаларни ҳам аралаштирмасди.
Боязидхон олимларни ҳурмат қилар, давлат ишлари ва масалаларини улар билан кенгашар эди. Оллоҳ Таолонинг буюрганлари ва тақиқлари ҳақидаги сўзларни жон-жон деб қабул этарди. У ҳиддати ва шиддатининг баландлиги, улуғворлиги ва виқори, ҳужумкорликдаги ўта устунлиги билан барчадан ажралиб турарди. Бирор кимсага бош эгиши ҳеч кимнинг хаёлига келмас мағрур хон, қаерга сафар этса, у ўлкани эгаллаган қўмондон эди.
Боязидхон даврида турк лашкари Бўсна, Херсек ва Можористонни забт этди ва илк бор Австрия салтанати ҳудудига кириб борди. Тирнўва, Салоник ҳам фатҳ этилди. Анадўлуда эса Қараманўғиллари ва қози Бурҳониддин ўлкалари, Қора денгиз соҳиллари бирма-бир эгалланиб, Анадўлуда турклар бирлиги яратилди ва Мамлук салтанати билан қўшничилик бошланди.
Йилдирим замонида Истанбул тўртинчи бор қамал этилди, шаҳар таслим бўлишига бир баҳя қолди.
Ибни Хожар уни дунёнинг энг нодир қўмондонларидан бири ҳисоблаб, бундай деган: “Усмон ўғли Боязид Ер юзидаги ҳукмдорларнинг энг яхшиларидан биридир. Ундан қўрқишади. Илм ва уламони яхши кўради. Мамлакатининг ҳар тарафида омонлик ва амният шу даражада мавжудки, бир одам ёлғиз ўзи, мол ва ашёси, юклари билан ҳеч балога учрамай саёҳат қилиши мумкин. Қоҳирадаги халифадан “Рум ўлкасининг султони” деган унвонни олган. Бу икки сифат, яъни салжуқий меросхўри ва Рум султони экани жаҳон ҳукмдорлиги йўлидаги ҳамлали одимларидан биридир”.
Француз тарихчиси Меноист Мечин “Йилдирим Боязид бутун тарихнинг энг буюк қўмондонларидан биридир”, деган. Руминиялик тарихчи Жўрганинг айтишича, “Йилдирим дунё ҳокимияти сари борганини унинг ўлкасидаги темир интизом, мукаммал қонунга асосланган осойишдан ҳам билса бўлади”.
Қисқаси, ўзига ортиқча ишонгани ва ғурури унинг йилма-йил кучайиб бораётган салтанатини бир дунё кучи, яъни жаҳонгир Темурга қарама-қарши қилиб қўйди. Аслида, бу таҳликадан мулойимлик билан қутулиб кетиши мумкин эди. Зотан, Шарқнинг бу жаҳоний қудрат соҳиби Йилдирим аждодлари етишган Туркистон фарзанди эди. Ўрдуси ҳам турк ва мусулмонлардан иборат эди. Бирлик ва баробарликдан яралган катта куч билан зафарли одим отарди. Умри жангда ўтган Темурнинг энг муҳим сифатларидан бири ҳам унинг бирорта урушда енгилмагани, дунёнинг ҳар бир ўлкасида қатъий ғалаба қозонганида эди.
СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР
Айни чоғда, Анадўлу тупроқларидан мингларча чақирим узоқда бошқа бир турк ва мусулмон ҳукмдори порламоқда эди. 1336 йилда дунёга келган соҳибқирон Амир Темур тинимсиз кураши натижасида 1369[3] йилда Мовароуннаҳр тахтини эгаллади. Хонликда тартиб-интизом ва назоратни йўлга қўйиш билан бирга ўлкасининг тўрт тарафига ҳарбий юришлар уюштирди. Қўшни мамлакатларни ўз ҳукмронлиги остига киритди: яъни 1371–1379 йилларда мўғулларни, хоразмликларни тобе қилди; 1382–1387 йилларда Эрон, Ироқ Озарбайжони, шарқий Анадўлуни забт этди. 1391–1396 йиллар орасида эса икки бор Қипчоқ дашти, яъни Буюк Татаристон ва унга қўшни рус ерларини, Ироқ ва Эронни такрор итоатга келтириб, салтанати чегараларини Ҳиндистондан Анадўлугача кенгайтирди. Барча Оврупо давлатлари бу тўфон шимол бўйлаб ўзи сари оқаётганидан ваҳимага тушди.
1400 йилларда Темур салтанатининг ҳудудлари шарқда Мўғулистон ва Тибет, жанубда Хоразм, Орол ва Ҳазар денгизи, Мўскўва атрофларидан Қафқаз тоғларигача, ғарбда Фирот дарёсидан Сивас ҳавзаларигача, жанубда Мисргача, Уммон денгизигача, Басра кўрфазигача ва ундан Ҳинд денгизигача, Ҳиндистонда эса Деҳлигача чўзилган эди.
Шу тарзда Темур салтанати шарқдан ғарбга тўрт минг километр, шимолдан жанубга минг саккиз юз километрлик минтақани эгаллаганди. 1368 йилдан бошлаб Темур давлати ўттиз тўрт йил – қисқа бир вақтда эришган ўн икки милйўн квадрат километрлик майдони билан Усмонли давлатига нисбатан ўн икки-ўн уч баравар катта эди.
Шу нуқтаи назардан, Темур ўрдуси сўнгги етти йил давомида ўз мамлакатидан жуда олисларда – иқлими ўзгарувчан, борди-келди йўллари тор ва ноқулай, халқи эса батамом ёт ўлкаларда уруш олиб бормоқда эди. Бу қўшин энди шундай яна бир катта уруш олдида турарди. Темур олтмиш олти, Йилдирим эса қирқ икки ёшда эди.
Йилдирим Боязид ўн уч йиллик ҳукмронлик даврида ўттиз бор ҳарбий юриш қилиб, зафар-ла қайтган, йигирма икки ўлкани ҳукмдорлиги остига киритган эди. Шу ўн уч йил мобайнида ўта жадал ҳаракати туфайли ният ва мақсадларидан бир нечасига эришганди.
Бироқ ўзи фатҳ этган ўлкаларда усмонлилар ҳукмини қатъийлаштиргани, тартиб ва қонунларни тўла ўрнатгани борасида ҳали бир нарса дейиш қийин эди. Айниқса, Анадўлудаги юришлари ва фатҳлари сабаб бу минтақадаги кичик ҳоким ва беклар Темурдан мадад кутувчи ночорларга айланганди. Зотан, шарқда ўз салтанатини кучайтирган ва кенгайтирган соҳибқирон Амир Темур борлигини барча биларди.
УРУШ ЙЎЛЛАРИ
Амир Темур, барча сафарларида бўлгани каби, Анадўлуда ҳам, аввало, айғоқчилардан моҳирона фойдаланди. Йилдирим Боязидга қарши ҳаракат бошлашдан олдин Анадўлу халқи орасида ўз фойдасига тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борди. Шу билан бирга, жосуслари ёрдамида Йилдирим насроний хотинларга уйлангани, сарой аҳли ахлоқан бузилгани борасида гап-сўзларни кўпайтирди. Усмонли мамлакатидаги татарларни (яъни мўғул-татарларни) ўз томонига оғдириш учун уларнинг амирларига мактублар йўллади. Хатларида улар нафсониятини қўзғотадиган “Нега Салжуқ ўғли қулликдан озод этган кишилар авлодидан бўлмиш одамнинг қулига айландингиз?” деган фикрни алоҳида таъкидлади ва Усмонли хонлари паст табақадан чиққани, мўғул-татарлар устун экани, шу боис улар Анадўлуда ҳукмрон бўлиши лозимлигини такрор-такрор айтиб, бу билан уларнинг бошини силагандай эътимод қозонмоққа интилди.
Амир Темур, бундан ташқари, Анадўлудаги муҳофаза нуқталарининг нечоғли соғломлигини, усмонлилар қандай ҳимоя воситаларига эгалигини, уруш олдидан кўрилган тадбирларни пистирма ва тузоқли ерларигача айғоқчилар кўмагида бирма-бир ўрганди. У барча зарур маълумотларни тўплади-да, бирма-бир текшириб чиқиб, қандай йўл тутиш борасида аниқ қарорга келгач, яъни узоқ вақт тайёргарлик кўргачгина Боязид устига юриш бошлади. У сафар учун зарур барча юмушларни битиргандан кейин ҳам ишончини янада мустаҳкамлаш учун охирги марта Анадўлудаги сиёсий вазият ва янгиликлар ҳақида батафсил маълумот сўради. Айғоқчи ва маслаҳатчилар сўзи билан кифояланмай, бу борада энг нозик фикрлар айтиши мумкин бўлган Мутаҳҳартанни ҳузурига чақиртирди. Ундан ўзи зарур деб билган маълумотларни эшитди.
Юриш ҳозирлигини якунлаган Амир Темур Йилдирим Боязидга қарши ҳужумга ўтиш мақсадида Арас қирғоғида қўр тўкди. Лашкарлар учун чодир ва капалар қурдирди. Айғоқчилари Темур қўшини келгуси кўкламда Қипчоқлар ўлкасини истило қилишга кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқатди. Жосуслари унга бир режа бердиларки, эндиги барча ҳаракатлар шунга мувофиқ амалга оширила бошланди.
Айни чоғда, Амир Темур Боязиднинг барча чора-тадбирларини таъқиб этиб бормоқда эди. Унинг Тўқатга жўнагани ва у ерда дарбандларни беркитаётганини эшитгач, дарҳол Қайсари йўлидан Анқарага кириб боришга қарор берди.
Боязидхоннинг ўзига хос уруш усулларидан бири – жасурона ҳужум билан душманни тўзғитиш, икки-уч соат ичида ундан устун келиб, қатъий ғалабага эришишдан иборат эди. Бундай вазиятда душман орқага қараб чекинар экан, икки ёндан ўраб олиниб, чамбардан чиқармай қириб ташланарди. Бундай режани амалга ошириш учун қўшин маркази ўта қувватли бўлиши ва асло тўзимаслиги керак эди. Бу орада ён қисмлардаги отлиқ лашкар ҳам икки томондан ўраб келиб, ёғийга зарба бериши тақозо этиларди.
Бироқ бу гал Боязиднинг қаршисида унинг уруш усулларини жуда яхши билган, дунёнинг ҳар ерида жанг қилавериб, пишиб кетган, тажрибали, улкан ва музаффар ўрду турарди.
Усмонлилар Темур қўшини Анқарага келгунча аниқ бир режага эга эмасди. Темурийлар Сивас теварагида тургани ва аввал Тўқатга йўналиб, кейин Анқарага юргани ҳақида хабар олингач, иккита уруш режаси тузилиб, муҳокама этилди. Анқарада ўтган ҳарбий кенгашда вазири аъзам жондорлизода Али пошо илк сўз олиб, душман лашкарининг сони ортиқлиги, жанговар филлари борлиги ва отлиқ қисмлар ниҳоятда кучлилигини таъкидлади-да, Темур ўрдусини қаршилаганда ўзимиз текислик водийга, мамлакат ичкарисига чекинган ҳолда, уларни баланд-пастликлар, даралар, чангалзор ва ўрмонларда, алоҳида-алоҳида гуруҳлар ўлароқ жанг қилишга мажбурлашимиз керак, деган фикрни илгари сурди. Ўтмишда бўлганидек, Қилич Арслон Биринчи овруполик хочлилар қўшинини ана шу усулда тўзғитиб, руҳини тушириб енгангга ўхшаш йўл тутиш даркор, деб уқтирди. Вазири аъзам майдон урушига кирмасликни тайинлар экан, шунда усмонлилар лашкари қирилишдан сақлаб қолиниши, Темур эса охир-оқибат бу ерлардан, Анадўлудан қайтиб кетишга мажбур бўлишини эслатди.
Кейин вазир Феруз сўз олиб, юз эллик минг қўшини бор душманга қарши очиқ майдонда юзма-юз жанг қилинса ҳам, бундан бошқача йўл тутилса ҳам, барибир, жуда катта талофот кўрилиши, Анадўлу яғмо этилиши, вайронага айланишини айтиб, энг муҳими, нима қилиб бўлса-да, ёғийни қириб ташлаш шарт, дея масалани кўндаланг қўйди.
Йилдирим Боязид ҳам Феруз пошо фикрига қўшилди. Унда душман ўрдусининг кўплигидан заррача қўрқув йўқ эди. Чунки Боязид олтмиш минг кишилик қўшини билан Оврупода, Ниғбўлуда юз ўттиз минг кишилик хочлилар ўрдусини тўзғитган, қириб ташлаб, зафар қозонган эди. Йилдирим лашкари жаҳду жадалда устунлиги билан ҳар қандай ёвни парчалашга қодир саналарди. “Таворихи олий Усмоний” китобида ёзилишича, “Йилдиримхон Малқўч бейдан Амир Темур ўрдуси ҳақида сўраганида, у Амир Темур қўшинини мақтар экан, Боязидхон унга, Темур ўрдуси сени қўрқитиб қўйибди-ку”, деган.
Хуллас, Боязид душман ўрдуси сон жиҳатдан кўплигига эътибор бермаган, у, асосан, лашкарнинг ҳарбий қобилияти ва жасурлигига таянган, қўшинидаги ана шу фазилатларга ишонган, шуни муҳим деб ҳисоблаган.
Амир Темур Анқара қаршисига келиб, қўр тўқиб, қароргоҳ қургач, қалъа қўмондони Ёқуббекдан таслим бўлишни талаб қилди, у рад жавоби бергач, шаҳарни қамал қилишга буюрди. Лаҳмчилар ишга тушди, қалъа девори остидан ўйиқлар очилди. Шаҳарга оқиб кирувчи сув Хатиб дарасидан бошланарди, унинг йўли ҳам ўзгартириб юборилди. Темур буйруғига кўра, Анқара сойига ва Қизилча кўй дарасидан келувчи сувга оғу ташланди. Темурий ўрду эса қароргоҳ жойлашган Чубуқ сувидан ичар эди. Анқара қалъаси олинса, бу водийга бемалол ҳукмронлик қилиш имкони туғиларди.
Амир Темур Йилдирим ва унинг ўрдуси яқинлашаётганини эшитгач, қамални дарҳол тўхтатди. Усмонлилар қўшини ўз қароргоҳига бостириб келиши эҳтимолини назарда тутиб, у шарқий томонда макон қурган эди.
Усмонлилар Амир Темур ҳеч кутмаган томондан, шимолий жабҳадан, Маликшоҳ тарафдан қўққис ёпирилиб келди. 27 июль, кун тушдан оққан эди. Темур ўрдуси жангга ҳозир эмасди, барча отларни ўтлатиш, сувлатиш билан банд эди. Темур қўшиннинг ҳужум йўналишини бошқа томонга қаратганди. Энди режани ўзгартириб, туманлар, мингликлар, отлиқ ва пиёдалар, ўқчилар ва жанговар филларни бошқа тарзда жойлаштиришга мажбур эди.
Бу вазият Йилдирим учун омад саналар, айни ҳужум фурсати эди. Беклари унга “Султоним, келинг, булар ғафлатда экан, босайлик!” дейишди. Аммо Боязидхон бу таклифни қабул қилмади.
Амир Темур ўз ўрдуси учун ғоят таҳликали бу аҳволни совуққонлик билан тузатишга киришди. Хўжа Аҳмад Яссавий китобини очар экан, ундаги шу мисраларга кўзи тушди:
Ялдо кечасин шамъи шабистон этган,
Бир лаҳзада оламни гулистон этган,
Бас, мушкул ишим тушибдир, писанд этган,
Эй, барчанинг мушкулини осон этган.
Амир Темур бундай дегани ривоят қилинади: “Султон Боязид аскарига дуч келганимда буни етмиш марта ўқидим, зафар ҳосил бўлди. Ҳар қачон танг аҳволда қолсангиз, шу шеърни ўқинг”.
Амир Темур пешиндан эртаси тонггача лашкар ўрнини ўзгартириш, жабҳани шимолга қаратиш билан шуғулланди. Янги жабҳага мослаб тартиб ўрнатди. Хуллас, қисқа вақт ичида зарарига бўлган вазиятни фойдасига ўзгартириб, қўшинни жангга шай ҳолга келтирди.
Йилдирим Боязидхон ҳам майдоннинг паст-баландлигидан фойдаланиб, ўзига энг қулай тепаликларга ўрнашиб, сиртини тоққа тиради. Шу аҳволида ягона камчилиги – сувсизлик бўлиб, сувнинг Темур ўрдуси тарафида қолгани эди.
Темур ўрдуси сони ҳар хил манбаларда турлича кўрсатилиб, олти юз минггача чиқарилган. Асосан, унинг юз эллик минг кишидан тузилгани тахмин қилинади. Амир Темур ўрдусининг бош қароргоҳи Самарқандда эди. Умуман, икки қўшин Самарқандда, бир ўрду Хуросонда, бири Шерозда турарди. Ўрдунинг турли қисмлари Қандаҳор, Ҳирот, Деҳли, Рай, Табриз, Исфахон каби катта шаҳарларни қўриқлар эди. Темур бу юришдан олдин Хуросон ва Шероздаги қўшинларини Самарқандда тўпланишга буюрганди. Улар Самарқандда йиғилиб, сўнг бошқа шаҳарлардаги қўшинлар каби, буюрилган пайтга Қорабоққа етиб келганди. Анадўлуга юриш бошланар экан, Арзинжон амири Мутаҳҳартан, оққўйлилар амири Қора Юлуқ Усмон ва бошқа майда ҳокимлар аскарлари билан бирга Темур ўрдуси юз эллик минг кишига етган эди.
Йилдирим Боязид ўрдусининг сўл қанотида Рум эли аскарлари, орқа тарафда эса қорататарлар жойлашганди. Ўнг қанот марказини эса Йилдиримнинг ўзи эгаллаганди.
[1] Журнал варианти. Бошланиши. Давоми кейинги сонда.
[2] Хўжа Саъдиддин афанди – усмонли тарихчиси (1536–1599), шайхулислом, мударрис, қозиаскар. “Тож ут-таворих” асарининг муаллифи (тарж.).
[3] 1370 йилда ҳам дейилади(таҳр).
(Давоми бор)
Турк тилидан Тоҳир ҚАҲҲОР таржимаси
2019/5
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: