Туркия республикаси

ТЕАТР

Туркияда театр санъати қадимдан ривожланган. Жумладан, 1400 йилги қўлёзмаларда соялар театрига оид маълумотлар мавжуд. Туркияда қадимдан турли ҳикояларни айтиб берувчи бадиҳагўй – меддах томошалари ривожланган.
1453 йилда Константинополда турклар ҳукмронлиги ўрнатилган­дан сўнг, Карагўз соялар театри шакл­ланди. Ушбу театрга асос сол­ган киши аввал қул бўлгани, ўзини кейинчалик Карагўз деб ўзгартиргани ҳақида маълумотлар бор. Бу театр бутун усмонийлар им­периясида машҳур бўлган. Ўша театр бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, Туркия маданий ёдгорликлари рўйхатидан ўрин олган.
Туркияга Европа услубидаги театрлар XVIII аср бошларида кириб кела бошлаган. Истанбул ва Туркиянинг бошқа ривожланган шаҳарларига европа театрларининг ташрифлари миллий театр ривожига катта таъсир кўрсатган. XIX асрнинг 50-йилларига келиб Наум Афанди Галатасаройда илк театр биноси – “Наум театросу”ни қурдиради. Шу тарзда Европача театр санъати бу халқ орасида оммалашиб боради.
1869 йилда Истанбулда – “Тедик-паша” театрнинг қурилиши мам­­лакатдаги яна бир салмоқли маданий ҳодиса эди. Бу театр саҳнасида маҳаллий ёзувчилардан Намик Камол, Шамсиддин Сами, Эбуззия Тав­фик ва Аҳмад Мидхатнинг асарлари билан биргаликда Шекспир, Шиллер, Мольер, Гюго каби хорижий драматургларнинг пьесалари ҳам саҳналаштирилади.
XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб Туркияда ҳаваскорлар ва ярим профессионал театрлар пайдо бўла бошлайди. Бу театрларда Намик Камол, Аҳмад Мидхат, Абдулҳақ Ҳамид, Жаноб Шаҳобиддин, Ҳалид Зип, Ака Гундоз, Рашод Нури Гунтекин, Ҳалид Фахри, Юсуф Зили каби муаллифларнинг асарлари саҳналаштирилади. 1914 йил ҳукумат томонидан Истанбулда “Дарулбедайи Усмони” консерваториясининг очилиши катта имкониятларга йўл очади. Бу ерда таълим олган талабалар орасидан Афифе, Бехпире, Мемдуҳ, Бейза, Рефике кабилар кейинчалик Туркиянинг машҳур актрисалари бўлиб етишади.
1916 йил Истанбулдаги “Тепабоши” театрида Ҳусейн Суатнинг “Чурук темель” асари “Дарулбедайи Усмони” битирувчилари томонидан саҳналаштирилиб, турк миллий театрига асос солинади. 1931 йилда “Тепабоши” шаҳар театрига айлантирилади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, турк театр санъатининг ривожланишида Муҳсин Эртуғрул (“Дарулбедайи Усмони”га 1927 йилдан бошлаб раҳбари бўлган) ва унинг дўстлари – актёр ва режиссёр Васфи Ризо Зобу, Козим Кермукчу, Ғолиб Аржану кабиларнинг ҳам хизмати катта бўлган. Шаҳар театри Москва, Ленинград, Боку театрлари билан мунтазам ҳамкорликда фаолият олиб боради. Хорижий асарлар билан биргаликда Ака Гундознинг “Мовий чақмоқ”, Фарук Нафизнинг “Хабар”, “Қаҳрамон”, “Ватан”, Бехчет Камолнинг “Атилла”, Ҳалид Фахрининг “Ўн йиллик эпопея” каби асарлари саҳналаштирилади. Нозим Ҳикматнинг “Бош чаноғи”(1932), “Марҳумнинг уйи”(1932), “Унутилган”(1935) номли асарлари театрни танитган спектакллар ҳисобланади.
XX аср ўрталарида Истанбулда ўн еттита театр фаолият олиб борган. Улардан бештаси (Драма театри, Комедия ва драма театри, “Кадикей” театри, Кичик опера театри, Янги театр) давлат томонидан молиялаштирилган. Қолганлари хусусий театрлар бўлган. Туркияда олий таълим муассасалари қошида фаолият юритувчи турли ҳаваскорлик театрлари ҳам мавжуд. Буларга “Жеп театросу”, “Ёшлар театри”, “Техника университети театри” кабилар киради. Анқара ва Истанбулдаги баъзи труппалар асосан болалар учун томоша қўйишади.
Туркиянинг машҳур театрлари ҳақида сўз борганда Анқара Опера театрини тилга олиш лозим. Бу театр нафақат Анқарада, балки бутун Туркияда етакчи театр ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида 2000 томошабинни сиғдира олувчи ушбу театр 1933 йилда машҳур архитектор Эвки Балмумчу лойиҳаси асосида қурилган.
Ҳозирда фаолият олиб бораётган “Дот” (“Dot”) театри ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу театр ижодий йўналиши билан Европага танилган.
“Галата перформ” (“Galata Perform”) театри ёшлар учун мўлжалланган экспериментал театрдир. Турк театрлари репертуарини жанр жиҳатдан ранг-баранг жаҳон ва миллий драматургия намуналари ташкил этади.
Бугунги кунда турк театрлари давлат, хусусий ва бирлашмалар театрларига ажралган. Давлат театрларида асосан, миллий руҳдаги спектакллар намойиш этилади. Ҳозирда Истанбул, Измир, Бурса, Адана, Конья, Эрзурум, Диёрибакир, Трабзон, Вана, Сивас, Газиантепа, Малатья, Эльязиг, Корум, Зонгулдак, Риза шаҳарларида давлат театрлари фаолият юритиб келмоқда.
Истанбулда хусусий театрлар ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда.
Туркияда театрлар фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи ташкилот Туркия театр дирекциясидир. Дирекция 52 та театрни қамраб олади.
Турк театрининг ривожида миллий драматургия алоҳида ўрин тутади. Номлари жаҳонга танилган қатор турк ёзувчи, драматургларининг асарлари дунё саҳналарини кезиб юрибди. Хусусан, ўзбек театрларида Нозим Ҳикмат, Рашод Нури Гунтекин, Тунжер Жужен ўғли каби турк адабиётининг атоқли вакиллари асарлари саҳналаштирилган.

Муҳайё МУХТОРОВА,
санъатшунос

КИНО

Бугунги жаҳон киноси майдонида турк кино санъати ўз ўрни ва қиёфасига эга. Миллий кинематография мактабининг юзага келиши ўзининг муайян тараққиёт йўлига эга. Маълумки, дунёда визуал шакл­даги асарлар яратиш ҳам ижодий, ҳам тижорий мақсадларни қамраб олади. Ҳозирда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, ўзбек телеэкранларида узлуксиз намойиш этилаётган ранг-баранг турк сериаллари бу мамлакат кино саноатининг бир йўналиши холос. Мазкур йўналишнинг жаҳон кино бозорларида ўрни тобора кенгайиб боряпти ва телевидение бундай фильмларнинг асосий харидори ҳисобланади. Айни пайтда, масаланинг нозик жиҳати шундаки, тижорий мақсадга хизмат қилувчи кастюмли драмалар (жанридан қатъий назар) оммабоп кўришга мўлжалланган бўлиб, миллатнинг асл кино мактаби муваффақиятлари юзини тўсиб қўйиш даражасида тараққий этиб бормоқда. Аммо Туркиянинг тарихан шаклланган улкан миллий кино мактаби борлигини ­эътироф этиш лозим.
Бу мактаб ҳозирги мустаҳкам қиёфасига эга бўлгунича, турли тараққиёт босқичларини босиб ўтган. XIX асрнинг сўнггида ака-ука Люмерлар ўзларининг “мўжиза”ларини намойиш қилганларидан сўнг икки ой ўтар-ўтмас, Истанбулда илк француз фильмлари намойиш қилина бошланди. Бу оламшумул воқеа ҳақида таниқли турк ёзувчиси Эржумент Акрам Талу шундай хотирлайди: “1896 йил ёз ойларида “ҳаракатдаги сурат”ларни томоша қилиш учун шошилдик. Бейўғли мавзесидаги Спонек салони ишқибозлар билан лиқ тўлган эди. Ярим соатча давом этган кичкина фильмчаларни томоша қилгандан кейин бир неча кун бу воқеа хусусида дўстларим билан баҳслашиб юрдик. Ўша пайтда “мўжиза”дан олган таассуротларим мени бутун умр ҳаяжонга солиб келди ва ижодимда муҳим роль ўйнади” (“Türk sinemasi üzerine düşünceler”Ankara, 1996. 17-б.)
1908 йили З.Вайнберг Истанбулнинг Тепабоши ноҳиясида “Патэ” кинотеатрини ташкил қилади ва Туркияда мунтазам равишда кинофильм­лар намойиш қилина бошлайди. Бу фильмларда асосан султонлар ҳаёти, ҳарбийларнинг машқ майдонларида юришлари, жанг саҳналари ва Туркиянинг гўзал табиати акс этиб, улар “Турк пиёда аскарларининг намойиши”, “Турк тўпчилари”, “Босвор панорамаси”, “Султон оиласининг сайли” ва шунга ўхшаш номлар билан аталган.
1910 йилларда Туркияда кинонинг оммалашуви хусусида киношунос олим, профессор Алим Шериф Ўнаран шундай ёзади: “Зиёлиларни ҳисобга олмасак, авом халқ олдинига худди автомобилни илк кўрганида “шайтоннинг иши” деб атагани каби кинони ҳам шундай қабул қилган. Лекин бироз вақт ўтгандан кейин кинотеатрлар уларнинг орзиқиб, севиб қатнайдиган масканига айланади…” (А.Onaran “Türk sinemasi” Ankara, 1994. 12-б.)
1914 йилнинг кузига келиб, Истанбулнинг ўзидаёқ олтита кинотеатр мунтазам иш олиб боради ва томошабинларнинг ортиб бораётган қизиқишларини қондиришга ҳаракат қилади. Лекин намойиш қилинаётган фильмларнинг барчаси хорижда тайёрланган бўлиб, томошабинларда ўзгача қизиқиш уйғотади.
1915 йилнинг бошларига келиб, турк киносининг туғилиши юз беради. Ака-ука Камол ва Шокир Седенлар “Камолбей” ва “Али афанди” миллий кинотеатрларини қуришади. Истанбулдан ташқари катта шаҳарларда ҳам “миллий синемалар” очила бошлайди.
Биринчи жаҳон урушининг илк йилларида Усмонийлар империяси Германия билан бирга Россияга қарши уруш эълон қилади. Қизиғи шундаки, 1877–1978 йиллари Рус-Турк урушида ҳалок бўлган рус аскарларига ўрнатилган Яшилкўйдаги обида портлатилади ва бу воқеа оператор томонидан кинотасмага туширилади. Шундай қилиб, Фуат Узқиной томонидан 1914 йил 14 ноябрда суратга олинган фильм турк киносининг туғилган куни сифатида тарихга кирди.
1914–1922 йиллар Турк киноси тикланиш йиллари десак бўлади. Чунки, турк киноси учун театр ва кино санъати тушунчаси 1940 йилларгача деярли бир хил тушунилган. Шунинг учун ҳам кейинги давр – “Театрчилар даври” (1923–1939 йиллар) дейилади.
Турк киночилари фильмлари бу даврда юқори баҳоланмаса-да, бошқа санъат турларига қараганда томошабинларни кўпроқ қизиқтиради. Кинонинг ютуқлари театр актёрларини ўзига торта бошлайди.
“Театрчилар даври”, яъни, ХХ асрнинг 20-40 йилларида турк киноси учун янгиланиш даври бошланади. Айнан шу даврда ижодий фаолиятини бошлаган М.Эртуғрулнинг изланишлари муҳим ўрин тутади. Бу ижодкорнинг фильмларига асосланиб, турк киносининг қарийб 30 йиллик даврини ўрганиш мумкин. Қарийб 17 йил давомида турк киносини Муҳсин Эртуғрул бошқариб, 29 та фильм суратга олади.
Ўтган асрнинг 30-йиллари турк киносига оташин шоир Нозим Ҳикмат кириб келади ва бир қатор фильмларни суратга олади. 1937 йилда Н.Ҳикмат ўзининг сценарийси асосида “Қуёш сари” фильмни суратга олади. Н.Ҳикмат 30-йилларнинг энг кўзга кўринган киношуноси сифатида “Оқшом”, “Янги кун”, “Миллет” газеталарида кино муаммолари хусусида танқидий чиқишлар қилиб, жамоатчиликда кинематографияга нисбатан соғлом фикр уйғотади. Н.Ҳикмат мақолаларидан бирида шундай ёзади: “Кинематография нафақат кўнгил очиб, томошабинларни қизиқтириши, балки қалбан ҳис эттириши, ўйлатиши, сабоқ бериши ҳам керак”.
Иккинчи жаҳон уришида кўп мамлакатларда бўлгани сингари фильм­ларни суратга олиш анча камаяди. Асосан урушга тааллуқли ҳужжатли-хроникал фильмлар суратга олинади.
ХХI асрга келиб, турк киноси дунёдаги ривожланган кинематографлар қаторидан ўрин олади. Турк фильмлари Венеция, Берлин, Канн, Москва кинофестивалларида бир қатор совринларга эга бўлди. Турк киночилари дунёнинг бир қанча йирик кинокомпаниялари билан ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, Туркиянинг ўзида Истанбул, Анкара, Адана, Анталья халқаро кинофестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбек киночилари ҳам Туркия халқаро кинофестивалларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Ойбек КОПАДЗЕ,
Санъатшунослик фанлари номзоди,
киношунос

МУСИҚА

Турк мусиқаси кўп асрлик тарихга эга бўлиб, унинг илдизлари илк Ўрта асрларга, яъни салжуқий турклар Марказий Осиёдан кўчиб, бутун Кичик Осиёни эгаллаган, ярим оролга жойлашган даврларга бориб тақалади. Турклар янги ҳудудларда озарбайжон, юнон ва бошқа халқлар маданияти билан таниша бошладилар. Ушбу халқлар мусиқа маданияти турк мусиқасига сезиларли таъсир кўрсатди.
Айни пайтда, турк халқ мусиқаси маросим ва тадбирларда ижро этиладиган ва умумий ижро этилувчи эркин жанрларга ажратилади. Айтим жанрлар кенг тарқалган бўлиб, образли мазмуни, куй, ритм ва лад ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Таъкидлаш жоизки, халқ му­сиқа санъатининг салмоқли қис­мини рақслар ташкил этади. Рақс­лар тарихи урф-одат, маросим ва меҳнат ­жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Рақслар чолғу ва вокал-чолғу жўрлигида ижро этилади. Мусиқий жўрликсиз ижро этиладиган рақслар ҳам учрайди (хусусан, эркаклар рақси бўлиб, улардаги ўзига хос ритмик жўрлик қилич ва ханжарларнинг қалқонга урилиш зарби, ижрочиларнинг ҳарбийларга хос қийқириқларидан ҳосил бўлади). Турк халқ рақсларидан “Зейбек”, “Халай”, “Херон”, “Бар”, “Бенги” кабилар кенг тарқалган.
Халқ қўшиқлари ва рақслари кўпинча дамли чолғулардан болабон (буламон), зурна (сурнай), қавал (чўпон най), торли чолғулардан кеманча, саз жўрлигида ижро этилади. Ва албатта, уларга довул, деф (даф), араб дарбукаси каби зарбли чолғулар ҳам қўшилади.
Эътироф этиш жоизки, халқ мусиқаси билан узвий боғлиқликда анъанавий мумтоз мусиқа ҳам бирдек жорий бўлган. Анъанавий турк мусиқа санъатида ашиклар (ёки ашуглар – ошиқлар) муҳим роль ўйнайди.
Ашик (ашуг)лар – халқ шоирлари, мусиқачи-бадиҳанавис (импровизатор)лардир. XIII–XIV асрлардаёқ ашикларнинг аждодлари бўлмиш ўзанлар машҳур бўлган. Ашиклар санъати шеърият ва мусиқани ўз ичига олган бўлиб, одатда улар ўзлари басталаган қўшиқларни соз жўрлигида ижро этганлар. Маиший ҳаёт билан узвий боғлиқ бўлган ашиклар санъати халқ орасида кенг оммалашган. Кўплаб достон, афсона ва ривоятлар қаҳрамонлари ҳам ашиклар бўлгани бежиз эмас. Ашиклар санъати турк халқ мусиқасининг ўзига хос қирраларини сақлаган ҳолда, авлоддан-авлодга оғзаки шаклда ўтиб келади. Ашиклар қўшиқлари мелодик ва ритмик ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Ашиклар бугунги кунда нуфузли санъаткорлар сифатида эътироф этилади.
Турк мусиқа маданиятида фосил деб аталувчи туркум кенг тарқалган. Ундаги ҳар бир бўлим муайян мақомга асосланади (бу асарлар тузилиши жиҳатидан араб нубаларини эслатади). Ижро бадиҳавий (импровизацион) эркинликка асосланади. Фосил одатда шаклан мураккаб чолғу муқаддима – пешрав билан бошланади. Сўнгра айтим лавҳалари чолғу “тақсим”лари билан ўзаро алмашиниб келади.
Турк мусиқий маданиятида диний йўналишдаги мусиқа алоҳида ўринга эга. Бу азон, Қуръони Карим тиловати, мавлуд ва гуруҳ бўлиб, масжиддан ташқарида ижро этиладиган мадҳиялардир.
Таъкидлаш жоизки, турк мусиқаси бошқа халқлар мусиқаси каби замонавий шаклда ривожланаётган бўлса-да, ўз қадрият ва анъаналарига содиқ қолмоқда.
Туркияда олий мусиқа таълими асосан йирик университетлар (хусусан, Анқара, Истамбул, Измир, Хажитепе университетлари) ҳузурида ташкил этилган консерваториялар ва академияларда ўтилади. Консерватория алоҳида ўқув юрти эмас, балки университетнинг бир бўлими сифатида фаолият юритади.

Шаҳноза ОЙХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти,
санъатшунослик фанлари номзоди

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x