Оқсиллар – ҳар қандай тирик ҳужайранинг асосий таркибий қисми ҳисобланиб, янги ҳужайра ва тўқималар қурилишига сарфланадиган азот фақат уларда бўлади. Шунингдек, болаларнинг оқсилга эҳтиёжи катталарникига қараганда анча кўп, улар улғайган сари бу талаб ҳам ортиб бораверади.
Овқат ҳазм қилиш йўлларига тушган оқсиллар меъда ва ичак шираси таъсирида аминокислоталарга парчаланади. Аминокислоталар ичак девори орқали қонга сўрилиб, бутун организмга тарқалади. Маълумки, организмга овқат билан бирга тушадиган 8 та аминокислота (триптофан, фенилаланин, лизин, метионин, валин, лейцин, изолейцин, треонин) мавжуд.
Ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар (тухум, сут, творог, гўшт, балиқ ва бошқалар)да бўладиган оқсилларнинг биологик жиҳатдан жуда ҳам фаол экани аниқланган. Бундан ташқари, уларда инсон учун зарур бўлган барча зарур аминокислоталар бор. Айниқса, эмизикли чақалоқлар тўла сифатли оқсилга жуда муҳтождирлар.
Ўсимлик маҳсулотлари (нон, картошка, сабзавотлар, ёрмалар ва бошқалар)даги оқсиллар ҳайвон оқсилларига қараганда организмга секин сингади. Ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари тўғри аралаштирилиб, биринчисини иккинчиси билан бойитиш орқали одам организмига зарур оқсил ва аминокислоталарнинг танага тез сингишини таъминлаш мумкин. Шу боис болага ҳар хил ҳайвон ва ўсимлик маҳсулотларидан иборат турли овқатларни берган маъқул.
Ёғлар фақат энергия ва иссиқлик манбаи бўлибгина қолмай, аъзо ва тўқима ҳужайралари таркибига киради, улар ички аъзоларни турли механик шикастланишлардан сақлайди. Шунингдек ёғлар ҳам оқсиллар каби сифатли ва сифатсиз бўлади. Сут маҳсулотлари (сариёғ, қаймоқ, сметана, творог, пишлоқ), таркибига кирадиган сут ёғи, балиқ мойи ва тухум сариғидаги ёғ энг фойдали ҳисобланиб, уларда бола саломатлиги ва ўсиши учун зарур бўлган А ва В витамини мавжуд. Мол ва қўй ёғида бу витаминлар жуда кам, ўсимлик мойида эса деярли йўқ. Аммо ўсимлик мойи ўсиб келаётган организм учун зарур бўлган баъзи фойдали тўйинмаган ёғ кислоталарининг манбаи. Булар моддалар алмашинувида ва иммунитет ишлаб чиқарилишида қатнашади. Шу сабабли 1 ёшдан ошган бола овқатига ҳайвон оқсиллари билан бир қаторда ўсимлик мойини ҳам албатта ишлатиш керак.
Углеводлар энергия ва иссиқлик ҳосил бўлишига хизмат қилади. Болаларнинг углеводларга бўлган кунлик эҳтиёжи катталарникига қараганда 2 ҳисса ортиқ бўлади.
Ўсимликлардан тайёрланадиган маҳсулотлар (нон, ёрмалар, картошка, сабзавотлар, мевалар) углеводлар манбаи саналади, чунки уларда кўп миқдорда қанд, крахмал ва клетчатка мавжуд. Ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлардан фақатгина сут қандга бой бўлади.
Болалар овқатида оддий қандлар – глюкоза ва фруктозадан иборат енгил сингувчи углеводлар муҳим роль ўйнайди. Булар мевалар, сабзавотлар, шарбатлар, шунингдек, сут (сутда сут қанди – лактоза бўлади) билан бирга организмга тушиб туради.
Умуман, бола соғлом ўсиб улғайиши учун унинг таомномасида оқсил, ёғ ва углеводлар керакли миқдорда бўлиши шарт.
Райҳон МУДАРИСОВА, педиатр, педагог.