Носир Муҳаммад (1946–2017)

Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев) 1946 йил 2 декабрда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Яккабоғ қўрғонида туғилди.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида таҳсил олди (1963–1968).

Меҳнат фаолиятини “Тошкент оқшоми” газетасида бошлади. Ўткир Ҳошимов, Саъдулла Кароматов сингари атоқли адиблардан ижод сирларини ўрганди. Кўплаб шеърлари, таржималари, мақолалари матбуотда эълон қилинди. 1969–1970 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб, яна “Тошкент оқшоми” газетасида фаолиятини давом эттирди.

Тошкент давлат университетининг Шарқшунослик факультети қошидаги кечки 2 йиллик форс тили курсини битириб, Эронда форс тили таржимони бўлиб ишлади (1976–1979). “Ёшлик” журналида адабий ходим, масъул котиб (1983–1993), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг халқаро ахборотлар таҳририяти бош муҳаррири (1993–1994) вазифаларида фаолият юритди. 1994 йили Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизматида, кейинчалик “Жаҳон” ахборот агентлигида фаолият олиб борди (1994–1995). Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида “Жаҳон” ахборот агентлиги вакили ‒ 1-котиби (1996–1999), Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг етакчи консультанти (1999–2005) лавозимларида хизмат қилди. Кўп йиллар Республика Байналмилал маданият марказини бошқариб келди.

Носир Муҳаммаднинг “Салом, келажак” (1980), “Баҳор таронаси” (1981), “Листья чинары” (1987), “Насаф ва Кеш алломалари” (2001,2006), “Сумалакдан тош топдим” (2004), “Анқони маҳрам қилдингиз” (2004), “Шайтоннинг истеъфономаси” (2008), “Sonmayan ishik” (2008, Туркия), “Турон давлатлари йилномаси” (2010), “Ҳут шамоллари” (2012) номли шеърий ва илмий-оммабоп китоблари чоп қилинди. Бундан ташқари кўплаб ўзбек, рус, турк тилларидаги баёз, тўплам ва жамоавий нашрларда шеър, ҳикоя, бадиий таржималари, мақолалари босилди. Асарлари рус, турк, озарбайжон ва бошқа тилларга таржима қилинди.

Носир Муҳаммад 2008 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.

Шоир 2017 йил 5 июл куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

 

“Ўзбек адиблари” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан фойдаланилди.

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/nosir-muhammad-1946-2017/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x