ОИВ (одам иммунтанқислиги вируси) юққанидан сўнг иммун тизим зарарланади ва организм микроорганизмларга чидамсиз бўлиб қолади. ОИВ ривожланишининг айнан шу босқичи ОИТС дейилиб, бу давр тезда озиб кетиш, узоқ вақт иситмалаш, ич кетиш ва организмнинг ҳимоя кучининг тўлиқ сусайиши шароитида кўплаб юқумли касалликлар ва хавфли ўсмалар ривожланиши билан кечади. Организмга тушганидан сўнг вирус тананинг барча соҳасидаги суюқликларда (қонда, уруғ суюқлигида, жинсий аъзо ажралмасида ва бошқаларда) пайдо бўлади.
Вирус бир неча йўл билан юқади. Битта игна билан бир нечта гиёҳвандлар томир ичига гиёҳванд моддаларни қабул қилганида, қон билан ифлосланган кесувчи асбоблар ёки игналарни ишлатганда, ОИВ инфекцияси билан зарарланган қонни беморга қуйиш натижасида ва бошқа тиббий (жарроҳлик, гинекологик, стоматологик) муолажалар орқали касаллик юқади. ОИВ билан касалланган беморнинг соқол олиш ускунаси, тиш чўткаси бошқа шахслар томонидан ишлатилиши ҳам касаллик юқишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек кўпинча пала-партиш жинсий ҳаёт кечирувчилар жинсий йўл орқали шу касалликни юқтириб оладилар. Бундай вақтда шифокорлар ҳимоя воситасидан фойдаланишни қатъий маслаҳат берадилар. Инфекция юқтирган онадан болага (ҳомиладорлик даврида, туғуруқ вақтида ёки кўкрак сути билан эмизиш вақтида) касаллик ўтади.
ОИВ билан зарарланган одам маълум давргача вируснинг таъсирини сезмайди ва кўп йиллар касалликнинг яширин даврини бошдан кечиради. Дастлаб, меъёрда ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вируснинг таъсирига жавоб реакцияси беради. Лекин вирус аста-секин кўпайиб, иммун тизимдан устун кела бошлайди ва уни мутлақо издан чиқаради, организмнинг вирусга қарши курашиш хусусияти йўқолади. Бундай шароитда вирус организмда кўпайиш жараёни тезлашади ва маълум даражага етгандан сўнг ОИТС касаллиги бошланади.
Доимий равишда юзага келувчи пневмония, сил, цитомегаловирус инфекцияси, герпес ва бошқаларнинг қўшимча равишда келиши ОИТС белгиларидир. Худди шу касалликлар кўпинча оғир асоратларга олиб келади. Вирус организмга тушгандан бошлаб ОИТС (СПИД) белгилари пайдо бўлгунига қадар ўтган вақт ўртача 10 йилларни ташкил этади. ОИТС – ОИВ инфекциясининг охирги босқичи ҳисобланади. Бу босқичда киши баъзан ҳатто ўзи туролмайдиган ва оддий ҳаракатларни бажара олмайдиган беморга айланади.
ОИВ инфекциясининг ягона ишончли ташхис усули лаборатор текширувдир. Бунда беморнинг қон зардобида ОИВ га қарши антитаналар аниқланади. ОИВ инфекцияси диагнози қўйилгандан кейин беморда касаллик кечишининг тавсифи, иммунитетнинг зарарланганлик даражаси, иккиламчи касалликлар сабаби ва тавсифини ўрганишга қаратилган чуқур текширувлардан сўнггина шифокор ОИВ инфекциясига қарши даволаш чорасини белгиласа бўлади. Шу вақтдан бошлаб ОИВ инфекциясини юқтирган киши доимий диспансер назоратида туради.
Касалликнинг олдини олиш учун биринчидан оилавий муносабатларда садоқат чегараларини бузмаслик талаб этилади. Жинсий муомала вақтида ҳимоя воситасидан фойдаланиш зарур. Соқол олиш асбобларининг ҳар бир киши учун алоҳида бўлишини таъминлаш, иложи борича сартарошхоналарда соқол олдирмаслик, сочни устара билан олдириш зарурати пайдо бўлса, бир маротаба ишлатиладиган устаралардан фойдаланиш керак.
Тишларни даволатиш, гинеколог кўриги ёки беморларга муолажа қилиш ишларида тиббий асбобларнинг сифатли зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, болани суннат қилиш, қулоқни тешиш, татуровка қилдириш каби усулларда ишлатилган асбоб-ускуналарни қайта ишлатмаслик, уларнинг хавфсизлиги (тозалиги) ни таъминлаш ишларига эътиборли бўлиш лозим.
Болаларда инфекция юқишини олдини олишга ҳомиладор аёлларни ОИВга текширув ҳам муҳим ўрин тутади. (Ҳомиладор аёллар ОИВга поликлиникада бепул текширилади), шунингдек, никоҳланувчи ва фарзанд кўришни хоҳлаган жуфтлар учун ҳам ОИВга текширув ўз хоҳиши билан ўтказилади. Унутмаслик керакки, ОИВга мусбат натижа олингач беморларга тўғри муомалада бўлиш, уларни камситмаслик, ажратмаслик, аксинча руҳий ёрдам бериш зарур.
Умида ЗАЙНУДДИНОВА, педагог.