Қутуриш — оқибати аянчли касаллик

Қутириш – табиий ўчоқли, вирус чақирадиган, ўткир юқумли зооанропоноз касаллик бўлиб, одатда ҳайвонлар тишлаши натижасида юқади. Касаллик марказий асаб тизимининг зарарланиши билан кечиб, асосан ўлим билан якун топади. Тишланган ҳайвон организмига қўзғатувчи тушгандан сўнг (сўлак орқали жароҳатга) нерв толалари бўйлаб марказий асаб тизимига таъсир ўтказиб, энцефалит белгиларини келтириб чиқаради. Қутириш билан касалланган ҳайвонлар агрессив бўлиб қоладилар, ҳеч сабабсиз одамларга, ҳайвонларга ташланади, бу айниқса итларда яққол кузатилади. Кўпинча уй ҳайвонлари (энг аввало ит) одамларга қутиришни юқтиришда етакчи манба ҳисобланади. Қишлоқ жойларда уй жониворларининг ёввойи ҳайвонлардан касаллик юқтириш кузатилган.

Одамларга касаллик қутириш билан касалланган ҳайвонлардан (тишлаганда, кам ҳолларда шиллиқ қават ва тери бутунлиги бузилган жойга сўлакнинг тушиши натижасида) юқади. Инфекцион жараён кечиши ҳайвонларникидан фарқ қилмайди. Яширин давр вируснинг вирулентлиги, уларнинг сони ва тананинг тишланган соҳасига боғлиқ бўлади. Энг хавфли соҳалар – бош, бўйин, қўл панжалари, шу соҳалардан тишланганда ҳамда жароҳат катта бўлса, яширин давр жуда ҳам қисқа бўлади (бир неча кундан – 10 кунгача). Тананинг пастки соҳалари тишланганда, айниқса жароҳат юзаки бўлса ёки сўлак кам тушганда яширин давр бир ойга, ҳатто бир йилгача чўзилиши ҳам мумкин.

Қутириш билан кўпинча ветеринарлар, овчилар касалланадилар. 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар катталарга нисбатан кўпроқ касалланадилар, бу ҳол мактаб ўқувчиларининг мушук ва итлар билан доимий мулоқотига боғлиқ. Касалланишнинг учраши апрель-сентябрь ойларига тўғри келади.

Касалликнинг олдини олиш учун профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар олиб борилади. Хавфли гуруҳга кирувчи кишилар (ветеринарлар, овчилар, ит овлаш бўлимлари ишчилари, кинологлар) ўртасида профилактик эмлаш (айниқса эпизоотик жараён фаоллашган пайтда) ўтказилади. Ҳайвонлар тишлаган одамларни ўз вақтида эмлаш ишлари билан травматология пунктлари ва бўлимлари (хирургия бўлимлари) шуғулланадилар.

Санитария-эпидемиология хизмати эмлашга оид услубий кўрсатмалар беради ҳамда фойдаланилаётган вакциналар сифати, шунингдек сақлаш қонун-қоидаларига риоя этилишини назорат қилади. Даволаш учун ҳам вакциналардан фойдаланилади.

Беморнинг ўз вақтида эмлаш хонасига мурожаат қилмаслик, кечикиб эмлаш, эмлаш жараёнида ва эмлашдан кейин врачлар тавсияларига риоя қилмаслиги натижасида ёки бошқа омиллар сабабли баъзан касалланиш ва унинг кучайиши кузатилади.

Унутмаслик жоизки, асосий профилактик чора — ёввойи ҳайвонлар сонини назорат қилувчи уюшма ва ташкилотларнинг тезкор хизмати, ветеринария хизмати, маҳаллий масъул ташкилотлар ходимлари билан биргаликдаги фаолияти, қаровсиз қолган ит ва бошқа ҳайвонларни тутиш, уларни йўқотиш ҳамда уй ҳайвонларини эмлашни таъминлашдан иборат.

Наргиза САИДҚОСИМОВА,
Тошкент тиббиёт академияси «Эпидемиология»
кафедрасининг катта ўқитувчиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x