Қандли диабет билан оғриганда жисмоний машқлар билан шуғулланиш айниқса зарурдир. Жисмоний машқлар моддалар алмашинувининг барча турларига ижобий таъсир кўрсатади.
Мунтазам жисмоний ҳаракатлар бажарилганда инсулин рецепторларининг сезгирлиги ортади, бу эса қон таркибидаги шакар миқдори озайишига ва инсулин ёки шакар миқдорини озайтирувчи дориларни камроқ ичишга олиб келади.
Машқлар билан доимий шуғулланилганда организмда оқсил алмашинуви яхшиланади, ёғларнинг парчаланиши кучаяди, тана вазни камайиб, қондаги ёғ таркиби меъёрга тушади.
Қандли диабет касаллигининг томирлардаги асорати ривожланиши учун вужудга келадиган шарт-шароитлар ҳам жисмоний машқлар туфайли бартараф этилади.
Касалликда қўлланилиши мумкин бўлган жисмоний машқлар қисқа ва узоқ муддатли турларга бўлинади. Ўз навбатида қисқа муддатли жисмоний машқлар режалаштирилган ва режалаштирилмаган бўлиши мумкин.
Сиз режалаштирилмаган озроқ жисмоний машқлар (оғир юк кўтариш, транспортга югуриб етиб олиш сингарилар)ни бажарсангиз, у ҳолда гипогликемия (яъни қон таркибида шакар миқдори меъёрдан камайиб кетиш ҳолати) нинг олдини олиш учун тез ва оснон ҳазм бўладиган таомни тегишлича НБ да (нон бирлиги) зудлик билан истеъмол қилишингиз лозим.
Режалаштирилган қисқа муддатли машқлар (жисмоний тарбия дарси, сув ҳавзасида сузиш, дискотека сингарилар) пайтида ҳар ярим соатда қўшимча равишда секин ҳазм бўладиган НБ (масалан, бир бўлак нон ва ҳўл мева) истеъмол қилишингиз зарур.
Узоқ муддатли жисмоний машқлар вақтида (масалан далада ишлаш ёки саёҳатга чиқишда) унинг жадаллиги ва кўпроқ давом этишига, шунингдек танангиз хусусиятларига боғлиқ тарзда инсулин дориси миқдорини 25-50 фоизга камайтириш мумкин.
Гипогликемия пайдо бўлганда эса енгил ҳазм бўладиган углеводлар (ширин ичимликлар, шарбатлар) ичиш билан унинг ўрни тез тўлдирилади.
Жисмоний машқлар қон таркибидаги шакарнинг миқдори компенсацияланган даражада (меъёрда)бўлганида бажарилиши керак. Бордию компенсацияланмаган даврда жисмоний машқлар ўтказилса қон таркибидаги шакар миқдори ортиши мумкин. Шу туфайли қандли диабет билан оғриган беморнинг қони таркибидаги шакар миқдори 15 ммоль/л дан юқори бўлганда унга жисмоний машқлар тавсия этилмайди.
Жисмоний машқларни кун давомида маълум тарзда тақсимлаш оқилона тадбир ҳисобланади. Масалан, эрталаб бадантарбия билан шуғулланган маъқул. Асосий машқларни эса овқат ейилгандан сўнг 1-2 соат ўтгач, гипогликемиянинг ривожланиш эҳтимоли паст бўлган пайтда яъни таом ҳазм бўлиб, тана қувватга кирганда бажариш лозим.
Унутмаслик керакки, инсулин дорисини қабул қилувчи беморлар жисмоний машқларни уқувсизлик билан бажаришса гипогликемиянинг ривожланиш эҳтимоли кучаяди, бу эса саломатлик учун хавфли оқибатларни келтириб чиқаради.
Ҳар куни бир хилдаги жисмоний машқлар бажарилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, бу ҳол диабетни яхши назорат қилиш имконини беради.
Кундалик жисмоний машқлардан ташқари бир қанча ҳаракатли машғулотлар, масалан, велосипед миниш, конкида учиш, сувда сузиш, рақсга тушиш, югуриш ва гимнастика билан шуғулланиш ҳам профилактик тадбирлар сирасига киради. Ёдда тутиш лозимки, беморда қандли диабетдан ташқари юрак-қон томир хасталиклари мавжуд бўлса, у ўзидаги жисмоний юкламани аниқлаб олиш учун соҳа мутахассисидан маслаҳат олиши лозим.
Риоя этилиши зарур бўлган жисмоний машқларни танлаш ва бажаришда қуйидагиларга аҳамият бериш зарур:
- ҳар бир киши ёшига ва соғлиги ҳолатига қараб машқ тури ва жадаллигини якка тартибда танлайди;
- инсулин қабул қилувчилар машқларни кунига айни бир вақтда мунтазам бажаришлари керак;
- машғулотлар давомийлиги ва жадаллиги аста-секин ошириб борилади;
- машқлардан сўнг бемор чарчаб қолмаслиги лозим.
Юлдуз АМИНЖОНОВА,
Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси, мутахассис.