Қаҳва ичинг, зарарини ҳам унутманг

Мутахассис олимларнинг кўп йиллик кузатувларидан сўнгги хулосаларига кўра, қаҳва таркибидаги кофеин моддаси бош мия фаолиятини яхшилайди, жисмоний ва ақлий меҳнат унумдорлигини ва ҳаракатчанликни оширади, уйқучанлик ва чарчоқни камайтиради, сезги аъзолари фаоллигини таъминлайди.

Бунинг сабаби шундаки, қаҳва дони таркибида кофеин (0,6-2,4 %), ошловчи кислота (4-8 %), ёғлар (10-13 %), оқсил моддалар (2,5 %), сахароза (5-10 %), пентазан (5,7 %) каби 30 дан ортиқ органик кислоталар мавжуд.

Бу ичимлик фойдали эканлиги кўп гапирилади, лекин зарари ҳам оз эмас. Ҳаддан зиёд кўп ичилганда қаҳва таркибидаги кофеин моддаси организмдаги витамин В1 (тиамин) миқдорини камайтириб, юрак-қон томир, ошқозон-ичак ва эндокрин тизимларининг фаолиятини жадаллаштиради. Спиртли ичимлик ичаётиб ёки тамаки чекаётиб қаҳва истеъмол қилинса қондаги холестерин миқдори кескин ортиши мумкин.

Шунингдек, қаҳва таркибидаги кофеин моддаси организмда кальций моддаси камайишига олиб келади, яъни 1 стакан қаҳва танадан 40 мг кальций чиқиб кетишига сабаб бўлади. Бу йўқотишнинг ўрнини тўлдириш учун таомномага творог, пишлоқ, сут ва балиқ каби маҳсулотларни киритиш зарур.

Қаҳванинг қувват бағишловчи хусусиятини ҳисобга олиб, уни нонушта ёки иккинчи тушлик пайтида қуруқ мевалар ва асал билан ичган маъқул. Ухлаш олдидан қаҳва ичиш тавсия этилмайди.

Қаҳва билан дори қабул қилиш умуман мумкин эмас. Негаки қаҳва баъзи дориворлар таъсирини кучайтирса, айримларининг таъсирини сусайтириб юборади. Гоҳида қаҳва билан ичилган дори беморнинг аҳволини янада ёмонлаштириши мумкин.

Қаҳва пешоб ҳайдовчи хусусиятга ҳам эга, демак уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш организмнинг сувсизланишига олиб келади. Шунинг учун ҳам қаҳвани кўп истеъмол қилувчилар кўпроқ сув ичиб юришлари керак. Буйрак ва пешоб йўли хасталиклари билан оғриган беморлар бу ичимликдан воз кечишлари тўғрироқ.

Қаҳвани оч қоринга ичмаган маъқул. Чунки унинг таркибидаги хлороген кислотаси ошқозонга тушгач, меъда ширасини кўпайтиради. Оқибатда эса кишида гастрит ва ошқозон яраси юзага келиши мумкин, шунингдек бу ҳолатда ошқозон ости бези ва жигар ишида ҳам бир қанча мураккаб ўзгаришлар пайдо бўлади. Шунинг учун қаҳвани иложи борича овқатдан сўнг ичиш тавсия этилади.

Айрим хасталиклар билан оғриган беморларга қаҳва ичиш умуман тавсия этилмайди. Масалан:

  • Қабзиятда (ич қотганда қаҳва ичмаган маъқул, чунки ундаги ошловчи моддалар ичаклардаги бу муаммони янада чуқурлаштиради);
  • Юқори артериал қон босимида ва юрак ишемик хасталикларида;
  • Буйрак ҳамда сийдик пуфаги касалликларида (чунки қаҳва кучли пешоб ҳайдовчи восита ҳисобланади. Шу боис беморлар уни истеъмол қилишдан тийилганлари маъқул).
  • Гастрит ва ошқозон яраси касаллигида;
  • Аллергик хасталикларда (қаҳва аллергияга мойил кишиларга ҳам тавсия этилмайди, чунки унинг таркибидаги айрим моддалар аллергик ҳолатни қўзғатиши мумкин)
  • Қандли диабет (қаҳвадаги кафестол қондаги холестерин миқдорининг кўпайишини таъминлайди. Бу эса қандли диабет касаллигининг юзага келишига замин яратади).

Бундан ташқари, атеросклероз хасталиги билан оғриган беморлар ҳам қаҳвани эқтиёткорлик билан оз миқдорда истеъмол қилишлари лозим. Ушбу хуштаъм ичимлик организмда кальций, натрий, магний каби микроэлементларнинг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилишини ҳисобга олганда ҳомиладор аёлларга ҳам қаҳва ичиш тавсия қилинмайди.

Қаҳвани мактаб ёшигача бўлган болаларга бериш мумкин эмас. Сабаби, ичимлик таркибидаги моддалар боланинг асаб тизимига кучли таъсир этиб, бола организми учун зарур бўлган микроэлементларнинг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади, ёш организмнинг ақлий ҳамда жисмоний ўсиш жараёнини издан чиқаради.

Қаҳва ичишга ҳаддан ортиқ ружу қўйиш киши организмида салбий ўзгаришларни вужудга келтиради. Яъни, уйқу маромининг бузилиши, айрим минерал ва витаминлар (жумладан, магний, рух, темир)нинг ёмон ўзлаштирилиши, юрак уришининг тезлашиши (тахикардия), қон босимининг кўтарилиши (гипертония), тиш эмали рангининг ўзгариши, жиғилдон қайнашига олиб келиши ҳамда юрак ва мия билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Тадқиқотларга кўра, мунтазам қаҳва истеъмол қилувчи инсонларда юрак билан боғлиқ хасталиклар нисбатан кўпроқ учрайди. Сабаби, унинг таркибидаги кофеин юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, артериал гипертония, юрак ишемик дардидан азоб чекаётганларга, марказий қон томири тизимидаги касаллик билан оғриган беморларга қаҳва ичиш тавсия этилмайди.

Гули ШАЙХОВА, парҳезшунос,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x