ЎҚУВЧИ ТАОМНОМАСИ (У қандай бўлиши керак?)

Мактабнинг бошланғич синфлари ўқувчилари бир қанча тартиб ва қоидаларга риоя қилишлари талаб этилади. Хусусан, уларнинг овқатланиши ҳам тўғри ташкил этилиши лозим. Чунки ёшига кўра ўз вақтида сервитамин таомларни истеъмол қилиши болалар саломатлигида муҳим аҳамиятга эга.

Тўғри тузилган кун тартиби боланинг дарсни ўзлаштиришида асосий роль ўйнайди, унинг ҳар томонлама меъёрий ривожланишига кўмаклашади.

Бошланғич синфлар ўқувчилари эрталаб соат 7.00 дан 7.30 гача овқатланиб бўлиши керак. Агар нонушта бундан кечикса ўқувчиларнинг кун тартиби издан чиқади, яъни овқатланиш тартиби бузилади.

Кунора овқатланишларга ҳам эътиборни қаратиш зарур. Мактаблардаги мавжуд ошхоналарда даврий равишда иссиқ суюқ овқатлар, қуюқ иссиқ овқатлар, шунингдек шарбатлар ва сут маҳсулотлари, ҳўл мева ва сабзавотлар ҳамда кўкатлардан тайёрланган салатлар бўлиши керак.

ОҚСИЛ, ВИТАМИН, МИНЕРАЛ МОДДАЛАР…

Мактаб даврида мушак ва суякларнинг катталашиши, моддалар алмашинувини кучайиши кузатилади, эндокрин, юрак-қон томир, бош мия иши фаоллашади. Айнан шу даврда организмнинг тўлиқ етилиши ва шаклланиши кузатилади. Бу мураккаб жараёнларнинг меъёрда кечиши учун мактаб ёшидаги бола таркиби етарли даражада оқсил, углевод, минерал моддалар ва витаминларга бой бўлган тўлақонли озиқ-овқатларни истеъмол қилиши керак.

Оқсил етишмовчилигида болаларда бош мия фаолияти бузилиши кузатилади. Улар тез чарчайди, иш қобилияти, дарсларни ўзлаштириши пасаяди. Шунинг учун мактаб ёшидаги болалар овқатланишида асосий масаллиқлар оқсилга бой маҳсулотлар (тухум, гўшт, балиқ, ёнғоқлар ва гречиха)дан иборат бўлиши лозим.

Кундалик мактаб таомномасида сут, сутли маҳсулотлар (творог, йогурт), тухум, гўштли, балиқли маҳсулотлар бўлса янада яхши.

Сутли маҳсулотлар минерал моддалар, витаминлар ва оқсилнинг асосий манбаидир. Бундан ташқари улар овқат ҳазм бўлишига ижобий таъсир кўрсатади.

Таомномада албатта қуруқ мевалар бўлиши шарт. Кундалик таом истеъмол қилганда жайдари нондан фойдаланган маъқул. Чунки унда оқига қараганда темир 30 фоиздан ортиқ, калий икки, магний эса уч карра кўп.

Сабзавотлар микроэлемент ва витаминлар манбаи ҳисобланади. Шунинг учун бола овқат рационининг 50 фоизи янги сабзавот ва мевалардан иборат бўлиши зарур.

НОНУШТА, ТУШЛИК ВА КЕЧКИ ОВҚАТ

Тўлақонли нонушта бола учун фойдали. Чунки эрталаб бола организми кўп энергия сарфлайди, шунинг учун нонушта етарли даражада қувватга эга бўлгани маъқул.

Нонушта бир кунлик энергия қийматининг 25 фоизини ташкил этиши ва албатта иссиқ овқат, творогли, тухумли, гўштли, дуккакли таомлардан иборат бўлиши лозим.

Тушлик ҳажми жиҳатдан кўпроқ ва қуввати ҳам ошиқроқ бўлиши ва бир кунлик энергиянинг 30 – 35 фоизни ташкил этиши керак. Тушлик таомномасида камида уч хил таом (дастлаб шўрва, кейин гўштли ёки балиқли овқат гарнири билан ва ниҳоят ширинлик) бўлгани маъқул. Иккинчи тушлик (толма чой) бир кунлик энергетик қийматнинг 15 – 20 фоизига тўғри келади. У суюқликлар, мевалар, резавор мевалар, ширинликлар, пишириқлар, кулчалардан иборат бўлади.

Кечки овқат бир кунлик энергия қийматининг 20 фоизини ташкил этади ва камида икки хил таомдан иборат бўлиши керак. Масалан, творогли, сабзавотли, ёрмали ва бошқа кўринишдаги иссиқ овқатлар, кейин эса сут, кисель, қатиқ бериш мумкин.

Мактаб ўқувчиларининг фанларни яхши ўзлаштириши учун асосан меъёрий даражадаги гўшт ва гўшт маҳсулотларни истеъмол қилиш (кунига 100 граммгача), сут ва сут маҳсулотлари (сариёғ) 400-800 г, мева ва сабзавотлар 400-800 г, писта, бодом, кишмиш, ёнғоқ, ерёнғоқ, табиий асал, қора шоколад зарур бўлади.

Бошланғич синф ўқувчилари тушлик олдидан шахсий гигиена қоиларига риоя қилишлари, бир оз дам олиши ва ундан кейин иссиқ овқат ейишлари керак. Бутербурод ва ширинликларни иккинчи нонушта ва толма чой вақтида қабул қилиши тавсия этилади.

ОДАТИЙ ТАРТИБ МУҲИМ

Бошланғич синфлар ўқувчиларининг кун тартиби юқори синф ўқувчилариникидан фарқ қилади. Уларнинг кунлик таомномаси қуйидагича тузилиши лозим:

  • гўшт ва гўшт маҳсулотлари (мол ва қўй гўшти, товуқ гўшти);
  • балиқ ва балиқ маҳсулотлари;
  • сут ва сут маҳсулотлари (қатиқ, сузма, сариёғ);
  • нон ва нон маҳсулотлари (ёрмалар, оқ ва қора нон);
  • тухум, сабзавот ва мевалар.

Муҳими, бола нонушта, тушлик ва кечки таомни ўз вақтида истеъмол қилишга одатланмоғи лозим.

Кечқурунги овқатланиш кеч соат 18.00 дан кейинга қолмаслиги керак.

Етти ва ўн ёшдаги мактаб болалари учун тахминий таомнома
1Нонушта: сутли бўтқа (гуручли, гречихали, сабзавотли) 250 гр+10 гр сариёғ, 20 гр нон, 1 дона тухум
2Тушлик: 300 гр шўрва, гўштли димлама, 220 гр гарнир, 50 гр кўкат ва сабзавотлардан салат, 40 гр нон, 150 гр мева шарбати

Низом ЭРМАТОВ,
Тошкент тиббиёт академияси
“Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси” кафедраси мудири,
тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x