Шошилинч тиббий ёрдам: режалар аниқ, мақсадлар янада улкан

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Асилбек ХУДАЯРОВ билан суҳбат:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонида аҳолига шошилинч тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, бу борада юқори технологияларни кенг қўллаш ва кадрларни тайёрлаш бўйича илғор усулларни жорий этиш сингари муҳим вазифалар қайд этилди. Ушбу Фармонга кўра, сиз раҳбарлик қилаётган Марказда қандай ишлар амалга оширилиши мўлжалланмоқда?

– Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган Фармонда ва шунга оид Қарорда ўта муҳим вазифалар, хусусан мамлакатимиз шошилинч тиббий ёрдам тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган. Шулар қаторида яна кўплаб жуда зарурий масалалар, яъни тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлигини ва сифатини яхшилаш, юқори технологияларга асосланган шошилинч тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламлари ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларига кенг жорий қилиш ва албатта, бу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш каби муаммоларни қисқа вақтда мукаммал ҳал қилиш йўллари ҳам кўрсатилган.

Жумладан, жорий йилнинг ўзида тез тиббий ёрдам хизмати учун 1200 та махсус санитар автотранспорти ҳарид қилиш кўзда тутилган бўлиб, улардан 231 таси реанимобиллардан иборатдир.

Бундан ташқари, мавжуд 420 та санитар автотранспорти мукаммал таъмирланади, 465 таси эса тиббий ускуналар билан қайта тўлиқ жиҳозланади.

Келгуси йилларда техник ресурслари тугаган эски автомашиналарни ўз вақтида янгилаш механизмларига жиддий эътибор қаратиш кўзда тутилган. Тез тиббий ёрдам 103 хизматининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтирилган бу каби бир қатор ва кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўзида хизматнинг махсус автотранспортга бўлган талаби норматив бўйича тўлиқ таъминланади, бу эса ўз навбатида сайёр бригадаларнинг чақириқларга кечикиб бориш ҳолатларини кескин камайтиришга олиб келади.

– Президент Фармонида тез тиббий ёрдам фаолиятида диспетчерлик хизматини яхшилаш, унинг кеча-кундуз самарали ишлашини таъминлаш бугунги кун талаби, деб кўрсатиб ўтилган. Бу борада бажариладиган галдаги вазифалар ҳақида гапириб беринг.

– Ушбу йилнинг 1 июлигача тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуасини ўзида жам қилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори ишлаб чиқилади.

Қарорга биноан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Республика Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади.

– Фармонда шошилинч тиббий ёрдам муассасаларига бир қанча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Шу хусусда ҳам сўз юритсангиз.

– 2020 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжларини таъминлаш учун олиб кирилаётган юқори технологияли ва телекоммуникация жиҳозлари, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминотни божхона тўловларидан озод этиш белгиланди.

Бу имтиёзлар янги ташкил қилинаётган Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматини замонавий талабларга ва жаҳондаги энг илғор тажрибаларга мос равишда ташкил қилиш имкониятларини сезиларли кенгайтиради. Мисол тариқасида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига тегишли барча 161 та махсус санитар автотранспортини GPS–кузатув тизими билан таъминланганлиги ижобий самара берди, дейиш мумкин. Жорий йилнинг дастлабки ойларидан бери амалга оширилган биргина шу тадбир натижасида чақирувларга кечикиш сони январь ойидаги 16,3% дан ҳозирги кунда 8% га пасайди.

– Фавқулодда ҳолатларда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чуқур билим, катта тажриба ва тезкорлик талаб этилади. Бу эса ўз-ўзидан кадрлар салоҳиятини ошириш билан боғлиқ кечади. Айни вақтда хизмат қилаётган мутахассис кадрларнинг ўз ишига муносабати ва билими ҳамда малакаси ҳақида билишни истардик.

– Шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида фаолият олиб бориш ўта масъулиятли ва машаққатли ҳисобланади. Бу жойда ишлаётган мутахассислар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ҳодимлари зиммасига энг мураккаб ва жавобгарлиги ўта юқори вазифалар юкланган. Демак, ишимиз ҳар бир ҳодимдан беқиёс фидоийликни, ўз касбига чексиз муҳаббатни ва жуда катта билим ва кўникмаларни талаб қилади.

Юқори даражадаги талабларимизга жавоб бера олмайдиган мутахассислар шошилинч тиббий ёрдам тизимида кўп вақт ишлай олмайди, яъни жуда қисқа вақт ичида “сараланади”.

Ҳозирги кунда жуда кўп ёш мутахассислар бизнинг Марказимизда ишлаш истагини билдирмоқдалар. Бунинг сабаблари бор. Негаки, Марказимизга ҳар куни аҳволи оғир беморлар ва шикастланганлар мурожаат қилишади. Бу ерда энг замонавий даволаш-диагностика стандартлари асосида беморларга тезкор ва юқори технологик ёрдам кўрсатилади. Бундай тезкор ва мураккаб шароитларда 2-3 йил ишлаган ҳар бир ёш шифокор, албатта унинг ўз касбига қизиқиши ва интилувчанлиги бўлса, том маънода етук мутахассис бўлиб етишади ва мамлакатимизнинг ва ҳатто чет элнинг ҳар қандай шифохонаси учун ўта қимматли кадр сифатида юқори баҳоланади.

– Фармонда шошилинч тиббий ёрдам хизматида янги, самарали технологияларни яратиш ва хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишлар марказнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилади. Бу хусусда зарур дастурлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилдими? Келгусидаги режалар қандай?

– Илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиб, амалиётга жорий этиш мақсадида етук клиникалар билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди ва ҳозирги кунда 4 нафар мутахассисимиз Джанелидзе номидаги Санкт-Петербург тез тиббий ёрдам илмий-текшириш институтига, 2 нафари эса Москвадаги Болалар шошилинч хирургияси ва травматологияси илмий-текшириш институтига, битта кардиохирургимиз Австрияга малака ошириш учун юборилди. Йил охиригача яна 20 нафар мутахассисларимизни Россиянинг етакчи клиникаларида ўқитиш режаси тузилган.

Бундан ташқари, Фармонда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг асосий вазифалари сифатида белгиланган ҳар бир йўналиш, яъни аҳолига бепул юқори технологик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимини фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, соҳага тегишли янги, самарали технологиялар билан таъминлаш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлари тузилди ва уларнинг иш режалари тасдиқлаш учун тақдим қилинди.

Ўз мухбиримиз суҳбатлашди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x