Камқонликка учраган беморлар махсус парҳез овқатларни истеъмол қилиб туришлари керак. Уларнинг айримлари ҳақида билиб олганингиз маъқул.
Товуқ гўшти ва сабзавотли салат. Қайнатиб пиширилган товуқ гўштининг юмшоқ, терисиз жойлари олинади. Бодринг сомонча қилиб тўғралади, помидор ҳалқа шаклда, кўкпиёз ва ошкўклар майда қирқилади.
Тайёр маҳсулотлар яхшилаб аралаштирилгач, устидан бироз қаймоқ қуйилади. Бу салат оқсил, ёғ, углеводларга бой ҳисобланади.
Сузмали салат. Тозалаб ювилган ошкўк, шивит, кинза, райҳон, кўкпиёз ва редискани майда тўғранг, бодрингни парракланг.
Ҳамма масаллиқни сузмага аралаштиринг. Устидан туз, мурч сепиб, дастурхонга тортинг.
Қанд лавлаги салати. Қанд лавлагини сувда қайнатиб тозалагач, куб шаклида тўғранг ва идишга солинг. Бироз миқдорда қаймоқ аралаштириб истеъмол қилинг.
Қайнатилган ошқовоқ. Тўқ сариқ рангли, таъми ширин бўлган ошқовоқ сувда қайнатилади. Пишгач, олиб совитилади. Сўнг майда куб шакоила тўғралади.
Устидан шакар сепиб, бироз қаймоқ қуйилади ва таомдан олдин истеъмол қилинади.
Абу Али ибн Сино камқонликни даволашда исмалоқдан қайнатма тайёрлаган ва уни қони камайиб кетган беморга ичирган. Бир ошқошиқ миқдоридаги исмалоқ ўти бир стакан сувда ўн дақиқа қайнатилади. Бир соатча дамланади. Кейин докадан сузиб, кунига ярим пиёла миқдорида 3 маҳал ичилади.
Олмада темир моддаси сероб. Шунинг учун табиблар камқон беморга олма ейишни ва унинг шарбатини ичишни маслаҳат берганлар.
Беҳи меваси ҳам темирга бой, унинг барги ва пўстлоғидан тенг миқдорда олиб, бироз сувда қайнатинг, сўнг тиндириб сузгичдан ўтказинг.Дамламадан ичиб туриш камқонликка даво бўлади.
Ўрин меваси ёки қуритилгани (туршаги) камқонликни даволашда муҳим ўрин тутади. Қадимги табиблар анемияси бор беморларга кўпроқ ўрик еб туришни ва туршакни сувда ивитиб ичишни маслаҳат берганлар.
Қизил сабзини хомлигича қирғичдан ўтказиб, сўнг бироз қаймоқ қўшиб истеъмол қилиш камқон беморлар учун жуда фойдали.
Наъматак мевасидан тайёрланган дамлама халқ табобатида камқонликни даволашда кенг қўлланилган. Ушбу дамлама таркибида витамин С миқдори жуда кўп бўлиб, озиқ-овқатлардаги темирнинг ўзлаштирилишига кўмаклашади.
Наъматакдан дамлама тайёрлаш учун унинг қуритилган мевалари ишлатилади. Бир ош қошиқ мева бир стакан сувга солинади ва паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Сўнг ярим соат дамлаб қўйилади, овқатдан олдин ичилади.
Турпни яхшилаб артганингиздан сўнг қирғичдан ўтказинг ва докада сиқиб шарбатини олинг. Шу шарбатдан кунига 3-4 марта овқатланишдан аввал икки-уч ош оқшиқдан ичиб турасиз.
Камқон беморлар дори-дармонлар билан даволаниш ва парҳез овқатлар истеъмол қилиш борасида шифокор билан тез-тез маслаҳатлашиб туришлари зарур.
Нигора ТУРСУНОВА, умумамалиёт шифокори, педагог.