Қуръон ҳижобга кириш ва динсизларни ўлдиришга мажбур қилмайди.
“Бир нафар бўлса-да, бегуноҳ одамни ўлдирган киши ҳеч қачон жаннатнинг исини туймайди”, “Аллоҳинг томонидан яратилган қалбни ўлдирма” дейилади муқаддас Қуръонда. Террористик актни содир этган кимса ўша заҳоти мусулмонликдан ҳам, насронийликдан ҳам, яҳудоликдан ҳам мосуво бўлади. У – жиноятчи!” деб ҳисоблайди Қуръон маъноларининг рус тилига таржимони, 2010 йилдан эътиборан “Конфессиялараро келишув ва барқарорлик” халқаро фондининг президенти Валерия ПОРОХОВА.
– Нима учун бутун дунёдаги террорчилар исломни ниқоб қилишади. Ахир “ислом терроризми” деган тушунча осмондан тушмаган-ку…
– Дунё динларининг барчаси уларни ёйганлар номи билан аталган: буддавийлик, зардуштийлик, иудавийлик, христианлик. Ўз номидаёқ аниқ ва мукаммал маънони мужассам этган ягона дин бу – исломдир. Ва бу сўз – тинчлик, хотиржамлик, хавфсизлик маъноларини англатади. “Ислом терроризми” (русчада “исламский терроризм” – тарж.) иборасини хоҳлаган тилга, жумладан, рус тилига таржима қилсак, “тинчликпарвар терроризм” ёхуд “хавфсиз терроризм” деган, филологик жиҳатдан аҳмоқона, бориб турган мазмунсиз бир нарсага эга бўламиз. Бу эса мазкур иборани ҳар қадамда қўллаётган кишиларнинг ҳайрон қоларли даражада саводсизлиги ва омилигидан яққол далолат беради.
– Лекин Сиз, ҳарқалай, Қуръонда “жиҳод” – “динсизлар билан муқаддас уруш” деган тушунчалар ҳам борлигини инкор қилмасангиз керак?
– Аксарият ислом файласуфларида чинакам “жиҳод” – инсоннинг ўз нафсини ўлдириши, унга қарши уруши сифатида талқин этилади. Шу нуқтаи назардан асл жиҳод – ўз нафсидан ғолиб келиш, руҳоний комилликка етишиш йўлидир.
“Жиҳод” тушунчасини ўзгача талқин этиш – уни инсоннинг руҳий чиниқиш омилидан динсизларга, шу жумладан, ўзларининг қарашларига қўшилмайдиган мусулмонларга қарши қуролли кураш омилига айлантириш – итоатсизлик, исён, фитна сифатида ислом динида қатъий қораланади. Қуръонда “Фитна қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” дейилган бўлса-да, бояги “жиҳодчи”лар унинг қонунийлигини даъво қилишади.
– “Уларни қаерда топсангиз, ўлдирингиз ва сизларни чиқарган жойдан уларни чиқарингиз”. Бу гаплар Қуръон оятларида бор-ку.
– Мазкур суранинг олдинги оятлари, билсангиз, бундай янграйди: “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди”. Кейин Сиз келтирган оят. Унинг давоми эса қуйидагича: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. Улар (биринчи бўлиб) бошламагунча, Масжиди Ҳаромда улар билан урушмангиз. Агар урушни (Ҳаромда) бошласалар, у ҳолда уларни ўлдирингиз! Кофирларнинг жазоси шундайдир”. Кейинги оятларда эса мана бундай давом этилади: “Агар (ширк ва тажовузкорликдан) қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир”, “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”.
– Радикал қараш эгалари бўлмиш исломчилар Сиз билан келишмасликлари аниқ…
– Ваҳҳобийларни назарда тутяпсизми? XVIII асрда яшаган Муҳаммад Абдул Ваҳҳобнинг вазифаси ўз ҳудуди, миллий менталитети ҳамда ўз даври билан қатъий чегараланган эди: ўша ҳудуд араблари қуръоний исломдан узоқлашиб, турли адашиш ва айнишларга берилиб кетишганди. Ваҳҳоб уларни тўғри йўлга солиш, Худога қайтариш даъвоси билан чиққан. Мақсад, гарчи эзгу бўлса-да, бироқ уни амалга ошириш стратегияси шафқатсиз ва қонли тус олди. Шу сабаб ҳам ўз давридаёқ бу ҳаракат кескин қораланган. Бугун бу ўлик ва хавфли доктринани фақат маданий-маърифий, иқтисодий даражаси жуда паст мамлакатлардагина “муваффақиятли” қўллаш мумкин. Ўша ўлкаларда гўё динсизларга қарши курашяпмиз, деб ўйланса-да, аслида инсонлар ҳаёт фаровонлигидаги кескин фарқларга қарши жанг бормоқда. Шунга кўра, динни шафқатсиз сиёсатдан ажрата билиш талаб этилади.
– “Аллоҳнинг келинчаклари” деган шаҳидчи аёллар қаердан пайдо бўлишяпти? Уларни, ҳарқалай, чиллаки руҳоний етакчилари “оқ фотиҳа” бериб, ўлим сари йўллашаётгани аниқ.
– “Жаннатдаги қизлар” тўғрисида кўп гапирувчи “шайх” ва “мулла”лар, аслида, мусулмон қавмидан бўлмай, улар чинакам ислом қадриятларини тарғиб этишдан манфаатдор эмаслар. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг исломда зўравонликка (террорга), ўз жонига қасд қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги ўлмас ўгитлари эса кўплаб ҳадислардан ўрин олган. Ўша Ҳадиси шарифларнинг бирида, жумладан, бундай дейилади: “Ўз жонига қасд қилган киши олов билан жазоланади ва бу олов ичида мангу қолади”.
Ислом ақидасига кўра, чин диндорлар фақат мусулмонлар эмас. Қуръонда христиан ва яҳудий қавмларига, муқаддас Китобга эга кишилар сифатида, ҳурматли муносабат мавжуд. Ва Яратувчи айтади: “Мен Худонинг номи янграб турадиган даргоҳлар – монастир ва черковларни, синегога ва масжидларни қолдираман”.
– Исломда аёллар ҳуқуққа эга эмас, деган қараш мавжуд. Аёл тўртинчи хотин бўлиши ҳам, агар ажрашишни хоҳласа, ҳеч нарсасиз қолиши ҳам мумкин. Ҳатто масжидларда ҳам эркаклар билан бир сафда тура олмайдилар…
– Бу қараш – бориб турган омилик, ғирт жаҳолатдан туғилган даққилик – стереотипдир. Ҳолбуки, аёллар ҳеч қаерда исломдагичалик ҳуқуқ ва имкониятларга эга эмас. Агар аёл бошдан-оёқ қора либосга ўралиб олган бўлса, билингки, бу рангнинг Қуръонга заррача ҳам алоқаси йўқ. Яратган айтади: “Биз сизга фойдаланишингиз учун турли хил рангларни муҳайё қилдик”. Ва аёллар “зеб-зийнатлар тақиб, энг чиройли либосларда” эрларига кўринишга буюрилган…
Дарвоқе, бугунги араблар кўпроқ Қуръоннинг тўртинчи сурасидаги қуйидаги ояти каримага амал қилишмоқда: “…Бордию (улар ўртасида) одил бўла олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)…” Бу ерда гап кўпроқ мулкий тенглик, адолат хусусида бормоқда. Бинобарин, кўпхотинлилик фақат фавқулодда ҳолатлардагина амал қилади. Дейлик, хотин бепушт бўлса ёхуд эри билан руҳий ёки жинсий номувофиқликлар вужудга келган тақдирда. Ана шу ҳолатларда эр биринчи аёли билан оилавий ҳаётни давом эттирган ҳолда иккинчи бор уйланиши мумкин. Бироқ Шарқ мамлакатларида бундай никоҳлар салмоғи ниҳоятда кам. Сурия, Ливан, Иордания, Ироқ сингари аёллари эркин мамлакатларда эса, айрим истисноларни айтмаса агар, кўпхотинлилик деярли йўқ.
Яна бир қизиқ фактни айтаман сизга. Араб оиласидаги аёл ишга кирса, унинг топган пули оила бюджетига эмас, фақат ўз киссасига тушади. Кўринадики, мусулмон аёли насроний оила аёлидан кўра кўпроқ ҳуқуққа эгадир…
Масжидлардаги алоҳида бинолар масаласига келсак, бунинг изоҳи қуйидагича: намозни адо этаётган аёлнинг рукуъга энгашган ёхуд саждага бош қўйган ҳолатига эркак кишининг кўзи тушиши ҳар икки томон учун ноқулайлик туғдиради. Энг муҳим сабаби шу – исломдаги уят ва андиша ҳисси. Дарвоқе, аксарият масжидларнинг аёлларга ажратилган бинолари қалин гиламлар ва остидан истиладиган полларга эга эканини ҳам айтиб қўйишим керак.
– Бироқ нега араб аёллари барибир ҳижобда юришади?
– Ўйлайманки, бунинг сабаби иқлим билан боғлиқ. Эрим билан Амирликларга боргандик. Дубайдан Абу-Дабигача чўзилган 156 километрлик йўл қуп-қуруқ саҳро ўртасидан ўтган. Машина ичи шунчалар чангга ботдики, қўяверасиз. Бизнинг эса бурнимиз, кўзларимиз, кийимларимизнинг ғижим жойлари қумга тўлиб қолди. Шунча қум қандай кириб келганини тушуниб бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам арабнинг аёлу эркаги тўлиқ беркиниб юради. Лекин бу ягона сабаб эмас. Суриядаги бир дугонам мақтанади: “Лера, теримга бир қарагин – чинакам ипак дейсан!” Бир ҳафтагина очиқ юрган менинг терим бўлса сағрига айланиб улгурган…
Қуръонда аёлларга бундай деб буюрилади: “Бошингизни ва кўкрагингизнинг ўйиқ жойини рўмол билан беркитинг”. Шунингдек, шаффофлиги ва танани қисиб туриши эвазига шаҳват уйғотувчи кийимлардан барча инсонлар қайтарилади. У ёғини суриштирсангиз, Қуръон нозил бўлишидан анча аввал ҳам христианлар доим бошини ўраб юришган. Бунинг исботини рус мумтоз рангтасвир асарларида барча насроний қизларнинг боши жағи аралаш рўмол билан танғилган ҳолда тасвирланганида ҳам кўрамиз.
– Сизнинг Қуръон ўгирмангиз “маънолар таржимаси” деб аталган. Бу айрим тушунчалар талқинида турли нуқтаи назарлар учраши билан боғлиқ бўлса керак-да?
– Қуръон бугунги оғзаки араб тилидан жиддийгина фарқ қиладиган мумтоз араб тилида нозил бўлган. Бу эса сўзларнинг маъносини беихтиёр чалкаштириб юборишга олиб келиши мумкин. Талқинчининг илмий-маърифий даражаси ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлади. Зеро, бу Абадий Китобнинг таржимони ўнлаб фанларнинг билимдони бўлмоғи лозим. Балки шунинг учундир, энг машҳур олимлар ҳам ўзининг таржимаси аслиятга мос эканини даъво қилишган эмас. Қуръонни инглиз тилига ўгирган машҳур таржимон, арабшунос олим Мармадьюк Пиктал ҳам ўз вариантини “деярли мос” дея олган, холос. Бизнинг шарқшуносимиз Игнатий Крачковский эса ўз таржимаси Қуръон номи билан чоп этилишига мутлақо қарши бўлган. Шунинг учун, менинг меҳнатим ҳам “Маънолар таржимаси” номини олди.
Екатерина БИЧКОВА суҳбатлашди.
“Аргументы и факты” газетасининг
2013 йил 45-сонидан Раҳмон ҚЎЧҚОР таржимаси
2019/9
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: